Деразадан мўлтираб турган кўзлар ёмғир остида қолган эски арғимчоққа узоқ-узоқ термуларди.
Арғимчоқ эрталабдан бери тинмай ёғаётган ёмғирда ивиб кетган. Эски қайрағочга осилган бу арғимчоқ акаси учун Сабринанинг қувноқ хандаларидан яккаю ягона ёдгорлик. Бу баҳорги ёмғирлар Беҳрузга ёшлик хотираларини эслатарди. Ўша кунги воқеага икки йил бўлган бўлса-да, кечагидек кўз ўнгида, ёдига муҳрланган…
Саккиз ёшли Сабрина онасининг олдида тинмай шўхлик қилар, кенжа фарзанд бўлганлиги сабабли оиланинг эркатойи эди.
— Салом, сариқ қўғирчоқ, қуёнчалар ўтларини едими? — сўради Беҳруз.
— Сизнинг келишингизни кутишяпти, ахир сиз катта қуёнсиз-ку, — деди синглиси. Беҳруз унинг юмшоққина бетларидан силаб: — Қуёнчанинг кичиги, бу ёққа кел-чи, бирга ўт еймиз, — деб ҳазиллашди.
— Арғимчоқда учиринг, — Сабрина доимгидек хархаша қилди. Беҳруз жажжи синглисининг раъйига қаролмади. Ишдан чарчаб келганлиги учун Сабрина унга ҳар қанча ялинса ҳам арғимчоқ учирмади.
Сабринани “Тонгда турсанг, албата учираман, эрталаб қайрағоч ости ҳам жуда чиройли бўлади”, деб овунтирди. Тонгда уйғонганида баҳорнинг майин шабадаси ёмғирнинг шитир-шитирини хонага олиб кирди. Сабрина ўрнидан сапчиб туриб, ойнадан арғимчоққа қараб афсусланди:
— Бугун ҳам арғимчоқ учирмайсизми? — дея ювиниб келиб юзини артаётган акасига юзланди.
— Учираман, албатта учираман, фақат қуёш чиқсин, майлими, — деди-да, шоша-пиша чойини ичиб, ишга шошилаётганлигини онасига айтиб чиқиб кетди ва бирдан эшикдан қайтиб кириб, Сабринага қаради-да:
— Бугун арғимчоқ учамиз, бирор жойга кетиб қолмагин, — деб хайрлашиб чиқиб кетди.
Сабрина нонушта қилиб бўлгач, ёмғир ёғаётган бўлишига қарамай, кўчага ўйнагани чиқиб кетди. Бир оздан сўнг Сабринанинг онаси олдига бир аёл югуриб кирди.
— Қизингиз, қизингиз… — деганча аёлни кўчага бошлади. Онанинг юраги қўрққанидан гурсиллаб урарди. Жигарбандига нима бўлганини ёнидаги аёлдан сўрай олмас, фақатгина унинг орқасидан югуриб кетарди. Йўлнинг бошига етганда оломонга кўзи тушди ва улар қуршовида қолган сариқ сочлари лойга беланиб ётган фарзандига кўзи тушди. Оёқ-қўли қонга бўялган фарзандини кўриб, юраги уришдан тўхтагандек бўлди. Югуриб бориб, қизини бағрига босди. Қизчасининг юраги урмаётганини асло ҳис қила олмасди…
Беҳрузга ҳам бу хабар етиб борди. Беҳруз келгунча фақат битта сўзни: “Мен келгунимча, ҳеч қаёққа кетиб қолмагин, келганимда бирга арғимчоқ учамиз”, деган гапнигина такрорларди.
Сабринани кўргач эса беихтиёр шу сўзларни такрорлади:
— Турақолгин, арғимчоқ учамиз. Арғимчоқ, арғимчоқ учамиз, турақол, эшитяпсанми, сени баланд-баланд учираман…
Беҳруз Сабринанинг ҳаётдан кўз юмганини тан олгиси келмас эди…
Бу воқеага икки йил бўлган бўлса ҳам, ўша арғимчоқ ҳалигача эски қайрағочга осиғлиқ…