Мухлиса нима қилишини билмасди. Уй тўла меҳмону еру кўкка сиғмайди. Бетоқатланиб у ёққа чиқди, бу ёққа кирди. Аммо сира ўзига қўним тополмасди.
– Мухлис, меҳмонларга қарасанг-чи? Бунча кўчага кетаверасан? Бор, анови уйда ўтирганларга шўрва солишсин, айт. – Эри Абдумалик нимадандир безовта хотинига норози қараганча юлқиниб эркаклар ўтирган хонага кириб кетди.
Мухлиса ошхонага кирганида укаларининг хотинлари зир югуриб хизмат қилишарди.
– Опа, шўрвани солаверайликми?
– Бирпасгина сабр қилинглар-чи, акам келиб қолишлари керак эди.
Мухлиса чопиб айвонга кирди:
– Янга, акам йўлга чиққанмикинлар?
– Оғайнимникида суюқ оши тортилсин, кейин йўлга чиқаман, деганди. Айтинг, ошхонадагилар суюғини тортаверишсин.
Мухлиса беҳол ўрнидан қўзғалди. Бир уй одам, аммо юрагига малҳам бўлгувчи суянчиғи, отаси ўрнида ота санаган акаси бир амалдор оғайнисиникига ифторликка кетган.
– Ҳаммасига сиз айбдорсиз! Акамдан сўрашимиз керак эди. У кишининг бўш вақтларига қараб иш тутайлик дегандим…
– Ҳўв-в, ноинсоф, ахир акангнинг олдидан ўтмай катта холамнинг олдидан ўтдимми? Ўзи аканг бирор маъракамизга вақтида келганми, шуни айт, а-а?! – Абдумалик атрофдагиларнинг олдида тишини ғичирлатди. – Нима, ҳар гал ота-онам бир чеккада қолиб, корчалон акангнинг олдидан ўтишим керакмиди? Хўжайинчилиги жонимга тегди. Бизни озгина ҳурмат қилса шу вақтгача келарди-да. Оғайнилари муштипар сингилларидан яқин бўлиб кетган. Тўғри, менда на мансаб, на бойлик бор. Аммо ғурурим бор, хотин, сенам асабимни бузма!
– Почча, ҳамманинг олдида шу ишингиз яхшими? – Орага тушди қайнсингил.
– Кўрмайсизми, Шоирахон, боядан бери кўчадан бери келмайди.
– Нима қилсин, ота ўрнида отамиз, ахир…
Абдумалик опа-сингилларга истеҳзоли нигоҳ ташлади-да, қўл силтаганча ошхонадан чиқиб кетди.
– Поччам ҳақлар, опа, акамга нима бўлган ўзи? Ўша мансабдор оғайниси акса уриб қўйсаям чопиб боради. Нима кунига яраяпти ўша Мустафобой? Қиладиган иши йўқми, а? Куёвингиз билан неча марта йўқлаб борган бўлсак уйда ўтирмайди. Ҳали унинг тўйида, ҳали бунинг туғилган кунида… Турмушга чиққанимга ўн йил бўлди, аммо туғилган кунимни акам бирор марта бўлсин, эсига олмаганлар. Амалдор улфатларининг ити туғсаям чопади ёки гапим нотўғрими?
– Қўй, сенам поччангга ўхшама, акамнинг бошидаям ташвиши кўп.
Меҳмонларга суюқ овқат тортилгач, эркаклар таровиҳ намозини ўқишга турдилар. Аёллар хонасида эса бир кекса ўқитувчи аёл чиройлигина амри маъруфни бошлади. Бир-икки қўшнилар Мухлисадан акасини суриштирди. “Ҳозир кеп қоладилар”, дея маъюс жилмайган Мухлиса ўзини қўйишга жой тополмасди. Акасисиз юраги ҳувиллаб қолгандек, ўтган йили кузда ёлғизгина ўғлининг тоби қочиб бир маърака қилганида ҳам акаси бирровга келиб кетган, устма-уст телефон қилганида менсиз ўтмайдими шу йиғинларинг, дея қўрс жавоб қайтарганди. Бугунги ифторликда Абдумалик бечора икки кун аввал атайлаб бориб унинг олдидан ўтган, бўш вақтига қараб ифторлик белгилаган эди. Мухлисани эрининг олдида ҳам юзи шувут бўлди.
Негадир акаси отасига ўхшамасди. Отаси раҳматли жуда кичик феълли, камтарин, халқпарвар одам бўлган. Бир гал маҳалласига келган раҳбарнинг олдида ҳамма эшилиб-тўлғониб саломлашгани, унинг соясига салом солганларини Мухлиса кўп кузатган. Биргина дадаси виқор билан ўтирган жойидан турган ва ўша амалдорнинг ўзи келиб у билан сўрашганди. Тўғри-да, ёши улуғ отаси ҳаммани бир кўзда кўрарди. Эшикдан биров пул сўраб келса бор-будини тўкиб солар, қўли калталарга жонини бергудек саховатли инсон эди. Одамлар ҳалигача Маъмурали бобони ҳурмат билан эслашади. У маҳаллага оқсоқол бўлганида халққа тақсимланган маҳсулотнинг бир мисқолига ҳам хиёнат қилмас, уларни барчага баробар тарқатишга ҳаракат қиларди. Отасидан кейин маҳаллага оқсоқол бўлганларнинг кўпини кўрди, улар ўғилларига эмас, ҳатто невараларига ҳам ер олишган. Отаси бўлса ёлғизгина ўғлимга ўзимнинг ҳовлим ҳам етади, деб ортиқча мол-ҳашамга берилмаган. Ҳозиргача Маъмурали отани дуога қўл очганча йиғлаб эслайдиганлар кўплигидан Мухлисанинг кўнгли кўтарилади.
Отаси бировга хушомад қилмайдиган, ночор оилаларни доим суяйдиган, керак бўлса, эгнидаги кийимини ҳам бошқаларга ечиб берадиган танти ва мард бўлган. Айрим халқни юлиб ўрганган, оғзига кучи етмаган ношукрлар отасидан дакки эшитса, бориб-бориб кунимиз шу закунчига қолдими, дея орқаваротдан пичинг қилиб қолишарди. Ана шундай ҳалол, мард одам эди отаси. Акаси ҳам отасига ўхшаб кетадию, аммо кези келганда мансабдор ўртоқларига тавалло қилиб қолади. Мухлиса унинг бу камчилигини илғамаса-да, Абдумалик дам-бадам эсига солиб туради.
– Ўзингиз ҳам амалдорлар билан ошна тутининг, дадаси. Акамни ёзғирганча фалон ишни қилиб қўйсангиз-чи? – Мухлиса эрини енгмоқчи бўлади. Ичидаги исённи аранг босади. Эрига таъна қилишга қилдию, ўзи хижолатга ботди. Ахир, оиладаги тўнғич ўғил Абдумалик сингиллари учун жонини беради-ку. Ҳатто жиянлари салга учиниб қолсаям ака оёқда тик туриб беради. Ота-онасини-ку, елкасида тутади. Куни кеча кенжа синглисининг ҳомиласи тушиб ётиб қолганида бошидан жилмади. Сингиллари тугул жиянларини ҳам туғилган кунларида биринчи бўлиб Абдумалик қутлайди. Эри ўлиб, бева қолган опаси Санобарнинг ўғли институтда шартнома асосида ўқийди. Тўрт йилдан бери шартнома пулини тоғанинг ўзи тўлайди. Аммо бировга бу ҳақда лом-мим демайди. Агар жиянининг ўзи янгасининг олдида раҳмат айтиб кетмаганида бундан ҳатто Мухлиса ҳам хабар топмаган бўларди. Аммо қилган яхшиликларини сира таъна қилмайдиган эри бугун биринчи марта хотинига акасидан шикоят қилди. Бунинг учун уни айблаб бўлармикан?
Яхшиямки, кеннойиси камтаргина, оқила аёл. Акасининг айрим нуқсонларини ана шу янгаси ёпиб туради.
Таровиҳ намозидан кейин дастурхонга иккинчи таом ҳам тортилди. Акадан эса ҳамон дарак йўқ. Мухлиса тугул синглиси ҳам беҳаловат бўла бошлади. Янга ҳарчанд уларни овутишга уринмасин, бўлмади. Одамлар тарқалишгач, Мухлиса Абдумаликнинг таънали нигоҳларидан ўзини олиб қочиш учун ошхонадан чиқмади. Юрагининг бир чети куйиб борар, акасининг нега келмаганидан безовта эди. Охири чидаб туролмади. Меҳмонлар тарқалишгач, тоғорадаги нориндан косага солди-да, маҳалланинг у бошидаги акасининг уйига қараб чопди. Кўчада қилт этган жон кўринмайди, Мухлиса акасиникига кириб борганида янгаси энди чироқларни ўчираётган экан.
– Ҳа, қиз, ярим кечада келибсиз, тинчликми?
– Акам келмаганликларига хавотирландим.
– Вой, сизни қаранг, телефон қилсангиз бўлмасмиди?
– Эсимга ҳам келмабди. Ўзи тинчми, ишқилиб? Келдиларми?
– Келсам хуррак отиб ётибдилар. Куни билан ишда чарчаганми? – Янга қайнсинглисининг рангини кўриб, эри куни билан бир оғайнисиникида хизмат қилиб чарчаганини ундан яширди.
Мухлиса қўлтиғидан тарвузи тушиб уйига жўнади. Эртаси куни акаси ишга жўнамасидан унга яна ошу овқат кўтариб келди.
Ака кеча ифторга бормагани учун узр ҳам сўрамади.
– Ифторни ўтказиб олдингми? Ўзи зўрға чориғини судрайдиган эрингга бало борми ифторлик қилиб, шартмиди, сизларга йиғин ўтказиш… – дея тўнғиллаб қўйди. Мухлисанинг дили оғриди. Абдумаликнинг топиш-тутиши чакки эмас, устачилик қилиб топган пуллари билан яқинларига ҳам қарашиб турибди. Шу пайтгача акасидан бирор марта пул сўраб келмаган…
– Ҳой, дадаси, биз-чи? Рўза оёқлаб бораяпти, ахир? Биз уч-тўрт одам чақириб ифторлик қилмаймизми? – Янгаси гапга аралашди.
– Ошиб-тошиб ётган бўлса ўзинг қилавер. – Ака хотинига кесатди. – Ана, биззи оғайни кеча ифтор берди. Даҳшат! Мулланинг ўзига юз доллар атабди-я шоввоз, қойил!
Мухлиса бўшашиб кетди. Абдумаликнинг пичинглари бежиз эмаслиги шундоққина кўриниб турибди. Акасига бир оғиз сўз айтишга ҳоли келмади, кўзларига қуюлиб келган ёшни аранг тийиб, ўрнидан турди.
– Ҳм-м, ўтирмайсанми, чой ичиб борардинг-да!
Ака тўсатдан жиринглаб қолган қўл телефонига ёпишди:
– Лаббай, акажон, бўлди, бўлди, биз тайёрмиз, акажон. Сиз нима десангиз шу-да. Дарров есть қиламиз. “Тойчоқ”ни сизнинг хизматингизга олганмиз, буюраверинг, акажон. – Ака беўхшов хо-холади. – Йў-йўўў, сиз овора бўлманг, бозорга Собит билан бирга тушиб, айтганларингизни муҳайё қиламиз. Хўп, акажон, иш бир гап бўлар, ишимиз сизнинг ишингиздан муҳим эмас…
Қайинсинглисини кузатишга чиққан янга ҳам Мухлисанинг кўзидаги намни илғамади. Акасини бош устига қўйиб, боши тўқмоқдан чиқмаган сингил кўчага чиққач, ўзини тутолмади. Қари тол тагига ўтирганча ўкириб йиғлаб юборди…