Рассом Азамат Сатторов ва Ғанишерга бағишлайман!
Ер юзида Леонардо да Винчи исмли бир инсон яшаган экан. У тажриба учун шафтоли дарахти танасини маргимуш билан эмлабди. Буни қарангки, заҳар дарахт меваларига таъсир кўрсатибди.
Нацумэ СОСЕКИ
Шаффоф матоҳ устига тушган доғдай шувалиб, тўзғоқ бир тарзда яйралиб кўринаётган яшил ранглар шафтоли дарахтининг япроқлари, қизғиш доғлар эса унинг меваси… Оддий шафтоли дарахти учун бунчалик катта харажат қилиш, унинг атрофини шиша деворлар билан ўраб, эшигига қулф уриб қўйиш оддий одамнинг иши эмас. Бу одам ё афанди, ёки файласуф. Қулфбузар миясининг чуқур қаватларини қанчалик ҳафсала билан титкиламасин, шу аснода Леанардо да Винчидан бўлак бирорта буюк ақл эгасининг номи ёдига келмади. Аслида унинг касбу кори олимлару кашфиётчиларнинг фан – техника соҳасидаги ихтиролари билан боғлиқ. Хусусан, файласуфлардан қўрққулик.
Инсон психикасини ўрганиш ва ўргатишда бу қавмга тенг келадигани йўқ. Масалан, ўғри-қулфбузар қандай шахс? У бирорбир бойваччанинг уйига ўғирликка тушиш учун не чоғли тайёргарлик кўради? Бу пайтда унинг руҳий ҳолатидан нималар кечади? Аслини олганда, қулфларнинг тобора ва кун сайин такомиллашиб бориши ва янгидан янги минглаб синоатга эга бўлган қулфлар яратилаётганлиги ҳам инсон онгининг ва қўлининг маҳсули. Ихтирочи янги қулф яратиш устида ўйларкан, албатта қулфбузарни назарда тутади, уни кўз ўнгидан қочирмасликка ҳаракат қилади. Қулф ичига мураккаб механизмларни жойлаш жараёнида “Қани, мана бунисини ҳам очиб кўр-чи”, деб ўз ихтиросининг синоатларидан мамнун жилмаяди. “Бечора қулфбузар”, деб ҳатто заҳарханда қилиб қўяди. Шунинг учун ҳам мен бу типдаги кишиларнинг ҳаётини ва ихтироларини синчиклаб ўрганаман. Бу ҳаёт тақозоси. Қулфлар эса…
Қулфбузар ана шундай хаёллар билан шиша деворга, бир туп шафтоли дарахтини қўриқлаб турган қимматбаҳо ва кўринишидан ички қурилмаси ўта мураккаб қулфга синчиклаб қаради. Қизғиш ялтироқ ва афтидан жуда мустаҳкам металлдан ясалган қулф ҳам ўз кушандасини менсимагандай, гўёки энг сўнгги модада кийиниб кўчага чиққан аёлдай таманно қилиб турарди. Шиша девор қай даражада қалин бўлмасин, уни синдириб хонага кириш ҳеч гап эмас. Аммо ҳақиқий қулфбузар бундай қилмайди. Қулф қанчалик мураккаб қурилмага эга бўлса, қулфбузар учун шунча қизиқ. Ўз ғанимининг устидан ғалаба қозонишга бўлган иштиёқ шунчалик сарбаланд. Аслида қулфлар Тиркаш учун ғаним ҳам эмас, балки… Биласизми, инсонлар ўртасида тушуниш бироз мураккаб бўлган ғалати бир руҳий ҳолат бор: эркак зотига қиё ҳам боқмайдиган ва ўзининг беқиёс жозибасига ортиқ даражада ишонган аёлни қўлга олиш учун баъзи бир кишилар бор илму амалларини ишга соладилар ва агар унинг муҳаббатига сазовор бўлсалар, ўзларини дунёдаги бор эркак зотининг кулангири деб биладилар. Ҳеч ким эгар уролмаган асов отни жиловлаган чавандозда ҳам шунга ўхшаш ҳолатни кузатиш мумкин. Тиркашни тушуниш учун қилинган бундай муқояса балки ножоиздир, фақат қарийб болалик пайтларидан бошлаб бутун умр қулфларга қизиқиб, уларни бўйсиндириш, инсон қўли ва ақлининг нималарга қодирлигини намойиш этиш унга беқиёс завқ бағишлаб келган ва ҳаётининг мазмунига айланиб қолган.
Қулфбузар ғанимига “сабр қилиб тур” дегандай бир қараб, кўз қисиб қўйди-да, хаёлидан ўтган фикрлар таъсирида шиша девордан узоқлашди. Унинг хатти-ҳаракатидан мутлақо шошилмаётганини англаш қийин эмас. Дарҳақиқат, у шиша уйчадан узоқлашиб, ҳовлини бамайлихотир кезиб чиқди. Ва кўп йиллик тажрибасида сира дуч келмаган ҳолатни кўрди. Бир туп шафтоли қулфлаб қўйилгани ҳолда, уй эшиги ва ундаги барча хоналар очиқ!
Айниқса, деворлари турли кўринишдаги расмлар билан тўла кенг зални ва бошқа катта-кичик хоналарни бирма-бир кезиб юраркан (унинг бамайлихотир кезиб юрганига сабаб шуки, уй эгасини бир неча кун давомида кузатиб, кечки говгум паллага қадар қирлар орасида ўтириб расм чизишини ва уйига кеч қайтишини билиб олган эди), рассомнинг уйида сувратлар, бўёқлару беҳисоб чизгилардан бўлак ҳеч вақо йўқлигини англади. Сувратлар эса дунёнинг ярим мулкига бергулик. Ажабо! Шунча қимматбаҳо санъат асарлари жойлашган хоналар очиғ-у, бир туп шафтоли… Ногоҳ унинг назари жилмайиб турган аёл сувратига тушди. Бу Леанардо да Винчининг Жакондаси. Ҳа, Мона Лиза деганлари шу аёл. Унинг табассуми тўғрисида уч мингдан ортиқ асар ёзилган. Аммо ҳали бирор бир тадқиқотчи бу табассум билан Мона Лиза нима демоқчилигини исботлаб беролган эмас. Мен эса биламан, хаёлидан ўтказди Тиркаш – сочи тўкила бошлаган ярғоқ бошини силаб – Мона Лиза: “Аёл қалби – энг сирли қулф”, деб турибди. Тиркашнинг хаёлида ўзга шаҳарнинг узоқ бир гўшасида қолиб кетган аёл сиймоси жилваланди. Муҳаббат, рашк ва нафрат, айрилиқ… Қулфлар аёлнинг душманига ва балки кундошига айланган онлар… Тиркашни севимли касбидан ажратишга, уни қулфлар сеҳридан жудо қилишга уриниб яшаган аёл энди йўқ. Оила қўрғонининг бузилишига сабаб бўлган низо бундан етти ой муқаддам рўй берди. Тиркаш энг янги русумдаги қулфни сотиб олиб уйига қайтаркан, Сурбинани кўрди. Аёл уни кутиб деразадан қараб турарди. Аммо Тиркаш уйга эмас, ҳовли адоғидаги омборхонага йўл олди. Тезроқ қулфни очиш, ички механизмларини кўздан кечириш, схемасини чизиш ва уни қайта териб, очқич қуроллар ёрдамида, калит ишлатмасдан очиш иштиёқида ёнарди. Бир юз саксон минг тилсимга эга бўлган ва “Скринкира” деб номланган инглиз қулфи, ҳақиқатан ҳам, ечилмаган жумбоқ. Тиркаш уч кеча кундуз беркиниб олган гўшасидан чиқмай, кулф билан бирга бўлди.
Тунлар кўз юммай уни силаб сийпалади. Бағрига босиб ётди. Уни ўзидаги бор ҳиссиёт билан авради ва эркалади. Скринкира эса рўйхушлик беришни истамас, шу жиҳати билан Сурбинага ўхшарди. Бу типдаги қулф калитнинг ички механизмларига томон кириб боришига дастлаб енгилгина қаршилик кўрсатади, ниманидир хоҳламаётгандай, нимадир унга озор бераётгандай ва яна нимадир уни ҳақорат қилаётгандай… Кейин эса нақ қалби остида ҳаракатлана бошлаган “келгинди”ни осонликча қўйворишни истамайди. Пировард натижада “шилқ” этган овоз эшитилади ва қулф бўшашиб кетади…
Тиркаш Скринкирани хона бурчагида уюлиб ётган қулфлар тўдаси томон отиб юборди. Чунки унинг сири очилган ва энди қулфбузарни аввалгидек жозиб куч билан ўзига тортмасди. Мудроқ ичида девордаги сувратларга қаради. Файласуфлар, ёзувчилар… Рассомлар: Ван Гог, П.Сезанн, рангнинг тиниқлиги ва оҳангдорлиги учун кураш. Постимпрессионизм. Шу қаторда Рўзи Чориевнинг автопортрети. Тиркаш рассомчиликка қизиқиб, санъат коллежида ва кейинчалик институтда ўқиб юрган кезлари бу рассом билан яқиндан танишган, ўқишдан ҳайдалганидан кейин ҳам рассомнинг устахонасида маълум бир муддат истиқомат қилиб турган эди. “Инсон токи мақсадига эришгунга қадар ўлиб-тирилиб, бутун кучини, тажрибасини, макру ҳийласини ҳам ишга солиб ҳаракат қилади-ю, муроди ҳосил бўлгандан сўнг ўша нарсани бузуқ қулфдек отиб юборади? Бу ҳолатни қандай изоҳлаган бўлардилар сувратлардаги улуғлар?..” Тиркашнинг мулоҳазаси шу жойга келганда эшик қарсиллаб очилиб, остонада Сурбина пайдо бўлди. Бу севишганларнинг сўнгги мулоқоти эди…
Мана, энди ўзга бир хонадондаги сувратларни томоша қиларкан, бир неча сонияга чўзилган руҳий мулоқот бирдан барҳам топди. Қандайдир мубҳам бир куч уни ортига ўгрилиб қарашга ундади. Не кўз билан кўрсинки, оиласини бузган ва сўнгги қаттол жангга сабаб бўлган Скринкира девор сиртидан унга “қараб турарди”. Қулф ёрқин бўёқларда шу даражада мукаммал чизилган эдики, Тиркаш беихтиёр чўнтагини ковлаштириб синхрон очқични пайпаслаб қўйди ва бу ерга не мақсадда келганини эслаб қолиб, эшик томон юрди. Шиша уй эшигини Скринкиранинг ўзи ҳамон ўша алпозда қўриқлаб турибди. Лабларида қотиб қолган истеҳзо билан қулфга яқинлашди Тиркаш. Рақибининг бор илму амалини яхши биладиган полвонлар юзида бўлади одатда бундай табассум. Қулфбузарнинг сезгир бармоқлари қулф сиртини сермаб ўтди. Очқич ишга тушди. Скринкира узоқ қаршилик кўрсатмай таслим бўлди. Эшик очилди. Хона ичида бир тўп шафтоли дарахтидан бошқа ҳеч нарса йўқ. Лаҳза ичида вазиятни баҳолади Тиркаш. “Бу бир ниқоб” хаёлидан ўтказди у. Оддий бир дарахт ҳимояси учун бунчалик эътибор, эҳтиёткорлик ва харажат қилиш ақлга сиғмайди. Демак, уй эгасининг хазинаси шу ерда. Аммо тажрибали ўғриларга хос ҳиссиёт билан англадики, бир гилам катталигидаги чоғроқ майдончада хазина ҳам, дафина ҳам йўқ. Деворлар эса шаффоф шишадан. Ақлли одам хазинани тупроқ тагига кўммаслиги ҳам аён. Демак, дарахтнинг ўзида бир гап бор. Ям-яшил узунчоқ барглар, қизариб пиша бошлаган мевалар, ғадир-будир тана, шохлар ва новдалар… Танаси у қадар йўғон ҳам эмас. Бор-йўғи ўн беш йил атрофида умр кўрадиган бу дарахт – танасининг ўлчамига ва шох-шаббаларининг ҳали қорақўтир пўстлоқ билан қопланиб улгурмаганига қараганда – нари борса, етти-саккиз баҳорни кўрган. Унинг ҳақиқий аёллик даври ҳали олдинда. (Тиркаш шафтоли дарахтини ҳамиша аёлга қиёсларди). Бир умр боғбонлик касбига содиқ қолган отасидан ягона мерос эди бу гап. Қулфлар сирига қизиқмаганимда албатта отамнинг касбини эгаллаган бўлардим, дея хаёлидан ўтказди қулфбузар. Ва дарахт танасини силаб қўйди. Бармоқлари тананинг орқа тарафидаги қандайдир силлиқ ва юмшоқ туганакни пайпаслаб ўтди. Арпа бошоғидек қалин ва қўнғиртоб қошлари чимрилди унинг. Узун, ингичка ва сезгир бармоқлар яна ортига томон ҳаракатланиб, ўша туганак устида тўхтади. Тиркаш дарахт танасини айланиб ўтиб, пўстлоққа маҳкам ёпишган қаҳрабо рангдаги елимшакни кўрди. Бу касаллик ва исён аломати. Нимадандир азобланса, ўзини қийнаётган кучга бўлган ғазабини елимшак воситасида англатади дарахт. Дарахтни азоблаган нарса парманинг изи. Елимшакни қўпориб олди ва унинг остида оддий қаламнинг учи сиғадиган кавакни кўрди. Парма қолдирган жароҳат ҳали битиб улгурмаган. Ёки уй соҳиби танадаги тешикни бегона кўзлардан беркитиш учун елимшак билан ниқоблаб қўйдимикин?
“Булбулнинг кўзидай бир дона гавҳар –
Пода-пода ҳўкизлар галасига тенг”.
Дабдурустдан ёдига келган бу мисралар Қулфбузарнинг хаёлини банд этган янги бир фикр ифодаси эди. Шафтоли танасидаги кавакда гавҳар яшириб қўйилган бўлса-чи?! Хазинани яширин сақлаш учун бундан-да антиқа ва бундан-да маккорона усул бўлиши мумкинми? Бутун дунё ўғрилари биргалашиб қирқ кеча-кундуз ўйласалар ҳам, уларнинг хаёлига келмайдиган иш. Ўз фикри ўзига бачкана ва асоссиз кўринди, рассомда гавҳар не қилсин! Шундай бўлса-да, қўйнидан қизил дастали синхрон очқични олиб, кавакка суқиб кўрди. Очқич қандайдир майин, кукунсимон бир нарсани кесиб ўтганини илғади. Бундай паллада очқич бармоқларнинг гўёки давомига айланар ва энг мураккаб электрон ўлчов ускуналар ҳам илғай олмайдиган тебранишларни соҳибининг бармоқларига олиб узатарди. Дарахт танасидан юқорига томон шиддат билан кўтарилаётган шарбат оқимини, ернинг нафасини илғади асбоб ва бу оқимга яна қандайдир мубҳам зарралар ҳам аралашиб бораётганини бармоқларга етказди. “Кавакда гавҳар йўқ, қандайдир кукун бор”, деди очқич ўз тилида. Аммо бу ҳолат қулфбузарни ташвишлантирмади. Энг муҳими бу эмас. Етти ой муқаддам ўтказган тажрибасини бугун амалда синаб кўрди. “Скринкира” унга ўзини бағишлади! Ана шу муҳим!
“Шафтолихўрлик қилишдан бошқа ишим қолмади” – хаёлидан ўтказди Тиркаш, қўлларини енгсиз жужунчасининг барига артаркан. Эндигина ранг ола бошлаган мевалар ҳали етилиб пишмаганлигини билса-да, кучли чанқоқ таъсирида дарахт танасидан ушлаб қаттиқ силкилади. Тап-туп этиб уч дона шафтоли тушди. Улардан бирини олиб жужунчасининг майда тўр тутилган кўкрагига артиб суртди ва сабрсизлик билан карсиллатиб тишлади-ю, бу ерга нима мақсадда келганини тамоман унутди. Шафтоли меваси ҳали думбилроқ бўлса-да, ширин ва хушбўй! Сўнгра қизғиш, ғадир-будир уч дона данакни кафтига олиб, бутун бошли дарахтни, унинг япроқларию меваларини, ранги ва таъмини ва ҳаттоки томирларини ҳам ўзида мужассам этган бу мўъжизага, ҳеч қандай калит билан очиб бўлмайдиган бу “қулф”га бир муддат тикилиб ўтирди, чуқур хўрсинди ва қандайдир ширин хаёл таъсирида бош тебратиб қўйди. Кейин данакларни чўнтагига солиб ўрнидан турмоқчи бўлди. Туролмади, чўккалаб қолди. Ичида кучли оғриқ қўзғалиб дунё кўзига бир тутам бўлиб кўринди. Йиқилмаслик учун дарахт танасини маҳкам қучоқлади ва нажот кутгандай осмонга қаради. Дарахт осмон тоқида чирпирак уриб айланар, япроқлар шовуллар, шафтолилар дона-дона бўлиб, мовий бўшлиқни қизғиш ранглар билан бўярди…
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 5-сон