1
Ҳар доим аввал ўзини ясайди Шодия. “Аёл олдин пайдо бўлган, чунки у эркакни туғади”, дейди. Ишонаман. Ҳақиқатан ҳам аёл бўлмаса эркак туғилмайди-да… Кейин мени ясайди ва кўрпача устига ётқизиб қўяди. Мана, Шодия ёнимда ётибди. Эгнида кўк бахмалдан нимча, сариқ шоҳидан этаги узун кўйлак, унинг остида мисқолгарди деган матоҳдан терлик. Докадек юпқа, чорхона гулли бу матоҳни мисқолгарди деб аташарди аёллар, балки ҳозир ҳам аёллар лафзида бордир бу сўз, аммо болалигим ва ўсмирлигим ўтгандан кейин қайтиб кўрмадим бундай матоҳни.
Икки дона супурги чўпи, бир дона тугма ва бир уюм олақуроқ латтадан иборат менинг вужудим. Ҳавас ва завқу шавқ билан қарайман унга. Қора тиринкадан тикилган шимим ҳам, йўл-йўл кандир кўйлагим ҳам ўзимга қуйиб қўйгандай. Фақат юзимдаги сирлилик ўзимни бироз чўчитади. Оппоқ, жуда оқ, қордай менинг юзим.Оқ сурп устида “Х” белгиси. Бу белги икки қатор қизил, уч қатор яшил ва тўрт қатор қора ипак қатимидан иборат. Мавҳумлик ва тақиқ аломати бор бу белгида. Агар тугма топилмаса, Шодия менининг юзимни гулхайри мунчоғидан ясайди. Биз қалдирғочкулча буталари остидаги соя-салқин уйда яшаймиз. Бу уйни ўзим қурганман. Эшик-деразаси йўқ, том тепаси очиқ, фақат уй атрофи лой девор билан ўраб олинган. Уй тўрида олақуроқ кўрпа-ёстиқлар икки қатор қилиб териб қўйилган. Бизни оҳанрабодек ўзига тортади фақат бармоқларимизгина сиғадиган бу уй.
Шодия одатдагидай бугун ҳам уйни супуриб-сидирди, нонушта ҳозирлади ва дастурхонга омин ўқилгандан кейин мени ишга кузатиб қўйди. Ишхонам икки қадам наридаги дарахт тагида. Мен сотувчиман, магазинда ишлайман. Вазифам нималигини аниқ билмаганим сабабли дарахт ортида бироз ўтираман-да уйга қайтаман. Биз “келин-куёв”миз. Тик турган ҳолда овқатланганимиздан сўнг хона ўртасида осмонга қараганча қўлларимизни кенг ёйиб ётамиз, ёки хона тўридаги тахмонга суянгача тик турамиз. Шодия тугма билан супурги чўпидан эркак ва аёлни, сўнгра бир гала бола-чақаларни “халқ” қилган, яъни вужудга келтирган. Инсонни бунёд этиш унчалик қийин эмас: супурги чўпининг бир учига тугмани қўяди-да, бармоқлари билан қисиб ушлаганча бир парча оқ сурп билан тортиб ўрайди: одамнинг юзи шундай ясалади. Қўлни ясаш бироз қийинроқ. Юзни ва қўлни ўз ўрнига ўрнаштиргунча мен ўзимнинг “оёғимдан” тутиб тик ҳолатда ушлаб тураман. Кандир, тиринка ва сатин қийқимларидан кўйлак-иштон кийдирилганидан кейингина мен одам суробига келаман. Ва шундан кейингина эркакка айланаман.
Шодия дунёда энг латофатли “аёл”. Айниқса, бошга киядиган заррин қасаваси жуда безакдор. Унинг қўғирчоқлик ҳаётини кўзда тутяпман. (Ҳаётда эса бечорага аёл бўлиш насиб этмади). Хуллас, ўзи яратган аёлни атлас қийқимларидан тикилган кўрпачага ётқизиб қўярди-да, сўнгра мени “бунёд этарди”. “Бу сен бўласан”, дерди ҳали кийим киймаган ва демакки одам қиёфасига кирмаган чўпнинг учидан ушлаб туриб.Ва лабларини қимтиганча ишга киришарди. Нозиккина бармоқларининг чаққон ҳаракатига қараб турарканман, ўз шаклу шамойилимнинг чиройли чиқишини истардим. Менга “тиринка” деган дағал матоҳдан иштон кийгизарди. Оёқларимни ушлаб кўрар, этагимни кўтариб шимимни ип билан маҳкам боғлар ва ётқизиб қўярди. Сўнгра ёнимдан ўзи жой оларди. Унинг либослари майин ва чиройли, сочлари қўнғир ва мафтункор. Бошида нафармон рўмол, унинг тагида сербар қасава. Шодия бундай нарсаларни ясашга уста. Бир бўлак латтани икки қатларди-да, ўртасига қаттиқроқ қоғоз парчасини қўйиб, қўғирчоқнинг пешонасига тортиб боғлар ва устидан рўмол ташлаб қўярди. Меҳр билан безанган келиннинг қиёфаси менга Шодиянинг ўзидан ҳам жозибалироқ кўринар ва унинг ёнида жон-жон деб ётардим.
Бугун мен ҳар қачонгидан ҳам савлатлироқ ва кўркамроқман. Эгнимда ола тўн, белимда сариқ рангдаги шоҳидан белқарс, бошимда кўк матоҳдан салла, иштоним ҳам бинойидек. Биз юмшоқ тўшак устида қўлларимизни икки ёнга ёзганча чалқанча тушиб ётибмиз. Энди Шодия ҳам, мен ҳам йўқмиз. Фақат қўғирчоқлар бор. Биз уларни ҳаракатга солиб турувчи кучмиз, холос. Қўғирчоқларнинг ҳаёти – ҳақиқий ҳаёт. Агар инсонга айлансак, бизни ҳаракатга солиб турувчи қўғирчоқлар таъсирига тушиб қоламиз.
2
Ё Парвардигор! Қаердаман ўзи?! Бир умр қўғирчоқ бўлиб қолсам бўлмасмиди? Ахир, менинг бошқа тилагим йўқ-ку. Битта чўп, бир дона тугма ва бир уюм латта. Ҳеч кимнинг ҳақини емайман, ҳеч кимга ҳасад қилмайман, мансаб деб елиб-югурмайман. Шунда мени ушлаб кетиша олмасди. Қўғирчоқлар учун на суд, на милиция бор. Улар ҳатто солиқ ҳам тўламайдилар.
Турманинг зах ва совуқ хонасида бурчакка тиқилганча чўнқайиб ўтирарканман, ҳаётимнинг энг бахтли лаҳзаларини эслашга уриндим. Сон-саноқсиз юзлар, башаралар, чеҳралар, афту ангорлар орасидан бир нарса ойдек балқиб кўринди. Танидим уни ва ҳаяжонланиб кетдим. Бутун вужудим “Шодия” деган сўз таъсирида яйраб, яйралиб ҳаво каби енгил тортиб, қўшилиб кетди коинот зарраларига. Мен бор овозим билан қичқирганча унга талпиндим: “Шодия!.. Шодия!..” Турма деворлари шаффоф тортиб мен ҳибсдан озод бўлдим ва ўзимни гуркираб ўсиб ётган ва жўшқин гуллаган қалдирғочкулча буталари орасида кўрдим. Мен яна қўғирчоққа айландим.
… Ўша ҳолатда – гўёки осмонни бағримга босмоқчи бўлгандек – қўлларимни кенг ёйиб чалқанча ётибман. Осмон эса узоқ, тубсиз ва беғубор. Беғубор… ҳақиқатан ҳам беғуборми болаликнинг осмони?! Ёки қачонлардир кимдир айтгану ҳамон ўзгаришсиз келаётган таърифми? Шодия ҳам ёнимда худди менга ўхшаб осмонга тикилганча ётибди.
– Эртага ишга борасизми? – дейди Шодия.
Индамай бош силкийман. Инсон табиатан ялқовликка мойил. Гоҳида бирор саволга “ҳа” деб жавоб беришга ҳам эрингандай бош силкиб қўяқолади. Яна Шодиянинг овозини эшитаман:
– Қайтишда нон олиб келинг…
Хўрсиниб қўяман. Рўзғорни таъминлаш учун эр сифатида темтиниб юрганимнинг ифодаси бу. Зеро, биз нондан бошқа егуликлар ҳам бўлиши мумкинлигини ғира-шира тасаввур қилсак-да, рўзғорнинг боши нон деб тушунамиз. Бироз жимликдан сўнг Шодиянинг хавотирга тўла овози эшитилади:
– Кеча… “Муаззамжоннинг пили сурати” хола келувдила…
Томоқ қириб қўяман. Бунда норозилик оҳанглари борлигини пайқайди Шодия ва индамай кутади.
– Янами?
Кўкрагим узра ёйилиб ётган сочларининг силкинишидан унинг “ҳа” маъносида бош силкиётганини англайман. Бу хола кунора келиб туради. Унинг Муаззам деган қизи бор. Картон қоғозга чизилган филнинг сувратидан бошқа бирорта жонзот уларга ҳамроҳ эмас. Бу ғариб оиланинг бор мулки ана шу фил суврати. Хола шу сувратни кўксига маҳкам босганча остонада пайдо бўлади. Боши ўнг елкасига эгилган, вужуди қаҳратонда қолгандек қунишган, лаби титраб турибди. Шу сабабли лабларидан учаётган нимжон сўзлар ҳам титроқ:
– Холанг айлансин Шодияжон… – Токи кўзлари намлангунча, баъзида икки томчи ёш милдираб тўкилмагунча сукут қилади хола, сўнгра давом этади: – Муаззамжоннинг пили сувратини олиб бир кафтгина ун берсанг…
Шодия ярим пиёла унни холага тутади. Хола сувратни узатади. Шодия уни олмайди. Хола ерга эгилганча йўлга тушади. Кейинги кунларда хола келмай қўйди. Охирги марта “пили суврат”ни олиб келиб бир бўлаккина нон олиб кетганди.
– Муаззамжоннинг пили сувратига нима бўлдийкан? – сўрадим нимадандир хавотир олаётганимни яширмай. – Фили қочиб кетмадимикан?
Шодия елка қисди. Бир муддат бир-биримизга тикилганча жим қолдик. Сўнгра “хабар олиб келай қани”, деганча шоша-пиша йўлга тушди ва кўп ўтмай қайтиб келди. Кўзлари жиққа ёш. Хола оламдан ўтганини англадим.
3
Қулф ва калитнинг шақир-шуқиридан ўзимга келдим. Темир эшик даранглаб очилди. Икки нафар миршаб мени суриб-сургалаб йўлакка олиб чиқди. Ҳар иккала томони темир эшиклар ва панжаралардан иборат нимқоронғи даҳлиз бўйлаб бордик. Елкасида погони бор икки киши ўтирарди хонада. Пешоналарида қизил юлдуз. Саволга тутишди.
– Отинг нима?
– Остон.
– Фамилиянг?..
– Султонов.
– Неча йилга қамалгансан?
– Етти йилга.
– Нима айб қилгансан?
– Магазиндан, давлат магазинидан нон ўғирлаган, – жавоб берди менинг ўрнимга турма бошлиғи.
– Ўзим учун эмас, очдан ўлаётган бир бечора аёл учун… эри фронтда эди.
– Кимнинг магазинидан?
– Ўзим ишлардим ўша магазинда.
– Ҳимм… растрата!
– Шундай, – жавоб қилди яна менинг ўрнимга турма бошлиғи. – Етти тийин камомади бор…
Кейин мени ҳовлига олиб чиқишди. Бу ерда юзга яқин, балки ундан-да кўп одам саф тортиб турарди. Темир йўл вокзалида ҳам тумонат одам. Ҳаммаси қамоқхона кийимида. Биз узоқ йўл босдик. Қаерга олиб боришаётганини ҳеч ким билмасди. Поезддан тушиб солдатлар қуршовида пиёда кетдик. Ҳаммаёқ оппоқ қор. Бутун вужудим титрарди совуқ қаҳридан. Ниҳоят бир тепалик олдида тўхташга буйруқ берилди. Шу ерда тепаликни айлантириб окоп ва траншеялар кавлашга киришдик. Тун тинч ўтди, аммо тонг отиши билан уфқда қорайиб душман аскарлари кўринди. Ва ҳадемай тепалик томон бостириб келаверишди улар. Шунда бизни окоплардан қувиб чиқаришди ўзимизникилар. “Олға!” деган буйруқ бўлди. Қўлларимиздаги бел ва пишангларни ўқталганча югура кетдик… Бамисоли қўрқинчли туш. Визиллаб учарди ўқлар, ингранганча йиқиларди одамлар. Мен ҳам йиқилдим… Юзтубан ётибман. Жароҳатим у қадар оғир эмас, шекилли. Шундай бўлса ҳам индамай ётавердим. Ажнабий бақириқ-чақириқлар. “Халт!” деган биргина сўз ёдимда қолди. Кимдир этиги билан қаттиқ туртди ва қичқирди: “Ауфштейн! Ауфштеин!” Хавф-хатар туғилганда ҳатто тулки ҳам ўзини ўлганга солади. Индамай ётавердим. Ўлган деб ўйлади, шекилли, устимдан босиб-янчиб ўтиб кетди бир гуруҳ солдат. Секин бошимни кўтаргандим йигирма қадамча нарида турган офицерга кўзим тушди. Қўлида тўппонча. Ҳеч шубҳасиз, мени пайқади ва тириклигимни ҳам билди. “Швайн!” дея дарғазаб бўлди немис офицери ва тўппончасини ўқталганча мен томон кела бошлади. Ажойиб бир фикр миямга келди шу лаҳзада. Барибир ўламан. Орадаги масофа тўрт-беш метрлар қолганда ўрнимдан сакраб турдим. Ва қўлимни олдинга чўзиб, бор ғазабимни овозимга жойлаб баланд овоз билан қичқирдим:
– Ҳай Итлиғ-ғғ!
Бир дам довдираб қолди офицер. Гитлерга соғлиқ тилаб турган кишини отиб ташлаш керакми-йўқми, шу ҳақда ўйларди, афтидан. Ва ниҳоят, пошналарини қарсиллатиб бир-бирига урганча шошиб жавоб қилди:
– Хайл!..
Ўнг қўлида қурол борлиги сабабли шошилинчда чап қўлини кўтаргани ва бундай ҳаракат билан қонунни бузгани ёдига тушиб ғазаб билан вишиллади:
– Швайн!
– Ахтунг, панцер фрфлокт! – дея ҳайқирдим бор овозим билан. Аммо бу сўзлардан бирортасининг ҳам маъносини билмасдим. Чўчиб атрофга аланглади офицер. Ҳақиқатан ҳам бақириқ-чақириқлар авжига чиқиб, чанг-тўзон ва қора тутун борлиқни қоплаб, тепалик ортидан қаторлашиб келаётган танклар кўринди. Ўзбекона таъриф билан айтганда ит эгасини танимасди. Олиб кетишди мени автомат қўндоғи билан турткилаганча. Аввал машинада, сўнгра поездда бегона юрт томон кетиб борардим. Тили, қиёфаси, дунёқараши, борингки, туриш-турмуши бутунлай бошқача, одамлар. Мускуллари ўйнаб турган баҳайбат бир немис қабул қилиб олди мени. Бу ер дала ҳовли эди афтидан. Дарахтзор, баланд девор, бир томони ўрмон.
…Мана, уч ойдирки, шу ерда чўчқа боқаман. Бу бадхўр жониворлар учун бирорта тилнинг қадри ҳам, аҳамияти ҳам йўқ. Шундай бўлса-да, “швайн, швайн, халт!” дейман уларга қараб. Немис кулади. Ва “гут-гут”лаганча сигарета тутатади. Ишимдан мамнун. “Якши”, деб қўяди ҳар замон. Биламанки, ҳаётим шунинг қўлида. Ишлаб турган одам ҳамманинг кўзига яхши кўринади. Ана шу ақидага амал қиламан. Тинмайман. Ҳамма жой саранжом-саришта. Орадан яна бир ой ўтиб Ҳанс мени уйига олиб кетди.
4
Ўзим ҳам, меҳнатим ҳам унга маъқул бўлганини тушундим. Дарвозадан киришимиз билан бир гуруҳ ёш аёлларга кўзим тушди. Унча ёмон эмасди кўринишим. Ҳанс меҳнат ҳақимга пойабзал ва костюм олиб берган. Шу боис аёллар олдида унчалик хижолат чекмадим. Улар зўр қизиқиш билан кузатарди мени. Афтидан, Ҳанс уйига хабар қилган, уйидагилар ва қўни қўшнилар асир тушган “қизил солдат”ни кўриш иштиёқида тўпланган эдилар. Ҳанс аёллар олдидан мени намойишкорона олиб ўтаркан, қармоғига энг катта лаққа балиқ илинган овчи қиёфасига киргани назаримдан четда қолмади. Бадавлат одам эди, афтидан, менинг соҳибим. Иккаламиз боғни айланиб томоша қилдик. Олмалар ширага кира бошлаган. Аммо узумлар ҳали хом. Молхонани ҳам кўрсатди менга. Қарийб ўн беш-йигирма қорамол жойлашадиган оғилда фақат битта ҳўкиз боғлаб қўйилган. Вазни ҳам чамамда бирор тонна бор. “Ҳаммаси сеники, ҳатто Астерий ҳам”, деди Ҳанс бақувват қўли билан ҳўкизга ишора қилиб. Назаримда немислар ҳазилга у қадар уста эмас. Ҳанснинг ҳазили ҳам жиддийроқ туюлди менга. Бу тилда сўзлар шиддатли, товушлар кескин, талаффуз аниқ. Душман билан немис тилида гаплашмоқ керак деб бекорга айтилмаган. Шунга қарамай, Гёте ва Шиллернинг шеърларидаги нафосат ва нозикликни ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди. Яна бир жиҳати борки, немисларда буюк олим ҳам, буюк шоир ҳам ҳамиша муштини ишга солишга тайёр. Шарқона тавозе ва яна нимадир йўқдай бу халқда. Тилининг кескинлиги ҳам шунданми деб ўйлайман. Хуллас, энди менинг катта боғим ва катта ҳўкизим бор. Ва лафзимда фикримни тушунтиришга етгулик немисча сўзим бор. Ҳанснинг юзига қараб уруш тарозуси қай томон оғаётганини англашга уринаман. Ёнига яқинлаштирмайди мени Астерий. “Шар” дейишади бизнинг Мираки томонларда бунақа жониворларни. Билмадим, қандай ўйинлар кўрсатаркан мабодо ечилиб кетгудек бўлса бу шохдор жонивор.
Бир ойдан кўпроқ вақт ўтди орадан. 21 июль. Бекамиз Аглаида хонимнинг таваллуд куни. Боғ ўртасидаги ўтлоқда зиёфат дастурхони ҳозирланди. Меҳмонлар қарийб йигирма киши бор. Ҳанс ва бир мункайган чолдан бошқа ҳаммаси аёллар. Оқшом палласи жой талашаётган майналардек чуғурлашарди улар дастурхон атрофида ўтириб. Бу пайтда мен дарахт устида туриб олма терардим. Ногоҳ оғил эшиги қарсиллганча очилиб кетди ва Астерийнинг баҳайбат шохли боши кўринди. Ўтлоқ саҳнида ўтирган одамларни кўрди жонивор ва ўйноқлаганча шиддат билан югуриб кела бошлади. Чор тарафга қочди саросимага тушиб қолган меҳмонлар. Шу келишда базм столини тагидан шохи билан илиб осмонга кўтарди ҳўкиз. Ва идиш-товоқларнинг жаранг-журинги садоси остида олға югурди. Қий-чув кўтарганча паноҳ истаб уй томон қочиб боришарди аёллар ва болалар. Шохи атрофини ва пешонасини охир бурчагига, занжир боғланган қозиққа ёки бошқа бирор учли нарсага ишқалаш одати бор бу жониворларнинг. Астерий ҳам занжир сиқувидан озурда бўлган ва қичиётган шохларининг тубини ана шундай ишқалайвериб занзир ҳалқасини узиб юборган ёки бўшатган эди, афтидан. Хуллас, Астерий қочиб бораётган издиҳом орасидан Ҳанснинг ўн уч ёшли қизини танлаган ва қизнинг лоларанг юбкасидан бошқа ҳеч нарса кўринмасди унинг кўзига. Қиз қаттиқ чинқирганча мен олма тераётган дарахт тагидан жон ҳолатда югуриб ўтди. Кўзи қонга тўлган Астерий уни таъқиб этиб келарди ҳамон. Қиз қочиб бораётган томонда эса нажот эшиги берк. Қўшни уйнинг баланд деворидан ошиб ўтиш иложсиз. Астерий ҳадемай унга етади ва қудратли шохлари билан… Ногоҳ унинг рўпарасида ҳай-ҳайлаганча Ҳанс пайдо бўлди. Аммо шу лаҳзада нафақат филдай Ҳанс, балки Африка фили бўлса ҳам шохига илиб отишдан қайтмасди Астерий. Шундай бўлди ҳам. Бир ҳамла билан йўлидаги тўсиқни итқитиб ташлаб, қизил юбка томон йўлини давом эттирди. Оний лаҳзаларда рўй берди бу воқеа. Ва мен нима қилаётганимни ўзим ҳам англамаган ҳолда дарахт шохидан ерга сакрадим, балки йиқилиб тушгандирман. Мана, ҳўкиз Астерий ва одам Остон юзма-юз. Оёқларини ерга тиради шиддат билан югуриб келаётган Астерий ва рўпарасида турган жонзотнинг кимлигини, нималигини, кучини ва бошқа жиҳатларини аниқлаб олмоқчидай таққа тўхтаб, ногоҳ осмондан тушган жонзотга қараганча бир зум қотиб қолди. Албатта, унинг ўйлаб олиши учун бир дақиқа эмас, балки бир сония етарли. Шундан кейин шохи билан илиб осмонга отади мени ва яна йўлида давом этади. Албатта, бундай паллада энг машҳур испан матадори ҳам ҳеч нарса қилолмас ва унинг қўлидаги пичоғию қизил латтаси ўзининг қонига беланган бўларди. Оёғини ерга тираганча бошини баланд кўтарди Астерий, қаттиқ пишқирди. Ва мени мўлжалга олди. Бу лаҳза астерий учун ҳеч нарса, аммо мен учун жуда қимматли. Қочишга улгурмайман. Ўзимни бир ёнга ташлаб йиқилиб қолишга улгурган тақдиримда ҳам Сафина омон қолмайди. Сафинанинг ўлими – менинг ўлимим. Шундай ҳолат юз берса, мен ҳам тирик қолмайман. Ҳанс мени омон қўймайди. Чунки Астерийга қараш менинг ихтиёримга топширилган. Унинг занжирини мендан бошқа яна ким ечиб қўйиши ва бу қизиқ томошани ҳўкизбоқардан бошқа ким ҳам уюштириши мумкин!? Ана шу фикрлар миямда яшин тезлигида чарх ураркан, қўлим ҳам яшин тезлигида ҳаракатга келди ва мен икки бармоғим билан Астерийнинг бурун каррагидан тутдим. Ва қаттиқ қисдим. Агар билсангиз, ҳўкизларнинг ахелис товони, яъни энг заиф жойи – бурун карраги. Мен ҳеч қачон бундай қилиб кўрмагандим, аммо қассоб амакимнинг шу йўл билан ҳар қандай ҳўкизни бўйсундиришини кўп кўргандим. Бошини илкис кўтарганча тек қотди Астерий. Биринчи бўлиб Ҳанс ўзига келди ва қандай мўъжиза рўй берганини билиш учун ўрнидан туриб қўрқа-писа биз томонга бир неча қадам қўйди. Англадимки, қўлимнинг ҳар қандай нозик ҳаракатига ҳам бўйсунади энди бу баҳайбат махлуқ. Ва мен тантанавор бир алпозда ҳўкиз бошини Ҳанс томон бурдим. Ранги оқариб кетди унинг ва беихтиёр ортга тисарилди. Энди уй деворининг ташқи бурчаги билан зинапоя ортида тўпланишган ва беркинган жойларидан мўралашарди аёллар. Мен Астерийни оғил томон етакладим ва майса билан қопланган ҳовли бўйлаб тантанавор қиёфада аёллар ёнидан олиб ўтдим. Оғилдан чиқишим билан меҳмонлар ва хонадон соҳиблари даврасига тушиб қолдим. Ҳанс ҳамон титраб-қақшаётган қизини қучоқлаб турар ва унга тинчлантирувчи қандайдир суюқлик ичирарди.
– Сиз испанмисиз? – сўради ўттиз ёшлардаги латофатли бир хоним табассум билан. Қўрқувдан ўтакаси ёрилаёзган оломоннинг биринчи саволи шу бўлди.
– Найн, их бин узбекиш. – Жавоб қилдим нафақат қутурган ҳўкиз устидан, балки бу оломон устидан ҳам тўла ғалабага эришганимни ҳис этиб немис тилида.
– Ўзбекларда сеҳргарлар кўпми?
– Матадорлар-чи?
– Балки сиз бирон-бир дуо ўқигандирсиз?
– Қандай дуо ўқидингиз?
– Астерий сизни тушундими?
– Агар Астерий яна чиқиб келса, шундай қила оласизми?
Бу саволдан кейин гўё Астерий яна чиқиб келадигандай қўрқув билан ҳамма оғил томонга қаради.
– Я, я, – деб оғил томон юра бошлагандим, “найн, найн” деганча бир аёл мени маҳкам қучоқлаб олди. Кейин бирдан хурсандчилик бошланиб кетди. Ҳанс столларни яна жойига ўрнатди ва қайтадан дастурхон ҳозирланди. Энди мен давра тўрида, Аглаида хонимнинг ёнида ўтирардим…
5
Уч йил ўтди орадан. Сафина энди ўн етти ёшда. Уруш тугаган. Сафинанинг амакиси, яъни мени асирга олган офицер жангдан қайтмади. Унинг русларга асир тушганлиги ҳақидаги хабар Ҳансни ва унинг оиласини чуқур қайғуга солди. “Бўлар иш бўлди, энди сен укам ўрнида укамсан, Ҳерманнинг хонасида яшайсан”, деди кунлардан бир кун Ҳанс. Жуда ноқулай сездим ўзимни ва бу таклифга рози бўлмадим. Ҳерман яшаган хонани унинг уй-музейига айлантиришди. Кейин билсам, Ҳерман дурустгина шоир экан, унинг ёзган шеърларини ўқиб таъсирландим ва баъзиларини ўзбек тилига таржима қилиб Сафинага ўқиб бердим. Бизнинг тилимиздаги “ҳаё” деган сўз қизга жуда ёқиб қолди. Бунча майин, бунча оҳангдор дея қайта-қайта такрорлар ва бу сўз маъносини сўрарди. Афсуски, немис тилида бу сўз мазмунини меъёрига етказиб тушунтира олмадим. Шундай бўлса-да, мени кўрдими, худди саломлашгандай “ҳаё-ё-ё” деб қўядиган бўлди қизгина. Немисларда ҳам худди бизникидай “ҳ” товуши бор. Шу сабабли бу сўзни жуда чиройли қилиб айтарди Сафина. Бўлиққина, сербурим ва серчизиқ ҳамда ҳиссиётга тўла ва жуда сезгир лаблари худди ҳуштак чалаётгандай йиғрилар, қошлари ҳам муҳаббат мавсумида рақс тушаётган қора илончалардай бир-бирига яқинлашиб бош кўтарганча титраб турарди. Одатда биз боғдаги баҳайбат дуб соясида ўтирар ва турли мавзуларда суҳбатлашардик. Ана шундай суҳбатларнинг бирида яна ўзбеклар тўғрисида сўраб қолди. Бизнинг қизларимиз кўпроқ қизиқтирарди уни.
– Ўзбек қизлари қандай бўлади, кимга ўхшайди?
– Сенга. “Ҳаё” деганда худди бизнинг қизларга ўхшаб кетасан.
– Ибо десам-чи?
– Ўхшайсан.
– Ноз десам-чи?
– Ўхшайсан.
– Таман-но десам-чи?
– Бўлиб айтма. “Таманно” де…
Аммо қулоқ солмасди у ва аёллар аффектига, одатига, юз ифодасига хос сўзларни сўрайверарди. “Иффат”, “фироқ”, “карашма” каби сўзларни қийналиб бўлса ҳам талаффуз қилар ва аёллар руҳий ҳолатини ифодаловчи сўзларнинг бу қадар кўплигидан ҳайратланарди ҳам. Кўп ақлли ва билимли эди қизгина. Боғ адоғида сайр қилиб юриб ногоҳ қалдирғочкулча бутасига дуч келиб қолдим бир куни. “Қалдирғочкулча! Қалдирғочкулча!” деган нидо отилиб чиқди бўғзимдан ва мен ёввойи гиёҳ пойига тиз чўкдим. Ёнимда Сафина борлигини тамом унутгандим шу лаҳзада. Тамом ёлғиз эдим. Қалдирғочкулчани бағримга босдим, унинг бинафшарангга мойил гулларини беқарор бир тарзда ҳидлай бошладим. Вужудимдан сирқиб келаётган ҳиссиётлар қайноқ ёшга айланиб кўзларимдан оқаётганини сезмасдим.
– Нима бўлди сенга, Остон?! – ҳаяжонини босолмай қичқириб юборди Сафина.
Гул бутасини яна ҳам маҳкамроқ қучоқладим мен.
– Остон!.. Остон!.. Остон!.. – дея елкамдан қучар ва вужудимни гул бутасидан ажратиб олмоқчидек силкиларди қизгина. Индамай ўрнимдан турдим. Қизга қарашга юзим чидамади. Ўнғайсизландим. Ва таскари қараганча муштларим билан кўзларимни ишқалаб туравердим. Кейин анча жойгача индамай бордик.
– Нима бўлди? Нега йиғладинг? – дея яна сўроққа тутди Сафина.
– Сенга тушунтира олмайман, – дедим чуқур хўрсиниб.
6
Қандай қилиб унга тушунтирсам деб ўйлаб юрдим. Бизда ҳам шунақа гиёҳ ўсади, болаликда унинг тагида ўтириб ўйнардик, қўғирчоқлар ясардик, Қалдирғочкулча уруғидан мунчоқлар қилиб, қўғирчоқларимиз бўйнига тақиб қўярдик десам, ўша кунги ҳолатимни оқламайди ва қизнинг кўнглида ғубор қолади. Ана шундай хаёллар билан бир куни оғилхона бурчагида ўтириб қўғирчоқ ясашга киришдим. Латта-путта қийқимлари кўп эди бу ерда. Жуда чиройли чиқди қўғирчоқ. Аёл кўринишида, кийимлари пўрим, бошида бинафшаранг қасава, унинг устидан сариқ шоҳи рўмол. Этаги узун парпари кўйлаги ва қора ҳошия тутилган кенг енги айниқса жозибали. Белида заррин камар… Эртага қўғирчоқни унга совға қиламан. Дарвоқе, эрта унинг сўнгги имтиҳони. Ўлкашуносликми ёки музейшуносликми бўйича университетга имтиҳон топширяпти. Туни билан хонасида чироқ ўчмади. Нурафшон деразага қарай-қарай ухлаб қолибман. Эрталаб уйғонганимда Сафина шаҳарга жўнаб кетганди. Орадан уч кун ўтиб қайтди. Бутун оила уни табрикладик, шунда мен бошқалар олдида совғамни топширишга журъат этмадим ва қулай фурсат кутдим. Боғ адоғида хилват гўша бор. Чирмовиқ гуллар билан ўралган яшил томча. Сафинанинг севимли гўшаси. Хонадон аҳлида шубҳа туғдирмаслик учун ҳадеганда у ерга боравермасдим. Астерийга ўт олиб келиш баҳонасида ёлғизоёқ йўлак бўйлаб яшил томча томон юрдим. Ёғоч скамейкада ўтирарди у. Кўзлари юмиқ, киприклари ёйилган қуш қанотидай бўлиб юзига соя солиб турибди. Қизил чорхона матоҳдан тикилган кўйлагини скамейкага ёйиб ташлаган… Шарпамни пайқаб кўзларини очди ва илкис ўрнидан турди. Нимадандир қаттиқ ҳаяжонланарди. Худди кўзларини юмиб хаёлига келтирган ҳолат энди рўпарасида тургандай. Қиз худди мени бағрига босмоқчи бўлгандек қучоғини кенг ёйди-ю, бунга журъати етмагандай яна жойига ўтириб олди.
– Сафина, сенга совғам бор…
Киприклари пирпираб кетди унинг ва савол назари билан кўзларимга тикилди.
– Мана!
– Вой. Ажинача! Ажиначагинам!
– Қўлимдан олди қўғирчоқни ва бағрига босди. Кейин ўзидан узоқроқ тутиб қаради. – Қаердан олдинг? – деди таажжубланганини яширмай.
– Ясадим.
– Ростданми? Ўзинг ясадингми?
– Ҳа,
– Мен учунми?
Бош силкиб тасдиқладим.
– Оти нима бу ажиначанинг?
Қўғирчоққа ном қўйиш ҳақида ўйлаб кўрмагандим. Нима деяримни билмай тараддудландим. Турли, туман исмлар келди хаёлимга, аммо улардан мосини танлашим қийин кечди. Ва бироз давом этган сукутдан кейин қўғирчоқнинг номини айтдим:
– Шодия.
– Шодия?.. Йўқ, Ажинача бўлақолсин… – деди Сафина ўтингансимон.
– Хоҳишинг…
Майса устига чўзала тушиб парпираб нур таратаётган деразага қараб ётдим. Шу сонияда унинг нима қилаётгани, нималарни ўйлаётгани ва қандай ҳолатда турганини кўз олдимга келтиришга ҳаракат қилар ва жўшқин хаёлларга берилардим. Ниҳоят дераза пардасида навниҳол қомати акс этди унинг. Қўлида ниманидир тутиб турибди. Юрагим ҳаприқиб ўрнимдан туриб кетдим. Қўғирчоқ! Ўша мен совға қилган қўғирчоқ! Сафина қўғирчоқни дам бағрига босар, дам унинг либосларини силаб-сийпалар, дам кўксига босиб боласини овутаётган онадек у ён-бу ёнга тебранарди. Лабларининг ҳаракатига қараганда алла ҳам айтмоқда эди, афтидан…
7
…Шундан кейин орадан кўп йиллар ўтди. Германиядан қайтганимдан кейин яна қамашди мени. Яна қийноқлар ва сўроқлар… Гапнинг қисқаси, 1955 йили озодликка чиқдим. Қишлоқлар қиёфаси ҳам, ҳаёт ҳам тамом ўзгариб кетибди. Ҳеч ким танимади мени. Қишлоқ қабристони атрофида айланиб юрган бир қариядан Шодиянинг қабрини сўрадим. Биз майсалар гуркираб ўсиб ётган кичкина тупроқ тепача олдида тўхтадик.
– Мана шу.
– Янглишмаяпсизми?
– Аниқ биламан. Ўни қабрга қўйишаётганда отамнинг орқасидан эргашиб келгандим. Қўлимдаги тол чўпни олиб белги бўлсин деб қабр бошига қадаб қўйгандилар отам. Мана ўша чўп кап-катта дарахт бўлибди.
– Нега “бўлибди” дейсиз, ўзингиз бу ерлик эмасмисиз?
– Аслида шу қишлоқликман. Урушдан олдинроқ қамалиб кетгандим.
– Қандай айб билан?
– Ёмон вақтлар эди, очарчилик… дўконда ишлардим. Бир аёлга бир кафт ун билан бир бўлак нон берганим учун растрата қилиб қамаб юборишган…
– “Муаззамжоннинг фили суврати” дейишмасмиди ўша аёлни?
– Ҳа, шундай дейишарди.
– Балки сиз Султон Остондирсиз?
Чол менга қизиқсиниб қаради. Ва индамай қўйнидан бир уюм латта олиб қабр тепасидаги тошга суяб қўйди. Қарасам, чиройлигина қилиб ясалган қўғирчоқ. Мен Сафинага ясаб берган қўғирчоқнинг айнан ўзи! Мен ҳам шундай қилдим. Қўғирчоқлар икки томчи сувдек бир-бирига ўхшарди. Бўйи басти ҳам, кийимлари ҳам…
Ногоҳ қулф-калитнинг шақир– шуқиридан ўзимга келдим. Темир эшик даранглаб очилди ва назоратчининг погонли елкаси кўринди.
…Неча йиллардан бери турманинг зах камерасида ётган маҳбуснинг хаёлига нималар келмайди дейсиз…
“Ижод олами” журнали, 2017 йил, 2-сон