Сув турли шароитда қандай ўзгаришга учраркин? Сувга эътиборсизлик қилинганда, иқтидорли, оддий, ёмон одамлар унга тикилиб турганда, қандай жавоб бераркин, билмоқчиман.
Масару ЭМОТО
“Зулоли завқу шавқин ташнаи дийдор ўландан сўр”. Шундай. Фузулий айтганидек, токи ташна бўлмагунимизча сувнинг қадрига етмаймиз, уни эсламаймиз ҳам. Ташналик! Бундан ортиқ азоб йўқ. Бир ютум ҳаво инсон учун қанчалик зарур бўлса, сув ҳам шунчалик зарур. Биз нега сувсаймиз? Бунинг сабаби шундаки, инсон вужуди асосан сувдан иборат. Масалан, кўзимиз 99 фоиз сув. Бу унсурнинг модда алмашинуви натижасида чиқиб кетиши, буғланиши, ҳаракат ва ҳарорат туфайли терга айланиши оқибатида киши организмининг сувга талаби ошади. Асосан сувдан иборат бўлган ҳужайраларимиз “Сув! Сув!” дея чинқира бошлайди. Организмда йўқотилган унсурнинг ўрнини тўлдириш зарурати бизни сув ичишга мажбур қилади. Шундай қилинмаса, ҳужайралар ҳалок бўлади, инсон ўлади.
Сув ана шундай бебаҳо неъмат. “Сув зар, сувчи заргар”, деймиз. Тежамкорлик жиҳатидан бу тўғри. Аммо зарни, яъни тиллони тоғ-тоғ қилиб уюб ташлаш билан ташналикни қондириб бўлмайди. Бир қултум сув учун ташналик азобини чекаётган одам бор бойлигини бериб юбориши табиий ҳол. Ҳайвонот оламидаги бирорта жонивор, наботот дунёсидаги бирорта гиёҳ сувсиз яшай олмайди.
Ўзга сайёраларда ҳаёт бор-йўқлигини кузатаётган олимлар, аввало, ҳаво ва сувга эътибор қиладилар. Марсда ёки Ойда ана шу унсурлар борми? Ёки уларнинг мазкур сайёрада қачонлардир бўлганлигини англатувчи излар, белгилар, қандайдир шакллар мавжудми? Тадқиқотлар шунга таянади. Бу борада натижалар бор. Ойда ҳаводан ҳам, сувдан ҳам нишона кўринмайди. Аммо Марсда сув изларига хос белгилар мавжуд.
Музлаган дераза манзаралари
Аёз қисиб қаттиқ совуқ бўлган тунда деразалар музлайди. Унда қиррадор тоғ чўққилари, қамиш ва палма япроқлари, бошқа турдаги дарахт шохлари, турли кўринишдаги тропик ўсимликлар, буталарни кўрасиз. Бу манзаралар шу қадар жозибалики, дунёда ҳали ҳеч бир мусаввир бундай расмни чизолмаган бўлса керак.
Деразадаги манзараларга сеҳрланиб қарайсиз. Ундан кўз узгингиз келмайди. Шу сувратлар деразамда бир умр турсин дейсиз. Аёзли тундан кейин, албатта, қуёш чиқади. Олам ёритгичининг юз кўрсатиши, муз қотган ерни иситиши афсусланарли эмас. Дераза нақшларининг аста-секин эриб кетиши, сувга айланиши афсусли. Ҳар ҳолда, мен бундан ҳар доим афсус чекардим.
Шиша кўзлардаги соҳир нақшлар эриб, сув бўлиб оқади, чунки у аслида ҳам сув эди. Фақат қаттиқ совуқ таъсирида кристалланиб қолганди. Қизиғи шундаки, дераза кўзларидаги нақшлар унинг ташқи томонида эмас, балки ички сатҳида. Бунинг устига, бир кишининг деразасидаги чизгилар бошқаникига ўхшамайди, яъни сизнинг деразангиздаги сувратлар қўшнингизникидан фарқ қилади. Нега шундай?! Келинг, япон олими Масару Эмотонинг фикрларига қулоқ тутайлик: “Инсон қалби оламга бахт ҳам, изтироб ҳам бера олиш кучига эгаки, сув кристаллари айнан шу қалб ҳолатларини инъикос эттиради. Ҳаётда тўғри йўлни қандай қилиб топиш мумкин? Муҳаббат ва эҳтиромни кўнгилга жойлаб! Муҳаббатга лиммо-лим юрак эҳтиром ҳиссини уйғотади. Муҳаббат эҳтиром ҳиссини тўғри йўлга бошлайди. Эҳтиром ва муҳаббат бутун дунёни тўлдира олишини сув кристаллари бизга намойиш этади”, дейди япон олими.
Модомики шундай экан, сиз ётган хона деразаларидаги сув кристаллари нимадан дарак? Қўшнингизники-чи?! Улардаги чизгилар хонадон соҳибининг ички кечинмалари, ниятлари, муҳаббати ёки ғазаби ва нафратининг инъикоси эмасмикин? Агар Масару Эмото таълимотига асослансак, деразадаги кристалларнинг ҳам инсон ҳиссиётларига муштараклигига амин бўлишимиз керак.
“Сув ҳар биримизни кузатмоқда”
Бу сарлавҳа япон олими Масару Эмотонинг сув ҳақидаги тадқиқотидан олинди. Сув ҳар биримизни кузатиши сизга эриш туюлмаяптими? “Наҳотки” демаяпсизми? Балки “бекорчи гаплар” деяётгандирсиз. Табиий ҳол. Дунё қадимий. Сув ундан-да қадимий. Биз эса оламга янги келган одамлармиз. Билганимиз сари ҳали ҳеч нарсани билмаслигимиз аён бўлади. Сув ҳақидаги билимимиз ҳам кўп нарсани англатмайди. Буни қарангки, ҳатто ота-боболаримиздан қолган ўгитларга ҳам амал қилмаяпмиз. Аслида қулоғимизга қуйилган ўгитлар бугун дунё олимлари ўтказаётган тадқиқотларнинг асоси экан!
“Сув ичгандан кейин Худога шукур дейиш керак”, деб ўргатишарди кексаларимиз. “Сувга тупурма!” Бу қатъий талаб эди. Одамлар бугун ариқ ва дарёларга челаклаб чиқинди тўкаяпти. Рўзғорга кераксиз бор нарса сувга ташланади. Сув эса бунга чидаяпти.
Масару Эмото ўтказаётган тадқиқотлар бугунги куннинг иши. Сувнинг хотираси борлиги, у ҳамма нарсани ёзиши ва эсида сақлаши, шунинг учун сувга ёмон назар билан қарамаслик, унга ёқимсиз сўзларни айтмаслик, акс ҳолда, сув ифлосланиб кетиши ва катта бахтсизликлар рўй беришини исботлашга ва буни инглиз олими доктор Шелдрейкнинг “морфоген – резонанс” назарияси билан боғлашга ҳаракат қилаяпти.
Доктор Шелдрейкнинг таълимотига кўра, одам нимага назар солса, ўша нарсага таъсир ўтказади. Бир жойда юз берган ҳодиса бошқа жойларга резонанс беради. Масару Эмотонинг сув тўғрисидаги тадқиқотлари ана шу нуқтаи назардан Шелдрейк таълимотига бориб туташади. Буни қандай тушунмоқ керак? Дарё соҳилида туриб, унга меҳр-муҳаббат билан қарасангиз, бу эҳтиром морфоген-резонанс таъсирида бутун дунёга тарқалади. Сиздан жуда узоқда бўлган киши буни ҳис қилади.
“Кўз ўнгингизда мавжланган сув дунёдаги уммонлар, денгизлар, дарёларда мавжуд жамики сувлар билан боғланган. Сиз тикилаётган сув сайёранинг барча нуқталаридаги сувларга резонанс беради ва муҳаббатингиз номаси барча инсонлар қалбига етиб боради”, дейди Масару Эмото. Демак, сувга қараб, сув ичиб, “Худога шукур”, дейиш Аллоҳга етиб боради. Ҳайратланарли томони шундаки, бизнинг ота-боболаримиз буни қадим-қадимдан билган, бугун дунё олимлари томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар уларга маълум экан. Фақат биз бунга эътиборсизлик билан қараганмиз. Буни биз қилишимиз, яъни боболаримиз, момоларимиз ўгитини қайта ишлашимиз керак эди, холос. Афсус!..
Глобал масала
Куфрликдан белги сув тошқини ҳам,
Ёнғину зилзила офатга ҳамдам.
Табиат жиловин тортаман дема,
У бандага эмас, Худога маҳрам.
Бугун шоирларимиз инсон томонидан табиатга ўтказилаётган зўравонлик тўғрисида ана шундай шеърлар битмоқдалар. Хусусан, сувга бўлган муносабат ҳаммани ташвишлантирмоқда. Тирикликнинг асосий унсури бўлган бу бебаҳо неъматга муносабат кейинги йилларда жуда ёмонлашди. Ариқлар, анҳору дарёлар, каналлар ўзани том маънода чиқиндихонага айланди. Эндиликда рўзғоримизда нимаики ортиқча бўлса, уни ариқ ва бошқа сув ҳавзаларига олиб бориб ташлаяпмиз. Бугун сув ўзанларида тошдан кўра, оёқ кийими кўп. Қўшнимиз ҳаром ўлган бузоғини судраб бориб, дарёга ташлаётганини кўрамиз, аммо унга танбеҳ бермаймиз. Ўзимиз гувоҳ бўлган шу ва шунга ўхшаш воқеага хайрихоҳлик билдирган ёки “менга нима” қабилида бетараф қолганимиз ҳолда худди шундай ҳолатни газетадан ўқисак, “қаттиқ таъсирланамиз”. Буни қандай тушуниш керак? Радио, телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларида ўз ифодасини топаётган ҳаёт ўзимиз яшаб турган ҳаётга нисбатан таъсирчанроқми?
Табиат муҳофазаси глобал масала. У ҳаётнинг қадрига етувчи кишиларни барча замонларда ҳам бефарқ қолдирмаган. Инсон зурриёдининг бардавомлиги учун қайғурган кўпгина алломалар, мутафаккирлар табиатнинг гуллаб-яшнаши, сув ва ҳавонинг мусаффолиги учун курашганлар.
Сув кимёвий тил билан айтганда, Н2О эканлигини биламиз. Унга ҳидсиз, рангсиз ва таъмсиз суюқлик деб таъриф берилади. Аммо буни қарангки, ташна бўлиб ва ютоқиб сув ичаётганимизда гўёки унинг дунёда тенги йўқ, таърифи топилмас муаттарлигини туйгандай бўламиз. Дарёларга ёки бошқа чуқурроқ сув ҳавзаларига қараб, сувнинг кўзларимизга ва шууримизга ором бераётган зилол рангдалигини, тиниқ осмонга монанд бу кўклик дунёдаги энг ҳузурбахш ранг эканлигини ҳис этамиз. Сув шу қадар лаззатлики, уни бу ёруғ оламдаги бирор нарса билан қиёслаб бўлмайди. Бу – парадокс. Биз сувнинг маълум бир ҳидга, рангга ва таъмга эга бўлишини хоҳламаган бўлардик.
Чўмилаётган сув
Мавлоно Жалолиддин Румий айтадилар:
Сувки турғун эрса бас, ул айнигай,
Бўйла сувни ичса кўнгил айнигай.
Ҳақ савоб баҳрига ирғитгай яна,
Лутфи бирлан сувни сув этгай яна.
Бир йил ўтгач ул яна маъвосида,
Қайда эрдинг? Эзгулик дарёсида.
Эзгулик дарёси нима? Сув нега у ерга боради? Чўмилиш, покланиш ва яна тоза сувга айланиш учун. Сувнинг эзгулик дарёсига бориб чўмилаётганини тасаввур қила оласизми? Умуман, бу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз?
Бу саволга сувнинг ўзи шундай жавоб қилади:
Булғаниб эрдим, етишдим пок бўлиб,
Янги тўн кийдим, маконим хок бўлиб.
Бугун олимларимизнинг сув устида олиб бораётган изланишлари, жумладан, унинг ифлосланиши ва ўзини ўзи тозалаши тўғрисидаги тадқиқотлар замирида Жалолиддин Румий хулосалари бор. Фақат бу хулосалар узундан узоқ рисолалардан ихчамлиги, аниқлиги, фикрнинг лўнда ва таъсирчанлиги билан фарқ қилади.
Сув ҳар хил таъсирлар туфайли ифлосланади. Аммо у ўзини тозалаб, вақти-вақти билан покланиб, “эзгулик дарёси”да чўмилиб, яна олдимизга қайтиб келади. У беғараз ва беминнат хилқат:
Ҳар балодин поклагувчи дер мени,
Ифрит эрсанг гар, малак этгум сени.
Булғанар бўлсам магар кетгум яна
Тозалик дарёсига етгум яна.
Эски кир хирқамни ечгайман дағи,
Янги тоза тўнни бичгайман дағи.
Унинг беғараз ва беминнатлиги шундаки, дарёга – эзгулик ёки тозалик дарёсига – бориб, покланиб, янги тўн кийиб, ўз макони хокка (тупроққа) қайтгандан кейин, кел энди, ифрит бўлсанг тозалайман, ифлослансам яна чўмилишга кетаман, дейди.
Эзгулик дарёси нима?
Замонавий шаҳарлардаги миллионлаб кўпқаватли уйларнинг ҳожатхоналари сув билан тозаланади. Бу ифлос оқова қаерга боради? Биз ичаётган сувга келиб қўшилмайдими? “Кўз олдингизда мавжланган сув дунёдаги уммонлар, денгизлар, дарёларда мавжуд жамики сув билан боғланган. Сиз тикилаётган сув сайёранинг барча нуқталаридаги сувларга резонанс беради…” дейди Масару Эмото.
Бу фикрлардан кўринадики, сувнинг вужуди битта. Ёки бўлмаса доктор Шелдрейк назариясига кўра хулоса чиқарадиган бўлсак, ҳовлимиздан оқиб ўтаётган кичкина ариқчанинг оҳу ноласини Тинч океани ҳам, Шимолий муз океани ҳам эшитиб туради. Демак, бизнинг оқоваларимиз ҳам ифлосланганидан нола қилади. Бу ҳолатни Жалолиддин Румий шундай ифодалайдилар:
Нола айлар ул юракдин эй Худо,
Берганинг бердим, ўзимдирман гадо.
Шунда ифлосланган сув покланиш ва яна мусаффо бўлиш учун эзгулик дарёсига даъват этилади. У буғланади, булут ҳосил бўлади, натижада сув юксакликларга парвоз этади. Сўнгги йўқ денгизларга қуйилади ва яна кўкларга кўтарилади. Пировард натижада қор-ёмғир бўлиб, покланиб, ерга тушади. Ана шу жараён эзгулик дарёсидир. Сувнинг дарёда чўмилиш ва покланиш жараёни ана шундай кечади.
Бундан сувни ҳар қанча ифлослантирсак ҳам, у тозаланиб қайтавераркан, шундай бўлгач, сув ифлосланиб кетаяпти, деб бонг уриш шартми, деган хулоса чиқариш мутлақо нотўғри. Шундай хулоса чиқарган киши бу йилдан янаги йилгача, фасллар алмашиниб, яна қор-ёмғир ёғмагунча сув истеъмол қилмаслиги керак. Ваҳоланки, биз ҳар куни, ҳар лаҳзада сувга эҳтиёж сезамиз.
Ана шундай гаплар пировардида “Сувни тежанг!”, “Сувни ифлослантирманг!” деган ҳайқириқларга ўрин қолмайди.
Фақат шуни таъкидлаймизки, қадимги юнон файласуфи Фалес айтганидек, “Ҳамма нарсанинг ибтидоси сувдир”.
“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 8-сон