Қишлоқ кутубхонасига келдим. Икки қаватли саккиз хонадан иборат кўркам ва шинам бино. Иккинчи қаватдаги кенг хона қироатхона. Бу ерда ёшу қари китоб мухлислари экан, улар ўзлари қизиққан адабиётларни кўздан кечириш билан банд.
Бир маҳал қишлоқ ўртасидаги мангу олов ёнида кўрган ва кейин чинор остидаги сўрида танишган кекса суҳбатдошим кутубхонага кириб келди. Қўлида жумҳурият газетаси. Кутубхона мудираси ёшгина ёқимтой жувон отага пешвоз чиқиб салом берди.
— Қизим жавонга газета келтирдим. Унда учта ҳамқишлоғимизнинг номи бор. Биттаси менинг ўртоғим Абдураҳмон. Брестда 1941 йил июнь тонготарида ҳалок бўлган экан. Яқинда Брест қалъасида қазилма ишлари бораёттанида унинг суяги ва номи ёзилган ҳужжат топилибди. Шулар газетага ёзилган экан. Хабаринг бўлдими, йўқми, деб олиб келдим.
— Раҳмат ота, — жувон қўлидаги газетани олиб варақлади, сўнг тегишли жойини топиб ўқиди. Ўша жойини менга кўрсатиб деди:
— Мана қаранг, қарийиб, ўттиз беш йилга яқин ер остида ётган номаълум қаҳрамон ҳақида хабар. Қишлоғимиздан экан. Биз газетани мана бу табаррук жавонда, авлодларимизга тариҳдан сабоқ сифатида сақлаймиз.
Ота хайрлашиб чиқиб кетди.
Табаррук жавон! Мен кутубхонанинг мутолаа зали деворига махсус ишланган жавон ҳужжатлари билан танишдим. У ерда турли тилларда ва турли йилларда чиққан газета тахламлари, муқоваланган журналлар ва китоблар дид билан тахланиб, эҳтиёт билан сақланмоқда. Табаррук жавондаги ҳар бир ҳужжат шу қишлоқдан бўлган Ватан фарзандларининг фашизмга қарши урушда кўрсатган қаҳрамонликларини ҳикоя қилади.
— Жавондаги ҳужжатларни ким тўплаяпти? — деб кутубхона мудирасидан сўрадим.
У иккинчи қават деразасидан ҳовлига қараб:
— Ўша табаррук отахонимиз,— деди мамнун.
1976 й.