Назар Эшонқул. Зулмат салтанатига саёҳат (ҳикоя)

Менга машҳур адиб М. ҳақида мақола ёзиш топширилганда ишни нимадан бошлашни билмай каловланиб қолдим. М. бугунги кунда унутилган ёзувчига айланган бўлса-да, ҳали ҳам кўплар у ҳақида бирон жиддий хулоса айтишдан қўрқишар, ўша – олис йиллар ортида унга адабиёт фахри сифатида ўрнатилган салобатли ҳайкал ва ҳали ҳам жавонларда кўпдан бери ўқилмай қўйган ёстиқдай китобларда тутаб ётган довруғи ҳар қандай одамни ҳам эсанкиратиб қўярди. У пайтлар М. энг кўп нусхада чоп этилган ва энг кўп мукофоту унвонлар олган, энг кўп эътироф этилган ёзувчи саналар, ўша пайтда адабиётнинг тўрида ўтирган ёзувчилардан эди. Унинг тўқсонга кириш муносабати билан рўзномаю ойномаларда чоп этилаётган мақолаларда у яна эътибордаги адибга айланган, кундан-кун «у айтгандай», «устоз М. башорат қилгандай», «миллатимиз фахри М. таъкидлагандай» деган ҳар хил ҳамда ҳурматдан кўра ялтоқлиги билиниб турган қутловлар кўпайиб борарди. Шунинг учун мен М. ҳақида ҳеч ким эътибор қилмаётган кимса – у билан бир пайтда адабиётга кириб келган, бир пайтда эътироф этилган, «Адабиётимизнинг икки ёрқин юлдузи» деган эътирофга сазовор бўлган, бироқ кейинчалик бирдан қамалиб, шу билан М.нинг соясида – тарихнинг унут кўчасида қолиб кетган, бугунги кунда камдан-кам одам танийдиган ва ўзи ҳам ўша қамоққа олинган кундан сўнг бошқа ҳеч қачон шеър эълон қилмаган, қамоқдан қайтгач, умрини қандайдир нуфузсиз босмахонада ўтказган кекса муқовачи билан гаплашишга қарор қилдим. Бироқ собиқ шоир мақсадимни эшитгач, худди суд залида ўз устидан ўқилаётган айбномани эшитаётгандай менинг М. ҳақидаги саволимдан соқов бўлди-қолди: у саволларимга жавоб бериш ўрнига ўзи босиб ўтган уқубатли йиллар харсанглари босиб ётган, ўша пайтлардаги ёрқин эҳтирослар ўрнини қўрқув ва ваҳм алафлари қоплаган кўзларини мўлтиллатиб менга шубҳали қараб турарди – бу мунгли кўзлардан қондек ёш томчилари оқиб туша бошлагач, уни ортиқча азобламаслик учун изимга қайтдим.
Хуллас, М.нинг ўзи билан гаплашишга аҳд қилдим. М. ёлғиз яшар, гўё ўзини бугунги кунда унутиб қўйишганига араз қилгандай ўн-ўн беш йилдан буён ҳеч ким билан сирлашмасди. Шунинг учунми, телефон дастагини уч кун ҳеч ким кўтармади. Тўртинчи куни худди бевақт ороми бузилгандай зардали товушда жавоб қайтарди. Унга узоқ тушунтирдим, у барча гапимни ўпкаси шамоллагандай хириллаб эшитди. Гап орасида унинг ўзи ҳақида мен зарурат юзасидан ёзган мақоламни ўқиганини билиб олдим. «Мени шахсингиз қизиқтирмайди, – дедим унга таржимаи ҳолида расмий эътироф этилганидан бошқа бирон гап айтмаслигини билиб. – Суҳбат ижодингиз, ижодий дунёнгиз ҳақида бўлади. Ёшлар сиз ҳақингизда кўп нарсани билишлари керак. Сиз билан суҳбат қилиш – уларнинг талаби».
Узоқ сукутдан сўнг у розилик берди ва: «Фақат ўзим ҳақимда», – деб қўшиб қўйди.
М.никига келишувимизга биноан кун ботиш олдида кириб бордим. Салдан кейин қоронғи тушиб, атрофни зулмат қоплади. Унинг таржимаи ҳоли бўйлаб қилажак сафаримиз учун энг қулай пайт келганди. М. тамаки ва яна қандайдир қўланса ҳидлар ўрнашиб қолган тўшакда чўзилиб ётарди; тинмай тамаки тутатар ва пўк-пўк йўталарди. Хонаси ҳам худди ҳаёти каби палапартиш эди. Мен тозаланмаган столни, исқирт тўшакни, деразадан кўра туйнукни эслатадиган ромларни, ўқилмаганига ҳам аллазамонлар бўлган чанг босган китобларни кўздан кечирар эканман, ҳар бир одам ўзига муносиб бошпана танлайди деб ўйладим.
– Ҳа, келдингми, – деди у ўрнидан туриш учун қўлларига суяниб қаддини тиклар экан. Сўнгги йиллар ичида у ўзини яна ҳам олдириб қўйган, суратлардаги виқорли ва ҳар қандай нарсани янчишга қодир қилиб тасвирланган бургут қарашидан асар ҳам қолмаганди: юзида, ўзи таъкидлагандек, умр шами зўрға липиллар, ҳар бир нарсадан тушкунлик ва умидсизлик излайвериб охири ўзи ҳам тушкунликнинг бир парчасига айланиб қолганди. Унинг навбатдаги китобини ўқиганимда ҳаётнинг мудҳишлигини бунчалик берилиб тасвирлайдиган қаламдан ҳайратга тушгандим, бу умидсизлик боқувдаги шер каби кишида ваҳм ва таҳлика уйғотарди. Шундай бўлса-да, мен уни ўз ҳаёти бўйлаб «саёҳат»га чиқишга ундадим. Мен учун бу «сайр»нинг икки муҳим жиҳати бор эди: биринчидан, мен танқидчи сифатида унинг ижод дунёси билан чуқурроқ танишаман, иккинчидан, бу саёҳат менга унинг ҳали кўпчиликка қоронғи бўлган жиҳатларини очади, табиийки, бу хил «сафарлар»да кутилмаган маълумотлар пайдо бўлиши мумкин эди. М. узоқ иҳраб кийинди, сўнг озроқ отиб ҳам олди. Шу билан мен бу давр адабий жараёни ҳақида билишни истаган узоқ йиллар орзу қилган «саёҳатим» бошланди.
Барча ёлғиз кишилар каби у ўта инжиқ бўлиб қолганди. Танбалликдан кўра ўзи яратган ва мудҳиш бўёқ берган зулмат олами билан учрашишдан қўрқаётгани сезилар, зеро, у бу оламни охир-оқибат ўзини ташландиқ уй каби ёлғиз қилиб қўяжак дунёга қасдма-қасд яратган эди: бу оламдан нариги ёқда, қуёшдан ҳам олис томонларда худди Аловиддин қурган сирли шаҳарчадай, эртак каби даҳшатли, эртак каби ажойиб дунё қурмоқчи бўлган эди – аслида ҳам юлдузсиз осмон, хира бўёқлар, абадий тун, кимсасиз кўчалар унинг олами эди; ўзини бебахт ёлғиз ва ароқхўр қилиб қўйган, орзу кемаларини денгизда сузмасдан бурун пора-пора қилган, ғурурини ташландиқ қабр каби сукунатга дучор этган, пировардида нафрат ва муҳаббат орасида қалқиб турган дунёга намуна сифатида яратган эди бу дунёни; яна у ўзини ўраб турган бу қиёфасиз оламга қиёфа бериш учун уни дафъатан шунчалар зулматга буркагандики, оқибатда бу зулмат унинг қасосига тўла ўкиригига айланганди.
Биз чироқлари йўқ, фақат уй деразаларидан хира шуълалар тушаётган зим-зиё кўчадан кетиб борардик. М. тинмай алжир эди. Маст пайтларида унинг тили ечилиб кетар, лекин ҳеч қачон ҳушини йўқотмасди. Шу сабабли мен кўчада адашиб қолишимиздан хавотир олмасдим: зеро, у ўзи яратган кўчани, уйларни ва даҳшатдан қотиб қолган бу оламни беш қўлдай билар, кўзини юмиб бўлса ҳам манзилга бошлаб бора оларди. Дафъатан симёғочда хира чироқ ёниб турган бино олдидан чиқиб қолдик. Одатда, мана шу симёғоч тагида ўз севгилисининг шаънини булғаган одамни кутиб бир йигит пичоқ қайраб ўтирар – у севгилисининг номусига текканни барибир ўлдираман деб қасам ичганди. М. ҳаёт ўйинларини ҳали тўла тушуниб етмаган йигитни тирикликнинг адоқсиз кўчаларига киритиб юбораркан, уни руҳий қусурли бемор даражасида тасвирлаганди; йигитга атайлаб азоб берар, уни ўзи севадиган руҳиятнинг худбинона чархига қўшиб айлантирарди. Бироқ бу гал бу ерда бизни йигит эмас, юзи сўлғин ва кўзларидан болалиги кетмаган қиз кутиб олди. Қиз фоҳиша эди. М. уни ҳам асардан-асарга олиб юрар, негадир уни унутгиси, қаритгиси келмасди. У мудом ўн саккиз ёшда – алдаб иффатини бузиб қўйишган ёшда – ҳамон наҳс тўшагида ётқизиб оларди; бироқ қиз ҳануз у одамнинг алдаб кетганига ишонмас, бир куни шаҳзодалардай келиб, ўзини маликалар каби ясантириб олиб кетади деган умид билан яшарди ва шу умид чироғи билан бу зулмат дунёни ёритиб тургандай эди. Тақдир қўлида ўйинчоқ бўлса ҳам, М.нинг асарлари ичидаги бирдан-бир беғараз ва инсоний умид билан яшаётган қаҳрамон шу қиз эди. Лекин мен қизда бошқа бир сиймони ҳам кўрардим: адабий гуруҳнинг суди ҳақидаги ҳужжатларни титкилаб ўтирарканман, шоир «зўрлаган», «жабрланувчи» қизнинг суратига дуч келгандим: суриштирув пайти терговчининг паришонхотирлигими ёки бошқа сабаб биланми, қиз билан шоирни юзлаштирганди. Қиз ҳам, шоир ҳам бир-бирини биринчи марта кўриб туришганини айтишади, лекин кейин қиз бирдан ўзгариб қолади ва бошқа варақларда: «Мени шоир зўрлади», – деб туриб олади. Қизнинг гувоҳлиги менга ишончсиздай туюлганди. Бироқ ҳужжатлар ичида қандайдир Н. исмли (кимлиги аниқ эмас) кимсанинг «Шоир қизни зўрлаганини ўз кўзим билан кўрдим» деган гувоҳлигини ўқигач, иккиланиб қолгандим. Шеърларида ҳалоллигу садоқатдан лоф урган, бироқ шундай хокисор қизни наҳс тўшагига етаклаб, М.нинг «нафрати»га (суриштирув ҳужжатларида шундай ёзилганди) сазовор бўлган шоирдан мен ҳам ҳозир нафратлангандим; кейин эса шеърларига маҳлиё бўлганларимни эслаб, фикримдан қайтдим. Қизни ким зўрлагани ва нега М. шоирдан бунақа ўч олганига ҳеч ақлим етмасди. Назаримда, ҳужжатларда шоирни тўлиқ айблаш учун нимадир етишмасди. Чунки шоирнинг таржимаи ҳолида қиз бирон марта ҳам эсланмаган. Аксинча, қиз М.нинг зулмат дунёси малаги эди. М. барчани шафқатсизлик ва зулмат ботқоғига ботирган бўлса ҳам, бу қизни шу ваҳший қийноқ ва жаҳолат ичидан бир малак каби сақлаб қолганди. М. фақат қизни эмас, қиз орқали ўзини ҳам муқаррар фалокатга ғарқ бўлишдан тийиб қолгандай таассурот қолдирарди. Бу қаҳрамонни таҳлил қилар эканлар, тадқиқотчилар фақат шу қиз Мона Лиза каби асрлар оша адабий ақл сиғиниб ўтса арзийдиган ҳаётий қаҳрамондир дейишарди.
Қиз М.ни кўриб жилмайди; унинг жилмайиши ҳам синиқ ва афтода эди. Нима учун жилмайганини ўзи ҳам билмайди деб ўйладим. Қиз бизга бир оғиз ҳам гапирмай йўл бошлади. Биз энди қоронғилик яна ҳам қуюқлашган жинкўчага кирдик. Қиз ўша ўртада хароб ҳовлиларнинг бирида яшарди. Ҳужжатларда шоир уни мана шу жинкўчадан алдаб олиб кетган, сўнг уйланаман деб авраган деб ёзилганди. М.нинг ўша пайтдаги танқидчилари ҳам қизни таниб қолишган, «Сиёсий душман шаънини топтаган қизни М. асарининг гули қилиб тасвирлади ва ундан ўзининг меҳр-шафқатини дариғ тутмади», – деб мақтовларга буркашганди. Қиз уйи олдига келганда бир зум тўхтади ва: «Бугун бирон егулик топиб келолмадим», – деди. М. унга қандайдир халтача узатди. Шундагина мен унинг қизни кўриш учун тайёрланганини ва ўзи билан егулик олиб чиққанини англадим. Унинг бу меҳрибонлиги кўнглимни нечундир вайрон қилди. Мен М. асарларида қаҳрамонлар қизга турли-туман совғалар улашишарди, қолаверса, бу сахийликлар ортида қандайдир сирли ҳақорат ётгандай туюларди менга. «Биз кейинроқ келамиз, – деди М. паст товушда. – Ҳозир бир ерга бориб келишимиз керак». Ростдан ҳам сайримиздан мақсад қиз билан валақлашиш ёки онасининг қизлари кўҳли эканини ҳар бир кирган кишига мақташини эшитиш эмасди. Қиз синиқ жилмайди. У ўнлаб йиллардан бери ўз ихтиёри билан эмас, ўзи каби мавҳум ва бешафқат изтироблари аро М.нинг инон-ихтиёри билан яшашга кўникиб қолганди. Биз юриб кетдик, қиз ичкари киришга юраги бетламай изимиздан қараб қолди. Биз худди М.нинг узуқ-юлуқ жумлалари каби хароба уйлар орасидан кетиб борардик. Бу вайроналикдан М.нинг умр ҳиди келар – муқаррар таназзулдан дарак берарди. М. менга яқинроқ юрди. «Мен анави муюлишдан ўтишда қўрқаман. Қ.нинг одамлари ўша ерда ўтиради», – деди. Қ. бу зулмат дунёнинг ягона ҳукмдори эди. М. уни шу вайроналиклар ичра ёвузлик рамзи сифатида яратганди. Қ.нинг одамлари доимо бу ерларга ваҳм ва қўрқув уруғини сочиб кўча кезиб юришар, хоҳлаган бебошликларини қилишарди. Бу кўча доимо уларнинг таҳдиди ва қўрқуви остида бўлгани учун бу ерларни одамлар аста-секин ташлаб кетган, тирикликка хос ҳеч нарса қолмаганди. Менга ҳамиша бу қаҳрамонда – Қ.да зўракилик бордай, мустабидликни ҳаддан ошириб тасвирлагандай туюларди. Буни М.га айтганимда у қуруққина қилиб: «Қўрқув одамларни бошқаради», – деганди. Кейин мен М.га: «Уни бошқачароқ яратиш ёки умуман яратмаслик керак эди», – дедим. М., афтидан, фақат зулмат дунёсини эмас, ўз ўқувчиларини ҳам Қ. билан ваҳимага солишни истар, у қатнашган асарлар қизиқарли бўлар, шу сабабли Қ. асардан-асарга янгидан-янги ёвузликларнинг ижодкори бўлиб ўтарди. Мен М.нинг ижодини кузатиб шу хулосага келгандимки, у бу «одамхўр, ёвуз одам»ни яратганидан завқланарди. М. туйғуларини жиловлай олмайдиган одам бўлгани учун ўзининг ичида ухлаб ётган барча ёвузликни асарларига сингдириб юборгандай, ёвузлик қилувчи ҳам, уни кузатувчи ҳам М. нинг ўзи бўлиб туюларди. Ҳар бир ёвузликни яратаётганидан завқ олар, Қ. асарларининг қаҳрамонлари ичида энг шавқ ва илҳом билан яратилгани эди: зеро, зулмат дунёси унинг дунёси, унинг одамлари унинг ўзи эди. М. беҳуда чўчиган экан, муюлишда бизни ҳеч ким безовта қилмади. Қ.нинг одамлари қаерларгадир янги ёвузлик қилиш учун кетишган ёки қаердадир навбатдаги ёвузлигидан сўнг дам олиб ётишарди. Муюлишдан кейинги кўча ҳам кимсасиз, бу ерда ҳам зулмат ва қўрқув ҳукмрон эди. М. ижодида зулмат ва қўрқув ёнма-ён юришини, асарлари фақат шу мавзудан иборат эканлигини кўп олимлар ҳазм қилолмас, уни «васвас, телба»га ўхшатишарди. Мен М.нинг ҳаётини билганим, унинг кечинмалари билан таниш бўлганим учун бу нарсаларнинг табиий эканлигини англадим. М. ўзини алданган одам ҳисобларди. Унинг ҳаётида унга вафо қилган биронта кимса йўқ, илло, у дўстларидан тез ва осон ажрашиб кетган, кейинги йилларда у билан деярли ҳеч ким муносабат қилмасди. У ўз азоби ва мусибатлари билан ёлғиз қолганди. Охири у ёлғизлигини ана шу қўрқув ва зулмат билан боғлай бошлади, тўғрироғи, унинг бу дунёда топган бирдан-бир садоқатли ва ҳеч қачон сотмайдиган ҳамроҳлари ҳам мана шулар эди. М. асарларида худди қулчилик даврларидек одамлар сотилар, сотиб олинарди; йўқ, булар тарихий асарлар эмас, сотилувчилар ва сотиб олувчилар ҳам маданий поғонанинг сўнгги пиллапоясида турардилар. Биз ҳозир айнан эгалари сотиб юборилган кўчада турардик: Қ. бу кўчадагиларни жуда арзимас нарсага алмаштириб юборган, алмаштирилмай қолганлари бориб ўзларини бирон арзимас нарсага алмаштиргандилар. Танқидчилар айни мана шу одамфурушликни қабул қилишолмас, даврга ёт дея айюҳаннос солишарди. Мен эса айнан шу ерда М. қалбининг энг чуқур жойидаги дардини одамфурушлик билан ифодалаганини ҳис қилдим. Туртиниб-суртиниб кетиб борар экан, М. мастлик аралаш (ҳушёр пайтлари у жуда кибрли бўлар эди, ҳеч қачон ўзини ожиз кўрсатмасди): «Аввал мени сотишди, сўнг мен сотдим уларни», – деб ғулдиради. У фақат ўзигагина маълум ўтмишни унутиш, бу дунёдан ўзини яшириш учун аста-секин ўз дунёсини ярата бошлаган ва ўзи ҳам шу дунёга сингиб кетган эди. Бироқ бу дунё унинг таҳқирли қалбининг маҳсули бўлгани учун ҳам ёвуз, шафқатсиз ва жоҳил эди. У бу дунёга кирган сайин макон ва замон тушунчасини унутиб қўяр, вақтсизлик, маконсизлик ҳудудига чиқиб борар, гарчи булар бари хаёл маҳсуллари бўлса-да, шу дунё ҳам зулмат ва ваҳшийликларга бурканган эди. М. ҳаётдан олган барча таҳқирини шу дунёда қайта тирилтирган ва ҳаракатга келтирганди. У ўзини таҳқирлаган дунёга ўчма-ўч бу зулмат дунёсини, шу ёвуз одамларни, шу мажруҳ тақдирларни яратганди. Гарчи у ўзини ўраб турган дунёдан қочиш учунгина буларни дунёга келтирган бўлса-да, бироқ у яратган – «бошқа» деб билган дунё ҳам уни алдаган, алалоқибат таҳқирлаган дунёнинг айнан ўзи бўлиб чиққанди: у бу дунёдан узоқлашишни истаган сайин бу дунёга шунчалик яқинлашган эди; у ўзига жабру ситам, ҳақорат, азоб-уқубат келтирган чиркин оламни инкор этиб, янги дунё яратар экан, алҳол, ўзи қочмоқчи ва инкор қилмоқчи бўлган, онги ва шуурига тавқи лаънатдек осилиб олган дунё унинг янгитдан қурмоқчи ва яратмоқчи бўлган дунёсида яна ўзини намоён қилаверган эди. Бу чиркин манзаралар, ададсиз таҳқирлардан ҳеч қайси дунёда халос бўлолмаганини билгач, бирдан тушкунликка тушган, ичкиликка ружу қўйган. Аланга бўлишни истаган шами тутаб ётар, ҳозир биз кўриб турган мудҳиш бўёқлар унинг – ўзининг сийрати бўёқлари, манзаралари эди.
Сукунат чўмган кўчада бизнинг қадам товушларимиз жаранглаб эшитиларди. Кўча бошида эшик кўринди. Бу уй бизга таниш эди. У ерда эр-хотин яшарди. Қ.нинг зулмидан уларнинг эшиги доимо ёпиқ турар, ўзлари доим шивирлашиб гаплашишарди. М.га бу эр-хотинни асарларига олиб кириш нега зарур бўлганини тушунмасдим. Улар барча асарларида деярли зулмат билан бирга, зулматнинг бир қисмидек тасвирланганди. Билмадим, М. уларни асардан-асарга олиб ўтаркан, қўрқувдан улканлашган Ёлғизлик суратини бермоқчи бўлар, чунки эр-хотин бир-бири билан қанчалик иноқ бўлмасин, доимо ўзларини ёлғиз, ҳамдардсиз, ҳомийсиз ҳис қилардилар. Балким, фақат М.нинг ўзигагина хос қитмирона ташбеҳ ётгандир бу қисматда?! М. эшикни тақиллатди, сўнг эшик барибир очилмаслиги эсига тушиб йиллар увада қилиб ташлаган деворга тирмаша бошлади. Кўп ичганидан қўли сирпаниб кетар, ўзини кўтара олмасди. Мен унинг оёғидан кўтариб, девордан ошириб юбордим: у ўзини ўнглай олмай қулаб тушди. Девордан ошиб ўтганимда М. ўрнидан турмай сўкинарди. Шунда бу ҳовлида қуриб ётган дарахтлар борлиги ёдимга тушди: М. бу ташландиқ ва қаровсиз дарахтларни уй эгалари билан қўшиб қайта-қайта тасвирлар, гўё шу билан бу чиркин ва хазонликка юз тутган дарахтлар – уй эгаларининг қалби ва ҳис-ҳаяжонлари деётгандай бўларди. Назаримда, М. асарларидаги тасвирда «табиат – инсон руҳиясининг кўзгуси» деган ақидага амал қилганди. Биз чакалакзор бўлиб кетган дарахтлар орасидан зўрға йўл топиб, уй эшигига етиб олдик. Ўтиб олгунимизча М. ёмон сўкинди: шимини дарахт новдаси йиртиб юборган, у ҳадеб ўша йиртилган жойини эгилиб ушлаб қўярди. Унинг аҳволини кўриб кулгим келди: буларнинг барини, ҳатто шимини йиртган шохни ҳам ўзи яратган, энди ўзи яратган нарсанинг қурбони бўлиб турарди. Биз эшикни итариб очдик: эшик очилмаганига ҳам кўп замонлар бўлган, чоғи, киришимиз билан бошимизга чангу ғубор ёғилди. Тор даҳлиздан ўтиб М. ўнг томондаги хонанинг эшигини очди: эр-хотин шу ерда эди. У ерда заифгина шам зулмат билан олишиб ётарди. Улар эшик очилишини кўриб, бир-бирларининг пинжига тиқилганча қалтираб туришарди. Бизни кўргач, аввал ҳайратланишди, сўнг бирдан суюниб кетишди.
– Қандай келиб қолдиларинг? – сўради эр хурсандлигини яширмай. – Ҳаммаёқда изғиб юришибди-ку.
Мен хонани кўздан кечирдим: тўшаклар номига йиғиштириб қўйилган, барча нарсада ҳафсаласизлик сезилади. М. бу хонадонни «маънавий таназзул уйи» деб атаган ва таназзулни эр-хотин қиёфасига эмас, уй сувратига мужассам этганди. Шу сабабли хонадаги ҳар бир нарса менга қизиқ эди. Токчага уйиб қўйилган китоблар ғуборга беланиб ётар, шифт кўчиб тушавериб томи кўриниб қолганди. Менга эр-хотиннинг асарда иштирок этиши, ташқарига чиқишдан қўрқиб бир умр тўрт девор ичида, зулмат билан бирга яшаб ўтишлари мутлақо тушунарсиз эди. Назаримда, бу эр-хотин зулматга шу даражада кўникиб қолгандиларки, улар дафъатан ёруғликка чиқса, қўрқиб ўлиб қоладигандай эди. Эр-хотиннинг тартибсиз ва умидсиз ҳаётлари ҳамда биз кириб борган хона менга М.нинг ҳужрасини эслатди; шундагина М. нега бу эр-хотинга бот-бот қайтишини, уларни зарур, нозарур лавҳаларда эслатиб ўтишини энди англагандай бўлдим. Бу унинг ота-онаси эди! Мен буни олдин тушунмагандим, ҳозир уларнинг М.нинг юзига қўрқиб боқиб туришлари, М. эса уларга ачинганини ошкор қилиб туриши, икки томоннинг ҳам бир сўз айтмай бир-бирига тикилиб туришлари менинг «булар М.нинг ота-онаси» деган қарорга келишимга сабаб бўлди. Бунинг устига, эр-хотин М.га жуда ўхшар, фақат М.нинг юзи ичкиликдан заҳил тортган, эр-хотиннинг юзида эса ёмғир ўйиб тушираётган сувоқ каби умрнинг майда хавотирлари ёғиларди.
– Сен бекорга буларнинг ҳаммасини ёзяпсан, – деди ота паст товушда. Улар М.дан қўрқишарди, чоғи, ҳар бир гапини иккиланиб, чўчиб гапиришарди. – Энди биз кўчага чиқолмай қолдик.
– Сиз олдинлари ҳам кўчага чиқолмасдингизлар, – заҳарханда қилди М.
– Сен ёза бошлагандан сўнг улар бизга яна ҳам кўпроқ зуғум қила бошлашди, – деди яна ота.
– Улар ҳеч қачон зуғум қилмаган, сизлар ўзларингизга ўзларингиз зуғум қиляпсизлар, – М. шундай деб отасига қараб юрди. Ота шошиб қолди. Она эса қўли билан оғзини ёпиб, йиғлаб юборди. Мен: «Наҳотки, М. ўз отасини урса», – деб ўйладим ва ҳар эхтимолга қарши унга яқинроқ бордим. Аммо янглишган эканман. М. бориб отасини қучди ва елкасига қоқиб: «Қўрқманг, – деди. – Ҳеч нарсадан қўрқиш керак эмас. Тасаввурларингиз сизларни яна ҳам қўрқоқ қилиб қўяди». «Қўрқмай бўладими?» – деди ота ўғлининг меҳрибонлигидан кўнгли тўлиб кетгандай (худди шу лаҳзани М.нинг болалигига бағишлаган асаридан ўқиганим ёдимга тушди: фақат асарда ота ўн бир яшар М.га қўрқмаслик кераклиги тўғрисида гапирган, лекин ўзининг қўрқиб кетаётганини ўғлига билдириб қўйганди).
М.нинг кўчага чиққанда ҳам қовоқ-тумшуғи очилмади. «Улар мени ҳам каламуш қилмоқчи эдилар», – деб ғўлдиради. М. ота-онасининг ҳеч қачон ошкор қиёфаларини яратмаган, улар мана шу эр-хотин қиёфасида М.нинг асарларида кезиб юрарди. (Улар бағоят хокисор бўлишларига қарамай, тўрт девор орасида бир умр яшаб келишлари М.да ҳамиша заҳарли истеҳзо уйғотарди.) Мен энди М.нинг асарларидаги бошқа лавҳаларни ҳам тушуна бошлагандим: хусусан, М. тасвирлаган зулмат дунёси ўз-ўзидан пайдо бўлмаган, у олдин ота-онанинг қалбида пайдо бўлиб, сўнгра 11 ёшли боланинг кўнглига кўчган, сўнг балоғат ёшининг ботқоқларини кезган сайин каттара-каттара М.нинг зулмат дунёсига айланганди.
Ниҳоят, биз манзилга етиб келдик, бу зулмат дунёсидаги шаҳарчанинг қоқ марказида жойлашган ва унинг деярли барча асарларида эслатиб ўтиладиган кичик ва кўримсиз қаҳвахона эди. Мен архив ҳужжатларини текширар эканман, адабий гуруҳнинг «сиёсий» қароргоҳи сифатида бу қаҳвахона қайта-қайта эсланган ва гуруҳ аъзолари худди шу ерда «сиёсий тўнтариш»га тайёрланишаётганда қўлга олинганини ўқиган эдим. М. билан хира фонуслар ёқиб қўйилган қаҳвахонанинг бир бурчагига бориб ўтирдик. (Мен М.нинг хотирасини титкилай-титкилай шу қаҳвахонани топганимдан хурсанд эдим.) У шу заҳоти ичкилик буюрди ва устма-уст ича бошлади. У бу ерда ўзини жуда ноқулай сезар, одамларга тик қарай олмас, ўзини фақат мажбурият юзасидан мих устида ўтиргандай тутар, менга мўлтираб қараб қўярди. Унинг орқасида қандайдир гуруҳ бақириб суҳбатлашар, баъзида шеър ўқиб қолишар, сўнг яна фақат ўзларигагина маълум атамаларни келтириб баҳслашишарди: уларнинг баҳси шунчалик қизғин эдики, мен гарчи уларнинг гапини элас-элас эшитаётган бўлсам ҳам, баҳс қизиқтириб қолганди. Уларнинг ўртасида ўтирган қирқ ёшлардаги йигитни – у менга жуда танишдек туюлди – суҳбатни бошқариб туришидан ва баъзида шерикларига сўз беришидан гуруҳбоши бўлса керак деб ўйладим; бироқ хира фонус ёруғида унинг юзини аниқ кўролмасдим. М. аллақачон столга бошини қўйиб, хуррак отарди. Мен яна йигитга қарадим – у энди ёнида ўтирган жингалаксоч йигитни қучоқлаганча нималардир дер, даврадагиларнинг диққат билан қулоқ солишидан йигитни жуда ҳурмат қилишлари сезилиб турарди. Бир маҳал у ёнидаги йигитга нимадир деб ўрнидан турди ва эшикка йўл олди. Жингалаксоч бош ирғаб, даврага ўгирилди-да, баланд товушда шеър ўқий бошлади. Менга унинг шеъри танишдай туюлар, бироқ хотирамнинг ўша шеър турган қисми мавҳум бир зулмат остида ётарди. Мен эслашга уринмадим, негадир оёқларим мени гуруҳбоши кетган томонга тортарди. Унинг изидан тушдим. Йигит қаҳвахонадан чиқиб, ўнг томонга бурилди. Сўнг шундоқ зинанинг тагида қандайдир қора шарпа билан гаплаша бошлади. Гапларини эшитиш учун яқинроқ бордим. Қора шарпа хириллаб, таҳдидли овозда гапирарди – бу овоздан баданингиз худди тиққа теккандай жимирлаб кетарди.
– … Бошингга ит куни тушишини унутма. Қизни нима қилганингни яхши биламиз. Сенга шунинг ўзи етади. Шу сабабли қайсисини танлаш ихтиёрингда…
Гуруҳбоши йигит бўшашиб нимадир деди. Қора шарпа нари кетди. Йигит қаҳвахонага қайтиб, жойига бориб ўтирди. Унинг юзи тунд, хавотирли эди. Шунда негадир ажабланаётганимни сездим – гўё шундай бўлишини олдиндан билгандай эдим; аксинча, агар шундай бўлиб чиқмаганида, балким, мен учун кутилмаган воқеа бўларди. М.ни туртиб уйғотдим. У чўчиб тушди. «Кетдик», – дедим унинг бақрайган кўзларига тикилиб.
Биз тор, зулмат ва қўрқув чўккан кўчаларни узоқ кездик. Охири жинкўчанинг бирида кимгадир дуч келдик. Унга адашиб қолганимизни айтиб, қандай қилиб марказий кўчага чиқиб олишни сўрадик. У бир дафъа бизга ҳайрон бўлиб қараб турди-да: «Бутун одамзод адашган, – деди секингина, – унга тўғри йўл кўрсатиш менинг қўлимдан келмайди». Мен шундагина бу зиёлини танидим: М. асарларида у доимо нутқ ирод қилиб юрар, сўнг ўз тингловчиларини Қ.нинг одамларига сотарди. Унинг зиёси янги сотқинликларни ўйлаб топишга бемалол етарди. У биздан нари кетди. М.: «Бу ердан тезроқ кетайлик», – деди. У зиёлининг бориб чақишидан қўрқарди.
М. шунча йил телба, мажруҳ одамлар орасида ёлғиз яшашга мажбур бўлганди. Инсонни ёруғ хилқат сифатида кўрган сайин у ўзини майиб-мажруҳлар, касал, телба одамлар орасига шунчалар кўпроқ яширганди. У сотқинлик, хиёнат, қўрқувни қайта-қайта тасвирлар, асарларини сотқин кишиларнинг дунёсига айлантирар экан, ана шу йўл билан ўзини таҳлил қилар ва бу билан ўзини ҳам фош этарди. Ҳар қалай, мен шу хулосага келгандим. У зўрлик ва зулмни шунчалик кўп тасвирлагандики, қаҳрамонлар нафақат шу зўрлик маҳсуллари, балки унинг ажралмас қисмига айланиб қолгандилар: зўрликни бутун даҳшати билан тасвирлаш М. кутгандек зулмга нафрат эмас, ундан ҳайиқиш, унга муҳаббат пайдо қилганди: бу қаҳрамонлар ўзларининг қул, муте эканликлари билан фахрланиш даражасига етган эдилар. Мана шу ерда М.нинг инқирози бошланганди. Шу туфайли ҳам кейинги йилларда у деярли ҳеч нарса ёзмай қўйганди. Негаки охир-оқибат у қанчалик ўзини асарлари ортига яширмасин, барибир мана шу хулоса яна юзага қалқиб чиқарди.
– Анови зина ёнида гаплашган қора шарпа ким эди? – деб сўрадим мен, кенг кўчага чиққач.
М. юришдан тўхтаб, менга чўчиб қаради: қарамасам ҳам, унинг юзи ўғирлик устида қўлга тушган кишиникидай бўзариб кетганини билардим.
У юришдан тўхтади ва:
– Ёлғон. Туҳмат қиляпсан! – дея бақирди. Бироқ ёлғон гапирмаётганимни ўзи сезиб турар, шу сабабли ўзини қўярга жой тополмасди: шундагина мен унинг жуда ожиз одам эканлигини сездим.
– У Қ. эди! – деб бақирди яна. – Ана, билдинг, бор, ёз! Ҳаммасини ёз! Лекин барибир ишонишмайди. Қ.нинг кимлигини биласанми?
У телба бўлиб қолгандай тағин бақира бошлади, сўнг кўкрагини очиб муштлади. Менинг индамай тураверганимни кўргач, ўзига келди.
– Ҳа, у Қ. эди, – деди яна ўзича шивирлаб.
Мен ундан бошқа нарса сўрамадим. Энди бошқа нарса сўрашнинг ҳожати ҳам йўқ, мен ўз хулосамни чиқариб бўлган эдим. Зеро, ёнимда кетаётган кимсанинг мурдадан фарқи йўқ эди. Шунда бу воқеаларга қай жиҳатдандир алоқаси бўлган, дунёдаги барча ошиқлар каби садоқатли ва вафодор бўламан деб ўйлаган ва охир-оқибат фоҳишалик кўчасига кириб қолган – бизни симёғоч тагида кутиб олган – ҳуркак қизни эсладим ва ичимдан тошиб турган нафратни зўрға жиловлаб сўрадим:
– Н. дегани ким эди? – Сўнг унинг эътирофини ҳам кутмай ўзимнинг саволимга ўзим жавоб бердим: – Н. ахир сиз эдингиз! Сиз!
М. бошини эгди. Мастлиги тарқаб кетган кўзлари менга жовдираб салтанатидан айрилиб асир тушган шоҳдай қараб турарди. Биз муюлишдан ўтиб олишга улгурмадик: ёнгинамизда пайдо бўлган шарпалар бизга ташланишди ва иккаламизнинг ҳам қўлларимизни қайириб, судраб кетишди. Улар қандайдир жаргонда гапиришар, гаплари тушуниксиз, қаёққа судраб бораётганлари ҳам номаълум эди. М. типирчилар, ўзича маст товушда сўкинарди: «Шундай бўлишини билардим, ҳамиша шундан қўрқардим». Бизни судраб бораётганлар душманларини асирга туширган ёввойи одамлардек бақир-чақир қилишар, уларнинг сафига янги-янги шарпалар қўшиларди. Узоқ юришгандан сўнг бизни ўша қиз кутиб олган симёғоч остига олиб боришди. Бу ерда оломон гавжум, ҳамма уйидан қочиб чиққандай эди: симёғочнинг хира чироғи уларнинг юзида қотиб қолган қўрқувни яна ҳам ваҳимали қилиб кўрсатарди.
Симёғочга суяниб турган қоп-қора кийинган киши М.нинг олдига келди ва унга узоқ тикилиб қолди. Сўнг:
– Бу ахир Қ.-ку! – бирдан бақириб юборди. Ва М.нинг тиззасига тепди. – Осинглар уни!..
Қора кийинган шарпалар М.нинг бўйнига арқон солишди, бироқ арқонни тортишга улгуришмади: ўқдай отилиб чиққан бир йигит қўлидаги ханжарни М.нинг нақ кўксига санчди. Атроф шовқинга тўлиб кетди. Йигитнинг иккинчи зарбасидан ҳимоя қилиш учур арқонни шоша-пиша тортдилар. Кўксига ханжар қадалган М. ниҳоят ўртада бир қоп сомондай осилиб қолди ва қий-чув бошланди. Мен одамлар орасини ёриб ўтиб, жон ҳолатда қочишга тушдим. Бироқ беш қадам ҳам югурмай ўша қизга дуч келдим.
– Қоч, – дедим унга. – Уни осиб қуйишди.
Қиз бирдан чинқириб юборди ва бошини чангаллаганча ўтириб қолди.
– Кетдик, – дедим унга, – бу ерда қолиш ҳавфли.
– Кетолмайман, – деди қиз. – Ахир у менга уйланмоқчи эди. У менинг кўз очиб кўрганим…
У шундай деди-да, ўзини оломон ичига урди. Мен қочиб борарканман, қизнинг ўкириб йиғлаётганини эшитар эдим. Ўпкам оғзимга тиқилиб муюлишга етиб келганимда шафақ оқариб жўнаганини, қўрғошинранг салтанатининг бир четини ёритиб бораётганини, изимдан қувиб келаётган зулмат чекинаётганини кўрдим.

* * *

Эртасига хонадошим шошиб кириб келди ва ҳеч нарсанинг таъсири сезилмайдиган овозда деди:
– Эшитдингизми, М. ўлиб қолибди. Эрталаб уни симёғочга осилган ҳолда топишибди. Кўксига ханжар қадаб, кейин осишган. Кимлар ўлдиргани маълум эмас. Шўрлик, сизнинг доҳиёна мадҳиянгизни ўқий олмай армонда кетди. – Кейин кинояни қойиллатгандек менга сур кўзларини тикди. – Хўш, мақола тайёрми?
– Йўқ. Мақола ёзмайдиган бўлдим, – дедим мен.

1996 йил