Салом тегирмончи қўлни ҳаммадан олдин пайқади. Агар унинг оиласи жўжабирдай жон, устига устак, оз-моз хасислиги бўлмаганда, ҳар бир тийинни худди жонини олишаётгандай бахиллик билан ишлатмаганда, эҳтимол, қўлни сезмаган ҳам бўларди: лекин унинг оиласи катта бўлиб, тегирмондан тушгани оила боқишга етмагани учун отасидан қолган касбни ҳам қиларди: у бола-чақаси билан тандир ясаб сотар, шу сабабли уни гоҳ “Салом тегирмончи”, гоҳ “Салом тандирчи” деб чақиришарди. Баъзи терсоталиклар “Саломбойни битта лақаб билан чақирайлик, одам чалғиб кетаяпти!” деганда Панжи муаллим “Иккала лақаб ҳам бир-бирига боғлиқ, тегирмон айланиб турса, тандирдан нон узилади, ун бўлмаса, тандирни ким олади?!” деган экан.
Ана шу икки лақабли Салом бир куни дўпписини олиб, бундоқ хомчўт қилса, кейинги ҳафтада уйида озиқ-овқатга одатдаги ҳафталардан кўпроқ харажат қилингандай туюлди. Халтадаги ун ҳам олдинги ойга қараганда анча олдин бўшади. Ёғ, пиёз, картошка ҳам мўлжалдан олдин тугаб қолди. Бундан ташқари, у болаларининг қорни тўймай қолаётганини сезарди: овқатдан сўнг яна нон ва шакарга ружу қўя бошлашди. Шунда бунинг сабабини аниқлашга киришди. Хотини егуликларни ҳамишагидан кам миқдорда қилмаётганини айтди. Балким болалари катта бўлиб қолиб, ошқозонлари кўпроқ овқат талаб қилаётгандир? Балким биронтаси бошқаларининг ҳақини ҳам билдирмасдан икки ҳисса паққос тушираётгандир? Ана шу шубҳада тандирчи овқат маҳали оиладаги ҳар бир оғизни бирма-бир кузата бошлади. Болалари ҳам кейинги пайтда қоринлари овқатга тўймаётгани учунми, олдига қўйилган таомдан бош кўтармай паққос туширишга ўтишганди.
Тандирчи кузата туриб, кўзларига ишонмади – оилада олтита жон, аммо овқатда еттинчи қўл ҳам бор эди – ановилар тўнғич, ўртанча болаларининг қўллари, буниси хотининики, кенжа ўғлиникини ҳали қўл ҳам деб бўлмайди – катта қошиққа ўхшайди. Лекин анови қўл кимники? У бирдан ҳушёр тортди: кўзларини юмиб-очди. Назарида болаларининг ва аёлининг қўлидан ташқари яна бир бегона қўл овқатга шерик бўлаётган эди. У қўлни аниқ кўриб турарди: энг қизиғи, қўл бор эди, аммо эгаси кўринмасди. Қўл ҳам овқат олаётганда пайдо бўлиб, кейин ғойиб бўларди. Салом тандирчи қўлни кўргач, дастлаб, ақлдан озмаяпманми, деб ўйлади. Аммо бошқа кунлари ҳам у хотинининг, ўзининг қўлига ўхшамайдиган бегона қўлни аниқ кўрди. Қўл болалари билан қўшилиб, кафтини тўлдириб овқат олар, бўғиз баробар кўтарилганда таом худди ҳавога сингиб кетгандек ғойиб бўларди. Овқат билан овора бўлган на болалари, на хотини буни сезарди. Дастлаб тандирчи бу шубҳасини ошкор қилиб, бола-чақаси олдида кулгига қолгиси келмади. У бир неча кун обдон кузатди. Йўқ. Бегона қўл ростдан ҳам мавжуд эди. Улар билан қўшилиб овқат ер, синдирилган нонни олар, гўштга шерик бўлар, ҳатто мевалардан ҳам татиб кўрар, дастурхонда егулик қолмаса, ғойиб бўларди. Салом тандирчи менинг кўзимга кўринаяпти деб ўйлаб, хотинига билдирмай ўзини мулла Абзалга ўқитиб ҳам келди. Аммо ўқиш таъсир қилмади: қўл барибир унга худди кўзга чиққан чипқондек кўринаверди. Салом тандирчи бир куни ахийри жазм қилди: у пайт пойлаб туриб, болаларининг қўллари орасида турган, қовоқ мантидан олиб ҳаво баробар кўтарилаётган қўлни шартта ушлаб олди.
– Бу кимнинг қўли? – деб сўради у қўрқув ва ҳаяжон билан.
Уй соҳибининг қаҳрли овозидан ҳамма бир сапчиб тушди ва шошиб ўз қўлларига, кейин, ҳеч нарса тушунмай, овоз эгасига қарашди ва оталари ушлаб турган қўлга кўзлари тушди.
Тандирчи узун, нозик, айни пайтда шаполоқдай қўлни ушлаб турар, лой қорийвериб, мускуллари пишиб кетган бақувват панжалар орасида қўл худди қамчи каби билонгларди.
Ана шунда бутун оила эгаси йўқ қўлни кўрди ва қўрққанларидан бақириб юборишди. Салом тандирчи ичида енгил тортди: демак, қўл ҳаммага кўринаяпти, гап ўзида эмас. Қўлнинг билакдан пасти кўриниб турар, гўё кесиб ташланган қўлга ўхшарди. Аммо қўл кесилган эмасди, шунчаки тирсакдан нарёғи ҳавода кўринмай турарди. Эгаси эса умуман кўринмасди. Бу ҳол аввал болаларни ваҳимага солди: кенжа ўғил бир ўзининг қўлига, бир эгасиз қўлга қараб туриб, йиғлаб юборди: у яқинларидан бирининг қўли узилиб тушган деган хаёлга борди, чоғи. Хотинининг эса тили калимага келмасди. Ҳамма дастурхондан у-бу егулик олиб, кўтарилаётган қўлга ваҳима ва қўрқув билан тикилиб турарди. Салом тандирчининг умри оғир меҳнатда ўтгани боис зиқна бўлса ҳам жасур одам эди. У бу ерда қўрқадиган сир ёки бирон ваҳима кўрмади: қўлни ушлаб олди-да, лойни ерга уриб пишитадиган мускулдор қўли билан қаттиқ қисди. Қўл иложсиз билонглади, сўнг бу бақувват панжаларга кучи етмаслигини англади, чамаси, худди эриб кетгандек ҳавода ғойиб бўлди. Ҳамма оғзи очилганча қолди. Салом шу билан қўлдан қутулдим деб ўйлаганди. Аммо кечки овқатда қўл яна пайдо бўлди: худди ҳеч нарса бўлмагандек, бошқа қўллар билан таомга узалди. У овқатни олар, бўғиз баробар кўтарар, худди кўзга кўринмас юҳодек ҳавонинг ўзидаёқ овқат ғойиб бўлар, кейин қўл пастга тушиб, яна таомга узаларди.
Бутун оила энди овқатларига бегона қўл шерик бўлаётганига гувоҳ бўлиб турарди. Салом бир неча марта бегона қўлни ушлаб олди, уни жазолаш учун ҳар хил усулларни синаб кўрди: бир қўлида ушлаганча иккинчи қўли билан мушт қилиб тугганда ёки олдиндан ёнига келтириб қўйган болта, пичоқ, қамчига қўл узалганда ёхуд ёниб турган печканинг ичига тиқмоқчи бўлганда қўл ўз-ўзидан ғойиб бўлар, кейинги овқат пайти эса ҳеч нарса кўрмагандай яна дастурхонда пайдо бўларди. У билан курашишнинг натижаси шу бўлдики, қўл тезда оила аъзоларидан бирига айланди: энди ҳатто кенжа ўғил ҳам уни кўрса ваҳимага тушмас, аксинча, қўлни ҳаммага кўрсатиб, унинг ҳаракатларидан қиқирлаб кулар, қўл эса ўзини меҳрибон кўрсатиб, баъзида болаларнинг бошини меҳр билан силаб қоларди: болалар ҳам аста-секин унинг бошларини силашларига ўрганиб бораётган эди. Унинг ебтўймаслиги, бир ўзи уч кишининг овқатни еётганини, оиланинг молиясига, тирикчиликнинг йўриғига зарар етказаётганини айтмаса, у беозор қўл эди.
У сал бўлмаса, бегоналар олдида ҳам ўзини фош қилиб қўяёзди: ҳамиша бир янгилик қилиб, ўзининг маҳалла раислигини эслатиб турадиган Азим оқсоқол ота-она болаларга дарс қилишга қандай шароит яратганини текшириш учун маҳалла номидан келди-да, ошхонани ҳисобга олмаса, ҳам ётоқ, ҳам меҳмонхона, ҳам дарсхона, ҳам болалар хонаси вазифасини ўтаётган икки хонанинг бирида сандалга оёқларини тиққанча китобдан бош кўтармай ўтирган (маҳалла раиси келишини бошқа хонадонлардан эшитишгани учун дарсликлар ва дафтарлар бир ҳафтадан бери сандал устидан олинмас, ҳаммаси мактаб ва маҳалла ҳамкорлиги талабларига мослаштирилиб, тахт қилиб қўйилган, тандирчи ҳам гўё ҳар куни болалар шундай сергўшт таом ейишаётгандай қассобдан серсуяк бўлса ҳам гўшт олиб, тушдан сўнг пилик-пирмосга осдириб қўйган, дарвоза тақиллаб, Бўйноқ ҳуриши билан ҳаммаси олдиндан келишилгандек сандал атрофига келиб ўтирилганди) болаларга кўзи тушиб, қониқиш ҳосил қилган бўлди ва одатига кўра дарс қилинаётган хонани бирров кўздан кечирди-да, тандирчининг “Бир пиёла чой ичиб кетинг” деган таклифига “одамгарчилик юзасидан” йўқ демади. Уй бекаси ягона суякни биратўла сузиб кела қолди. Гўшт ҳил-ҳил пишган экан. Азим раис ортиқча манзиратни кутмасдан овқатга қўл чўзди: тандирчи гўшт қозондан энди олингани, шунинг учун сал совитиб ейилса мазаси бошқача бўлиши ҳақида огоҳлантиришга ҳам улгурмади – раис катта суякни икки қўллаб олиб, тишини ботирди – ўқиб юрган йилларида беш йил ётоқхонада яшаган, шунинг учун ҳар қандай таомни кўз очиб-юмгунча ошқозонига жойлашнинг хўб ҳадисини олган, бу одатнинг афзаллигини билгани учун ҳалигача тарк этгиси келмас, маҳаллага раис қилиб сайлангач эса, бу қобилиятининг янги қирраларини намоён бўла бошлаган эди. Салом тандирчи унинг гўшт ейишига қараб, лабини ялаб турганда, лип этиб пайдо бўлган қўлни кўрди ва айтадиган гапи эсидан чиқиб, бирпас эсанкираб қолди. Ярамас қўл ҳечқурса меҳмонлар бор пайти истиҳола қилса керак деб ўйлаганди: йўқ, унга, афтидан, меҳмонми, бошқасими, фарқи йўқ эди, дастурхон ёзилиши билан ўзининг улушини ундириш учун ширага айланган пашшадай пайдо бўларди. Қўл Азим раиснинг болаларга шаполоқ туширавериб, йилдан йилга катталашиб кетган йирик панжалари орасида турган илик томон интилди. Қўл токи етиб боргунча иликнинг тўпиқлари катта тишлар орасида сўрила бошлади. Бу кутилмаган чаққонликдан қўл ҳам бирпас ҳавода муаллақ туриб қолди: у ўзидан ҳам абжир қўл, тошни ҳам ҳазм қилиб юборадиган ошқозон борлигидан ажабланиб, ҳавода гарангсиб туриб қолганди. Тандирчи пайтдан фойдаланиб қўлни ушлаб олди-да, тагига босиб ўтириб олди: аммо қўлни тагида ушлаб туролмади – у тандирчининг тагида ҳавога айланиб, ғойиб бўлиб, яна дастурхон бошида пайдо бўлди. Бу орада раис косадаги шўрвани ҳам кўтарасига ичиб, бўшатиб улгурган, энди ҳузур қилиб, кўзини дастурхондан узмаган ҳолатда қўлини бир-бирига ишқаб турарди. Яхшиям, икки кўзи дастурхонда бўлгани учун бошида осилиб турган қўлни кўрмади.
– Ҳа, майли, – деди ниҳоят Азим раис дастурхонда ейиши мумкин бўлган бошқа тансиқроқ нарсага кўзи тушмагач, – энди бизга рухсат.
Кейин ҳар доимгидай насиҳатгўйлик қилишни эсдан чиқармади:
– Болаларни ҳамиша шундай таомлар билан овқатлантиринг, илиги тўқ, мияси тўлиқ бўлади. Мияси тўлиқ бўлса, мактабда яхши ўқийди, мактабда яхши ўқиса, олий ўқув юртларига кириб, маҳалланинг обрўсини оширади.
Тандирчи сохта жилмайиб, бош ирғаган бўлди, аммо ичида зил кетди: у раис паққос туширган каттагина устихонни ҳам меҳмон, ҳам бутун оила учун мўлжаллаб турганди. Энди эса дастурхонда тўпиғигача сўриб ташланган илик кийими шир ечиб олинган ялонғоч боладай бўлиб ётар, ҳатто кекирдак жойи ҳам чайнаб ташланганди. Ҳар қалай, чулдирак бўлсаям шўрваси қолди-ку, шунисига ҳам шукр, деб ўйлади тандирчи.
Азим раис юзига фотиҳа қилган бўлди-да, ўрнидан туриб, нариги хонада дарс қилаётган болаларга яна бир кўз ташлади. Кейин мамнун жилмайди.
– Майли, дарс қилаверишсин, халақит бермай чиқиб кетаман.
Тандирчининг бахтига раис дастурхонга қарамасдан чиқиб кета бошлади: агар қараганда “Бу очофатдан бирон егулик қолганмикин?” деган умидда дастурхон устида тимирскиланаётган эгасиз қўлни кўриши мумкин эди.
Шундан сўнг тандирчи уйига меҳмон ҳам айтмайдиган бўлди: у қўлдан ташвишда эди. Агар биронтаси кўриб қолса, қишлоқда қанча гап-сўз пайдо бўлишини тасаввур ҳам қилолмасди: ҳамма тандирчининг уйидан жин чиққандай ўзини олиб қочади, яна қанча ғийбатлар кўпаяди, яна қанча маломатлар ёғилади.
Тандирчи болаларига ҳам, хотинига ҳам қўл ҳақида бировга ғинг демасликни тайинлади: эшитган одам тандирчининг хонадони устидан кетини ушлаб кулишлари аниқ эди. Қолаверса, қўл қандай пайдо бўлган бўлса, шундай ғойиб бўлар, деган умид ҳам йўқ эмасди. Бироқ орадан икки ҳафта ўтса ҳам қўл ғойиб бўлмади: у ўртага таомга узалган олтита қўлнинг еттинчиси бўлиб, худди ўз уйида таомланаётгандай ғойибдаги қорнига овқатни паққос ташлайверарди, “туширарди” эмас, айнан ташларди: қўл панжалари ёки кафтини тўлдириб олган таом бир одамнинг оғзи баробар кўтариларди-да, худди ютиб юборилгандек ғойиб бўларди. Баъзида тандирчи ғира-шира, худди хира тумандек бижирлаб турган баҳайбат, мешдай қоринни кўриб қолгандек бўлар, “Бу қоринни тўйдургунча, мен адои тамом бўламан-ку” деган ваҳима босарди. Қўлнинг пайдо бўлиши оилавий харажатларни бир ҳиссага кўпайтирган бўлса-да, бироқ тандирчининг сабр қилишдан бошқа иложи йўқ эди. Аслини олганда, у бу балони бировга қандай гапириб беришни билмасди: табиийки, эшитган ҳар бир одам тандирчининг соғлигига шубҳа билан қарай бошлайди.
Тандирчи қўл билан курашиб охири чарчади. Энди у биринчи марта бўлганидек қўлни ушлаб, жазолашга уринмасди, зеро, бунинг фойдаси йўқлигини ҳам биларди.
Салом тандирчи ва хотини бу инс-жинсларнинг иши деб, уйда қилмаган ирим-сирими қолмади. Хотини фолбинни ҳам, қўшночни ҳам, аввал иситиб, кейин совитувчини ҳам ёки совиганни иситувчини ҳам бошлаб келишди.
Фолбин кекса аёл эди: у шапкўр бўлса ҳам ўртага ташланган қанд-қурсларни мазза қилиб тераётган панжаларни кўриб қолди ва қўлга худди танишини кўргандай бир зум ажабланмасдан қараб турди-да, “Ё пирай, бу отангнинг қўли-ку!” деб юборди тўсатдан. Аввалига эр-хотин сирлари фош бўлганидан довдираб қолишди, кейин, бу эси кирди-чиқди бўлиб қолган кампирнинг гапига барибир ҳеч ким ишонмайди, деган ўйда унга қўл ҳақидаги бор гапни айтиб беришди. Фолбин тезда хўроз сўйиб, мушкулкушод қилишни, еттита кампирни чақириб, ис чиқаришни маслаҳат берди. “Бу аниқ отангнинг қўли. Арвоҳи чирқиллаб қолибди. Очга ўхшайди. Ис чиқарсанг, келмай қолади!” деди. Салом тандирчи кампирга отасининг чап қўл ўрта бармоғининг ярми бўлмаганини, ёшлигида ўроқ юлиб кетганини, бу қўлнинг ўрта бармоғи эса бошқа бармоқлардан бир эн узун бўлиб, кўзга хунук кўриниб чиқиб турганини айтиб ўтирмади: отасининг қўли бўлмаса, бирон авлод-аждодининг қўлидир, ҳозир бунинг нима фарқи бор?! Тегирмончи отасининг қўлини кампир қандай таниганини суриштириб ўтирмади, кампир айтган иримни ҳам қилиб кўришга қарор қилди. Бир оёғи гўрда турган еттита кампир, уларни етаклаб келган яна еттита келинчак, ис чиқишини эшитиб, бехабар қолишса, хафа бўлишини ҳисобга олиб қўшимча чақирилган ўнтача хотин-халаж, жами ўттизга яқин аёлнинг ис куни еб-ичгани тандирчининг ярим йиллик асраб-авайлаганини ҳавога учирди. Кампирларнинг нафаси ҳам, уларнинг қўлидаги ёнаётган пахта ҳам сурбет қўлни чўчита олмади, лекин кампирлар ёққан пахталарни деб уйи сал бўлмаса ёниб кетаёзди – олов пардага туташганда тандирчи кириб қолди ва пардани узиб олиб, ошхонадаги сув тўла пақирга тиқди, оқибатда ис чиқаришнинг асорати бўлиб, уй деворининг ярми қорайиб қолди.
Шундан сўнг маълум бўлдики, қўлнинг арвоҳларга алоқаси йўқ, у бошқа бир нарсанинг аломати эди: унга ҳеч нарса, ҳатто боди қўзиб, ўрнидан туролмай ётган Мулла Аблазнинг бир коса сув орқали юборган дуою нафаси – “дам”и ҳам кор қилмади, зеро, бу қўл ғойибнинг ҳукмига ўхшар, худди тандирчининг оилавий тутумини, баракасини йўққа чиқариш, уни кафангадо қилиш учун рўзғорига қарғишдек кириб келганди.
Салом бу танг вазиятдан қандай чиқиб кетишни билмасди: қўлни ҳар кўрганда бу бало ўзига қаердан ёпишгани, худога ёқмайдиган нима гуноҳ қилгани ҳақида оғир ўйга чўмар, бутун умрини тафтиш қилар, кейин бир пайтлар отасига қаттиқ гапириб, чўлга кетиб қолганини, ўзининг айбини тушуниб қайтиб келганда отаси бу дунё билан хайр-хўш қилиб бўлганини, отасининг кўнглини олиш қиёматга қолганини эслади. Балким, айнан шунинг учун худо унга мана шундай жазо жўнатгандир? Аммо тандирчи ичидагини ташига чиқаролмас, зеро, отаси ҳақидаги хотирани ўзидан ва отасидан бошқа ҳеч ким билмасди: тандирчи ўз ёғига ўзи қоврилиб ётарди.
Орадан икки ой ўтиб, бўшаб қолган унхалтаю ёғ идишларни кўргач, тандирчининг сабри чидамади. “Бу қандай адолатсизлик! – деб ўйлади у жаҳл билан. – Мен болаларим билан кун узоғи лой тепиб, бир тишлам нонни зўрға топсам-да, бир текинхўр тенг шерик бўлиб ўтирса…” Охири у кириб келган тўнғиз йилининг хосиятсизлиги ҳақида башорат қилиб, Ражаб чўпоннинг ола қўзиси жунида “Аллоҳ” деган ёзув аломатини англаган мулла Келдиёрга бор гапни айтадиган бўлди.
Тандирчи Ражаб чўпоннинг уйига буриладиган муюлишдаги тўнкага ўтирволиб, қишлоққа келаётган ҳар бир машинани тасбеҳга ташлаб ўгириб ўтирган муллани муборак чоршанба кунига тушликка – худойи ошга таклиф қилди. Ош кечаги қизил таёқли Келдиёр «гаи»нинг – бугунги мулланинг жону дили эди: бир пайтлар Келдиёр Қизилтепа постида турганда баъзида жаримага “чойхона оши жазоси”ни ҳам қўлларди: шу сабабли ош бўлган жойдан бўйин товламас, буни бутун қишлоқ аҳли яхши биларди. Саломнинг азза-базза таклифидан сўнг мулла нақ туш пайти боришини билдирди.
Чоршанба куни белгиланган вақтда мулла етиб келди. Ўртага сергўшт ош тортилди. Ошни кўриб, мулланинг кўзлари ёниб кетди ва енг шимариб, ошга ташланди. У уч-тўрт кафт ошни кўзларини юмганча, мазасини тотиб, чайнаб бўлганди ҳамки, куттириб қўймай қўл ҳам пайдо бўлди. Даставвал мулла учинчи қўлга эътибор бермади: ҳар кафт оғзига борганда ҳузур қилиб, кўзларини юмиб, чайнаганча, мазасини олар, кейин оғзидагини ютиб юбориб, кўзларини очар, ошнинг энг сергўшт жойларига кафтини ботирарди. У қўлни анчадан кейин кўриб қолди: худди ўзидек энг сергўшт жойларига кафт ботираётган, муллалик ҳурматини қилмаётган сурбет қўлни кўриб, бунақа беадабликдан жаҳлланиб бошини кўтарди. Афсуски, кутгандек, заҳрини сочиш ёки бирон диний нақл айтиб, одобга чақириш учун қўл эгасига кўзи тушмади. Бир қўлга, бир тандирчига қараб оғзи очилиб қолди ва ҳаяжонланганиданми ё қўрққаниданми, оғзидагини чайнамай ютиб юборди ва туюлиб қолди. Йўталиб, нафаси тиқилаёзди. Тандирчи ўрнидан туриб, елкасига урди. Шундан сўнг мулла сал ўзига келди. Қўл эса уларга эътибор бермай ошни паққос туширар, яъни худди мулла каби кафтига сергўшт ошни жойлаб, оғиз баробар кўтарар, кафтда турган бир уюм ош кўринмаётган “оғиз”да ғойиб бўларди. Қизариб-бўзариб кетган, амри-маъруфида қиёмат белгиларини башорат қилганда ҳам бунчалик аломатни кўраман деб ўйламаган мулла чамаси ўн марталар “астағфуруллоҳ” деди. Кўзларини юмиб-очди. “Менга шундай кўринаяпти!” деб ўйлади, чоғи, тандирчига илинж билан қаради, лекин обрўси тушиб кетмаслиги учун оғиз очмади. Яна уч марта “астағфуруллоҳ” деди.
– Сизга ҳам кўриняптими?! – деди тандирчи уни хижолатдан қутқариш учун.
– Кўринаяптими, дейсизми? – мулла тандирчига сир бой бермай қаради. – Нима кўринаяпти?
– Қўл! – деди тандирчи. – Эгаси кўринмайдиган қўл…
Мулла шундагина бироз ўзига келди. Кўзларини лўқ қилиб ҳали ҳам ош ейишда давом этаётган қўлга бақрайиб қараб турди.
– Ҳа, кўринаяпти… Бу кимнинг қўли?
– Билмадим… Лекин овқат ейишда бизнинг оила бир томон, бу қўл бир томон. Ҳар қандай таомни олиб шундай ҳавога кўтарса бўлди, ғойиб бўлади…
– Ростданам эгаси йўқми? Умуман кўринмайдими?
Тандирчи бош ирғади.
– Аслида сизни шунинг учун чақиргандим, мулла ака, – деди тандирчи иложсиз оҳангда. – Уйимизда шундай бало пайдо бўлди. Икки ойдан бери кетмайди. Бизни касод қиляпти бу очофат.
Мулла бир тандирчига, бир қўлга қараб узоқ туриб қолди.
– Шунга бир ўқиб қўйсангиз… Зора, йўқолса… Мулла Абзал дам солган сувнинг кучи етмади. Сизни унга қараганда нафаси ўткир дейишди.
– Шайтоннинг қўли бу! Астағфуруллоҳ! – деди Келдиёр ниҳоят ўзининг муллалиги эсига тушгандек. – Қаранг, одамнинг қўлига ўхшамайди. Шайтони лайинники… Бу аниқ…
– Йўғ-е, – деди тандирчи. – Оддий қўл-ку…
– Одий қўл эмас! – деди қатъий қилиб мулла. – Бу шайтоннинг қўли. Таомингизга шайтон шерик бўлаяпти… Гўшти ҳалолмиди?
– Ҳа, – деди Салом. – Абсалим қассобдан олганман…
Мулла барибир бош чайқади.
– Охирзамонни шунақа аломатлари бор деб эшитган эдим… Эгаси йўқ қўллар, эгаси йўқ бошлар, эгаси йўқ кўзлар, эгаси йўқ оёқлар эгасини қидириб, осмонда учиб юраркан. Бу қўл ҳам эгасини қидириб келгани аниқ. Саломбек, охирзамон яқинга ўхшайди.
Мулланинг бу қатъий хулосаси қўлга ёқмади, чоғи, у лаганга кафт босишдан тўхтаб, забт билан ҳавога кўтарилди ва аввал кўрсаткич бармоғи билан ўрта бармоғи орасига бош бармоғини яхшилаб жойлаштириб олди, кейин мулланинг нақ бурни тагига олиб келиб кўрсатди. Мулла шундоқ кўзига тегай деб турган икки бармоқ орасидаги бош бармоқни кўриб, қўрқиб кетди, гавдасини орқага олди.
– Ие, – деди у кўзлари ола-кула бўлиб кетиб. – Бу ҳали тарбиясиз ҳам экан-ку!
Қўл икки бармоқ орасида турган бош бармоқни кўрсатганча мулланинг бурни тагида анча турди. Кейин яна лаганга қараб шўнғиди, ҳеч нарса бўлмагандек ошни “ҳавога кўтаришда” давом этди.
– Бирон кечирилмас гуноҳингиз эвазига бу! – деди мулла ниҳоят.
– Бир тандирчи бўлсам, – тандирчи нолинди, – эсимни таниганимдан бери тегирмон тошини айлантираман, оёғим лойдан чиқмайди. Менинг қандай кечирилмас гуноҳим бўлиши мумкин?!
– Бандаси қилган гуноҳини билмайди, аммо Тепага ҳаммаси аён! – деди мулла худди амри маъруф қилаётган оҳангда. – Ҳаммасини ҳисоблаб ўтирувчи ва бундай офатларни юборувчи Роббимиз бор. Товба қилинг, шунда қутуласиз.
– Икки ойдан бери товба қилиб ётибман, – аламли оҳангда деди тандирчи. – Азиз авлиёларга ҳам бордим, етим-есирга садақа ҳам бердим. Фойдаси бўлмади.
Тандирчининг бу гапи муллани ҳушёр торттирди. Ҳозир унчалик мавриди бўлмаса-да, лекин ҳам келажакни, ҳам чўнтакни ўйлаб, жойида танбеҳ бермоқни ва бу адашган бандага тўғри йўл кўрсатишни ўзининг бурчи деб ҳисоблади.
– Садақани аввало оғзида илми бор одамга бериш керак.
Тандирчи содда эди. Мулланинг тагдор гапини тўғри тушунди.
– Қишлоғимиздаги қийналаётган талабаларга ҳам садақа ўрнида йўлкира бердим…
Тандирчининг соддалигидан мулланинг энсаси қотди.
– Талабалар оғзида илми борларга қўшилмайди. Улар ҳар хил нопок ишларга ҳам аралашиб юришади. Шунинг учун уларга берилган садақа ўтмайди. Садақани тоат-ибодатли, илмли кишиларга бермак жойиздур…
Тандирчи бу гапдан анча изза тортди.
– Буни билмас эканман, – тан олди у. – Мулла Аблаз мусофирчиликда юрган талабаларга берган садақаларингиз ўтади, деганди.
Мулланинг бу гапдан ҳам энсаси қотди.
– Мулла Аблаз мадраса талабаларини назарда тутган, чоғи, сиз тушунмагансиз.
– Қишлоғимизда унақалар йўқ-да.
Мулла Келдиёр энди бу гўл бандасига очиқроқ ишора қилишига тўғри келди.
– Унақа талабалар бўлмаса ҳам, эртаю кеч ибодат билан машғул кишилар бор, – деди бироз зарда билан.
Бу орада лаганда ош тугаган, қўл энди ўртага қўйилган мевалардан тотинарди. Мулланинг эса иштаҳаси бўғилганди. Шу сабабли ҳам қўлнинг безбетлигидан ҳамда ўзига аталган меваларга дахл қилаётганидан жаҳли чиқди.
– Бу ростданам очофатнинг ўзи экан, – деди у. – Ҳаммасини ямламай ютяпти. Хўш, бундай қиламиз… Андак чиқимдорроғ-у, аммо иш бериши аниқ… Мен қирқ кун кечаси билан қайтарма қилиб ўқийман. Шу билан тинчиб кетасиз, хонадонингизга ором киради…
Салом хурсанд бўлиб кетди: зора, қайтарма иш бериб, қўлдан қутулса… Тандирчига қайтарма қилиш бир тўқлига тушган бўлса-да (униям қайнисидан қарз олишга тўғри келди), мулла Келдиёр ваъдасида турди: қирқ кунда қайтарма қилиб ўқиб берди. Тандирчи энди “шайтон қўли”нинг уйдан ғойиб бўлишини сабрсизлик ва интиқлик билан кута бошлади. Зеро, қўл пайдо бўлганидан бери рўзғор секин қарзга кира бошлаганди. Бу ҳолат тандирчининг кўнглини ғаш қилиб тургани учун қайтармадан умиди катта эди. Аммо қўл мулла Келдиёр айтгандек, қайтарма қилингандан сўнг бир ҳафта эмас, уч ҳафта ўтса ҳам йўқолмади. Тўртинчи ҳафтада рўзғорни эплаб туриш учун яна қарз олишга тўғри келди.
Бешинчи ҳафтага келганда у ўзини мулла Келдиёр бир тўқлига чув туширганига, қайтармаси иш бермаганига амин бўлди. Шунинг учун дардини ёриш учун ишончлироқ одам излай бошлади. Бу пайтда барака кетиб, фақат қарзга кун кўраётган бўлса-да, Панжи муаллимдан маслаҳат олишга қарор қилди: қўпол, қўрс бўлса ҳам тўғрисўз одам, бир томони аёлига қариндошлиги бор. Панжи муаллим ҳам атойи худойининг дарагини эшитиб, маҳтал қилмасдан етиб келди. У ҳам худди Азим раисдай иликни ўз олдига қўйиб ейишга чоғланган ҳам эдики, қўл ўтган гал учун ҳам ундан аламини олди: иликни унинг олдидан тортиб олди-да, ҳавога кўтарилди ва худди ўтган гал Азим раис паққос туширгандай иликдаги этни ямламай “юта” бошлади.
Буни кўрган Панжи муаллим эси оғгандай ҳаводаги қўлга қараб турар, этга қўшиб ейиш учун тишлаган нони ҳам оғзидан тушиб кетганди. Салдан сўнг у тандирчига гарангсиб қаради.
– Бу нима?! – деб сўради зўрға тили айланиб.
– Қўл! – деди тандирчи бамайлихотир.
– Қўллигини кўраяпман, – зарда қилди муаллим. – Кимнинг қўли? Эгаси нега кўринмаяпти?
– Сизни шунга чақирдим. Эгаси кимлигини аниқлаб, ҳайдаб юбормасак, мени хонавайрон қилаяпти, домла…
Бу гапларни айтаётганда тандирчининг кўзларидан ёш чиқиб кетди: унинг сабр косаси ҳам, кўнгли ҳам тўлиб бўлганди. Суяги қора меҳнатда қотган, қишлоқда зиқна ва қаҳри қаттиқ деб ном чиқарган кап-катта одамнинг кўзида ёш кўриб, Панжи муаллимнинг ҳам йиғлагиси келиб кетди.
– Анчадан бери борми?
– Анчадан бери… Икки ойдан ошди, – тан олди тандирчи боладай пиқилларкан.
– Йиғламанг. – таскин берди муаллим. – Ҳаммаси яхши бўлади.
У эти тобора шилиниб бораётган ҳаводаги иликка алам билан қараб турар, агар шу қўл бўлмаганда бу илик ҳам, ундаги эт ҳам ҳозир ўзиники бўлишини ичдан ҳис қилиб турарди. Муаллим бидъатчи эмасди ва ҳар бир масалага илм кўзи билан қарарди. Бу гал ҳам шундай қилди: ўзича чамалаб кўрди. Сўнг ўрнидан турди – қўл иликдан этни ажратиб олиш билан овора эди – тандирчини ҳайрон қолдириб, қўлнинг орқа тарафига ўтди ва, афтидан, қўл эгасининг кетини мўлжаллаб, худди ўн бир метрдан тўп тепаётган футболчидай, бор кучи билан тепди: тепки шунчалик кучли эдики, унда илик алами ҳам мужассам бўлганди – аммо Панжи муаллим кутганидек оёғи қўл эгасининг кўринмаётган кетига тегмади, аксинча, унинг зарб билан тепилган оёғи ҳавони визиллаб кесиб ўтди, очиқ ҳавода нақ шифтгача кўтарилди: муаллим ўзини тутолмай шундоқ қўлнинг тагига гурсиллаб дустаман йиқилди. У бирпас ўзига нима бўлганини билмай ётди. Тандирчи ҳам қўрқиб кетди: ҳозир дийдиё қилиб ўтирадиган пайт эмаслигини англаб, кўзидаги ёшни артди-да, ерда мурдадай чўзилиб ётган муаллимнинг елкасидан кўтара бошлади.
– Бунинг кети қани?! – деди ётган ерида муаллим ўзининг ҳаракатига изоҳ бергандек, худди муҳаббати рад этилган ўн саккиз яшар йигитдек озурдалик билан. – Боплаб тепмоқчи эдим-да, ўзиям. Агар текканда нақ дўзахга бориб тушарди…
Дастурхонга илик тап этиб тушди: унда бир тишлам ҳам эт қолмаганди. Қўл чўзилиб ётган муаллимнинг устига келди ва кафтларини ёпиб олиб, мушт қилди, сўнг муаллимнинг саволига жавоб ўрнида нақ бошига келиб, уч-тўрт марта баланд-паст бўлди, натижада муаллим ҳам, тандирчи ҳам қўл нима демоқчилигини дарров тушунди: агар қўлнинг қолган қисмлари ҳам, эгаси ҳам кўринганда, унда у чап қўлининг тирсагидан ушлаб, муаллимга кўпчилик биладиган чапани ишорани кўрсатаётганини англамасликнинг иложи йўқ эди.
Муаллим ўрнидан турганда қўл ғойиб бўлганди. Афтидан у қари, шанғи ва инжиқ одам билан талашиб, обрўсини кеткизгиси келмай, ҳавога сингиб кетганди.
Шундай бўлса ҳам муаллим тандирчига энг оқилона, бепул маслаҳат берди: қўл ҳақида расмий идоралар билан, дастлаб, маҳалла раиси билан гаплашиш керак. “Маҳалланинг баланд-пастига масъулми, у нималар бўлаётганини, фуқароларни қандай ўмаришаётганини билсин ва ёрдам берсин. Шусиз ҳам ёрдамга муҳтож оилаларга ажратилган пулни ўзи “гум” қилиб, семириб ётибди”. Салом тандирчига бу маслаҳат маъқул келди: у ўтган йили ўттиз йил мактабда ишлаб, директор бўлолмагач, раисликка номзодини қўйган Азимнинг хуфя илтимоси билан қариндошларини унга овоз беришга кўндирган эди. Шу сабабли оқсоқол ўзини қарздор ҳис қилиб, зора, ёрдам қўлини чўзса…
Салом умид билан маҳалла идорасига йўл олди. Унинг гапларини батафсил эшитган Азим раис тандирчини маҳалланинг аксар тирикчиликка ўралашиб қолган одамлари каби руҳан чарчаган, деб ўйлади. Аммо орага мулла Келдиёр ҳам аралашгани ва қўлни кўрганини эшитгач, ўйланиб қолди.
– Ука, – деди у ниҳоят ўйлаб бўлгач. – Мен бунақа чўпчакларга ишонмайман. Лекин билишимча, сизнинг уйингизда жиноят содир бўлаяпти. Кимдир уйингизда худди кинолардагидек кўринмас қиёфага кириб, ҳозирги техникада бунинг иложи кўп, ўғирлик билан шуғулланаяпти. Шундайми?
Тандирчи ўйлаб кўрса, масалани раис тушунтиргандай изоҳласа ҳам бўларкан. Шунинг учун бош ирғади:
– Умуман, шундай… Уйимдан ўғирлик содир бўлаяпти…
– Ўғирлик ҳақидаги шикоят билан менга эмас, ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасаларига мурожаат қилишингиз керак.
Тандирчи умрида бирон марта ҳам ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасаларига шикоят қилмаганди, улар ҳам “Нима шикоятингиз бор, мана биз ҳуқуқингизга масъулмиз!” деб олдига келмаган. Шунинг учун раиснинг таклифига тушунмади. Раис маҳаллага ёрдам сўраб келган ҳар қандай муҳтожга ёрдам қўлини чўзиш учун адолатли тарзда сайланмаганми, тандирчига ўзи айтиб туриб, ариза ёздирди.
– Қани, шундай деб ариза ёзинг. Менким, Салом тандирчи… уйимда шундай – шундай… номаълум шахслар томонидан…
– Шахс дегани нимаси? – сўради тандирчи эгри-бугри ёзишдан тўхтаб.
– Шахс бу – кимса дегани.
– Мен ҳеч қандай шахсни, яъни кимсани кўрганим йўқ. Бизникига фақат эгасиз қўл келади…
– Русуми шунақа… “Шас” эмас, “шахс”, думсиз қилиб ёзинг… хўш… давом этамиз… ўғирлик содир этилмоқдаким, ёрдам беришингизни сўрайман… Ана бўлди… Энди маҳалла нозирининг олдига борамиз…
Салом тандирчи билан раис ажи-бужи қилиб ёзилган аризани кўтариб, шундоқ маҳалла идорасида жойлашган нозирнинг хонасига киришди.
Аризани ўқиб кўрган нозир ҳеч нарса тушунмади, тандирчининг ўзидан сўрай бошлади, у соддалик қилиб яна қўл ҳақида гапириб берди. Нозир ўрнидан туриб, Салом тандирчининг олдига келди-да, унинг кўзларига узоқ қараб турди. Кейин компьютерга ўтириб, уни узоқ титди. Излаганини тополмади, ҳафсаласи пир бўлиб, яна Салом тандирчига ўгирилди.
– Қизиқ, – деди у столни чертар экан. – Хўш, бу ариза билан нима демоқчисиз?
– Шу… уйимда қандайдир қўл пайдо бўлган. У мени касодга учратаяпти, барака кетди… ортиқча харажат дегандай… Хуллас, уни деб рўзғорни бутлай олмаяпман. Тирикчилик оғир бўлиб қолди.
Нозир ўрнидан туриб кетди…
Хавотирга тушган раис ҳовлиққанча нозирга тушунтира бошлади.
– Бу киши уйимда номаълум ўғри пайдо бўлди деб келди. Мен эса бу гапларни менга эмас, нозирга ёзинг деб олдингизга олиб келдим… – деди оқсоқол тандирчи яна бир нарса деб қўймасин деб.
– Унда нега қанақадир эгаси кўринмаган қўл деяпти… Тўғридан тўғри ўғри пайдо бўлди деса ўладими?
– Аризага расамади қилиб ёзилган… Энди бу киши еттинчи синфгача ўқиган. Савод андак чатоқроқ… Қолгани халқ оғзаки ижоди… Халқимиз бахшиларни яхши кўриши шундан… Шунга сиздан бу ҳолатни ўрганиб чиқсангиз деб келган эдик.
Нозир энди енгил тортди. Аризани олиб, уни яна бир ўқиб чиқди-да, кўнгли тўлди, чоғи, столда ётган папканинг ичига соларкан, оқсоқолга ҳурмат оҳангда гапирди:
– Сиз маҳаллий ҳукуматсиз. Текшир десангиз, текширамиз. Бизни бу курсига шунинг учун ўтирғизиб қўйишган.
Хуллас, эртасига маҳалла раиси билан нозир “шахси номаълум кимса томонидан ўғирлик содир этилаётган объект”ни ўз кўзлари билан кўришга борадиган бўлишди.
Салом тандирчи қарз-ҳавола қилиб, бозорлик қилди, уйига оқсоқол айтганидек, нозир хуш кўрадиган қовурдоқ остирди, оқсоқол “нозирнинг томоғидан овқат ўтиши андак қийин, шунинг учун ўрус шишасини сувга ташлаб қўйинг”, деганди, бир эмас, учтасини ташлаб қўйди.
Тушдан кейин оқсоқол билан нозир қўлтиғида бир талай қоғозлар кўтариб кириб келишди.
– Қани, ўша ўғри қўлни кўрсатинг-чи! – деди нозир худди жиноятни ҳозир фош этадиган шашт билан.
Оқсоқол “Аввал таом, бад аз калом!” дея нозирни таомга таклиф қилиб, тандирчини туртди. Аслида тандирчига ҳам шу керак эди. Мана энди тўкин дастурхон устида ўғрини ўзлари кўзлари билан кўришсин. Шунда ҳаммасини ўзлари билиб олади.
Кутилгандек базм бошланиб, нозир устма-уст икки пиёла бўшатгач, кутилгандек қўл пайдо бўлди. Нозир озроқ кайф қилганидан қовурдоқ билан овора эди. Тандирчи оқосоқолни туртиб, қўлга ишора қилди: қўлга кўзи тушган оқсоқолнинг кўзлари чиқиб, Панжи муаллимнинг “Етимларнинг ҳақини еганлар қўрққан пайти оқармайди, раис ҳам етимларнинг пулини еб ётибди” деган ғийбатида жон бор, чоғи, ранги кўкариб кетди. Оқсоқолнинг дастурхоннинг чап бурчагига қараб безрайиб қолганини кўрган нозир ҳам у қараб турган томонга кўз ташлади ва у кейинги гал олиб маза қилиб чайнайман деб мўлжаллаб турган туюрни эгаси кўринмаётган қўл олиб, ҳавога кўтарганини кўрди: нозирнинг оғзини ланг очдириб, туюр шундоқ ҳавода ғойиб бўлди. Қўл энди бошқа бир туюрни картошкага қўшиб кўтара бошлади. Нозирнинг оғзи анча пайтгача очилиб турди – у кўплаб ўғирликларга шахсан гувоҳ бўлганди, аммо ўғирланган ашёвий далилнинг ҳавога айланиб кетишини биринчи марта кўриб туриши эди – унинг гезарган лунжи атрофида бир-иккита пашша ҳам айлана бошлади. Ҳаяжон пайти томоғи ҳам қилтиллаб қолади, шекилли, нозир ўзини босиш учун яна икки пиёлани бўшатди.
– Мана шу… ўғри, – деди тандирчи пайтдан фойдаланиб. – Сиз менга ишомагандингиз…
Нозир унинг гапини деярли эшитмади. У ҳали ҳам қўлга қараб турар, қўл эса бирпасда ярим лаган гўштни ҳавога кўтариб, чангини ҳам чиқармай йўқ қилиб бўлганди.
Ниҳоят нозир ўзига келди ва касби эсига тушиб, пойлаб туриб, қўлни ушлаб олди. Қўл унинг қўлида балиқдай типирчилай бошлади. Нозир ёнидан тўппончасини чиқариб, уни қўлнинг кафтига тўғирлади ва ҳар қандай душманни ер тишлатадиган қатъият билан сўради:
– Кимсан? Ҳозир отиб, дабдалангни чиқараман!
Нозир бу гапларни қанчалик важоҳат билан мардоновар айтган бўлса, қўл пинагини ҳам бузмай, тандирчи ва оқсоқолни ҳайратга солганча, ҳавога сингиб ғойиб бўлди. Нозир атрофга аланглаб, қўлида тўппонча билан уни излай бошлади. Йўқ, у ғойиб бўлганди. Кейин у тандирчига ғазаб билан боқди.
– Бу нима ўйин? Бу фокусни ким қилаяпти? Ким қилган бўлса ҳам пушаймон бўлади.
Унга бу фокус ҳам, кўзбойлоғичнинг ўйини ҳам эмаслигини тушунтириш учун анча вақт кетди. Фақат иккинчи шиша бўшагандан сўнггина нозир уларнинг гапига ишонди. Учинчи шишада эса нозир тандирчининг юзидан ўпиб, “Бунинг-ку қўли кўриниб турибди, умуман, ўзи йўқ жиноятчиларни ҳам товбасига таянтирадиганлар бор”лигини айтиб мақтана бошлади. Ўша пайти бу гапларни ароқ таъсирида алжираш деб тушунишганди. Икки кундан сўнг исковуч ит билан бир тўда қуролланган одамлар келишганда нозир рост гапирганига амин бўлишди. Гуруҳ, ҳақиқатан ҳам, қилни қирқ ёрадиган, излаганини топмаса қўймайдиган барзанги ва таптортмас йигитлардан иборат эди: ҳовлида ҳам, молхона-қўраларда ҳам биронта ирга, биронта бурчак қолмади: арининг уясигача, ҳовли деворининг тагидаги сичқон инигача махсус асбоб-ускуналар билан титиб чиқилди, хуллас, сичқоннинг инини минг танга қилишдики, ковлаб кўрилмаган жой қолмади – тандирчининг ҳовлиси бирпасда ғалвирдай титиб ташланди – у энди нақ бомба тушгандай хароба манзилга айланганди. Камини итга қўйиб беришди: ит, афтидан, уларнинг ишончини қозонган ёки ростданам кучли искабтопар эди: у қаерни ҳидлай бошласа, гуруҳ ўша ерни ковлашга тушарди. Тандирчининг отасидан қолган деворларнинг тагида нимадир бормиди ёки ростданам қўл ўша пойдевор ёриқларини ўзига макон қилганмиди, ҳар қалай, ит уйнинг ҳар икки қадамини худди хазина топгандай ҳидлаб қолар, изидан келаётганлар дарров ковлашга тушишар, бир хандақча чуқурлик ковлашгандан сўнг у ердан сўнгги бир асрдан ортиқ давр мобайнида вақт тупроғи ютиб юборган турли рўзғор буюмлари: сопол идишларнинг синиқлари, чойнак қопқоқлари, арқон ёки кигиз қолдиқларига ўхшаган лаш-лушлар чиқарди – ҳовли бундай ноёб асори атиқалар билан деярли тўлиб бўлди: уйнинг ичида ҳам, ташқарисида ҳам, девор тагида ҳам ковлаб кўрилмаган бир қарич жой қолмади, аммо қўл ўта айёр ёки ростданам маккор Шайтонга тегишли эди, чоғи, тутқич бермади. Кечга бориб, гуруҳ ҳам, ит ҳам ҳолдан тойди.
– Бу ерда ҳеч қандай ўғри ҳам, биз қиладиган иш ҳам йўқ, – деди ниҳоят уларнинг ичидаги норғули, чамаси, у бошлиқ эди. – Менимча, уй эгаларини шифокорга кўрсатиш керак.
Унинг шу гапини кутиб туришгандек, бутун гуруҳ ҳовли бўйлаб ёйиб ташлашган асбоб-ускуналарини йиғиштириб, ҳайдовчиси тоқати тоқ бўлиб кутиб ўтирган машинага солди-да, жўнаб қолишди: машина жойидан қўзғалиб, муюлишига етмасдан пахсадан қурилган уйнинг пойдевори титилиб кетиб, батамом қулаб тушди ва ундан кўтарилган чанг Лангаротадан ҳам кўриниб турди.
Бошпанасиз қолган тандирчи вайронага айланган уйи устида бошини ушлаганча ўтирар, кўриниши афтодаҳол, юз-кўзида умидсизлик, ночорлик, тушкунлик билан бирга афсус-надомат акс этар эди. Болалар эса ташлаб кетилган жанг майдонини эслатадиган уй устида аллақачон “уруш-уруш” ўйинини бошлаб юборишган, тандирчининг аёли тиззасини қучоқлаганча уй қулаб тушаётганда девордан отилиб тушиб, ёнига думалаб келган тешик элагига карахт ҳолда қараб турарди.
Маҳалла идораси ўзига юклатилган вазифани уддалади: тандирчининг оиласини танг пайтда ўз ҳолига ташлаб қўймади: токи уйни тиклаб олгунча амаллаб яшаб турса бўладиган чодир беришди.
Тандирчи қанча ҳаракат қилмасин, ойни этак билан ёпиб бўлмади: эгаси йўқ ўғри қўл ҳақидаги қўшиб чатилган миш-мишлар бутун вилоятга тарқаб кетди.
Энди турли жойлардан, газетлару нашрлардан, телевидение ва радиодан мухбирлар, ҳар хил илмий текшириш даргоҳларидан олимлар, ҳатто бу сирли ҳодисадан ўзларига наф чиқаришни ўйлаган сиёсатчилар келишар, бу ғаройиб воқеани турли усуллар билан тадқиқ ва таҳлил қилишар, шарҳлашар, қишлоқ аҳлидан интервьюлар олишарди. Маҳаллий аҳоли ўзи ҳеч қачон кўрмаган қўл тўғрисида тўқиб-бичиб, қўшиб-чатиб гапириб берарди: дастлабки интервьюларда оддий одамларникига ўхшаш бўлган қўл охирги интервьюларда кўзга кўринмас улкан девнинг нақ чинордай келадиган қўлига айланиб улгурганди. Фақат улар тандирчининг уйига яқинлашолмасди. Тандирчи энди тақдирга тан берганди: у тобора дармони қуриб, кучдан қолаётган бўлса-да, эгаси йўқ қўл учун ҳам ишлашга, унинг ебтўймас қорнини бир илож қилиб тўйдиришга, ундан ортганини болалари билан баҳам кўришга алалоқибат рози бўлган, у энди қўл ҳақида ҳеч кимга гапирмас, интервью ҳам бермас, келганларни ҳовлига киритмасди ҳам. Четдан келганлар ҳам, қишлоқдошлари ҳам энди дарвозадан нарида туриб, ҳовли ўртасида, вайронага айланган уй ёнига қурилган чодир олдида турмуш ва тирикчилик билан куймаланиб юрган тандирчининг оиласига кўзлари тушарди…
Тамом.
Қиссадан ҳисса ёхуд якунга қўшимча якун
Идоранинг мажлислар зали терсоталиклар билан лиқ тўлган, ғала-ғовур, одам одамни танимас, қандайдир бақир-чақир, тўс-тўполон ҳукмрон эди.
Мулла Келдиёр залга кириши билан одамлар бирдан тинчиди: ҳамма унга худди халоскорини кўргандек нажот билан тикилиб турарди.
– Келдингизми, мулла, – деди маҳалла нозири билан минбарда ўтирган Азим раис ўрнидан туриб унга пешвоз чиқаркан. – Одамлар кутиб қолишди.
– Нима гап, оқсоқол? – деди мулла овозига бироз беписандлик қўшиб. – Бизни бунақа мажлисларга чақирмасдингиз-ку!
– Бизга ёрдам бермасангиз бўлмайди. Сиз кўпни кўрган одамсиз… Яна оғзингизда илмингиз бор… Қолаверса, сиз буларни олдиндан билгансиз…
Мулла Келдиёр бу эътирофдан бир қоп шишган бўлса-да, лекин бутун қишлоқ нега ўзини кутиб, тўпланиб турганидан хавотир олиб, ўзига тикилиб турган зал тўла одамга юзланди.
– Эгаси йўқ қўл энди ҳамманинг уйида пайдо бўлибди! – деди оқсоқол муллани масаладан тезроқ хабардор қилиш учун.
Бу хабардан сўнг бутун залга ўлик сукунат чўкди: ҳамма мулла Келдиёрнинг оғзини пойлаб турарди…
Энди тамом.
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 11-сон