Чорраҳадан ўтиши билан троллейбус тез юриб кетди; энди йўл унчалик гавжум эмасди. Троллейбусни қувлаб ўтаётган енгил машиналар баъзи-баъзида бир-бирини огоҳлантиргандек қувноқ сигнал бериб қўярди. Троллейбусда йўловчилар анчагина; ўриндиқлар тўлган, ўртада ҳам беш-олти йўловчи тик турарди. Завол пайти бўлгани учун троллейбуснинг устки туйнугидан изғирин ёпирилиб кирар, орқадагилар жунжукиб ўтиришарди; бироқ ҳеч ким негадир туйнукни ёпишни хаёлига ҳам келтирмасди. Биз тик турган ҳолда орқа эшик олдида турардик; совуқ шамолдан қулоқларни ҳимоя қилиш учун пальтоларимизнинг ёқаларини кўтариб олгандик; барча йўловчиларнинг юзида ўйчан бир ҳорғинлик ҳукмрон, троллейбуснинг гувиллашини айтмаса, сукунат ҳукм сурарди; ҳамманинг юзида ланжлик аралаш, аксарият ҳолларда, қиш кунлари, байрам арафасида бўладигандек қандайдир музтарлик кезинарди; биз ҳам туйнукни ким ёпаркин, дея, унга яқин турган одамларга қараб қўяр, лекин жимликни бузишга журъат этолмас, кейин бир неча бекатдан сўнг тушиб қолишимизни ўйлаб, бу шарт эмас, дея ўйлардик. Ҳайдовчи қувноқ йигит эди; унинг бутун диққати троллейбусни ҳайдашдан ҳам кўра кабинага яқин ўтирган иккита попукдеккина қизларни кулдириш билан банд эди. қизлар унинг ҳазилларига жилмайиб қўйишар, бир-бирларига қараб нималардир дер, сўнг худди синаб кўришмоқчидек ҳайдовчини гапга тутишарди; умуман, йўловчиларнинг анча тунд юзларида ҳам карнай орқали ҳаммага эшитилиб турган бу ҳазил-ҳузилнинг енгилгина аломатлари акс этар, кўпгина йўловчилар қизларга қарамасликка ва уларни ҳижолат қилмасликка ёки ишдан ҳориб чиққан, юракларига шундан бошқа ҳеч нарса сиғмаётган, кайфиятлари узилиш даражасига етган тордек таранглашиб турган бир пайтда бу беминнат кўнгилхушликдан айрилиб қолгилари келмаётгандек кўзларини ташқарига тикканларича, мийиғида сирли қилиб, кулиб қўйишарди. Баъзи кекса аёллар қизларга қараб ҳўмрайиб олишган, уларнинг лўқ қилиб олган кўзлари ҳасад ёки ҳавас билан тикилаяпдими, билиб бўлмас, фақат андек сершубҳа юзларида «шундай ҳам одобсизлик бўладими» дегандай бадгумон ифода қотиб қолганди. Аслида, қизларнинг ҳатти-ҳаракатида, ўзини тутишларида ҳеч қандай одобсизлик сезилмас, улар ҳайдовчининг гапларига фақат жилмайибгина қўйишар, саволларига эса ҳайдовчига қарамай жавоб беришар, бир-бири билан тез-тез кўз уриштириб олишар, сулув эканликларини ўзлари билишгандай ёки одамларнингнг ҳаракатларига ва йигитларининг шакаргуфторлигига кўникиб қолишгандай, ўзларини эмин эркин тутишар, уларнинг тиниқ чеҳраларида бир оз кибр акс этиб турарди. Улар ростдан ҳам жуда гўзал эди; гўё троллейбус ичида бир жуфт гул қулф уриб очилиб турганга ўхшар ва уларнинг чиройларини, тиниқ юзларини кузатиш кишига алланечук ҳузур бағишларди. қизларга яқин ўтирган ёш йигитлар — кўринишидан талабалар, сурбетлик билан тез-тез уларга ўгирилиб қарашар ва бир-бирларига қараб, сирли қилиб тиржайишарди. Уларнинг хулқ атвори, ўзларини тутишлари, хохолаб кулишлари йўловчиларга унчалик ёқмаётган бўлса ҳам негадир бу қилиқлар унчалик одбсизлик бўлиб туюлмас, аксинча, уларнинг кулишлари-ю, сурбетона тикилишларига қизлар айбдордай, йигитлар қиқирлаб кулиб юборишганда, қилар бирон айб иш қилишмадимикан дегандай ҳамма қизларга қарарди. қизлар талабаларга эътибор ҳам беришмас, гўё бундаай ҳодисалар уларнинг босган ҳар қадамида содир бўладигандек, кулаётганларга такаббурлик билан кўз ташлаб, беписанд елка қисиб қўйишар, сўнг яна «қулф уриб, солланиб» туришарди.
Биз ҳамроҳим иккимиз ҳам қизларга бир кўз ташладигу, яна ўз хаёлларимизга ғарқ бўлиб, ташқарида лип-лип этиб орқага югуриб ўтаётган дарахтлар, симёғочлар, бинолар, қуёшнинг сўнгги нурлари тўшалиб ётган кўчалар, у ердаги йўловчиларни, эриётган қорни, троллейбус ўтиши билан, югуриб кўчани кесиб ўтаётган жимитдайгина кучукчани, йўл четида дарахтлар орасида қор титаётган қарғаларни кузатиб борардик. Йўл қуруқ бўлса ҳам бир ҳафта олдин ёққан қор йўл четида, иморатлар соясида ҳали эримаган эди; гоҳ-гоҳида йўлакда қорбўрон ўйнаётган тўда-тўда болаларни кўриш мумкин эди.
Йўловчилар анча ғимирлашиб қолишди: кимдир ниҳоят туйнукни ёпди; ғала-ғовур бошланди, янги йўловчилар чиққан эди, троллейбус ичига энди анча жон кирди; қизлар ҳамон кабина олдида дугонасининг юзидан ўз аксини кўрмоқчидек, бир-биридан кўз узмай тикилиб туришарди. Талабалар анча тинчиб қолишган, тепаларида тик туришган ўрта ёшлардаги одамларни кўрмасликка олиб, энди ташқарига қараб ўтиришарди.
Троллейбус серқатнов катта кўчага бурилди; бу ерда машиналар кўп эди; кўплари худди ботаётган қуёшга тақлид қилишгандек ҳалитдан чироқларини ёқиб олган эди. Троллейбус беш метр юрмасдан йўл ўртасида бирдан тўхтади, сўнг яна силкиниб, юз қадамча, юрди-да яна тўхтади. Шофёр ҳазил аралаш «Бир неча минут танаффус эълон қиламан» деди ва шарақлаб кулиб юборди. Йўловчилар бир-бирига ва троллейбуснинг олдига ҳайрон бўлиб қарашди; юзларида норозиликка ўхшаш ифода қалқиб чиқди. Олдиндаги кенг йўл машиналар билан тирбанд бўлиб кетган эди; олдинда ҳам, орқада ҳам машиналар троллейбусни тиқиб қўйишган, улар, афтидан, нима гаплигидан бехабар тинмай сиганал беришарди.
— Йўл берк, — деди ҳайдовчи яна карнай орқали. Йўловчилар олазарак бўлиб, ён атрофга қарашди: ҳеч нарсага тушунмай яна жойларига ўтиришди. Бир пастда орқада ҳам машиналар қаторлашиб кетди; йўлни кесиб ўтаётган трамвай йўли ҳам беркилди; четдан қараган одам бу ерда транспорт кўриги бўлаяпти деб ўйлаши мумкин эди; беш-олтита трамвай изма-из туриб қолди; гўё намойишга чиқишгандек қатор йўловчи машиналар турарди бу ерда; бир пастда қиёмат қойим бўлди — юзлаб машиналар сигнал бера бошлади. Худди бу ҳол ўзларига ёқаётгандек баъзилари атайлаб жон жахдлари билан сигнал босарди; машиналар орасига тушиб қолган сарғиш «тез ёрдам» нажот сўраётгандай юракни орзиқтириб серена чалар, пешонасидаги кўкиш чироқ тинмай айланарди, Баъзи йирик юк машиналари «йўл бер» дегандай ҳар дамда «пов» этган товуш чиқарарди. Талабалар ҳайдовчига нимадир дейишар, у «мумкин эмас», «мумкин эмас» дегандай елка қисарди. Яна икки йўловчи бориб, унга нималарнидир тушунтиргач, ҳайдовчи машиналар тиқилиб қолган ён верига қаради-ю, олдинги эшикни очди. Талабалар сабрсизлик билан ташқарига ўзларини уришди. Изидан яна икки киши тушишди.
— Яёв кетамизми, — деди ҳамроҳим.
— Узоқ-ку — дедим мен. — Тушайликчи…
Биз турган троллейбус олдида ҳам бир неча троллейбус бор эди; биз машиналар орасидан зўрға сирғаниб ўтиб, пиёдалар йўлагига чиқиб олдик. Юз қадам нарида одамлар тўпланиб турар, қандайдир яшилтоп машина йўлга узун бўлиб кўндаланг туриб қолган эди.
— Нима бало, авариями? — дедим мен ҳеч нарсани тушунмай.
Ҳамроҳим елка қисди.
Биз одамлар тўпланиб турган жойга бориб, уларнинг орасига кирдик. қандайдир кузовига брезент ёпилган йирик ҳарбий машина ён томонга қийшайиб турар, орқа балони канализация қувурига тушиб кетган, йўлнинг икки четида икки ҳарбий машиналарни тўхтатиб турарди. Бештача йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари машина атрофида айланиб, бош чайқаб юришарди.
Йўлак бирдан шафёрлар, йўловчилар билан тўлди. Ҳамма бу ерда ушланиб қолганидан норози, лекин ҳеч ким бу ушланиб қолишнинг асл сабабчиси бўлмиш ҳарбий машинадагилардан эмас, кўпроқ ўзларидан, айнан шу йўлдан юрганидан, айнан шу ерга келиб, тўхтаб қолишга маҳкум этилган уловга ўтирганидан норозидай эди. Боги сулув қизлар ҳам бир четда турашарди. Ўпқонга тушган ҳарбий машина бу ерга қандай кўндаланг бўлиб қолганига ҳеч кимнинг ақли етмасди. Сабри чидаганлар сигарет олиб тутатишга тушди.
— Топган жойини қаранглар, — деди ҳамроҳим жаҳл аралаш. Яна кимдир сўкинди ва кимнидир, афтидан, канализация қурувчиларини «муттаҳамлар», деди.
— Чорак соатдан бери тўхтаб турибмиз, — деди йўлакка яқин турган машина шафёри.
Шу пайт ён томонига «авария» деб ёзилган машина келиб тўхтади.Машинадан тушган учта сариқ коржомоли одам ҳарбий машинани айланиб, кўрди-да, шафёрга нимадир, деди. Шафёр бош ирғаб, машина будкасига кириб, қўлида қалин трос кўтариб чиқди. Озғингина ҳарбий, афтидан, ҳарбий машинанинг шафёри бўлса керак, троснинг бир томонини машинага улади, иккинчи томонини авария машинасига беркитди. Ва югуриб машина кабинасига чиқди-да, «кетдик» дегандек қўл кўтарди. Трос секин таранг бўла бошлади, ҳарбий машина бир силкинди-ю, қувурдан балони чиқар-чиқмас яна қайтиб тушди — шарақлаган овоз эшитилди, трос чиқиб кетган эди. Озғин ҳарбий тушиб, тросни қайтадан улади. Сўнг машинага чиқди — машина чираниб, увлади-ю, силкиниб ўпқондан чиқиб кетди, ўн қадамча илгари юриб тўхтади, сариқ коржомоли одам тросни олиб, авария машинасига ташлади.
Ҳарбий машина секин йўлга ўнгарилди ва нарироққа йўл четига бориб тўхтади. Сариқ коржомоли киши қандайдир белги қўйилган темир-лавҳани ўпқондан нарироққа — машиналар қаршисига олиб бориб қўйди.
Биз югуриб, энг олдинги троллейбусга чиқдик; машиналарга бирдан жон кирди, ҳарбийлар ўзларига тегишли машина томон қараб кедишди; барваста йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими ола-була таёқчасини кўтариб, йўл очиқ дегандай ишора қилди: машиналар сели бирдан ҳаракатга келди — троллейбус бирдан силкиниб юриб кетди; бизнинг орқамизда яна бояги таниш қаҳқаҳалар эшитилди — талабалар ўрта эшик олдида туришар ва ўзларича нималардир деб хихилашар, гўё улар ярим соатдан кўпроқ йўлда тўхтаб қолганларини ҳам, бояги бир жуфт гулга ўхшайдиган қизларни ҳам унутгандай, бамайлихотир кулишар, машиналар сели эса тобора шиддат билан шаҳар ичига қараб югурар ва секин аста сийраклашиб, шаҳарнинг турли бурчакларига тарқаб кетишмоқда, гўё улар ҳам ярим соатдан ортиқ йўлда ҳаракатсиз қолиб кетганларини унитишгандай, тезлик билан кетиб боришарди.