Рўзномачи йигитнинг ёзганлари
Қаршингизда учта касал турибди, — деди профессор. — Яхшилаб разм солсангиз, бу уч одамда кўпгина ўхшаш жиҳатларни кўрасиз; зеро, касалликнинг ушбу уч ҳолати ҳозир тиббиётнинг энг муаммоли ва мунозарали қисмларидан биридир. Бу уч одам касалликнинг муолажа босқичларига ўхшайди. Мана бунисини, — у курсида икки санитар кўмагида қўллари орқага боғланган барзанги кишини кўрсатди, — ҳозиргина тутиб келишди; бизни бу касал жуда овора қилди, уни кўндириш ва ушлаш учун роса тўрт соат вақтимиз кетди. Ҳали бизнинг муолажамиз унга таъсир қилмаган, касалликка қандай йўлиққан бўлса шундай ҳолатда сизларнинг олдингизда турибди; уни бизнинг муваффақиятни тузукроқ англашларингиз учун бу ерга олиб келдик. Ҳозир тутқаноқ уни қийновга олган энг қалтис давр. Айни пайтда унинг эси жойида эмас. Хаёлига нима келса, шуни қилади, ҳеч нарсадан, ҳатто ўзини юқори қаватдан ташлашдан ҳам тап тортмайди. Касал шу ҳолатида ҳам жисмонан, ҳам руҳан майиб ҳисобланади; унинг хаёлига ҳар хил нарсаларнинг шакли бузилиб кўрина бошлайди, қандайдир шарпалар пайдо бўлади, қон босими ошиб кетади, мияда эса изчиллик сусаяди, воқеликни тўғри идрок этолмай қолади, ўрнини палапартишлик, паришонлик олади, мия фаолияти бузилади. Шу дақиқада қўли очиқ турса беш-олти кишига бўйин бермайди ва ҳеч қандай оғриқни ҳам ҳис этмайди, уни қандайдир хаёлий шарпалар ўзига ром этиб олади. Бу касалликнинг энг зоҳирий ва қийин даври. Бу касаллик ҳақида тиббиёт фани кўпдан буён махсус шуғулланиб келади. Қадимги даврларда ҳам шу касал билан оғриганлар ҳақида маълумотлар бор, бироқ у пайтлар бу касал ондасонда учраб турган. Бизнинг замонамизда бу касалга йўлиққанлар сони кескин ошиб кетди. Тиббиётда бу касалнинг муқим номи йўқ, уни ҳар ким ҳар хил атаган, биз уни «Қутқут» касали деб атадик. Бу касал ростдан ҳам ўз хаёлларининг қутқуси таъсирига тушиб, восвос бўлиб қолади. Бу жуда юқумли ва хавфли, бундай касалга йўлиққанлар атрофдагиларга жиддий зарар етказадилар. Ана шуни ҳисобга олиб, биз шифохонамизни йилдан-йилга кенгайтиряпмиз. Агар сизлар касалнинг пешонасига ва бурнига эътибор берган бўлсаларингиз, — у барзангининг бурнини ушлади, биз ҳам барзангига яқинроқ бориб, бурун ва пешонасини бир сидра кўздан кечирдик. — Унда қизил чизиқларга кўзларингиз тушади — бу асабнинг зўриқишидан пайдо бўлган. Унинг асаблари чарчаган. У сизга ҳеч бир иккиланмай ташланиши мумкин, чунки сиз унинг хаёлида зўравонга ёки ўлдириш учун пусиб келаётган айғоқчига ёхуд бошқа бир махлуққа ўхшайсиз. Шу топда бемор ғирт васвасага айланади; «эзиб янчишаяпти», деган фикр унинг бутун шуурига ўрнашиб қолган, у ўша хаёлидаги зўравондан нима қилиб бўлса ҳам қутулиш тараддудига тушган. Айни пайтда хаёлида бошқа дунё ҳам яратиб олган ва у дунёда ўзича қоидалар жорий қилган, биз уни шартли қилиб, унинг нуқтаи-назаридан келиб чиққан ҳолда «озод дунё» деб атай қоламиз. Бу «Озод дунё» унга ҳеч тинчлик бермайди. Атрофдаги ҳар бир ҳаракат ёки ишора зўрлик ва зуғум бўлиб кўринади, ҳатто сиз ҳам уни зўрлаш учун бу ерда турганга ёки кулганга ўхшайсиз. Бу фикр нақадар жўн ва болаларча содда бўлмасин, у бундан ортиғига қодир эмас, чунки у ўзи телба, телбалик эса баъзан болаликка ўхшаб кетади.
Шуни унутмангки, яқинлашишдан аввал уни тинчлантириш зарур. Бунинг учун укол ёки доридан бемалол фойдаланиш ҳуқуқи берилади сизга, бу сизнинг инон-ихтиёрингизда. Лекнн уни махсус хонада, махсус назорат остида сақлашни унутманг. Бу хил одамлар ўта бесаришта, инжиқ ва ўта сершубҳа бўлади, сизнинг ҳар бир ҳаракатингиздан гумонсирайди, ҳаммасини ўз билганича қилгиси келади, ўзини эркин қўйишларини сўрайди, сиқилади, сизга қўйиб юбор деб ёлворади, худди ёш боладек йиғлайди, айни пайтда боладек тез алданади. Касалликнинг бу ҳолатида, одам кўпинча, агар таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, ўзича парвардигор билан алоқа боғлайди. Шунинг учун ҳам қандайдир ёзувчи бу касалликни худога элтувчи кўприк деган. Мен тақводор эмасман, шу сабабли касалнинг бу томони мени қизиқтирмайди. Мени ва албатта сизларни ҳам унинг жисми кўпроқ қизиқтиради: агар танадаги ўзгаришларни йўлга сололсангиз, унда руҳга ҳам таъсир этган бўласиз. Қадимда бундай одамларни кўпинча руҳнинг одамлари деб аташган. Шу сабабли ҳам руҳ бирламчи деган ғоялар кенг ёйилган, кишининг жисмоний камолоти унинг руҳий баркамоллигидан келиб чиқиб баҳоланган. Лекин биз ҳамиша жисм бирламчи деймиз ва муолажамиз ҳам шу йўлда олиб борилади. Касал ростдан ҳам шу пайтда руҳнинг тузоғига тушиб қолган, аммо буларнинг ҳаммаси жисмдаги ўзгаришларнинг оқибатидир, биз шундай ҳисоблаймиз. Жисм ҳамиша бирламчи. Руҳ жисмдаги ўзгаришдан сўнг бузилади. Бола нега ёмон хаёлга бормайди. Чунки унинг жисми ҳали ёмонликни фарқлайдиган ва уни тушунадиган даражада эмас. Касаллик ҳам шундай. Мана ҳозир унинг сўзлаш усулига эътибор беринг…
Профессор шундай дея беморнинг қаршисига ўтириб, санитарларга ишора қилди ва касалнинг қўллари ечиб қўйилди. У касалнинг кўкариб кетган қўлларини ишқалаб қўяркан, профессорга хўмрайиб нимадир демоқчи бўлди, бироқ бўғзидан сўз чиқмай дудуқланиб қолди, у негадир ўзини бегона кўзлар кузатиб турганидан жуда безовта эди. Узоқ тикилиб турди, афтидан, қўлини ечдириб қўйгани учун профессордан жуда миннатдор эди ва ўзини унга яқин тутаётганди. У профессорга яқинроқ сурилиб, қулоғига нимадир деб шивирламоқчи бўлди.
— Қани айт-чи, — деди профессор уни нарироқ суриб, — сен бу ерга қандай келиб қолдинг?
— Учиб келдим, — деди барзанги томдан тараша тушгандек, атрофдагиларга қўрқа-писа кўз ташларкан. Санитарларнинг ва профессорнинг юзида истеҳзоли кулгу пайдо бўлди. — Мана бундай учиб келдим, — у қандай «учиб келганини» ўрнидан туриб кўрсатмоқчи эди, лекин санитарлар уни яна жойига ўтқазиб қўйишди.
— Хўш, кейин-чи? — сўради профессор у биз билан кўз уриштириб олгач, диққат қилинглар дегандек қўлини кўтарди.
— Мана булар уриб туширишди, — деди барзанги бирдан умидсизланиб. Юзида тушкунлик аломати пайдо бўлди, қўлини милтиқ қилиб кўрсатди… — Тап… сўнг боғлаб олишди… Мени қўйиб юборишдими, а? — сўради профессордан ялинчоқ оҳангда, сўнг унинг қулоғига эгилиб паст овозда шивирлай бошлади: — Булар мени жинни деб ўйлашяпти, шунинг учун қўлларимни боғлаб қўйишди. Сизга айтсам… — санитарлар эшитмасин дегандай пичирлади, — буларнинг ўзлари жинни… псих… уларнинг гаплашганларини эшитиб қолдим… қандайдир жиннилар тўғрисида гаплашишди, ўзлари ғирт жинни…
Профессор унинг гапини тасдиқлаб, санитарларга бош силкиб қўйди. Сўнг бизга ўгирилиб гапидан давом этди:
— Жинни ҳеч қачон ўзининг жиннилигини тан олмайди… аксинча, ўзидан бошқа ҳаммани жинни деб ўйлайди. Лекин қутқут касали билан руҳий касаллик бир-биридан кескин фарқ қилади, жиннилар беозор кишилар, гарчи тутқаноқ тутса-да, улар тартиб-қоидани тез тушунишади, уларни хотиржам қилиш осонроқ. Булар эса бирдан ҳамма нарса ўзлари истагандек бўлишини истаб қоладилар, аслида хаёлнинг фитнасига учган одамлар, буларнинг ўзи эмас, хаёллари кўпроқ фитна қилади ва касалга «сени эзиб, сувингни ичишяпти» деб, шивирлаб туради, бемор мана шу хаёл оғушида қолади — шу билан жиннидан фарқ қилади, улар ўзларининг «озод дунёси» билан сизу биз яшаётган дунёни қиёслашади. Ўзича кўп нуқсонлар топади, биз бу дунёда яшай олмаймиз, деб туриб олишади ва шу туфайли ҳам доим «кимдир бизни эзиб-янчяпти», деган қутқу билан яшашади, шу қутқу билан ухлолмай чиқишади, ҳар бир шарпадан чўчиб тушишади, афтидан, хаёлларида ўзларини қандай қатл этишаётганини ҳам кўришса керак. Шунинг учун ҳам гапларини иложи борича тасдиқлаб тургани маъқул. Бу ерда ҳеч қандай ғайритабиий нарса йўқ. У ростдан ҳам ўзини ўта ақлли сезади. Агар фаромушхотирлиги демаса ва диққати бошқа нарса билан — уни жуда ҳаяжонга солган қандайдир ҳодиса билан банд бўлмаса, у ростдан ҳам шу дақиқаларда жуда ақлли бўлиб кетади, ҳатто сермаъно ҳикматлар айтиши, узундан-узоқ ақлли маърузалар қилиши мумкин, хулосалари ҳам одамни ўйлантириб қўяди. Шунингдек, у ҳеч бир томонни эътибордан қочирмайди. Ҳозиргина эшитдингиз, у «учиб келдим» деди. Ростдан ҳам тутқаноқ пайтида хаёлида парвоз қилиб юради, яъни бизнинг тилда «парвоз даври» деб аталади, бу даврда биз мослашган ҳаётий қонунлар, удумлар, одатлар унинг учун аҳамиятини мутлақо йўқотади, ўзимизда ғоят инсонпарвар кўринган қоидаларни зўравонлик қоидалари деб атай бошлайди, талабларнинг гўё зўравонлик томонларини «кашф» этади; у сиз билан биз бемалол яшашимиз ва бахтиёр бўлишимиз мумкин бўлган тартибга ҳеч бир бўйсунгиси келмайди, яъни у бу тартибларнинг ҳеч бирига амал қилмай, ўзича ҳамма нарсадан эркин бўлиб олади, яъни ҳеч қайси шаклга бўйсунмай «парвоз» қилиб юради.
Профессор бир муддат жим қолиб, сўнг давом этди.
— Бизнинг тилда бу даврни «исён Даври» ҳам дейдилар. Бу даврда касалнинг руҳияти ҳамма нарсага қарши исён кўтаради, шундай дақиқада вайрон қилсам, бузсам деган ўжар бир фикр билан ёнади. Ҳамма нарса эскирди, энди ҳеч нарсага ярамайди, бузиб, янгидан қуриш керак деб хитоб қилади баъзан. Кўзига ҳамма нарса таназзул бўлиб кўринади; баъзан ростдан ҳам ўзи яшаётган уйни ёки кўзига ёмон кўринган нарсани ёқиб юборади ёхуд бузиб ташлайди! Сиз билан биз ўрганган ахлоққа сира риоя қилмайди, бундай киши нима ишлар қилишини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Мана шу «озод» дунёга эришиш учун зўравонни ўлдириш керак, деган фикр уни дамо-дам васвасага солиб туради. Зўравон унинг назарида, албатта, сиз билан бизмиз! Чунки биз унинг ҳаммамизга ўхшаб ҳаёт кечиришини, биз амал қилган тартиб-қоидаларга бўйсунишини истаймиз, уни одатий ҳолатга қайтармоқчи бўламиз. Шубҳасиз, зўравонлик унинг хаёлида ўзига хос маънога эга; унинг фикрларини изчилликка ва тартибга тушириб бўлмайди, у ҳозир ўйлаган, ишонган нарсасини салдан сўнг мутлақо инкор қилиши ҳам мумкин. Энг хавфлиси, уни одамлар бузилиб кетдилар, деган фикр доимо безовта қилади, уни бошқалардан бездириб қўйган нарса ҳам шу; унинг назарида атрофидагилар уюшиб, ўзига суиқасд уюштиришаётгандек туюлади; у булар одамларни ейишдан тап тортмайди, аксинча, одамхўрликдан ҳузур қилади деб ўйлайди. Мени ҳам ушлаб олиб, шартта еб қўймоқчи деган гумон уни қутуртириб юборади, шу сабабли ҳам у гоҳо тўшаги тагига болта қўйиб ётади. Бундай одамлар шу фикр қутқусйда энг яқин кишиларини чопиб ташлаган ҳодисалари кўп бўлган. У қўққисдан ташланиб қолиши мумкин. Мана шу нарса хавфли. Бироқ муҳими бу эмас, муҳими — бу ҳеч қандай руҳий касаллик бўлмай, бу жисмнинг касаллигидир. Узоқ вақтгача бу касалликни руҳий касаллик ҳисоблашиб, даво йўқ деб келинди, бироқ бизнинг шифохонамиз бу қарашларни йўққа чиқарди ва фан соҳасида жуда илгарилаб кетдик. Биз бир неча тур касалларни даволаб чиқардик. Ҳозир биздан тажриба ўрганувчилар сони кескин кўпайиб бормоқда. Улар анча пайтгача бизнинг муваффақиятларимизга ишонмай келишганди, энди эса ўзлари биз билан яқин алоқада бўлмаганлари учун пушаймон бўлишмоқда. Биз жуда илгарилаб кетдик.
— Уларни даволашдаги янги услубларингиз нимадан иборат? — сўрадик биз профессор бир оз жим қолгач.
Профессор мийиғида кулиб бизга муғомбирона тикилиб турди. У шу ҳолатида муҳим давлат сирини айтишдан бош тортаётган элчига ўхшарди.
— Энг ибтидоий усулда, — деди сўнг ёйилиб жилмаяркан, яна қувлик билан бизга кўзларини тикди. — Кўплар биз янги муолажа усули топганимиз ҳақида шов-шув қилиб юришибди. Аслида бизнинг услубимиз унчалик янги эмас, демоқчиманки, биз азалдан бор усулларни фақат замонавий тарзда такомиллаштирдик, холос. Янгилиги ҳам шу ерда. Биз тиббиёт фанида фойдаланилмай келинган услубни ҳеч иккиланмай фанга тадбиқ қилдик ва бу ҳол кутилмаган натижаларга олиб келди, сўнг биз бу усулни маданий олам билан боғлаш учун яна такомиллаштирдик, бир неча даврларга бўлдик, илмий асосларини кўрсатдик. Ҳамма тажрибаларимиз пухта ва юз фоиз натижа бера бошлади, сизларга айтсам, ҳали тиббиётда ҳеч қайси муолажа усули юз фоиз натижа бермаган. Биз эса бунга эришдик. Тажрибамиз унчалик мураккаб эмас, ҳатто оддий, четдан қараган кишига бироз анъанавий туюляпти. Гўё биз инсонни хўрлаётгандек, оёқости қилаётгандек бўламиз. Лекин, менимча, энг улуғ инсонпарварлик унинг касалига қайси йўл билан бўлса ҳам даво топишдир. Биз инсонпарварлик тўғрисида сафсата сотмаймиз, аксинча, уни амалда қиламиз…
Профессор яна бир пас жим қолди. У худди тансиқ овқатни мақтаётгандек ёки унинг хуштаъмлигини ҳис қилиш учун овқат ҳазм бўлишини кутиб тургандек, айтган гаплари бизда қандай ҳазм бўлаётганини билиш учун гапдан тўхтаганди, гўё.
— Калтаклаш тиббиётда ҳамиша қораланган, — давом этди яна у. — Бироқ биз бу ишни азбаройи инсоннинг соғлиги ва истиқболи учун қилаётганимиз сабабли ҳам бизнинг муолажа хайрлидир. Сўнгги тажрибаларимиз кўрсатяптики, жисмдаги қон ва асаб ҳаракатини тартибга солиш учун калтаклаш касалликни тузатишнинг зарур омилларидан бири бўлиб қолиш эҳтимоли бор. Бизнингча, бу тажрибанинг келажаги анча мунозарали, бироқ порлоқ бўлса керак, агар мана бу касалнинг, — бир санитар билан турган ёшгина йигитни кўрсатди у, — баданини кўздан кечирсаларингиз, пўрсилдоқ-пўрсилдоқ хивич зарбини кўрасизлар, — шундай деб йигитнинг кўйлагини кўтариб, қавариқ елкасини бизга кўрсатди. Йигит яна калтаклайди деб ўйлади шекилли, қўллари билан бўйнини тўсиб олди ва ер остидан профессорга чўчиб назар ташлади; унинг елкаси моматалоқ бўлиб кетган, енгил, ингичка хивичнинг ўрни чизиқ-чизиқ бўлиб шилиниб қолган, кўкариб турган жойлари пўрсайиб-пўрсайиб шишиб чиққан, хивчин терини тиғдай кесиб ташлаган ва елка яра-чақага тўлганди; яра тузалмай яна устидан савалашган чоғи, яраларнинг атрофини бир қатор шиш ўраб олганди. — Кўриб турганларингдек, бу касалга нисбатан савалаш тажрибаси қўлланган ва бу ўз самарасини бермоқда, касалда бирдан ижобий ўзгариш пайдо бўлди. Илгари у қанча урманг, на калтак зарбини, на жон оғриғини сезарди. Унинг руҳи танасидан ташқарида юргандай парво ҳам қилмасди. Бироқ кўряпсизларки, унда ҳатто сезги ҳам пайдо бўлмоқда, у оғриқни олдиндан сезиб, шунга тайёрланяпти. Бизнингча, унинг ақли яна танасига аста-секин қайтиб кирмоқда ва у тузала бошлади. Касални бу ҳолатга келтириш учун аввалига кунига икки марта, сўнг у дош беролмагач, бир марта, ҳозир кунора савалаб турилибди. Шуниси муҳимки, савалаш муолажасини жиддий йўлга қўйиш зарур. Бунинг учун даволовчининг аниқ иш режаси ва касаллик ҳақида аниқ хулосаси талаб қилинади. Сўнг хивчинга ҳам эътибор бериш керак. Хивчин эгилувчан, текканда терини кесиб ташлайдиган, касалнинг қулоғи ҳам ўрганиши учун ҳавода виз-виз товуш ҳосил қилиб турадиган бўлиши зарур. Чунки бу шовқин муолажанинг иккинчи босқичида жуда ҳам иш беради. Муолажа изчил, узлуксиз давом эттирилади. Аввалига касал ҳеч нарсани сезмай, тиржайиб, ҳиринглаб туради. Уч кунлардан сўнг у кулишдан тўхтаб, бирдан жиддий бўлиб қолади — унинг руҳидаги лоқайдлик сўна бошлайди, хаёли сал тиниқлашади, ўн кунлардан сўнг у калтакни кўрса елкасини ушлайдиган, ўзини олиб қочадиган бўлади, сўнг ҳар хивчин тушганда додлай бошлайди, бу яхши аломат: ниҳоят у одамий хусусиятларини қайтариб олаётган бўлади. Хивчинни кўрганда дағ-дағ қалтирайди, охир оқибатда хивчиннинг тагига ўзи елкасини тутиб келадиган бўлади, мана шу ҳолат жуда муҳим, чунки ақл касаллик устидан ғолиб чиқади. Биз ғолиб чиқишга мажбур қиламиз. Бунга мунтазам муолажа туфайли эришилади. Савалашнинг турли йўллари бор, бироқ барча саваловчи асбоблар хивчин каби эгилувчан ва ингичка бўлмоғи керак, чунки баданда жиддий жароҳат пайдо бўлмаслиги шарт. Инсоннинг қадр-қиммати бизда юксак қадрланади, биз уни ҳеч қачон майиб қиладиган даражада саваламаймиз! Агар касал биринчи калтаклашга дош беролмаса унда бир неча кун сабр қиламиз, сўнг яна бошидан бошлаймиз, агар яна чидолмаса яна озроқ кутилади. Савалашни кунма-кун ошириб бориш даволашда катта аҳамиятга эга. Ана шунга қараб кўпинча касал тез ёки секин тузалиши мумкин. Савалашнинг бир неча йўли бор деб бошда айтдим. Хивчиннинг учи билан савалаш бор, биз буни «енгил савалаш» деб атаймиз, унда хивчиннинг учигина касалнинг баданига тегади, шарт-шарт кесиб ташлайди. Бу савалаш даврида оғриқдан кўра касални қон безовта қилади. Хивчиннинг учи тилиб юборган жароҳатлардан қон тинмай оқиб туради, гоҳида баданининг ранги қанақа эканлигини билиб бўлмай қолади. Хивчиннинг учи бир маромда баданга тегиб туриши шарт, зарб ҳам бир хил бўлиши керак. Қонни кўриб, даволашни тўхтатиш ярамайди, йўқса касаллик янада чўзилиб кетади, қонга ҳам, баданнинг кўкариб кетганига ҳам қарамай муолажани давом эттириш зарур, бу ҳам касалнинг баданида сезиш қобилиятини пайдо қилади, уни муолажага тайёрлайди, биз баъзан бу даврни «тайёрлаш даври» деб ҳам атаймиз. Тайёрлаш даври ҳар касалда ҳар хил кечади, шу сабабли савалаш ҳам ҳар бир касалнинг ўзидан келиб чиқиб жорий этилади. Тайёрлаш даври деярли ҳамма касалда енгил ўтади, ҳушдан кетишлар, дод-войлар деярли бўлмайди. Касал бу даврда ўзининг «озод дунёси»да бемалол яшайверади. Сўнг касал икки кун дам олади, у махсус, атайлаб музлатилган ва зах хоналарда сақланади: бу шунинг учун керакки, унинг яралари газак олиши, боши айланиши, заҳарланиши зарур — бу муолажанинг шартларидан биридир. Газак олган яра касалнинг баданида оз-моз оғриқ, сезги уйғотади, унинг хаёлидаги шарпаларни оз бўлса ҳам қувади. Мана шу пайтдан калтаклашнинг иккинчи даври бошланади. Йиринглаб, шишган яралар яна хивчиннинг учи билан саваланади, қизариб, кўкариб турган яралар энди касалда чинакам оғриқ пайдо қилади, аввалига у тайёрлаш давридаги каби тиржайиб туради-ю, бироқ газак олган ярага теккан хивчин унинг жонижонидан ўтиб кетади. У ўзини бардам тутиш учун кўзини юмиб олади. Баъзан оҳ уради, баъзан жуда терлаб, ҳолдан тояди, баъзи касаллар эса токи учинчи босқичгача оғриқни сезмай кулиб тураверишади. Иккинчи босқичда савалаш яралар шилиниб, терининг қип-қизил гўшти чиқиб қолгунча давом эттирилади. Сўнг олдинги хонада яна уч кун сақланади, яралар обдон газак олиши, йиринглаши ва баданни қалтироқ босиши кутилади. Учинчи давр касал учун энг оғир давр, бу даврда у ҳушидан кетиши мумкин, лекин савалашдан тўхтамаслик керак. Бу даврда касал фарёд қилади, ялинади, унинг хаёлидаги севимли «озод дунёси» аста-секин парчалана бошлайди, бизнинг хивчинлар уни парчалаб ташлайди. Унинг ўрнига бутун вужудини оғриқ, хивчиннинг қулоғи остида таҳдидли виз-виз этган товуши эгаллайди. У ўзининг «дунё»сидан шу тахлит сиз билан биз яшаётган мана шу ғаройиб дунёга туша бошлайди. Тўртинчи босқичда эса у «озод дунё»сидан бутунлай воз кечади, у энди кечасию кундузи қандай қилиб хивчин зарбига чидашни, қандай қилиб, ақалли битта бўлса ҳам хивчин зарбидан қутулиб қолишни ўйлаб чиқади, ўзича бунинг турли режаларини тузади, йўлларини излайди. Хивчинчини чалғитиш учун унга қандай қизиқарли гаплар айтсам ёки қандай қилиб кўнглини олсам деб эртаю кеч ўйлаб юради. Мана, ўзингиз ҳам куляпсиз. Тўғри, касалнинг бу орзуси энди олдингилари каби хомхаёл эмас, бу бизнинг мураккаб ва саодатманд дунёмизга хос бўлган, сиз билан бизнинг орзуларимиз каби ўта ҳаётий орзу. Бешинчи давр касални шунчаки ҳушёр қилиш мақсадида ўтказилади, бора-бора касалнинг ўзи калтакка ўрганиб қолади, худди кашандалардай унга ҳам калтак тез-тез хумор қилиб туради, шунинг учун тузалиб кетганидан сўнг ҳам касални маълум пайтгача калтаклаб туриш маслаҳат берилади, масалан, беш-олти йил. Яна бир нарсани унутмаслик зарур: калтаклаш ва хивчин ишлатиш ҳамманинг қўлидан келмайди. Биз махсус хивчин ишлатишни ўргатадиган курслар очганмиз, тўғри, ҳозир бу курсни кенгайтиришга бизда маблағ йўқ, лекин бу курсни битирганлар хивчинни ишлатишнинг устаси фаранглари бўлиб етишади, муолажанинг натижаси кўп жиҳатдан хивчинни қандай ишлатишга боғлиқ. Мана, қаршингизда касалхонамизнинг энг тажрибали хивчинчиси турибди.
Шундай дея профессор бизга санитарлардан бирини кўрсатди. — Биз «калтакчи» қўпол сўз бўлгани учун буларни «хивчинчи» деб атаймиз. Шусиз ҳам кўплар бизнинг калтак ишлатиш услубимизга қарши. Бу хивчинчи ўнга яқин касални даволашда фаол иштирок этди, энди бу ҳам ҳаётини хивчинсиз ва касалсиз тасаввур қилолмайди. У ўз ишининг шайдоси, савалашни ҳам иштиёқ билан, қиёмига келтириб бажаради, унга қўл учида бажариш ёки қалбакилик қилиш деган нарса ёт. У ҳатто ҳеч қачон саноқдан ҳам адашмайди, баъзида ҳафталаб хивчинлашдан бўшамайди. Касалларни ғоят севганидан ва уларнинг тезроқ тузалиб кетиши тарафдори бўлганидан, буни астойдил истаганидан, азаматлар чарчашу ҳоришни билмайди. Баъзи оғзи бўш кимсалар буларни шафқатсиз деб гап тарқатишади, аслида булардан меҳрибон ва кўнгилчан одамлар йўқ. Келажакда шифохонамизда бундай тажрибали «хивчинчи»ларни яна ҳам кўпайтириш режасини тузяпмиз, зеро, бизнинг шифохонага талаб ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда…
— Тажрибаларингизни кенгроқ қўллашга нималар халақит беряпти? Наҳотки бошқалар бу ютуқларингиздан бехабар бўлса? — сўрадик биз профессорнинг гапларидан бир оз ҳаяжонга тушиб.
— Кўп нарса, — деди маърузаси бизга таъсир қилганидан ва бизнинг қизиқа бошлаганимиздан жонланиб кетган профессор, у миқтигина бесаранжом ва афтидан содда одам эди. (Ўзининг тажрибаларини кўпдан буён кимгадир гапириб бериш иштиёқида юрган-у, лекин ҳеч ким унинг узундан-узун изоҳларига тоб беролмай гапини эшитмаёқ жўнаб қолган ва шундай пайтда биз келиб қолиб, профессор ҳаммасини биратўла гапириб ташламоқчига ўхшарди). — Аввало маблағ кам, кейин имкониятларимиз тор. Иншоотимиз кенгайиб боряпти, бироқ савалаш босқичларида касални сақлайдиган, тагида музхона ўрнатилган махсус хоналарга жуда муҳтожмиз. Бизда бундай хоналар кам. Шунингдек, ҳамма ҳам бизнинг тажрибаларимизни қўллаб-қувватлаётгани йўқ: кўплар, бошқалар нима дейишаркин, хориждагилар бизни масхара қилишмасмикан, деб истиҳола қилиб туришибди, баъзилар эса бутунлай қарши. Улар асли ҳамиша янгиликка қарши бўлиб келишган, эскича, сийқаси чиққан усулларда ишлаб, ўрганиб қолишган, шу сабабли бирор янги ғоя туғилса, уни жон-жаҳдлари билан йўқ қилишга киришадилар. Кўриб турганларингиздек, биз ҳатто касалларнинг кийимини ҳам ювиб ололмаяпмиз. Одам етишмайди. Улар шу кийимларини токи касалхонадан чиқиб кетгунларича кийиб юрадилар, мана қаранг, — у ёш йигитнинг дўлва-дўлва бўлиб кетган, қон ва доғ босган исқирт кўйлагини кўрсатди, — биз шу ҳолича уни шифохонадан чиқариб юборишга мажбурмиз. Хизматчиларимизнинг иш ҳақи жуда оз. Тажрибани кенгроқ жорий этиш учун хивчинчилар тайёрлайдиган курсларнинг сонини ҳам кўпайтириш муаммо бўлиб турибди.
Профессор ҳозир ўша — ўзига кенгроқ йўл бермаётганлардан жуда қаттиқ хафа бўлиб бизга «бу ҳолатда ишлаб бўладими?» дегандек маънодор қаради; у улуғ одамларга хос виқор билан бизга хаёлчан ва ҳорғин кўзларини тикиб турарди, биз бу ўткир нигоҳ олдида бир оз довдираб қолдик.
— Касал сизларга кейинчалик эҳтиёж сезмайдими? — сўрадик биз профессорнинг таъқибли нигоҳидан қутулиш учун, эрта-индин чиқиб кетиши керак бўлган касалга ишора қилиб. — Балким шифохонадан чиққач, яна қутқут касалига йўлиқар. — Соғайиши балким вақтинчадир?
— Айрим ҳолларни истисно қилганда, касал биз билан қайта учрашмасликка ҳаракат қилади, — деди профессор сирли қилиб. — У бизни ўзининг даволаш усули тобора қизиқтираётганидан жуда хурсанд эди, ҳар бир саволимизга бажонидил жавоб берар ва ҳеч бир нарсани эътибордан қочирмасликка тиришарди. У биздан кўзларини олиб, касалларга тикди. — У бу ердаги муолажани умр бўйи унутолмайди, шу сабабли кўп ҳолларда унда тутқаноқ содир бўлиши ботиний ўтиб кетади. У аввалгидай хаёлига эрк беролмайди, фитначи хаёл уни аврай олмайди. Биз уларни назорат қилиб турамиз, агар касаллик аломатлари сезилса, дарҳол олдини оламиз: кўпроқ тинчлантирувчи усулларни қўллаймиз ва касал шифохонага келмаёқ тузалиб кетади. Мабодо у яна шифохонамизга тушса биз муолажа муддатини аввалгига нисбатан бир оз чўзиб, савалашни изчиллаштирамиз, бу гал хивчин эмас, бошқа бирон йўғонроғидан, масалан, қамчиндан фойдаланишга тўғри келади, қамчиннинг учига тишли тунука ўрнатамиз. Тўғри, бахтга қарши иккинчи галдагисида қамчиннинг тагидан қайтиб тура олмайдиганлари ҳам бўлиб туради. Камданкам ҳоллардагина. Бу учун бизнинг шифохона айбдор эмас, аксинча, касалнинг ўзи айбдор бўлади. Аксарият бирор жойи сал майиб бўлса ҳам, — бу, албатта, бизнинг мақсадимиз эмас, лекин начора шундай қилишга мажбурмиз, — соғайиб чиқиб кетишади ва бошқа бизга эҳтиёж сезмайди.
— Учинчи бор-чи?.. — бехосдан сўрадик биз.
— Бизга учинчи марта ташриф буюришмайди, — деди виқор билан профессор. — Кўпгина шифохоналардан биз шу жиҳатимиз билан фарқ қиламиз. Учинчи марта бизнинг шифохонага қайтиб келиш ҳодисаси ҳали бўлмаган, демак, биз бу соҳада ҳам олдинлаб кетганмиз. Агар киши учинчи марта даволанишга эҳтиёж сезса, бу оламшумул гап-ку, шундай эмасми?
— Муолажа савалаш билан тўхтайдими? Бу негадир ғалати. Наҳотки бошқа ҳеч бир дори-дармон ишлатилмаса?
— Асло, асло, муолажа тўхтамайди, — деди профессор кичкинагина тепакал бошини чайқаб. — Биз ҳам тиббиёт фанининг барча ютуқларидан унумли фойдаланамиз. Дори ҳам, укол ҳам қилинади. Савалаш фақат танани кераксиз хаёллардан қутқаради, мия фаолиятини тана билан мувофиқлаштиради, мия энди бўлмағур васвасадан халос бўлади. Лекин ҳали бу буткул тузалди деган гап эмас. Мана бу касал, — у ёш йигитни кўрсатди, — анча соғайиб, хаёлий дунёсидан энди сиз билан биз яшаётган дунёга қайтиб тушган бўлса ҳам, бироқ ҳали мия фаолиятида нуқсон бор. У ердаги шарпалар вақтинча пусиб турибди, хивчин ва оғриқ уларни ҳозирча мия пўстлоғининг ички қисмига ҳайдаб чиқарган, у ҳар қандай маҳал яна тажовуз қилиб қолиши мумкин. Бу ўта хавфли, бунинг олдини олиш зарур. Энди касалга савалаш кор қилмайди. Биз савалашдан сўнг босқичма-босқич тиббий муолажага ўтамиз, айни пайтда тажрибаларимизнинг учинчи босқичига ўтамиз: бош мияга махсус аппарат орқали (бу аппаратни менинг ўзим ихтиро қилдим) касалнинг савалаш жараёнидаги фарёди ёзилган шовқин юборилади, фарёд ва ингроқ ўзиники бўлиши шарт, чунки беморнинг ўз ингроғи миясига тез сингади; шовқин миянинг қоринча ва бўшлиқларини буткул қоплаб олади, касал бир неча кунгача бу шовқин таъсирида атрофдаги оламдан узилади ва бошини чангаллаганча ана шу шовқиндан қутулиш учун хона бўйлаб зир югуриб юради, албатта, беҳуда югуради, чунки аппарат қулоқларга шундай усталик билан ўрнатилганки, уни фақат қўйган кишигина олиб ташлаши мумкин.
Шовқин миянинг барча катакчаларига аста-секин сингиша боради, охир оқибат уни ҳеч нарса билан бу мия қобиқларидан ҳайдаб чиқариб бўлмай қолади, энди бу мияга шарпа ёки қутқу хавф солиши мумкин эмас. Чунки қутқу ёки васвасага бу мия катакчаларида жой қолмайди: шовқин мияни ҳар қандай руҳий хавфдан сақлаб, унга ҳар дақиқада бизнинг муолажамизни эслатиб туради. Шовқин сингишган мия ҳамиша тоза ва соғлом бўлади, унга зўриқишга асло ҳожат қолмайди. Муолажа, демак, юз фоиз ўзини оқлайди. Шовқин юбориш икки ҳафтагача чўзилади, уни амалга ошириш учун ҳам махсус маҳорат талаб қилинади. Негаки, шовқинни кўзланган катакка ҳеч бир адашмай йўналтириш зарур. Агар масофада адашилса, касал бутунлай фалаж бўлиб қолиши мумкин. Шовқин юборилар экан, касал чинқириб юборади, унинг қўл оёғи маҳкам боғлаб қўйилади, бир хил тўлқинда шовқин изма-из йўналтирилади ва босим ҳам аста-секин ошириб борилади, касалнинг фарёди ҳам кучаяди. Бироқ бунга парво қилмаслик керак. Шовқин мияга лойқа каби секин чўкади. Касалнинг бутун вужуди тутқаноқ тутгандек қалтирайди. Томирлари кўкариб кетади, пешонасидаги ажин кўпаяди, аммо бора-бора тинчиб, оғриқни сезмай қолади. Ана шу пайтдан жуда унумли фойдаланиш керак, иложи борича миянинг марказий қисмига шовқин юбориб қолиш зарур. Уч-тўрт кун ўтгач, касалнинг мияси суратга олиниб, унинг ҳаракатчан қисмига яна шовқин юборилади. Бу усул ўта зийраклик ва ўқимишлиликни талаб қилади. Шовқин муолажаси тугагач, касалга икки ҳафтача ором берилади. Ана шу даврда у мутлақо тузалади, миянинг фитна тарқатадиган қисми батамом шовқинга тўлади. Ингроқ ва фарёдлар энди х,ар бир ҳужайрада садо бериб туради, бутун вужудига тарқайди, тана ва юракдаги алоқа беихтиёр мана шу шовқинга бўйсунади, шовқин қон томирларида ҳам оқади, ана шу лаҳзалар касал учун энг саодатли дамлар, у қутқу ва васвасадан бутунлай қутулади, ҳаёт кўзига гўзал ва маъноли кўриниб қолади. Онадан қайта туғилгандек енгил тортади, кераксиз «юк» ва «зўрланиш»лардан халос бўлади; шовқин унинг хотирасини ва олдинги ҳаётига боғлиқ кўпгина ҳаяжонли воқеаларни буткул ўчириб ташлайди, ёқимтой ва ўта боодоб одамга айланади. Ҳатто астойдил тарбияласангиз ҳам бундай ютуққа эришолмайсиз. Бу хил одамлар ҳеч қачон ортиқча нарсаларни ўйлашмайди, ўзига юклатилган вазифани сиз ўйлагандан ҳам аъло даражада бажаради, муттаҳамлик ёки қаллоблик қилишга ҳожат ҳам сезмайди. У энг юксак тарбия кўрган кишилар билан одоб борасида рақобатлаша олади. Биз ҳозиргача қилган тажрибаларимизни умумлаштириб, шундай хулосага келдик: одам миясининг анчагина қисми киши учун нокерак сигналлар билан тўла, унинг киши учун зарурати йўқ, аксинча, миянинг бу қисми кишини тез толиқтириб, хаёлпараст қилиб қўйиши мумкин. Одам учун хавфли бўлган, қутқу қўзғайдиган фикрларни мана шу қисм ишлаб чиқаради. Фитначи хаёл мана шу қисмда туғилади. Биз бундай хаёлларни ва кишига манфаат бағишламайдиган эҳтиросни нозарур деб биламиз. Шу хулосадан келиб чиқиб, одамнинг қутқут касалига йўлиқишини кутиб турмай, болалигидаёқ миянинг ана шу қисмини жонсизлантириш ёки бўлмаса бизнинг усулда мияни аниқ режага бўйсундириш керак. Бу қисм киши бошига кўп балолар олиб келиши мумкин. Биз ушбу фикрларимизни яқин орада министрликнинг махсус мажписига қўймоқчимиз. Чунки қутқут касалига ҳамма йўлиқиши мумкин, айниқса, бизнинг асаб билан ишлашни талаб қиладиган давримизда…
Хуллас, касал шовқин муолажасидан сўнг ўзини яхши ҳис қила бошлайди, иштаҳаси очилади, хушмуомала бўлиб қолади. Мана бу учинчи касалимиз эрта-индин шифохона билан хайрлашадиган фахрий касал. Биз шифохонамиздан ким тузалиб чиқиб кетса, уни фахрий аъзоликка қабул қиламиз: у — бундан сўнг бизнинг шифохонадаги барча имтиёзлардан фойдалана олади. У ҳозир отдек соғ. Эт битиб, яраларининг ўрни билинмай кетди. Мана, — профессор шундай дея учинчи — бурчакдаги касалнинг қорнига нуқди. Касал унга жавобан қуллуқ қилди ва юзида ўта бўйсунувчанлик ифодаси акс этиб жилмайиб қўйди. — Қорин ҳам қўя бошлади. Уни ҳозир ошқозонидан бошқа нарсалар унчалик қизиқтирмайди. Илгари уни касал безовта қилса, энди овқат кўпроқ ўйлантиради. Бу яхши аломат. Сизлар биласизларки, соғ одамгина қорнининг ғамини ейди. Аммо кўриб турганларингдек, жуда серилтифот, ҳар бир ҳаракатингизга қуллуқ билан жавоб беради. Мана шуниси бироз ошиб кетган, баъзан ҳаддан ортиқ илтифот қилиб қолади. Лекин бу мутлақо зарарсиз. Аксинча, бу юксак маданиятли кишиларга хос бўлган фазилат, бизнинг шифохона ўзига хос тарбия мактабини ҳам ўтайди. Биз касалнинг табиатини мутлақо ўзгартирамиз. Илгари, ҳатто касалга йўлиқмасдан олдинлари ҳам бўлмаган хислату фазилат бизнинг муолажамиздан сўнг касалнинг феъл-атворида пайдо бўлади. Яъни у яхши томонга ўзгаради, у бирдан олий фазилатлар эгаси бўлиб қолади, ҳали ҳеч қайси мактаб бу ютуққа эришмаган. Биз киши табиати ўзгармасдир деган азалий қарашларни мутлақо йўққа чиқардик. Илм кишининг ҳаётини эмас, унинг табиатини ҳам ўзгартиришга қодир экан. Касалнинг соғайиш жараёни тўғрисида биз шифохонамиз ходимлари билан икки жилдли мулоҳазаларимиз баён қилинган қўлланма тайёрлаганмиз. Бу қўлланма тез кунларда ўқувчилар қўлига тегади. Ана шунда бизнинг усулимиз ғоят илмий ва инсоннинг саломатлиги йўлида қилинган энг улуғ ишлардан бири эканлигига бизнинг ғанимлар ҳам амин бўлишадғг.
Профессор касалнинг қандай соғайганини кўрсатиш учун унинг соғлом ва эт қўя бошлаган қорнини кўрсатди. Сўнг хивчин излари билинмай кетган, териси семиз ва ялтироқ елкасини очди. Бунга жавобан касал дарров қуллуқ қилди.
Профессор эса бизга қараб маъноли табассум билан кулиб қўйди. У ўз ишидан жуда мамнунга ўхшар ва бизга ўзининг шифохонаси тўғрисида кўпроқ нарсалар гапириб бергиси келарди. Шунинг учун яна нима тўғрисида гапирсам экан, дегандек, атрофини зимдан кузата бошлади. Барзанги эса бизга ва тинмай бидирлаётган профессорга тахдид ва шубҳа билан тикилиб турарди. Ким билади, балким у бизни, профессор айтмоқчи «озод дунёпсига бостириб кирган босқинчи деб ёки мени «эзиб-янчаётган зўравонлар» деб ўйлагандир. Аслини олганда касалларнинг ичида фақат ўшагина жуда бесаранжом эди, уни яна темир ўтирғичга қўшиб боғлаб ташлашган, унинг барзангилиги ва жунунваш қиёфаси бизга кўзларини бургутлар чўқиб олаётган пайтдаги Прометейни эслатарди, қолган икки касал унга нисбатан хотиржам эдилар, ёш йигит яна мени уришмасмикин деган хавотирда гоҳ-гоҳ ён-верига ва санитарларга ҳадиксираб назар ташларди, учинчи касал тўзиб қолган кўйлаги билан беўхшов дўмпайиб турган қорнини ёпмоқчи бўлиб беҳуда уринар ва ўзига қараган одамга дарҳол қуллуқ қилиб қўярди. Деразада қуёшнинг сўлғин шуълалари ўйноқларди. Барзанги икки-уч марта қўлидаги занжирларни узиб ташламоқчидек чираниб тортилди, чиранганда кўзлари лўқ бўлиб, юзи кўкариб кетди, занжирни узолмагач, у узоқ пишнаб ўтирди. Унинг қиёфасида ва жунун ўйнаган кўзларида ростдан ҳам қандайдир тажовуз яширинган эди. Агар унинг қўллари бўш қолса, бизларга ҳам ташланиб қолиши муқаррар, деб ўйладик биз, унинг боғлиқ қўлларига қараб. Айни маҳалда унинг бандилигидан хурсанд эканимизни яширгимиз ҳам келмади. Узимизни унинг олдида эркин ва эътиборли ҳис қила бошладик. Бирдан ҳамма нарсани бузиб, ўрнига хаёлидаги дунёнинг қонун-қоидаларини жорий қилмоқчи бўлган одамнинг чўғдай кўзлари, унинг атрофдаги одамлар учун ўта хавфли бўлган касали, шафқатсизлик билан қисилиб турган муштлари бизни бироз ташвишга солиб турарди. Шу билан бирга биз профессорнинг пухта одам эканлигига ҳам, касалнинг қўлидаги занжир ҳеч қачон узилиб, бизга ташланиб қолмаслигига ҳам амин эдик. Профессорнинг гапларидан биз шуни англагандик.
Биз дам-бадам ўзига «озод дунё» яратмоқчи бўлган, қўллари боғлиқ бу «исёнкор»га истеҳзо билан тикилиб қўярдик. Ахир анови қуллуқ қилиб турган хушмуомала ва боодоб киши билан бу жазавали жунунбашара барзанги ўртасида ер билан осмонча фарқ бор эди-да. Биз иккаласини обдон қиёслаб бўлгачгина профессорнинг тажрибалари ниҳоятда оламшумул воқеа эканлигини англай бошладик. Бу беҳад катта ютуқ, ўйладик биз ичимизда. Профессор эса бизга яна нимадир гапириб бериш иштиёқида эди, зеро бундай ютуқ билан қанчалик мақтанса ва жар солинса арзирди.
Ўзининг гапларига жуда қизиқсиниб қулоқ солаётганимиз унга жуда ёқиб қолган, шифохонаси ҳақида яна ниманидир гапириб бериш ёки кўрсатиш билан бизга миннатдорчилик билдирмоқчига ўхшарди.
Профессор гапларим унча ишонарли бўлмади деб ўйлади, шекилли, бизни савалаш муолажаси бораётган хоналарга бошлади. Узун даҳлиздан айланиб, хирагина ёритилган ертўлага тушдик.
— Биз ташқаридагиларни безовта қилмаслик учун муолажани мана шу ертўлада ўтказамиз. Бу ер айни муддао: зах, тор, айни пайтда яра айниши учун ҳавоси қулай, эшикларга зирҳ қопланган. Мана, эътибор беринг, бу эшикдан бирон сас ҳам ташқарига чиқмаяпти, бу юқоридагиларнинг хотиржам ишлашларига имкон беради. Бироқ ичкарига кирсак касалларнинг доду фарёдини эшитамиз. Фарёд эшитилса, билингки, иш кетяпти, шифохонадагилар берилиб ишлашяпти, ўз бурчаларини чин юракдан адо этишяпти…
У шундай дея пиллапоя сўнгидаги темир қопламали эшикни очди ва бизни ичкарига таклиф қилди. Қулоғимизга бирдан ғалати ва бўғиқ фарёдлар эшитила бошлади: товушларнинг кўплиги ва серваҳмлигидан биз жимгина ўрмондан юриб бориб, қиёмат бошланган ялангга чиқиб қолгандай ҳис этдик ўзимизни. Бироқ профессор бизни торгина даҳлиз бўйлаб, товушлар томон хотиржам қиёфада бошлаб борарди, узун даҳлизнинг икки томонида хоналар бўлиб, улардан фарёдлар ва шувиллаган товушлар, баъзан телбавор дағдағали сўкинишлар эшитиларди. Профессор даҳлиз бўйлаб бориб, ўнг тарафдаги зич эшикни силтаб очди ва бизни ичкарига ундади.
Хонада махсус таёрланган ўриндиққа ётқизилган, елкасининг қипқизил эти чиқиб қолган қўл-оёғи боғлиқ касални барваста, ярим белигача ечинган санитар-хивчинчи тик ҳолда саваларди. Унинг бадани ва юзи жиққа терга ботган, мушаклари бўртиб, уни яна ҳам ваҳимали қилиб кўрсатарди. У бизни кўриб, савашдан тўхтади ва профессорга савол назари билан тикилди: у афтидан ертўлада бегона одамларни кўриб, бироз ажабланганди. Профессор унга давом этавер, дегандек ишора қилди ва ўзи бизга ўгирилиб: — Сизлар хивчиннинг учига ва касалнинг юзига эътибор берингизлар, — деди. — Боя айтганимдай ҳар хивчин тушганда, касал тобора яхши томонга ўзгариб бораётганини сезишларингиз мумкин.
Биз хивчинчига, сўнг ҳавони визиллаб кесиб ўтган хивчиннинг учига қарадик. Хивчиннинг учи касалнинг шусиз ҳам қавариб қолган елкасини кесиб ўтди, касал ингради; хивчиннинг изида халқоб қон пайдо бўлди ва у секин қўлтиққа оқиб туша бошлади, аммо хивчин иккинчи бор унинг йўлига тушди ва қон оқишини тўхтатиб қўйди, касал олдингидан қаттиқроқ инграб юборди, умуман, унинг елкасида соғ жой қолмаган, хивчинчи бутун елкани моматалоқ қилиб бўлгач, энди савалашни қайтадан бошламоқда эди, профессор айтганидай, у ҳақиқатан ҳам жуда уста эди; хивчиннинг учи тегиб, кесиб юборган жароҳатлар ораси худди ўлчангандай икки эндан ошмасди, баданга жуда эътибор билан тўкилаётган ва алвон гул солинаётган кашта нуқси урган эди; касал инграб юборар экан, хивчинчининг кўзлари ёшланиб, йилтиллаб кетаётганини кўриб қолдик. Унинг юзида шафқатсиз бир кўникма билан мамнуният ифодаси қоришиб кетган, бошқа ҳолатда, бошқа бир жойда худди мана шу ҳолат инсонни таҳқирлашнинг энг тубан усули бўлиб кўринса-да, айнан шу ерда, биз турган ертўлада бу унчалик тубанлик бўлиб кўринмас, аксинча, унга хивчин жуда ярашар, унинг афти-ангорига, касалнинг юзидаги ўзгариш билан унинг кўзидаги шодлик ифодаси бир пайтнинг ўзида пайдо бўлишига қараб туриб, у айнан мана шу шифохона учун ёки айнан савалаш учун туғилган деб ўйлаш мумкин эди. У савалашнинг бутун ҳадисини олганди; хивчинни енгил, ҳеч бир зўриқмай мўлжалига урарди. Елкани қиймақийма қилиб ташлаган хивчин визиллар экан, хивчинчи ана шу таҳдидли товушдан куч олаётгандай тани яйраб, ёшариб бораётгандай эди ва мушаклари яна ҳам бўртиб кетарди; биз профессорнинг баъзи хивчинчилар ўн соатлаб чарчоқ нималигини билмай ишлайди ва шунда ҳам улар эмас, касал тоб беролмагач, маълум кун тартибига бўйсунишга мажбур бўламиз, деганини эсладик. Хивчинчи ўз ишини қунт ва билим билан бажарарди: унинг савалаши касални сулайтириб ташлашга эмас, бутун баданда оғриқ қўзғашга, профессор айтганидек, касалнинг сезги ва хаёлини яна баданга қайтаришга муолажага мўлжалланган эди. Касални сулайтириш учун савалаш ваҳшийликдир, деганди профессор. Унинг баданида оғриқ қўзғатиб, унга шифо бахш этиш учун савалаш мутлақо бошқа нарса, бу хил савалашда касалнинг ҳеч жойи синмайди, майиб бўлмайди, бу фақат мияни ҳушёр қилади, уни ҳар хил кераксиз лоқайдликлардан тозалайди. Хивчинчи аввал елкадан пастга томон, сўнг пастдан елкага қараб, бир маромда, бир хил зарб билан, айнан аввалги жароҳатлар устидан саваларди. Ҳавони кесиб ўтаётган хивчин товуши ва ингроқ фақат хивчинчига эмас, профессорга ҳам лаззат бағишларди, афтидан, унинг юзида ҳам инграшдан сўнг худди энди ёриша бошлаган тонгги осмон сингари мамнунлик зоҳир бўлар, ҳар инграшга жавобан бу мамнунлик бутун юзини эгалларди.
Хивчинчи баъзан нафас ростлаш учун бир неча дақиқа савалашдан тўхтар экан, касал йиринги қотиб қолган юмуқ кўзларини очар ва тўғрисидаги ўзининг ингроғи ёзиб олинаётган ёзув аппаратига, у қўйилган курсига тикилганча қотиб қоларди. Бироқ салдан сўнг елкасига келиб тушган хивчиндан кўзлари ярқ очилиб кетар ва у елкаси оша хивчинчига қарамоқчи бўлиб беҳуда уринар, беш-олти зарбдан сўнг лабларини тишлаганча кўзларини юмиб оларди. Ярқ этиб очилган кўзларида барзангининг кўзларидаги каби жунун ва телбалик чарақлаб кетар, томирлари қоқшолдай бўртиб чиқарди. Гўё унинг касали ҳар калтак тушганда ялт этиб очилаётган кўзларидан отилиб, ташқарига чиқиб кетаётгандай эди. Унинг мулойимлашгани ва ювош тортганига қарамай савалашни давом эттирамиз, деганди профессор, чунки бу юввошлик ва ингроқлар алдамчидир, касал чинакам фарёд чексагина тузала бошлайди. Хонани зах, қон, тер ва яна қандайдир — афтидан, касал чиқарган бўлса керак, — қўланса ҳид тутиб кетганди; хонада узоқ туролмадик, бўғилиб, безовта бўлаётганимизни кўрган профессор бизни ташқарига етаклади.
— Бошқа касалларни кўришга тоблари қалай? — сўради профессор биз яна ертўла даҳлизига қайтиб чиққач. Бутун даҳлизни фарёд ва хивчиннинг визиллаши тўтганди, демак, муолажа кетяпти; санитарлар ишлаяпти, улар ҳақларини ётиб олаётганлари йўқ, деб ўйладик биз профессорга тақлид қилгандек. Биз бош чайқадик, шусиз ҳам шифохонада кўп қолиб кетган, мўлжалдаги вақтимиз аллақачон тугаган эди.
— Ихтиёрларинг, — деди профессор жилмайган кўйи. — Мен фақат сизлар зерикиб қолманглар, деб яна бирон хонага киритмоқчи эдим.
Биз узун, тош ётқизилган йўлак бўйлаб юриб бориб, пиллапоядан кўтарилиб бояги темир эшикдан ташқарига чиқиб олдик. Эшик ёпилиши билан овозлар худди сеҳрлангандек бирдан тинди: буёғида на сас, на товуш эшитиларди. Биз кунимиз беҳуда ўтмаганидан ва шундай улуғ одам билан танишганимиздан беҳад хурсанд эдик, атрофимиздан келишган ҳамширалар жилмайиб ўтишарди. Умуман, шифохона бизда яхши таассурот қолдирганди. Узун даҳлизда ботаётган қуёшнинг сўлғин нурлари тўшалиб ётар, лекин у бутун даҳлизни ёритишга энди ожизлик қилишини билгандай, секин-секин шифтга томон чекинмоқда эди.
Биз турли-туман ускуналар, қурилиш асбоблари, ҳандақлар билан тўлиб-тошган шифохона ҳовлисига чиққанимизда кўз олдимизда қават-қават қилиб, бир-бирига тиғиз қуриб ташланган ғоят кенг ва улкан иншоотларга кўзимиз тушди, баъзи узоқроқдаги биноларда қурилиш ҳали ҳам давом этар, кўтармаларнинг ғийқиллагани, қурувчиларнинг бақириқ-чақириқлари эшитиларди, шифохона сал бўлмаса нақ кичкина шаҳарчага айланган эди, биз киришда бу нарсаларга эътибор бермаган эдик, энди эса ҳар бир нарса профессор бошлаган улуғ ишдан даракчи бўлиб туюлар, ҳеч нарсани кўздан қочирмасликка тиришардик.
— Шифохонамизга талаб кўпайиб кетди, — деди профессор бизга иншоотлар оралаб борарканмиз. — Шунинг учун биноларимизни қуриб улгурмаяпмиз. Палапартишлик ва биноларнинг дағал кўриниши шундан. Бироқ кейинги тажрибаларда шуни аниқладикки, касалнинг муолажасига бу дағаллик ижобий таъсир қиларкан. Биз ана шу нарсани ҳисобга олиб, биноларни иложи борича қўпол кўринишда қуряпмиз.
Ростдан ҳам бинолар дағал кўринишда қурилмоқда эди: кўплари тик турган бочка, баъзилари ўрмалаётган қурт, баъзилари учишга тайёрланаётган қўнғиз шаклида эди; шифохона ҳовлиси янги қурилишдан кўра харобага айлантирилган шаҳарга кўпроқ ўхшарди. Бироқ профессор ана шу кўринишнинг касал руҳига ниҳоятда ижобий таъсир қилиши, у руҳ билан бу бесаришта манзара ўртасида қандайдир уйғунлик борлиги тўғрисида тинмай гапирарди. Унинг гаплари бу харобага ўхшаш иншоотларга ажиб бир улуғворлик бахш этаётгандай, биноларнинг кўз олдимизда яна ҳам салобати ошиб борарди. Профессор ўта тартибли одам эди, у гапдан сира ҳам адашмасди, чунончи у бизга касаллик тарихи ва муолажа усулини тушунтирар экан, бирон марта ҳам тутилиб қолмаганди, ундан кейин биз у ҳар бир касалга ўз ўғли ёки яқин жигаридай жуда яхши муносабатда бўлишини ва уларнинг кўнглига озор бермасликка ҳаракат қилишини сезгандик. У кўп жиҳатдан қобилиятли ва эпчил эди, табиатида улуғ одамларга хос бўлган хусусиятлар мужассамлашиб кетганди. Унинг суқротона қиёфаси, миқти жуссали, одамга доимо илиқ ва синовчан тикилиб турадиган кўзлари яна ҳам улуғворроқ кўрсатарди. Биз шифохонада ўтказган мана шу озгина вақт ичида унга шайдо бўлиб қолган, гарчи буни ҳозир бир-биримиздан яширишга ҳаракат қилаётган бўлсак-да, юзимизда унга нисбатан маҳрамона бир ифода порлай бошлаган эди.
— Мана бу бинони, — деди профессор биз энди қурила бошлаган улкан иншоотнинг олдига келгач, — бизнинг муолажамиз ва муваффақиятимиз авлодларни ҳам доим ҳайратга солиб, бизнинг холис ва улуғ ниятимизни акс эттириб туриш учун бош мия шакЛида қурмоқчимиз. Бу руҳий ҳолат бўлими бўлади. Касални унинг қаршисига олиб келиб, томоша қилдирамиз, сўнг худди касалнинг миясидаги каби нозарур қисмнинг чироғини ўчириб, қолган қисмини равшанлаштирамиз. Бу тажриба тахминан бир ҳафтагача давом этади, балким кўпроқдир, натижаси бино қурилиб бўлгач аниқ бўлади. Мана шу ҳолат касални муолажага тайёрлайди, у ҳам беихтиёр миянинг қолган қисми билан алоқани сусайтиради, у билвосита бинога тақлид қила бошлайди. Бинонинг шукуҳи ва салобати уни ром қилиб қўяди, шу тақлид таъсирида ҳеч бир ташқи кучсиз касал ўзини муолажага тайёрлайди, бу муолажани осонлаштиради.
Биз бинонинг улканлиги, баҳайбатлигига қараб ҳайратланиб турар, профессор эса унинг ҳар бир қаватида жойлашган ускуналарнинг вазифасини тушунтирар, унинг бутун вужуди ҳозир нурли истиқбол билан чулғанган, гўё ўша олис қуёшнинг ёғдулари ҳалитдан унинг чеҳрасига тушаётгандек эди.
— Ўйлайманки, бу ердан қутлуғ ниятлар билан чиқиб кетмоқдасизлар, — деди профессор, бизни шифохонанинг торгина панжарали дарвозасига кузатиб чиққач. — Ишни энди бошладик, катта муваффақиятлар арафасида турибмиз. Бизнинг шифохона давримизнинг энг нодир ва шавкатли воқеаси бўлиб қолади, башарият ҳали бизлардан кўп миннатдор бўлади.
Биз бу башоратга ҳеч шубҳа қилмай профессор билан самимий хайрлашдик, у то биз муюлишдан бурилиб кетгунимизча изимиздан узоқ қўл силкиб қолди; биз ҳозир юзини кўрмасак-да, унинг ҳамон эҳтирос билан жилмайиб турганини ич-ичимизда сезиб турардик; биз ўтиб бораётган кимсасиз хиёбонда шамол тўзғоқ хазонларни тўдалаб юрарди. Минорадаги соат тўхтаб қолган, вақт қай маҳал бўлгани билинмасди, негадир осмондаги ҳайбатли булутларга қараб тезда жала қуйиб берса керак, бу оқшом жуда ҳам чиройли бўлиб кетади, деб ўйлаб борардик.
“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 9-сон