Назар Эшонқул. Қора китоб (қисса)

Биродар, яхши одам бўлсангиз керак, кўзларингиз айтиб турибди. Сиз ҳам бу чархи дунёнинг кўп надоматларини бошдан кечирганга ўхшайсиз. Негадир сиз билан жуда суҳбатлашгим келаяпти, тўғрисини айтсам, ҳозир кимгадир кўнглимни бўшатмасам, «тарс» ёрилиб кетадигандайман. Ичганга ўхшайсиз дейсизми? Нега секин айтасиз, бақириб айтинг. Ичганман, тўйиб ичганман, беш йилдан бери тўйиб ичаман. Буни юзимга қарасангиз, дарров сезасиз. Куйган чарм дейсиз. Юзим эмас, юрагим куйиб кетган, куйган ковушга ўхшаб қолган. Ўзим ҳам мисоли ғижимлаб ташланган қоғозман. Ҳаёт мени ғижимлаб ташлади, биродар. ғижимлаб-ғижимлаб, сўнг мана шу хиёбонга отиб юборди. Кўнглим куйганидан ичаман, ҳаётим несту забун бўлганидан ичаман. Қўлларимга қаранг, кимнинг қўлларига ўхшайди? Зиёли одамнинг дейсизми? Тополмадингиз, биродар, қотилнинг қўлига ўхшайди. Бу қўллар қотил қўллар, ўз фарзандини бўғиб ўлдирган қўлдир. Нега юзингиз оқариб кетди, қўрқиб кетдингизми? Афтидан, тагли-тугли одам бўлсангиз керак, келинг, сизга тақсирим деб мурожаат қилай. Олис замонларда яхши одамлар бир-бирларига тақсир деб муомала қилишаркан. Сизга ёқдими? Хурсандман. Шундай, тақсир, бу қотил қўллар. Сизга мана шу қотиллик ҳақида гапириб бермоқчи эдим. Бўшман дейсизми? Жуда яхши. Ҳаёт, сизга айтсам, тақсирим, тавқи-лаънат тўшагидир. Момоҳаво билан Одам отанинг гуноҳи нимада биласизми? Олма ўғирлаганликда? Билмабсиз, тақсирим, иккаласининг айби шундаки, улар ер юзида гуноҳкорлар, тавқи-лаънатга учраганлар наслини пайдо қилди. Мана шу уларнинг катта гуноҳи. Одамзодни яратмаслик керак эди. Парвардигор одам билан бирга гуноҳни ҳам ер юзига экиб қўйди. Биз ҳаммамиз лаънатга маҳкум этилганлармиз.
Ёмғир ёғаяпди? Ўтиб кетади. Ёмғир барибир гуноҳларимизни ювиб кетолмайди. Қаранг, ер ҳиди келиб қолди. Мен ёмғирдан кейин шу ҳидни яхши кўраман. Тақсирим, кечалари менинг тушимга жалалар кириб чиқади. У ойлаб, йиллаб ёғаётган бўлади — ҳаммаёқ сувга тўлиб кетади, шаҳарлар сел остида қолади, ер юзи ғарқоб бўлади. Бу гуноҳ селлари, тақсирим, гуноҳ ёмғирлари, бу ёмғир ҳар кеча мени бир марта чўктириб ўлдиради ва мен яратган олдида тавба қила бошлайман. Ул олий ҳилқатнинг жамолини кўриш учун ўзимни ҳозирлайман, айрилиқ пардалари кўтарилгунча, кўзларимни висол юлдузлари қамаштиргунча уйғониб кетаман ва шунда дунё яратгандан бери уни жизғанак қиламан деб, ҳар тонг аҳд қилиб чиқадиган, лекин ҳар кечқурун умидсиз сўнадиган қуёш кўзларимни қамаштириб турган бўлади. Мен шундай пайтда кўзларим кўр бўлиб қолишини истайман. Биласизми, тақсирим, ўша олис тушимда бир куни узоқларда қизғиш туман қоплаган оқшом пайти сел гирдобига чўкиб кетган бир одамни кўриб қолдим, чўкаркан, у жон ҳолатда қичқирди — унинг қичқириғидан тушимнинг деворлари зириллаб кетди, сўнг у кўпириб оқаётган тим қора лойқа остида кўринмай қолди. Мен унинг абадий чўкиб кетганини англадим — ўша чўкиб кетган одам мен эдим, тақсирим, сиз кўриб турган ва ҳар куни гуноҳкор, қуёшни олқишлаб уйғонадиган шунчаки жасад, ўша чўкиб кетган одамнинг қичқириғи, холос. Йўқ, мен эмас, бутун одамзод нафрат тўла қичқириқ. Сизга кўнглимни очаяпман, тақсирим, фақат сизга. Гапларим эриш туюлаётгандир, бироқ мен одамзоднинг анови чуркун хазонлардай чириб бўлганини сизга айтиб қўймоқчиман. Унда на ният қолди, на истиқбол. Гапларим китоблардагига ўхшаб кетаяпдими? Демак, ўша китоблар башорат қилиб ёзилган экан. Мен ҳам сиздай навқирон пайтларимда ҳаёт нақадар гўзал деб ўйлардим. Энди эса, ҳаёт заҳар бўктирилган чиройли кулчадан бошқа нарса эмас, дейман, тақсирим.

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.