Чорбоғда Ёдгор жарчини танимаган одам йўқ. Кичик бир қишлоқда ҳамма бир-бирини танийди-да дерсиз. Йўқ, уни аввал овозидан танишади. Гулдуракдек овозини эшитган ҳайбатидан от ҳуркадиган одам бўлса керак деб ўйлайди, аммо у жиккаккина, серҳаракат чол. Кампири Рўзихол момо ундан иккита келади. Айтишларича, Рўзихол момо ҳам уни овозини эшитиб яхши кўриб қолган экан. Овози уни элга танитди, боқди. Қишлоқда тўй борми, жанозами, ҳашарми, кимни моли йўқолган, ҳаммасини жарчи биринчи билади, касбининг тақозоси-да. Юввошгина кулранг эшагини миниб қишлоқ оралаб “ Бугун фалончибойникига тўйга-ҳоооо” ёки “туси қора пешонасида оқи бор говмишни кўрган борми, ҳооо, айтганга суюнчиси бор”, деб бақириши билан ҳамма ҳушёр тортади. Айниқса, болалар уни яхши танишади. Ишининг юришиб кетиши ҳам шуларга боғлиқ. Чунки улар биринчи бўлиб кимнинг молини қаерда кўришганини айтишади, тўй ёки маъракани ота-оналарига етказишади. Шунинг учун у “ишга чиқишидан” олдин чўнтагини туршак, майиз, ёнғоққа тўлдиради. Болалар ҳам ўрганиб қолишган, унинг товушини эшитиши билан югуриб келишади. Ёдгор жарчи улар билан эринмай эшакдан тушиб катталардек қўл бериб кўришади, сўрамасиданоқ болалар кўрган-билганини айтишади. Топилдиқ топилгач эгаси белбоғми, каллапўшми, товуқми, атаганини беради. Ҳатто бир марта бир қўзи ҳам ташлаб кетишган. Ўшанда бундай бўлган. Қишлоқдаги Файзи чопағоннинг улоқчи оти йўқолиб қолди. Кўплар унга харидор эди, ўғирлаб кетишди, деб ўйлашди. Чиқмаган жондан умид деб Файзибой Ёдгор жарчининг олдига келди:
— Бобо, от топилса бир қўзи сизники, ён қишлоқлардан ҳам суриштиринг, кўрган-билган бордир.
— Ҳа, улим, умидингни узма, — далда берди Ёдгор жарчи.
Эртаси томоғи оғриб турган бўлса-да бир тухумни ютдию эшакка минди. Суюнчиси учун эмас, Файзининг аҳволига ачинганидан жўнади. От эгасининг ори-да, нима бўлсаям топилсин. Ўзиям икки кун қишлоқ оралаб чақирди. “Ўзи қора от, олд оёқлари оқ, лақаби Камар. Кўрган борми ҳооо, топганга суюнчиси бор ҳооо”. Иккинчи куни Қорабўйин қишлоғидан ўтаётиб яна айтди. Шунда бўйи баланд, қорачадан келган, қалин қош толалари кўзининг устига тушган бир тожик йигит олдига келди.
— Амаки, бўлди қилинг, от меникида. Ўғирлаганим йўқ, бизнинг байталнинг орқасидан эргашиб келибди, қамаб қўйдим. Эгасига айтинг, олиб кетсин.
Ёдгор жарчи хурсанд бўлиб, эшагини йўрттириб ортига қайтди. Эртаси кечга томон Файзи чопағон ваъда қилган қўзини йилқига ўнгариб келиб дарвоза қоқди. Жарчи “йўқ” десаям олмасангиз хафа бўламан деди. Шунгаям тўрт-беш йил бўлди. Ҳозир ўша қўзичоқдан тўраган қўйлар ўнтага етиб қолди.
Ёдгор жарчи эшагининг тўқимини ечаётиб, хаёл суриб ошнаси, маҳалла оқсоқоли Бобоқул келганини пайқамай қолди.
— Ҳа, Ёдгор, эшагингга қараб, улоққа чиқсам деб ўйлаяпсанми? — ҳазиллашди у.
— Кел, қани оқсоқол, — жарчи ошнаси томон юра бошлади. Салом-алик қилгач ҳазиллашди, — тўй-пўйку қилаётганинг йўқ, биламан, молинг йўқолган-ов, бўмаса ўзингдан билиб йўқламайсан.
Ёдгор жарчи оқсоқолнинг ташрифини ўзича шундай тусмоллади.
— Нафасингни шамол учирсин, молимни топиб бир нарсалик бўлай деб ўйлаяпсанми, хомтама бўма, ҳашарга айтиб чиқдим. Эртага бир хизмат қиласан, ёшу қари ҳаммани чақирасан. Кечаги селдан кейин лойқа ҳовузларни тўлдириб ташлади, шуни тозалаймиз, чойхона атрофига беш-ўн туп ниҳол қадаймиз. Бир кун ўлсанг, болалар бу жарчи бобоям юрган экан-да, ўкириб демасин. Эсласин-да сени ҳам…
Чоллар кулишди. Сўнгра оқсоқол давом этди:
— Кенжангни ҳам олиб чиқ, ҳашарчиларга чой-пой ташиб туради, қани ўзи, кўринмайди, — у ёқ-буёққа аланглади оқсоқол.
— Қўйларга ўт ўраяпти, — Ёдгор чол шундай деркан, нос қовоғини олиб кафтига қоқди.
— Майли, мен борай, омин! — юзига фотиҳа тортди оқсоқол.
— Ҳа, дарров қўзғаляпсан? — Ёдгор жарчи жўрасини ўтиришга ундади.
— Уйдаги кетмон-петмонларни қарайин, эртага керак бўлади, ўзинг ҳам опчиқ.
Ёдгор жарчи жўрасини кузатиб келиб, ҳовлида тимирскиланиб юрган кампирини чақирди.
— Турсунтош, буёққа қара,
— Ҳа, ошнангиз дарров кетибди?
— Эрта ҳашар экан шуни айтгани кепти. Кенжага айт кетмонларни топиб қўйсин.
Кенжа деганлари чол-кампирнинг танҳо қизи Турсунтошнинг ўғли. Бобо-момоси билан яшайди. Кампири иккаласи уч фарзанд кўрди, аммо иккитаси пешоналарига сиғмади. Кампири, кўп эслайди, бачаларим бўлимлигина эди, кўзиккан, ҳали ҳам иккиси кўз олдимда турибди, дейди йиғлаб. Қизи Турсунтошдан кейин бошқа фарзанд кўришмади. Худога шукур, ҳозир бешта невара бор. Уч ўғил, икки қиз. Куёви билан қизи кичик ўғлини чол-кампирга беришди. Рўзихол момо кенжани бир яшарлигидан катта қилган. Кенжа, Кенжа дейвериб чол-кампир унинг асл отини ҳам эсидан чиқариб юборишган. Бир гал кампири қизидан Кенжанинг оти нима деб сўраганда, Самариддинми, Қамариддинми деганди, эсида қолмади.
— Барибир айтишга тилим келишмайди, кичкина бўлгандан кейин ўз оти ўзи билан Кенжа-да, — деди қизига.
Эртаси Ёдгор бобо саҳар туриб мол-ҳолга қаради, эшакка тўқим уриб йўлга тушди. “Маҳаллага ҳашарга ҳоооо, белкурак, кетмон билан чиқинглар ҳоооо”, дея қишлоқни бир айланди. Сўнг уйга келиб чойини ичди, қўра деворига суяб қўйилган белкурак билан кетмонни олиб, тушликка бўғирсоқ қилиб, чой билан Кенжадан бериб юбор деб кампирига тайинлади-да кўчага чиқди.
Маҳалла чойхонасига ўн-ўн беш чоғли одам йиғилган, Бобоқул оқсоқол нима иш қилишни тушунтираётган экан.
— Аввал ҳовузни тозалаймиз, кейин кўчат ўтқазамиз, дарахтларниям оқлайсилар.
— Оқсоқол бобо, сизлар гурунг бериб турсаларинг бўлди, иш ўзимиздан ортмайди, — дейишди йигитлар.
— Ёдгорбой, — оқсоқол жўрасига ўгирилди, — эл оралаб кўп юрасан, ўзинг энди буларни зериктирмай турасан-да. Яна лақиллаб ишларманнинг белиниям совутиб ташлама. Иш ўзингга қолади кейин.
— Мен нимани айтаман, Бобоқул, ёшларга бизнинг гурунглар қизиқ бўмайди.
— Бўлмаса ўзингдан кўр, Ёдгорбой, сирингни очаман энди, — кулиб гап бошлади оқсоқол. Ёдгор жарчи ошнасига қараб чимирилди:
— Биз ҳам бир нималарни биламиз, мен-ку бир бақироқ, сен оқсоқолсан, ўзингга қийин бўлмасин…
Гапга маҳтал ёш-яланг икки чолнинг гап-сўзидан кула бошлашди.
— Билганингни қил. Сендан қўрқадиган жойим йўқ. Ҳа, йигитлар, ҳам иш бўлсин, ҳам гурунг. У вақтларда биз ҳам сизлардай бўз йигит эдик. Маърифбой жўрамизнинг тўйи куни юзта-юзта олиб уйга қайтдик. Салтанглашиб кўчадан келаётгандик. Салим боди бор-ку, мулла Салим боболаринг, шул “Келинглар жўралар, кимнинг нима орзуси бор айтиб, шу кеча дуо қилайлик, орзуларимиз амалга ошсин” деб қолди. Ўзинг пиён бўлсанг, қоламасига боди бўлсанг — дуонг қаергача боради дейдиган одам йўқ.
Оқсоқолнинг гапи шу ерга етганда Ёдгор жарчи пиқиллаб кула бошлади ва “гапиравер” дегандек жўрасига имо қилди. Оқсоқол давом этди.
— Шундай қилиб баримиз орзумизни айтиб кетдик. Мен “военний” бўлишни, Салим урушда йўқолган отасининг қабрини топишни орзу қилишини айтди. Навбат Ёдгорбойга келди. “Жўралар, мен шу телевизорда чиқадиган чиройли диктир қиз бор-ку, шунинг қўлидан бир пиёла чой ичишни орзу қиламан” деди. Бу писмиқда гап кўп экан, кайфчиликда тилидан тутилди. Жўралар баримиз ўртага олдик, эртага тандир кабоб қилиб берасан, бўлмаса хотинингга айтамиз, Рўзихол бу гапни эшитса сени девордан ошириб отади дедик. Ёдгорбой рози бўлди, эртаси мазза қилиб тандир едик.
Ҳамма гуриллаб кулиб юборди.
— Ёдгор бобо, орзу амалга ошдими, — ҳазиллашди қўшниси Шомирза.
— Ҳўв, Мирза, кўзингга қара, оёғингни чопиб ташлайсан ҳозир. Бировнинг орзуси билан нима ишинг бор.
Тағин кулги такрорланди. Шу куни ҳазил-ҳузил билан анча иш қилинди. Қариб, аксар шохлари қурий бошлаган тутни илдизи билан йигитлар қўпориб олишди. “Сумалакка ишлатамиз” деб келишиб ҳам олишди.
Уйга келгач, Кенжа момосига бу гапни етказган бўлса, ҳў орзунгизга деб қолса керак, хаёлидан ўтказди Ёдгор жарчи. Аммо кампирининг қош-қовоғи жойидалигини кўриб невараси ҳеч нима айтмаганини билди. Кечқурун ухлаётиб негадир диктир қиз ёдига тушиб кетди, уям қариб кампир бўлиб қолгандир, қизиқ, ҳозир ҳам чиройлимикин?! Юз-кўзиям эсида қолмабди.
Ёдгор чол ёмғирда намиқиб ҳали қуримаган супа лабига ўтираркан, бугунги йигитларнинг ҳам бир кун келиб кексайишини хаёл қилди ва беихтиёр титраб кетди: ҳаёт дегани бир паслик маҳалла ҳашаридай гап экан-да, асли. Қуриб, қариганини кесишади, қўпоришади. Ўрнига янгисини экишади.
Чолнинг кўз ўнгида ағдарилган тут намоён бўларкан, томорқадан бебош бузоқчани судраб чиқиб келаётган Кенжага боқиб ўтирарди, аммо уни кўрмасди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 22-сон