– Ассалому алайкум, Уста тоға, таъни жонингиз соғми?
– Ваалайкум ассалом! Ие-е, ие-е, келинг, Тўрабой келинг. Шукр, яхшимиз, ўзингиз тузукми?
– Оллоҳга шукр. Шу десангиз сиздан суюнчи олай, деб келгандим.
– Хўш, хўш?..
– Неварали бўлдим. Ўғил.
– Қани омин, умри билан берган бўлсин!
– Айтганингиз келсин. Бешигини ўзингиз ясаб берсангиз дегандим.
– Жоним билан, бешик сиздан айлансин.
– Нарх-наво дегандай…
– Йў-ўқ! Неча йиллик қадрдонмиз-а! Бешик мендан сизга суюнчи бўла қолсин.
– Ҳар ҳолда менинг ҳам биринчи неварам, ўзим…
– Унда тайёр бўлиши билан набирамдан дараклайман.
Тўрабой кетди. Вақтни ўтишини қара: бир вақтлар шу болага ҳам бешик ясаб берганди. Отаси ҳам одамшаванда эди-да. Яхши одамнинг фарзанди яхши бўлар, дерди отаси. Ҳа, Тўрабой ҳам одамохун. Илоҳим умри ўхшамасин.
Уста тоға қарийб ўттиз йилдан бери Файзобод маҳалласида туради. У кишини нафақат Файзобод маҳалласида, балки қўшни маҳаллаларда ҳам яхши танишади. Ҳунарини қадрлашади, ҳурмат-еътиборини жойига қўйишади. “Уста тоға” деб сўраб келишса, ҳамма билади; ўймакорлик билан ёғочдан ясалган жимжимадор дарвозани кўрсатишади. Қизиғи кўпчилик у кишининг исмини билмайди. Бу маҳаллага келиб, “Самад ака” нинг уйи денг-чи, бу ерда унақа одам яшамайди, таниганлар ҳам Самад деманг, Уста денг дейишади. Устами Уста, тамом вассалом!
Уста тоға ҳар замонда чуқур ўйга ботади. Асбобларни тутишга мослашиб кетган кафтларини очади: чизиқлар йўқолиб кетгандек теп-текис. Бармоқларида, тирноқларида қайси ранг эканлигини ажратиб бўлмайдиган алламбалолар кўринади. Мана шу қўлларда у ўтган салкам ўттиз йиллик умрини кўради. Ўзича сарҳисоб қилади. Ўттиз йилдан бери “ман-сан”га бормаган турмуш ўртоғи ҳам жуда оқила аёл. Эрига суянчиқ. Қишлоқ мактабида ҳамшира бўлиб ишлаган.
Уста тоғанинг кўнглини оғритадиган, дард деса дардга ўхшамайдиган нимадир бор: ўғиллари отасининг устачилик қилишини хоҳламайди. Улар ҳар доим: “Дада, йиғиштиринг шу тақ-туқ, ғар-ғурингизни. Бўлди, энди қарилик гаштини суринг. Кимсан, фалончининг дадаси уста деса, мен нима дейман”, дейишади. Уста тоғанинг жаҳли чиқса ҳам ўзини тияди: “Қариганда эрмак ҳам керак-да”,-деб қўя қолади.
Уста икки ўғлини ўқимишли қилди, қизини эса ўн саккизга кирар кирмас совчилар қистагани учун узатди. Нолимайди. Қудалари олижаноб инсонлар. Бир фалокат юз берди-ю, куёвининг давлат ишидан кўнгли совиди. Қайнотасининг қанотига кириб устачиликни ўрганди. Ўғилларини ҳам уйлантирди. Улар ҳозир бошқа шаҳарда, яшашади. Қизининг ўртанча ўғлини ота – онасига ўғил қилиб олди.
Мана ёзги таътил ҳам бошланди. Ҳадемай шаҳарлик неваралари ҳам қишлоққа келиб қолишади. Бобосига қизиқиб ёғочсозликни ўрганишади. Шаҳарнинг болалари-да – тили бийрон.
– Бобо, бобоо, – дейди бир куни беш ёшли невараси.
– Ҳо-оо-ов.
– Бир жойда ўтириб шунча ишлаб, зерикмайсизми?
– Йўқ, зерикмайман, уста бўлиш дегани , сабрли бўлиш дегани, болам. Невара жавобни ҳам эшитмай, бобоси ясаб берган ёғоч “тойчоқ”ни миниб югуради.
Бир ҳафта ўтиб Тўрабой раҳмат айта-айта бешикни олиб кетди.
Бир куни ўғиллари келди. Хурсандчилик устига хурсандчилик. Барибир дийдор яхши-да. Кечга ўчоқда ош дамланди. Ўзи ясаган чорпояга жой солдирди. Алламаҳалгача ўғиллари билан суҳбатлашиб ўтирди. Тўнғич ўғли шундай деди:
– Дада, яқин-орада сизга биронта одам бешик ясаттирдими?
– Ясатди. Ўтган ҳафтада Тўрабойга ясаб бергандим. Невар… – отанинг гапи оғзида қолди.
– Ундан бошқа-чи?
– Тинчликми, ўғлим?
– Ҳами, йўқми, дада?-, деди ўғли жаҳл аралаш.
– Ҳа, ҳа, бир ёшроқ одам келганди. У буюртма берди, лекин олиб кетмади…
– Сиздан нималарни сўради? – шошиб гапирди ўғли.
– Онанг синглингникида эди. Куёвингни бозорга жўнатгандим. Ўғли ҳам хархаша қилиб бирга кетди. Уйда ёлғиз эдим. Болаларингиз йўқми? – деб сўради. Мен сизларни айтдим.
Ака – укаларнинг нигоҳи бир-бирига тўқнашди. Боядан бери жим ўтирган кичик ўғил гапга қўшилди:
– Келиб-кетган ўша одам акамнинг қўл остида ишлайди. Бошлиғимиз отасини қаровсиз қолдирибди, ёлғиз ўзи чекка қишлоқда устачилик қилармиш, деб жавраб юрибди. Шу ишингизни бас қилиб биз билан кетсангиз. Ҳовли муаммо бўлса, синглим билан куёвингизга қолдириб кетинг. Куёвингизнинг ўзи ишингизни давом эттиради. Энди фарзандларингизнинг роҳатини кўринг, невараларингизнинг ёнида бўлинг, деймиз.
Отанинг юраги шу ҳовлини ташлаб кетишини ўйлаб зирқиллай бошлади.
– Болаларим, қўйинг одамларнинг гапини, улар оғзига келганини айтади-да. Мен хўп десам ҳам онанг кўнмайди….
У шундай дейди-ю, ўгиллари билан бирга яшашни ўзи ҳам жуда хоҳлайди. Ўғилларининг гапида ҳам жон бор. Тунов куни чойхонада ўтириб яна шу гапни эшитди:
– Уста, ўғилларингизни уйли-жойли қилиб ўзингиз сўппайиб қолибсиз-да, a? – дейишди мўйсафидлар.
Кампир эса … ҳар куни эски ғийбатнинг янги – янги кўринишларини эшитади. Ундан ташқари, данагидан мағзи ширин, деганларидай невараларини эркалаб, уларни бағрига босишни хоҳлайди. Қизининг ўғли-чи, дерсиз? Ўғилники ўғилники-да! Аслида, Уста тоғанинг хотини устадан олдин шаҳарга кетишга қарор қилган эди. Начора, ўзбекчилик , ота-она фарзандини қариганимда суянчиқ бўлади, деб яхши ниятда вояга етказади.
* * *
Эрта куз. Яна салқин кунлар бошланди. Булутли, ёмғирли ҳаволар. Хазонрезги. Уста тоға икки ойдан бери шаҳарда. Уч кундан бери шифохонада. Шаҳарга келгандан бери сиқилади. Ёрилиб кетай дейди. Шукр-ки, келинлари ҳам хотинига ўхшаб меҳрибон, ақлли, қайнона келинлар ҳеч қачон келишмай қолишмайди. Бечора хотини ҳам неча кундан бери ёнида, ёлғиз қўймайди… Фақат, қулоқлари ҳар доим эшитадиган тақ-туқ овозларни соғинган. Йўқ, унда ҳеч қандай касаллик йўқ. Шунчаки, бекорчиликка кўниколмаяпти. Қанча – қанча дорилар ҳам бефойда. Охирги чора: хотини билан қишлоққа қайтиш! Устачилик қилиш… Эсидан чиқиб кетмаганмикан…. Аммо буни иложи йўқ. Ўғиллари алсо йўл бермайди.
Орадан уч кун ўтди. Шифокорлар, вазият яхшиланмаётганлигини, қаттиқ сиқилиш борлигини, аҳвол шу алфозда кетса, юрак хуружи келиб чиқиши ҳақида огоҳлантиришди. Яхшиси, оталарингни қишлоққа қайтаринглар, дейишди.
Эртаси куни тушга яқин қишлоқдаги барча устачиликка тегишли нарсалар, асбоб-ускуналар юк машинасида олиб келиниб, катта ҳовлининг бир томонидан жой ажратилиб жойлаштирилди. Уста тоғанинг яна устачилик қилиши учун шароит ҳозирланди.
Кечга яқин кичик ўғли дадаси ва онасини машинада олиб келиб, дарвоза ёнида қолдириб, дарров қайтиб келишини айтиб, кетди. Келинлари очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Овқат тайёрлигини айтишди. Аммо маъюс нигоҳлар билан Уста тоға ва хотини ўзлари учун ажратилган уйга кира бошладилар. Уста тоға остонада қаққайиб қолди. Не кўз билан кўрсин-ки, невараси ўзи ясаб берган “той” билан ўйнаб ўтирибди:
– Болам, буни сенга ким берди?
– Бобо, бобо, аям бобонгга сурпризимиз борлигини айтма, дегандилар…
Уста дарров ошхонага ўтди. Ошхонанинг ўртасида ҳам ўзи ясаган хонтахта турарди. Уста ҳовлига чиқиб разм солди. Боя эътибор бермаган экан… Ошхонага қайтиб кирди. Катта келини:
– Дадажон, ўғлингиз ўзим борсам айтаман дегандилар.
Уста тоға ҳаяжонланиб гапирди:
– Қизим, мени анави қиммат-қиммат дориларинг эмас, халқнинг дуоси даволайди, асрайди.
Уста тоға келинининг пешонасидан ўпаркан:
– Мен бешик ясашим керак, – дея ишга шўнғиди. Хотини эса хурсандчиликдан ич-ичига сиғмай неварасининг қўлидан ушлаганча эшик ёнида турарди. Келин уялиб ошхона томонга йўналди…
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси
2014 йил 14 ноябрь, №46 (4289)