Нафиса Тоштемирова. Амалия (ҳикоя)

Юрагим эзилиб кетди, ёрдам бер…
Замонавий қўшиқдан
Кабутар узоқ учади. Осмонни ёргудек кўкка интилади. Чарх уриб айланади. Атрофидаги тўрт – бешта та кабутарлар билан ноз-ишва қилиб рақсга тушади. Тепага қараб бўйним оғриб қолади. Кўзларим толади. Шу пайт кабутарлардан пастроқда бир-бирини қувган қалдирғочлар шиддат билан учиб ўтади. Кабутарлар ногаҳон унга эргашади… Узоқ чалинган ҳуштакнинг овози эшитилади. Ҳуштак қайта-қайта чалинади. Оппоқ кабутарлар пастга шўнғийди. Дарахт шохида кукулаётган мусичага ғайирлиги келади. Кабутарлар кабутархонанинг эшиги олдига қўниб, бирин – кетин кира бошлайди… Қалдирғочлар яна учиб ўтади. Мусича кўзларини пирпиратганча ҳамон кукулайди….

* * *

Меҳрибонлик уйи. Байрам. Чанқайман. Кимдандир сув сўрашга истиҳола қиламан. Ичкарига йўналаман. Чап қўли ўралган, бўйнига бинт билан осиб қўйилган (менимча, қўли синган бўлса керак) қизча ёнимга келади:
– Опа, мени ўз онам олиб кетади, -дейди, жудаям паст оҳангда. Яхши тушунмасдан “Ҳа” деб қўяман. Сув ичгим келади.
– Қаердан сув ичсам бўлади?, – дейман.
Гапирмайди. Зал бўйлаб юриб кетади. Ортидан эргашаман. Ўгирилиб қараб-қараб қўяди. Кўзларим кўзларига тушади: яшил, ям-яшил, катта-катта. Бурунчаси қирра. Юзчалари оппоқ, қошлари ва сочлари сарғиш. Ўзбекка ўхшамайди. Ташқаридан сухандон қизнинг болаларга атаб ўқиётган шеъри эшитилади. Хаёл билан тўхтаб қолган қизчага уриламан.
– Шошманг, кутиб туринг, пиёла олиб чиқаман, – дейди.
– Кечирасан…-дейман ўзимни айбдор ҳис қилиб. Ортимга қарасам жигарранг гиламга оёқ изларимни қолдириб келибман. Биров кўрса койийди деб хижолат бўламан. Қизчанинг қайси эшикка кирганига эътибор бермайман. У ўнг томондаги иккинчи эшикдан қўлида пиёла билан чиқиб келади. Сув ичиш учун залнинг охирига борамиз. Менга сув олиб бермоқчи бўлади-ю, бир қўли билан қийналади. Қўлидан пиёлани оламан…
– Раҳмат!
– Арзимайди, – дейди ўзига хос ғамгин оҳангда.
Чанқоғим босилади.
– Опа, мени онам олиб кетади-аа? – сўрайди у. Қизчанинг гапига энди тушунаман. Юрагим зирқиллайди.
– Ҳа, онанг, албатта, олиб кетади.
– Ўзимники-аа?
– Ўзингники,- деб юпатаман!
Байрамни томоша қилиш учун ҳовлига чиқаман. Қизча ортимдан қараб турганини сезсам-да, қарамайман. Негалигини ўзим ҳам билмайман. Ташқарида кайфият юқори. Ҳамма болаларнинг юзлари (!) кулган. “Бир саволга бир жавоб, бир жавобга бир совға” ўйинини ўтказаётган дугонам бир болакайни чақириб савол беради:
– Исмингиз?
– …Эшитмай қоламан.
– Агар сизда сеҳрли қалпоқча бўлганда нима қилган бўлардингиз?
– Ҳаммага яхшилик қилардим. Жўраларимни ўзим билан бирга олиб кетардим. Орқада ўтирган тарбиячи қўлидаги рўмолчаси билан болакайни урган бўлади. Ҳамма кулади, қарсак чалади. Байрам давом этади. Саҳнага энди – энди эътибор бераман. Атрофни кузатаман. Ранго-ранг шарлар, байроқчалар. Қоғоздан маромига етказиб ясалган қалдирғочлар, гуллар. Иккинчи қаватнинг деразасига кўзим тушади. Бояги қизча. Тепадан туриб байрамни томоша қилади. Болалар замонавий қўшиққа жўр бўлади. Қулоқ тутаман.
– Юрагим эзилиб кетди, ёрдам бер, ёрдам бер….
Болажонларнинг ҳаммаси , ҳа, ҳа, ҳаммаси қўшиқнинг айнан шу қаторини жон-жаҳди билан баланд овозда куйлайди:
– Юрагим эзилиб кетди, ёрдам бер, ёрдам бер….
Булар юрак эзилиши нималигини тушунармикан… Бир бола туриб дарвоза томонга йўналади. Тарбиячи кўриб қолиб тўхтатади:
– Қаерга?
– Онам келаяпти экан…
– Ким айтди?
– …Бола сўзсиз. Ортига қайтади. Яна иккинчи қаватга қарайман. қизалоқни “кел” чақириғини қилиб қўлим билан имлайман. У парда ортига йўқолади. “Келармикан?” деб кўнглимга ҳадик оралайди… Кимдир қўлимдан ушлайди. Қизалоқ. Ҳа, у чиндан ҳам чиройли, истараси иссиқ. Аммо болаларча беғуборлик йўқ. Ростдан ҳам у чизилган суратга ўхшайди. Суратнинг жони бўлмайди. Четроққа, дарахтнинг тагига қўйилган чорпояга ўтирамиз. Суҳбатга киришамиз.
– Ёшинг неччида?
– 2 ёшда, 9 синфман дейди-да адашганини сезади. Дарров хатосини тўғирлайди: 9 ёш, 2 синфман. Пастга қарайди.
– Байрам сенга ёқяптими? Бошини сарак-сарак қилиб йўқ ишорасини қилади.
– Опа, дейди, эркаланиб бирдан.
– Ҳа?
– Сиз ҳам менга совға берасизми?, – деб қулоғимга пичирлайди. Чорасиз қоламан. Жамоа бўлиб ҳамага совға олиб келибмиз-у, ўзим… Хаёлимга ҳам келмабди.
– Хўп, нима берай?
– Менда йўқ нарса.
Сумкамни очаман. Хилма-хил ручкаларимни узатаман.
– Керакмас, дейди. Елпиғичимни бераман. Бош ирғайди. Пинжимга тиқилади. Дафтар китобдан бошқа ҳеч нарса тополмайман.
– Музқаймоқ ейсанми? У шундоққина кўзларимга қараб, яна “йўқ” ишорасини қилади.
– Хўп, нима берай? Жимлик чўкади. қўли билан “Меҳрибонлик уйи”дан узоқроқда жойлашган дўконни кўрсатиб:
– Ўша дўконга бориб келай, -дейди ялингансимон.
– Нима қиласан?
– Музқаймоқ оламан.
– Юр, бирга борамиз?
– Йўқ, ўзим бораман! Мен у дўконга борадиган йўлни биламан!
Нима қилишни билмай қоламан. Тарбиячи опадан рухсат олишга ҳаракат қиламан. Тарбиячи:
– Ҳар ернинг ўз қонун-қоидаси бор, деб қизчани судраганча ичкарига кириб кетади. Секин ортидан кираман. Пиёла олиб чиққан хонанинг эшиги ёнига бораман. Қўшни хонада кир юваётган икки опа:
– Кимни излаяпсиз? Бу ерга кириш мумкин эмас!, – дейишади.
– Чанқадим, – дейман бошқа баҳона йўқдай. Зўрма-зўраки сув ичаман. қизчани тополмайман.
Ташвишларимни ўйлайман. Ўқитувчимдан рухсат олиб кета бошлайман. Қизчанинг чиқишига йўл бермайдиган дарвоза мени шундай қўйиб юбормоқчидай. Тўхтайман. Ўйга толаман. Кўзларимга ногаҳон ёш келади. Кимдир узоқдан опа деб чақиради. Қўлини маҳкам ёпиб олган қизча келади, қисимчаси ичида нимадир бор:
– Бу сизга, очинг.
– Кўзмунчоқ… Ҳайратланаман. Лекин нега? У мени тушунгандай:
– Кўз тегмаслиги учун, -дейди. Қўлидан ушлаб етаклайман. Тўхтатади. Ёнимиздаги қоровулга ва тарбиячига қараб қўяди. Дарвоза ёнида эканлигимиз эсимга тушади.
– Бу ерга яқинда келган, – деб шипшийди тарбиячи.
– Теша ака, (каттароқ болалардан бири) боя келганингизда, сизни кўрсатиб, сени олиб кетади, деганди. Сиз кетаверинг, ўзимнинг онам келади,- деб бир қўли билан мени қучоқлайди. Болалар уни алдаганини сезаман. Кетмоқчиман-у, у ҳақида кўп нарса билгим келади. Қучоқлаб юзчасидан ўпаман. Қизиқ, нега шу пайтгача унинг исмини сўрамадим.
– Исминг нима?
– Амалия!
– Русми, татарми?,- сўрайман тарбиячидан. Бўйним секин бўшалади. Қўлча пастга тушади.
– Ўзбекман!,- қизча ўксинади. Титраб кетаман. У ортига қарамай ичкарига югурганча кириб кетади. Мен ундан билиб – билмай меҳримни тортиб оламан. Хўрсинаман. Кўзларимга ёш қалқийди. Кетаман….
Амалияни ҳар кун кўргим келади…

* * *

Кабутарлар кабутархонанинг у бурчидан бу бурчига айланиб юради. Кабутархона кенг. Эшиги бор! Эгаси бор!
Қалдирғочлар осмоннинг у бошидан бу бошига етолмайди. На эшиги бор, на эгаси.

* * *

– Қизим, қўлингга кўзмунчоқ тақиб юр, -дейди онам. Ўзимникини эмас, Амалия берган кўзмунчоқни тақаман. Уни яна эслайман. Июл, август, сентабр, октабр… 4 ой. Узун йўлакдан хазонларни босиб бораман. Қаршимдан бир аёл ва елкасига папка осган қизча келади. қараб-қараб индамай ўтиб кетаман. Қаерда кўрганимни эслолмайман. Бирдан тўхтайман. Ортга қарайман. Анча узоқдаман. У эса қилт этмай менга тикилиб туради. Наҳотки, Амалия?! Ўшандан кейин “Меҳрибонлик уйи”га борганим йўқ. Юрагим дов бермади. Оёқларим қизча томонга юра бошлайди. Овозим етгулик жойдан “Амалия” деб чақираман. У югуриб келиб бағримга отилади. Мен унинг меҳр ва эркка тўлган кўзларини кўраман. Аёл қорачадан келган, кўзлари қисиққина эди… Лекин… Унинг онаси экан…

“Ер юзи” журнали, 2014 йил июль–август 4(8)-сони