Наби Жалолиддин. Худобехабар (ҳикоя)

Мени само тушунгайдир,
Сен, эй инсон, тушунмайсан.
Муҳаммад Юсуф

-Ҳа, Худо йўқ! -деб юборди у қўққисдан овоз чиқариб.
Сўнг қулоғига бир сукунат урилди. Ҳалигина ҳаммаёқни «висир-висир»га ўхшаш енгил шовқин қамраб турганиди-ку. Айтгандай, синфхонадайди-а. Кўз олдидаги хира парда кўтарилиб, рўпарасида ўн беш чоғли бола пайдо бўлди. Уларнинг барчаси ҳайратдан чақнаган кўзларини унга қадаб ўтиришарди. Нима бўлди ўзи? Нега болалар китоб ўқиш ўрнига унга тикилиб турибди? Худди қандайдир жумбоққа изоҳ кутаётгандай. Эслади: болаларга ҳар доимгидек дарсликни ўқиб ўтиришларини буюриб, ўзи бирпас синф журналига ёзган бўлди. Кейин хаёли чалғиди, нелар ҳақидадир ўйлади, ўзича мушоҳадалар қилди.
Бу тўққизинчи синф -кап-катта болалар эмасми, дарслик ўқиш қолиб, бир-бирлари билан гаплашишга тушиб кетишганди-да. У бунга кўникиб қолганмиди ёки ўйи чиндан ҳам ширинмиди, қулоғини ғажиётган шовқинга-да парво қилмасди. Шу асно… Ҳа-ҳа, орада нимадир деди. Овоз чиқариб айтди ўша гапни. Ниҳоят, беихтиёр айтиб юборган гапини эслади. Эслади-ю, ғалати бўлиб кетди -эти жимирладими, сескандими, шундагина болаларнинг нигоҳларидаги маънони уқди.
-Ҳмм… -деди дағал овозда.. -Домла кўрмаганмисанлар? Китобингни ўқиларинг!
Болалар бир-бирларига қараб олишгач, тағин «висир-висир»ни бошлашди…
У тарих фанидан дарс беради. Аслида болаларга дарс ўтишни яхши кўрарди. Лекин эндигина қирқ ёшга кираётганига қарамай, ишидан безди. Дарслик китобларининг ҳар йили янгиланиши жонига тегдими ёки бугунги гапи эртага ёлғонга айланаётганидан тарих асли ёлғон-яшиқдан иборат, деган фикрга келдими ва ниҳоят икки йилча бурун онаси қазо қилгач, дарсдан кўнгли қолди. Синфхонага киради, болаларга китоб ўқиб ўтиришни буюриб, ўзи синф журналини тўлдиради, гоҳо эса бир-икки болани турғазади-да, «сенга неча қўйиб берай», дея ҳаммаларига ўзлари айтган баҳони қўйиб беради. Ҳайтовур болаларда инсоф бор, яъни аълочиси -аъло, яхши ўқийдигани -яхши ва борингки, ундан нариси эса «ўлмагулик» баҳоларни сўрашади. Ҳеч бири ўз қурбидан ортиғини тиламайди. Шуниси қизиқ. Аммо биронтаси нега дарс ўтмайсиз, дея сўрамайди. Ўзбек-да. Эҳтимол кўча-кўйда ёхуд уйларида домланинг бу кўйини ўзларича муҳокама қилишар, бироқ юз келиб бир сўз айтмайди. Дарс ўтилмаслиги барча болаларга
хуш ёқади, дейиш ҳақиқатга зид бўлса-да, аслида уларнинг ўқишни жуда унақа хушлайвермаслиги рост. Мана, ҳозир ноябр ойи. Пахта терими эрта  тугаб, ўқишлар эрта бошланди. Лекин болаларнинг ўтириши манови – ўн ё ўн беш кишидан нарига  ўтмайди. Қўйингки, унга бу нарса ҳам таъсир қилгандир.
-Қани, -деди у даб-дурустдан ва бир неча боланинг фамилиясини айтиб турғазди. -Кимга неччи қўйиб берай?..
Мактабнинг елкаси букрига ўхшаб кўрингувчи қотма қоровули ўз ҳужрасининг олдида тураркан, худди бир иши бордай унга тикилди. Унинг «бўпти, бўмаса», дея бепарво ўтиб кетганини кўриб, «яхши боринг», деганча  қолаверди.
Авваллари у ишдан уйга қайтишни ёқтирарди. Дарслари тугади дегунча уйига югурарди, уйда онаси, хотини ва қизи орзиқиб кутаётгандай туюларди. Айниқса, онаси ҳамиша соғинадигандек, бирпас кўрмаса йиллаб кўришмагандек тутарди ўзини. Эҳтимол буни атайлаб қилмас, балки онажонининг жону жаҳони соғинчдан иборатмиди. Хотини бўлса… оддийгина қишлоқ аёли. Хотини уни севмасди, дейиш эриш туюлса-да, кўпда меҳри сезилмасди ва баъзи хатти-ҳаракатларидан аён бўлардики, унчалик тушунмасди ҳам. У она-боланинг гап-сўзларидан ўзи истамаган  ҳолда ҳайратга тушар, охири қандай тугаркин, дея кутиб яшарди. Қизчасини туғишда роса қийналиб, қайтиб фарзанд кўрмайдиган бўлиб қолгач ҳам бу феъли-хўйи ўзгармади.    
У эса онаси борлиги учун, тўғрироғи, онасини ўлмайди, деб ўйлагани, эҳтимолки онасининг ўлимини хаёлига ҳам келтирмагани учун битта фарзанд – ёлғизгина қизалоқ билан қолганлигига-да парво қилмади.
Ишдан кела солиб, ҳовлисидаги у-бу нарсаларга, биттагина ошинган туёғи -бузоғига қараб-нетган бўларди-ю, онасининг ёнига ўтириб оларди. Онаси билан гаплашиш унга жуда-жуда хуш ёқарди. Ё онаси дунёдаги борки нарсалардан бохабар, ёки суҳбатдошини ром қилиб оладиган сирли-сеҳрли нимасидир бор эди. Онаси кўп ва гоҳида мутлақо гапирмасди. Аммо унга суҳбатлашаётгандек туюларди. У майда-чуйда гаплардан тортиб, тарихга оид нарсалардан ва баъзан сиёсатдан сўзланиб қолса, онаси жимгина эшитар, ора-сира жавоб тариқасида айтган гаплари ўрнига тушгандай бўларди. Масалан, туркий сулолаларнинг ҳукмронлик даврларини ёки ҳар қандай тирик тузилма ҳужайра ва унсурларга, улар эса яна-да майдароқ унсурларга бўлинишини онаси билмаслиги мумкин эди. Лекин, наздида, улар ҳақида гапирилса, кўрпага манғиз қадашни билгани каби, ҳеч бир заҳматсиз тушунаётгандек кўринарди.
Энди эса ҳеч ким йўқлиги боис уйига ошиқмайди. Онаси оламдан ўтгач, хотини бир йилга ҳам чидамади, ҳе йўқ-бе йўқ ташлаб кетди. Ё домлавачча билан ёш умрини хазон қилишни истамади, ёки қайнонасининг қазосидан сўнг уйидан нимадир йўқолгандай бўлдими, эри индамасга айлангач, унинг онаси билан қиладиган ажабтовур суҳбатларини қўмсадими, қизини етаклади-ю, онасиникига жўнаворди. Хотинини ёқтирмаслиги ёлғон, аммо уйидаги тил-забонсиз бузоғи билан суҳбатлашиши мумкин эди-ю, бу бахтни хотинига раво кўрмасди. Эҳтимол у билан гаплашганда кўнглида ўзи истаган ҳаловат туғилмасмиди. Буни аёли ҳис қилди ва тўрва-халтасини кўтариб…
Дарвозадан хатлади-ю, қулоғига таниш ҳувиллаш урилди, куппа-кундуз бўлса-да, ҳовлиси қоп-қоронғидек туюлиб кетди. Аввалига хиёл тўхталиб, сўнг юриш малол келаётгандек одимлаб, лой сувоқли айвонга кўтарилди ва китоб-дафтарини сўрига ташлаб, ҳовлининг этак томонига юрди. Қайтишида бузоқнинг остидаги гўнгларни бети-ю сопигача гўнг тегиб, қотиб кетган кетмон билан тўплаб олиб ташлади. Бу юмушни ҳафсала билан бажарди ва «мол-пақир»ни кўтариб, қўлда чиқариладиган сув қувури -«качалка» олдига келди.  Сув чиқариб, бузоғини суғорди, ўт солди. Юз-қўлини ювди ва айвоннинг бир четида турган қўлбола плитани электрга улаб, чой қўйди. Ахир таомилга биноан нимадир ямлаб олиши керак-ку. Унинг тушлиги нима ҳам бўларди – чою нон-да… Сўрининг четига ўтириб, чойнинг қайнашини кута бошлади. Шу пайт дарсда айтиб юборган гапи миясига урилди. Тавба, нега у гапни айтди? Нима ҳақида ўйлаётувди ўзи? Чатоқ бўлди-да… Лекин эсини танибдики, Худони кўп ўйлайди. Файласуф бўл
иб кетади. Бир куни онасига шуни айтганди, ўша қишлоқигина кампир нима деди, денг. «Оллоҳни ўйлаш ҳам ибодат, болам», деди. Бунақа гапни ҳеч кимдан эшитмаганди ва ҳали ҳануз эшитмади. Шунинг учун онажони бўлакчайди-да… Худо йўқ эмиш!.. Шу гап ўзидан чиқдими? Ахир бир пайтлари…
Ўшанда институтни битириб, мактабга яқиндагина келган кезлари эди. Юртда шўронинг ақлпешалари қутуриб, қайта қуриш баҳона, ҳокими мутлақ фирқанинг фармойишларидан илҳомланиб, динга, миллий урф-одатларга ғорат сола бошлаган замон кечарди. Ҳатто эркаккепата хотинлар уйма-уй санқиб, келинларнинг сепига тушган кўрпа-тўшакдан тортиб, кўйлак-лозимларигача санаб чиқарди. Фирқанинг бошқа қиладиган иши қолмаганди, чоғи, югурдаклари эру хотинларнинг ётоқларигача бостириб киришарди. Ана ўшалар қишлоқдаги тарихи юз йилдан нарига борадиган, аслида кўмирхона-ю ахлатхонага айланган масжидга зийрак нигоҳларини олайтира бошлашди. Кўҳна масжидни бузиб, ўрнига дўхтирхона қурадиган бўлишди. Бунақа пайтда одатда ўқитувчилар тарғиботчига айланишади. У эса бир-икки имонпараст кексаларнинг гапи билан масжиднинг бузилишига қарши чиқди, йиғилишларда ошкора гапириб юборди. Шов-шувлар фирқа котибларигача етиб борди. Улар нима қилишарди, ишни энг аввало раҳбарларга дағдағадан бо
шлашади-да. Ўшандаям мактабда ҳозирги директор раҳбар эди. Яқиндагина лавозимли бўлгани учун фирқанинг кейинги мурувватларидан умидвор бўлиб елиб-югурарди. Унга «битта домлангни эплаб ололмасанг, нима қилиб ўтирибсан у ерда», дея дўқ уришди. Капалаги учиб, мажлис чақирди, тарих муаллимини бузғунчиликда айблади. Муаллим ҳам бўш келмади, кексаларнинг имзоси билан Тошкентга хат ёзди. Директор уни олдига чақириб, ялингандай бўлди:
-Сизга нима кераги бор шу ғалванинг? Аши чолдевор мачитни отайиз қурмаган-у!..  -дея бўғриқди.
-Аши чолдевор, билсайиз, қишлоғимизни тарихи, -деди у. -Бундан ташқари, чолларнинг гапига қараганда, мачит Худони уйи бўларкан. Худони уйини…                   
Директор йиғлагудай алпозда унинг гапини бўлди:
-Эй-й, сизи Худойизи  деб ишдан ҳайдалиб кетайми, ука!..
Фирқанинг куни битиб қолганмиди, Тошкентдан ўрис-ўзбек аралаш одамлар келди-ю, масжидни тарихий аҳамиятга эга, дея рўйхатга олиб кетди.
У директорнинг гапларини онасига айтиб берганда.
-Ашнақа дедими-я… -деганди онаси тавба оҳангида. -Ҳм-м… Худони ишларида ҳикмат кўп-да, болам. Аши дириктиринг саккиз ойлик туғилган. Ўзи етти ой, тўққиз ойлик туғилган боллар яшаб кетади, аммо, саккиз ойлиги ўлади, дейишади. Дириктирингни ўлмай қоганида гап бор экан-да…
Ўша йили уйланди. Ана энди аламзада директорнинг боплаб ўч олганини кўрсангиз эди. Унинг исломий никоҳ ўқитганини «фош этиб», фирқа ташкилотига «сигнал» ёзди. Ўшанда ўқитувчиларга ҳам шаръий никоҳ ўқитмаслик тўғрисида махфий топшириқлар берилган экан, уни мактаб жамоаси ўртасида муҳокама қилиб, комсомол сафидан ўчирдилар. Хайриятки, комсомолу фирқанинг ҳам ва ҳатто уларга паноҳ давлатнинг ҳам паймонаси тўлиб, замон бир эврилди-ю, жони омонда қуёшли кунларга чиқиб олди. Онаси яна сирли жилмайиб, ўғлини нигоҳи билан донишмандона эркалади-да, деди: «Яхшиям замон айланди, болам, бўмаса, сенинг номингдан «Худога ишонмайман», деб ёзишиб, суратингминан газитага чиқаришарди».
Плитадаги сув қайнади. Хаёли бўлинди, эриниброқ ўрнидан туриб, уйдан чойнак ва пиёла олиб чиқиб, сувда чайди ва шама аралаш сувни айвондан нарироққа сочди. Чойнакни қайноқ сувда ҳам чайди-да, чой дамлаб, плитага қўйди. Бироз доғланса жуда ўтади-да. Яна уйга кириб, яримта суви қочган нон кўтариб чиқди ва тахтадан ясалган пастак қўлбола ўриндиққа ўтирди. Хотини шунда ўтириб, кир юварди. Унда ҳовлининг четидаги олма остида ётарди. Хотини бўлмагач, унақа ҳафсала билан кир ювиш қайда, уст-бошиниям ўзи апил-тапил мижғилаб олади. Шунинг учун ўриндиқ ҳозир плита ёнидан жой топган. У плита ёнида мана шу ўриндиқда ўтириб, тамадди қилишни ёқтиради. Бу кузнинг аёзли кунларида жуда хуш ёқади, чунки плитанинг қип-қизил чўғидан таралган тафт танни ҳузурли илитиб туради.
У чойни бир-икки қайтариб, яна плита устига қўйди. Бироздан сўнг иштаҳани қўзғар даражада доғланган хушбўй чойдан пиёлага қуйиб, бир тўрғам қотинқираган нонни ботирди. Хиёл муддат ўтгач, нон ивиди ва у худди танқис таом еяётгандек ҳавасли иштаҳа билан ямлашга тушди. Бунчалар мазали бўлмаса-я! Ҳар куни анвойи таомларни танаввул қилгувчи бою боёнлар ҳам бунақа маза қилмаса керак. Худонинг ҳикматиям шунда-да -эйилажак таомнинг баракоти, ҳаром-ҳалоллиги ва ниҳоят танага сингиш-сингмаслиги ўзининг ихтиёридадирки, бу борада бандаси ожиздир. У истаса, бир дона хурмодан нафсинг ором олади, истаса, тоғ-тоғ неъматларни ямламай ютсанг ҳам яна очлигингча қолаверасан ёхуд агар истаса, ҳалол таомларни сен учун ҳаром ва аксинча, ҳаром таомни сен учун ҳалол қилиб қўйгувчи Зотдир. Ўҳ-ҳў, дея жилмайди ўзича, анча-мунча масжид имомини ҳам ўсал қилгулик алпозинг бор экан-ку, бола, жа фалсафа сўқиб қолдинг. Ўзинг ҳалигина «Худо йўқ», деб турувдинг-ку. У ёнида ҳеч ким б
ўлмаса-да, ростмона хижолат тортди ва яна мактаб директорини эслади. «Сизни Худойингизни деб ишдан бўшашни истамайман», деган одам яқинда бутунлай бошқача сайради.
Қишлоқнинг фермерга айланган янги бойларидан бири маҳалладаги тўйда роса мақтанди. Ўқувчиларга иссиқ овқат, аълочиларга стипендия беряпман, дея оғзини кўпиртирди. Унингча, домлалар жуда ношукур бўлиб кетганмиш, шунча яхшилигини билмасдан уни «ковлашаётганмиш». Бўлмаса, домлаларга ҳам анча-мунча мурувват кўрсатмоқчи экан. У даврада ўтирганди, фермернинг гапи оғир ботди. Тил суяксиз-да, эрк бериб юборди. Ҳе, ўша миннатли шўрвангдан ўргилдим, деди-да, оғзидан кўпик сачратиб мақтанаётган ишлари бари қоғозда эканлигини, директор иккови тил бириктириб, ҳам пул, ҳам обрў орттираётганликларини айтиб солди. Ҳа-да, болалар ҳафтада бир овқат еса ейди ёки йўқ. Аммо қоғозда ҳар куни еди, деб ёзилади. Буни кўпчилик билади, лекин… Ўзбекчилик-да… Эртасига директор хонасига чақириб, анча у-бу, деди. Қишлоқ болаларига ғамхўрлик қилаётган шундайин фермернинг қадрига етмаётганликда, туҳматчиликда айблади. Агар болаларнинг ҳаққини еса, албатта тешиб чиқишини
айтиб, ўдағайлади, «Шуни билмасайиз, худобехабар одам экансиз», дея чекчайди. У эса кулиб қўя қолди…
Нонни еб, чойни охиригача қурра-қурра ичди. Қўй ёғи, қўй гўштига ош егандай маза қилди. Плитани ўчириб, чойнак-пиёлани  токчага қўйди. Токчада ҳамиша бир қути сигарет билан гугурт туради. Ҳар замонда – овқатланганидан сўнг ёки арақ-парақ ичганда тамаки чекиш одати бор. Лабига сигарет қистириб, гугурт чақаркан, сандалга ўтни ҳалироқ қиларман, ҳозир солсам, ярим кечага бормай  совиб қолади, деган гап хаёлидан ўтди. Ноябрнинг охири-қишнинг остонаси, кечалари тузуккина совуқ туради. Босиб-босиб тутун сўраркан, айвондан пастга тушди. Оғзи-бурнидан тутун бурқситиб, нигоҳи ҳовлининг аллақаерида тентиради. Озғин, бунинг устига, совуқданми, мунғайиб турган бузоғига бирпас тикилди. Наздида, бузоқ зерикаётгандай ва ҳатто ғамгиндай туюлди. «Ҳа, жонивор-а, бу кимсасиз ҳувҳувистонда  сенгаям жабр бўлди-да». Гапи ўзига таъсир қилиб, жилмайди -ҳувҳувистон. Қойил! Ё сотиб юбора қолсамикин-а? Бузоқ боқиб нимаям қиларди. Илгари ошинганим, деб асрарди. Энди ошинганининг кимга ке
раги бор? Тоқайта (аксинча), жониворни қийнагани қолади. Юраги сиқилиб, уф тортди. Тентираган нигоҳи «качалка»дан берироқда бетон сувоқни ёриб чиққан майсада тўхтади. «Ё Оллоҳ, шу тобда -куз аёзида жон талашиб нима зарил-а сенга?!» Майсага яқинлашиб, энкайди. Маккажўхорининг ниҳолига ўхшаган учта узунчоқ япроқли ям-яшил ўт. Бетонни ёриб чиқибди-я шу нозиккина ҳолига. У теша билан эски мих топиб келди-да, чўнқайволиб, майсанинг остини юмшата бошлади.
-Эрта ё индин қор ёғади, совуқ тушади. Барибир ўласан-ку, жонивор! Бемаҳал дунёга келиб нима қиласан? Ё баҳор кирди, деб ўйладингми?..
Эрталаб кираверишда яна қоровулга рўпара бўлди. У билан сўрашаркан, қўлига пул қистириб, деди:
-Бешинчи соатдан кейин бўшайман.
-Хўп, домла, -қоровул баттарроқ букчайди. -Бемалол чиқоврасиз.
Унинг кўнгли ғаш эди, нима биландир андармон бўлиб, ёзилмаса, куннинг қариши маҳол кўринарди. Шунинг учун қоровулнинг ва у баҳона топилажак ҳузурнинг «васлини» кутиб, дарсларини тугатди. Қоровул аллақачон унга муштоқ турарди. Омадини қаранг -қоровулхонада ҳеч ким йўқ, кирчимол сочиқ устида бир тўрғам нон, кичкина ликобчада ҳафсала билан майин қилиб тўғралган пиёз.
-Чарчамай чиқдийизми-эй, домла? -деди қоровул ўтиришга ундаб ва бурчакдаги тахта қути остидан бир шиша арақ чиқарди. Ичи сарғайиб кетган пиёлаларга  салкам тўлатиб қуйди-да, шишани тағин қути остига яшириб, шивир аралаш хиринглади: -Дўст келиб, душманнинг ишини қимасидан, қани, урдик!
Арақни бир нафасда сипқордилар. Нонни иккига бўлиб олгач, пиёзни аралаштириб ейишга тушдилар.
-Омма дирихтир билиб қомасин, -деб қўйди у балки юзинчи бор, қоровулнинг сотмаслигига ишонса ҳам.
-Ие, домла, қизиғмисиз… -Қоровул шишани олиб, боягичадан қуйди-да, тағин жойига беркитди. -Ораларингдаги гаплардан хабарим бор-эй.
Пиёлани бўшатгач, бир бурда нонни пиёз аралаш оғзига соларкан, деди:
-Менга бўлди, қоганини ўзиз…
-Ие-ие!.. -деди қоровул унинг феълини билса ҳам. -Бизга кўплик қип қолар.
-Кечқурун ичас-да, ака.
Нон ҳам, пиёз ҳам тугади. Нафслари ором олмаган бўлса-да, оғизларида нордонроқ ёқимли таъм қолди.
-Битта сигарет бўгандами… -деб қўйди у тамшаниб.
Қоровул шошиб турди-да, дераза ёриғига қистирилган бир дона сигаретни олиб, узатди.
-Биз нос чекамиз-у, омма сизга ес қиламиз-да, пошшо йигит, -деди улфати одамлар оҳангида.
У яйраб кетди.
-Ҳе, яшанг, ака, мана шунақа одатларийзга борман-да!
Бирови нос чекиб, бири тамаки тутатиб, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдилар. Унинг кўнгли хиёл ёришди, қўнғироқ чалинганда ўрнидан турди. Дарвозадан чиқаркан, эрталабдаёқ хаёлига келган орзусини эслади: уйда икки дона тухум бор, битта картошка тўғраб, қовурса, шоҳона тушлик бўлади-да. Устига битта пиёз ҳам тўғраб қўяди. Оҳ-оҳ, нон билан қўшиб, бир маза қилсин. Айтгандай, гузардан иккита нон олволиши керак.
Пешин намози тугаган чоғи, ҳов нарида ҳар ёққа тарқаётган одамлар кўринди. У беихтиёр бир сесканди, аммо бу кўйини тушунолмади, тушунишга-да уринмади. Нақшинкор пештоқлари кўчадан ҳам кўриниб турган масжид рўпарасига етганда унинг ҳашаматли дарвозасидан имом чиқиб қолди. Ўзи тенги йигитнинг бошида ихчам салла, соқол-мўйлови ҳафсала билан қиртишланган, бағоят оҳорли кийинган. У ҳамиша шу тоифа дин пешволарини учратганда ўтган асрнинг бошида пайдо бўлган олифтароқ одамларни эслайди. Халқ уларни «фаранглар» деб атарди. Лекин бу гапни тилига чиқармаган, билиб бўладими… Қўлини кўксида тутиб, имомга салом берди. Имом аллақачон унга қараб турарди ва қироат билан алик оларкан, бир муддаоси бордай у томонга қадам ташлади. Об-бо, деди ичида ғашланиб, сўрашмоқчи, шекилли. Мановининг ҳиди…
-Домла, сизда икки оғиз гапим борийди, -дея имом қўл узатди.
У эса нафасини ютиб, қўш қўллаб кўришаркан, дарров ўзини нари олди ва «эшитаман», дегандай имомга тикилди. Наздида, кайфи ошиб бораётгандай  туюлди.
-Кеча хуфтонда бир-иккита оқсоқоллар гапириб қолишди… -деди имом салмоқлаб гапиришга уриниб.
Унинг диққати ошди.
-Мактабда болларга ғалати бир гап айтибсиз. -Энди имом унга синовчан боқди. -Бу гапни эшитиб, оқсоқоллар анча ранжишди. Сизни…
Унинг миясига қон урди, ичидан тошиб келаётган ғазабини кўзлари ошкор қилиб қўйди.
-Сиз имоммисиз ёки прокурормисиз, ҳожи ака? -деди овози титраб.
Имом довдиради.
У эса ўзини тўхтатолмасди:
-Сиз бир ерда ишламайсиз, имомлик қилас, холос.  Омма уч милён сарфлаб, Ҳажга бориб келдийиз. Илоҳи, ҳажийиз қабул бўсин. Мен эса эсимни таниганимдан бери ишлайман, лекин бунча пулни бир умр ишласам ҳам тўплолмайман!.. -У имомга кўзларини олайтириб, ғазаб билан боқарди. -Ана шунақа, ҳожи ака? Сиз бор бўгани учун ишонасиз, мен эса йўқ бўгани учун.. -Бироқ «ишонмайман» деёлмади ва ортидан ушбу фикр миясига урилди: -«Нима демоқчиман ўзи? Тавба!» Мастликда гоҳо ажабтовур гаплар хаёлга келиб қолади-да ва аксар ҳолларда кўндаланг турган саволга айни жавоб бўлади.
Имом тобора бўзариб борар, лаблари титрар, кўзлари эса деворнинг ковагига ўхшаб қолганди.
-Қолаверса, -деди у сўнгги зарбани бериб, -мактабимизда ҳалиям Дарвин таълимоти ўтилади, билсайиз керак. Демак, истайманми-йўқми, ҳалиги гапни айтишга мажбурман!.. -Шартта бурилди-да, йўлига кетаверди. Ўн-ўн беш қадам юрганда арақнинг таъсирида динг бўлиб қолган қулоғига имомнинг нафрат қоришиқ овози урилди:
-Худобехабар!..
Бир муддат тўхтади, аммо ортига ўгирилмади. Ичида эса нимадир ортга қайтиб, имомнинг ёқасидан тутмоққа ундарди. Яхшики, бу сафар ўзини енга олди, эҳтимол ростдан ҳам шунақадирман, деган гап хаёлидан ўтди ва аччиқ жилмайиб, бошини силкиб қўяркан, яна йўлга тушди.  Аммо энди овқат пиширишни, нон сотиб олишни ўйламасди. Боши, бўғзи, кўкси – бутун вужуди қизиб борарди. Ўзи истамаган, идрок этмаган ҳолда борлиғини уят аралаш нафрат қамрамоқда эди. «Нима бўляпти ўзи менга, дея ўйларди у. Ахир имомга ҳалиги гапларни айтмоқчи эмасдим-ку! Ахир!.. Йў-ўқ, мен асли унақамасман. Нега ҳамиша барча ниятларим-у ҳаракатларимнинг тескариси бўлаверади? Нега дилимдаги бутунлай бошқача ҳолда ташқарига чиқади? Нега одамлар аслимни билмайдилар ёки уларга билдиролмайман? Нега?!.. »
Ҳовлисига кириб, дафтарини сўрига ташлади-да, этак томон юрди. «Качалка»нинг олдидан ўтаётганда кечаги майсага кўзи тушди. Тўхтади. Тик турган кўйи унга тикилди: сўлиб қоптими? Сўнг яна юра кетди. Қайтишда, «мол-пақир»ни олмади, ҳатто «интизор» кутаётган бузоғига қайрилиб ҳам қўймади. Тўппа-тўғри майса ёнига келиб, чўнқайди. Майса сўлиб қолганди. Бағри ачишди, кимдир киприкларини юлиб олаётгандай туюлди. «Сени мен ўлдирдим, -деди хаёлан ва ётиб қолган майсани тиклашга уринди. – Мен сен билан гаплаша оламан… Сен ҳам мени тушунадигандайсан… Аслида сенга яхшилик қилмоқчийдим! – Бўғзига нимадир тиқилгандай бетоқатланди, аянчли нигоҳи ниманидир излаётгандай атрофга термулди. – Мен бузоқ билан гаплаша оламан!.. Мен уни… Мен ҳамма нарсани яхши кўраман!  Одамларни яхши кўраман. Нима қилайки, буни билдиролмасам?! Ёки улар ҳам билолмасалар, англамасалар не қилай?.. Эй, Худо!.. Сен мендан бехабармисан ёки мен сендан?.. »
Унинг кўзларидан ёш отилиб, инграб юборди:
-Менга нима бўляпти ўзи, эй Худо?!..  -Кафтининг орқаси билан кўз ёшларини артаркан, хиёл лойланган панжаларида бошини чангаллади-да, салкам чинқирди: -Бувв!.. (она демоқчи) Соғиниб кетдим, бувижо-он!..