Наби Жалолиддин. Уруш (ҳикоя)

Ошхона шийпонига елка суяклари туртиб чиққан, бўйдор, қоратўри йигит кириб келди. У ярим коса лағмон ва битта нон олиб, нигоҳи билан бўш жой қидирди. Энг чеккадаги жойлардан бири бўш эканлигини кўриб, ўзича хурсанд ҳам бўлди — ҳар тугул тўполондан четроқ…
Ошхона биносининг ичидаю ташидаги ўриндиқларда одам қайнайди. Ҳозир айни тушлик пайти бўлганидан хўрандаларнинг кети узилмайди. Чою овқатнинг тафти қўшилган емакхона ҳавоси димлагандан-димлайди. Шифтга осилган «шамол»лар тинмай айланади, Лекин жағларнинг тннимсиз «меҳнати»дан, ҳам иссиқнинг зўридан юз-кўзлардан тер қуйилади. Ҳалиги йигит бир чойнак чой ҳам олиб келиб ўтирди. Чойни икки-уч бор қайтариб, қошиқ билан овқатни кавлади. Лекин бир ҳўплам ҳам ичмади, гўё умуман қорни очмагандек эди. ўамгин кўзлари у ёқ-бу ёққа маъносиз термилди. Чой қуйиб, ҳўплади. Кўкимтир доғлари бўлган суякдор юзи тиришди…
Шу пайт йигитнинг кўзи шийпончага кириб, нигоҳи билан жой излаётган чолга тушди. Оқсоқол жой қидириб кираверишда хиёл туриб қолди. Ахийри йигитнинг ёлғиз ўтирганини кўриб, ўша томонга юрди. Чол чап томонга қийшайиброқ қадам ташлаганидан оқсагандай кўринарди. Қора чарм сумкасининг боғини чорсиси билан боғлаб, елкасига осиб олганди. Шунчалик иссиққа қарамай, ок яктаги устидан чакмон кийган, бошидаги хийла уринган дўппи четидан қийиқ танғиган, оёғида оқшайган махси-калиш. Юзи иссиқдан бўғриқиб кеттанидан оппоқ соқоли товлангандай туюлади.
Чол йигитнинг олдига етиб келиб:
— Бўшми? — дея сўради.
Йигит бир кўзғалди-да, «бўш, бўш», деди «сўрамасангиз ҳам бўларди» каби оҳангда.
Чол халтасини стол остига қўйди. Бўш стулга ўтириб, чўнтақларини бир чеккадан кавлай кетди. Кавлай-кавлай, турли қийматдаги анчагина пул йиғди. Санади. Сўнг пулларни бир қўлида ушлаб, бир қўли билан хал¬тасини кавлади. Ундан икки дона қип-қизил помидор олди. Қийналиброқ ўрнидан туриб, лўқиллаганча ичкарига кириб кетди. Бир оздан сўнг бир қўлида ҳалиги помидорлар ювилгаи ҳолда солинган ликобча, бир қўлида эса битта обинон билан қайтиб келди. Уларни стол устига қўйиб, яна ортига қайтди. Чол жуда ҳафсала билан, эринмасдан ҳаракат қиларди. Ҳар бир ҳаракати «шошиб нима қилдим, буёғи омонат»,  деяётгандек эди. Яхшики, қариянинг омади чониб, қозон бошида навбатда турганлар ниҳоялаб қолганди. Бир коса лағмону бир чойнак чой билан иккита пиёла олиб, ортига қайтди. Овқатини столга қўяётганди, ичидаги қошиқ ерга тушиб кетди. На овқат емай, на чой ичмай, чолни зимдан кузатиб ўтирган йигит қошиқнинг овозидан бир чўчиб туш¬ди. Шошиб қошиқни ердан олиб, «ювиб к
эламан», дея ирғиб ўрнидан тураётувди, чол қўли билан «бу ёқка беравер» дегандай ишора қилди. Йигит индамай қошиқ¬ни узатди-да, жойиға ўтирди. Чол ҳам ўтираркан, қўлтиғидан ғижим дурра олиб, қошиқни артди-да, овқатига солди. Кейин ёнбошидан белбоғига осиб олган пичоғини чиқариб, помидорларни шошилмай, палла-палла қилиб тўрғай бошлади. У гўё фақатгина айни пайтда машғул бўлган нарсасини ўйлаётгандек кўринар, атрофдагиларга ва умуман ҳеч нарсага эътибор бермасди.
Йигит унинг ҳаракатларига завқ билан тикилиб ўтирарди. Бағрининг аллақаери сим-сим эзилар ва киприкларининг ости ачишаётгандек туюларди. Балки чолга меҳри товланармиди. Ҳозир, айниқса, чолнинг оппоқ кумушдай товланган соқолига ҳаваси келар, ўзи ҳам худди шундай соқол қўйишни ич-ичидан истарди…
Чол помидорни паррақлаб бўлиб, икки-уч тўрғам нонни тиккасига — чиннининг четига суяб, овқатига сол¬ди. Энгашиб халтасидаи эскироқ чорсига ўралган бир нарса чиқариб, тиззасига қўйди. Нигоҳи билан атрофга назар ташлади. Ҳамма ўзи билан ўзи овора, ҳеч кимнинг у билан иши йўқ. Ниҳоят кўзлари рўпарасидаги йигитда тўхтади. Йигит нигоҳини олиб қочди.
— Айб қилмайсиз-да, жияним, — дея чол чорсининг бир томонини очганди, вино шишасининг боши кўринди.
Йигит ҳалиги гап ўзига айтилганини сезиб, бир қимирлаб қўйди-да:
— Бемалол, бемалол, отахон! — деди шошиб ва нима қилишини билмай, ниҳоят хиёл тоби кўтарилган овқатини ичишга тушди.
Чол шишанинг қопқоғини очиб, иккита пиёлага қуйди. Яна йигитга қаради. Кўзлар тўқнашди. Уларнинг кўзлари бир-бирлариникига жуда ўхшарди — иккисининг ҳам қорачиғларида мислсиз ғам чўкиб ётгандек уларга қараган киши ҳам ўзини ўша кўзларга кириб кетаётгандек ҳис қилади. Бу нигоҳларда яна қандайдир маънолар ҳам яширингандек.
Чол чап қўли билан шароб қуйилган битта пиёлани йигитнинг олдига сурди. Унинг учта бармоғи йўқ эди. Йигит сесканиб кетди. Беихтиёр пиёлани қўлига олди.
Чол:
— Қани!.. — деди-да, винони сизғилаб-сизғилаб ичди.
Ажабки, йигит ҳам худди қаршисида ўтирган чол каби пиёладагини тишлари орасидан сизиб-сизиб симирди.
Чолнинг кўзлари ёшланиб кетди. Бир тишлам нон билан бир палла помидорни газак қилди-да, қўлидаги дурра билан тер қуйилган юз-кўзини артиб, овқат ейишга киришди. Аввал овқатга солиб қўйган нонларнинг бирини тишлади. Овқатда ивиган юмшоқ нонни еяётган бўлса ҳам, милклари билан чайнаётганидан соқоли тез-тез силкина бошлади.
Йигит ҳам ҳамроҳига тақлид қилиб, бир тишлам нон ва бир палла помидорни газак қилди.
— Ичишни урушда ўрганганман, — деди чол оғзидагини ямларкан. — Қайтиб келсам, бувим ҳам ўтиб кетганакан. Отам пронтда ўлган. Шу-шу ичавердим!..
Йигитнинг наздида ҳаммаёқ жимиб қолгандай эди, ҳаттоки, атрофдаги одамларнинг овози ҳам эшитилмаётгандек ҳаммаёқ жимжит. Фақат чолу у бор, холос.
Чол одамлардан тортиниб, сумкасига яширгаи шишани яна олиб, икки пиёлага лим-лим қилиб қуйди. Бу сафар иккиси ҳам индамай олишди. Йигит газак қилди-да, ўрнидан туриб, қаёққадир кетди. Бир оздан сўнг бир шиша вино олиб келиб, оғзини очди-да, столнинг остига қўйди.
— Шуни чакки қилдинг, — деди чол энди йигитни «сен»лашга ўтиб.
— Ҳа, энди… — деб қўйди йигит одатга кўра. Яна икки пиёлага тўлатиб қуйишди.
— Энди ёш бир жойга борди, у дунёниям ўйлаш керак — чол шошилмай, дона-дона қилиб, ўктам гапирарди. — Намозниям ўқиш керак… Мачитга-ку чиқаман… — У кўпларга ўхшаб ўзини оқламасди, шунчаки гапирарди, холос. — Аммо баъзан одамларни ёмон кўриб кетаман. Шунақа маҳаллари бугунгига ўхшаб шаҳарга тушаман-да, бир шишани урволаман. Кўнглим хийла юмшайди. Бу савилни қишлоқда ичгани бўлмайди — ўғил-қизлар бор. Ҳам десанг, намозхон биродарлар бор… Қани!…
Ичишди. Чол бирпас жим турди-да, яна гап бошлади:
— Азалдан шунақаман-да, болам… Мени ичимда меҳр билан қаҳр ҳамиша билла. Гоҳида қаҳр устун келиб, одамларни ёмон кўриб кетаман. Билмийман, нимага бунақаман?.. Шунда маши савилдан ичаман… Йў-ўқ, кўп эмас… Лекин барибир ҳурмат-иззат бизи қонимизда бор. У йўқолмайди, — чол шу гапдан кейин яна қандайдир фикр айтмоқчи эди, лекин жим қолди. Йигитга тикилди. «Сениям бир дардинг бор-ов!» — деди кўзлари.
Йигитнинг кўзлари ҳамиша ёшлангандай йилтираб кўринарди.
— Икки ой бурун бувим (онам)дан айрилдим! … — Йигит ҳам жуда секин, аммо таъсирли овозда гапирар¬ди. — Афғондалигимда давленаси чиқадиган бўп қоганакан. Ёлғиз ўғилидим-да… Ахийри ўша дард обкетди. Ҳали ёшийди!.. — йигитнинг нигоҳи қайларгадир тикилиб, жим қолди.
Яна ичишди.
— Икки ойдан бери тоат-ибодат қилиб, онамга бағишлаяпман. Лекин ҳеч ўзимга келолмаяпман. Аввал ҳам шунақайдим. Миямнинг ичида бир нарса наъра қилаётгандай, юрагимни биров мижғилаётгандай!.. Ҳаммани ёмон кўра бошлайман, ҳатто, бола-чақамни ҳам… Барига мен айбдорман!… Агар мен Афғонга бормаганимда, бувим ҳали узоқ яшарди!.. — йигитнинг бармоқлари мушт бўлиб тугилди.
Чол анчагача индамади. Сўнг дурраси билан юзидаги терни артиб:
— Нечага кирдинг? — дея сўради йигитдан.
— Ўттиз бирга, — йигитнинг нигоҳидан тўзғиб кетган хаёлларини йиғишга уринаётганини пайқаш мумкин эди.
— Сен тенги ўғлим бор, — дея гап бошлади чол. — Бир куни шомдан кейин дарвозанинг орқасидаги ғўнғир-ғўнғирни эшитиб қолдим. Уч-тўрт кишини овози келарди, Бири ўғлимники. У ҳадеб «қўйворларинг, ўзим кираман, отам сўрида ўтиради», дейди. Чамамда, қаердадир роса ичишгану, маст бўлишган. Ўғлимни ошналари суяб-сургаб обкеган, шекилли-да…
Индамай сўрига бориб ўтирволдим. Бир оздан кейин дарвоза очилиб, ўғлим кирди. Сираям довдирамади. Олдимдан ўтаётиб: «Ассаломалайкум, яхши ўтирибсизми, ота?» деб ҳам қўйди… Ўшандай болларди олдида ичиб бўладими, болам!.. — Чол энди узр оҳангида деди: — Сени олдингда бўлса, ичдим. Икки ойлик ибодатингниям бузибман. Ҳаҳ, бу савил-а!..
— Ошналарим ҳар замонда ичиб тургин, бир оз енгил тортиб, овунасан, дейишади. Мен унамайман…
— Тўғри қиласан. Бу хумпарни оз-оз пинҳон ичиш керак. Мабода ичиш керак бўлса-да, — деди чол гапининг насиҳат тусини олишидан чўчиб, чапаниларча тугатаркан.
Йигит қўлидаги пиёлага тикилганча, гўё ўзига гапираётгандай деди:
— Тунов куни қизиқ иш бўлди. — У бошини кўтариб, ёнбошига қаради, хиёл жилмайдиям шекилли. Кўзларида ёш айлангандай туюлди. — Балки… Нима бўлгандаям шу гапни сизга айтгим келди-да. Айниқса, ҳалиги гапларингиздан кейин.
— Айтавер, тортинма! — дея чол юз-кўзларидаги терни артди.
— Хотиним менга хат ёзибди, денг. Бувим ўлиб, анча чўкиб қолувдим, шунгами. «Бувингиз ўтгач, у кишини нақадар яхши кўрганингизни сездим, — дебди. — Энди ўша меҳрингизни менга беринг. Мен бир умр онангизни ўрнини босишга ҳаракат қиламан, дилимда неки эзгулик бўлса, сизга бағишлайман. Мен сизни яхши кўраман!» — деб ёзибди. Тағин қўшиб қўйибди: «Бу гапларни сизга юзма-юз туриб айтгим ҳам келувди, лекин… Лекин сизнинг кўзларингизга одам боласининг тик боқиши қийин. Мен ҳам ботинолмадим…» Ўз хотининг хат ёзса, қизиқ бўларкан. Ўқидиму тўлиб кетдим.
Чол кўзидаги ёшними, терними дурраси билан сидирди.
— Хотиндан Худо берган экан сенга, болам. Эҳтиёт қигин!
Улар бир-бирларига тикилишганича, бир-бирларининг кўзларига чўка бошладилар… Ва   ниҳоят, оқсоқол «Ҳм-м…» деб қўйди-да, чўнтақларини кавлаштириб, носқовоғини топди. Бир кафт носни отиб, стулга бемалолроқ ястанди.
— Ишқилиб, мени гапларимдан хафа бўлмадингми, болам? — Унинг оғзида нос борлиги ҳечам сезилмасди.
— Унақа деманг. Сиз менга кўп нарсани англатдингиз…
Кейин йигит ё қўйидаги гапларни гапирди, ёки ўйлади. Чол ҳам шу гапларни ё эшитди, ё хаёлидан ўтказди: «Биз одамлар бир-биримизни… ҳамма одамлар бир-биримизни аяшимиз керак экан. Ўшанда бизларга кўп нарса керак бўлмайди, шекилли. Сиз хижолат бўлманг, отахон, мен барибир маст бўлмайман!.. Мен ҳам ўғлингизга ўхшаб маст бўлолмайман, ота!..»
Шу пайт уларнинг қаршисида ёш бир милиционер пайдо бўлди. Ўзи улар шунақа ов қилишади — «шишаси» билан келганларни атайлаб тек қўйишиб беради. Ичадиганиии ичиб, маст бўлишгач, ушлашиб, хушёрхонага йўллашади. Афтидан бу ҳам чол билан йигитни анчадан бери кузатиб тургану, энди ўз ишини бажармоққа киришганди.
— Бу ерда ичиш мумкин эмас. Қани, бу ёққа…
Чол ва йигит бараварига милиционерга ўгирилишди. Жуда хотиржам, ҳатто, озгина бўлсин нафратсиз қарашди.
Милиционер қарийб бир хил бўлган бу икки жуфт кўзга боқдию, тебраниб кетди. У ҳеч нарсани ўйлолмади ҳам. Қўлидаги резина таёғи ерга тушиб кетгач, ўзига келди-да, шошиб таёғини олиб, жўнаб қолди…
Бу  нигоҳлар бир-бирларига дош бера оларди, холос…

1998 йил