Икки кундан бери шивалаб турган ёмғир тун яримга борганда жалага айланди. Момақалдироқ осмон гумбазини ёриб юборгудай гумбурлар, тез-тез чақнаётган чақмоқ ёруғида қишлоқнинг паст-баланд тепаликларидаги уйлари кўриниб кетади. Сув тарновдан челаклаб тушар, шаррос қуяётган жала томлар тунукасини доира қилиб чалади.
– Ёмғир тағин кучайдими?
Торгина уйнинг бурчагига ўрнатилган печканинг биқинида ётган Суюн ота инқиллаб гапирди.
Чолининг безовталанаётганидан хавотирга тушган Робия хола уни чалғитган бўлди.
– Ёмғир кучайгани йўқ, шамол қутурган бўлса керак.
– Йўқ, – дея эътироз билдирди чол, – шамол эмас бу. Жалага ўхшайди.
– Жала бўлганда нима? Беш дақиқа қуйиб, ўтиб кетадиган тентак жала-да.
Ҳатто нафас олишга ҳам қийналаётган чол ҳорғин хўрсинди.
– Мен бу жалани биламан. Бир бошласа қора булути икки-уч кунлаб кетмайди. Кўприк нима бўлдийкан, тўғонниям таъмирлаш керак эди.
Отанинг касал ётганидаям қишлоқни, одамларни ўйлаши Робия холанинг ғашини келтирди.
– Шу қишлоқ сизсиз очидан ўлиб қоладими? Касал ерингиздаям уларни дегунча ўзингизни, тезроқ тузалишингизни ўйласангиз бўларди.
Чол индамади.
Шу пайт қаттиқ чақмоқ чақдими, шамол кимнингдир тунука томини учирдими ёки биров дарвозани тақиллатдими – англаб бўлмай қолди. Бу овоз яна икки-уч марта эшитилгач, эшик тақиллаётганини билган кампир ташқарига чиқишга ҳозирланди.
– Бобо, Бобожон, – (Чол набирасини эркалаб шундай чақирарди) момонгнинг изидан бор. Ҳовли лой.
Катталарнинг гангир-гунгиридан ухлолмай ётган болакай ўрнидан сапчиб туриб момосига эргашди.
Робия хола бошига катта рўмолини ташлаб олган, Бобобек эса бобоси шошириб, югургилатганидан юпун кийимда эди. Улар дарвоза ва уй ўртасидаги юрса калиш ботиб қоладиган лой йўлакдан секин боришарди.
Кампир норозиланиб ғўдранди:
– Ярим кечаси ким бўлдийкан? Шундай ёмғир пайти-я?!
Бола бўлса худди жавоб бермаса биров уришадигандай лабини буриб, елка қисди.
– Ким у? – деди кампир дарвозани очишга уринаркан.
– Менман, эна, Турсунбой.
Робия хола дарвозани очгач, худди ишонқирамагандай “Турсунбой?” дея минғирлаб қўйди.
– Қўрқманг, эна, ўғримасман.
Суюн оқсоқолнинг яқин ёрдамчиси Турсунбой ивиб кетганидан дағ-дағ қалтираб турарди.
– Ҳа сизмидингиз, болам? Тинчликми ярим кечаси?
– Тинчликмас-да, Суюн отам уйдамилар?
– Ётиб қолганидан бери бирор марта бошини кўтармаган одам ярим кеча уйда бўлмай қаёқда бўларди?
– У кишида ишим бор.
– Ҳа, ҳа, киринг ичкарига, – дея хижолатланди остонада туриб қолган Робия хола.
Турсунбой амакининг кўкракларигача чапланган лой липиллаб турган чироқ ёруғида ола-чалпоқ кўринди.
– Тўғондан келяпман, эна. Ишлар орқага кетяпти. Бу ёмғир тинадиганга ўхшамайди.
Турсунбой тиззагача келадиган резина этигини амаллаб ечиб, уйга кирди. Улар бўсағада куймалангунча лип этиб хонага биринчи кирган болакай ҳалигина бошини ҳам кўтара олмаётган бобосининг худди муллалардай бўлиб ўтирганини кўриб ҳайрон қолди.
– Тузукмисиз, ота? – дея сўрашиб кетди уйга кирар-кирмас Турсунбой.
– Худога шукур, бир нави. Ўзинг яхшимисан? Алламаҳалда тинчликми?
Ёмон хабар келтирганини айтолмай Турсунбой гапни чайнади.
– Кўприкни-ку амалладик, лекин тўғоннинг иложи бўлмаяпти. Баъзи жойларини қайта қуришга тўғри келди. Энди битай деб турганида ёмғирни қаранг. Агар тинмаса кейин умид йўқ. Шунча меҳнат бир пул.
– Ўзи битай деб қолдими?
– Яна зўр берилса икки кунлик иш. Фақат ёмғир белига тепяпти.
– Чол, сиз ҳозиргина инқиллаётгандингиз-ку, – дея гапга аралашди Суюн отанинг ўтириб олганига энди аҳамият берган кампири. – Турсунбойни кўриб тузалиб қолдингизми? Ётаверсангиз ҳам унинг гапи эшитилади.
Ота Робия холага қўл силтади.
– Бўлмаса, Турсунбой, одамларга айт, қирқига чидашди, қирқ бирига ҳам ғайрат қилишсин.
– Айтдим, ота, айтдим.
Унинг куюниб гапирганидан қошларининг ўртасига тушган чизиқ баттар чуқурлашиб кетди.
– Мендан кўра сизнинг айтганингизни қилишади. Уларниям тушуниш керак. Неча кундан бери шиббалаган ёмғирга қарамай ҳашарни тўхтатишгани йўқ. Лекин ҳозирги жалага чидаб бўлмаяпти.
Суюн ота ноқулай ўтирганиданми ёки чарчаганиданми бошқа ёнига ўгирилди. Ўгирилаётиб қаеридир қаттиқ санчиди, шекилли, ихраб юборди.
– Яхши, эрталаб бораман. Бугун тонггача дам олишсин.
Робия хола нимадир деб норозилик билдирмоқчи бўлди-ю, лекин чолининг жиддий турганини кўриб тилини тишлади.
– Ўзим бориб ишнинг бошида тураман. Шунча қийналишди. Агар оғир деб ҳозир ташлаб кетишса кейин минг урингандан фойда йўқ. Дўнгликдаги ер бу йил ҳам сувсиз қолади.
– Менам шуни айтаман-да, лекин ҳали ёшманми ё одамларни эргаштира олмайманми, улар ишонқирашмаяпти. Барибир сиз ўттиз йиллик оқсоқолсиз, салобатингиз бор. Айтганингизни қилишади.
– Эрталаб амаллаб йўлга чиқаман. Бугунча шу ерда ётиб қол. Икки-уч соатдан кейин тонг отади.
– Йўқ, ота, раҳмат. Бугунам тўғон бошида қоламан. У ердаги вазиятни назорат қилиб туришим керак.
Турсунбой чол билан хайрлашиб ташқарига чиқиши билан ҳозиргина деворга суяниб ўтирган Суюн ота ҳолсизгина ўрнига ёнбошлади. Ётганидан сўнг ҳам нафас олиши қийинлашиб хириллай бошлади. Момоси Турсунбой амакисини кузатиб чиққани учун уйда ёлғиз қолган бола бобосининг аҳволини кўриб нима қиларини билмай шошиб қолди.
– Бобо, қаерингиз оғрияпти?
– Ҳеч қаерим оғримаяпти. Озгина чарчадим, сен ухлайвер.
Туни бўйи мижжа қоқмаган болакай кўзларини юмиб, ширин эснади.
– Аҳволингиз бу бўлса, эртага тўғон бошига бораман дейишнинг нима кераги бор эди?
Турсунбойни кузатиб келган кампир уйга кирар-кирмас, чолига жаврай кетди.
– Ҳолингизни билиб гапирсангиз бўлмайдими?
Чол худди айб иш қилгандай индамади.
Кампир яна нималардир деб ғудранди-да, чироқни ўчириб ётди.
Қариганига қарамай отдан тушсаям, эгардан тушмайдиган тетик чол қиш олди тўсатдан ётиб қолганича, ҳали бошини кўтаргани йўқ. Эрининг бирдан бундай оғир дардга чалинганидан гангиб қолган Робия холанинг бормаган табиби, фол дейсизми, ўқитиш, қоқтиришми – қилмаган амали қолмади. Лекин бирортасидан фойда йўқ. Охири кампирининг ортиқ елиб-югуришига отанинг ўзи рухсат бермай қўйди. “Дард берган Эгам шифосиниям Ўзи беради. Сен кўнгли тор бўлмай сабр қил”, деганди ўшанда. Кампир шундан бери ётса ҳам, турса ҳам нималарнидир пичирлайди. Бобобек ёмон туш кўрса ёки совуқсираб тагини ҳўллаб қўйган пайтлари ярим тунда уйғониб кетадиган одати бор. Кўзини очганида ёнида ётган бувиси алланималар деб пичирлайди. Агар уйқуси сийрак бўлса, момосининг гапларини аниқ эшитади.
“Эй яратган Эгам, Ўзинг дунё яратувчисисан. Баланд тоғлар ҳам, дара-ўнгирлар ҳам, катта кўл, ҳайвонлар, ожиз бандаларнинг барчаси сенинг марҳаматинг билан бунёд бўлган. Бандаларингга ризқ берадиган Раҳмон, номингга шак келтиришса жазолайдиган Қаҳҳор ҳам Ўзингсан. Олти боламни тўққиз ой вужудимда кўтартириб, ёруғ оламга келишганида тортиб олдинг. Чидадим. Соч юлиб, ёқа йиртиб йиғламадим. Уларни қандай яратган бўлсанг, шундай Ўзингга қайтардим. Энди касал чолимни паноҳингда асра. Сенга шак келтирмоқчи эмасман. Ҳар бир банда Ўзингга қайтгувчи. Фақат бир оз вақт, яна озгина, ҳеч бўлмаса шу норасида эсини таниб олгунича ундан марҳаматингни аяма”.
Бобобек момоси ўзини назарда тутаётганини билиб, худди уйғоқ ётганини сезиб қоладигандай, пирпираган кўзларини қаттиқ юмиб олди.
– Унинг ўрнига менинг жонимни ол. Эрим ҳали кўпчиликка, қишлоққа, набирасига керак. Мен эса қўлидан бир иш келмайдиган нотавонман. Тирик юрганимдан ҳеч кимга наф йўқ. Бу бош ўлимдан бошқа ҳамма нарсани кўриб бўлди. Парвадигорим, гапларимга ишон, дунёдан ҳеч қандай армоним йўқ. Даргоҳингга боришга шайман.
Йўқ, момоси ҳали дуосини тугатмади. Болакай эса шу ергача эшитиб, яна уйқуга кетади. Ким билсин, Робия хола қачонгача дуо ўқидийкин? Эҳтимол набирасидан бир оз кейин ухлагандир, эҳтимол, тонггача Худога нола қилгандир?
Робия холанинг ҳай-ҳайлашига қарамай, Суюн ота азонлаб кийинди.
– Гандираклаганингиздан бир қадам юролмайсиз, шу ёмғирда тўғон бошига қандай борасиз?
Бобоси ва момосининг гапларини аниқ эшитаётган бўлса ҳам Бобобек уйғоқлигини билдирмади.
– Биламан, кампир, сен мени ўйлаб куюняпсан. Лекин одамлар менга қараб туришибди. Нима қилиб бўлсаям боришим керак. Йўлимни тўсма.
Умрида чолининг гапини иккита қилмаган Робия хола қанчалик қақшамасин, ортиқ қаршилик кўрсатмади.
– Мен отингизни тайёрлайман, – дея чиқиб кетди.
– Бобожон…
Бола бобосига қараб кўрпанинг бир четидан секин мўралади.
– Мен бирор ерга кетсам, уйнинг эркаги, посбони сен бўласан. Шунинг учун бундай ғафлат босиб ухлама. Момонгга қара. Эркаклар доим аёлларни: онасини, опа-синглисини, момосини ҳимоя қилиши керак.
Чол “ёрини” ҳам демоқчи бўлди-ю, барибир набирасининг тушунмаслигини билиб, гапирмади.
– Уқдингми?
Бобобек бошини ирғаб-ирғаб, ўрнидан турди.
– Баракалла.
– Отингиз тайёр, чол.
– Кетяпман, – дея Суюн ота мажолсиз оёқларида туртиниб-суртиниб юрди.
– Ҳалиям кечмас, чол, ёмғирни қаранг, тўхтай демайди. Бунақада…
– Қўлтиғимдан кир, – дея Суюн ота кампирининг гапини бўлди.
У амаллаб оёғини узангига қўяркан, бирдан боши айланиб қалқиб кетди. Ерга йиқилишига бир баҳя қолганди, яхшиям Робия хола ёнида экан. Илгарилари бир енгил ҳаракат билан қора қашқаси устига қўнадиган навқирон Суюн оқсоқол бугун узангига оёқ қўйишга ҳам кучи етмади. Хожасининг аҳволига кулгандай, қора қашқа ҳам баланд кишнаб нари тисарилди.
– Сизга айгандим-ку, ҳали дармонингиз етмайди.
Кампир ва набира икки қўлтиғидан кириб уйга амаллаб олиб кетишди.
– Энди қора қашқани бошқа минолмасам керак, – деди Суюн ота чанқаган лаблари чапиллаб.
– Ундай деманг, яхши ният қилиш керак.
– Мен боришим керак эди, тўғонбошига боришим керак эди. Бормасам, қишлоқ яна ёзда сувсиз қолади.
У ётган жойида қўлидан ҳеч нарса келмаётганидан, иложсизлигидан куюнарди.
– Қўйинг ўша тўғонни, вайрон бўлиб кетмайдими?
Чолининг аҳволига чидолмаган кампир юзини кафтлари билан яшириб йиғлаб юборди. – Олти болангизга бунчалик куюнмагандингиз, ётиб қолганингизда бир келиб хабар олмайдиган бегоналарни ўйлаб бунча куясиз.
– Ундай дема, кампир. Бу қишлоқ ота маконим. Унинг одамлари менга омонат. Ўлим олдида ҳаммамиз ожизмиз. Куйганим билан болаларим қайтармиди?
Вазият олдида ожиз болакай эса худди қуш полапонидай бир чеккада ҳаммасини жимгина кузатарди.
Орага чўккан дилни ўртовчи оғир сукунатни, ниҳоят, Робия хола бузди.
– Қора қашқангизга миниб тўғонбошига ўзим бораман.
Чол ва набира ялт этиб холага қаради.
– Менга нима дейишим кераклигини айтинг, одамларга етказаман.
Чол қўрқув ва ҳайрат аралаш сўради:
– Чиндан бормоқчимисан?
– Ҳа бораман, менам бир вақтлар отда юришда сиздан қолишмаганман.
Отанинг киртайган кўзларига нур энгандай порлаб кетди.
– Унда одамларга айт, тўғоннинг аввал дарабетини мустаҳамлашсин, агар шу томон пишиқ бўлса, қолгани бир йилга чидаб беради.
– Ҳалиям ўйлаб кўр, бу ёмғирда юриш қийин, – дея иккиланди чол йўлга чиқишга ҳозирлик кўраётган кампирига.
– Шу тўғонни, одамларни деб игнанинг устида ётгандек ётибсиз. Бу ерда сарғайиб, қўл қовуштириб ўтиргандан кўра уриниб кўриш керак. Бобожон, сен уйда қолиб, мен кегунимча бобонгга қараб турасан. Йўқлигимни билдирма.
Қариганига қарамай, ҳалиям қотмадан келган, чайир кампир йўлга тушди. Анчадан бери от минмагани учун қора қашқага энгашишга бир оз қийналди. Оқсоқолдан бошқани мингашишга қўймайдиган от ҳам қайсарлик қилди. Ёши етмишга бориб қолган хола барибир отга минолмасди. У қўли билан имлаб набирасини ёнига чақирди.
– Менга қара, агар бобонг сўраб қолса, момом отга миниб кетди деб айт, тушундингми?
– Хўп.
Бобобек бурнини тортиб қўйди.
Жала ҳамон челаклаб қуяр, лой ерда билчиллатиб қадам ташлаганча от ва уни етаклаган кампир секин узоқлашишди.
– Момонг кетдими?
– Кетди.
– Бери кел, болам.
Суюн ота хириллар, иситмалаганидан вужуди ўт бўлиб ёнарди.
– Бу ёққа ўтир. – У набирасига ёнидан жой кўрсатди.
– Бобожон, агар ҳозир кўзларим бирдан юмилиб қолса ёки бобо деганингда индамасам, сен қўрқма, хўпми? Мен қаттиқ ухлаган бўламан. Момонгга айт, йиғлаб мени уйғотиб юбормасин. Ундан кўра тўғонни тезроқ битказишсин.
Чол томирлари бўртиб қолган, титроқ ва озғин кафтлари билан набирасининг дўмбоққина қўлларини ушлади.
– Бу уйдаги мендан кейинги эркак сенсан. Оқсоқолнинг набираси деган номни доим оқла. Момонгни эҳтиёт қил. Мени тушундинг-а, болам?
Бобобек отанинг гаплари маъносини тушунмаган бўлса ҳам, бўғзига алланечук изтироб тиқилиб, йиғлагиси келди.
– Тушундим, бобо.
Суюн ота кейин ҳам нималардир деб пичирлади. Аммо бу гапларни англаб бўлмас эди. Бир оздан сўнг эса тинчиб қолди. Кўзлари юмилиб, қўллари болакайнинг кафтларидан сидралиб тушди.
– Бобо, бобожон, – дея қўрқиб кетган болакай чолни бир-икки марта туртди. Аммо у жим эди. Бинобарин энди бошқа гапирмасди, қимирламасди, кўзларини ҳам очмасди.
Ҳали бу дунёнинг очилмаган сир-асрорлари, тушуниксиз изтироблари, атаб бўлмайдиган ҳислари борлигини мурғаккина бола қайдан билсин? Бобосини совуққотмасин деб устига кўрпани яхшилаб ёпди-да, ўзи ўйнагани ташқарига чопқиллади.
Оти ҳам, ўзи ҳам яримбелигача лойга ботган, кун бўйи ёмғир тагида бўлгани учун кийимлари сувга бўккан Робия хола уйга қош қорайганда кириб келди. Бостирма тагида лой ўйнаётган набирасини кўриб койиб берди.
– Барибир болалигингга борасан-да, шу жала, изғиринда сенга зарилми? Ётмайсанми ўрнингда ўраниб. Сенга бобонгга қарагин деб тайинлагандим-ку.
– Бобом ухлаяпти, – деди совуққотганидан лаблари кўкариб кетган Бобобек.
– Бир қошиқ иссиғи бўлмаганидан кейин оч қорингаям, тўқигаям уйқуни тортади-да. Бошқа нима қилсин? Ёлғиз боламдан қолган ёдгорим қиз бўлганида қандоқ яхшийди-я. Бобоси иккимизнинг иссиқ-совуғимиздан хабар оларди. Қари ҳолимга ўчоқ бошида куймаланмасдим.
Кампир жавраб-жавраб отни боғлагани отхонага кетди. Бобобек момоси отхонадан келгунча уйга кириб кўрпасига ўранди.
– Осмоннинг таги тешилганми нима бало? Ёмғир тинай демайди, – бола момосининг уйга кираётганини остонадаёқ жаврашни бошлаганидан билди. – Сув бошимдан кириб, оёғимдан чиқди. Тўғонда ишлаётганларнинг-ку бўлари бўлган. Фақат сизнинг ҳурматингиз учун тик туришибди ўшаёқда.
Кампир чоли томонга қарамас, ҳўл кийимларини қозиққа илиш билан банд эди.
– Ўжарлигингиз иш беряпти. Барака топсин одамлар, иззатимни жойига қўйиб бирор нима дейишмади. Сизни айтиб юборди деганим учун жимгина қилишди. Яна бир кун кеча-кундуз демай ғайрат қилишса, иш битади. Худо оёқларимга куч берса, бугун кечасиям тўғонбошида турсам, иш эртага шомгача тугайди. – Хола чолининг мажол топиб бирор жавоб қайтаролмаслигини билар, аммо лоақал овоз ҳам чиқармаганига ҳайрон бўлиб Суюн отага қаради. – Чол, ухлаяпсизми?
Ота индамади.
– Шунча гапни кимга гапирдим?
Ота ҳамон жим.
Робия холанинг юраги қандайдир бахтсизликни сезгандай ғашланди. Ҳозиргина порлаб турган кўзларидаги нур ўрнини маъюслик эгаллаб, чоли томон юрди. Суюн бобо ўраниб олганча қотиб ухларди.
– Чол, уйғонмайсизми?
Йиғламоқдан нари-бери турган кампир кўнглига келганлари ёлғон чиқишини Худодан ўтиниб, титраган қўлларини отанинг юзига босди. Суюн ота муздай эди. Кампир сесканиб кетди. Бир муддат карахтликдан сўнг, ҳушини йиғиб ўзини эрининг устига ташлади.
– Мени қўрқитманг, кўзингизни очинг. – У дод солиб чолининг ёқаларидан ушлаганча силкилади. – Бизни ярим йўлда ташлаб ўзингиз қаёққа кетяпсиз? Кимларга ишониб кетдингиз? Кўзингизни очинг.
Умрида момосини бу аҳволда кўрмаган болакай қўрққанидан кўрпанинг бир бурчагидан чорасизгина мўраларди.
– Эвоҳ, бу қандай қора кун бўлди? Эй Худо унинг ўрнига менинг жонимни олсанг бўлмасмиди? Мен ўлсам бўлмасмиди? Ё Аллоҳ, сендан ўтингандим-ку, ёлвориб сўрагандим-ку. Энди етимчанинг ҳоли не кечади?
Момосининг дунёни унутиб йиғлаётганига Бобобек чидолмади. Чўчиётган бўлса ҳам холанинг ёнига борди.
– Момо, – деди у секингина.
Ортига ўгирилган кампир набирасини кўриб шошиб қолди. Дувиллаб қуйилаётган кўзёшларини артиб кулимсиради.
– Болам, сен ташқарида ўйнамаётганмидинг?
– Совуққотдим.
– Ие, сени кўрмабман-да, болам. Кўрганимда бобонг билан ғижиллашмасдим. Қара, бобонгни, миқ этмай ётишини. Касал бўлиш ёқиб қолган бу кишига. Фақат ётавериб талтайиб кетди. Шунга уришаётгандим.
– Бобом ўлдими?
Унинг тўсатдан берган саволи холани баттар гандираклатиб қўйди.
– Бобонг ўлгани йўқ, ухлаяпти. Чарчагани учун қаттиқ ухлаяпти.
Бобобек момосининг гапига ишонмаган бўлса ҳам, бошқа нарса сўрамади.
– Бобожон, болам, кийин. Иссиқроқ бўлсин.
– Қаерга борамиз?
– Тўғонбошига. Одамлар бобонгни кутишётганди. У киши боролмайди, ўзимиз борамиз. Бобонг, – хола шу ерга келганда оғир хўрсинди. Кўйлагининг этагига кўзларини артди, – ухлашидан аввал сенга ҳеч нарса демадими?
Бола бир оз ўйланди.
– Момонг йиғламасин, ундан кўра тўғонни битказсин деди.
– Шундай деганини кўнглим сезганди.
Кампир чолини уйда ёлғиз қолдираркан, набирасини эшитмаяпти деб ўйлаб секин пичирлади.
– Мени кечиринг. Ҳаммага овоза қилолмайман. Тўғонбошига боришим, одамларни ишни тезроқ битказишларига ундашим керак. Бунинг учун мендан ранжиманг. Ахир ўзингизнинг хоҳишингиз ҳам шу эди-ку. Бобожонни ёнингизда қолдирардим. Лекин у ҳали гўдак, қўрқади. Бир ўзингизни қолдираётганим учун мени кечиринг. Агар ҳозир одамларни жаназага йиғсам, иш қолиб кетгани учун мени кечирмайсиз.
Уй эшигини маҳкам ёпган кампир, печкани ёқмади. Деразаларни очиқ қолдириб, қош қорайганда набираси билан йўлга тушди. Тинмай қуяётган ёмғир остида, болакай отда, кампир эса яёв, ҳорғин одимлайди. Гўё хожасининг ўлимига аза тутгандай қора қашқа ҳам қадамларини оғир ташлайди.
Улар тўғонбошига етиб келган заҳоти кампирнинг ёнига Турсунбой халлослаб югуриб келди.
– Отам келмадими?
– У киши касал, юролмайди. Тинчликми?
– Одамларни олиб қололмаяпман. Кетамиз дейишяпти. Нима қилишни билмай бошим қотиб турганди.
– Тўғон-чи…?
– Ёмғир ҳамманинг жонидан ўтиб кетди.
– Лекин атиги бир кунлик иш қолган.
– Шуни тушунтиролмаяпман-да, эна.
Кампир индамай, усти сирпанчиқ тошлар оралаб, йирик кўлмакларни кечганча тўғон томон юрди. У ерда иш тўхтаган, одамлар ўзини пана жойларга олганди.
– Бу ерда нима бўляпти?
Одамлар ноилож холага салом беришди.
– Бир кунлик иш қолганда, ўзингизни четга оляпсизларми? Шунча меҳнатингизга ачинмайсизми? Йил бўйи дўнгликдаги ерларни суғоришга етадиган сув бекорга жарга оқиб кетаверадими?
– Бу ёмғирда ишлаб бўлмайди, тушунинг, эна, – дея гапга қўшилди Али мироб. – Амаллаб қуйган бетонимизни сув ювиб кетяпти.
– Лекин шу ҳолига ташлаб кетсак, тўғон бутунлай бузилиб кетади-ку.
– Ақл ўргатмай жалада ўзингиз бир ишлаб кўринг, кейин биласиз.
Робия хола қоронғи бўлгани учун ким гапирганини англолмади. Аммо ташланган шу луқма қари кампирнинг юрагида мудраб ётган ниманидир уйғотиб юборди.
– Майли, ким кетишни хоҳласа кетсин, қолганини ўзим қиламан.
Бобобек момосига ҳайрон тикилди. Робия хола йиғлар, аммо ёшлари юзига урилаётган ёмғир томчилари билан аралашиб сезилмаётганди. Бироқ шу ғамнок юзларда ҳам катта куч ва ирода бор эди.
– Мен шу тўғондан бир томчи сув олмасам ҳам куним ўтади. Оқсоқол сизларни, қишлоқни ўйлаганди. Бир умр шуларни деб яшади. Лекин хайф сизларга. У киши қадрига етмайдиган одамлар учун куйиб-пишганини билса эди…
Кампир бошқа гапиролмади. Этакларини туриб, тўғоннинг баланд деворига кўтарила бошлади. Вазиятни қандай баҳолашни билмай иккиланаётган бола ҳам момосига эргашди. Кампир нима қилиш кераклигини ҳам, қандай қилиш кераклигини ҳам билмас, ҳали қотмаган цементни текислар, кучи етган тошларни у ёқдан бу ёққа силжитарди. Унинг иши тўғон қурилишига ўхшамас, фақат аламидан нима қиларини билмаётган хола шу билан овунаётганди.
Холанинг тўғон юқорисида турганидан хижолат бўлган одамлар бирин-кетин ишлагани туришди. Ҳамма қўзғалди. Иш ҳам, гурунг ҳам, жала ҳам авжида. Тонггача, то тўғон битмагунча қанча мажбурлашсаям кампирни ҳеч ким пастга тушишга, панага ўтишга кўндиролмади. У иш тамом бўлгунича, одамлар ёнида, тик оёқда турди.
Бобобек момосини кузатаркан, уни улғайтирган беш йил бир бўлди-ю, шу бир кун бир бўлди. Чунки унинг қаршисида жаврашдан бошқа нарсани билмайдиган қари момоси эмас, вужудида улкан куч ухлаган инсон турарди.
Ниҳоят, тўғон битди. Одамларнинг ҳа дейишга силласи йўқ. Мадордан кетган Робия хола кўзларини қисиб тўғон томон қаради. Атрофга тонг ёйилган, ёмғир эса тина бошлаганди.
– Тўғонингиз битди, чол. Энди хотиржам бўлинг, – деди секингина. Одамлар тарқалаётганида кампир уларга раҳмат айтиб хўрсинди.
– Бир оз дам олгач, бизникига йиғилинглар. Раҳматли Суюн отани сўнгги йўлга кузатиш керак.
Барча қўрқув ва ҳайрат аралаш холага қаради.
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 2-сонидан олинди.