Мурод Мансур. Жудолик диёри (1-китоб)

Аллоҳнинг бўёғини (лозим тутинг).
Аллоҳнинг бўёғидан чиройлироқ бўёқ
бергувчи ким бор?! Ва биз унга ибодат
қилувчилармиз.
Қуръони карим, 2/138

СУЛТОНМУРОДНИНГ ЁЛҒИЗ ЎТИНЧИ

Эй инсон… ўз аслинг нимарсадур ва не ердин келибсан
ва не ерга боргунгдур? Бу олам манзилгоҳига нима
ишга келибсан ва сени нима учун офарида қилибдур?
Саодатинг не ишдадур?..
Муҳаммад Ғаззолий

Биринчи бўлим

ЁДГОР НАЪМАТАК

(МУҚАДДИМА)

Ҳеч ким кўзи очиқ туриб, болалиги кечган жойлардан айрилмасун экан. Айрилсаям, ёдга соладиган бирон нарса қолсин экан у атрофларда.
Ёдимда: жимжилоқдай келадиган пичоқчам бўларди. Йўқ-йўқ, паккича эмас, қаламтарош ҳам эмас, садаф бандли митти пичоқча. Тоғам ҳадя қилган эди. Катталарникидан фарқи — қини йўқ, холос.
Ксчалари ёстиғим тагига қўйиб ётардим. Кўз очишим билан жойини пайпаслаб қолардим. Худди уйқудалигимда биров ўмариб қўйгандай(!).
Гоҳо болаларга кўз-кўз қилгани мактабга олиб бориб, қайтишда тушириб қўймайин, деб тарих китобимнинг муқоваси орасига яшириб юрардим. Бир куни ўша пичоқчам… осмонга учдими, ерга кирдмми, ҳеч ерда йўқ-да. Бир алам қилади, бир алам қилади. Зир югуриб, ҳаммаёқнинг тити-питисини чиқарвордим. Токчадаги киртахнинг таглариям қолмади, китобларимнинг ичиям. Юрган йўлларимни неча қайталаб айланиб чиқдим, қани топилса! Шундай алам қилади, шундай алам қилади! Гўё ичим ёниб кетяпти.
Ахийри чидаёлмадим: ўзимни сандал чеккасига отиб, ҳўнграб юбордим.
Аввал ҳўнграб-ҳўнграб, кейин куйиб-куйиб, сўнгида ўксиб-ўксиб, тоза йиғладим. Ҳеч алами тарқамасди, унутолмасдим пичоқчамни. Ахийри йиғлай-йиғлай, ойимларнинг келишларини кутиб, намозшомга яқин ухлаб қолибман.
Ўша ётишимда туш кўрибман. Жондан азиз пичоқчам тушимга кирибди. Чиройли мўйлов қўйган, қора қош, қора кўзли, улоқчилардай хушқад бир йигит: — Ё тавба, шунақаям аниқ-таниқ кўринадими?! — тепамда жилмайи-иб турибди. Қўлида ўша садаф бандли митти пичоқчам….
— Шуми, болакай? Йигит киши дўпписи билан пичоғини олдирмайди. Ма, маҳкам бўл энди.
Пичоғимни олаётиб уйғониб кетдим. Йигитнинг суврати шундай кўз олдимда турибди. Қариндошларимиздан кимгадир жуда-жуда ўхшаб кетади, қуйиб қўйгандек-у, лекин кимлигини ҳеч эслай олмайман. Ё Хизр бува йигит сувратида кўриндилармикан?
Шундан кейин чинданам пичоқчамни топиб олдим. Эрталаб қарасам, сандал устидаги катта гардин  патнисимиз тагида турибди. Биров атай шу ерга қўйиб кетгандай. Ўзим жуда яхши эслайман: пичоқчамни садаф банди қирилиб қолади, деб ҳеч патнис тагига яширмас эдим…
Ойим узун кечалар қора чироқ ёруғида машина тикиб ўтириб, баъзан Худонинг қаҳрига учраб, юртини ер ютган, тўфон туриб сув босган, вулқон отилиб кунпаякун бўлиб кетган жойлар, қавмлар ҳақида ҳикоя қилиб қолсалар, мен даҳшатга тушиб, мана-ҳозир ўша фалокатлар ёпирилиб келаётгандек сандал кўрпасини бошимга тортардим-да, танча ичига кириблар кетардим. Ойим эса, илиқ жилмайганча, юпатишга тушар эдилар:
— Сен қўрқма, ҳали қиёмат қўпмайди. Намоз ўқийдиган битта одам қолсаям, оламни ер ютмайди. Ўшанинг шарофатидан Худо ўзи асрайди, — дердилар.
Ва эрталаблари танларга ва руҳларга ҳузурбахш этувчи ёқимли овоздан — ойим қуръон тиловат қилаётган бўлсалар — уйғониб кетиб, қироатнинг хуш оҳангидан эриб ётарканман, ўзимга-ўзим таскин берардим:
— Яхшиям ойим борлар, қиёмат қўпмайди… Аммо орадан кў-ўп йиллар ўтиб, бир куни — ўригимиз шохлари роса яшилликка буркалиб, довуччалари тишга тегай деган кезда ер остидан бир офат гулдираб келдию ҳамманинг тинчини ўғирлади-қўйди: минг йилдан бери ўтириб келган еримиздан айрилдик-қолдик. Уйларимиз силкинди, у ер-бу ерининг сувоғи кўчди, синчлари очилиб қолди, ҳеч кимни том босмади. Тахмонлар ўрнида, токча ҳам ташлаб юбормади. Аммо шу офат баҳона бўлдию ҳамма кўчирмага тушди. Боғларимизу сойларимизни шаҳар ютди, ўрнида дўмлар қўзиқориндай потраб чиқа бошлади. Киндик қонимиз тўкилган, неча пушт оталаримиз ўтган у диёрдан ҳеч вақо қолмади. Тупроқ ўша-ўша, макон ўша эди-ю, лекин энди у диёр йўқ эди. Уни ёдга соладиган бир ўр ё қир, бир сой ё жилға, бир қўрғон ё ҳовли қолмаганди…
Йиллар кейин шу дўмлардан бирига кўчиб келган ошнам неварасига ақиқа қилиб берадиган бўлдию кечқурун савзи тўғрарга бордик.
Бир-бирига қалаштириб қуриб ташланган бу тошқўрғонлар орасидаги «ҳовли»да, пала-партиш ўрис дарахтлар остида жой ҳозирларканмиз, қай биридандир таралаётган таниш бўйдан биир ҳузурландик. Шунда ошнам:
— Бай-бай-бай, жийда гулининг ҳидиданам ўткир-а! Қаранг, бир чақиримдан гуркираб келиб турибди,— деди.
Мени хўрсиниқ босди.
— Ҳо-ов,.. жийда гулининг ҳиди қаёқдаю бу қаёқ-да!.. Бу дўмларнинг остида қолиб кетган боғларни кўрмагансиз-да…
— Шошманг-шошманг, чинданам шу ерда ҳовуз бўлгучи эди, гир атрофидан ҳар баҳор бир чиройли сафсар гуллар ўсиб чиқадиган. Кейин ахлат билан тўлиб кетиб эди. Ҳозир пастак ўрни қолган, қаранг.
— Ростданам… — Мен ўзию гир айланаси сал чўкиб, бир пайтлар ҳовуз бўлганидан дарак бериб турган жойга ютоқиб тикилдим. Ва, кимнинг ҳовузи экан, деб эслашга уриндим. Шу алфоз… бу «чўкма» ҳовуз четида чўкиртак тўнкасидан гуркираб ўсиб чиқиб, яккам-дуккам гуллашга улгурган наъматакка кўзим тушди. Гулкосалари йирик-йирик, гулбарглари бўлиқ-бўлиқ, тиниқ-тиниқ, нафармон эди у.
Ҳайратда қолдим. Шу наъматак хотирамни жонлантириб юборгандай эди. Ҳа, ҳа, ҳовузнинг бир томонида супача бўларди. Супа четида эса бир туп наъматак ўсару гуллаган кезлари Иззадан эсган сал шабададан ҳам ҳовуз юзини наъматак гулбарглари тутиб кетар эди.
Ўша манзара хаёлимда қайта жонланиб, улар ҳовуз сувининг енгил мавжларида худди нимпушти елканли қайиқчалардай, у томондан бу томонга сузиб бориб-сузиб кела бошладилар… Худди ўша вақтдагидай…
Эсладим! Топдим! Бу ўша холамгиларнинг боғи-мизга туташ ташландиқ ҳовузлари эди. Гир атрофини баланд-баланд сафсар гуллар тутиб ётгувчи, кўклам келиши-ла бир ёнини эгаллаган ёлғиз наъматак нафармон-нафармон гуллаб, тинмагур қурбақалар алламаҳалга довур вақир-вуқур базмлар қургувчи ҳовуз.
Ундан у ёғи эски анҳор ўтган чакалакзору хароба қўрғон — томлари валангор, деворлари қор-ёмғирларда нураб ётган — биз пешинларда беркинмачоқ ўйнаб чарчамагувчи бир жой эди.
Энди билсам, бу диёрнинг таназзули худди ўша кездан, ёлғиз наъматакли бу ҳовузнинг эгасиз қолиши, боғларида бинафшалар очилиб, маймунжонлар ғарқ пишиб ётадиган бу қўрғоннинг харобага айланишидан, холаваччаларимнинг ҳар ёққа тирқираб кетиб, беватан қолишларидан бошланган экан!
Бу етим наъматак энди ўша биз кўз очиб кўрган диёрдан бир маъюс хотирадай, тирик эртак гули мисоли, у сафоли ва балоли кунлардан бир ёдгор бўлиб, дўмлар ўртасида ўз ҳолича ўсиб, ўз ҳолича гуллаб ётар эди…

1. ОЙДИНДА УЧГАН ТУРНАЛАР

Ярим кечамиди, бир уйғонсам, қовуғим тўлиб, сим-сим ачишиб кетяпти. Аммо ҳеч кўзимни очгим йўқ, шунақа ширин уйқуда эканман! Қовоқларим қумга тўлгандай, киприкларимни биров ширачлаб ташлагандай. Шу ётишимда қулоғимга бир ажиб қур-қурлаган товушлар киради. Бу товуш-нағмалар томимиз тепасидан келяптими ё боғ томонданми — билолмайман. Турналар шекилли? Бояқишлар шунақа кеч қолиб кетишибдими? Ундай десам… бунча яқиндан келмоқда бу овозлар? Худди устимда ғужғон ўйнашаётган каби?..
Амал-тақал қилиб кўзимни очиб олдим. Ширач ювилди, қум ариди гўё. Шундагина кўрдим: дераза тагида ётган эканман, устимга келиб қолган тўлин ой — кўкнинг ёлғиз келинчаги деразанинг тепа кўзидан мўралаб турибди.
Боғ томондан бояги қур-қурлар, номаълум қушларнинг сирли чуғур-чуғурлари эшитилади. Гўё турналар тунги олис учишидан толиқиб, бир зумга ёни-миздаги ҳовуз бўйига қўнгану бир-бирларига йўлда кўрганларини ҳовлиқа-ҳовлиқа сўйлаб бераётгандай.
Дик этиб тура, ҳовлига чиқдим. Беихтиёр оёғим боғ эшикка томон тортди. Ташқари — бутун олам сутдек ойдинга чўмилиб ётибди: ишкомлару девор сархокларигача аллатовур кўринади.
Тамбани олиб, эшикни очдиму остонада лол қолдим. Ҳали-ҳануз англаб етолмайманки, тушиммиди ё ўнгим? Бир талай ажиб қушлар ой нурларини эмиб ётган хароба қўрғон тепасидан пастлаб келиб, ойданда оқ — жужун қанотларини ёйганича ҳовуз бўйига қўнишар, қайбирлари «қур-эй, қур-эй»лаб сувга талпинишар, сувга қонган қайбирлари эса, жуфт-жуфт бўлиб, ҳовуз атрофида рақсга тушишар, ўз тилларида бир-бирларига роз айтиб, нағмалар чалишар эди.
Ҳар кўклам ва ҳар кузда осмони фалакдан арғамчи солиб ўтгувчи, «қур-эй, қур-эй»лари биз болаларни далаларга ё томларга чорлагувчи бу қушларни ҳозир мен жуда яқиндан, эллик қадам беридан кўриб турардим, уларнинг худди тушдагидай, ойдинда учиб-қўпишларидан ҳайратда эдим. Улар шундай овлоқларни хуш кўришади. Илгарилари Қўшилиш га қўниб, Бўзсув бўйларида сувлаб қувнаган бўлсалар, бугун холамгиларнинг ташландиқ қўрғонига оралабдилар. Йўлдан адашдиларми ё кимсасиз ҳовуз ойдинда кўзларига харобалар орасига тушиб қолган думалоқ кўзгу бўлиб кўриниб, ўзларини ойнакка солгилари келиб, бу ерга қўндиларми? Манзара чинданам ғаройиб эди.
Балки мен ҳамон туш кўраётгандирман?..
Йўқ, бу овлоқ, бу хароба қўрғоннинг шунақа жозибаси ҳам бор: айниқса наъматак гуллаганда, сафсар гуллар очилганда биз болалару қизлар шу ерга танда қуриб оламиз. Анув қаровсиз боғ ортида ҳали қўзиқоринлар потраб, маймунжонлар ҳам пишиб берсин-чи!..
Балки булар турна ҳам эмасдир? (Ахир бундайин жужунқанот турналарни ким кўрибди? Овозини демаса, нимаси ўхшайди?) Балки бир нималар мени ётган еримдан авраб олиб чиқиб… Ва ўзлари қуш бўлиб кўриниб…
Совуқданми, бошқаданми жунжикиб, боғ эшикни секингина ёпдиму тамбани боса, уйга чопдим. Ўрнимга кирасолиб, кўрпани бошга тортарканман, тахмон томондан ойимнинг овозлари келди:
— Ҳа, Мақсудхўжа, уйқусирадингми?
— Йўқ, ойи, ўзим, — дедим уялиб.
— Ҳаяллаб қолдинг?
Хайрият, тутним ҳам, ажиналар ҳам эмаскан. Ойим сезиб ётган эканлар. Ўзимга келиб, кўрганларимни айтишга ошиқдим. Бошимдан кўрпани отиб ташлаб, азза-базза ўтириб олдим.
— Ойи-чи, ойи, холамгиларнинг қўрғонида нималарни кўрдим, айтайми?
— Нимани кўрдинг?
— Аллақандай катта-катта, ғалати қушлар учиб юрибди. Турнага ўхшайди, лекин оқ, кулранг, яшил — ҳар хил. Ҳовуз бўйида ғужғон ўйнаб ётибди. Роса зўр сайраяптида ўзиям.
— Ла ҳавла ва ла қуввата… «Субҳоноллоҳ», де, болам.
— Айтдим, ойи…
— Яна айт-да, ёт, ухла. Кўзингга кўринишибди…
— Нима, ойи? — дедим ҳайратга тушиб.
— Бояқишлар, — деб пичирладилар ойим.
— Ким, ойи? Ким кўзимга кўринибди?
Ахир, ўзим кўрдим-ку! Ростданам у қушлар узоқ юртлардан учиб келатуриб қўнган турналарди.
Ойим чуқур тин олиб, хўрсиндилар. Овозлари ҳам қалтираб чиқди.
— Худо раҳмат қилган бўлсин ҳаммаларини. Чирқираб юрибди экан ҳалиям бояқишларнинг руҳлари.
Мен ҳайрон қолдим.
— Нега унақа дейсиз, ойи?
— Бояқиш холангни, Абдураҳим эшон поччани айтаман-да. Шундай хонадон… тариқдай сочилиб кетди-я, хонавайрон этдилар-а! — Ойим ўрниларидан туриб ўтириб, рўмолларини ўрашга тутиндилар. — Худойим ўзи билиб-кўриб тургандир? Қасд қилганларни қолдирмас бундай!
Ойим азза-базза рўмолларининг учини мижжаларига босдилар. Овозлари яна қалтираб чиқди.
Дарвоқе, ўзи нима бўлган? Шу қўрғон ҳақида гап очилди дегунча кўзлари ёшланиб, овозлари ўзгариб келаверади. Раҳматли холанг, раҳматли Абдураҳим эшон почча, дейдилар-у, у ёғини айтолмайдилар. Биз эсимизни танибмизки, бу уйларнинг томи очиқ, пахса деворлари қор-ёмғирларда нураб ётади. Шунча йилнинг бадалида бу ерга ҳеч ким кўчиб ҳам келмади, томларини тиклашга уринмади ҳам. Қарғиш теккандай, сўппайиб ётади. Ҳовузга ҳам сув кириб-чиқиб туради-ю, лекин биздан бўлак ҳеч ким ичмайди.
«Ойи-и, улар қаёққа кетишган, нимага қайтишмайди?» деб сўрагим келди-ю, журъат эта олмадим. Ойим ўз юмушлари билан чиқиб борардилар.
Ҳа, ойимларга ҳам осонмас. Ярим кечагача қора чироқда иш тикиб, мошиначилик қиладилар. Бомдодни ўқибоқ сигир соғадилар. Кечқурун соғилганини докада сузиб, иккита идишни тўлдирадилар-да, паранжини қийшиқ ёпиниб, Чўлпонотанинг сут бозорига йўл оладилар. Қайтишда рўзғорга бозор-ўчар қилиб келадилар. Унгача кун ҳам ёйилиб кетади. Кейин далага қараб чопадилар. Тушгача бир қоп, тушдан кейин бир қоп дагирга ўт олиб келмасалар, бошқа ҳеч вақо йўқ. Кунимиз шу сигирга қолган. Мактабдан келгунимча, у кўчамиздаги тол тагида «рўза тутиб» ётади. Тушдан кейин мен битта китобни қўлтиғимга қисиб, Иззага ўтлатгани олиб кетаман. Чўмилиб, балиқ тутиб, чимзорларда гурпаклашиб умримиз ўтади. Зериксам, толнинг соясига ўтиб, чимзорга чўзиламан-да, паға-паға булутларнинг минг шаклга киришию сўфитўрғайларнинг чуғурлашига маҳлиё бўлиб, соатлаб кўкка тикилиб ётаман…
Бундай қарасам, ой аллақачон деразамиз кўзидан ўтиб ҳаволаб кетибди. Энди бир парча нури тахмон томонга чўзала тушиб турарди. Бояги овозларни қўмсаб, ташқарига қулоқ тутдим. Аммо бу сафар нимагадир қурилдоқлар овозидан бўлак ҳеч товуш эшитилмади.
Бояги қушлар нима бўлди экан? Ойим «кўзингга кўринишибди-да» деб нимани, кимни назарда тутдиларкин? Шу хаёллар оғушида эканман, тотли бир уйқу элтиб келиб, секин ўрнимга чўзилдим ва ўзим сезиб-сезмай хаёлий оламларга сузиб кириб кетдим.

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.