Кўм-кўк майсалар, яхши сабзалар билан ўралган кенг, гўзал бир қирнинг устида бир айғир от ёлғиз ўзи ўтлаб юрар эди. Янги чиққан ям-яшил, кўм-кўк ўтларнинг энг яхшисини толалаб-толалаб ер эди. Еб, қорни тўйгандан сўнг у ёқ-бу ёққа ўйноқлаб, кишнаб юрар эди. Ҳеч кимни ёнига йўлатмас эди. Ёлларини йилтиллатиб юриб, чарчагандан кейин, даланинг ҳар хил хуш исли чечаклар очган текис ерларига бориб ағанар эди.
Бир замон бу ерга бир хўкиз келиб қолди. Даланинг роҳат-гўзаллигини кўргач, шу ерда қолмоқчи бўлди. «Дала — кенг, текис, ўтлар қалин, сувлар тиниқ, худди тоғларнинг тепасидаги яйловларга ўхшайди, ўти менга ҳам етар, отга ҳам етар», деб ўйлади. От буни кўриб аччиғи келди. Қувлаб юбормоқчи бўлиб келган эди, хўкиз сузиб, яқин келтирмади. Шундан сўнг отга жуда алам қилиб, одамнинг ёнига келиб: «Ўртоқ, шу ҳўкизни қирдан қувлаб юборишга кўмак қилсанг-чи», — деди. «Тузук, сенинг бу илтимосингни қабул қилиб, ҳўкизни қувиб юбораман, аммо тез қувлаш учун сенинг орқангга эгар, оғзингга юган солиб, устингга отланишим керак бўлади. Шунга кўнасанми?» — деди.
От бу шартга унади. Одам эгарлаб ва юганлаб, отни миниб олиб, қирга чиқди. Ҳўкиз буни кўргандан кейин қирдан қочиб кетди. Ҳўкиздан қутулгач, от кишига: «Қани, ўртоқ, устимдан туш, эгар-юганингни ол, ҳўкизни ҳайдаганингга раҳмат!» — деди. Киши отдан тушди, лекин отнинг оғзидан юганни олмади. Бунинг устига оёқларига ҳам кишан солди. Шу кундан бошлаб бир ерга бормоқчи бўлса, дарров отнинг устига эгар солиб, миниб борадиган бўлди. От эса одамга қул бўлиб қолди.