Туркман чўлида қулоқчўзма
1986 йилнинг 18 апрели эди. Бизни Косонсой тумани ҳарбий чақирув бўлинмасида сафга тизиб, номма-ном йўқловдан ўтказгач, автобусларга чиқаришди ва Наманган вилояти марказига йўл олдик. Шаҳарга қишлоғимиздан ўтиб кетиларди. Ҳовлимиз катта йўлдан кўриниб туради. Автобус ойнасидан қараб илғаб қолганим ҳовли тўла бола-чақа, гилос тагида идиш-товоқ юваётган сингилларим ва автобуслар карвони ортидан қўл силтаб қолган олти яшар жияним эди. Мени кузатишга келган қариндошлар ва қўшнилар ҳали тарқалмаган экан.
Шаҳардаги темир йўл вокзалида бизни автобуслардан туширишди. Вокзалнинг атрофида тумонат одам, ҳамма аскар кузатиш ташвишида. Ёшу қари, аёлу эркак тўп-тўп бўлиб дастурхон атрофида давра қуриб ўтиришибди, уйида пиширган паловини қозони билан ўртага қўйганлар ҳам бор. Вокзалда азонлаб ҳозир бўлганлар аллақачон остларига шолчаю кўрпа тўшаб, ёнбошлаб олишибди. Кўплар юк машиналарида келган, емак-ичмак ҳам машина устида. Дастурхон тўкин: қариндошлардан бири бўлғуси аскарнинг оғзига ош тутса, бошқаси қовурма гўшт узатади, бўкиб қолаёзган бечора йигит “бўлди, бўлди”ласа, “есангчи, яна қачон кўрасан бунақа овқатларни” деб бошқалар ҳам жўр бўлади. Ҳар ким ўзича меҳрибонлик кўрсатгиси келади, эртага навраста йигитлар қаерларга бориб тушади, Россиянинг совуқ Сибир ўлкаларигами ёки Афғонистондаги уруш жаҳаннамигами, деган хавотир ҳамманинг кўнглида бор, лекин айтолмайди.
Вокзал атрофидаги бу манзара менга жудаям таниш, ахир бир йил аввал акамни уч марта кузатгани келганмиз-да! Акам ҳар гал кечқурун уйга қайтиб бораверган. Ниҳоят тўртинчи гал жўнатиб юборганмиз, қариндошлар ва қўшниларимиз ҳам ҳар куни уйимизга келавериб зерикиб кетишганди ўшанда, лекин билдиришмаган, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлсин, дейишган-да. Шундан чўчиган бўлсам керак, уйдагиларга вокзалга борманглар, деб қаттиқ тайинлаган эдим. Лекин барибир уч-тўрт қариндош келишибди. Хуллас бизни яна бир марта йўқловдан ўтказиб, поездга чиқаришди. Поезд тарақа-туруқ қилиб қўзғалганда юракларда ғулғула авжланди. Эрталабдан буён дастурхон атрофида ўтираверишдан, еб-ичишдан зериккан кузатгувчилар, ниҳоят, кекириб-кекириб, томоқ қириб, поезд ортидан қўлларини силтай-силтай ҳайқирганча қолишди.
Поезд йўлма-йўл аскар йиғиб Тошкентга, ундан кейин Термизга борди ва охири Туркманистон сари йўл олди. Поезддаги вақтимиз фақат овқат ейиш ва армияда бизни нималар кутаётганини муҳокама этиш билан ўтди. Ҳар бир аскарнинг тўрвахалтаси тўла емак эди, кўмач нону қуймоч гўштдан тортиб қурт-майизгача. Чўнтаклар пулга тўла. Ўша пайт ҳарбийга жўнаётган йигитларни кузатиш катта маросимга айланиб, қон-қариндошнинг барчаси бўлғуси аскарнинг қўлига пул тутқазарди. Мактабни яқинда тугатган бу ўспиринларнинг аксарияти мундайроқ тўй қилиб, уйланиб олишга ҳам етадиган бунақа пулни ҳали умрида кўрмаганди.
Поездда кетаяпмиз-у кўнгилдаги хижиллик тарқамайди. Ҳали олдиндаги икки йил давомида нималар кутаётганини билмаслик, мавҳумлик зулмати тобора ўз домига тортади. Бироқ ўн саккиз ёшдаги ҳар қандай йигитда бўладиган шиддат-шижоат ва қизиқувчанлик тушкун кайфиятни барибир енгиб чиқаверади.
Икки кун деганда поезд Ашхободга етиб келди. Бизни вагонлардан тушириб, ҳарбий машиналарга чиқаришди. Тахминан уч соатдан кейин ўзимизни чўл бир жойда тикланган жамлоқда кўрдик. Сим тўсиқлар билан ўралган жамлоқнинг ичида сон-саноқсиз чодирлар қуриб ташланган. Бизни сафга тизиб, зобит ва сержантларнинг буйруғига сўзсиз амал қилиш, жамлоқдан ташқарига чиқмаслик ҳақида огоҳлантиришди. Бу ерда ким қанча туриши номаълум, кимнинг чеки қаерга тушса, навбати билан жўнаб кетаверади, дейишди.
Атроф бийдек чўл, кўз илғагулик масофада бирор қишлоқ йўқ. Эрталаблари қум тўзғитиб кучли шамол туради, кундузи иссиқ, тун совуқ. Жамлоқдан пиёда ярим соатлик йўлда катта ҳарбий қисм жойлашган экан. Бу ҳарбий қисмнинг бўлғуси аскарлар бошига қандай кулфатлар солишини кун ўтган сайин ўз бошимиздан ўтказа бошладик. Жамлоқда ҳафталаб яшаётган йигитлар бизни тунда ҳушёр туришга чақирди. Ҳарбий қисмдаги аскарлар ҳар куни тунда ёш аскарларни талашга келар экан. Талаш дегани бу бўлғуси аскарларнинг пулини тортиб олиш, устидаги кийими янги бўлса ечиб олиш, хуллас, нимаики кўзларига чиройли ва керакли кўринса, барчасини тортиб олиш эди. Буни ўзимизни тилда босмачилик деса ҳам бўлади. “Агар кучларинг етса, ҳаммаларинг бир бўлиб қаршилик кўрсатинглар,” дея бизга маслаҳат беришди.
Минг бир хавотир ва қўрқув билан қош қорайишини кута бошладик. Чодирнинг ичига тахталардан сўри қилинган, ёстиқ-тўшак деган нарсадан нишона йўқ. Ҳаммамиз тўрвахалтамизни ёстиқ қилиб, сиқилиб-сурилиб сўрига жойлашдик. Остимиздаги тахталар ранда кўрмагани учун, ёнбошга ағдариламан десанг, биқинга зирапча санчилади, яхшиси қилт этмай ётиш. Вақт алламаҳал бўлганда ён-атрофимизда этикларнинг гупур-гупури эшитилди. Қий-чув, тўс-тўпалон кўтарилди, бироз ўтиб тинди. Яна қаерлардандир тўпалон садоси эшитилди. Лекин биз жойлашган чодирнинг ороми бузилмади. Эрталаб учта чодирга босқин бўлганини билдик. Шу тариқа тунги босқинлар тинмади, аксинча, кўпаяверди, муштлашув ва безорилик авж олди.
Навбатдаги тунги босқиндан кейин жамлоққа кўчма почта машинаси келди. Сержантлар бизни бир жойга йиғди. Бир зобит қўлида овоз кучайтиргич билан гапира кетди:
“Ўртоқ бўлғуси аскарлар! Ҳамма чўнтагидаги бор пулини уйига жўнатсин! Мана, почта, пул жўнатилгани ҳақида қўллларингга кафолатнома берилади. Қўлларингдаги пул ота-оналарингга керак, бу ерда эса у сизларга фақат кулфат келтиради. Ҳаммамизни ташвишдан қутқариб, бу пулларни зудлик билан уйга жўнатинглар!”
Кўпчилик ёнидаги пулини уйига жўнатди. Дарҳақиқат, шундан сўнг аскарларнинг тунги босқини тугади. Лекин бошқа муаммо бошланди.
Очлик!
Бу пайтга келиб уйдан тўлдириб келинган тўрвахалталар бўшаб қолган, кўмач нонларнинг охирги қолган-қутганларини ҳам еб битирган эдик. Қолаверса, жамлоқ ён-атрофида савдо қиладиган туркман хотинлардан чаватисимон нону турли емакларни сотиб олиб юрганларда ҳам энди пул қолмаган. Шу пайтгача ҳарбий қисмдан бидон идишда олиб келинадиган овқатдан аксарият йигитлар татиб кўрмаган эди. Шу сабабми, ҳарбий қисмдан жўнатиладиган овқатнинг аввал бошданоқ жуда кам бўлганини ҳеч ким сезмаган экан. Энди эса росмана очлик бошланди. Нонуштага йигитлар саф тортиб овқатга навбат туради, лекин навбатнинг ярмига бормай овқат тугаб қолади. Бўлинмамиз рўйхатнинг охирроғида бўлгани учун бизнинг чодирдагилар умуман овқатсиз қолди. Тушликда ҳам жамлоқдагиларнинг ярмига овқат етмади.
Иккинчи куни бу ноҳақлик туфайли нонушта пайти ғалаён бошланди. Ҳеч ким навбатга амал қилмай қўйди. Бизга масъул бўлган сержантлар сафни эплай олмасди, зобитлардан эса дарак йўқ. Эртасига аҳвол жиддийлашди, нонушта пайти улоқни эслатувчи томоша бошланди. Кучи етганлар овқатни идиши билан олиб қочди. Чой қумга ағдарилди. Нон тўла халтани ҳамма юмталаб, ҳар тарафга тортганидан илма-тешик бўлиб кетди. Кимдир бир буханка нонни халтадан чиқариб олса, халтага қўли етмаганлар унинг нонига ёпишарди.
Биз ёшлигимизда тўйларда ўйнайдиган қулоқчўзманинг худди ўзгинаси эди бу манзара. Қулоқчўзма ўйини ҳозирги тўйларда ўйналмайди. Болалигимизда аксар тўйлар қиш пайти бўлиб, уч-тўрт кун давом этарди. Тўй эгаларидан бири болаларни йиғиб, чўнтагидан дастрўмолини чиқарар, ҳаммага кўрсатиб 1 сўм ёки 3 сўмлик пулни рўмолча учига қаттиқ тугиб, сўнг уни осмонга улоқтирарди. Дастрўмолни илиб олган бола қочар, кетидан қувиб етганлар уни ерга босиб олиб қулоғидан аямай чўзишарди. Бола оғриққа чидай олмаса, қўлидаги тугунчани ирғитиб юборарди. Энди бошқа бировнинг қулоғидан чўзишарди, кимларнингдир қулоғи қонар, кимлардир йиғлаб юборарди. Улоқни илган бола тўйхонани гир айланиб тўй эгасининг олдига етиб келганда ўйин тугарди. Ютуқни олганнинг икки қулоғи чўзилаверганидан қип-қизил бўлиб, шапалоқдек осилиб қоларди. Баъзи қитмирроқ болалар қулоқни бураб тортарди. Ҳозирги томоша менга ўша ўйинни эслатиб юборди. Бу хил манзараю хўрликдан одамнинг овқатдан ҳам кўнгли қолиб кетар экан.
Бироқ бўш қоп тик турмас, деб доно халқимиз бежиз айтмаган. Ҳаёт учун кураш деганлари шу бўлса керакки, учинчи кун очликка чидай олмай, силлам қуриганча бу оломон ичидан бир бурда нонни қандай олиб чиқиш йўллари ҳақида ўйлай бошладим. Бўлинмамиздаги йигитлар бирлашиб режа туздик. Овқат машинадан туширилиши билан ҳамма унга ёпирилади, энди биз ҳам қараб туролмаймиз. Уч киши иссиқ овқат солинган идишга чопади, уч киши нон халтага ёпишади, яна уч киши чойга. Сўнг топганимизни ўртага қўйиб баҳам кўрамиз. Бу режамиз биринчи куниёқ иш берди. Фақат ярим буханка тегибди бизга, барчамиз бўлишиб едик. Шу тариқа насибамизни териб, тўғрироғини айтганда, юлқиб чиқадиган бўлдик. Лекин осон бўлмади. Баъзан оломоннинг оёқ остидан қуруқ қўл билан чиққан пайтларимиз ҳам бўлди.
Кун ўтган сайин янги кўргуликлар чиқаверди. Шу атрофдаги колхоз раислари эрталаб келиб бўлғуси аскарларни зобитлардан сотиб олар ва мардикор сингари ишга соларди. Туркман деҳқонлари қўлида ёки қурилишда ишлаганлар омадлироқ саналарди, чунки уларга тушлик овқат берилади. Жамлоқда қолганларни эса ҳарбий қисмга ҳайдаб келиб, улкан майдонга тиз чўктириб ўтқазиб қўйишар, кимга текин ишчи керак бўлса олиб кетаверарди. Эринмаган сержантлар келиб, ўзларининг ётоқхонасини тозалатишга ҳам шу ердан одам танларди. Баъзан кун бўйи майдонда харидор келмаган мардикор сингари қолиб кетардик. Бироқ аксар ҳолларда ҳаммамизни олиб кетишар, бир кунга ҳўкиз ўлмас, икки кунга эгаси бермас қабилида итдек ишлатишарди. Камига устингдаги кийиминг оҳори кетмаган бўлса ечиб олиниб, ўрнига увадаси чиққан кийим бериларди. Шундоқ ҳам чўлдаги чанг-тўзондан кийимларимиз униқиб кетган, икки ҳафта бўлибдики, ҳаммом кўрмаганимиздан қорайиб, маймунбашара бўлиб қолганмиз. Қачон аскар кийими киямиз, деб орзу қилардик.
Шундай кунларнинг бирида бизни яна ҳарбий қисмга ишга олиб келишаётганда, одатдагидек, зобитлар маданият саройи олдидан ўтдик. Якшанба куни бўлгани учун сарой олдида зобитларнинг хотинлари ва болалари янги филм намойиши бошланишини кутиб туришарди. Бизни эса сержантлар худди урушдан чиққан асирлардек ҳайдаб келарди. Асирлардек деганим бир маънода тўғри ҳам эди. Уйдан кийиб келган кийимларимиз аллақачон увадаси чиққан, пойабзал йиртиқ, янги кийимини “қария” аскарлар тортиб олган айрим йигитлар эгнига ранги ўчиб, оқариб кетган ҳарбий кийим илиб олганидан полиз қўриқчисига ўхшаб қолган. Тоза ва қимматбаҳо кийинган зобитбаччалар бизни қўлларини бигиз қилиб кўрсатиб кула бошлашди. Бизнинг ивирсиган аҳволимиз шубҳасиз шундай кулгига лойиқ эди. Шунда зобитбаччалардан бири баланд овозда “Шу аҳволига буларга омад кулиб боққанини қаранглар-а, улар яқинда Германияга кетади,” дея киноя қилди.
Олмонияда саргардонлик
Туркман чўлидаги машаққатлар, ҳарбий қисмдаги қулларча меҳнатдан тобора безиб, кўпчилик ҳийла йўлига ўта бошлади. Яъни, эрталабки сафдан кейин сержантлар кўзини шамғалат қилиб ўтовларга яшириниб олиш. Буни мен кейин, бир куни тасодиф ила жамлоқда қолганимда билиб қолдим. Ўша куни бизнинг бўлинмадан тўрт киши, мен ҳам уларнинг орасида эдим, бир туркман деҳқонига сотилган эканмиз. Шу сабаб биз жамлоқда деҳқон келишини кутиб қолдик. Эшитимча, ҳарбий қисмда ишлагандан кўра колхозда, деҳқонлар қўлида ишлаган яхшироқ экан. Мен бундан хурсанд эдим. Бироқ деҳқон келмади ва биз жамлоқда қолдик. Шунда жуда кўп тенгқурларим ўтовларда яшириниб, топганини еб ётганини кўрдим. Улар уддабуронлик қилиб, эрталабки йўқловдан кейин сержантларга сездирмай чодирга яшириниб олар, бир неча кундан буён шу тахлит ҳаёт кечираётган эмиш. Улар билан топганимизни ўртада баҳам кўриб, суҳбатлашиб ўтирдик. Шўро армияси дунёдаги энг катта ва кучли армия, бизнинг бошимизга тушаётган бу муаммолар вақтинчалик, ҳали белимизга аскарлик камарини таққанимиздан сўнг бутунлай бошқа ҳаёт бошланади, деб ўзимизга далда берардик. Мен бу гапларга ишонардим, чунки мактаб пайтларимиздан ўргатилганки, Шўролар Иттифоқининг ҳарбий қудрати бутун дунёда тинчлик гаровидир. Агар Иттифоққа заррача путур етса, Америка каби империалистик ва агрессив давлатлар бизга ҳужум қилиб, халқимизни қулга айлантиради. Ҳа, дердим ўзимча, дунёда адолат ўрнатиб турган давлат армияси бундай абгор бўлиши мумкин эмас, бу қандайдир тушунмовчилик, холос.
Тушга яқин бир сержант бақир-чақир билан чодирма-чодир юриб, жамлоқда қолган йигитларни йиға бошлади. Жамлоқнинг ўртасида тўқ зангорга бўялган алоқа машинаси баланд антеннаси билан турарди. Машинанинг ичида бир майор уззу-кун маст, тўнғиздек хуррак отиб ётишни одат қилганди. Энди эса у оёғи куйган товуқдек типирчилаб қопти. Лекин қизарган кўзларию шишиб кетган қовоқларидан унинг ҳозир ҳам қип-қизил мастлиги сезилиб турарди. Олмониядан “зудлик билан 15 нафар аскар юборилсин”, деган сўров келган экан. Жамлоқда ўттиз чоғли йигит қолган. Бизни алоқачи сержант бир сафга тортиб, кейин қуръа ташлади ва 15 кишини танлаб олди. Уларнинг орасида мен ҳам бор эдим. Бизни югуртириб ҳарбий қисмга олиб келишди.
Ҳаммомга кирдик. Уйдан чиққанимиздан буён илк марта чўмилишимиз эди бу. Ҳаммомдан аскарча кийим билан чиқдик. Оёғимизда яп-янги ярақлаган кирза этик, бошимизда пилотка, чучвара дўппи деса ҳам бўлади, эгнимизда оҳорли сарғиш-зангор ХБ – аскарларнинг ёзги кийими, ўзимизда йўқ хурсандмиз. Елкамизда аскар халтаси, ичи тўла “сухой паёк”, яъни қотган нон, тушонка, чақмоқ қанд кабилар.
Шу ерда бизга зобитлар билим юртини янги тугатган бир лейтенант қўшилди. Яъники, бизни ўша лейтенант ихтиёрига топширишди. У бизга сухой паёкдан тежам билан фойдаланиш, бу камида уч кунга етиши лозимлигини уқтирди. Сўнг бетўхтов Ашхобод аэропортига бордик. Биз бор йўғи 15 нафар, зобит билан 16 киши бўлганимиз учун ҳарбий транспорт эмас, жамоат транспортидан фойдаланишга тўғри келган экан. Самолётда Симферополга учдик. У ердан яна бошқа самолётга чиқиб Беларус пойтахти Минскка учдик. Минскдан электричкага ўтириб Польша чегарасига яқин келдик. Бу ерда кўп сарсон бўлдик, аслида биз эмас, бизни олиб юрган зобит сарсон бўлди. Ҳали бир бинога кириб соатлаб йўқолиб кетади, ҳали бошқасида кун бўйи қолиб кетади. Бизнинг ишимиз эса ўзимизни офтобга солиб, ўтган кетган қизларга гап отиш. Охири вокзалда бир кечани ўтказиб, эртаси поездга чиқдик. Поезд чегарага етиб келиб, узоқ туриб қолди. Бизни шу атрофда Шарқий Оврўпога хизмат сафари билан кетаётган зобитлар тўхтайдиган комендатурага келтиришди. Бу ерда бир кун қолдик. Таътилдан қайтаётган бир аскар бизга қандай қилиб сигарета донасининг ичига ўн сўмлик пулни ўраб жойлаш йўлларини кўрсатди. Шўро пулидан фақат ўн сўмлик четда катта кучга эгалигини уқтирди.
Кечга яқин биз поездда Совет Иттифоқи чегарасини кесиб ўтдик. Туни билан йўл юрдик. Эртаси тонгда уйғонганимизда Варшавани кесиб ўтаётган эдик. Шаҳарнинг гўзаллиги, шўро архитектурасидан фарқ қиладиган бетакрор иморатларни кўриб худди Андерсен эртаклари оламига тушиб қолгандек бўлдим. Бундай гўзал ва бетакрор манзара, ўрмонлар ва бежирим шаҳарлар Олмонияга қадар давом этди. Поезд ойнасидан ҳайрат ила ташқарига тикилиб борардик. Кечга яқин олмон чегарасини кесиб ўтдик. Тун яримлаганда поезд охирги манзилга келиб, ҳамма йўловчилар тушиб кетди. Биз эса ҳамон ўтирардик. Шунда сездикки, зобитимиз бир қадар саросимада. Худди энди қаерга боришни билмайдигандек. Эрталабгача кўчада қолдик.
Баҳор, май ойи бошланганига қарамай тунлари совуқ экан, тонгга яқин ҳаммамиз қалтираб қолдик. Шу ерда поезд йўли стрелкачисининг кичкина ёғоч будкаси бор экан, уни бузиб, темир йўлнинг четида гулхан ёқиб исиндик. Аввалига зобитнинг капалаги учиб кетди, лекин кейин ўзи ҳам бизга қўшилиб исинди. Олмониядаги саргардонликнинг илк тонгини шу тариқа кутиб олдик.
Бир автобусга чиқамиз, бир поездга чиқамиз, амаллаб Галле шаҳрига етиб келдик. Бундай улкан шаҳарни биринчи бор кўриб турганимиздан оғзимиз очилиб қолганди, ўтган-кетган олмонлар эса туркман чўлида қорайган юзимизу оғир кирза этикларимизга қараб анграйиб қолган. Лекин зинҳор устимиздан кула олмайди. Ахир ғолиб шўро аскари устидан кулиб бўларканми?!
Олмон кўчаларида дайдиб, ўнлаб чақирим пиёда йўл юриб кечқурун шаҳар четидаги ҳарбий ҳаво қўшинларига қарашли қисмга етиб бордик. Бизни казармага вақтинча жойлаб, лейтенантнинг ўзи ҳужжатларимиз солинган жилдни қўлтиқлаб чиқиб кетди. Қувончимиз ичимизга сиғмасди. Биз десантчи бўламиз, деб ҳамма бирваркарайига қичқирар, тинимсиз сакрар, йўлнинг чарчоғи ва очлик ҳам билинмасди. Бироқ қувончимиз узоққа чўзилмади. Эрталаб қўлимизга биттадан “сухой паёк” тутқазиб, ташқарига кузатиб қўйишди. Йўлланмамиз бу ерга эмас, артиллерия қисмига берилган эмиш. Кечгача йўл босиб ўша қисмни топиб бордик. Бироқ бу ерда бизни ҳатто ичкарига ҳам қўйишмади.
Маълум бўлишича, Туркманистонга йўлланган телеграммани қабул қилиб олганлар битта нолни тушириб қолдириб, 15 нафар аскар деб ёзган экан. Бу қисм эса 150 нафар аскар сўраган экан. Кўз олдимга дарров жамлоқдаги алоқа машинасида уззу-кун маст бўлиб ётадиган майор келди. Ҳаммамиз тўнғиз қўпгур майорни бўралаб сўкдик. Лейтенантга эса энди Дрезденга боришни маслаҳат беришибди.
Сухой паёк аллақачон тугаган, лейтенантимиз йўлма-йўл учраган ҳарбий қисмлар, шаҳарлардаги комендатураларга кириб овқат сўрайди. Ҳарбийларга жамоат транспорти текин бўлгани учун бошимиз оққан томонга кетаверардик. Ҳартугул, 15 кишининг қорнини тўйдириш улкан шўро армияси учун нима деган гап! Бир гал йўл устида учраб қолган кичикроқ ҳарбий қисмга кирдик. Лейтенантимиз бизни зобитлар ошхонаси ёнида қолдириб, ўзи овқат ундириш учун штабга кетди. Шунда ошхонадан бир ўзбек аскар чиқиб келди. Биз хурсанд бўлдик, бироз суҳбат қурдик. “Лейтенантни кутиб ўтирасизларми, ўзим сизларга овқат топиб бераман,” деди.
У ошпаз экан. Бизни ошхонага олиб кириб, аскарларнинг иссиқ овқатидан берди. Бу уйдан чиққанимиздан буён илк марта стол устида хотиржам овқатланишимиз эди. Овқатдан кейин у тамакисини биз билан баҳам кўрди. Юртдошинг бўлса яхши экан-да, устига устак у ошпаз бўлса.
Қорин тўйгач, яна йўлга чиқдик, қайдасан Дрезден деб. Ярим тунда Дрезденга етиб келдик, шаҳардаги комендатуранинг йўлагида тунадик. Эрталаб шаҳар кезиш бошланди. Бу шаҳарда бизни ҳеч бир қисм қабул қилмади. Лейтенант борган жойидан қизариб-бўзариб, гап эшитиб чиқарди. Унинг ҳам силласи қуриб, назаримда бизни кўришга кўзи қолмаган, биз билан деярли гаплашмай ҳам қўйганди. Кечқурун яна комендатурага қайтиб келдик. Бу ерда лейтенантга Эрфурт шаҳридаги аскарларни тақсимлаш марказига боришни ва ўша ерда қайтадан рўйхатга туришни маслаҳат беришибди.
Эртасига вокзал ташқарисидаги сўлим хиёбонда поезд кутиб ўтирар эканмиз, бир-биримизга ҳазил қилардик: “Бу лейтенант билан биз ҳали Берлинни оламиз! Рейхстагга қайтадан байроқ тикамиз!”
Ва ниҳоят Эрфуртдаги аскар тарқатиш марказига етиб келдик. Ҳарбий қисмнинг ичи шаҳарга ўхшайди. Юраверганинг билан тугамайди. Дарвозадан бизга ўхшаш ёш аскарлар саф-саф бўлиб кириб келмоқда, сафнинг охири кўринмайди. Қарши томондан манзили аниқ бўлган аскар сафлари шаҳарчани тарк этяпти. Уларнинг ҳам кети узилай демайди. Этикларнинг гупур-гупури қулоқни қоматга келтиради. Шаҳарча чумоли инига ўхшайди, сон-саноқсиз аскар, лекин тартиб бор. Одам кўплигидан кўзинг тиниб, бошинг айлана бошлайди. Мана, дунёдаги энг катта армиянинг ҳайбатини қара, дегинг келади.
Бизни Туркманистондан Олмония қадар сарсон қилган лейтенант шу ерда ҳужжатларимизни штабга топширдию ўзида йўқ хурсанд ҳолда кўздан йўқолди. Бу улкан аскар тарқатиш пунктида бир кеча тунадик. Эртасига узундан узун саф билан вокзалга бордик ва яна поездга ўтириб, мамлакатнинг шимоли ғарби томон йўл олдик. Поезд икки қаватли экан, бунақасини биринчи кўришимиз эди, аскарлар поезд ичида роса чопиб ўйнашди. Кечга яқин Ордурф деган кичик бир шаҳарчага етиб келдик.
Яна саф тортиб, зириллатиб ер тепганча эртаклардаги каби сеҳрли ва сирли кўринадиган, озода, гўзал шаҳарчани кесиб ўтдик. Ҳар битта эшик, ҳар битта дераза бир-бирини такрорламайди, алоҳида безак ва ранги билан ажралиб туради, дераза рахларида қизил, сариқ, сафсар ва бинафша гуллар яшнаб турибди. Баҳорий кайфият шаҳар кўркини янада очиб юборган. Фақат этикларнинг гупури еру осмонни зириллатади, пардалар ортидан эса олмон кампир ва чоллар узундан-узун аскарлар карвонини хомуш кузатади. Шу тариқа келгуси икки йил умримиз ўтиши лозим бўлган ҳарбий қисм дарвозасидан “жаҳаннам қаърига” кириб бордик.
“Жаҳаннамга марҳамат!”
1986 йилнинг 8 май куни 201 рақамли мотоўқчи гвардиячи дивизияга келдик. Уруш бошланган тақдирда дивизиянинг қудрати, ўқ-дори заҳираси рақибни 20 дақиқа ушлаб туришга етар, бунга қадар эса ичкаридаги шўро қўшинлари тўла жанговар тайёргарликка келиши лозим экан. Шу боис бу қисмга “йигирма дақиқалик дивизия” деган норасмий ном берилган экан. Рақиб эса чегаранинг нариги тарафида, ғарбий Олмонияда жойлашган АҚШнинг 8-денгиз қўшинлари армияси экан.
Туркманистондан бирга чиққанимиз 15 нафар йигитдан бу ерда бир ўзим қолгандим. Янги аскарлар орасида ўзбеклар жуда кўп бўлишига қарамай, мен бирортасини ҳали танимасдим. Бизни зобитлар учун мўлжалланган спорт залига киритишди ва шу ердан турли роталарга тарқатишди. Мен гвардиячи пиёда қўшинлар полкининг иккинчи ротасига юборилдим.
Ғалаба байрами куни биз бир ойлик карантинни биринчи баталонда бошладик. Карантиннинг биринчи кунида шу нарса маълум бўлди-ки, бу ерда ҳам Туркман чўлидаги каби овқат учун курашиш лозим экан. Фарқи шуки, бу ерда оқ нон кимгаю қора нон кимга, энг яхши овқат қайси миллатга лойиқ деган масала устида жанжал бўлади. Озиқ-овқат ва иссиқ кийим-кечак муаммоси, назаримда шўро армияси тарихида ҳамма вақт энг долзарб муаммо бўлиб келган, фақат бу ҳақда гапирилмас, ёзилмас, киноларда кўрсатилмасди. Шўроларнинг жаҳон кино санъатида бетакрор асар дея тан олинган, ҳалигача “монтаж отаси” дея эътироф этиладиган Сергей Эйзенштейн суратга олган “Потёмкин зирҳли кемаси” фильмида матросларнинг қўзғолони қуртлаган гўштдан бошлангани бежиз бўлмаса керак.
Агар бу ёруғ дунёда дўзах бўлса, армиянинг дастлабки олти ойини ана шу дўзах ҳаётига қиёслаш мумкин бўлади. Армия ҳаёти ҳақида эшитган минглаб чўпчакларимдан фарқли ўлароқ бу қисмда “дедовшина”, яъни “оқсоқоллик” ақидаси ҳукм сурмас, балки ундан-да шафқатсизроқ чангалзор қонуни ва миллатчилик ҳукмрон эди.
Карантиннинг биринчи кунлариданоқ машқлар ниҳоясига етиб, зобитлар уйига кетгач, икки юзга яқин ёш аскарлар яшайдиган улкан залда қиёмату қойим қўпарди. Тасир-тусур мушт ва тепкилар, қайишларнинг чийиллаб айланиши, курсиларнинг синиши ва аскарларнинг оҳ-воҳи темир бетон деворларни зириллатиб юборарди.
Аксари жанжал кавказликлар ва ўзбеклар ўртасида бўлиб ўтарди. Ўша кезлари шўро армияси сафларида ўзбеклар кўп эди. Гуржилар, арманилар ва озарийлар ўртасида ягона Кавказ тушунчаси мавжуд бўлиб, улар ўзаро илиқ муносабатда бўлар, яъниким, ўзларини иттифоқдош сезар ва армия сафларида тобора кўпайиб бораётган ўзбекларни жиддий хавф сифатида кўрар экан. Ўзбекларнинг қаршилигини буткул синдириш ва қисмда тўла ҳукмронлик қилиш уларни бирлаштирган ягона мақсад эди. Назаримда, улар ҳали армияга келмасларидан анча аввал бунга пухта тайёргарликдан ўтгандек туюлар, тасодифан соддароқ миллатдоши келиб қолса, зудлик билан унга сабоқ берилар, қўлидан етаклаб юриб зўравонлик сабоғи ўтиларди, яъниким, бирор ожизроқ аскар топиб, уни дўппослашни буюришарди.
Улкан зал пастқам темир панжаралар билан бўлмаларга бўлинганди. Мен ётадиган бўлма йўлакка яқин бўлгани ва тунги навбатчи тепасидаги чироқнинг нуридан бироз ёришиб тургани боис дастлабки тунлар жанжалсиз ўтди. Лекин ундан қочиб қутулишнинг имкони йўқ экан. Ёнимдаги кроватда ётадиган бир гуржи аскар камарим ва этигимга кўз олайтиришни бошлади. Бир ойлик карантин пайти катта аскарлар ёш аскарларга тега олмас, шу сабаб янги келган миллатдошларига бошқаларнинг камар ва этикларини тортиб олишни тайинлар экан. Карантиннинг биринчи куни бир ҳамюртимиз келиб, ўзбекларга маслаҳат берган, этик, камар ва пилоткани ўғирлатиб ёки олдириб қўймаслик, ҳеч қачон камар ва пилоткасиз сафда юрмасликни қаттиқ тайинлаганди. Камарсиз ва пилоткасиз юриш журъатсизлик ва лапашанглик белгиси, бошқа миллатлар олдида ўзбекнинг обрўсини тўкманглар, деди. Карантиндан сўнг ёш аскарлар қасамёд қабул қилиб роталарга тарқатиб юборилади, ана ўшанда янги камар, этик ва пилоткасини олдирмаганлар ротага ўз обрўси билан кириб борар экан. Ўша ҳамюртимнинг гаплари ёдимга тушиб, куни билан бу гуржи тунда ҳужум қилиб қолса, қандай даф қилиш йўлларини ўйладим. Чунки можаро чиқса гуржилар, арманилар ва озарийлар бирлашиб, оломонга айланиб кетарди. Карантиндаги ўзбеклар ҳали бир-бировимизни танимас, қолаверса, бу қиёмату қойимда ҳар ким ўзи билан ўзи овора эди. Қасамёд қабул қилмаган аскар жинояти учун ҳарбий трибуналга топширилмас, шу сабаб карантин пайтидаги муштлашувларда шафқат бўлмасди.
Ётиш олдидан бўладиган “кечки сайр”, яъни сафда баланд ва шахдам қадам ташлаб юриш машқи тугаб, ухлашга буйруқ берилиб, чироқлар ўчирилгач, қаршимдаги гуржи ётган жойида менга дўқ қилишни бошлади:
“Ҳой сен, ўзбак! Камарингни менга бер, бермасанг сенга жуда ёмон бўлади”, деди.
“Ўзингда камаринг бор-ку, меникини нима қиласан?” дедим унга.
“Ия, сен ҳали гапиришни ҳам биласанми?” у мени рус тилида гапира олади, деб кутмаганди, дағдаға билан ўрнидан турмоқчи бўлди, лекин негадир турмади. Сездимки, унинг ўзи ҳам куч ишлатишга чоғи келмай турибди.
“Нима, зўрмисан? Эрталаб аҳволингни кўрамиз нима бўлишини,” деди у овозига куч бериб. Эртага улар менга ўчакишса, ростдан ҳам ҳолимга маймунлар йиғлаши тайин эди. Чунки улар бировга зуғум бошладими, руҳан ва жисмонан эзиб ташламагунларича тўхтамасди. Нимадир қилиш керак эди, йўқса, бундан буён ҳаётим хўрликда ўтиши мумкин эди. Калламга минг хил хаёллар келар, балки тунда туриб, бошини табуретка билан уриб ёрсаммикин, балки ҳеч кимга сездирмай бўғиб ўлдирсаммикин, деган қўрқинчли фикрлар миямдан кетмасди. Наҳотки мен ашаддий жиноятчидек одам ўлдирсам, наҳотки қотилга айлансам, уйга қандай бораман кейин, ота-онам кўзига қандай қарайман, ахир ҳали олдинда бир дунё орзуларим бор эди-ю, деган ўйдан кўзларимга ёш келар, армияга, тақдиримга лаънатлар ўқирдим. Бироқ келгуси ҳаётим тинчроқ ўтиши учун ҳозир нимадир қилишим шарт эди.
“Ҳой, бижо! Шу ҳафта полигонга отишга борар эканмиз, қўлимга автомат тегиши билан сени отиб ташлайман, агар эртага бировга чурқ этсанг, тамом, худо ҳаққи сени отиб ўлдираман,” дедим.
“Сен нима, жиннимисан! Қўрқадиган аҳмоғинг йўқ,” деди у. Шу пайт залнинг ичкарисида, қоронғулик қаърида тўпалон чиқди. Яна қийқириқлар ва тарсиллатиб муштлашувлар бошланди, фақат бу биздан нарида эди. Бу гуржи эса мен билан бошқа ўчакишмади.
Бироқ зўравонликка ҳар қадамда, ҳар дақиқада учраш мумкин эди. Карантинда эканимиз пайти кечқурунлари ётоқдан ташқари чиқиш жанжалга бош суқиш дегани эди. Бир гал мен ташқарига, тамаки чекиш учун чиқдим, қайтиб кираётсам, зинада бир неча озарбайжон аскарлари туришган экан, биттаси ўзимга ўхшаган ёш аскар, қолганлари “қариялар”. Ёш озари аскар бировни бурчакка қадаб урмоқда, катталари буни кузатиб турибди. Тушундим-ки, зўравонлик сабоғи бериляпти. Бурчакка қисилиб турган бечора аскар мушт ва тепки еганича, бошини чангаллаб олган. У қаршилик кўрсатмагани боис катта аскарлар зерикиб қолган чоғи, менга кўзлари тушиши билан “ана, ана, шуни ушла” деб бақиришди. Ўзим тенги ёш озари аскар бурчакдаги “ўлжаси”ини ташлаб, менинг йўлимни тўсди. У мушт тушириш учун хезланиб келганида мен ҳам унга қарши тикка бордим. Ўйлаб ўтиришга фурсат қолмаган, зўр келса кураш тушиб йиқитиб оламан, деб ўйладим. Важоҳатимни кўриб рақибим тўхтаб қолди, иккиланди. Катта озари аскарлар вазиятни тушунди шекилли, “кетдик, бошқасини топамиз,” деб юқори қаватга чиқиб кетишди. Бундай сабоқ пайти рақибнинг ожизроқ бўлиши муҳим эди, кучлисига учраб қолса “шогирд”нинг руҳи синиши мумкин.
Аксар муштлашувлар “кел, бир куч синашиб кўрайлик” қабилидаги ўйиндан бошланарди. Рад этиш енгилиш дегани эди. Ҳазиллашиб туширилган бир-икки муштдан кейин рақибига кучи етишини ҳис қилган аскар бу ўйинни ҳақиқий муштлашувга айлантириб юборар, йўқса ўйин ҳолида беллашувни бас қиларди.
Карантин тугаб, иккинчи ротага юборилганимдан кейин билдим-ки, зобитлар билан аскарлар ўртасидаги муносабат бундан ҳам баттар бўлиб, ҳарбий низомга деярли амал қилинмас экан. Баъзи зобитлар аскарларни аямасдан калтакларди. Нимадандир алам ўтганлари эса тунда келиб ротани оёққа турғазар, тонгга қадар улкан майдонда эмаклатар ёки темир кроватларни учинчи қаватдан пастга, катта майдонга кўтартириб туширар, худди ётоқдагидек адёл ва ёстиқларнинг қиррасини чиқариб тахлашга буюрар, сўнг яна қайта тепага ташиб чиқартирарди. Иттифоқ мадҳияси ва ҳарбий қўшиқларни рус тилида ижро этиш Марказий осиёликлар учун алоҳида қийинчилик туғдирар, аскарлар тонгга қадар қор ва ёмғир остида, токи сўз ва оҳангини келтира олмагунча ер тепиб ашула айтарди.
Ўзбекларнинг рус тилини яхши билмаслиги анча панд берарди. Аксарият ҳамюртларимиз дастлабки ойларда бир оғиз ҳам русча сўз айтолмасди. Бироқ бунинг учун уларни айблаб бўлармиди? Биринчи синфга борганидан то мактабни тугатгунча ўқувчилик умрининг аксар қисмини пахта даласида ўтказганлар рус тилини қаердан ўргансин, ахир. Армияда эса буни ким ҳам инобатга оларди, аксинча, айнан шу рус тилини яхши билмаслик таҳқирланишга сабаб бўларди.
Назаримда, ўша дамларда армиядаги ахлоқ ва интизом таназзулга юз тутгану Иттифоқда куртак ота бошлаган янгиланиш ҳали армияга етиб келмаган эди. Ўртада каттакон бўшлиқ бўлиб, бу бўшлиқ минглаб аскарларни ҳам маънан, ҳам жисмонан мажруҳ этиб борарди. Кўплар аскарлик альбомининг биринчи саҳифасини “Жаҳаннам қаъридан нидо” номли реликвия билан бошларди. Таҳқир, зулм, очлик ва юпунлик аскарнинг доимий ҳамроҳи эди.
Шу ўринда бироз илдамлаб, нон тўғрисидаги бир воқеани айтиб ўтмасам бўлмас. Бир йил хизмат қилганимиздан кейин ўртада кийим-кечак ва озиқ-овқатда жиддий узилишлар юз бера бошлади. Бир гал Иттифоқдан ун келмай қолди. Дивизия учун қурилган уч қаватли улкан новвойхона бизнинг полкимиз яқинида бўлиб, омборлари бўшаб ётарди. Биз бир ҳафта нон кўрмадик. Бу жуда ёмон бўлар экан, карам бўтқа ва карам шўрва меъдага уриб, кўнглимиз айний бошлади. Нон бўлмаса, ҳатто чой ичиб ҳам кўнгил айниши мумкинлигини ўшанда билдим. Нонсиз ўтган учинчи кундан кейин ҳаммада асабийлик ва руҳий зўриқиш бошланди, ўғирлик кучайгандан кучайди. Бутун дивизия бўйлаб аскарлар учун мўлжалланган дўконларда печенье деган нарсанинг увоғи ҳам қолмади. Муштлашиш ва безорилик бошланиб, аскар ва зобитлар раҳм-шафқат нималигини унута бошлади. Аслида бу нарса ўзи шундоқ ҳам қаҳат эди.
Тартибни сақлаб туриш учун зобитлар аскарларни эртаю кеч полк биноси олдидаги майдонда, сафда ушлаб туришга мажбур бўларди. Бу пайтда зобитлар аскарлар қолиб, уларнинг ота-оналарини ҳам қўшиб сўкарди.
“Совет Иттифоқи сенларни ўқитди, одам қилди. Сенлар ҳали уйингда оқ чойшаб нималигини билмагансан, Совет Иттифоқи сенларга чойшаб берди, уч маҳал иссиқ овқат беради, устингга кийим берган, сенлар эса бу муқаддас ватанни муносиб ҳимоя қилишга тайёр эмассанлар, текинхўрлар!” дея сўкинарди. Шўро тузуми бутун дунёда империализмга қарши тургани, капиталистлар, ички ва ташқи душманлар ҳар қадамда пайт пойлаб ётганию шўро армияси бироз сусайса, уруш бошланиб кетишини айтиб қўрқитарди.
“Сенларнинг ота-оналаринг ҳам ватанга хизмат қилишни хоҳламаяпти, агар улар шу улуғ мамлакат равнақи учун астойдил ишлаганда эди, бугун сенлар бу аҳволга тушмас эдинг,” дея ваъз ўқирди.
Бу пайтда бизнинг ротамиздаги бир аскар ялангоёқ турар, унинг этигини ўғирлаб кетишганди. Рота командиримиз эса унга этик топишни ўйлаш тугул, бу бечора аскарни бўралаб сўкарди.
“Ота-онанг, ака-уканг такасалтанг бўлмай тузукроқ ишласа, сенларга этик ҳам келарди,” дея бақирарди у. Аскарга этик бир йилда бир марта бериларди, холос.
Хизматнинг иккинчи ойи бошланганда мен санчастга, кичик ҳарбий касалхонага тушиб қолдим, болдиримда шиш пайдо бўлганди. Қайсидир муштлашувданми ёки машқлар пайти зирҳли машина устидан сакраб тушганимда олган жароҳатми эди. Жарроҳлик хонасида наркоз ишлатмай, роса бўкиртириб операция қилишди ва шишни олиб ташлашди. Эртасига оғриқдан бутун дунё кўзимга қоронғу кўриниб турган пайт, бир катта лейтенент мени сўраб келди. Кейин билсам, у ротамиз командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб, таътилда бўлгани учун биз ҳали уни кўрмаган эканмиз.
“Қалайсан, бирор ёрдам керак бўлса айтгин, эшитишимча ёзув-чизувдан хабаринг бор экан, плакат перо билан ёза оласанми?” деб сўради. Мен оғриқдан афтимни бужмайтириб бош ирғадим.
“Ҳа, баракалла, ротага қайтсанг ҳали ҳаётинг яхши бўлиб кетади,” деди у жилмайиб. Бу уйдан чиққанимдан буён илк марта эшитганим илиқ сўзлар эди.
Доҳий Ленин ва Рэмбо
Ротага қайтгач, сурат солиш ва ёзув-чизувга иштиёқим бўлганидан сиёсий тарғибот ва ташвиқот зали – “Ленин хонаси”га масъул этиб тайинлашди. Аскарлар бу зални қисқа қилиб ленкомната дерди. Кўпроқ вақтим зал деворларига осилган коммунистлар партияси анжуманлари ва дастурларини янгитдан ёзиш, кунлик ҳарбий рўзномаларни тахлаш ва деворий газета чиқариш билан ўтгани учун ур-тўпалонлардан энди йироқда эдим.
Мени ҳарбий касалхонага кўргани борган катта лейтенант (рота замполити – сиёсий ишлар бўйича ўринбосар) анча хушмуомала, ҳазилкаш одам экан. Биз тезда чиқишиб кетдик.
Бир куни мен деворий газета учун карикатура чизар, замполит эса мақола ёзиб ўтирганди.
“Шу мақола ёзиш жонимга тегиб кетди, сен ёзсанг бўлмайдими?” деб қолди у. Мен ҳарбийга келгунга қадар ўзимизнинг туман газетасида корректор бўлиб ишлаганим ва кун ора мақола ёзиб юрганимни айтиб, рус тилида ёзиш қўлимдан келмаса керак, дедим.
“Ўзим ўргатаман сенга, ҳали қараб турасан, рус тилида ўз тилингда ёзгандек ёзиб кетасан, балки мақоланг ГСВГнинг (Олмониядаги Совет қўшинлари гуруҳи) “Красная Знамя” газетасида чиқиб қолар,” деди у менга далда бериб.
Рости, мақола ёзиш осон эди, туман газетасида “фалон бригадирнинг шунча ери бор, у бу йили давлат хирмонига шунча ҳисса қўшмоқчи, бунинг учун жон куйдириб меҳнат қилмоқда,” дейилса, дивизия газетасида “фалон аскар ўз она юртини ҳимоя қилиш учун астойдил бел боғлаганидан ҳарбий билим сир-синоатларини пухта ўрганмоқда, кечаги жанговар машқлар пайти тўртта нишонга ўқ тегизди, у тартиб-интизомда ҳам ҳаммага ўрнак,” дея ёзиларди.
Лекин минг афсуски, полкнинг “Гвардиячи” номли газетасида битта мақолам чиққанидан кейин бу замполитни Иттифоққа жўнатиб юборишди. Ўрнига лейтенант Зайцев келди. У баланд бўйли, бироз кулиб, лабларини қимтиб гапирадиган, меҳр-шафқатдан йироқ бўлмаган зобит эдию лекин армиядаги энг муҳим хислат – қатъиятда камтарроқ эди. Унда мени ҳарбий журналистга айлантириш режаси ҳам йўқ эди. Бунинг ўрнига у ленкомнатадаги ўнлаб катта плакатларни янгитдан бўяб, қайта ёзишни буюрди. Меҳнаткашлар доҳийси Лениннинг плакат услубидаги сувратини ўхшатиб чизганимдан Зайцевнинг кўнгли тўлди. Ленкомнатани бутунлай менга ишониб, калитини ташлаб кетадиган бўлди.
Бу пайтга келиб ишларим анча юришиб кетганди. Аскарлар учун армиядаги энг қадрли ва ардоқли буюм аскар альбомидир. Альбомсиз бирор аскар уйига кетишни тасаввур қила олмайди ва албатта у чиройли бўлишини хоҳлайди. Каттаю кичик аскар бир куни ишим тушади деган илинжда мен билан яхши муносабатда бўлишга интилади. Мен тезда альбомнинг ички муқовалари ва саҳифаларига солинадиган расмларни ўрганиб олдим. Ички муқовага рицарлар услубида “Ордруф” деган ёзув ва шаҳардаги қалъа тасвири туширилиши керак эди. Охирги саҳифага эса аскарни уйига элтаётган “Ту” учоғи чизиларди. Кейинчалик бошқа полкдаги ҳамюртлар илтимоси билан танк, тўп ва ракеталар суратини чизишимга ҳам тўғри келган. Мўйқалам йўқлигидан буёқни игна билан томизиб бўярдим. Сурат бўртиб чиқарди, қалъа деворидаги ғиштлар ҳам ҳақиқийдек бўртиб турарди. Олмон бўёғи зўр бўлиб, қават-қават бўёқ томизилса-да, сира ёрилиб кетмасди. Сурат қуригач, устидан лак сурардим.
Альбомнинг ички саҳифалардаги нафис, оқ шилдироқ қоғозга йиллар давомида чизилавериб тимсолга айланиб кетган суратлардан нусха кўчирилар, сўнг қора туш билан бўяб чиқиларди. Уларнинг орасида ҳар гал мени ҳаяжон ва қўрқувга соладиган бир сурат бор эди. Бу баҳайбат, яғриндор, узун сочи кенг елкасига тушиб турган, юзидан тер ва қон оқаётган, мушакларини бўрттириб, бир қўллаб пулемётдан ўт очаётган Америка аскарининг суврати эди. Бу сурат яқинимизда бўлган Америка қўшинига ишора эди. Ҳар сафар шу расмни чизар эканман этим жимирлаб кетар, мабодо уруш бошланиб қолса, бунақанги ваҳший аскарларга қарши қандай курашамиз, дея бошим қотарди.
Кейинроқ шўро аскарлари альбомидаги бу “ваҳший аскар” Ҳолливуд киноқаҳрамони “Рэмбо” эканини билдим. Буни тушуниб етишимга ҳам “Ленин хонаси” ёрдам берди.
Зайцев ленкомната калитини ташлаб кетган куни тунда мени кимлардир туртиб уйғотди. Тепамда икки сержант ва хизмати охирлаб қолган “бўйнийўғон” кафказлик аскарлар турарди. Мен қўрқиб кетдим, бироқ улар мени ҳайратда қолдириб, негадир жуда мулойим эди. Мақсади телевизор кўриш экан. Ҳарбий низомга кўра ленкомнатадаги телевизор фақат якшанба кунлари эрталаб “Совет Иттифоқига хизмат қиламан” кўрсатуви ва сиёсий ўқув ўтказилган кунлари эса “Время”ни кўриш учун қўйиларди, холос.
Тунлари бизнинг рота, ёнимиздаги алоқачи ва миномётчи взводларнинг энг зўравон аскарлари ғарбий Олмония каналларида намойиш этиладиган фильмларни томоша қилиб ўрганган экан. Шу тариқа уларнинг менга иши тушадиган бўлди. У пайтлари ғарб телеканалларини кўриш таъқиқланган бўлиб, бу оз сонли аскарлар орасидаги сир эди. Шу тариқа ротадаги энг ашаддий муштумзўр аскарлар ҳам энди мен билан ҳисоблашиб гаплашадиган бўлди.
Мен ўшанда “Рэмбо” фильмини кўрганимдан кейингина кимнинг суратини альбомларга чизиб юрганимни билдим.
Лекин тез орада менинг алоҳида мавқеъимга кўз тегди. Мен ротанинг учинчи взводида снайпер эдим. Взвод бошлиғимиз, катта лейтенант Зарипов ҳаётдан аламзада бўлган киши эди. Чунки унинг ёшидаги зобитлар аллақачон унвони кўтарилган, энг камида рота командири лавозимини эгаллаганди. Неча йиллардан буён на лавозими, на унвони ўсаётган Зариповнинг алами чексиз бўлиб, жабрини аскарлар тортарди. Миллатдоши бўлган татар аскарларини ҳам аяб ўтирмасди.
Бир куни тизза баробар қор кечиб полигонга кетаётгандик. Бир аскарнинг этиги оёғини ғажиб, яра қилиб ташлабди, ҳаммадан ортда қолиб, оқсай бошлади. Зарипов унга бир неча марта танбеҳ берди. Лекин азобда қолган аскар қандай юрсин? Зарипов ротани тўхтатди, аскарнинг ёнига келиб нималарнидир уқтирди, аскар этигини ечиб йиринглаб, шишиб кетган оёғини кўрсатди. Зарипов қўққисдан уни ура кетди. Уч-тўрт мушт туширгандан сўнг аскарнинг оғзи-бурни қонга беланиб, қорга йиқилди. Зарипов уни тепкилашга тушди. Бечора аскар қалин қор ичида кўмилиб кетди, лекин зобит уни тинимсиз, аёвсиз, алам билан қор чангитганча тепарди. Бутун рота жимгина буни кузатарди. Худди оғзи қонга тўлган бўрининг қўзичоқни ейишига қўйлар қўрқув ила тикилиб тургандек. Зарипов ўн дақиқалар бу аскарни уриб-тепкилаб, пишиллаб, жиққа терга ботиб кетди. Пешонасидаги терини артиб, бироз нафас ростлашга тўхтади ва шунда ўзига тикилиб турган ротага кўзи тушди. Оёғи остида эса юз-кўзи қонга беланган аскар ётарди. Бу ваҳшиёна манзарани сўзсиз кузатиб турганлар нигоҳи Зариповнинг кўзларига қадалганди. Зарипов бу нигоҳларга дош бера олмади, дарҳол кўзини олиб қочди. Бироқ куни бўйи аламини ротадан олди, соатлаб қорда эмакладик, ички кийимларимизгача жиққа ҳўл бўлди. Камига ҳандақ ковлаб, кечгача жанговар тартибда муз қотиб ётишга тўғри келди. Авваллари туппа-тузук юрган ўша аскар қаттиқ калтаклангандан кейин бутунлай ўзгарди, ўшанда ростдан ҳам оёғи шишиб, йиринглаб кетган эса, кейинчалик ўзини ҳамиша касалга солиб юрадиган, ҳарбий машқлар ва ишдан ўзини олиб қочадиган айёр аскарга айланди.
Зариповнинг алами ҳамон аримасди. Ҳаммадан ўч ола бошлади. Айниқса, кўп вақтимни ленкомнатада ўтказганим учун менга ҳам зуғумини кучайтирди. Эрталабки сиёсий ўқув пайти Зарипов тепамга келди ва бирдан ёқамга тикилган оқ бўз ёқани сўтиб ташлади.
“Ёқанг ярим миллиметр баланд тикилибди, ҳарбий низомни бузяпсан, аскар. Бошқатдан тик!” деди ва оқ бўзни юзимга улоқтирди. Ип-игна ҳамиша чўнтагимизда бўлади, мен индамай ХБни ечиб, оқ ёқани қайта тика бошладим. Бир пайт Зарипов тепамга ҳайқириб келди:
“Ҳей, сен нима, қутуриб кетдингми? Нима қиляпсан?” деди ўшқириб.
“Ўзингиз бошқатдан тикишга буйруқ бердингиз, бажаряпман,” дедим. У мени камаримдан тортиб, зобитлар хонасига судради.
“Урса сен ҳам қараб турма, сол!” деди взводимиздаги ўзбек сержант ёнидан ўтаётганимда секин шипшиб. Зобитга, яна командирга қўл кўтариб бўлар эканми! Хонага кира солиб Зарипов сочимдан тортиб, тиззаси билан бошимга тепди, бир сиқим сочим қўлида қолди шекилли. Яхшики вақтида калламни бироз буришга улгурган эканман, тиззасига бурним эмас, ёноғим тегди. Лекин кўзимдан ўт чақнаб кетди. Кейин биқинимга мушт туширди. Деворга суянганча, нафасим қайтиб, ғужанак бўлиб қолдим. Ранги кезарган Зарипов бир сўз демай чиқиб кетди. Оғриқ зўридан кўзимга тирқираб келган ёшни зўрға тўхтаман, мактаб пайти пахта териш режасини бажара олмасак, ўқитувчилар хонасига олиб кириб жазо берар, лекин бунақа қаттиқ урмасди. Нари борса уч-тўрт шапалоқ туширарди, холос. Шуларни эслаб, ўзимни овутдим.
Тревога пайтлари елкамиздаги йигирма-ўттиз килоли қурол-аслаҳадан ташқари ўқ-дори ва озиқ-овқат жойланган зилдек оғир темир қутиларни кўтариб уч-тўрт километр узоқликдаги ўрмонга чопишга тўғри келарди. Мен “полевая ленкомната”, яъни “сайёр ленкомната” дея аталган енгил қутини олардим. Қути ичида битта чодир ва плакатлар бўлгани учун енгил эди. Бироқ Зарипов мени снайперликдан автоматчи лавозимига ўтказди. Автоматчилар тревога пайти ўқ-дори солинган оғир темир қутиларни кўтариб чопади. Тревога дегани эса кун ора бўлади. Бу темир қути билан олти километр чопиш азоб эди. Замполит Зайцев ҳеч нарса қила олмас, чунки мен Зарипов қўл остида бўлиб, ҳарбий низом бўйича ленкомнатага масъул аскар штати йўқ эди. Ўша пайт рота командири ўрни бўш, бу лавозимни биринчи взвод командири, миллати осетин бўлган лейтенант Осипов вақтинча эгаллаб турганди. Бир куни у менинг ёнимга келди.
“Зарипов сени хароб қилади, мен ҳаммасини билиб турибман, тез орада бирор чорасини топарман, сабр қил”, деди у.
Бир ҳафтадан сўнг у мени учинчи взводдан олиб, рота бошқармасига ўтказишга буйруқ чиқартирди. Рота бошқармасида фақат уч аскар бўлади, фелдьшер, зирҳли машина – БТР ҳайдовчиси ва пулемётчи. БТРда иккита, танкка ва пиёдаларга қарши пулемёт бўлиб, мен ана шу қуролларни бошқарадиган бўлдим ва Зариповнинг зулмидан батамом қутулдим. Лекин Зарипов қўл остидаги аскарларни хўрлашни давом эттирди. Хизматим тугаб уйга қайтаётган пайтимда ҳам унинг на лавозими, на унвони кўтарилган, катта лейтенантлигича қолган эди.
“Сеники эди, меники бўлди!”
Мен ёшлигимдан спортга қизиққаним, мактабда дастлабки ҳарбий тайёргарлик дарсларида алоҳида намуна кўрсатганим боис жанговар машқларни қойиллатиб бажариб қўйсам бўлди, армияда ҳаётим енгил бўлади, деган ўйда юрардим. Юмшоқ қилиб айтганда, чучварани хом санаган эканман. Дастлабки кунларданоқ маълум бўлди-ки, бу ерда “меники” деган сўз йўқ экан. Ўзингга тегишли ҳеч бир нарсани меники деб бўлмайди, ҳозир бор эди, энди йўқ. Тортиб олинади ёки ўғирлаб кетилади. Бу ерда энг кўп қўлланиладиган ибора “Был твой, стал мой”, яъни “сеники эди, меники бўлди.” Бу ҳамма нарсага тегишли, ўзинг аскарлик маошингга сотиб олишинг шарт бўлган оқ ёқадан тортиб этик мойигача. Ўзингники бўлиб қолишини истасанг, марҳамат, муштлаш, йўқса, қўш қўллаб зўравонга тутқаз. Кучинг етса сен ҳам ўзингдан ожизроқ бошқа бировдан тортиб ол. Кучинг етмаса, ўғирла. Ўғирлик ҳар бир дақиқа ва сонияда юз берадиган ва ҳамма қиладиган иш. Лекин ажабланарлиси шундаки, ўғирлик билан қўлга тушиб қолиш бориб турган шармандалик.
Инсон ҳар қандай шароитда ҳам кўникма ҳосил қилар экан. Полигондами, полкдами, ҳордиқ учун беш минут танаффус берилганда ҳамма мизғиб олишга ҳаракат қилади. Савқи табиий ила мизғиганда ҳам бир қўл билан пилотка, иккинчиси билан камарни чангаллаб ухлаймиз, ўғирлаб кетмасин деб. Полигонда бўлса, автоматни тагимизга босиб ётамиз. Кечқурун камар, пилотка ва бошқа майда шахсий буюмлар, жумладан, уйдан келган хатни ҳам этикнинг ичига солиб, бошимиз тагига қўйволамиз. Ҳаттоки оёққа ўралавериб сарғайиб кетган пайтава ҳам ўғирланишига чидаш мумкиндир, лекин уйдан жўнатилган хат ёки суратлар ўғирланишини сира тушуниб бўлмасди. Бора-бора бу нарсалар табиий қабул қилиниб, кундалик одатга айланиб кетади. Мен хизматнинг пасту баландини тушуниб олганимдан сўнг кундалик юрита бошлаган эдим, хизмат охирлаб қолганда ҳатто шуни ҳам ўғирлаб кетишган ва ўшандаги аҳволимни таърифлаб беришдан ожизман.
Ленкомнатага “хўжайин” чиққанимдан кейин ўзимга ишончим анча ортганди, лекин ишонч бепарволикка етаклар экан. Эрталаб турсам, камарим йўқ, ўғирлаб кетишибди. Дастлаб калламга “кимнинг ҳадди сиғди экан?” деган гап келди. Кейин кулиб юбордим, нима, армияда эканимни унутиб қўйдимми? Ахир бу ерда бир сониядир-ки ҳушёрликни йўқотган одамнинг аҳволи шу. Нонуштага бормаслик учун сержантни кўндирдим, учинчи ротадаги энг яқин ҳамюртим Авазга одам жўнатдим, зудлик билан камар топиб берсин, дедим. Тушлик пайти ҳам ротада қолдим, Аваздан эса хабар йўқ. Кун бўйи ленкомнатага қамалиб ўтирдим, кечки овқат пайти яқинлашмоқда, қорним оч. Лекин камарсиз кўчага чиқиш, сафда юриш иснод. Авазга яна одам жўнатдим, бу гал камарга қўшиб овқат ҳам сўрадим. Сафда овқат кўтариб юриш ҳам иснод саналади, сўраганим билан ҳеч ким ошхонадан овқат кўтариб келмайди. Учинчи рота қоровулда экан, кечқурун келишди, Аваз аҳволимдан хабар топиб, дарров икки бўлак оқ нон ва ёнғоқдек сариёғ топиб келди. Камарни эртагача ҳал қиламан, ўзинг ҳам уриниб кўр, деди. Мен ўғирлик қилиш қўлимдан келмаслигини айтдим.
“Керак бўлганидан кейин қиласан ўғирлик, ўзингни ротангдан бирортасини камарини ўғирла, мен уни бошқа ротага бориб алиштириб келаман,” деди у.
Тунда ҳамма ухлаган, менинг бошим қотган, қандай қилиб ўғирлик қиламан? Майли, бугун-ку тинч ўтди, эртага тревога бўлиб қолса ёки полигонга жўнасак, аҳволим не кечади. Ҳаммага шарманда бўламан, ҳатто-ки ўз ҳамюртларим ҳам мен билан гаплашмай қўяди, уларнинг назарида одам қаторидан чиқиб қоламан. Бу ўйлардан кейин ўрнимдан туриб кетдим, йўлакда оҳиста қадам ташлаб бировларнинг ёстиғи тагини кузата бошладим. Залнинг охирида алоҳида миномётчилар взводи бўларди. Ўша ерда бир аскарнинг камари ёстиғи тагидан кўриниб турганди. Бор-йўғи камарни секин тортиб олиш керак, холос. Икки-уч марта яқин бордим, бироқ юрагим бетламади. Ўзимни ёмон кўриб кетдим, танамдан сассиқ ҳид чиқаётгандек ижирғандим, лекин ор-номус масаласи-чи!?
Яна бир қайтиб борганимда ногоҳ дўнғиллаган овоз янгради:
“Тўхта! Биламан, нима қилмоқчи эканингни!”
Бу миномётчиларнинг гуржи сержанти эди. Унинг хизмати охирлаб қолган, ўзини анча босиқ тутадиган аскар эди. Ленкомната калитини кўп сўраб келарди. У ухламасдан анчадан буён мени кузатиб ётган шекилли.
“Зинҳор мени аскарларимга тега кўрма, бошқа жойдан қидир. Лекин айтиб қўяй, барибир бу иш сени қўлингдан келмайди,” деди у.
Биров устимдан совуқ сув қуйиб юборгандек мулзам бўлиб, жойимга келдим, анчагача уйқум келмади. Ўзимни ўзим баттар ёмон кўриб кетдим. Чўнтагимда уйдан келган хатлар бор экан, бурда-бурда қилиб йирта бошладим. Мен мактабда бир қизни яхши кўрардим. Хизматга келганимдан буён унга бор-йўғи бир марта хат ёзгандим. Хатни бир синф пастда ўқиган ўртоғимга йўллар, у эса мактубни қизнинг қўлига етказарди. У қиздан мактуб икки кун аввал келганида роса хурсанд бўлгандим, лекин энди ўша хатни ҳам негадир алам билан йиртиб ташладим. Уй, яқинларим, қишлоғим, ўша қиз ҳақида ўйлашни сира истамай қолдим. Ҳаммасини унутишим, бошқа одамга айланишим керак эди, эҳтимол, шунда армиядаги ҳаётим енгиллашарди.
Эртасига яна нонуштага бормадим, лекин йўлакда бўладиган йўқловга чиқишимга тўғри келди. Қайтиб казармага кирдим-да, бу вазиятдан қандай чиқиш йўлларини ўйлай бошладим. Калламда фақат бир фикр чарх уради: “Ўғирлаш керак, ўғирлаш керак! Лекин қандай қилиб?”. Ниҳоят тушликка яқин Аваз кўзлари ёниб, хурсанд ҳолда кириб келди, келдию менга ўша нажоткор камарни тутқазди. У кўзимга дунёдаги энг яхши одам бўлиб кўриниб кетди.
Ротамизда бир латиш аскар бор эди. Унинг хизмат муддати тугаши арафасида ҳамма нарсасини ўғирлаб кетишибди. Чемоданидан тортиб парад кийимигача. Аскарлар ёзда ХБ, қишда ПШ (полушерст) кийими кийарди. Бу аскар униқиб кетган ПШ кийими ва оғи қийшайган этикда, қуп-қуруқ қўл билан уйига жўнади. Не кўз билан кўрайлик-ки, икки кундан кейин у қайтиб келибди. Самолётга чиқар чоғи уни ортга қайтариб юборишибди.
“Уят! Бу аскар хизмат қилган ротага, полкка, дивизияга уят!” дейишибди. Ротамизда унга ҳамдард бўладиган аскарлар топилди. Кимдир озгина пул берди, кимдир ҳамюртлари орқали янги уст-бош топтирди, яна кимдир майда-чуйда совғалар йиғиб берди, мен унга янги альбом безаб бердим. Бу воқеа аскарлар орасида ўзаро ҳамжиҳатлик туйғусини уйғотгандек бўлди, лекин саноқли аскарлар орасида.
Ўғирлик эса кундан кунга авж олаверди. Олтин қоида ўша-ўша: “Тортиб ол ёки ўғирла!” Шикоят қилиш эса мумкин эмас.
Кичик Ордруфда катта можаро
Қувасойлик Иброҳим деган йигит менинг энг яқин дўстларимдан бири эди. Норғул ва чайир, қисиқ кўзли бу йигитни фақат Алпомишга менгзаш мумкиндир. Хизматнинг дастлабки ойларида унинг бирор куни муштлашувсиз ўтмаган. Янги келган ўзбеклар орасида энг кучлиси бўлгани учун кавказликлар уни руҳан ва жисмонан янчиб ташлаш ниятида ҳар куни бир жанжал чиқаришарди. Юз-кўзи доим моматалоқ юрадиган Иброҳим худойим пешонасига ёзган тақдирга рози бўлганча миқ этмай муштлашувларга матонат билан бардош бериб келарди.
Якшанба кунлари ҳарбий қисм кинозалида фильм намойиш этилади. Хизматга келганимиздан икки ой ўтиб, илк марта кинозалга бордик. Ротамиз кечроқ боргани учун жой қолмаган экан, зал охирида тик туриб кино кўришимизга тўғри келди. Филм ўртасида лента узилиб, чироқ ёқилганида олдинги қаторларда ўнлаб ўринлар бўш эканига кўзимиз тушди. Янги келган бир аскар пайтдан фойдаланиб бўш ўринлардан бирига ўтириш учун югуриб бордию бирдан қулоқ-чаккасига шақиллаб тушган мушт зарбидан дарҳол ортига қайтиб келди. Бу ернинг ёзилмаган қонунига кўра, ўринлар турли миллат аскарларнинг мавқеига қараб бўлинган эди.
Биринчи қатор ўша пайтда полкда энг зўр бўлган гуржиларга, иккинчи ва учинчи қатор арманиларга, тўртинчи ва бешинчиси озарийларга тегишли эди. Айтишларича, биз келмасимиздан аввал биринчи қатордаги ўриндиқларга чеченлар эгалик қилган. Эндиликда қисмда чеченлар деярли қолмагани учун бу қаторда гуржилар савлат тўкиб ўтирарди. Бошқа бир миллат вакилининг биринчи қаторга ўтириб қолиши гуржилар мавқеини ерга уриш, нафсониятига тегиш билан тенг ва уларни жангга чорлаш дегани эди.
Ўшанда биз залнинг охирида тик турар эканмиз Иброҳим, “Ҳали қараб турасан, ўртоқ, биз биринчи қаторда ўтирадиган кун ҳам келади,” деб айтгани ҳамон ёдимда.
Орадан олти ой ўтгач, ҳукмронлик арманлар қўлига ўтди ва уларнинг кавказликлардан бошқа миллатларга зулми ҳаддан зиёд оша бошлади. Айниқса, ўзбеклар билан зиддият кучайгандан кучайди. Бир куни ленкомнатада деворий газетани безаб ўтирганимда Иброҳим кириб келди.
“Кинозалда айтган гапим эсингда борми, тайёрланавер, ўша кун яқинлашяпти”, деди у хурсанд.
Арманилар билан ўзбеклар ўртасида бир кун келиб катта тўқнашув юз беришини барча ҳис қилиб турар, бироқ бунинг қачон ва қаерда юз бериши номаълум эди. Томонлар муносабатлар ойдинлашадиган кунга зимдан тайёргарлик кўрарди.
“Арманилар бошқа ҳарбий қисмларга ҳам одам юбориб ёрдам сўрабди, биз ҳам танкчилар ва артиллериячи қисмларига одам жўнатдик, улар тайёр туришибди”, деди Иброҳим бир куни.
Полкимизда тўққизта рота бўлиб, аскарлар сони мингдан зиёд эди. Ён-атрофимизда танк, артиллерия, ракета полклари ва яна бир қанча турли батальонлар бор эди.
Тўққизинчи май – Ғалаба куни яқинлашиб келарди. Одатда, байрам кунлари қисмларда навбатчилардан ташқари, зобитлар деярли қолмайди. Демак, ўша куни тўқнашув юз бериши аниқ эди. Буни ҳеч ким бир-бировига айтгани йўқ, лекин барча сезиб турарди.
Байрамдан бир неча кун аввал гуржилар ва озарийлар арманиларга ёрдам берармиш, деган гап тарқалди. Шунда қирғизлар, агарда гуржилар ва озарийлар арманиларга қўшилса, биз ўзбекларга ёрдам берамиз, деган қарорга келишибди. Бошқа миллат вакиллари бундай масалалаларда бирор мавқе тутиш даражасида эмасди ёки можарога аралашишни истамасди.
Бу орада хушхабар келиб қолди. Аскарлар қамоқхонаси – гауптвахт бошлиғи бир армани старшина эди. У буйруғига буйсунмагани учун ҳибсдаги гуржи аскарини таҳқирлабди, бўш консерва идишларини бўйнига осиб, гауптвахт майдончасида югуртирибди. Бўйнида консерва идишлари билан тарақа-туруқ қилиб чопган гуржи ҳақидаги хабар дивизияга яшин тезлигида тарқалган. Шу тариқа арманилар ва гуржилар орасига совуқчилик тушди.
Олмониянинг баҳори юмшоқ келади. Байрам куни қуёш эрталабдан чарақлаб чиқди. Нонуштага биттадан чақмоқ қанд ва тухум берилди. Бу олти ойдан буён картошка ва карам шўрвадан бошқа нарсани кўрмаган аскар учун салкам зиёфат эди. Нонуштадан келиб “Ватанимга хизмат қиламан” кўрсатувини, кейин эса мусиқали “Тонгги почта”ни кўрдик. Аскарлар кийимларини ювиш ва оқ сурплардан ёқа тикиш билан банд бўлди.
Тушлик пайти мен ротамиздаги арманилардан бири билан қарама-қарши ўтириб қолдим. У паст бўйли акробат йигит бўлиб, ўлгудек чайир ва кучли эди. Сакраганда худди пружина каби сапчиб кетарди. Биз овқатланиш чоғида бир-биримизга қарамасликка интилардик. Сабаби – ўтган бир йил ичида деярли дўст тутиниб қолгандик. Бироқ армиянинг ёзилмаган қонунига биноан биз – икки дўст бугун бир-бирига бўридек ташланадиган рақиблар орасидан ўз жойимизни эгаллашимиз лозим эди.
Тушликка биттадан қирмизи олма қўшиб берилди. Бу куздан буён оғзимизга теккан илк мева эди. Тушликдан сўнг роталар саф-саф бўлиб кинозал томон кела бошлади. Кинозалнинг олдида катта майдон бўлиб, баъзи рота командирлари аскарларни майдонда саф билан қўшиқ айттириб юрдира бошлади. Бошқалари майдон четидаги кўм-кўк майса устига узала тушиб ётволиб, ўзларини қуёшга тоблай бошлади.
Баҳорнинг бу ажиб куни шундай сокин ва эринчоқ эди-ки, одамзот нега бир-бири билан уришади, деган савол устида бош қотиришнинг ўзи эришдек туюларди. Бироқ Олмониянинг бу мўъжаз шаҳарчасида дунёдаги энг қудратли давлатнинг миллатлар қардошлиги асосига қурилган ғояси ўз кучини кўрсатиш арафасида эди.
1987 йилнинг 9 май куни эди.
Фильм намойишига ўн дақиқа вақт қолганди. Одатдагидек, улкан кинозал аскарларга тўла, олдинги қатор ўриндиқлар бўш, лекин зал охирида тиғиз ўтирганларнинг ҳеч бири юрак бетлаб олдиндаги бўш жойларга ўтолмайди. Биринчи қатордаги ўриндиқнинг энг четида ҳозирча фақат бир армани оёқларини чалиштирганча ястаниб ўтириб шерикларини кутяпти.
Ўзбеклар кинозал эшиги олдида йиғила бошлади. Ҳаммамиз бетоқат эдик. Иброҳим кутиб турамиз, уларнинг ҳаммаси келсин, деди. Бироз ўтгач олдинги ўриндиқлар бирин-кетин тўла бошлади.
“Ҳали кўпчилик ташқарида, лекин бошлайверамиз, йўқса, ҳозир чироқ ўчиб қолади,” деди Иброҳим.
Олдинда мардонавор кетаётган Иброҳимга эргашиб залнинг ўртасидан юрганча биринчи қаторга тушиб бордик. Арманиларнинг кўзи қинидан чиқиб кетди. Улардан бири ўшқирганча ўрнидан туриб хезланди. Иброҳим уни бир зарб билан уриб йиқитди. Шу билан ола-тасир бошланди. Кинозалда қий-чув кўтарилгач, ташқарида кутиб турганлар ҳам эшикдан оломон бўлиб кира бошлади. Бироқ зал тўлиб қолганидан эшик тирбанд бўлиб, энди биров киролмас ва чиқолмас ҳам эди. Залнинг ичи остин-устун бўлиб кетди. Кимдир полга михланган ўриндиқларни кўчириб отаётир, кимдир оёқ остида воҳ-воҳлаб ётибди. Кимдир камарини қамчидек сермаб жой торлиги ва тирбандлигидан рақиби қолиб дуч келган аскарни уриб ётган. Тасир-тусур муштлашув қанча давом этганини билмайман, қўққис ташқаридан ўқ овозлари кела бошлади. Ўқ кинозал ташқарисида муштлашаётган аскарларни тарқатиш учун отилган бўлиб, шундан сўнг ҳамма қочиш пайига тушди.
Бир соатдан кейин ротамиздаги ўзбеклар бир амаллаб казармага етиб келдик. Қоровулдаги рота аскарлари ташқарида қолиб кетганларни бирма-бир тутиб кетаётган эди. Бизнинг ротамиздаги ўзбеклардан ҳеч ким жиддий жароҳат олмабди. Уларнинг барчаси кинозал ичида бўлганди.
Кейин билсак, асосий муштлашув кинозал ташқарисидаги майдонда юз берибди.
“У ерда юзлаб аскар йиғилганди. Бошқа қисмлардан келган қора погонлилар ҳам бор эди. Роса тасир-тусур бўлди. Чатоқ бўлди, ташқаридаги аскарлар фақат камарлар билан солишди. Камарларнинг тўқасидан нечасининг кўзи чиқди экан, олишаётганларни жанговар қоровулликда турган рота келиб осмонга ўқ узиб тарқатди,” деди воқеа гувоҳи бўлган Сирожиддин исмли аскар.
Майдондаги олишув тафсилотлари Иброҳимни тўлқинлантириб юборди. У бир йиллик алами учун ўч олиш вақтида кинозал ичига қамалиб қолганидан доғда эди.
“Кетдик ҳозир, қолган арманиларни топамиз”, деб туриб олди у.
“Ҳозир ташқарида юрганларнинг ҳаммасини олиб бориб гауптвахтга тиқишяпти. Ташқарига чиқиш қийин, бироз кутайлик, ротамиздаги арманилар келиб қолади, ўшалар билан ҳисоблашамиз, ҳозирча ҳамма ўрнида ётиб турсин,” деди Сирожиддин.
Тунги соат ўн иккидан кейин ротамиздаги ўзбеклар яна йиғилишдик.
“Арманиларнинг ҳаммаси келгани йўқ, майли, бори билан ҳисоблашамиз. Йигитлар, ухлаб ётган жойида уриш йўқ, аввал ҳаммасини уйғотиш керак, турмагани таслим бўлгани,” деди Иброҳим.
Икки юз аскарлик ҳайҳотдек кенг казарманинг ҳали у чеккаси, ҳали бу чеккасида яна қасир-қусур муштлашув. Камарларнинг тўқаси одамга тегса тарсиллайди, деворга тегса қарсиллаб шувоғини кўчиради. Илкис рота навбатчиси “Караул” деб бақириб қолди. Ҳамма ўзини гуппа жойига урди. Беш дақиқалардан кейин навбатчи зобитлардан бири қуролли наряд билан келиб казармани кўздан кечирди. Тревога тугмасини босиб юборган навбатчи аскар Гуржистонда туғилган озари йигит эди. Қуролли қоровулни чақиришга чақириб қўйиб, энди қоровул бошлиғини қандай алдашни билмасдан чайналарди.
“Кўзимга қандайдир шарпалар кўринди, қўрқиб кетганимдан тревога кўтардим. Ичкарида ҳеч гап бўлгани йўқ,” деб туриб олди у. Қоровул бошлиғи ётоқни кўздан кечириб, кейин чиқиб кетди. Шундан сўнг ҳеч кимнинг туришга юраги бетламади.
Эртасига жуда оғир кун бўлди. Роталарни ҳарбий прокуратура терговчилари босди. Улар мисли кўрилмаган бу муштлашувнинг уюштирувчиларини қидиришарди. Ўнлаб аскарлар жароҳатланган, бировининг кўзи чиққан, бировининг қўли ёки оёғи синган. Кўплари госпиталга жўнатилган. Терговчилар ҳар қанча уринмасин, бош айбдорларни топа олмади.
Эртаси куни тунда мени ротамиздаги Асатирян уйғотди. “Гаплашиб олишимиз керак,” деди у. Мен Иброҳимни уйғотиб, арманилар музокарага чақираётганини айтдим.
Икковлон ротадаги барча ўзбекларни уйғотдик. Музокарага уч киши – Иброҳим, Сирожиддин ва мен борадиган бўлдик. Тўрт қаватли темир-бетон казарманинг сув босган ертўласидаги арманиларнинг яширин қароргоҳига тушдик. Ертўлада чивинлар ғужғон ўйнарди. Арманилар бир бурчакдаги хонани яширин “штаб” қилиб, озиқ-овқат дейсизми, кийим-кечакми, тамакими, барини ғамлаб ташлабди. Биламизки, ҳаммаси омборлардан ўғирлаб келинган. У ерда Асатиряндан ташқари яна уч нафар арман бўлиб, улар бошқа роталардан эди.
“Бир-биримизга тегмаймиз, сизларнинг ҳимоянгиздаги одамларга биз тегмаймиз, сизлар эса бизникига тегмайсизлар, бошқа муштлашмаймиз, қасос олиш йўқ, эвазига уйига кетаётган ҳамма ўзбекларга янги парадной уст-бош берамиз, тамакидан ҳам сира камчилик кўрмайсизлар,” деб сулҳ таклиф қилишди улар.
“Кинозалдаги биринчи қатор ўзбекларга тегишли бўлади”, деб қўшимча қилди Иброҳим. Улар сўзсиз рози бўлди. Шу билан сулҳ тузилди ва одат тусини олган муштлашувларга барҳам берилди.
Келаси сафар филм намойиш этилганда эса биз биринчи қаторда мағрур ўтирардик.
Албатта, шўро армияси ҳаётида можаросиз кечган кунлар кам бўлади, лекин булар энди майда жанжаллар эди. Бундан буёғига арманилар орасида ҳам, ўзбеклар орасида ҳам гуруҳларга бирлашиш якун топди, энди ҳар ким ўз мавқеи учун ўзи курашиши лозим эди.
Хизмат муддати тугашига олти ой қолганда биз бир пайтлари ашаддий ғанимимиз бўлган аскарларнинг кўпчилиги билан деярли дўст тутиниб қолган эдик. Менинг энг яқин дўстларимдан икки нафари армани, бири украин ва яна бири боя эслаганим, Гуржистонда туғилиб ўсган озари йигит эди. Қолаверса, Тоғли Қорабоғда арманилар ва озарлар ўртасида можаро чиқиб, “ягона Кавказ” деган тушунчага ҳам буткул путур етганди.
“Уйқудаги малика” ва қочоқлар
Уйқу, ухлаш армиядаги энг ардоқли, айни пайтда энг армонли сўзлардир. “Қанча кўп ухласанг, уйга шунча яқин қолади,” дейиларди аскар мақолида. Ҳар бир аскар иложи борича ва имкони топилгунча кўпроқ ухлаб олишга ҳаракат қилади. Қанийди шу икки йилни уйқу билан ўтказиб юборса аскар дегани! Буни зобитлар билмай ўлибдими! Аскарларни уйқусизлик ва очлик билан жазолаш зобитларнинг энг яхши кўрган услуби.
Жисмларнинг бардошлилигини текшириш учун турли синов усуллари мавжуд. Инсоннинг руҳий ва жисмоний бардошини синаб кўриш учун эса армиянинг бир куни, эҳтимолки, бир соати кифоя. Биз кўрган рота командирларидан бири – катта лейтенант Седлюк ана шундай синовларнинг ашаддий ишқибози эди. У бўйи пастаккина, лекин гавдаси миқти ва тўла, лабларини чўччайтириб турадиган одам бўлиб, кўзлари лочин кўзларидек ёниб турарди.
Одатда кенг кўламли ҳарбий машқлар бошланиши олдидан аввал рота, кейин батальон, полк ва дивизия миқёсида ҳарбий кўрик ўтказилар ва баъзан бир неча ҳафтага чўзилиб кетарди. Зобитларнинг важоҳатидан худди уруш бошланаётгандек, Америка бостириб келаётгандек туюларди. Армиягача Америка ҳақида кўп нарса билмасдим. Мактабда, қишлоғимизда ҳар замон ваҳимали гаплар тарқаларди. Америка президенти Жимми Картер Иттифоққа атом ҳам эмас, ядро бомбаси ташламоқчи эмиш, деган гаплар чиқиб қоларди. Мактабда газга қарши ниқоблар ҳам пайдо бўлиб қолганди.
Умуман, Америка ҳақида илк бор етти ёшимда эшитганман. Ўшанда биринчи синфда ўқирдик, шоколад қанднинг ялтироқ қоғозларини тўплаб, болалар ўзаро пул каби алиштириши урф бўлганди. Кичик синф ўқувчиларининг танаффус пайти қиладиган иши шу эди. Бир куни юқори синф ўқувчилари, комсомоллар ҳаммамизнинг қўлимиздан қанд қоғозларини йиғиштириб ола бошлади. Бу ўйинни Америка айғоқчилари шўро ўқувчиларининг тарбиясини бузиш учун ўйлаб топганмиш, СССР Вазирлар кенгашининг раиси Косигин ҳамма мактабларда қанд қоғозларини йиғиштириб олинглар дея буйруқ чиқарибди, дейишди улар. “Қайтиб бу уйинни ўйнаманглар, йўқса, Косигин ўлади, агар Косигин ўлса, уруш бошланади,” дея бизга уқтиришганди.
Кейинроқ Косигин ўлди, лекин уруш бошланмади. Бу орада бошимизга ядро бомбаси ташламоқчи бўлган Картер ўлгани ҳақида гап чиқди. Юқори синфларга ўтганимизда Роналд Рейган дегани водород бомбаси ташлармиш, яна шунақа бомбаси бор экан-ки, шўро одамлари битта қолмай қирилиб кетар, лекин бутун бойлигимиз, мол-мулкимизга зиён етмай, уларга теппа-текин қолиб кетармиш, деган гаплар чиқди. Бу ёвуз америкаликларни фақат шўролар, коммунистлар партияси раҳбарларигина тўхтатиб қола олади, дея лаққа ишонтиришарди. Буларнинг барини тўла тушуниб етмасак-да, бола кўнглимизни қўрқув чулғаб оларди.
Седлюкнинг ваҳимали маърузалари ўша мактаб хотиралари ва болалик қўрқувларини ёдга соларди. Капитализмга қарши туриш учун шўро аскарлари жонбозлик кўрсатиши, ҳар бир ишда улардан олдинда бўлиши лозимлигини уқтирарди.
Седлюк аскарларни синчиклаб кўздан кечирар, ёқага тикиладиган оқ сурпни жазбар билан ўлчарди. Оқ сурп ёқадан икки миллиметр чиқиб туриши, шинелнинг этаги ердан қирқ сантиметр баланд бўлиши лозим эди. Этикнинг мойлангани, аслаҳақопчиқнинг бандларини бирма-бир ушлаб кўрар, тугма ва камар тўқасининг ялтирашини текширар, аскар юзидаги ҳар бир тукка қадар эътибор қаратарди.
Бутун полк кўрикка чиққанда улкан майдонда кун бўйи қолиб кетардик. Ўтириш тугул, бир қадам ёнга сурилишга ҳам имкон берилмасди. Кечқурун итдек ҳориб ротага қайтганимиздан сўнг Седлюк, кўрикда гап эшитган бўлса керак, ротани ярим тунгача коридорда тик турган ҳолда ушлаб турарди.
Дивизия бўйича кўрикда ўн мингга яқин аскар катта майдонга тўпланиб, бир ҳафта ҳарбий қўшиқ айтишни машқ қилганмиз. Ўн минг аскар бир пайтда, бир текис ер тепиб қўшиқ айтганда еру кўкни ларзага солар экан. Лекин эртадан кечгача елкада қурол-аслаҳа билан туриш, тинимсиз ер тепиш силлани қуритиб юборади. Камига қўшиқдан кўнгли тўлмаган Седлюк ротамизни кунора бир неча марта овқатдан қуруқ қолдиради.
Бир гал Седлюк ротани полк ошхонаси остонасидан етти марта ортга қайтарди, ҳар гал кимнидир қўшиққа жўр бўлмагани ёки оёғини баланд кўтариб қадам ташламаслигини рўкач қилди ва биз нонуштасиз қолдик. Тушлик пайти эса ошхона эшиги тагида полк овқатланиб бўлгунча саф тортиб туравердик. Бу пайтга келиб овқат тугаб, яна оч қолдик. Кечқурун эса очликдан азобланган аскарлар томоғини йиртгудек бўлиб қўшиқ айтар, оёқларини керагидан ҳам ортиқ баланд кўтариб қадам ташларди. Ҳартугул, ротанинг чирангани иш бериб, ошхонага кириб келдик. Овқат сузилган столга ўтириб энди қошиқ ушлаганимизда Седлюк: “Рота, ўрнингдан тур!” дея хитоб қилди. Ҳамма оёққа қалқди. Шу турганча қорнимизни ит таталаб, сўлакайимизни қулт-қулт ютиб, овқат ҳидидан гангиб йиқилгудек бўлсак-да, қотиб туравердик. Бундай пайтда ожизлигини кўрсатган аскарнинг кейинги ҳаёти хўрликда ўтарди.
Седлюк эса аскарлар юзига ўткир нигоҳини қадаб турар, бу ҳам камлик қилгандек ҳар бир аскар ёнига келиб кўзига тикилар, янада яқинроқ бориб нафас олишига қулоқ тутарди. Кимнингдир юзи ва ёки кўзида азобланиш, хўрланиш ифодасини топиб олса, ўша аскарга илжайганча тикилиб тураверарди. Ниҳоят, у қўл соатига қараб, овқатланиш учун ажратилган 15 дақиқа ўтганини кўриб: “Рота, ташқарига чиқиб сафлан!” дея буйруқ берди. Кун бўйи урвоқ ҳам кўрмаган аскарлар минг бир алам билан буйруққа бўйсунди.
Тревогалар деярли ҳар куни бўлиб туради. Бир сафар тунги соат тўртда тревога кўтарилди, оғир қурол-аслаҳаларни кўтарганча чопа-чоп қилиб доимий жойимиз, олти километр масофада бўлган ўрмон ёқасига келдик. Бироқ ҳали тўхтаб улгурмасимиздан яна олға чопиш буюрилди. Бир соат чопдик, икки соат чопдик, қаёққа кетаётганимизни билмаймиз. Ҳаммамиз ҳаллослаб қолганмиз, елкамиздаги қурол, белимизга илинган ҳандақ ковлайдиган курак, қопчиқ четига боғланган шинел ва ёмғирпўш-чодир (плаш-палатка) лапанглаб, югуришга халақит берса, қопчиқдаги тунука идишлар тарақлаб қулоқни қоматга келтиради. Жиққа тер босиб, туяга ўхшаб лўкиллаб чопаётган аскарлар сафи деярли бир километрга чўзилган. Зобитлар охирида қолиб кетганларни уриб-тепиб ҳайдаб келмоқда. Одатда, гранатомётчи ва пулемётчилар қуроли оғирлик қилганидан ортда қолиб кетади.
Биздан бир йил аввал хизматга келган Хомушко деган тувалик аскар ёнимдан чопиб ўтиб қолди. Мен ундан қаёққа кетяпмиз, деб бақириб сўрадим.
“Бу энг катта марш-бросок, ҳар икки-уч ойда бир бўлади. Ҳали кўп чопамиз. Тўхташ йўқ, перекур ҳам,” деди. Кейин менга қараб тиржайди: “Тамаки чекиб олишни хоҳлайсанми?”
Масхара қиляпти деб ўйлаб ғазабим келди. Лекин у самимий тиржайиб, елкамдан тортиб олға ундади, ўзи билан тенгма-тенг чопишим кераклигини айтди. Биз тезлаб, аввал бир рота, кейин иккинчи ротани қувиб ўтдик. Ҳаллослаб, оёқларим чалиша бошлади, лекин Хомушко тўхташга қўймасди. Сафнинг энг олдига чиқиб олдик, бошқа роталарни қувиб ўтаётганимизда баъзи зобитлар бизга “Сафдан чиқма!” дея бақириб қолди, Хомушко эса уларга “Мана!” деб қўли билан ҳақоратли ишора қилди, мени чўчиб кетганимни кўриб, “Қўрқма, бизнинг командир эмаску!” деб кулиб қўйди.
Чамаси, ярим соат ўтгандан кейин биз жудаям олдинлаб кетдик, шунда Хомушко, энди секин қадам ташлаб юрамиз, деди. Биз бироз нафас ростлаб олгандан сўнг йўл четига чиқиб майса устига ўзимизни таппа ташладик, осмонга қараб ётганча тамаки тутатиб, оғзимиздан паға-паға тутун чиқарганча ротамиз келишини кутдик. Орада пайтавамизни қайта ўраб олдик.
Тушга яқин 30 километр йўлни чопиб ўтиб, кичик қишлоқ ёнида тўхтадик. Белгиланган марра шу ерда экан. Аскарлар дуч келган жойда узала тушиб ётиб олди. Ҳамма дарҳол этикларини ечиб, пайтаваларни қуёшга ёйиб, этик ғажиб, қонатиб юборган оёқларини уқалашга тушди. Шунда билдимки, пайтава ўрашни билиш аскар ҳаётидаги энг муҳим нарса экан. Пайтава яхши ўралмаса чопаётганда сурилиб, қават-қават бўлиб йиғилиб қолади ва оёқнинг тагини қавартириб юборади. Яланғоч қолган тўпиқларни эса этик ғажиб қўяди.
Биз 10 дақиқа дам олиб улгурмасимиздан Седлюк томдан тараша тушгандек: “Иккинчи рота, сафлан!” дея буюриб қолди. Сўнг кўм-кўк яшнаб турган буғдой даласи ортидаги дарахтзорни марра белгилаб, “Ҳужумга олға!” деб бақирди. Жанговар позицияда буғдойзор бўйлаб ёйилиб, қуролларни ўқталганча яна чопишга тушдик. Бундай машғулот пайтлари турли вазиятлар, эмаклаб юриш, ётган ҳолда, тиззалаб ўтирган ҳолда ва югуриб отиш усуллари машқ қилинади. Биз роса бир соат буғдойзорни тепаладик. Бир олмон фермери, буғдойзор эгаси бўлса керак, уйидан чиқиб бизни нафрат билан кузатиб турар, лекин миқ эта олмасди. Батальондаги бошқа рота аскарлари ҳамон дам олиб ётар ва бизга ачиниш билан қараб турарди. Седлюк эса тепаликка чиқиб олиб ҳар бир аскар ҳаракатини диққат билан кузатарди.
Биз дам олмасдан яна ортга, полкка қайтдик. Хайриятки, бу гал югуриш ҳақида буйруқ бўлмади, биз бир текис қадам ташлаб борардик. Бироқ кўплаб аскарлар мажоли етмаганидан ёки оёқлари қонаб, шишиб кетганидан юришни хоҳламас, зобитлар бақир-чақир билан уларни турткиларди. Кечқурун ётоққа қайтиб келганимиз ҳамон Седлюк бир соатдан кейин рота кўригини ўтказиш ҳақида эълон қилди. Бу ўлганнинг устидан тепалаш дегани эди. Ҳамма уст-боши ва қурол-яроғини тозалашга тушди. Тунги соат учга қадар йўлакда тик турдик. Бир сутка емай-ичмай олтмиш километр йўл юриш, яна соатлаб оёқда туриш осон эмасди. Лекин бундай кезларда бир сония бўлсин кўз юмган ёки уйқусираб мункиб кетган аскарга “уйқудаги малика” деган тавқи лаънат илинарди. Седлюк шуни кутиб турарди.
Эрталаб турганимизда ҳеч ким юра олмасди. Оёғимизнинг таги қавариб, шишиб, йиринглаб кетганди. Баъзи аскарлар унсиз йиғларди. Лекин нонуштага бориш керак…
Олмониянинг ёзи мўтаъдил келади ва аскарлар бошига яна янги ташвишлар солади. Чунки ёз келиши билан қийинчиликларга дош беролмаган аскарларнинг қочиб кетиш ҳоллари кўпаяди. Тўғри-да, кузда ёмғир, ҳаммаёқ балчиқ-лой, қишда қор ва қирчиллама совуқ, қочиб қаерга боради. Ёзда эса ўрмонда ёввойи мевалар териб ейиш ёки фермерларнинг боғ-роғларида кун кўриб жон сақлаш мумкин. Ёз келди дегунча ҳар ўн-ўн беш кунда кимдир қочиб кетади. Қочоқ топилмагунча аскарларга уйқу бегона. Аввал дивизия, кейин олмон шаҳарчаси ва қишлоқлари титкилаб чиқилади. Баъзи қочоқлар узоққа кетиб қолади ва ҳатто Эрфуртдан тутиб келинган аскар ҳам бўлган.
Полкимиздаги саккизинчи рота шафқатсиз зобит ва сержантлари туфайли “дисбат” номи билан машҳур бўлган. Дисбат (дисциплинированный батальон) “жазо батальонининг” қисқартма номи эди. Саккизинчи рота аскарлари ҳаёти олдида бизнинг кўрганларимизни “жоннинг роҳати” деса бўларди. Шу ротадаги бир туркман аскари жонига қасд қилиш учун тўрт қаватли казарма томидан ўзини ташлади, лекин ўлмади. Бир ярим ой госпиталда ётиб ротасига қайтиб келди. Бизнинг ротамизда абжиргина бир туркман аскари бор эди, у тез-тез саккизинчи ротадаги бу ҳамюрти ҳолидан хабар олиб турарди. Унинг айтишича, бечорани сержантлар ва кавказлик аскарлар руҳан синдиришибди, калтак ва хўрликдан энди у инсон қиёфасини йўқотиб қўйганмиш. Тунлари уни туалетга қамаб қўярмиш, кундузлари йўлакда ит каби эмаклатиб чоптирармиш. Мен ўша йигит билан карантинда бирга бўлгандим, қошу кўзи қоп-қора, баланд бўйли, одам ҳавас қиладиган келбати бор эди. Бир ой аввал полигонда ҳам учратгандим, аввалги шижоатидан асар ҳам қолмаган, кўзларида маъно йўқ эди. Саккизинчи ротадаги сержантлардан бири гуржи йигит бўлиб, карантин пайтидаги муштлашувда унинг ўнг кўзини кимдир камарнинг тўқаси билан уриб чиқарганди, қовоғида каттагина чандиқ қолган. Ўшанда бир зобит келиб Марказий осиёлик аскарларни бир хонага йиғган, роса бўралаб сўкканди, лекин ҳар куни уруш чиқарадиган кавказликларга бир сўз демаган.
“Ҳей сенлар, осиёликлар, босмачилар! Биласанларми, аслида ким эдинг сенлар? Ҳамманг қул эдинг! Менинг бобом бориб сенларни озодликка чиқарган, энди сенлар тузлуғингга тупуриб, сенларга ҳуррият ҳадя қилган шўро армиясида зўравонлик қиласанларми!” дея бақиргани ёдимда. Ўшанда биз осиёлик аскарлар жимгина бош эгиб тургандик. Чунки, гап қайтариш, баҳслашиш бошга бало орттириш эди. Қолаверса, унга муносиб жавоб қайтариш учун рус тилида бийрон гапирадиган аскар орамизда йўқ эди. Назаримда, хаёлимиздаги биргина фикр, бу уйга эсон-омон қайтиб олиш эди. Кейин зобит ҳар биримизни ўнг кўзи боғланган ўша гуржи аскар билан юзлатган, “шу эдими сени урган?” дея сўраганди. Лекин гуржи аскар ўзини урган осиёликни сотмади, урушни ўзи бошлаган эди-да. Қолаверса, армиянинг ёзилмаган қонунига кўра, арз қилган, гувоҳлик берган аскар одам қаторига қўшилмасди.
Энди ўша чандиқли гуржи аскар сержант лавозимига эришиб, Марказий осиёликлардан қасдини олаётган бўлиши ҳам мумкин эди. Туркман аскар эса соддалик қилган, чунки одатда госпиталга бориш қийин, борганлар эса беш-олти ойсиз қайтиб келмасди, касали энди тузалганда яна бирор нима ўйлаб топишарди.
Бир ҳафтадан кейин саккизинчи рота ҳаммомга кетаётганда ўша туркман аскар ўзини ҳарбий юк машинаси остига ташлабди, ҳайдовчи чаққон экан, у яна ўлмай қолган. Ўлмаган жонга ҳам қийин экан – бу аскарни энди ҳаддан зиёд таҳқирлай бошлашди. Ниҳоят, ёзга чиққанда у қочиб кетди.
Қочган аскар бу гал бизнинг полкимиздан бўлгани учун туну кун қидиришга сафарбар қилиндик. Уйқу дегани дунёдаги энг азиз нарса бўлди. Қидирув беш кун давом этди. Олтинчи куни қочоқ аскар шаҳардаги бир олмон кампирнинг уйидан чиқди. Кампир уни товуқкатак ичидан топиб олиб, уйида боқаётган экан. Унинг кейинги тақдири нима бўлганидан хабарим йўқ. Айтишларича, дисбатга жўнатилган. Бироқ одатда бундай аскарларни руҳан мажруҳга чиқариб, уйига жўнатиб юборишлари ҳам мумкин эди, балки унга ҳам шуни раво кўришгандир.
Умуман олганда, қочиб кетиш ёки жонига қасд қилиш ғулғуласи армиянинг дастлабки ойларида кўпчилик аскарнинг ўй-хаёлини банд қилгани шубҳасиз. Ундан қутулиш қийин кечади ва бу ўша аскарнинг атрофидаги муҳит ва одамларга боғлиқ. Агар одам ўзининг одамлигини унута олса, олдидан келганга ҳам, ортидан келганга ҳам кўзи қонга тўлган йиртқич ҳайвондек ириллаб турса, армия ҳаёти унинг учун қийинчиликсиз кечарди.
Аскар қидириш ҳали ҳолва экан. Кузда хизматга янги келган тожикистонлик аскар автоматини йўқотиб қўйди. Эҳтимол, автомат ўғирлаб кетилиб, сотиб юборилгандир, буниси энди бизга қоронғу. Аскар қочиши ҳеч гап бўлмай қолди, автомат йўқолганда қиёмат қойим қўпти. Дарғазаб зобитлар полкни шошилинч сафга тизди. Янаям дарғазаб полк командири келиб, ялпи қидирув эълон қилди.
“Худди шу сониядан эътиборан буюраман, қурол топилмагунга қадар казармага киришни таъқиқлайман, ётоқхонага қадам қўйган аскар сўзсиз ҳибсга олинади. Фақат сафда, тик турган ҳолда ёки юриб кетилаётганда ухлашга рухсат бераман,” деди ўшқириб.
Бунақасини кўрмаган, эшитмаган эдик. Постда тик туриб ухламаган аскар йўқ бўлса керак, лекин юриб кетаётиб ухлашни ҳали бошдан ўтказмагандик. Ўша соатдан бошлаб чексиз полигонларни, уларга туташ ўрмонларни қаричма-қарич титкилаб чиқдик. Хаёлимизда куз, совуқ ёмғир, жиққа ҳўл шинел, билч-билч лой ва ҳўл пайтавадан бошқа нарса йўқ. Икки кун ухламадик, учинчи куни зобитларнинг ўзлари ҳам юрганда гангиб кета бошлади. Шунда ротамиз ўрмонга яшириниб, чакалакзорлар орасида пусиб, бир-икки соатдан ухлаб оладиган бўлдик. Кечалари полигондаги иншоотлар ичида тунадик. Ухлаган пайтимиз юқори лавозимли зобитлар келиб қолмасин деб навбатчилик ташкил қилинди.
Олтинчи ёки еттинчи куни дала ва ўрмонларни кезишдан наф чиқмагач, бизни олмон қишлоқлари ва яқин атрофдаги кичик шаҳарчаларга юборишди. Бу ерларда нима қилишни ўзимиз ҳам билмас эдик, чунки биз олмонларнинг уйи тугул, боғига ҳам қадам босиб кира олмасдик, ишимиз фақат йўл юриш эди, холос. Ўрмонда бир амаллаб ухлаб олиш мумкин бўлган эса, катта йўлда бунинг имкони йўқ. Шунда сафда кета туриб ухлашни синовдан ўтказдик. Сержантлар галма-гал санаб кетарди: “Бир, икки, уч… Чап, чап, чап… Бир, икки, уч.” Қулоққа алладек айтилган буйруққа ҳамоҳанг қадам ташлаймиз. Мия чала уйқуда, вужуд ҳаракатда. Кимдир қоқилса, саф йиқилади. Лекин бир маромда юравергандан кейин оёққа буйруқ беришнинг ҳожати ҳам қолмас экан. Кўзлар чала юмулганча уйқуга кетамиз, қулоқлар остида ёқимли оҳанг – “Бир, икки, уч… Чап, чап, чап… Бир, икки, уч.”
Бироқ автомат топилмади, ўн беш кундан кейин сафарбарлик сусайди ва полкимиз казармаларга қайтарилди. Қуролини йўқотган ёш аскар олти ойга дисбатга жўнатилди.
Қор, ўрмон ва “Иблис”
Қишнинг айни қирчилламасида ротамизни Ғарбий Олмония чегараси яқинидаги махфий алоқа бўлинмасига кўмакка юборишди. Албатта, алоқани тиклаш учун эмас, қуюқ ўрмон ичида жойлашган бу бўлинма атрофидаги яширин истеҳкомлар, танк ва БТРлар учун ковланган ҳандақларни тозалаш учун.
Тонгги аёзда йўлга чиқдик. Қор гупиллаб уриб турибди, қалинлигидан юриш қийин, терлаб-пишиб кетганмиз. Оғзимиздан чиқаётган иссиқ ҳовур изғирин шамолда киприк ва қошларимиз, ёқамизга ёпишиб музлаб қолади. Қошу киприк оппоқ, ҳамма қорбобога ўхшаб қолган. Беш минутлик “перекурлар” билан кун бўйи йўл юрдик. Кечга яқин бир амаллаб ўрмон ёқасига етдик. Шу ерда озиқ-овқат ва чодирлар келишини кутдик. Тушлик қилинмагани учун аскарларнинг тинка мадори қуриган.
Сиёсий ишлар бўйича рота командири ўринбосари лейтенент Зайцев яхши одам, лекин қатъиятда камтарроқ эди деб аввал айтгандим. Балки унинг таъминот бўлимига гапи ўтмаганми ёки нимадир хатолик ўтибми, биз жамлоқ қурадиган жойга чодирлар ва озиқ-овқат келтириши лозим бўлган машинадан дарак йўқ. Эҳтимол кучли қор бўронида таъминот машинаси йўлда қолиб кетгандир.
Армия ҳаётидаги энг ишончсиз нарса бу техника. Тревога пайтлари ротамиздаги ўнта БТРдан ярми белгиланган маррага етиб борар, қолганлари йўлларда қолиб кетар, баъзилари ҳатто ўрнидан қўзғалмасди. Кенг кўламли ҳарбий машғулотлар пайти ҳарбий техниканинг икки юз километрга етиб бориши учун икки кун вақт кетарди. Бу одатда техника ёмонлигидан эмас, ҳайдовчи аскарларнинг тажрибасизлиги туфайли рўй берарди. БТРга “Камаз” юк машинасининг моторидан иккитаси ўрнатилган. 18-19 ёшли аскар бола иккита “Камаз” моторини қандай эпласин!? Умуман олганда, ҳайдовчи халқи алоҳида тоифа бўлиб, боши калтакдан, ўзлари қорамойдан чиқмасди. Назаримда, улар кўрган ягона рўшнолик бу кийимларини бензинда ювиш эди, холос. Кийим бензинга ботириб олинса топ-тоза бўлади, ўн беш дақиқадан кейин кийиб кетавериш мумкин.
Бироз чалғиб кетдим чоғи, алқисса, оч-наҳор, совуқ қотган аскарлар ҳўл пайтаваларини сиқиб, елпиб-ёйиб яна нам бўйича ўраб олар, оёғидан қаттиқ совуқ ўтиб кетганлар тиканакли буталарни эгиб, остига кўрпадек тўшаб олган. Мақсад бироз бўлса-да совқотган оёқларни қордан узиш. Ер депсиниб бадан қиздиришга аскарларда мадор қани!?
Шу тариқа икки соат туриб қолдик, қоронғу тушди, бироқ таъминот машинасидан дарак йўқ. Зобитимиз нима қилишини билмас, яна бир-икки соат шу аҳволда турилса, аҳволимиз танг бўлиши тайин эди. У овқат ва иссиқ жой топиш илинжида бизни ўрмон ичига, яширин ҳарбий бўлинма томон бошлади. Тизза баробар қор босиб ётган тор йўлда бир чақирим юрдик, оппоқ йўл кўринади холос, икки томонимиз зим-зиё ўрмон, ютаман дейди. Ногоҳ қоронғулик қаъридан “Тўхта! Ким келяпти?” деган овоз янгради. Зобитимиз ротани тўхтатиб, ўзи бироз олдин юрди ва баланд овозда қичқириб, вазиятни тушунтирмоқчи бўлди.
“Тўхта! Отаман!” дея дағдаға такрорланди. Зайцев жойида туриб қолди. Яна нимадир демоқчи эди, қоронғулик қаъридан буйруқ иккинчи марта янгради: “Ортингга қайт! Отаман!”
Ҳа, учинчи огоҳлантиришдан кейин отиб ташлаши ҳеч гап эмас. “Часовой есть лицо неприкосновенное” (Посбон дахлсиз шахс), деб ҳарбий низомга бекорга ёзиб қўймаган ахир.
Ноилож ортга қайтдик. Ўрмон четига етганда лейтенант гулхан ёқишга рухсат берди. Аскарлар хурсанд ҳолда ўтинга яроқли шох-шабба қидиришга тушди. Қуруқ ўтин топиш амри маҳол. Гулхан ёқиш учун тутантириқ яхши бўлиши керак. Ҳар ким топганини, кимдир чўнтагидан сигарета қутисини, кимдир уйидан келган хатни чиқарди. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб, ҳўл шох-шаббалардан бир амаллаб гулхан ёқдик. Қор ҳамон гупиллаб уриб турар, олов ўчиб қолмаслиги учун навбат билан ўтин йиғиб келинарди. Ҳолдан тойган аскарлар шинелга маҳкам ўралганча мудрай бошлади.
Совуқдан оёқларим музлаб борар, қор бўрони туфайли оловнинг тафти юзимни илитарди, холос. Чирсиллаётган гулханга тикилганча уйқуга кетаётганимни илғаб қолдим. Қанча ухлаганимни билмайман, бир пайт кимдир шинелимнинг ёқасидан ушлаб куч билан тортаётганида уйғониб кетдим. Кўзимни очсам, тепамда ротамиз командири Седлюк жони чиққудек бўлиб бақиряпти. Тураман десам, муз қотган оёқларим буйсунмайди. Қорда эмаклаб қочмоқчи бўлдим. Бироқ энди Седлюкнинг мен билан иши йўқ, ёнимдаги қор уюмларини тепкилаб очиб аскарларни уйғотарди. Гулханлар аллақачон ўчиб бўлган, аскарлар қор уюмлари остида ўтирганча ухлаб қолган экан.
Седлюк ҳамон бақир-чақир қилар, энди унга уйқудан турган Зайцев ва сержантлар ҳам қўшилган, улар қор ва шох-шаббалар орасидан аскар қидирарди. Биз қалтираб-дилдираб сафга тизилдик, саф тўкис чиқди. Ўрмон ёқасида чодирлар юкланган машина турарди пишқириб. Рота командири бу аҳволда аскарларнинг чодир қуриши, печкаларни ўрнатишига кўзи етмади. Бизни ўша эски йўлдан ўрмон ичкарисига бошлади. Бора-боргунча ўринбосарини сўка кетди. Бутун ротани ўлдиришингга бир баҳя қопти, “мат твоё…” дерди.
Ўрмон қаъридан яна ўша овоз келди: “Тўхта, ким келяпти!” Седлюк ўзини таништирди, лекин бу фойда бермади ва буйруқ қайтарилди: “Ортингга қайт! Отаман!”
“Отсанг от, эшшак! Ҳе сени онангни… Чақир дарров командирингни, йўқса мен отаман!” Седлюк жон аччиғида бақириб бир қадам олға юрди.
“Жойингда тур! Қимирлама, отаман!” деди яна ўша овоз.
“Эшшак! Бу ерда бир рота аскар ўламан деб турибди. Қоровул бошлиғини чақир, комдивга чиқсин, ҳе энангни сени!” командир рота бақира кетди.
Бир қанча сукутдан сўнг “командир рота бу ерга келсин,” деган буйруқ янгради. Ярим соатча давом этган музокаралардан сўнг бизни ўтказиб юборишди. Тор ўрмон йўлига ўрнатилган тўсиқ ёнида эгнида пўстин, оёғида пийма билан турган посбон аскар бизни ачиниш билан кузатарди. Озгина юргандан сўнг яримертўла бино олдида тўхтадик. Бу алоқачиларнинг ўн аскарга мўлжалланган ётоқхонаси эди, лекин юз аскар сиғиб кетдик.
Эртасига машина қолиб кетган жойга келдик. Қишки жамлоқ қуришимиз керак. Ҳар бир аскар қўлига биттадан юпқа кесилган қора нон, битта пиёз ва чақмоқ қанддек келадиган тузланган чўчқа ёғи берилди. Бир сутка давомида берилган овқат шу бўлди.
Аскарлар дов-дарахтларга суяниб хом пиёздан чайнаб, кетидан салани тишламоқчи бўлганида командир рота киноя қилди:
“Буни қаранглар-а! Мусулмонлар сала емоқчи, ахир улар чўчқа гўшти емайди-ку!? Қани, қараб туринглар-чи, булар салани кимга берар экан?”
Ўзбек, тожик, қирғиз ва туркман аскарлар командир ротага нафрат билан қаради, у ҳам мусулмон аскарлардан кўз узмай, қани нима қилар экан, деганча илжайиб турарди.
Лекин ҳеч ким қўлидаги салани номусулмонга узатмади, аста командирга терс ўгирилди. Аскарлар хизматга келган кунидан бошлаб чўчқа гўштли овқатдан бошқасини кўрмаган, лекин нега айнан ҳозир Седлюк буни эслаб қолди, ҳеч ким тушунмасди. Кўпчилик салани ёнидаги номусулмонга намойишкорона узатиш фикрига борган бўлиши ҳам мумкин, лекин бу Седлюкнинг кейинги ҳужумлари учун ўзини нишонга айлантириш дегани эди.
“Қалай, мусулмонлар, сала мазали эканми?!” У яна киноя қилишдан тўхтамади. Иблисона тиржайиб турган бу одам кеча аскарларни муз қотиб ўлишдан сақлаб қолган эди.
Хўжағатли жаннатнинг забт этилиши
1987 йилнинг кузги ҳарбий машқларини “Кимёвий ҳужум”га тайёргарлик билан бошладик. Роса икки ҳафта давом этган машқлардан сўнг тунги тревогалар бошланди, кечалари ечинмай, қурол-аслаҳа билан ётишга рухсат берилди. Чунки тревога кўтарилганда қурол сақланадиган аслаҳа омбори эшиги тирбанд бўлиб, кўп вақт йўқотиларди. Катта ва кенг кўламли “жанглар” бошланиши аниқ эди. Шу тариқа асосий тревога кўтарилди ва биз Ордруфдаги темир йўл вокзалига чопиб бордик. Танк ва БТРлар юк поездларига чиқарилди, аскарлар аввал ун ташилган, энди тахталар терилиб, уч қаватли ётоққа айлантирилган вагонларга жойланди. Галле шаҳри яқинидаги полигонга катта ҳарбий машқлар учун жўнадик, ўзимизда йўқ хурсанд эдик. Одатда, бундай сафарлар турли саргузаштларга бой бўлади.
Куз келиб, ёғин-сочин бошланиб қолган эса-да, қуёш жилва қилиб қоладиган кунлар ҳам ҳали кетиб улгурмаганди. Ҳарбий эшелон тўхтаб-тўхтаб, имиллаб, олмон қишлоқлари ва шаҳарлари оралаб мудроқ илондек судралади. Олмон шаҳарлари ҳам одамлари каби эринчоқ туюлади. Чунки бу юртга келибмиз-ки, кўчаларни тўлдириб турган одам кўрмадик, ёшларни-ку қўяверасиз, кундузи чироқ ёқиб топиб бўлмайди.
Гоҳо ўрмон ичидан ўтиб қоламиз, баъзан ялангликка кийик чопиб чиқиб қолади, қанийди, битта ўқ билан қулатиб, кийик кабоб қилсанг, дея аскарлар ҳайқиради, кийик ҳуркиб, ура қочади.
Вагон эшигини ёнга суриб, галма-гал оёқларимизни ташқарига осилтириб ўтирамиз, ўзимизни омонат қуёшга тоблаймиз. Бир-икки кун аввал командиримиз Седлюк бошимизга солган уқубатлар ёддан кўтарилган.
Унвони ва лавозимини ошириб олиш пайида бўлган Седлюк бизни полкдаги энг илғор ротага айлантириш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қиларди. Аскарлар бунинг учун ҳарқанча жонбозлик кўрсатишдан қайтмасди, чунки Седлюкнинг унвони ошса, ундан қутулишимиз аниқ эди. Бироқ унинг очиқча таҳқирлаш ва хўрлашларига чидаш тобора қийинлашиб борарди. Қачондир бунинг охири кўриниши, нимадир бўлиши лозим эди-ю, унинг қаерда ва қандай юз беришини ҳеч ким билмасди.
Седлюк миллий адоват, зўравон ва нимжон аскарлар ўртасидаги ўзаро нафратни баъзан рағбатлантириб турарди. Яъни, зўравон аскарга ошкора илтифот кўрсатар, нимжон ва хўрланганларга эса чексиз нафратини намойиш этарди.
“Кимёвий ҳужум” машғулотларини ўташ бошланганда баъзан противогаз кийиб олган ҳолда бир неча километр чопишга тўғри келди. Учинчи ротадаги бир аскарнинг бўғма касали бўлса керак, противогаз билан чопаётган пайт ўлиб қолди. Бу ҳодисадан кейин кўпчилик энди аскарларни бироз аяб, шафқат кўрсатишса керак деган ўйга борганди, бошқа роталарда билмадим-у, лекин Седлюк бунинг аксини қилди.
“Аскар бундай ҳолатда ўлмаслиги керак, агар у ўлса, демак у яроқсиз аскар. Бундай аскардан ватанга наф йўқ, унга сарфланган озиқ-овқат, уст бошу қурол-яроғ ҳайф,” деди у сафланган ротага ўшқириб.
У машғулотларни икки баробар кучайтирди. “Кимёвий ҳужум” тревогаси тинимсиз жаранглайдиган бўлди. Бундай тревога пайти энг аввало противогаз кийилади, кейин елкада турадиган, ихчам ўралган резина кийимнинг боғичи тортилади. Резина кийим парашютдек очилиб, аскарнинг устидан сирғалиб тушади, тор ва сирпанчиқ резинани кийиш ўнг қўлдан бошланиб, чап оёқда тугатилади, кейин пистонли тугмалари қадаб чиқилади. Тугмалари жуда кўп бўлганидан уларни қадаш қийин, ўрни алмашиб қолса ҳаво кириши мумкин бўлган кемтиклар пайдо бўлади. Ёки қайсидир аскар резина кийимни аввал бошдан нотўғри ўраган бўлса, боғичини тортганда у тўғри очилмай, қўл енги оёқ почасига ўралашиб қолади. Противогазда ортга ўгирилиш қийин бўлгани боис аскар кийимнинг енгини топиш учун орқасига қўли етмай, турган жойида айланаверади. Седлюк эса боши айланган қўйдек типирчилаётган аскарни аввал мароқ билан томоша қилади, кейин роса тепкилайди. Шунда рота бу машқни ўнлаб марта қайтаришига тўғри келади. Заррача ҳаво ўтказмайдиган резина кийимда, унинг устидан қурол-аслаҳани елкага илиб чопиш яна бир азоб, беш дақиқадан кейин бадандан чиқаётган иссиқ ҳовурдан одам ёнаётгандек бўлади, нафаси қисади. Кимдир чидай олмай противогазни ечиб юборади. Бундай кезларда Седлюкка яна худо беради, ротани куни бўйи машқ қилдиради. Устига устак, очлик билан жазолайди. Тушликка атайин бир соат кечиктириб жўнатади, ошхонадан саф бўлиб қайтаётган бошқа роталар устимиздан кулади: “Внимание, смирно! Идет летаюшея смена!” Бу овқатдан қуруқ қолдинг дегани, дарҳақиқат улкан аскар ошхонасида урвоқ ҳам қолмай, навбатчи рота аскарлари изғиб юрган бўлади, холос.
Поезднинг тарақа-туруқи билан кетяпмизу кўпчилик ҳали Седлюк бошимизга яна не кунларни солишидан ҳадикда. Чунки бундай катта жанговар машқлар Седлюк учун айни муддао, қўмондонларга ўзини кўрсатиб қолиши керак.
Кечаси вагонда аскарларнинг шивир-шивири ва тунука идишларнинг тарақлашидан уйғониб кетдим. Маълум бўлишича, тахта ўриндиқларнинг остидаги қутиларда арпа ёрмасидан қилинган бўтқа ва чақмоқ қанд жойланган экан, аскарлар уриб еб ётибди, бўшаган консерва банкаларини ташқарига улоқтиришяпти. Нима дейсиз энди, ростини айтиш керак, тонгга қадар ёрмали бўтқа едик. Кўнгил айниб кетар экан, оқ қанд қўшиб ейилса ҳам барибир кўнгил беҳузур бўлаверади.
Эртасига полигонга етиб бориб, ўрмон ёқасига чодирлар ўрнатдик. Тушлик яқинлашганда маълум бўлди-ки, кеча тунда икки кунлик озуқани паққос туширган эканмиз. Бошқа вагондагилар ҳам анойи эмас, хом пиёз билан қора нонни аяб ўтиришмабди. Жаҳлдан қизарган-бўзарган Седлюк дуч келган аскарни дўппослайди, сал ўзини босиб олгандан сўнг соатлаб виждон, ватан ва партия ҳақида оғзидан тупук сачратиб гапиради. Аскарлар миқ этмайди. У икки кунлик заҳира тугатиб қўйилгани учун энди урвоқ ҳам кўрмайсанлар, деди. Бироқ кечқурун Седлюк дала штабига кетганда замполит Зайцев қаердандир бир бидон карам бўтқа ва саккизта нон ундириб келди. Командир рота қайтгунча овқатнинг исини ҳам қолдирмадик. Шу аҳволда икки кун жон сақладик.
Учинчи куни тонгда зобитлар сира кутилмаганда шу пайтга қадар ҳеч қачон тегилмаган ўқ-дори сандиқларини оча бошлади. Тревога пайтлари аскарлар кўтариб чопадиган бу зилу замбил темир сандиқлар фақат уруш ҳолатида очилади, дея уқтиришганди. Энди эса улар очилиб, бизга беҳисоб ўқ-дори тарқатилди. Сўнг БТРларга чиқдик ва полигон сари йўл олдик. БТРнинг ичида сиқилишиб ўтирибмиз, қаёққа кетаётганимизни билмаймиз, қуроллар ўқланган, бир-биримизга хавотир ила қараб қўямиз. Вақт жуда секин ўтаётгандек. Кўнгилда ғулғула, машқ деб ҳақиқий жангга кетаётган бўлсак-чи, ахир уруш пайти очиладиган темир сандиқлар очилди-ку. Бошқаларни билмадим, лекин ҳаяжондан вужудим титрар эди. Зирҳли машинадан сакраб тушган пайтимиз қаршимизда ҳақиқий душманлар турган бўлса-чи! Кўз олдимга альбомларга чизадиганим Америка аскарининг тимсоли Рэмбо келади. Бошқаларнинг ташвишли юзи, ҳамманинг бирдек сукут сақлаши юракка баттар қутқу солади.
Бир пайт “Ҳужумга олға!” деган буйруқ янгради. Юриб кетаётган БТРлар устидан сакраб тушиб, жанговар ўринларни эгаллаганча чопа кетдик. БТР билан ёнма-ён чопишимиз лозим эди. Бир километр чопганимиздан сўнг ётган ҳолда ҳандақ қазиш ҳақида буйруқ бўлди. Бир соатлар вақт ўтгач, ўт очишга тайёрланиш буйруғи янгради, ҳамма қуролларини шиқирлатганча отишга ҳозирланди. Бармоқлар тепкида, буйруқ янграса, бирваракайига гумбурлатиб отиш бошланади. Лекин ўн дақиқа вақт ўтса ҳамки буйруқ йўқ, ҳамма ҳайрон. Мен ётган жойимда теварак-атрофимни кузата бошладим.
Жанговар ҳолатда ҳар бир аскар оралиғи ўн-ўн беш метр бўлгани учун сафнинг охири кўринмайди. Мен ротамизнинг энг четида, биринчи рота сафи тугаган жойда турган эдим. Биринчи ротанинг замполити қўлида АКСни ўйнатганча тик турибди. У бизнинг ротамиз ленкомнатасини кўргани кириб турар, шу боис мени яхши танирди. Мен ундан нима бўлди, нега отмаяпмиз, деб сўрадим. Қўмондонлар ухлаб қолди шекилли, деди у ҳазиллашиб. Шу пайт бизнинг ротамиздаги бир аскарнинг қўли тасодифан тепкига тегиб кетди шекилли, “тарс” этиб ўқ отилди. Бир лаҳза ҳамма тек қотди, сўнг тасира-тусур отиш бошланди. Аввал бизнинг рота, кейин бошқалар отишни бошлади. Бир пайт зобитлар қизил байроқчаларини ҳилпиратиб “тўхта” деган ишора қилишга тушди. Билдик-ки, буйруқсиз отишма бошланиб кетган. Ҳа, буёғи расво бўлди энди.
Ўн дақиқа жимликдан сўнг тепамиздан артиллерия снарядлари учиб ўта бошлади. Кейин ортимиздан ғижирлаб танклар келди. Танклар биз билан тенглашганда олға юриш ва шунинг баробарида ўт очишга буйруқ берилди. Бирваракайига БТР, танк, сон-саноқсиз пулёмет ва автоматлардан ўқ отилди, қасира-қусур овоз оламни ларзага солди. Бу шовқин ва гумбурлашлардан бош айланиб, қулоқлар батанг бўлди. Ора-сира гранатомётлардан шиғиллаб ракета учиб қолади. Қаршимиздаги нишонларни кўрмасак-да, қарсиллатиб отиб ётибмиз. Бир километрча отиб борганимиздан кейин тўхташга буйруқ берилди, тиззалаган ҳолда охирги ўққача отилсин, дейилди. Ҳар ким хоҳлаганча отиб қолди. Кимдир бир қўллаб, кимдир автоматини пулемётга алмаштириб отди. Отишма тугагандан сўнг жанговар ҳолатда кутиб ётиш буйруғи келди. Бироздан сўнг тепамиздан вертолётлар учиб ўтди, икки-уч километр наридаги тепаликни ракеталардан ўққа тутди. Сўнг артиллериячилар яна ишга тушиб ўша тепаликни тит-питини чиқариб ташлади.
Атроф анча тинчиб, порох ҳиди ва кўм-кўк тутун тарқаб кетгандан сўнг, кунпаякун бўлган, уч-тўртта чўлтоқ дарахт қўққайиб турган тепаликни ишғол қилиш учун буйруқ берилди. Энди фақат пиёда қўшинлар олға кетди. Ура-ур ва чопа-чоп билан тепаликка яқинлашиб қолдик. Энди кўтарилиш бошланганда одам бўйидан баланд чакалакзорга дуч келдик. Бу хўжағат, қорағат ва маймунжонлар гуркираб ўсган чакалакзор эди. Шохларида ғиж-ғиж мевалар ҳил-ҳил пишган, ранги ял-ял ёниб кўзни олади. Қанийди, аскар дегани бу чакалакзордан индамай ўтиб кетса! Ҳамма қуролини елкага илиб, хўжағат ва маймунжон теришга тушди. Кафт-кафт мева териб оғизга соламиз, мазаси тилни ёради. Седлюкнинг очлик билан жазолаш усули туфайли мудом қорни қулдираб юрадиган аскарлар назарида бу мисли жаннат эди.
Аскарлар бир-биридан анча узоқда, зобитларнинг қораси кўринмайди, ҳар ким ўзи билан ўзи овора, иложи борича тезроқ ва кўпроқ мева териб ейиш пайида. Шох-шаббалар орасидан бир-бировига кўзи тушиб қолган аскарлар “ваҳ-ҳа-ҳа, буреешь!” деб бақириб қолади иршайганча, қип-қизил лаб-лунжини артиб. Орадан анча вақт ўтгандан кейингина тепаликда қизил байроқчаларни жон-жаҳди билан ҳилпиратаётган зобитларга кўзимиз тушди. Бошимиз устида эса вертолёт айланаётган эди.
Бу воқеадан кейин командиримиз Седлюкнинг бошида кимлар ёнғоқ чақди, билмаймиз, лекин унинг ҳолига маймунлар йиғлагани аниқ эди. Бу жуда катта жанговар машқ бўлиб, Москвадан келган генераллар вертолётда машғулотларни кузатиб туришган экан.
Ротамизни жазо тариқасида шу полигонда бир ҳафтага қолдиришди. Седлюкнинг эса ўша куниёқ қораси ўчди. Қиладиган ишимиз эртаю кеч полигонда изғиб, машқлар пайти қулатилган нишонларни тиклаш бўлди. Тўрт кун тинимсиз ёғингарчилик бўлди. Бешинчи куни эрталаб ёмғир кучайди, уст-бошимиз жиққа ҳўл, ички кийимларимиз ҳам ивиб кетган. Тушга яқин бирдан кучли шамол туриб ёмғир музга айланди. Бийдай очиқ кенг далада изғирин бошланди. Ярим соат ўтиб-ўтмай жиққа ҳўл кийимларимиз муз қотди. Бир-биримизни автомат қўндоғи билан ҳазилга урамиз, тарақлайди. Кўп ўтмай ҳазилга ўрин қолмади. Ич кийимларимиз ҳам музлаб, юрсак яланғоч баданга темир совут кийиб олингандек тарақ-туруқ қиларди. Зудлик билан жамлоққа қайтдик. Туни билан қор уриб чиқди. Эртасига жамлоқни йиғиштириб, ортга, Ордруфга йўлга чиқдик. Лекин БТРларнинг ярми йўлда, қор, ботқоқ ва балчиқда қолиб кетди. Шунда бир умр ёдимдан чиқмайдиган воқеа юз берди.
Биз тушган БТРнинг битта мотори ишдан чиқиб, ҳарбий карвондан ортда қолиб кетдик. Ҳайдовчи бир амаллаб машинани тузатди, лекин энди йўлдан адашиб, ботқоққа ботиб қолдик. БТР роса бўкириб ҳаракат қилса-да, лой ва қордан чиқиб кета олмади, биз тушиб, бу зирҳли машинани сурмоқчи бўлдик. Тиззагача лойга ботиб роса уриндик, лекин бундан ҳеч наф чиқмади, қайтага иккита мотор ҳам ишдан чиқиб, ўчиб қолди. Қор кучайиб, совуқ забтига олди. Мотор ишлаб турганида ҳар нави, бироз исиниб олган бўлардик, энди совуқдан дилдираб туришдан бошқа иложимиз қолмаганди. Взвод командири БТРдаги алоқа радиоси орқали ёрдам сўради. Орадан бир соатча вақт ўтгач, батальон командирининг техника бўйича ўринбосари келди. Семиз бу майор ўта баджаҳл бўлиб, шафқат нималигини билмасди. У БТРнинг тепасидаги туйнугини очдию ҳайдовчининг бошини мўлжаллаб тепишга тушди. Бу унинг энг яхши кўрган одати эди. Қора мойга ботган, қўллари тилиниб, газак олган ҳайдовчини тепкилашдан чарчаган майор радио орқали махсус занжирли ҳарбий бульдозер чақиртирди. Бульдозер келдию, у ҳам ботқоққа ботди. Моторини бўкиртириб, кетидан қоп-қора тутун чиқариб роса уринса-да, лойдан чиқа олмади.
Майор катта сержант Савлякка аскарлардан олиб, ўрмондан ёғоч кесиб келишни буюрди. Шундагина БТРнинг ичидаги ўн беш чоғли аскарнинг ҳоли не кечгани маълум бўлди. Уст-боши қор ва ёмғирда шалаббо бўлган аскарлар совуқдан муз қотиб, карахт ҳолда бир-бирларининг пинжига суқилиб ётарди. Савляк уларни турғазмоқчи бўлар, бироқ ҳеч ким қимирлай олмасди. Кимдир бақириб йиғлар, “оёғим қани” дея дод соларди. Бундай пайтда раҳм-шафқат унутилади. Савляк ўрнидан қўзғалмаган аскарларни автомат қўндоғи билан ура бошлади. Етти нафар аскар БТРдан ташқари чиқдик, қолганларга калтак ҳам таъсир қилмади, ўликдек ётаверди. Бульдозердаги ҳайдовчидан болта ва арра олиб, йўлга тушдик. Ўрмон ярим километрча узоқликда, қоронғу тушиб қолган, ҳамма томон оппоқ қор бўлганидан ер қаерда, ботқоқ қаерда билиб бўлмайди. Ўрмонга етгунча сувга ботавериб белимизгача ивиб кетдик, бир амаллаб иккита дарахт кесиб, елкамизда кўтарганча ортга қайтдик. Ўн қадамча юргандан сўнг бу азобга ортиқ дош беролмаслигимизни билдик ва елкамиздаги дарахтни улоқтирдик. Савляк эса тинимсиз бақирар, автомат қўндоғи билан туширмоқчи бўларди. Менга эса энди ҳеч нарсанинг фарқи қолмаган, ҳозир қаршимда Савляк тугул, Седлюк болта кўтариб турса ҳам парвойимга келмасди. Ўлиб кетаманми, тирик қоламанми, атрофимда бўлаётган воқеалар энди мени ортиқ безовта қилмас, борлиқ фақат рутубатли совуқдан иборат бўлиб, изғирин шамол миямда ҳам увиллаб турарди. Мен баданимга бигиздек санчилиб, бураб-бураб азоб бераётган, оёқларимнинг уч-учидан зириллатиб, ачитиб, ёндириб кириб келаётган даҳшатли оғриқ тўхташини истардим, холос. Атрофимдаги бақир-чақирлар тушдек туюларди.
Деярли карахт ҳолатида турганимда тувалик Хомушко чўнтагидан битта ўқ чиқариб, автоматига жойлаганини кўрдим. Лекин унинг нима қилмоқчи бўлганини тушунмадим. Кўнглимда унинг қўлидан автоматни тортиб олиб, Савлякни отиб ташлаш истаги туғилди. Шундай қилсам, оғриқ тўхтайдигандек туюлаверди. Лекин қўлим музлаб қолган бўлса, тепкини қандай босаман, деган ўйда эдим. Бирданига Савлякнинг овози ўчди, типирчилаб атрофимизда айлана бошлади. Сўнг ёғочни бир ўзи кўтариб, тортиб кетмоқчи бўлди. Табиийки, у ёғочни ўрнидан қўзғата олмади. Бир қанча муддатдан кейин бу ботқоқ, бу совуқ азобидан қутулиш учун шу ёғочларни элтишдан бошқа иложимиз йўқлигини тушундик. Энди Савляк ҳам бизга қўшилиб, саккиз киши битта ёғочни кўтариб, инқиллаб-синқиллаб йўлга тушдик. Иккинчи қулатган дарахтимизни қолдирдик, унга кучимиз етмасди.
Орадан бир соат ўтгач, буьлдозер бизнинг БТРни ботқоқдан чиқариб, катта йўлгача судраб борди, шу ерда биз бошқа взводнинг БТРига чиқиб олдик. Аскарлар машина ичига ўтин тахлангандек тахланди, бақир-чақир, оҳ-воҳ билан йўлга тушдик. Моторлардан келаётган илиқ тафтдан бироз ўзимга келгандим. Хаёлимда эса Хомушконинг мақсади нима эди, деган савол айланарди. Унинг ўрнида бўлганимда мен нима қилар эдим, дея ўйлардим. Хомушко ҳамиша чўнтагида автомат ёки пулемёт ўқи олиб юрар, гильзалардан галстук учун самолёт ёки ГСВГ (Группа Советских Войск в Германии) деган ёзувли қисқичлар ясарди. Савляк эса ўша воқеа ҳақида ҳеч қачон эсламади.
Эртаси тонгда казармага етиб борганимизда биздан аввалроқ келган аскарлар этиги ва уст-бошидан силқиб тушган сув йўлакларда музлаб қолганди. Ҳамма ўзини иситиш қувурларига урди, лекин қувурлар совуқ эди.
Пўлат қандай тобланади?
Галледа кўрсатган ҳунаримиздан кейин дивизия командирининг ротамизга атаб қўйган жазоси бормикин ёки тасодифми, бизни полигондаги танкодромга шпал ётқизишга жўнатишди. Ротанинг кўпчилик қисми вокзалга юборилди, чунки шпални вагондан машиналарга ортиш қийинлиги, полигонда эса тушириш осонроқ экани айтилди. Озчилигимиз полигонга жўнадик.
Шпал деганим бу темир йўлга кўндаланг ётқизиладиган темир-бетон, жуда оғир ва кўтариш ноқулай. Танкодромга шпал ётқизиш қайси қўмондоннинг калласига келди экан?
Авваллари ҳам лой ва балчиқ ҳақида ёзгандим. Олмонияда ёғингарчилик кўп бўлгани учун полигон дейилса аскарнинг кўз олдига билч-билч лой келади. Бизнинг полигон белга урадиган ўтлоқ бўлиб, йўл ва йўлаклар лой бўларди, холос. Лекин танкчиларнинг полигони бошдан-оёқ ботқоқ. Танкларнинг ҳаракатланиш пайтида отиш машқи бор. Бу машқни бажараётганда танклар лойга ботиб қолади. Бир кун полигонга чиққан танк бир ҳафта лойдан тозаланиши керак.
Биз танкодромга келганимизда шпал юкланган юк машиналари қаторлашиб турганди. Ноябр, ҳаво совуқ, қор аралаш ёмғир юракни эзади. Қўлимизга лом олиб, шпалларни машинадан суриб тушира бошладик. Икки соатлардан кейин навбатда икки-уч машина қолди, холос.
“Тезроқ ишланглар, шу икки машинани бўшатсак, кейингиси келгунча дам олишга вақтларинг бўлади”, деб қиздирарди бизни лейтенант Шербаков.
Шербаков яқинда ротамизнинг иккинчи взводига командир бўлиб келган, баланд бўйли, очиқкўнгил одам эди. Дарҳақиқат, бир соатдан кейин беш-ўн дақиқа дам олишга фурсат топилди. Лейтенант ўтин териб келиб, гулхан ёқди, орада исиниб турдик.
Совуқ забтига олди, ломни ушлаш тобора қийинлашиб борарди. Тушлик вақти яна машиналар қаторлашиб кетди, кейин уларнинг сонини камайтириш учун янада тезроқ ишлашга тўғри келди. Лекин машиналарнинг охири кўринмасди. Назаримда, вокзалда аскарлар шпалларни тез ва осон юклаш йўлини топган ёки уларга ёрдамчи куч юборилган.
Қор, совуқ, шамол, оғир шпаллар, тарақа-туруқ… Ҳар бир шпал суриб туширилганда машина бир сапчиб олади. Баъзан кимдир оёғини ёки қўлини тилиб олади, лекин тўхташ йўқ. Бу иш тугамас экан, ҳеч ким бу ердан кета олмайди. Буюрилдими, бажариш керак!
Қоронғу тушиб бормоқда, эҳтимол, вокзалдаги аскарлар ишни тўхтатиб қолар деган умидимиз ҳам йўқ эмасди. Лекин кечки овқатга картошка бўтқа ва кисел келтиришганда билдик-ки, ҳали иш кўп. Овқатланиб бўлгунимизча уч-тўрт машина тўпланиб қолди. Энди яна қисқа ҳордиқларга фурсат яратиш учун жон бериб ишлашга тўғри келади. Лейтенант гулханга тинимсиз ўтин қалаб, бақириб қўяди, тезроқ қимирланглар, исиниб олишга вақт бўлади, деб.
Тунги соат ўн бирга борганда битта машина навбатда турарди. Лекин изғирин шамол ва қор бўрони ишни оғирлаштирди. Билакларда куч, бармоқларда жон қолмаган. Ломни ушлашимиз билан қўлимизга чиппа музлаб ёпишади. Бир-биримизга ҳа-ҳалаб қўллов кўрсатамиз, тезроқ навбатда турган машинани ҳам бўшатсак, кейингиси келгунча гулхан атрофида исиниб, тамаки чекиб олиш умидигина бизга куч бағишлаб турибди. Шу пайт аскарлардан бири, Табатадзе ломни улоқтириб, ўзининг тилида бақириб-чақириб сўкина кетди, кейин машинадан тушиб гулхан томон жўнаб қолди. Ҳамма ишдан тўхтади, унинг ортидан тикилиб қолди. Бироздан сўнг бошқа аскарлар ҳам машинадан секин-аста тушиб, гулхан атрофида тўпланди. Табатадзе изғиринда бўйнини ичига тортиб, кафтини оловга тутиб ўтирибди. Зобитимиз нима гаплигини тушунди. Бошқа зобит бўлганида аллақачон гуржи аскарни калтаклаб кетган бўларди. Лекин Шербаков бошқача одам эди.
“Менга қаранглар, сизларга бақириб-чақириб ўтирмайман. Яна нечта машина келади, рости, билмайман. Лекин билган нарсам шуки, қанча машина келса ҳам ҳамма шпаллар туширилиши шарт. Ёрдамчи куч келмайди. Қанча кўп туриб қолсаларинг иш шунча узоққа чўзилади,” деди у.
Ҳамманинг нигоҳи Табатадзега қадалди. У бизни тикилиб турганимизни кўриб, бақирди: “Боринглар, ишлайверинглар, мен ўлсам ҳам энди ишламайман”.
Қирра бурун, бошқаларга бургутдек юқоридан назар соладиган бу аскар хизматга янги келган пайтлари ҳамюртлари қўллови билан зўравон аскар мавқеига эга бўлган, биров унинг мушугини пишт демасди. Ўзи ҳам баланд бўйли, елкалари кенг, нигоҳи бешафқат эди. Лекин ҳозир совуқдан ғужанак бўлиб олган, оловга тутган бармоқлари титрарди.
Бу орада хира чироқларини липиллатиб, қор ва лойда сирпангача пишқириб яна бир машина келди. Энди навбатда иккита машина турарди. Ҳамма бетоқат ва дарғазаб. Агар Табатадзе ўрнидан қўзғалмаса, бошқалар ҳам ишламайдиган бўлди. Аскарлар унинг тепасида ўқрайиб тураверди. У бу нигоҳларга чидаш беролмади, ўрнидан ҳорғин турди, машиналар томон қаради, бир қадам юрмоқчи ҳам бўлди. Бироқ илкис яна бақириб юборди: “Ишламайман, нега тушунмайсизлар! Қўлларим қотиб қолган ахир. Ишлолмайман!”
Шу бақиришида унинг кўзидан ёш чиқиб кетди. Негадир ҳамма бирданига енгил тортди. Ротамизда бўйи пастлигидан сафнинг энг охирида юрадиган қозоқ аскар бор эди. У Табатадзенинг тепасига келди:
“Йиғлаяпсанми!? Ҳайф сенга эркаклик!” деди тантанали қилиб.
Биз бошқа бир нарса демай ломларни қўлга олдик. Тунги соат учда охирги машинадан охирги шпални суриб туширганимизда хурсандчиликдан бақириб юбордик. Табатадзе эса ҳамон гулхан ёнида ўтирарди.
Кейинги бир ой давомида Табатадзе таниб бўлмайдиган даражада ўзгарди, аввалги ғоз юриши, бургут қараши, дўриллаган овозидан асар қолмади. Агарки, кимдир кимдандир озор топиб нолиш қилса, бу ўша аскар бўлиб чиқарди.
Баъзан бунинг акси ҳам юз берар экан. Ротамиздаги Селезнёв деган аскар доимо уйқусираб юргани учун “уйқудаги малика” тамғасини олганди. Баланд бўйли, лекин ориқ ва нимжон бу аскарга озор бермаган одам йўқ эди. Бир томондан зобитлар уни ёмон кўрса, иккинчи томондан аскарлар эрмак қиларди. Эринмаган кимса бор-ки, уни тепиб ўтарди.
Лекин Селезнёв ҳеч кимга эътироз билдирмас, таҳқирланиш ва хўрлик ичра ўзи билан ўзи яшар, атрофидаги воқеаларга заррача аҳамият бермас, кўзи доим ярим юмилган ҳолда юрса-да, топшириқларни беками кўст бажарарди.
“Биласанми, у нега доим ярим уйқуда юради,” деб қолди бир куни Павлов деган аскар беш дақиқалик ҳордиқ пайти. Жанговар отиш машқларидан кейин биз ўтлоқда ёнбошлаб ётардик, Селезнёв эса бир четда чўққайиб ўтирганча полигон четидаги ўрмонга ярим очиқ кўзлари билан тикилиб қолганди.
“Билмайман,” дедим Павловга.
“У хаёлида яшайди, аскарликдан олдинги ҳаёти билан яшайди. Селезнёв юқори табақали оилада ўсган, умрида на отасидан, на онасидан дакки эшитган. Энди бу зўравон дунёга тушиб қолиб, аскарлик ҳаётини азобли тушдек қабул қиляпти. Жисми шу ерда, руҳи бошқа ерда. Тўғри қилади, чунки ана ўшанда қийналмайди”, деди Павлов юзига маъноли тус бериб.
Полкимиз ёнидаги уч қаватли бинода буханка нон пиширадиган завод бор эди деб ёзгандим. Шу заводга бир келса, вагонлаб ун келарди. Роталар навбат билан ун ташигани борарди. Икки йил ичида бир марта бизга ҳам навбат келди. Ротамиздан битта взвод вокзалга, битта взвод заводга жўнатилди.
Олти вагон ун келган экан. Биз кун бўйи заводнинг учинчи қаватига эллик килоли қопларни ташидик. Аввал елкада, кейин белимизда, кейин бурнимиз ерга теккудек бўлиб ташидик. Зиналардан кўтарилиш қийин бўлди, тиззалар қалтираб кетади, баъзан оёқ бўйсунмай қўяди. Шунда елкада қоп, зина деворларига суяниб нафас ростлашга тўғри келади. Ҳаммамизнинг силламиз қуриди, тошбақадек имиллаб қадам ташлардик. Бу азобнинг охири бормикин, деб нолиб қўярдик.
Ахийри бир-биримизга гапирмай ҳам қўйдик. Бир оғиз гап ҳам одамнинг кучини олиб қўядигандек. Бора-бора бир-биримизга тўқнаш келганда афтода аҳволимизни яшириш учун нигоҳимизни олиб қочадиган бўлдик. Ниҳоят, кечга бориб аскарлар бирин-кетин зина ёки йўлакларда, дуч келган жойга ўзларини таппа ташлай бошлади, қимирлашга куч қолмаганди.
Шунда фақат биттагина аскар эрталаб қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай сокин ва собит қадамлар билан ун ташишда давом этаверди. Ориқ, нимжон ва кўзлари ярим уйқуда бўлган бу аскар Селезнёв эди. У зиналарда ҳолдан тойиб ўтирганлар ёнидан индамай ўтиб борарди, гўё унинг елкасида эллик килоли қоп йўқдек.
Шу воқеадан кейин аскарлар Селезнёвни хўрлаш ва калака қилишни тўхтатишди, унга ҳурмат кўрсатиб, бошқа бировлар озор етказишига йўл қўймайдиган бўлишди.
Бу орада зўравон аскарлар учун янги эрмак пайдо бўлди. Ҳеч кутилмаганда ротамизга беш нафар янги аскар келди, ҳаммаси москвалик, “Таг-туги билан Москвадан, тоза москвалик!” дея бақирарди бу хабарни тарқатган аскарлар.
Мен эса ҳайрон эдим, нега ҳамма хурсанд, дея. Кейин билсам, армияда аскардан тортиб зобитгача москваликларни ёмон кўришар экан. Бунинг сабабини кейинроқ билдим, ўша кезларда Иттифоқдаги фаровон ҳаёт кўкларга кўтариб мақталса-да, аслида пойтахтдан узоқ юртларда турмуш оғир эди. Ҳамма нарса фақат Москва учун, барча пойтахт ҳаётини жаннатга айлантириш учун ишлаётгандек туюларди. Болалигимда дадам мени тоғда яшайдиган узоқ қариндошимизникига олиб боргани ёдимда. Уларнинг қишлоғидан унча узоқ бўлмаган жойда “посёлка” бор экан, қақраган қир бағридаги томи лойсувоқ, пахса деворли уйлар қаршисида бу посёлка яққол ажралиб турар, пишиқ ғиштдан қурилиб, оппоқ бўялган, томлари шифер билан ёпилган бежирим бинолар кўзни оларди. Обод бу шаҳарчада рус инженерлари ва кончилари оиласи билан яшар экан. Чотқол тоғ тизмалари этагидаги қўнғир тоғларда уран олинадиган руда конлари бўларди. Коннинг ўзида маҳбуслар ишлашини эшитгандим. Қариндошимизнинг айтишича, бу “Москва таъминоти”даги посёлка эмиш. “Москва таъминоти” деган сўзларни у қанчалик фахр туйиб айтгани ёдимда. Чунки посёлка дўкони пештахталари бизнинг дўконлар каби бўш турмас, бу депарадаги одамлар ҳали кўрмаган уст-бошу озиқ-овқат тўлалигидан пештахталар эгилиб ётармиш, молларининг ҳаммаси тоза, асл маҳсулотлар экан. Назаримда, қариндошимиз Москва таъминотида бўлмаса ҳам, шу посёлка яқинида яшаётганидан боши осмонда эди. Унинг ўғли жуда чиройли бир қўғирчоқни ўйнаб ўтирганди-ки, бизнинг дўконлар ва бозорларда бунақасини топиб бўлмас, қўғирчоқни унга посёлкадаги рус оиласидан кимдир берган бўлса керак. Янги келган москвалик аскарларни кўриб, ўша бежирим қўғирчоқ кўз олдимга келди. Ротадаги зўравон аскарлар эса сутга чайилгандек бу пойтахтлик йигитларни аяб ўтиришмади.
Одамнинг зўр овқат ва тинимсиз жисмоний машқлар кучи билан ўсиб, норғул бўлиб кетганини кўпчилик кўрган бўлса керак, лекин калтак еб ўсиб кетганини кўрмаган эдим. Москваликлардан бири ичида иллати бордек ориқ, бўйи ҳам пасттаккина эди. Менинг бўйим ўшанда 162 сантиметр бўлган эса, у мендан деярли тўрт энлик паст эди. Бечорани шу қадар кўп уришарди-ки, ҳамиша юз-кўзи моматалоқ, бир кафт юзи шишиб, ойтовоқдек бўлиб юрарди. Мушт ва тепкилардан қўл ва оёқлари ҳам кўкариб кетарди. Шу жимитдек аскар олти ойда гуркираб ўсиб кетди, бир куни сафда ёнма-ён туриб қолганда кўрсам, энди у мендан бир қарич баланд эди. Москвалик бу беш аскарга нисбатан нафратини зобитлар ҳам яшириб ўтирмасди, шу боисданми, ўтган-кетган ҳам уларга озор берарди. Кейинроқ уларнинг ҳар бири ўзига бир ҳимоячи топиб олди, яъни бирор зўравон аскарнинг беминнат ёрдамчисига айланди ёки аскарлик маошининг бир қисмини бериб юрди. Шундан сўнг уларни таҳқирлаш камайди.
Тутқич бермас дипломатлар
Баҳор кунлари эди. Украиналик аскар Гришко билан қуюқ шохли қарағай дарахти остида, кўм-кўк майса устида автомат қўндоғини ерга тираб, магазинига бош қўйиб, осмонга тикилганча хаёл суриб ётардик. Қанийди Америка, Британия ёки Франция дипломати ёхуд ҳарбий атташесини тутиб олсак-да, уйга таътилга бориб келсак, дея орзу қилардик. Гўё дипломат деганлари ҳозир ўрмондан чопиб чиқиб қоладиган кийикдек!
Ҳар замон катта йўлга умид билан қараб қўямиз, лекин ҳеч зоғ йўқ. Ора-сира олмон чоли ёки кампири “Трабанти”ни тариллатиб ўтиб қолади, холос. Яна чол ва кампирлар. Айтганман-ку, бу мамлакатнинг ёшлари кўчада қорасини кўрсатмайди, деб.
Шарқий Олмониядаги шўро қўшинларининг кенг кўламли ҳарбий-тактик машғулотлари бошланиб кетганди. Сал аввалроқ батальонимиздан бир неча аскар саралаб олиниб, махсус тайёргарликдан ўтдик. Махсус деганим, бизга НАТОга аъзо давлатлар байроқлари, уларнинг шарқий Олмониядаги элчихона ёки консулликларига тегишли автоуловларнинг белгилари таништирилди. Вазифамиз машғулотлар ўтаётган олмон шаҳар ва қишлоқларига яқин келган ғарб дипломатларининг йўлини тўсиш ва зобитлар етиб келгунча уларни ушлаб туриш эди. Бизга тушунтиришларича, НАТО ва Варшава Шартномаси давлатлари ўртасида ҳарбий машқлар ўталаётган ҳудудларга ўз дипломатларини жўнатмаслик борасида келишув мавжуд экан.
Вазифамиз йўл ёқасида яшириниб ётиш, элчихона байроғини илган автоулов келиб қолса қуйироқда турган БТР ҳайдовчисига ишора қилиш эди, у эса йўлни зирҳли машинаси билан тўсиб олиши лозим бўларди. Вазифани қойиллатиб уддалаган аскарларга ўн беш кунлик таътил ваъда қилинганди.
Ҳайдовчи татар аскар эди. БТРнинг устига қарағай ва арча шохлари ташлаб яшириб қўйганмиз. Бир пайт йўлдан олмон юк машинаси ўтиб қолди, татар йигит бўлса йўл устига югуриб чиқиб уни тўхтатди, бир нималар деди. Юк машинаси жўнаб кетгандан сўнг у бизга қараб тиржайди ва “сивильний” деб бақира кетди. Билсак, у олмондан тамаки сўраб олибди. Яхши, лекин зобитлар билиб қолса, бошимиз балога қолади. У ёнимизга келиб ҳозиргина ундирган тамакисини тутатди ва бизга ҳам берди, “тортиб кўринглар, сивильний” деди илжайиб.
Армияда “сивил” сўзи билан таърифланган нимаики бўлмасин аскар учун энг мўътабар нарсага айланарди. Эҳтимол, бу сўз фақат Олмониядаги шўро аскарлари орасида оммавий бўлиб, Иттифоқдаги қўшинлар учун нотаниш бўлгандир. Чунки армиядан сўнг бир рус тили муаллимидан бу сўзнинг келиб чиқишини сўраганимда, у тушунмаган, бирор русча сўзнинг бузиб талаффуз қилингани бўлса керак, дея тахмин қилганди. Орадан бир неча йиллар ўтиб инглиз тилини ўргана бошлаганимда тушундим-ки, бу “civil” сўзи экан. Зобитлар ва аскарлар уни ўзлаштириб олган, яъни, “сивил” нарсалар фуқаролик ҳаётига оид, армиядан ташқаридаги, эркин ва озод ҳаётга тегишли, дегани эди.
Аскарлар учун таъқиқланган турли-туман нарсалар, пайпоқ, атир совун, олмон ва Куба сигаралари, умуман кармонда олиб юриш мумкин бўлган турли ашёлар, ҳаттоки тишковлагич ҳам сивил бўларди ва қадри жуда баланд эди. Кимдир сивил тамаки топиб келса, ўн киши “чекишамиз” дея навбат кутарди. Биринчи аскар хоҳлаганча, иккинчиси имкони борича, учинчиси нима қолса шуни чекади, деган ибора шундан қолган.
Сивил нарсалар ротада тез-тез пайдо бўлиб турарди. Одатда шаҳарга патрулга чиққанлар олмон дўконларидан майда-чуйда нарсалар олиб келарди. Мен хизматга келганимнинг учинчи ойида илк марта шаҳарга патрулга чиққандим. Патрул дегани жоннинг роҳати экан.
Шаҳарга ҳарбий парад кийимида, костюм-шим, бўйинбоғ, қора туфлида, оқ камар тақиб чиқилади. Дастлаб шаҳардаги комендатурада йўриқ ўтказилди, патрулнинг вазифалари тушунтирилди. Кейин биз шаҳар айланишга тушдик. Одатда патрул бир зобит ва икки аскардан иборат бўлади, кўп ҳолларда зобит шаҳар айланишни ёқтирмайди ва аскарларнинг ўзини қўйиб юборади. Зобитимиз бизни озод қолдирди. Шаҳар айланиб юрдик, дўконларга кирдик, ротадаги сафдошлар буюртма берган нарсаларни сотиб олдик. Олмон тилида гаплашишни билмаймиз, ҳар бир оладиган нарсамизга ишора қилиб, нечталигини бармоқларимиз билан кўрсатамиз. Учта нарса олмоқчи бўлсак, иккита бармоғимизни кўрсатамиз, чунки олмонлар букилган бошмалдоқни ҳам саноққа қўшар экан. У пайтда аскарнинг жомадонини тўлдириш учун энг зарур эсдалик нарсалар Куба сигаралари, шоколад таъмли тамаки, қўнғироғи бонг урганда бежирим ва митти ёғоч уйидан қўғирчоқ олмон қизи чиқиб келадиган жажжи соат, олмон шаҳарлари ва қизларининг чиройли, ялтироқ, елимли суратлари эди.
Эртасига навбатимиз тугаб, патрулликни бошқа аскарларга топшириш учун яна комендатура ҳовлисига йиғилдик. Шу пайт велосипедининг кажавасига сават юклаган бир олмон кампир келиб қолди, бинонинг панжарали дарвозаси ёнида тўхтаб, комендантни чақирди. Комендант кампир билан бир нималарнидир муҳокама қилгач, бир сават олма кўтариб келиб, ҳар биримизга тарқатиб чиқди.
“Кечаги патруллардан бири кампирнинг олмасидан оламан деб дарахтнинг бир шохини синдирибди, мана энди кампирнинг ўзи сизларга олма келтирибди, ош бўлсин, кампирга раҳмат айтинглар. Лекин билинглар-ки, шўро аскари учун олмонларнинг олмасига осилиб юриш уят, ўртоқ аскарлар!” деди.
Менинг юзим қўлимдаги қирмизак олмадек қизариб кетганди, ахир кеча кўчада кетаётиб, шохлари девор оша осилиб турган ўша олмадан биз узиб олгандик.
Чойнинг сивилини илк марта хизматга келганимга бир йил тўлганда ичгандим. Кисел ичавериб ичакларимиз шилиниб кетган пайт эди. Батальон котибиятида ишлайдиган аскар ва ротамизнинг котиби яқин ўртоқларим эди. Бир куни батальон котиби келиб шаҳарга патрул чиқариш учун абжир, оғзига маҳкам аскар керак, чунки унга ўзимизнинг алоҳида топшириғимиз бўлади, кимни тавсия қиласизлар, деди. Ротамиз котиби учинчи взводдан бир аскарнинг фамилиясини ёздирди.
Эртаси тунда мени котибимиз, русийзабон қозоқ йигити уйғотди, қўлида рота командирининг хонасидаги катта шарсимон флакон, ленкомнатани очиш керак, иш бор, кетдик, деди. Залга кирганимиздан сўнг у флаконга сув тўлдириб келди, чўнтагидан писка чиқариб, икки четига электр симини боғлади, пискани сувга солиб, симнинг иккинчи учини токка улади. Беш дақиқада флакондаги сув биқирлаб қайнади. Чойни аччиқ дамлаб турганимизда батальон котиби катта қоғоз қоп кўтариб кирди.
“Патрулга чиқарган аскаримиз дуруст экан, эвини топибди, ярмини унга бердим,” деди.
Ордруф шаҳрининг четида, дивизиямизга яқинроқ жойда олмонларнинг вафли фабрикаси бор эди. Патрул вафли қатламлари орасига суриладиган қаймоқли қиёмнинг бир қопини ўмариб келибди. Учовимиз аччиқ-аччиқ сивил чой ичиб, ярим қоп қаймоқли қиёмни паққос туширдик. Бахтимизга ғарбий Олмония телеканалларидан бирида ажойиб кино қўйилаётган экан, тилини тушунмасак-да, мазза қилиб томоша қилдик. Орадан бир неча йиллар ўтгандан кейин ўша фильм ўзимизга ҳам етиб келгач, номи “Кинг-Конг” эканини билдим. Ўша тун бир неча соат бўлса-да, биз сивил ҳаётдан баҳраманд бўлганимиздан хурсанд эдик.
Ўғирлик ҳақида ёзгандим. Ҳаттоки, баъзан ватандан келган мактублар (агар дафтар варағига эмас, оппоқ, юмшоқ қоғозга ёзилган бўлса) ва суратлар ҳам ўғирланишини эслагандим. Бу нарсалар айнан сивил бўлгани учун тунаб кетилишини кейин тушундим.
Бир гал ротамиз полк ошхонасига навбатчиликка кетган, мен ленкомнатада қолгандим. Бироқ кечаси штабга чақириб қолишди. Штабда мени бир старшина ихтиёрига топширишди. Кетдик, деди бетоқат ва баджаҳл старшина. Ошхона ёнида олмонлардан қолган икки қаватли чиройли бино бўларди, ўша ерга бордик. Бу бино зобитлар учун меҳмонхона экан. Старшина менга хоналардан бирини кўрсатди:
“Ичкарида генерал бор, у шу эшикдан чиқмаслиги шарт. Эшик қулфланган, лекин қулфни бузиб чиқса, жойига қайтаришинг керак бўлади. Агар чиқиб кетса, бошинг билан жавоб берасан,” деб дағдаға қилди-да, ўзи кўздан йўқолди.
Мен нима гаплигини тушунмай ҳайрон қолдим. Кейин ичкаридан чиқаётган алмойи-алжойи гаплар, қўққис бақиришлардан сездимки, генерал ғирт маст. Маст генерал эшикни синдириб чиқиб келса, уни қандай тўхтатиб қоламан, деган ўйдан кейин мени қўрқув босди. Қалтираганча эшик тагида туравердим. Аллақанча вақтдан кейин ичкаридан қаттиқ хуррак овози эшитилди. Кўнглим жойига тушиб, меҳмонхона йўлагида юра бошладим.
Йўлакда китоб жавони бор экан, биринчи кўзим тушгани “Уч мушкетерлар” бўлди, қўлимга олиб, жавон ёнидаги курсига ўтирдим-да, ўқий бошладим. Хизматга келганимдан буён илк марта китоб ушлашим эди (Ҳарбий низомлар бу ҳисобга кирмайди). Шу пайт тўғримдаги эшик очилиб, жомадон кўтарган полковник чиқиб қолди. Мен чўчиб ўрнимдан турганимда китоб ерга тушиб кетди. Полковник китобни ердан олди, бир китобга, бир менга қаради.
“Китоб ўқишга қизиқасанми?” деб сўради.
“Топилганда ўқиб тураман”, дедим.
У мени қаердан эканимни сўради. Ўзбекистонлик эканимни билгач, сизлар томондан бўлган ёзувчи Чингиз Айтматовни биласанми, деди. Сўнг жомадонини очиб, янги бир китобни қўлимга тутқазди.
“Бу унинг ҳозир Иттифоқда шов-шув бўлаётган янги романи, мен ўқиб бўлдим, энди бу китоб сенга”, деди.
Қўлимдаги китоб Чингиз Айтматовнинг рус тилида чоп этилган “Кунда” романи эди. Бироқ икки кундан кейин бу китобни ўғирлаб кетишди. Кимдир уни ўқиш учун эмас, китоб сивил бўлгани, чиройли ва қалин муқоваси устига зарҳал ҳарфлар билан ёзилгани учун ўғирлаб кетганди.
Яширин паккада сивил нарсалар орзуси ила иккинчи кун ўтирибмиз-ки, ғарб дипломати деган жондан дарак йўқ эди. Тунларни БТРнинг ичида ухлаб ўтказдик. Эрталабдан яна яширин гўшамизга жойлашиб оламиз. Қушлар сайроғи, мусаффо ҳаводан баҳра оламиз. Ишқилиб, навбатчилигимиз тугаб ўрнимизга бошқалар келиб қолмасайди, деган хавотир ҳам йўқ эмас. Тўрт кунлик озуқамиз бор. Украин дўстим билан сивил ҳаётимиздаги хотиралардан гаплашамиз.
Гоҳо осмонда пастлаб учаётган булутларга тикилганча хаёллар оғушига чўмаман, сивил ҳаёт ва ҳарбий ҳаётни таққослайман. Ўйлаб кўрсам, ақлимни таниганимдан буён уруш деган хавфдан қўрқиб яшаган эканман. Мактабда аъло баҳоларга ўқишимиз, болаликдан пахта даласида меҳнат қилишимиз, аввал пионер, кейин комсомол бўлишимиз, барча-барчаси Совет Иттифоқи қудратини оширишга ва шу орқали урушга йўл қўймасликка қаратилган экан. Ҳарқалай, бизни шунга ишонтиришган. Раҳбарларнинг узоқ умр кўришини худодан тилаганларимиз-чи!?
Еттинчи синфда ўқиётганимизда кузги пахта мавсуми совуқ келди. Ноябр бошларидаёқ қор ташлади, лекин пахтани териш керак. Ўша кезларда Уйғуннинг адабиёт дарслигига киритилган “Назир отанинг ғазаби” шеъри машҳур эди:
“Кўк юзини булут, чол кўзини ғазаб
Аста босиб кела бошлади.
Етиб келиб булут, чолнинг тепасига
Уч-тўрт совуқ томчи ташлади…”
Ҳа, ўша пайтда ҳамма ёддан биладиган шеър шундай бошланарди. Кейин, хотирам панд бермаса, Назир ота ғазабдан қўлини мушт қиларди:
“…Менга деса тош ёғмайдими
Барибир пахтани терамиз,
Бир дона чаноқ қолдирмасдан
Ҳукуматга тўплаб берамиз!”
Пахтазор оппоқ қор билан қопланган, очилган пахта деярли қолмаган, лекин биз кечқурун чуваш учун кўсак узиб, уч-тўрт кило бўлса ҳам пахта топширишимиз шарт, йўқса, яна ўқитувчилар хонаси – штабда гап эшитишимиз тайин. Қўлларим муз қотиб, кўсакка тегса баттар увишади. Ёнимдаги эгатда бир синфдошим тасира-тусур кўсак узмоқда.
“Қўлинг совқотмаяптими?” деб сўрадим ундан.
“Тамаки чексанг, совуқни ҳам сезмайсан”, деди у лабини четида қистириб турган тамакисидан чуқур тортиб, кейин тамакини менга узатди. Ўшанда биринчи марта тамаки чекканман.
Қоронғу тушганда бир этакдан кўсак кўтариб, шийпондаги ётоғимизга қайтдик. Шийпоннинг ўртасида кенг зал бўларди, залнинг четларида қатор хоналар. Хоналардан бирида бригадир, иккинчисида ўқитувчилар яшайди, учинчиси омборхона. Залнинг чап томонидаги учта хонага қизлар жойлашган. Ўғил болалар эса залда ётамиз. Кечки овқатга синфдош қизлардан бири пиширган макарон бўтқани еб, сўнг ҳамма зал ўртасида ўтириб кўсак чувишга тушдик. Кўсаклар ҳали муздан тушмаган, ёрилиб, тилиниб кетган бармоқларим ачишиб оғрийди. Бир бурчакда оқ-қора телевизор, пахтакорлар шаънига концерт берилмоқда. Ўқитувчилар бригадирнинг хонасида, ароқ ичишмоқда шекилли, шийпон қоровули газак кўтариб кириб кетди. Телевизор экранида бир қўшиқчи “Деҳқон ўғли Баратнинг уйқусида оқ-олтин” деб ашуланинг айни авжига чиққанида кўрсатув бирдан таққа тўхтаб қолди. Қоп-қора костюм кийган, ўсиқ қошли, қовоғи солиқ диктор пайдо бўлиб, ўта ғамгин ва совуқ овозда Совет Иттифоқи раҳбари Леонид Брежнев юрак хуружидан вафот этганини эълон қилди.
Кўсак чувиётган болалар турган жойида анграйиб, ўз қулоқларига ишонмай қотиб қолди. Бир неча сониялардан кейин кимдир чинқириб йиғлаб юборди, қизларнинг аксарияти “Вой ўлай, энди нима қиламиз!” дея шовқин солди, ваҳимали оҳ уришлар бошланди. Залдаги ғала-ғовурдан безовта бўлган бригадир хонасидан чиқиб келди. Уни кўриши билан ҳамма кўзида ёш, бирваракайига “Брежнев ўлибди!” дея ҳайқириб юборди. Бригадирнинг кўзи қинидан чиқиб кетаёзди.
“Ким айтди бу гапни? Кимдан чиқди бу гап? Ким айтган бўлса қамалади, уруғ-аймоғи билан бирга қамалади. Брежнев ўлиши мумкин эмас! Брежнев ўлса, эртага уруш бошланади!”
У шундай ҳайқирар эди-ки, худди ҳозир бошимизга Америка бомбаси тушиб келаётгандек этларимиз жимирлаб, бошимизни энкайтириб олгандик.
“Брежнев юртимизда тинчликни таъминлаб турибди. У ўлса Рейган бизга бомба ташлайди. Уни Брежнев тўхтатиб турибди. Ким Брежнев ўлди деса, у халқ душмани бўлади. Душманлар шундай иғво тарқатади, ким айтади сенларни эртага комсомол бўлади деб, нега бу гапларга ишонасанлар!” У энди қизариб-бўзариб бақирарди. Бригадирнинг шовқинига математика ва меҳнатдан дарс берадиган икки ўқитувчи ҳам хонадан чиқиб келишди. Болалар эса қўрққанидан кимнинг гапига ишонишни билмайди, бригадир тўғри гапиряптими ёки телевизордаги дикторми? Шунда математика домламиз телевизорга қаради, расмий хабар тугаб, энди ҳарбий оркестр мотам куйи чалмоқда эди. У бригадирни секин енгидан тортиб хонасига етаклади. Меҳнат домламиз эса телевизорни ҳам бригадир хонасига олиб кириб кетди.
Бу 1982 йилнинг 11 ноябрида юз берган эди. Ўшанда Иттифоқда беш кунлик мотам эълон қилиниб, таҳликали кунлар бошланганди, энди қачон уруш бошланишини кутардик. Лекин уруш бошланмади. Юрий Андропов раҳбар бўлди. Андропов Америка президенти Рейганнинг тизгинини тортиб қўя олармикин, деган хавотирда эдик. Бироқ бир ярим йилдан кейин Андропов ҳам ўлиб берди-ку! Ўрнига Константин Черненко келди. Ҳамма умидимиз энди ундан эди, бироқ у бир ярим йилга ҳам бормади, ўн бир ойдан кейин ўлиб қолди. Ўша кезларда шўро раҳбарларига қирон келгани ҳақида катталар ҳам шивирлаб, хавотир ила гапирарди. Бу кетишида уруш бошланиб қолмасайди, деган доимий ҳадикда яшардик.
Мана, ўшандан буён ҳеч нарса ўзгармагандек, ҳамон ўша ғарблик империалистлар таҳдидига қарши турибмиз. Ҳозирги раҳбаримиз Михаил Горбачёв Америкага қарши нима ўйлаб топар экан, дея кутмоқдамиз. Болалигимизда қўлимизда кетмон бўлган эса, энди автомат.
Учинчи кун ўтиб бормоқда, бироқ ғарблик дипломатлар қорасини кўрсатай демайди. Тушдан кейин умидимиз сўна бошлади.
“Ўзи шу дипломат деганлари ғирт ғалва бўлади. Қўпол гапириб қўйсанг борми, балога қоласан. Яхшиси шулар бизга учрамаса ҳам майлийди,” деди Гришко бошини қашлаб.
“Тўғри айтасан”, дейман унга:
“Таътилга бориб ҳам нима қилдик! Уйига бориб келганлар хизматга яна қайта кўника олмай ёмон қийналармиш. Биз биратўла тугатиб кетамиз.”
“Шуниси яхши”, дейди Гришко энди автоматининг милига иягини тираганча йўлга тикилиб:
“Ҳў ана, бир машина кўринди, татаринга ишора қилсак, яна бирорта сивил тамаки ундирар”.
Олмонларнинг “яхши” ва “ёмони”
Маҳаллий аҳоли билан дўстона муносабатда бўлишимиз лозим эди, гоҳида ўзаро борди-келдилар бўлиб турарди. Бир гал ротамиздан саккиз аскар шаҳарга, олмонларнинг қандайдир байрамига полк номидан меҳмонга юборилдик. Байрамнинг спортга алоқаси бўлса керак-ки, олмонлар билан волейбол ўйнайсизлар, дейишди. Лейтенант Шербаков билан шаҳарга кириб бордик. Ордруфдаги барча йўлларга тош бостирилган, асфальт умуман йўқ. Тошлар ҳам шундай шаклда терилган-ки, кетаётсанг олдингда гуллар очилиб бораётганга ўхшайди. Тош йўлда этикларимиз тарақлайди.
Мўжазгина шаҳар турли безаклар туфайли янада гўзаллашиб кетган, йўлакларда олмонлар хотиржам сайр қилади, тўқнаш келиб қолсак, биз томон бош ирғаб, жилмайиб қўяди.
“Комрад, комрад!” деб қўямиз биз хушчақчақ.
Обод ва шинам кўчаларни айланиб, шаҳар марказидаги истироҳат боғига кирдик. Тумонат одам йиғилибди. Шу ерда илк марта олмон ёшларига кўзимиз тушди. Бор экан-ку улар ҳам, шу пайтгача қаерларда яшириниб юрдийкин, дея ажабланамиз.
Волейбол майдони ёнига келдик. Олмон йигитлари сакраб-сакраб, гуппиллатиб тўп урмоқда. Лейтенантимиз уларга нималардир деди. Улар ўйиндан тўхтаб, бизга ажабланиб қаради. Ҳаммасининг бўйи баланд-баланд, ютқазиб қўйсак нима бўлади, деган хижолатдамиз. Кейин бор-э, нима бўлса бўлди, дея этикларимизни еча бошладик, ахир оғир кирза этик билан волейбол ўйнаб бўладими, ялангоёқ майдонга тушишга тўғри келади.
Баҳонада бир шамоллаб, қуриб олсин деб пайтаваларимизни кўм-кўк майса устига байроқдек ёйиб чиқдик. Олмон спортчилари бизга, аниқроғи пайтаваларимизга ҳайрат ила тикилади, лекин нигоҳини яширади. Узоқроқда сайр қилиб юрганлари ҳам атрофимизда ўралаша бошлади. Қизиқяпти, лекин яқин келиб қаролмайди, маданияти йўл қўймайди. Уларда бегона одамга тикилиш ёки томоша қилиш ҳақорат саналади. Ўзимизнинг одатлар ёдимга тушиб кетди. Биров кўчадан ўтиб қолса, дейлик оғилхонаси томига хашак ирғитаётган одам ишдан тўхтаб, паншахасини оёғи остидаги хашакка санчиб, сопининг учига икки билагини тираганча нотаниш киши кўча бошида кўриниб, то кўча охирида кўздан йўқолгунча тикилиб тураверади. Олмонлар эса бунинг акси. Сенга қараётганини сездирмайди, хижолат бўлмасин дейди.
Биз эгнимиздаги аскарнинг ёзги кийими- ХБни ечиб, майкачан ҳолда бадан қиздира бошладик.
Бахтимизга шу пайт боғ ичига сариқ, қизил рангдаги митти машиналар кириб келди, оппоқ фартук кийган семиз-семиз олмон ошпазлари машиналаридан ялтироқ альюмин идишлар чиқариб, елим ликопчаларда овқат тарқатишга тушди. Бири горохли бўтқа тарқатса, иккинчиси қовурилган гўшт, учинчиси олмон сосискалари, тўртинчиси бўрсилдоқ жавдар нони тарқатмоқда. Яна биттаси турли ичимликларни олиб стол устига териб ташлади. Яна бир столда пишлоқ, мураббо кабилар. Боғ ичини мазали таомлар ҳиди тутиб кетди.
Бундай пайтда волейболга нима бор, дея аскарлар этикларини қайта кийиб, овқат тарқатилаётган жойга йўл олишди. Текин ва мазали овқат, уйидан чиққанидан буён ҳали бирор аскар бунақа таом емаган. Навбатга икки қайтадан туриб, тўйиб-тўйиб овқат еб, майсазорда ёнбошлаб ётдик, олмонларни томоша қилиб. Боғ ичида сайр қилиб, рус тилини биладиган бир олмон билан гаплашиб қолдим. Олмонияга келганимдан буён бир савол мени қизиқтирарди. Нега олмон шаҳарлари доим бўм-бўш, ёшлари умуман кўчада кўринмайди. Мен бирор марта кўчада эснашиб, ўтган-кетганга гап отиб юрган бизга ўхшаш бўз йигитларга кўзим тушмаган. Бизнинг кўчалар эрта-кеч, айниқса, баҳор ва ёз оқшомлари одамга тўлиб кетади. Баъзилар ошинг ҳалол бўлса кўчада ич қабилида ариқ четига полос тўшаб овқатланиб ўтиради. Кўча бошида ароқ ичиб ўтириш эса деярли одатга айланиб бўлган. Ёшлар тўп-тўп бўлиб ҳали у кўча, ҳали бу кўчанинг бошида тун ярмигача бақир-чақир гурунглашади. Олмон саволимга аввал ҳайрон бўлди, кейин тушунди шекилли, бизда кўчада ўтирадиган бекорчи йўқ, деди. Куни билан ишлайди, кейин дам олмоқчи, дўстлари билан гурунглашмоқчи бўлса, маҳаллий клублар, театр ёки кинога боради, уйда қолса китоб ўқийди, ёшлар ҳам фақат ўқиш билан банд, кўпчилиги ўқишдан кейин албатта ишлайди ёки спорт билан шуғулланади, кўча дайдишга вақти бўлмайди-да, деди у. Мен ўшанда бу олмон кишининг гапларига кўп ҳам ишонмаган эдим. Ахир бизнинг назаримизда энг кўп ва ҳалол ишлайдиган одамлар фақат Иттифоқда эди, холос.
Баъзида олмонлар полкимизда меҳмон бўлиб, шўро ҳарбийлари ҳаёти билан танишарди. Бир гал икки олмон инженери бизнинг ротага келди, ленкомнатани кўздан кечиришди. Эртасига иккита олтмиш литрлик аквариум олиб келишди. Биттасида ўн бештача майда зебра балиқлар, иккинчисида тўртта фаришта балиқ бор эди. Ленкомнатага масъул бўлганим учун балиқларни боқиш зиммамга тушди. Олмонлар икки-уч ойлик балиқ емини ҳам қолдиришганди. Уларни яхши боқдим шекилли, зебралар тухум қўйиб, кўпайиб кетди, бироқ кейинчалик бир-бирини еб қўйди. Фаришта балиқларни эса ўғирлаб кетишди. Кейин суриштириб билдим-ки, балиқларни ротамиздаги ҳамюрти ёнига келиб турадиган “Автобат”даги бир гуржи аскар ўғирлаб, командирининг хотинига совға қилиб юборган экан. Олмонлар дўстлик рамзи сифатида ҳадя қилган балиқлар тарихи шу тариқа якун топди.
Ёз бошланиши арафасида бир олмон фермерига гилос теришгани ҳашарга бордик. Доналари йирик-йирик, қоп-қора гилоснинг бунақанги нави бизнинг юртларга ҳали етиб бормаган шекилли, аввал кўрмаган эдик. Олмония боғларини, мевали дарахтлар парвариши ва фермерларнинг иш юритиш тартибини кўриб ҳайрон қолдик. Туркманистонда эканимизда колхоз боғида ишлаганимиз, унинг қаровсиз боғию тинимсиз вино ичиб, қуриган дарахтлар тагида юмалашиб ётадиган ишчилари ёдимга тушди. Ўзимизда ҳам аҳвол шу эди, пахта даласида вино ичмаса сувчи сув қўймас, доричи дори сепмасди.
Икки кун гилос териш аскарлар учун чинакам байрам бўлди. Назаримда, терилган гилосдан кўра ейилгани кўпроқ бўлди, шекилли. Камига олмон фермери аскарларни икки кун мазали тоамлари билан боқди. Охирида фермер бизга раҳматлар айтиб хайрлашди, лекин овози маҳзун, мовий кўзлари жуда маъюс эди.
Кузда яна олма теришга бир кунга ҳашарга келганимизда ўша бечора фермер хурсандлигиданми ёки бошқа сабабданми, йиғлаб юборгудек бўлгани аниқ эсимда. Олмонлар шунақа ҳам яхши одамлар бўладими, деб биз ҳайрон.
Ўзи олмонларнинг на хурсандлиги, на жаҳли чиққанини билиб бўлади. Ҳамиша совуққон, босиқ, лекин мулойим жилмайиб туради. Баъзан қўрс ва баджаҳл олмонлар ҳам учраб турар экан.
Биз қишда муз қотишимизга бир баҳя қолган ўрмонга, махфий қисмга ёзда яна йигирма кунга бордик. Бу сафар энди жамлоқни ўрмон четига эмас, ичкарисига, аввал алоқачиларнинг яширин бўлинмаси қурилган жойга қурдик. Алоқачилар кетган, уларнинг ярим-ертўла ётоқлари омборга айланганди.
Ишимиз танк ва БТР учун ковланган ҳандақларни хас-хашакдан тозалаш. Аскар учун шу ҳам иш бўптими! Қиладиган ишимиз эртаю кеч ухлаш бўлди. Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан буён бу ўрмонга бизга ўхшаган аскардан бошқаси кирмаган бўлса керак, ерга худди уч-тўрт қават юмшоқ гилам тўшалганга ўхшайди. Хазонлар қат-қат бўлиб кетган, етти қават кўрпа устида ётгандек ухлаймиз, яна “тўшагимизнинг” илиқлигини айтмайсизми. Ёзда хазоннинг энг остки қисмидаги чириндилар қизиб, тепага илиқ ҳаво кўтарилиб туради. Бундан ортиқ роҳат қаерда бор!?
Фақат ўрмондан икки-уч километр нарида, шарқ томонда танкчилар ва артиллериячиларнинг полигони бўлиб, ҳар замон дайди снаряд тепамиздан учиб ўтиб қолади, холос. Ҳуштак чалиб келади-да, дарахт шохларини чўрт-чўрт кесиб ўтиб кетади. Уйқудан уйғониб кетган аскарлар бир сўкиниб олади-да, бошқа томонига ёнбошлайди. “Танкчи бўлса тепки, тўпчи бўлса мушт еди-ёв”, деб қўяди кимдир керишиб.
Шундай дориломон кунларнинг бирида ротамиздаги армани аскар мени чақириб қолди. Бу акробат армани ҳақида аввал ҳам ёзгандим, биз яқин ўртоқ бўлиб қолгандик.
“Юр, бир меҳмонимиз бўлгин”, деди у. Уларнинг чодирига кириб оғзим очилиб қолди, ўртада бир картон қути тўла пиво, ёнида бир шиша шнапс, яна колбасалар ва турли ширинликлар. Қаердан топдиларинг, деган саволимга улар кулишди, аввал ичгин, кейин гапириб берамиз, дейишди. Маълум бўлишича, биз турган ўрмоннинг ғарбида яна бошқа ўрмон бошланиб, пиводан бўшаган шиша идишларга ғиж тўла эмиш. Улар шишаларни йиғиб, ўрмон яқинида жойлашган олмон қишлоғининг озиқ-овқат дўконига пуллаб, эвазига шу нарсаларни олишибди. Бир ҳафта ичида улар аллақачон икки марта қишлоқ дўконига бориб келишибди.
Арманилар чодиридан ширакайф чиқиб келяпману ўзимни сўкаман, одам шунақаям гўл бўладими, шунча кундан бери ҳеч нарсадан бехабар юрган эканман. Кела солиб ўзимизнинг ўзбекларга кўрган ва эшитганларимни гапириб бердим. Ротамиздаги ўзбекларнинг норасмий сардори Иброҳимнинг жазаваси тутди. Эртагаёқ биз ҳам шу қишлоққа бормасак бўлмайди, деб туриб олди. Мен бояги арман ўртоғимни чақириб, йўл-йўриғини қайта-қайта сўраб олдим.
“Энг муҳими, патрулдан эҳтиёт бўлиш, қўлга тушсаларинг тўппа-тўғри қамоққа жўнатишади. Қишлоқ тепасида яланглик бор, ўша ердан дўкон кўриниб туради, кимдир ялангликда, яна бир киши дўкон эшиги тагида турса, бир-бирларингга ишора берсаларинг бўлади. Патрул машинаси қайси пайт ўтишини билиб бўлмайди”, деди у.
Эртасига олти киши шошилинч йўлга чиқдик. Тушликда бўладиган рота йўқловига етиб келишимиз керак эди. Бир километрдан кейин олдимиздан тош ётқизилган йўл чиқди, йўлнинг нариги томони ўша айтилган ўрмон эди. Патрул машинасидан эҳтиёт бўлиб йўлни чопиб ўтдик ва бир соатга қолмай уч қопчиқ шиша тердик.
Уч кишини ортга, жамлоққа жўнатиб, мен, Иброҳим ва яна бир аскар қишлоққа йўл олдик. Қишлоқ ўрмондан унча узоқ эмас, лекин ўртада буғдой экилган очиқ жой бор экан. Бир киши ўрмон ёқасидаги ялангликда қолиб, патрул машинасига кўз-қулоқ бўлиб турадиган бўлди. Иброҳим икковимиз қопчиқларни орқага илиб, шишаларни шиқирлатганча буғдой даласидан чопиб ўтдик. Қишлоқ кичик экан, дўконни топиш осон бўлди. Иброҳим қопчиқларни олиб ичкарига кириб кетди, мен ташқарида қолдим. Гоҳ ялангликда турган шеригимизга, гоҳ ичкарига бетоқат нигоҳ ташлайман. Ойнадан кўриб турибман, Иброҳим қўлини бигиз қилиб аввал қопчиқдан чиқарилган шишаларга, кейин пештахтадаги молларга бирма-бир ишора қиляпти.
Дўкончи Иброҳимдан ҳам гавдали, бақалоқ олмон экан. Нима бало, у эрталаб чап ёнбоши билан турганми, шишаларни қабул қилиб олиш ўрнига тинимсиз нималардир деб жаҳл билан бақиради, гоҳо қўлини силтайди. Иброҳимнинг феъли тез, олмон сўкяпти деб ўйлаб қулоқ чаккасига тушириб қолмаса бўлди, деган хавотирдаман. Дўкон эшиги тагида бир неча қутиларда биз териб келган идишларга ўхшаш шишалар қалашиб ётибди. Шундан тушундим-ки, арманилардан бошқа аскарлар ҳам келган бу ерга, дўкончи эса энди шиша сотиб олмайман, тавба қилдим, демоқчи шекилли.
Шу пайт тепаликдаги шеригимиз хавотирли қўл силтай бошлади. Мен шошилиб эшикни очдим-да, Иброҳимга бақирдим: “Патрул келяпти, қочдик!”
Лекин Иброҳим ушлаган нарсасини қўйиб юборадиганлар хилидан эмас. У пештахта ортида турган олмон устига бостириб борди-да, “Ҳалт! Их шиссен!” деб бақириб юборди. Бунақанги муомала кутмаган дўкончи қўрққанидан қопчиққа пиво ва колбасаларни апил-тапил тиқа кетди. Иброҳим қизариб, бўрсиллаб турган жавдар нонига ишора қилди, дўкончи тўлиб қолган қопчиққа уни ҳам солди. Қопчиқни қўлига олган Иброҳим дўкондан ўқдек учиб чиқдию биз ўрмонга томон чопдик.
Чопаяпману кулгудан ўзимни тўхтата олмайман. Ўрмонга етиб олгач ётволиб, қорнимни чангаллаб куламан. Иброҳим елкасида қопчиқ, ҳансиллаб, менга ҳайрон боқади.
“Ўртоқ, чатоқ бўлди. Бу қилган ишимиз босқинга ўхшаб қолди-ку”, дейман кулгудан зўрға ўзимни тўхтатиб.
Аскарларга олмон тилида бор-йўғи учта, “Тўхта, ким келяпти? Тўхта, отаман! Тўхта, ортингга қайт!” деган бўйруқлар ёдлатилган эди, холос. Кўпчилик аскарлар шуни ҳам эплаб ёдлолмасди. Иброҳим дўкончига “Тўхта, отаман!” деб бақирган, устига устак, қўлида автомат тутиб тургандек дағдаға қилганди. Буни айтганимдан кейин Иброҳимнинг ўзи ҳам ҳиринглаб кула бошлади.
“Жонга текдинг, тез бўл, демоқчи эдим. Ўзи тушунмаса, мен нима қилай!” деди. Кейин яна кулди:
“Қанақасига босқин бўлсин? Уч қоп шиша қолдирдик-ку! Ўзи бунақанги қўпол, тўпори олмонни биринчи кўришим.”
Пайпоқда келган “демократия”
Ниҳоят, хизматим тугашига олти ой қолганда, Иттифоқда юз бераётган ошкоралик ва демократиянинг акс садолари Олмониянинг овлоқ бир гўшасида бўлган дивизиямизга ҳам етиб келди. Полкимиздаги командирлар алмашди, янги келганлари энди аскарларга бошқача муносабатда эди. Ҳарбий интизом масаласи жиддий кўтарилди. Янги командир ротамиз, катта лейтенант Гаврилов ажойиб одам экан, аскарларнинг соғлиғи ҳақида қайғурадиган биз кўрган илк зобит бўлиб чиқди.
“Нега ҳаммаларинг получкани олибоқ чепокка чопасизлар,” деди у биринчи ҳафтдаёқ. “Чепок” деб аскарлар дўконига айтилар, “получка” эса аскар маоши эди.
“Кўрдим, бор пулларингни фақат конфетга сарфлаяпсизлар. Бунинг ўрнига сут-қатиқ, мева олиб есаларинг бўлмайдими? Аскар овқати карам ва картошкадан бошқа нарса бўлмаса, организм учун керак витаминларни қаердан оласизлар?” деди ҳайрон бўлиб. “Витамин” сўзини кўпчилик биринчи марта эшитиши эди.
Аскарнинг маоши 25 олмон маркаси эди. 10 марка ёқага тикиладиган оқ сурп, тиш пастаси, устара ва этик мойига кетарди. Кўпчилик аскарлар ҳар ой 5 маркадан хизмати охирлаб қолган “дембел” ҳамюртига берарди. Бермаганларга зуғум ҳам қилинарди. Баъзи аскарлар кимдан кўпроқ паноҳ топса, ўшанга 5 марка берарди, бу дегани пулга “ҳимоячи” сотиб олинарди. Қолган пулга, агар ўғирлатиб қўймаса, фақат ширинлик олиб ерди. Аскарлар хуш кўрадиган энг оммавий ширинлик шоколадли ерёнғоқ эди.
Кунларнинг бирида эрталабки сиёсий ўқув машғулоти пайти Гаврилов янги “тартиб-қоида” ҳақида эълон қилди:
“Ҳурматли аскарлар (бу биз учун яна бир янгилик эди)! Сизларнинг дивизиянгиз ҳақида аввал кўп эшитгандим, довруғи достон бўлган. Лекин энди ҳаммаси ўзгаради. Шу бугундан, шу соатдан эътиборан пол ювиш, ошхонада навбатчилик қилиш каби хўжалик ишларини бажаришдан бош тортган аскарларни аввалги командирлар каби калтаклаб ўтирмаймиз. Бундай аскарларга нисбатан ҳарбий низомда белгиланган чора қўлланади. Ўзи бажариши лозим бўлган ишни бошқа кучсиз аскарга бажартирганларни ҳам худди шундай қонуний жазо кутади.”
Хўжалик ишларини бажаришдан бош тортган аскар “бедов” деган номга даъвогар чиқарди. Зобитлар бундай аскарни бир неча ой мунтазам равишда калтаклаб, турли қийноқларга соларди. Агар у шундан кейин ҳам жисмонан ва руҳан омон қолиб, хўжалик ишларини бажаришдан бош тортаверса, бедов дея тан олинар ва унга энди ҳеч ким эътироз билдирмасди. Ҳарбий низомга кўра, буйруқни бажаришдан бош тортган аскар жазога тортилиши, ҳатто олти ой ёки бир йилга жазо батальони, диcбатга жўнатилиши мумкин эди. Диcбатдаги “умр” ҳарбий хизмат муддатига кирмайди. Бир йил диcбатда бўлган аскарнинг хизмат муддати уч йилга айланади.
Ўша пайт диcбатларда жой қолмаганми, зобитлар бедов аскарни трибуналга топширмас, қўлидан келса синдирар, эплай олмаса ўз ҳолига ташлаб қўярди. Зобитлар ҳарбий трибуналга арз қилмагани эвазига аскарларни жисмоний қийноққа солиш учун маънавий ҳуқуқни қўлга киритгандек бўларди.
Гавриловнинг баёноти энди бедов мақомини қўлга киритаётган аскарларни саросимага солди. Улардан бири, Тоғли Бадахшондан бўлган, бўйи икки метр келадиган Тагаев, эътироз билдирди:
“Бу қанақаси, ўртоқ командир? Майли, мени синдириш учун хоҳлаганча калтакланг, гауптвахтга ташланг, чидайман, ҳеч қаерга арз қилмайман. Лекин нима кераги бор бу ишни ҳарбий судга оширишнинг. Мен эркакман, қийноқларингизга чидайман, сиз ҳам эркак бўлинг!”
Тагаев ўзича ҳақ. У яқин бир йиллик қийноқлардан кейин эндигина бедов аскарга айланаётганди. Тортган уқубатлари эвазига энди кўрадиган роҳатдан айрилмоқда. Охирги марта уни қиш чилласида поли яхмалак бўлиб музлаб ётган туалетга яланғоч ҳолда осиб қўйишганди. Тундаси у бир амаллаб арқонни узиб, иккинчи қават деразасидан ўзини ташлаб қочиб қолган. Карам омборидаги ҳамюрти унга эски уст-бош топиб, бир кун сақлагандан кейин, ўзи ротага қайтиб келганди. Унинг уйига ёзган хатларини зобитлар очиб кўрарди, чунки у тўхтовсиз уйидагиларга ёлборар, нима қилиб бўлса ҳам мени бу ердан олиб кетинглар, йўқса ўлиб кетаман, дея мактуб битарди. Кейинроқ зобитлар уни қийноққа солишни бас қилишди.
Тагаевнинг даъвосини эшитган Гаврилов кулиб қўйди, бироз ўйланиб, ўта жиддий ва қатъий тусда жавоб қайтарди:
“Ўртоқ аскар, залда ўтирганларнинг бари эркак ва инсон ўлароқ ҳеч бирининг сиздан кам жойи ҳам йўқ. Қонун ва ҳарбий низом олдида ҳамма баробар. Қонунни буздингизми, марҳамат, қонунга биноан жавоб беринг. Гап тамом!”
Бир йил аввал батальон командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари, кирпи мўйловли, қориндор майор шунга яқинроқ гапларни айтганди, бир бедов аскарни синдиришга уриниб ҳам кўрганди. Тасодифни қарангки, озарбайжонлик бу аскарнинг фамилияси ҳам Тагаев эди.
Майор батальонимиздаги учта ротани сафга тизиб, Тагаевга ерда ётган тамаки қолдиғини олишга расман буйруқ берди. Тагаев индамай тураверди.
“Оддий аскар Тагаев! Иккинчи марта буйруқ бераман, агар бажармасанг, ҳарбий трибуналга топшириласан,” деди яна гавдасини ғоз тутиб, ўнг қўли кафтини пешонасига тираб. Тагаев миқ этмади. Майорнинг юзи ўта жиддий тус олди:
“Совет Иттифоқи номидан буюраман! Оддий аскар Тагаев, тамаки қолдиғини ердан ол!”
Уч юз аскар кўзи олдида рўй берган бу томоша ярим соатга чўзилса-да, ундан ҳеч бир наф чиқмади. Майор охири аскарларга тарқалишга рухсат берди ва Тагаев масаласини алоҳида кўриб чиқамиз, дея пўписа қилиб қўйди. Тагаев бу томошада ўзини ғолиб ҳисоблаб, баттар қутурди, замона яна зўрники бўлиб, ожизлар хўрланаверди.
Худонинг офати бўлмиш Тагаев ҳақида шу ўринда алоҳида тўхтаб ўтиш жоиз бўлса керак, зотан, бундай характердаги одамлар камдан-кам учрайди. Бўйи нақд икки метр, маъносиз кўзларини ҳамиша қисиб турадиган бу аскар бераҳмлиги билан танилган бўлиб, гоҳо ўзини овсарга солиб вазиятдан чиқиш даражасида айёрлиги ҳам бор эди. У учинчи взводнинг учинчи бўлинмасида эди. Ўзбеклар билан арманилар орасидаги зиддият барҳам топиб, ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлган кезларда у ўзининг взводидаги ўзбекларга чексиз зулм ўтказа бошлади. Олти ойлик сержантлик мактабидан келган бир ўзбек сержантини бир ойда обрўсини тўкиб ташлади, бирорта буйруғини бажармади, ёнига келса урди. Зобитлар бу ўзбек сержантини атайин Тагаев бўлинмасига жўнатган эди. Бир ой юз-кўзи шишиб юрганидан кейин унинг сержантлик унвони ва бўлинма бошлиғи лавозимидан оддий аскарга тушириб юборишди.
Бир жиҳатдан бизнинг полк “сержантлар кушандаси” дея ном қозонганди. Сержантлик мактабидан ҳар олти ойда камида учта сержант келарди ротамизга. Икки-уч ойда ҳаммаси унвонидан айрилиб, оддий аскарга айланиб қолар, бунинг учун ҳамма бирдек ҳаракат қилар, яъни сержант буйруғини бажармас, бетига қараб сўкиниб тураверар, кучи етса урарди. Айрим сержантлар ўз аризаси билан оддий аскарликка тушириларди. Икки йил хизматим давомида сержантлик мактабидан келганларнинг фақат уч нафари унвонини сақлаб қололди. Улардан бири ўзбек сержанти эди, бироқ унинг учун ўзбеклар астойдил ҳаракат қилишига тўғри келди. У буйруқ берганида кавказликлар буйсунмаса-да, ўзбеклар жонбозлик кўрсатгани учун ишлари юришиб кетди. Тагаев унга ҳам ёпишиб кўрди, лекин бу гал ўзбеклар ҳамжиҳат бўлиб, бу сержантни ҳимоя қила олдик. Одатда сержантлар ротанинг ўзидан, бошқаларга гапи ўтадиган аскарлар орасидан саралаб олинарди. Аввалроқ эслаганим Иброҳим ҳам кейинчалик сержант бўлди, лекин рус тилини яхши билмагани учун бўлинма бошлиғи даражасида қолди.
Батальонимизда бир озарбойжон прапоршик бўларди, камгап, бироз кулиб турадиган, кўнгли очиқ одам эди. Ўша пайт Озарбайжон раҳбари Ҳейдар Алиев порахўрликда айбланиб, Политбюро аъзолигидан олинганди. Мен ротамиз замполити буйруғига кўра Алиевнинг суратини ленкомнатанинг тўрида турадиган Политбюро аъзолари орасидан олаётган пайтим ўша озари прапоршик кириб қолди.
“Қара-я! Бизлардан ўзи битта Политбюро аъзоси чиққанди, шуни ҳам кўп кўришди”, деди у менга ўз қайғусига ҳамдард қидиргандек.
“Бизлардан эмас, сизлардан!” дедим мен “сизлар” сўзига урғу берар эканман, орамизда ҳеч қандай яқинлик йўқлигига ишора қилиб.
“Қўйсанг-чи, биз мусулмонлармиз ва яна туркий тилли халқлармиз”, деди у аввалгидек маҳзун овозда.
“Бу гапни миллатдошларингиз, ана, Тагаевга айтиб кўрганмисиз ҳеч?”
Прапоршик ёнимга келди, қўлимдан Алиевнинг суратини олди, унга тикилганча гапини давом эттирди:
“Тагаев! Унинг ҳайвондан фарқи йўқ. У бир манқурт, унга эътибор бермаслик керак. Қолаверса, бу ўткинчи икки йилда ҳар ким ҳар хил қиёфада яшаб кўради, хизматдан кейингина ўзига қайтади,” деди у.
У қўлимни қадрдонлардек қаттиқ сиқиб хайрлашди ва Алиевнинг суратини олиб кетди. Унинг бу гапидан кейин Тагаев кўзимга қўрқинчли эмас, аянчли одам сифатида кўрина бошлаганди.
Мана энди бу озари Тагаевнинг хизмати тугаб уйига кетган, ротамизнинг янги командири Гавриловнинг баёнотини эса энди ҳамма жиддий қабул қилишга мажбур эди. Чунки атрофимизда бошқа ўзгаришлар ҳам юз бераётганди. Бир ой аввал иккинчи взводдаги беозор, камгап латиш аскар таътилдан икки кун кечикиб келгани учун бир йил дисбатга жўнатилди. Ўзи аскарга таътил деярли берилмасди, лекин у уйланган бўлиб, икки фарзанди борлиги учун низомга кўра, уйига таътилга боришга ҳуқуқли эди.
Аскарлар билан зобитлар ўртасида интизом масаласида очиқ учрашувлар ўтказила бошланди. “Время” янгиликлар кўрсатувини кўпроқ кўрадиган бўлдик.
Аслида ўзгаришларнинг илк даракчиси пайпоқ эди. Аввал ёзганимдек, пайпоқ кийиш таъқиқланган бўлиб, пайтавани эплаб ўраш қийин, кун бўйи полигонда чопадиган аскарларнинг оёғини этик ғажиб ташларди. Энди эса аскарлар дўкондан пайпоқ сотиб ола бошлашди. Бу ҳақда буйруқ бўлгани йўқ, лекин ҳеч ким буни таъқиқлаб ҳам ўтирмади. Тез орада “подтяжка”, шимни тепага тортиб туриш учун елка оша ташланадиган тасмага ҳам рухсат бўлди.
Гаврилов жанговар машқларни ҳам ўзгартириб юборди. Низомга кўра, ҳар бир взводдан тўрттадан аскар ПТУР (Противотанковая управляемая ракета) бўлинмасига бирлаштирилган эди. Улар тревога пайтлари узунлиги бир ярим метр яшил қутиларни кўтариб чопарди. Полигонга чиққанимизда Гаврилов ўша қутиларни саф олдига қўйди ва ичидаги нарсаларни ким кўрган, деб сўради. Ҳеч ким миқ этмади. Ҳатто баъзи зобитлар ҳам кўрмаган экан. Кейин у қутиларни очиб, ичидан ракеталарни чиқарди, кичик ускуна устига ўрнатди ва қандай отилишини кўрсатди. Лекин отиб кўрсатмади, битта ракета минг доллардан ошиқ туришини айтди. У пайтда доллар нималигини ким билиб ўтирибди!?
Гаврилов жуда хушчақчақ, кўнгли юмшоқ одам чиқиб қолди. Бир гал кенг кўламли жанговар машқларда иштирок этиш учун Дрезден атрофидаги улкан полигонга бордик. Бу гал бизнинг дивизия ҳимояда туриши керак эди. Ротамиз, ўрмон четидан бошланадиган катта сайҳонликда ҳандақ қазишни бошлади. Мен эса рота бошқармасида бўлганим учун жанговар машқларда Гаврилов ёнида бўлишим керак ва биз ўрмон четидаги тепаликка ўрнашдик. У бир алюмин жомадонни очди, ичидан телевизор экранига ўхшаш монитор, ликопча сингари антенна чиқди.
“Бу нима?” сўрадим ундан. У кулди.
“Бу тунги ҳаракатларни илғайдиган монитор. Лекин бу аллақачон эскириб бўлган, йигирма йиллик матоҳ, бирор марта ишлатилмабди, ҳалигача сандиқда ётган экан,” деди у. Биз яна бошқа аслаҳаларни ҳам синаб кўра бошладик.
Ротамиз аскарлари эса кун бўйи ҳандақ қазишди, уларнинг қувноқ овозлари тепаликкагача етиб келарди. Мен бу хушчақчақлик сабабини билиш учун уларнинг ёнига тушиб келдим ва ҳайратдан оғзим очилиб қолди. Бундай чуқур, ичида бемалол тик туриб юрса бўладиган ҳандақларни, мана, хизматимга тугашига олти ой қолганда энди кўряпман. Ҳамма хурсанд, белкурагини тўлдириб-тўлдириб тепага тупроқ отади. Мен белкурагимни олиб ерга урдим, шиғиллаб кириб кетди, шундоқ қум экан. Ордруфда ер қаттиқ, тошлоқ ва тупроғи сақичдек ёпишқоқ бўлгани учун ҳандақ қазиш машаққат эди. Кун бўйи тизза баробар ер қазиш мумкин бўларди, холос. Мана энди аскарлар бу бўрсиллоқ, юмшоқ ерни мазза қилиб ковламоқда, айримлар каламуш каби ҳандақдан ҳандаққа ер ости йўли ҳам ковлаб ташлабди. Буни ёзишимга сабаб, завқ ва ғайрат билан ҳандақ қазиётган аскарларни кузатар эканман, бундай оммавий шодликни бор-йўғи икки марта, дастлаб катта жанговар машқлар пайти ишғол қилишимиз лозим бўлган тепалик қолиб, маймунжон ва хўжағат териб еганимизда, кейинроқ чегара яқинидаги ўрмонда 20 кун ҳордиқ олганимизда кўрганим ёдимга тушди.
Хизматим охирлаб борар экан янги-янги ўзгаришлар юз берар, кўп нарсалар энди аввалгиларига ўхшамасди. Полкнинг аскарлар ошхонаси мудири, армани прапоршик қамалди. Ўша кундан эътиборан бизга кечки овқат пайти ҳам оқ қанд ва сариёғ бера бошлашди. Аввал сариёғ ва оқ қанд фақат нонуштага бериларди. Омбор мудири неча йиллардан буён бу маҳсулотларни дивизиядан ташқарида харидор топиб, сотиб юрган экан, агар полк ошхонаси бир ярим минг нафардан зиёд аскарга мўлжалланган бўлса, бу тонна-тонна сариёғ ва шакар дегани эди.
Аскарлар уйига жўнатиши учун зобитлар саройига бориб суратга тушишларига рухсат берилди. Хизматга янги келаётган ёш аскарлар энди сиёсий жиҳатдан илғор, олдингидек содда ва тўпори эмасди.
Мен кўпроқ вақтимни ленкомнатада альбом безаш билан ўтказардим. Хизматим охирлаган сари бировнинг мен билан иши бўлмас, бошқа қисмлардаги ҳамюртларимни кўргани борар, дембеллик учун зарур нарсаларни тўплардик. Чунки дембелликнинг ҳам ўзига яраша масъулияти бўлиб, хизмати охирлаб қолган аскар ўз обрўсига яраша кийиниши, қиличдек бўлиб юриши лозим эди.
Хизматнинг биринчи йили, жисмоний ва руҳий зўриқиш дамларида яхши кўрган қизимдан тўхтовсиз келаётган хатларга жавоб ёзмай қўйгандим. Ўртада мактуб ташувчилик қилган ўртоғим мен кўнгил қўйган қизнинг турмушга чиқиб кетганини ёзибди. “Бирорта ҳам хатига жавоб бермадинг-ку ўзинг!” деб мени койибди у. Йигити ҳарбий хизматда эканида турмушга чиқиб кетган қизлар, севгилисидан айрилган аскар изтироблари ҳақида кўп ўқиган ва эшитган эдим. Лекин негадир мен ўртоғимдан келган хатга деярли эътибор бермадим. Гўё бу хатнинг, бу воқеанинг менга ҳеч қандай алоқаси йўқдек. Гўёки мен бир умр аскар бўлиб қоладигандек эдим. Уйга ҳар замонда бир ёзадиган хатларим ҳам тўрт энликдан ошмасди, нимани ёзишни билмасдим.
Энди янги келган аскарга бир марта кўз ташлаб, бу гавда, бу вужуд эгаси икки-уч ойдан кейин кимга айланишини билиб олардим. Биров бировни таҳқирлаётган, хўрлаётган, кимдир кимнидир нарсасини тортиб олаётган бўлса, бепарво ўтиб кетаверар, аввалгилардек изтиробга тушмасдим.
Ёдимда, хизматим тугаб уйга боргандан сўнг бир-икки ой хаёлпараст бўлиб юргандим. Томорқамизга ўтиб ўрик тагида ёки ариқ бўйида соатлаб паришонхотир ўтирардим. Нима ҳақида хаёл сураётганимни гоҳо ўзим ҳам билмасдим. Отам бир куни кечқурун бунинг сабабини сўраб қолди. Хизмат қандай кечгани, мени бу даражада ўзгартириб юборган қандай воқеалар рўй берганини суриштирди. Мен ҳеч нарса демаганман. Қўрқиб кетганман, агар отам менинг бошимдан ўтказганларимни эшитса, шўро ҳукуматини ҳурмат қилмай қўяди, коммунистлар партиясидан кўнгли қолади, бу эса оиламиз бошига кулфат келтириши мумкин, деб ўйлаганман. Ўша кезлар фақат мен эмас, кўпчилик шундай ўйлаган бўлса керак. Ҳали Туркманистон чўлида эканимиздаёқ уйга шундай хат ёзардик:
“Соғинчли саломим тез кунларда етиб маълум бўлсинким, ўшал гўзал ва қадрдон қишлоғимда ўйнаб-кулиб юрган меҳрибон онажонимга деб билгайман. Эсон-омон юрибсизларми? Мендан хавотир олманглар. Бизда ҳаммаси яхши. Ҳарбий хизмат мазза экан, қийинчилик ва камчилик йўқ. Зобитлар меҳрибон, овқатлари етарли ва жуда мазали, камига ҳар ой получка оламиз ва кўнглимиз тусаган нарсани аскар дўконидан сотиб олиб еймиз. Ушбу хатимни ўқиганлар ва эшитганларга ҳам саломимни етказарсиз. Сизни соғингувчи ўғлингиз…”
Икки йил ўтиб қолди-ку, хатнинг мазмуни ва ҳажми ўша-ўша.
Лекин рота командиримиз Гаврилов кўп нарсаларни ўзгартиришдан ожиз ва бу унинг хоҳишига боғлиқ эмасди. Ўғирлик ҳамон ҳаммамизни, ҳатто дембелларни ҳам ҳар қадамда таъқиб этарди. Мен энди аксар пайтлари ошхонага сафда юрмасдан, ўзбошимча борар ёки рота бошқармасида бўлганимдан фойдаланиб, хоҳлаган взводга қўшилиб олардим. Бир гал тушликка ёлғиз бордим, столга ўтирганимдан кейин бошимдаги телпакни ёнимга, узун курсига қўйдим. Одатда овқатланиш пайти ўғирлаб кетмасликлари учун телпакнинг қулоқчинлари белдаги камар орасидан ўтказиб олинади, бироқ бу иш дембелга ярашмас эди. Дембеллар ва ўз обрўсига эга аскарларнинг телпаги тўртбурчак шаклда бўлиб, тик қирралари ва тўқ ранги билан алоҳида ажраб туради. Бунинг учун телпакнинг қулоқчинлари очилмайдиган қилиб тикилади, сўнг қирралари тикка бўлсин деб тўртта ёки бешта китоб кийдирилади, одатда тўртта ҳарбий низом ё коммунистлар партияси анжуманлари тўпламидан бештаси етади. Бу китобларга кийдирилган телпакка энди этик мойи аямай сурилади ва устига ҳўл мато ташлаб обдон дазмол босилади. Оддий, пачоқ ва ҳурпайган аскар телпаги тўрт қиррали, ранги ёрқин кўкдан тўқ кулрангга тортган, одам қараса ҳавас қиладиган бош кийимга айланади.
Хуллас, дембелларга хос хотиржамлик билан овқатланиб бўлгач, не кўз билан кўрайки, телпак жойида йўқ. Дембел аскарнинг бошяланғоч юриши қандай шармандалик эканини айтишга ҳожат йўқ, албатта. Бир йил аввал камаримни ўғирлаб кетишган пайтдаги аҳволим, камар ўғирлаш мажбуриятидан туғилган азобли ўйлар ёдимга келди. Бироқ мен энди ғўр аскар эмасдим. Бахтимга артиллериячилар батальони қаторлашиб кириб келди. Улкан залнинг у четидан бу четига юриб, ниҳоят меникига ўхшаб зўр ишлов берилган телпагини курсига қўйиб, ўзи бамайлихотир овқатланаётган аскарга кўзим тушди. Бахтимга, у курсининг энг четида ўтирганди, телпаги ҳам йўлак томонда. Аскарлар йўлакда тиғизлашганда шахдам қадамлар билан бордим-да, телпакни эпчиллик билан олиб, ортимга яширдим, ҳеч қаерга ўгирилмай ошхонадан чиқиб кетдим. Ҳеч ким сезмади. Полкимиз томон кетиб бораяпману шармандаликдан қутулиб қолганимдан ўзимда йўқ хурсандман, мана энди шу армияга хос ва мос аскар бўлдим шекилли, дея қилган ишимдан ғурурланиб қўяман.
Аскар луғати
Альбомларни безаш чоғи кўплаб дембеллар ички саҳифаларига ҳажвий “Аскар луғати”дан парчалар ёзиб беришимни сўрарди. Йиллар давомида тўпланган ҳазил-мутойибали луғат жуда бой бўлиб, аскар хизмат қилаётган қисмдаги вазиятга кўра бир сўзга турлича изоҳ бериларди. Мен эса ёдимда қолган ҳажвий изоҳларнинг баъзиларини азиз ўқувчи билан баҳам кўрмоқчиман. Уларга алфавит тартибида эмас, воқеалар силсиласига кўра тартиб бердим:
Армияга чақирув – Вазнсизликка сакраш.
Чақирилувчилар – Жаннатдан қувғин қилинганлар.
Армия – 730 марта такрорланадиган бир кун.
Хизматнинг биринчи йили – Айбсиз айбдорлар.
Хизматнинг иккинчи йили – Қувноқ йигитлар.
Карантин – Тақирбошлар тўдаси.
Қасамёд – Ортга йўл йўқ.
Бўлинма – Қонхўр бўри ва етти қўзичоқ.
Курилка (чекиш жойи) – Ҳаракатдаги вулқон.
Ошпаз – Армияда ким яхши яшайди?
Каптёрка (рота омбори) – Хазиналар ороли.
Омборчи – Бағдодлик ўғри.
Ҳаммом – Қандай бўлсанг шундайлигингча қолдинг.
Таътил – Дунёни ларзага солган 20 кун.
Кирза этик – Йигирманчи аср мўъжизаси.
Пайтава – Дунёнинг саккизинчи мўъжизаси.
“Отбой” (ухлашга буйруқ) – Мен сени севаман, ҳаёт.
Подъём (эрталаб уйқудан туришга буйруқ) – Мен қаердаман ўзи?
Тревога – Онажон, нега келдим бу дунёга?
Чопар – Дом-дараксиз йўқолган аскар.
Эрталабки туалет – Улгурмаган кечикди.
Тонгги жисмоний тарбия – Эрталабки қатл.
1 километрга чопиш – Ҳеч ким ўлишни хоҳламайди.
5 километрга чопиш – Ўликлар ва тириклар.
10 километрга чопиш – Уларнинг фақат юзи таниш эди.
Ошхонага йўл – Ҳаёт йўли.
Ошхона – Одамлар ва йиртқичлар.
Ошхона эшигидан кириш – Қишки саройнинг олиниши.
Нонушта – Тирик қолиш учун кураш.
Тушлик – Алданганлар ва хўрланганлар.
Кечки овқат – Пучга чиққан умидлар.
Ошхонадаги аскар – Қирувчи.
Ошхонадаги навбатчи взвод – Али бобо ва қирқ қароқчи.
Ошхонага сафдан ташқари якка бориш – Разведкачининг жасорати.
Нон кесувчи – Қўлга тушмаган ўғри ўғри эмас.
Сариёғ – Бахтнинг бир бўлаги.
Ошхонада идиш-товоқ ювиш хонаси – Муз устида учиш.
Пол ювиш – Оққуш кўли.
Плац (Аскарлар сафда юришни машқ қиладиган майдон) – Ўлимлар водийси.
Аскар маоши – Салом ва хайр.
Аскар – Паспортсиз одам.
Рота навбатчиси – Дарахтлар тик туриб жон беради.
Рота навбатчиси туалетда – Хазина қидирувчи.
Наряд (ротада навбатчилик қилиш) – Уч мушкетёрлар.
Навбатчиликдан сўнг – Тирик мурда.
Навбатсиз наряд – Жиноят ва жазо.
Касалхонадаги аскар – Одамлар, менга ишонинглар!
Госпитал – Дўзахдаги жаннат.
Патрул – Темур ва унинг командаси.
Соқчи аскар қўшиғи
Дунёда ёқимли товушлар кўп. Лекин уларнинг орасида энг ёқимли ва ардоқлиси ханжар дастасининг автомат милига урилганида чиқадиган товушдир.
Тунда, зулмат ўрмон қаърида, ўқ-дори омборининг узундан-узун девори бўйлаб кетган ва ўрмон томони симтўр билан тўсилган тор йўлакдан ғирч-ғирч қор босиб бораётган соқчи аскар илкис тўхтаб, узоқдан келаётган сасга қулоқ тутади. У симёғочдаги хира чироқ шуъласи тушиб турган жойга тезроқ етиб олиш учун илдам қадам ташлайди. Лекин оёғидаги пийма, эгнидаги оғир ва узун пўстини юришга халақит беради, устига устак, тизза баробар қорда очилган из тор, сал ножўя қадам ташланса йиқилиш мумкин. Хира чироқ шамолда қимирлаб, шуъласи қалин дарахтзор бағрида қўрқинчли кўланкалар пайдо қилади. Аскар бу кўланкалар томонга қарамасликка тиришади, пўстиннинг мўйна ёқасини тушириб, қулоғини изғиринга тутиб, бутун вужуди билан эшитишга ҳаракат қилади.
Адашмадиммикин!? Аскар жуда кўп бор адашган, турли товушлар ҳам унинг қулоғига худди ўша нажоткор сас каби эшитилган. Кўнгли кўп марта алданган. Энди элдан аввал ноғора қоқиб, беҳуда ширин хаёллар оғушига берилмоқчи эмас. У симёғоч тагида тўхтаб, чироқнинг қизғиш шуъласида ғужғон ўйнаб учаётган тиғиз қор парчаларини кузатади, қорнинг шитирлаши орасида ўша ўзига таниш ва қадрдон, орзиқиб кутадиган товушни излайди.
“Ширқ, ширқ, ширқ” этган товуш эшитилгандек бўлади. Ҳа, жуда узоқдан бир маромда ожиз бир сас келяпти. “Ширқ, ширқ, ширқ…” Аскар вужуди қулоққа айланиб тинглайди. Ахир бу – иссиқ гўша, ширин уйқу, ширин таом товушидир ҳам. У бир лаҳза юзида илиқ тафт, уйқусиз кўзларида ором, муз қотган оёқларида иссиқлик, оғзида овқат таъмини туйгандек бўлди. Чунки товуш аниқ эшитила бошлаганди. Энди адашиш, алданиш мумкин эмас. Тобора баландроқ жаранглаётган товуш энди аскарга баралла эшитилиб, ўрмоннинг туб-тубига сингиб кетяпти.
Ҳа, бу автомат милига кийдирилган ханжарнинг аскар қадамига монанд ширқиллаши эди. Бу қоровулда муз қотиб, қорни очқаб, бир лаҳза кўз юмиб олишга зориққан аскарни алмаштириш учун келаётган қоровул тарқатувчи бўлинма. Сержант ва аскарларнинг елкасига илинган автоматлар уларнинг қадамига монанд силкинади ва ҳар силкинганда учидаги ханжар ширқиллайди. Ана ўшанда “ширқ” этган товуш қор ва зулмат қўйнидаги ўрмон бўйлаб таралади, қоровулдаги аскар қулоғини динг қилади.
Олтинчи пост қоровул биносидан жуда узоқда жойлашган, сержант бошқа постдаги аскарларни алмаштириб келгунча, бир ярим соатдан зиёд вақт кетади. Низом бўйича аскар постда икки соат туриши лозим. Бироқ олтинчи постга етиб келгунча вақт ҳисобга олинса, бу ердаги аскар тўрт соатга яқин қоровуллик қилиши керак. Лекин алмашиш вақти барибир келди-ку, у шунга хурсанд, эгнидаги пўстинни ечиб, янги соқчига беради, танаси енгил тортиш баробарида изғирин совуқни ҳис қилади ва бўлинмага қўшилиб қоровул биноси томон ошиқади, соатлаб кутган товуш энди қулоғи остида янграйди.
У қоровул биносига етиб келгач қуролини девордаги ёғочдан ясалган махсус мосламага қўяди, совқотган қўллари қалтираб ўқдонни чиқаради ва автомат затворини тортиб, кейин тепкини босади, “тарс” этган товуш қурол ичида ўқ қолмаганнини билдиради. Қоровул биносига кириб борганида ёнбош хонада қуритилаётган ҳўл пиймалар ва пайтаваларнинг ҳиди кейинги хонадан чиқаётган овқат ҳидига омухта бўлиб аскарнинг димоғига урилади. Жудаям тотли ҳид.
Апил-тапил овқатланишдан сўнг бўлинма қоровул бошлиғи олдида саф тортади. Қоровулликдан келган аскарлар энди икки соат “сергаклик” навбатини ўташ керак. Бу пайтда улар қўлига ҳарбий низомни олиб, қоровул вазифаси ва мажбуриятларини ёдлашга тушади. Овқатдан сўнг кўзига уйқу илинган аскарлар зўрға китобга тикилиб, ҳар гал қоровулга келганида ёдлашга мажбур бўлган моддаларни кимдир ҳижжалаб, кимдир шариллатиб қайта-қайта ўқийди. Сергакликдаги навбат якунида низомдан битта моддани ёд айтиб берган аскар ниҳоят дам олиш хонасига йўл олади, бироқ энди ухлаш учун ярим соатгина вақт қолган, холос.
Низомнинг бирор бандидан уч-тўрт қатор ёдлай олмаганлар уйқусиз қолади, қоровул бошлиғи қаршисида тик турганча бир лаҳза бўлса-да кўз юмиб олишга муштоқ.
Ярим соатлик ҳордиқдан сўнг аскар уйқуга тўймаган кўзларини базўр очиб яна ўша олтинчи пост сари йўл олади. Бир суткада атиги уч-тўрт соат ухлай олса ҳам аскар учун пост барибир энг тинч жой, бу ерда уни ҳеч ким безовта қилолмайди. У ўзи билан ўзи қолади. Ёлғизлик, қисқа муддатга бўлса-да аскарнинг ўзига ўзи хўжайин бўла олиши армия ҳаётида катта бахт.
Бироқ бу бахтнинг ўзига яраша ташвишлари бор. Кундузи бир нави, соқчи минорасига чиқиб, пўстиннинг ёқасини баланд кўтариб, қуш уйқусида туравериш мумкин. Тундагиси қийин, айниқса, бугунгидек қор уриб ёғиб турса. Улкан омбор атрофидаги соқчи йўлагини бир марта айланиб чиққунича ярим соатдан кўп вақт кетади, тўхтаб қолиш мумкин эмас, йўқса, тизза баробар қордаги чуқур қадам изларини қор кўмиб, юриш мушкул бўлиб қолади. Қор ёғиб турса тўхташ ҳам йўқ.
Қишда қор ва совуқ, қолган фаслларда ёмғирда жиққа ҳўл бўлиш ўз йўлига, лекин уйқу билан олишишга алоҳида матонат керак. Постда ухлаб қолиш тўппа-тўғри гауптвахтга бориб тушиш дегани. Бир гал тик юриб кетаётганда унинг кўзи кетиб қолди, кўзини очса осмонга қараб ётибди, майин қор зарралари юз-кўзига шитирлаб тушяпти. Эҳтимол, бир сония, эҳтимол, бир дақиқа уйқуда бўлган. У қўрқиб кетиб шоша-пиша ўрнидан турди, эгнидаги қорни қоқди ва муздек қўллари билан юзини ишқалади. Ухламадим, ухламадим, дерди у ўзига ўзи.
Армияда ухлаб ётган ҳар қандай аскарни туртиб уйғотиб, “ухлаяпсанми” деб сўралса, кўзини уйқудан очолмаётган аскар “йўқ, ухламадим” деб жавоб қайтаради. Бу ҳамманинг қон-қонига сингиб кетади. Ҳеч ким ухлаганини тан олмайди. Бир ўзбек аскар соқчи минорасига чиқадиган зинапоянинг биринчи поғонасида ўтирганча ухлаб қолган. Атайин қилгандек, қоровул бошлиғининг ўзи соқчи тарқатишга чиққан экан. Қоровул бошлиғи уни гауптвахтга жўнатиш олдидан постда ухлаб қолгани ҳақида тушунтириш хати ёздирган. У русчани яхши билмасди, даслабки ойлари бир оғиз ҳам русча гапиролмасди. Бироқ унинг ёзган хати кейин тилларда достон бўлди. Мана у нима деб ёзганди:
“Стоял на посту, ходил ходил, нога болел, потом сидел. Когда начальник караул пришел глаза был закрыт.”
Рус тилида саноқли сўз биладиган бу содда аскарнинг тушунтириш хатида ҳам “ухладим” деган гапни айтмаслик учун қилган топқирлиги ҳаммани қойил қолдирган ва қоровул бошлиғи уни жазога топширмаганди.
Соқчи турган аскарнинг яна бир ташвиши қўрқувдир.
Қўрқув дафъатан келади, ҳеч кутилмаганда, ҳатто баъзан энг ширин хаёллар орасидан ҳам чиқиб келаверади. Одатда қўрқув тунги соат икки-учдан кейин пайдо бўлади. Айтишади-ку, дунёдаги энг машъум ва разил воқеалар тунда юз беради деб.
Хира шуълада ёришиб турган йўлакдан билиб-билмай кўз узиш ва зим-зиё ўрмон томон ногоҳ нигоҳ ташлашнинг ўзи кифоя, қоп-қора дарахт кўлкалари ортида яшириниб ётган неки сиру синоат бўлса, бари ёпирилиб келади. Худди қуёш чарақлаб турган осмонни бир дамда қора булут қоплаб, момақалдироқ гулдурагандек, шарқираб оқаётган зилол ирмоқдан бўтана сел келгандек.
Ширин хаёллар кўпроқ болалик билан боғлиқ бўлгани боис у ҳар қанча уринмасин ёшлигида ўқиган эртаклардаги жин ва девлар, катталар гапириб берган қўрқинчли ҳикоялардаги ажина ва алвастилар ҳар томондан босиб келаверади. Эртак китобларда чизилган қўрқинчли суратлар кўз олдида намоён бўлади-ки, уларнинг юзидаги қўрқинчли ифода, ажин босган юзининг бўртиқ чизиқларигача кўринади. Айниқса болалигида ўқиган китоблардан биридаги, венгер халқ эртагида ҳар тун аскар билан шахмат ўйнашга келадиган бошида улкан шохи бор иблис худди ўрмон ичидан чиқиб келаётгандек. Ангола эртакларидаги ёввойи одамхўрлар, юнон ривоятларидаги минотавр тўсатдан олдидан чиқиб қоладию, яна бир бурчакдан олти қўлли одамлар ўргимчакдек ўрмалаб келаётгандек туюлади.
Қўрқув шундай нарса-ки, уни енгиш учун чиранганинг сари ўргимчак инига илинган қурбондек тўрга тобора маҳкамроқ ўраласан. У этини жимирлатувчи ўй-хаёлларни қувишга ҳаракат қилгани сари кўзига турли шарпалар кўринаётгандек бўлади. Илкис сўйлоқ тишли, сочлари патила ёвуз ажина қуриган дарахт шохлари каби бесўнақай бармоқларини чўзганча ортидан келиб бўйнига чанг солмоқчидек икки курагининг ўртасида муздек оғриқ сезиб, бели ичига тортиб кетади. Қўрққанидан шартта ортига қарамоқчи бўлади, пўстиннинг мўйна ёқаси баландлигидан ортига гавдаси билан ўгирилишига тўғри келади, қордаги чуқур қадам изида оёғидаги бесўнақай пиймалар чалишиб, йиқилиб тушади. “Воҳ” деб бақириб юборганини сезмай қолади. Ўрнидан тура солиб, узун пўстиннинг барларини қорда лапанглатиб судраганча чопади. Йўлакнинг ҳар икки юз метрида ҳандақ ковлаб қўйилган, у ўзини шу чуқурга ташлайди-да, осмонга қараб ғужанак бўлиб ётиб олади, автоматини чангаллаб “ким келсаям, отаман” деган ўйда шай туради. Лекин бироздан сўнг кула бошлайди, ўзининг аҳволидан куляптими, қўрққанидан куляптими, билиш қийин.
Қанчадир вақт ўтгач автомат сақлагичини тушириб, кўрсаткич бармоғини тепки устида ушлаганча инсу жинслардан қўрқиш аҳмоқлик экани ҳақида ўйлашга тушди. Совуқ ва уйқусизлик азобига чидаш мумкиндир, лекин миясини чулғаб олган қўрқинчли хаёллардан қутулиш қийин. У зулмат ўрмон томонга қараб ҳайқирди, болохонадор қилиб сўкинди, кейин қўрқувни бироз ҳайдагандек бўлиб, енгил тортди ва бақириб ашула айтишга тушди. Бу ростмана ёрдам берди, совуқ, уйқу ва қўрқув чекинди. У болалигида эшитган ашулалардан бошлади.
“Лаълихон, ҳайда қўйингни боқаман,
Қўлларингга тилло узуклар тақаман…”
Давомини билмас экан, шу боис “Лаъ-ли-хон, Лаъ-ли-хон” деб ўн мартача бир хил нақоратни қайтарди. Кейин бошқа баъманироқ қўшиқ қидирди.
“Офтоб, офтоб, хабар бер, офтоб…” Э-э, бўлмади, на бошини на давомини эслай олди.
“Яна сенга тушдию кўзим,
Яна дардим қўзғалди янги.
Бир вақтлар эдинг юлдузим,
Энди кимга юлдузсан, жоним.”
Бу қўшиқнинг мусиқасини рубобда ҳам чалишни биларди, автоматини дутордек тутиб, беармон айтди. Бироқ ёдида қолган шу тўртликни қайтаравериш тезда жонига тегиб, яна бошқасига ўтди.
“Олтин қанот қушлар учсин, қушлар учсин,
Бизни мудом бахтлар қучсин, бахтлар қучсин…”
Кейин болалигида тўйларда эшитган қўшиқларга ўтиб кетди: “Айро-ғайро дам бадам, оромижоним қайдасан…” Бу ҳам бўлмади. Шўхроқ қўшиқ керак.
“Оҳангарон йўлларида каллакланган толи бор,
Қизларининг лабларида ўрмалаган холи бор,
Ўрмалаган холларин лабларимда аллалай,
Қўш қанотли дарвозангни кунда келиб рандалай…”
Тўйларда қўшиқнинг шу охирги сўзларидан кейин қий-чув кўтарилиб, бақир-чақир бўларди, бўйдоқ йигитлар гўё увлаб юборарди. У эса тенгдошлари билан тўйдаги даврани бирор дарахт ёки ишком тепасига чиқиб олиб кузатарди. У кезлари тўйларда фақат дутор ва доира билан қўшиқ айтилар, найчи ёки сурнайчи келиб қолса байрам эди. Бўз йигитлар ернинг чангини чиқариб ўйинга тушади. Булар эса ишкомнинг тепасида туриб нариги тарафдаги ўртоғига бақиради: “ановини қара, қизил кўйлак, сочи елкасига тушган, қўлини қара, қўлини, қандай қимирлатяпти,” “сен анови қоринвойга қара, ликиллашини кўр.” “Ҳей ҳамманг! Йўл-йўл кўйлакка қаранглар, у ўйнаяптими ё разведкага кетяптими!?” кимдир қичқириб қолади, унга жавобан яна қийқириқлар янграйди: “Штирлиц-ку, Штирлиц!”
Кейинроқ бўз йигит бўлганида у ҳам тенгқурлари билан бир-иккита тўйда даврага тушиб кўрди “қанот ёзиб мисоли қуш.” У ёдига тушган яна бир қўшиқдан завқланиб, бўйнига осилган автоматнинг қўндоғи ва милига билакларини қўндириб муқом қилди, ғирчиллатиб қор босиб ўйинга тушди:
“Яхши йигит, яйра қувон,
Йўлга боқиб чекма фиғон,
Ёр саними этдими зор,
Этдими зор қоши камон…”
Қўшиқ унга анчайин маъқул келди, оҳангига муқом қилиш ҳам енгилроқ. Бу қўшиқ улар энди бўз йигитга айланаётган, тўйларда ҳақиқий “инқилоб” юз берган кезларда машҳур бўлганди. “Инқилоб” дейишининг боиси отарчиларда “Ионика” деган энг замонавий чолғу асбоби пайдо бўлганди, овоз кучайтиргичлар эса тўйхонани жаранглатиб юборарди. Айниқса, бу ионика деганларининг овозида бўз йигитларнинг кўнглини эритиб юборадиган нола бўларди. Йигитликнинг ҳамма романтикаси гўё ўша иониканинг ичида эди, ионика келмай қолса, тўйини тўхтатганлар ҳам бўлган. Энди улар қўшиқ сўзларидан маъно ва дард қидира бошлаган кезлар эди.
“Сени кўрдим бутоқда,
Гилос пишганда боғда,
Сенинг севганинг гилос,
Айт-чи шу ёлғонми-рост,
Мени яхши кўрганим
Фақат ўзингсан, холос.”
Янги чиқаётган қўшиқлар фақат бўз йигитлар дунёси учунгина эди: “Бу табиат, бу табиат, бизни яратган, Бизни ёлғиз қолмасин деб қизни яратган…”
Мактабни тугатиб, синфдошлар қўлига ҳарбий чақирув қоғози кела бошлаган дамларда улар бутун дунёни унутиб, оқшомлари анҳор бўйида ажриққа ёнбошлаб олганча магнитофондан таралаётган куйга энди ўзгача қулоқ тутишарди. У пайтлар қўлда кўтариб юриладиган “Весна” деган магнитофон оммабоп бўларди. “Романтика” дегани эса энг зўри, чапаниси эди. Йигитлар тунлари кўчаларда магнитофон кўтариб дайдишдан зерикмас, қўшиқлардан тобора кўпроқ дард излашарди.
Эсингдами тоғ лоласини
Кўкрагингга тақиб қўйганим.
Эсингдами дил навосини
Куйлаб туриб боқиб қўйганим.
Эсингдами булоқ бошида
Кўйлагингга сув сачратиб мен,
Кулиб қочганингда ўшанда,
Қувлаб сочларингдан тортганим…”
Бу ашулани қайта-қайта айтар экан, томоғи хириллаб қолди. Лекин тўхтаб бўлмасди. Ёрқин болалик ва йигитлик хотираларидаги қўшиқлар тун, зулмат ва ўрмон ваҳшатини яқин йўлатмасди. У энг ардоқли қўшиқларни эслашга уринарди.
“Хаёлингда қолай ёш бўлиб,
Севги билан синфдош бўлиб.
Ойни копток қилиб ўйнаган
Шайдо йигит қора қош бўлиб…”
Ажриқ шохасини тишлаб, ойга боққанча чалқанча ётган йигитларнинг “ойни копток қилиб ўйнаган” деган жойида шодон қийқириб қўйишгани кўз олдига келди.
“Сочларимнинг оқин санама,
Яраларни очиб ямама.
Судралувчан бўлиш даҳшатли,
Юрагимга олов қалама…”
У қўшиқни ўнинчими бор такрорлаётганида “Судралувчан бўлиш даҳшатли…” дедию овози туйқус ғиппа бўғилди. “Судралувчан” деган сўздан баданида титроқ турди, оний лаҳлазаларда калласини қўрқинчли ўй-фикрлар буткул чулғаб, яна қўрқув исканжасига тушди.
“Улар қорда, ўрмон ичида судралиб келаётган бўлса-чи!? Улар анчадан буён кузатиб ётишган бўлса-чи…” Америка ва ғарбий Олмония диверсантлари аслаҳа омборини портлатиш учун келиб, дарахтлар ортида, қор уюмлари орасида қулай пайт пойлаб ётган бўлиши мумкин-ку! У бўлса бақириб ашула айтяпти. Эҳтимол аллақачон уларнинг нишонида тургандир. У қўрқа-писа бармоғини тепкига юбориб, ўрмон томон сездирмай нигоҳ ташлади. Кейин чироқ тагида туриш диверсантлар учун тайёр гўшт бўлиш эканини ҳис қилиб, йўлакнинг қоронғу жойига ўтиб олди ва энди ўрмонни синчиклаб кўздан кечира бошлади. Эҳтимол ҳандаққа тушиб олиш керакдир, деб ўйлади. Бироқ ҳандақ чироққа яқин жойда, ёруғликка чиқмагани маъқулмикин… У елкасини аслаҳа омбори деворига тираганча, жонсиздек қотиб туриб қолди. Гўёки шуури ҳам қўрқув ва совуқдан муз қотгандек, ўйлашга ҳам мажоли йўқ. Энди бир қадам ташлаш ҳам хавотирли туюлди.
Илкис олисдан бир сас келди, кейин тобора кучая борди. Бу ўша қадрдон ва орзиқиб кутилган нажот товуши эди. “Ширқ, ширқ, ширқ” этиб автомат учидаги ханжарларини ширқиллатиб соқчи алмаштирувчи бўлинма келяпти…
Дэмбелнинг йўли
Ўғирлик чуқур илдиз отган армияда дембелликнинг ўзига яраша ташвишлари бор – ҳарбий парад кийимидан тортиб уйга олиб кетиладиган майда-чуйда совғаларни ўғрига олдириб қўймаслик керак эди. Ҳар ким нарсасини ўзи ишончли деб билган жойда сақларди. Рота омборхонасининг ишончлилиги омборчининг қандай нуфузга эгалиги билан белгиланади. Бироқ зўравон аскар мақомидаги омборчининг омборини ўғри урган пайтлари ҳам бўлган. Мен жомадонимни ротамиз замполити Зайцевнинг уйида сақлардим. Шаҳарга патрулга чиққанда Олмониядан эсдалик учун сотиб олган нарсаларимни дарҳол унинг уйига элтиб берардим. Зайцев хотини билан дивизиянинг ичида, зобитлар шаҳарчасида яшарди. Унинг хотини дивизиядаги зобитлар фарзандлари учун очилган мактабда ўқитувчилик қилар, бир-икки марта синфхонасини безатиш учун мени чақиртирганди. Мушкулимни енгил қилгани учун Зайцевдан беҳад миннатдор эдим. Айрим майдароқ нарсаларни ленкомнатага яширардим. Девордаги ҳар бир катта ёғоч рамканинг бурчагига биттадан нарсамни яширган эдим, булар уйга кетишда кўкракка тақиладиган нишонлар эди. Хизматимга тугашига бир ҳафта қолганда бу нарсаларимни ўғирлаб кетишибди. Кўпчиликнинг альбомини безаганим туфайли зарур кўкрак нишонларини қайтадан йиғиш қийин бўлмади.
1988 йилнинг 14 майида ленкомнатада альбомимни безаб ўтирганимда батальон котиби қийқириб кириб келди.
“Сенга жавоб бўлди, эртага уйингга кетасан!” деб бақирарди у қўлидаги рўйхатни боши узра силкитиб. Мен хурсандлигимдан сакраб туриб унинг қўлидаги буйруқни юлқиб олдим. Рўйхатда учинчи ротадаги ҳамюртим Аваз ҳам бор экан, тепа қаватга чиқсам эшик тагидаги навбатчи ротанинг полигонга кетганини айтди. Чопдим полигонга қараб ўрмон ва қир оша. Икки йил давомида деярли ҳар куни қору ёмғир остида, оғир аслаҳалар кўтариб чопиб ўтганим бу йўллардан энди қушдек учиб борардим. Полигон ҳам кўзимга чиройли кўриниб кетди. Учинчи рота отиш машқида экан, Аваз хабаримни эшитиб ҳайқирганча машқларни ташлаб, сафдан чиқиб келди. Икковимиз полкка хушчақчақ қайтдик. Кечқурун Зайцевнинг уйидан жомадонимни олиб келдим. Туни билан ухламай, дембеллик кийимларимизга безак тикиб чиқдик. Эртасига Зайцев мени кузатгани келди, бир китобга эсдалик учун дастхат ёзиб берди. Китобнинг қадрини кейин билдим.
Дембеллар иложи борича кўпроқ совғалар олишга, ҳарбий парад кийимига низомда белгиланмаган ўзгартиришлар қилишга ўч эди. Елкадаги погонлар картон билан елимланиб, шиша устига қўйиб эгиб дазмол қилинар ва бўртиб турадиган ҳолга келтириларди, шим ва кўйлаклар торайтириб тикилади. Аскарлар кўкрагига иложи борича кўпроқ нишонлар тақишга ҳам ҳаракат қилади. Самолётга чиққунга қадар аскарлар бир неча жойда қайта-қайта текширувдан ўтади, зобитлар уларнинг кийимлари ва жомадонларини титкилаб чиқади. Қурол ёки ҳарбий техника билан туширилган суратларни йиртиб ташлайди, торайтирилган шимларнинг чокини сўкади, бўртиқ погонларни юлқиб олади, ҳарбий билетида ёзилмаган ва гувоҳномаси йўқ кўкрак нишонларини тортиб олади. Аскар учун бу жуда аламли ва ачинарли ҳол эди.
Биринчи текширувда жомадонимни очган зобитнинг кўзи китобга тушди, очиб, варақлаб кўрди, биринчи бетидаги дастхатни ўқиди ва қайта жойига қўйиб, жомадон оғзини ёпди. Бўлди, кетавер, деди хотиржам. Ҳеч бир зобит китобдан нарига ўтмади, жомадоним титкиланмади, торайтирилган кийимимга ҳам биров эътибор бермади.
Поездда Галлега кетаётганимизда бир бекатдан икки юзга яқин дембел чиқди. Уларни поездга чиқаргани келган зобитлардан баъзилари айрим аскарлардан ўчини олмоқчи бўлибми, погонларини юлиб ташлади. Хайрият, иш муштлашувгача бориб етмади.
Аввал Галле шаҳридаги катта дембеллар жамлоғига бордик. Шаҳар ичидаги катта боғ жамлоққа айлантирилган, аскарлар тўла. Буйруққа кўра, мен Қирғизистон пойтахти Фрунзега учишим керак экан, ротамиздаги бир қирғиз аскар эса Тошкентга учадиган гуруҳга тушибди. Уни қўлидан судраб ҳали бу, ҳали у зобитнинг ёнига бораман, йўлланмамизни алиштириб бер деб. Улар кўнмайди, буйруқни ҳеч ким ўзгартира олмас эмиш. Шу пайт ротамизнинг иккинчи взводи командири Шербаковга кўзим тушиб қолди. У янги келган аскарларни қабул қилиб олиш учун ҳарбий аэродромга кетаётган экан. Уни тўхтатиб, муаммони тушунтирдим. У бир уриниб кўрай-чи деб кетди ва бир соатдан кейин келиб Тошкентга йўлланмани қўлимга тутқазди. Ўзимда йўқ хурсанд бўлиб, унга кўп раҳматлар айтдим.
Ана энди кўнглим тинчиб, Аваз икковимиз кўм-кўк майса устида ёнбошлаганча ётардик. Ҳаво иссиқ, дим, кўплаб дембеллар майкачан, ора-сира қоп-қора булутлар оралаб мўралаб қоладиган қуёшга ўзларини тобламоқда. Олмонияда булутлар жуда пастлаб учади, худди қўл кўтарсанг етадигандек. Аваз билан шуни муҳокама қилиб ўтиргандик, қўққисдан яшин чақнаб, момақалдироқ гулдиради. Яна бир яшин чақнаганда сал нарида ётган дембеллар орасида шовқин кўтарилди, бақир-чақир бошланди. Икки кишини яшин урибди, кейинроқ икковининг ҳам ўлганини эшитдик. Ҳамманинг дили хуфтон бўлди. Икки йилллик армия тегирмонидан омон чиққанларни уйига кетар чоғи яшин уриб ўлдирса-я!
Эртасига ҳарбий аэродромдаги жамлоққа кўчдик, тунни чодирда ўтказиб, эртасига самолётга чиқиш учун сафга тизилдик. Улкан “Ту” самолётидан янги аскарлар чиқиб кела бошлади. Ҳарбий кийимлари ҳали ярашмай турган ёш аскарларга ичимиз ачиб қарасак-да, аслида улар бизга қараганда омадлидек туюлди. Чунки энди кўп нарсалар ўзгара бошлаганди.
Самолёт ойнасидан қараб, Олмония шаҳар ва ўрмонлари билан ичимда ўзимча хайрлашар эканман, баъзан одам қачон туғилишни ҳам билиши керак эканми, дея ўйлардим.
Ватанда эса бизни янги, оламшумул ўзгаришлар кутиб турарди.
Сўнгсўз
Аскарлик хотираларини кўп йиллар аввал қоралаб қўйгандим, қўлёзма узоқ вақт чанг босиб ётди, у ҳақда ҳатто эсламадим ҳам. Гапу гаштакларда армия ҳаётидан тўқиб-бичилган ҳикояларни қайта-қайта эшитишдан зериккандим ва бу ҳақда гапириш, ёзиш бачканаликка берилишдек туюлганди. Лекин кейинчалик мўйлаби энди сабза ура бошлаган ғўр йигитларнинг шўро армиясидаги икки йиллик ҳаёти аслида қандай бўлган эди, дея қайта-қайта ўйлайвердим. Изғирин совуқ, ўрмон, билчиллаган лой, елкадаги қурол-аслаҳаларнинг шарақ-шуруқи, хўрлик ва зўрликнинг навниҳол кўнгилларда қолдирган бир умрлик чандиқлари туфайли ҳар ким ҳам аскарлик ҳаётини тез-тез эслаб туришини тушундим. Йигитлик шуурию куч-қудрати жўш уриб келаётган тиллога тенг фаслдан юлқиб олинган бу икки йилнинг маънавий ва жисмоний фойдасию зарарини ҳар ким ўзича тарозига солиб кўришини англагач, чанг босиб ётган битикларни қайта қўлга олдим.
Ушбу қиссани эски қўлёзмаларим асарга айлангунга қадар мени руҳлантириб турган, маънавий қўллов берган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши раиси, Ўзбекистон халқ шоири, дўстим Иқбол Мирзога бағишладим.