Толкўприкдан ўтаётган бу одамлар қаерга шошяпти? Қай манзил, қай мақсадни кўзлаган? Баҳайбат калласининг қоқ ўртасидаги ўпқондек қоп-қора коваги тобора кенгайиб, чириндига тўлиб, мунғайиб қолган тол одамларнинг оғирлигини кўтариб ўрганган. Лекин йиллар давомида уни тепкилаб ўтган, йўғон шохлари учига чиқиб сувга сакраган, танасини пичоқ билан ўйиб турли ёзувлар қолдирган, бир пайтлар шохдан шохга маймундек сакраган, эндиликда шу шохлардан ясалган ҳассаларга таяниб мункайиб қолган бу одамларнинг дарду алами гавдаларидан кўра оғир бўлишини кекса тол билмаган экан.
Тол анҳорнинг нақд ярмигача бир текис эгилиб бориб, кейин худди ёнбошлаб ётган жойидан турмоқчи бўлган одамдек қаддини ростлашга уриниб кўкка ўрлаган. Анҳорнинг ярмигача толнинг йўғон танаси устидан юриб борилади. Қолган ярмидан толнинг шохларидан ясалган энсизгина ёғоч кўприкдан ўтилади. Ёғоч кўприкнинг бир томони толнинг танасига мустаҳкам михланган. Толкўприк шу тариқа бунёд бўлган ва у аллақайси замонлардан буён одамларга хизмат қилади. Толни ким эккани, қандай қилиб у анҳорга кўприк бўлгани кўпчиликнинг ёдида йўқ. Баъзи бировлар анҳор ёқалаб ўтган бир чол кетмон сопидек кесилган тол шохини ерга суқиб кетганини айтади. Танаси намга теккан ёғоч гуриллаб ўса бошлаган, навқирон толга айланган. Баҳорги тошқин пайти қирғоқ ўпирилиб, тол анҳорга қулаганда бақувват шохлардан бири нариги қирғоққа тиралиб уни батамом қулашдан асраб қолган. Тол яна ҳам чуқурроқ илдиз отиб, қаддини тиклаш учун қайтадан кўкка қараб ўса бошлаган. Эндиликда икки кишининг қулочи етмайдиган йўғон танасининг тепа томонини юриш осон бўлсин учун кимдир пойтешада чопиб текислаб қўйган. Узала ётган тананинг ёнбошидан чиққан бир-икки бачки шохлари кўприкнинг табиий тўсиқлари каби хизмат қилади.
Кекса толнинг калласи жуда катта. Тананинг ўртасидаги улкан ғовак боис икки каллали девга ўхшаб кўринади, ҳар йили бу каллалардан ўнлаб зич ва бақувват шохлар ўсиб чиқади. Одамлар ипак қурти боқиш мавсуми олдидан толнинг шохларини сўкичак ясаш учун кесиб кетади. Каллакланган тол кечалари одамларни қўрқитгувчи хунук ва ваҳимали шакл-шамойилга киради, бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмай навниҳол шохлар яна гуриллаб ўсиб чиқиб, толкўприкнинг устини чодирдек ёпади. Анҳорнинг шу қисми энг серсоя жой. Ҳар икки қирғоқда азим қайрағоч ва бақатераклар ўсган, улар кучли шамолда бош чайқаб гувиллайди, енгил эпкинда чапак чалгандек япроқларини шитирлатиб қўяди. Айниқса, бақатеракнинг усти тўқ зангор, ости оч яшил япроқлари шаббода келганда ялтир-йилтир қилиб кўзни олади. Улкан дарахтлар остида дўлана, ора-сира наъматаклар кўзга ташланади, улардан ҳам пастда маймунжонлар ер бағирлаб, қирғоқни яшил кўрпадек қоплаб ғужғон ўсган, сертук новда ва барглари сувда солланиб туради.
Аввал баҳорда анҳорнинг суви бўтана келади. Кулолчилар пишитадиган лой рангида бўлади. Тўлиб-тошиб, тўлғониб-тўлғониб, қирғоқларини ямлаб, дарахтларнинг илдизларини юлқилаб, янги камарлар бунёд қилиб оқади. Бу пайтда одамлар толкўприкдан ҳадик билан ўтади. Бора-бора сувнинг ранги бироз ўзгаради, сарғиш бўтанадан кўкиш лойқага ўтади. Ниначилар, капалаклар сув бетида ўйнайди, маймунжонлар гуллайди, ялпиз, читтакари гулнинг хушбуй, бангидевонанинг ўткир ачимсиқ ҳиди оламни тутиб кетади. Анҳорнинг дов-дарахтлардан сайҳон жойларида ин қуриш ғамига тушган қалдирғочлар оппоқ тўшини сувга уриб учади. Ял-ял ёниб турган кўйлакларда шўх-шодон қизлар толбаргак тақиш учун келади. Уларнинг орасида лабининг чап устида кичик хол қўниб турган абжир қизгина бор, у толнинг устига чиқиб, гуллаб турган сурх новдаларни қаламтароши билан кесиб тушади. Қизлар қирғоқда ўтириб олиб, новдаларнинг намчил пўстлоғини сидириб олади, пўстлоқ толнинг сабзаранг гулпопуклари билан бирга ажрайди. Қизлар толбаргакларни сочларига улаб, товони қадар тушириб, толкўприк устида мастона-мастона, соллона-соллона юриш қилиб, сўнг яна шўх-шодон қайтиб кетишади.
Сув тиниқлашади, серсоя гўшанинг тинчлиги бузилади, анҳор лабида учиб юрган ниначи ва капалаклар, сершох дарахтларда полапонларини ёнига олиб мизғиб ўтирган қушлар бирдан чўчиб кетади: қий-чув билан келган сон-саноқсиз болалар сувга ўзларини “гуп-гуп” ташлайди. Ботирлари толнинг энг баланд шохларига чиқиб сувга калла қилади. Уларнинг орасида норғил бир ўспирин бор, елкадор, қошлари тим қора, жағ суяклари бўртиб туради. У ҳаммани қувламачоқ ўйнашга чорлайди. Қувламачоқ ўйинида сувда балиқдек сузадиган бу норғил ўспиринга ҳеч ким етолмайди, лекин у қувлаганда тенгқурларига бир зумда етиб олади. Етиб олганда ҳам бошқаларга ўхшаб қўлга тушган рақибининг елкасига қўл тегизиб қўйиш билан чекланмайди, бошидан сувга босиб роса пишади. Унинг чангалига тушган бола кўзлари ола-кула бўлиб, оғзи-бурни сувга тўлиб, ялиниб-ёлвормагунча пишаверади. Ажриқларни тутамлаганча сирпанчиқ қирғоққа бир амаллаб чиқиб олган болаларнинг айримлари бу томошани қўрқув ва завқ аралаш кузатади, бошқалари тупроққа ағанаб кулади.
Ҳар туш шу аҳвол, кечга яқин эса йигит-яланг келади, улар шовқин-сурон кўтармайди, баъзи бир серҳаяжони сувга калла қилишдан аввал икки кафтини карнай қилиб қичқириб қўяди, холос. Улар толкўприкдан бир-икки марта сувга сакраб, билакларидаги пайларини бўрттириб, бошларини ҳали у ён, ҳали буён силтаб оқимга қарши сузгандек бўлади ва кейин қирғоқдаги дарахтларнинг илдизларига осилиб ҳордиқ чиқаради, маймунжонларнинг сертикан шохларини эҳтиёткорлик ила титкилаб, тим қора меваларини териб ейди.
Бу икки гуруҳ чўмилиб кетадиган вақт оралиғида баъзан қизлар келиб туради. Ўша, лабининг устида холи бор қизгина толкўприк устидан сувга ўзини ташлай олади, холос. Бошқалари кўйлаклари баданларига чиппа ёпишган ҳолда дир-дир қалтираб, толкўприк устида қанотлари ҳўл қалдирғочлардек тизилиб туришади, лекин ташлашга юраклари дов бермайди. Улар аввалига бегона кўзлардан ҳадиксираб келса, чўмилиб бўлгандан сўнг уйида эшитадиган даккилардан ҳадиксираб қайтиб кетишади.
Анҳор суви камайиб шишадек тиниқ тортади, бағрида сузиб юрган балиқлар, майин қумлоқ остидан ғимирлаб чиқиб, вазнсизлик ҳолатидаги фазогирларга монанд оёқларини аста кўтариб ҳаракат қилувчи сувчаёнлар кўзга ташланиб қолади. Қозонювғичлар анҳор юзида тинимсиз сирпаниб сув бетига оний суратлар тортади. Баъзан олма, беҳи ёки нок лопиллаб оқиб келади. Толкўприкдан ўтаётган ёш-яланглар энди на толга на сувга эътибор беради. Кексалар бир зум тўхтаб, сувга тикилганча ўйга чўмиб қолади.
Толкўприк йиллар давомида бир хилда такрорланадиган бу ҳолатга кўникиб қолган. Сув ҳам аслида ўша, вақт ўтса-да ўзгармайдиган сувдек. Шундай дамларда лабида холи бор қиз дугоналари билан ўтиб қолади, эрталаб кунчиқар томонга, далага боради, кечда кунботиш томондаги уйига қайтади. Бир гал тонг палласида ўша қиз энг яқин дугонаси билан балиқларни томоша қилиш учун бир тегирмонгина суви қолган анҳор ўзанига тушади. Толнинг беўхшов, тарвақайлаган сарғиш илдизларини ушлаб пастга энади. Балчиқ, балиқ ва бақашалнинг ҳиди келиб турса-да, сув шишадек тиниқ, унда кўм-кўк осмондаги оқиш парча булутлар, тўқ зангордан сарғиш-қирмизига ўтаётган дов-дарахтлар аксланиб туради. Сув юзига чизилган кузнинг гўзал манзарасини сон-саноқсиз қозонювғичлар жимирлатиб, жонлантириб тургандек. Қизлар қозонювғичлар аслида сузадими ёки учадими деган баҳс туфайли узоқ вақт бу майда сув ҳашаротининг бетиним ҳаракатларини кузатиб қолади. Қозонювғич ўзидан икки баробар узун оёқларини сув юзига тираган ҳолда пириллаб учаётганга ўхшайди, шу сабаб баъзилар уни учади, бошқалар эса сузади, дейди. Ўта тез ҳаракатдаги қозонювғични яхшилаб кузатган кишини унинг сув бетида сирпанаётганини кўриш мумкин.
“Сув бетида парда бўлади, булар ўша парданинг устида сирпанади, шунга сувга чўкиб кетмаса керак,” дейди лабида холи бор қиз.
“Кел, сув бетидаги пардани чўпак билан йиртиб кўрамиз, қани ўшанда булар сувга ботиб қолармикин,” дейди дугонаси.
“Қўйсангчи, бунинг ўрнига улар сув бетига нималар чизаётганини кўришга улгуриб қолиш керак. Эҳтимол сенинг келажакдаги тақдиринг ҳақида, балки сени чин дилдан яхши кўрадиган боланинг исмини ёзаётгандир.”
“Қўйсангчи, сени чин дилдан яхши кўрадиган боланинг номи ҳали қараб улгурмасингдан ўчиб кетадиган сув пардасига эмас, йиллар ўтса ҳам ўзгармайдиган тошларга ёзилади,” дейди дугонаси кулиб.
“Бир китобда ўқиган эдим, табиатдаги ҳар бир чизиқ, ҳар бир ҳаракатда бир ҳикмат бор деб. Агар сен айтгандек, одамларнинг тақдири тошларга ўчмайдиган қилиб ёзилганда ҳамма ўзининг келажагини осонгина билиб олган бўларди-ку. Ким кимни яхши кўришиниям. Ҳеч кимнинг сири қолмайди-ку унда. Катта бўлганингда сени нималар кутаётганини билиш учун шунақанги, кўриш, илғаш қийин бўлган ишораларга эътибор бериш керакдир,” лабида холи бор қиз бундай равон гапирганидан ўзи хижолат тортиб кетди.
“Вой-бўй! Китоблардаги гапдан гапиришингда бир гап борга ўхшайди! Тошкентда ўқийдиган анови, тепа маҳалладаги йигит… сен ҳақингда бекорга суриштириб юрмаган экан-да!? Қизлар бир нарсани билмаса гапирмаса керак.”
“Қаердан топдиларинг бу гапни. Ўзларингча бировни бировга тенглайверасизларми?” қиз дув қизарган юзини ерга қаратди. Дугонаси бўш келмади:
“Балки яқинда ўзинг ҳам Тошкентга қараб ўқишга жўнавормасанг бўлди!”
“Отамни биласанку, икки дунёда ҳам рухсат бермасов?” лабида холи бор қиз хомуш тортиб, сувга термулганча қолди. Дугонаси буни пайқади.
“Мен ўқишга борсам, лабингдаги холингни бериб турасанми?” деди овозига қувноқ тус бериб.
“Нега? Холимни нима қиласан?” қиз дугонасига ялт этиб қаради.
“Сенга холни нима кераги бор? Сен шундоқ ҳам кўҳликсан!” деди дугонаси унга завқ ва ҳавас билан қараб.
“Ҳўв анқовлар, тушларингни сувга айтяпсизларми?! Далага кеч қоласизлар-ку!” толкўприк устида турган учинчи дугонанинг ҳайқириғи буларнинг суҳбатини бўлди.
Орадан роса бир йил ўтиб толкўприк устида ўрта ёшдаги икки ҳамқишлоқ учрашиб қолади. Қирғоқдаги сарғайган ажриқ устига чўккалаб, суҳбатлашади. Улардан бири, анҳорнинг кунчиқиш томонидан келгани бу йил буғдой мўл ҳосил бергани, шу кунларда пиёздан ҳам яхши даромад кутаётгани ҳақида оғзини тўлдириб гапиради. Тез орада ўғлига от олиб бериши, адирда бировнинг ўттиз сотихли боғини кўз остига олиб қўйгани, арзон-гаровга нархлаб, уни ҳам ўғлига ҳадя қилиб беришини айтади.
Кунботиш томондан келган киши унинг гапларини суқлик билан тинглайди. Ер танқислиги, мол-қўйга хас-хашакнинг камлигидан нолийди, бир томонда қизлари кетма-кет бўйи етиб келаётганини айтади. Бири гоҳ тиззасига шапатилаб гапирса, иккинчиси гоҳ тупроқ чимдиб, гоҳ қуруқшаб сарғайган ажриқларни юмталаб узоқ суҳбатлашадилар. Суҳбат сўнгида икки эркак қуда-андачиликка аҳд қилишади. Тўйни қишга белгилайдилар.
“Совчиларни эртага кутаверинг, қуда!” дейди кунчиқар томондан келган киши хайрлаша туриб.
Лабининг устида холи бор қиз толкўприкка тез-тез келадиган бўлиб қолди. Толкўприкдан сувга сакраган пайтлари, толпопукдан баргак таққан дамлари ёдига тушади, қозонювғичларнинг сув пардасига чизган оний суратларидан маъно қидирган пайтларини эслайди, аччиқ-аччиқ йиғлайди ва ҳеч ким кўриб қолмадимикин дея атрофга гир қараб, яна тезда ортига қайтиб кетади.
Анҳор суви баъзан қалин музлайди, гоҳида муз остидан шарқираб оқаётган бир билак сув кўриниб туради. Қиз энди бу гал анҳорнинг кунчиқар тарафидан келади. Янги пальтосининг сунъий мўйналари қишнинг изғирин шамолида қизарган ёноқларини ёқимсиз қитиқлайди. Пальто остидан келинлик либосининг зарҳал нақшли ёқалари кўриниб туради. У ёлғиз эмас, норғил, елкалари кенг, жағ суяклари бўртиб турган, тим қора қошлари қалин, қуён терисидан тикилган телпак кийган йигитнинг ортидан қадам босади. Йигит толкўприкдан шаҳд билан ўтади, толкўприкнинг нарвон қисми ғирчиллаб кетади. Ортидан хотини ўтади, тўқ яшил рангли дастурхонликка ўралган катта тугун кўтариб олган, ногоҳ сирпаниб кетмаслик учун оппоқ ва узун бўйнини қўлидаги тугун оша чўзиб, оёғи остига тез-тез қараб олади, бир-бир қадам ташлайди. Қалампирмунчоқ ва ҳовури кетмаган ёғли қатламанинг ҳиди таралади.
Норғил йигит ўтган йили толкўприкка отаси билан келиб толни каллаклаб кетганди. Янги қурилган уйнинг томига лойбости қилаётган эди улар ўшанда. Йигит кучли эди, энг йўғон шохни ҳам дасткалланинг бир зарби билан чўрт кесарди. Бошқа пайтларда кечалари маст-аласт ҳолда ўртоқлари билан келарди. Бу йигит энди уйланиб, куёв чақирдига кетаётган эди.
Орадан бир неча ой ўтиб лабида холи бор қиз, энди келин, кечалари, бемаҳалда толкўприкка келадиган бўлди. Лекин ҳар гал кўприкка қадам қўймай ортига қайтиб кетарди. Толкўприкдан кечаси аёл зоти ёлғиз ўтмаган, ёлғиз фақат эркаклар ўтади. Баъзи эркаклар ҳам тундаси ундан ёлғиз ўтишга қўрқади, узоқроқ бўлса ҳам анҳорнинг қўйироқ қисмидаги катта кўприкдан айланиб келади. Катта бетон кўприкда ҳаракат тинмайди, даладан қайтаётган уловлар туну кун ғизиллаб ўтиб туради.
Лабида холи бор келин ҳар гал юзидаги мушт зарбидан кўкарган жойларини сийпалаб, ҳиқиллаб йиғлаб келади, баъзан унинг юзи моматалоқ бўлиб кетади. Лекин кўприкка қадам босмайди, анҳорнинг кунботиш томонига зор-зор тикилиб, яна ортига қайтиб кетади. Бир гал у тун ярмидан оққанда бағрига олти ойлик чақалоғини босганча келди. Толкўприкка бир қадам қўйди-ю шу бўйича қотди. Кўкариб, шишиб кетган юзларидан дув-дув ёш оқизди, холос. Балки, ўтса бўлармиди, ёлғиз эмас, қўлида ўғли бор, эркак киши эди-ку. Лекин ўтмади.
Бир гал ўтди. Ой қўрғонлаган тунда, осмонда юлдузлар милтиллаб турганда у ҳеч нарсани ўйламай зинғиллаб ўтди, ортга минбаъд қайтмаслик аҳди ила ўтди. Бироқ толкўприкка тўкилган кўз ёшлари ҳали қуриб улгурмасидан отаси уни ортига қайтариб келди. Ота қизини етаклаб толкўприкдан ўтказди, аччиқ-тизиқ дашном гаплар айтиб, келинлик уйига ҳайдади. Қиз миқ этмасдан ўғлини бағрига босганча кунчиқар томон кетди. Ота қўлларини ортига қилиб, бироз букчайганча уйига қайтди.
Кунлар толкўприк остидан оқиб ўтган сув каби тез ўтарди. Норғил йигит гапу гаштакдан маст-аласт қайтишдан, лабида холи бор ёш жувон анҳор бўйига йиғлаб келишдан тинмади.
Оқшом тунга оғаётган, қимирлаган жон кўзга шарпадек илинадиган палла эди. Лабида холи бор жувон қорнида уч-тўрт ойлик ҳомиласи, қўлида бир ёшдан ўтиб қолган ўғли билан маст эрнинг калтагидан қочиб яна толкўприкдан кунботиш томон ўтди. Ўша куни она уйида йўқ эди, узоқдаги қариндошиникида қўноқлаб қолганди. Она уйида бўлганда эди, отани юмшатган бўлармиди… Лекин ота ўз ҳолича юмшамади, қизининг эрдан чиқиб келиб уйда ўтириб қолишига чидай олмаслигини ўйлади. Қизини ошиғич ортига қайтариш учун толкўприкка ҳайдаб келди. Ота толкўприкка қадам қўйганда қиз қирғоқда таққа тўхтади.
“Юр дедим сенга”, ота ўшқирди ортига ўгирилиб. Қиз индамай тураверди.
“Юр дедим, ҳозир бир балони бошлайсан,” ота қизининг ёнига жаҳд билан қайтди.
Қиз бирдан тиз чўкди, отасининг тиззасига ёпишмоқчи эди, ота ортига чекинди, қиз пешонасини ерга урди:
“Жон ота, уриб ўлдириб қўяди мени, қайтарманг,” деб йиғлади. Қўлидаги боласи чинқираб йиғига қўшилди.
“Етти қишлоқни чақириб элга ошга берганман, юрт олдида бошимни қандай кўтариб юраман. Одам боласи калтакдан ўлган эмас, эринг бир кун қуюлади, бугун бўлмаса эртага, эрта бўлмаса индинга, қаерга борарди қуюлмай,” ота қизини қўлидан жаҳл билан тортиб, толкўприкдан ўтказди. Қиз йиғидан тўхтаб отага эргашди.
“Бор уйингга, қиз бола отилган тош, тушган жойида тошдек қотиши керак,” ота шу гапларни айтиб ортига қайтди.
Қиз кетгандек бўлди, тунги ой шуъласида отасининг қораси ўчгач, яна ортига қайтди. Толкўприкнинг ўртасига келиб, қари толнинг танасига суянди. Гоҳ осмондаги баркашдек ойга, гоҳ оёқлари остидан кумушдек товланиб, тўлғониб оқаётган сувга тикилди. Дугоналари билан келиб толбаргак таққани, кўйлаги билан сувга гуппа ташлагани ёдига тушди. Дугоналарини бир-бир ёдга олди. Ҳаммаси бола-чақали, бирининг эри аллақачон қуюлган, бириники табиатан босиқ. У эса қачонгача кутади маст эрнинг қуюлишини. У толга бошини оҳиста қўйиб, хаёлга чўкади. Лабининг устидаги холи титрайди.
Қурбақаларнинг қуриллагани, чигирткаларнинг чириллаши оламни тутган. Сувнинг гувиллаши, ҳар замон қурбақанинг ёки балиқнинг “шалоп” этиб сакраши эшитилади. Фақат тол, қанчадан қанча қуюлгану қуюлмаган одамларни кўрган толгина сукут сақлайди. Сон-саноқсиз майда, қоп-қора қуртлар толнинг ингичка баргларини илма-тешик қилиб, тобора еб битиради. Ипакдек юмшоқ ой нурлари толбарг тешиклари орасидан ўтиб келиб аёлнинг юзига ёғилади, қонталаш яраларига малҳам бераётгандек бўлади. Қуртларнинг барг ейишдаги тисир-тисир овозини илғаш мумкин бўлади. Уларнинг толбаргга тўйганлари семириб, новдаларнинг уч-учида осилиб қолади, кейин “тўп-тўп” тўкилади. Улар толнинг тим қора кўз ёшларига ўхшайди…
* * *
Тонгга яқин ва эртаси кун бўйи одамлар толкўприкдан тўхтовсиз, хавотир ва ҳадик ила ўта бошлайди. Тунда қизини кўприкдан ўтказган отада тиним йўқ, ичида минг бир алам, афсус-надомат ила зор қақшайди. Орадан ҳафталар ва ойлар ўтса ҳамки лабида холи бор ўша келиндан дарак йўқ. Келиннинг йўқолгани етти қишоққа гап бўлади. Қайғу қаддини дол қилган отанинг бормаган жойи, кулфатдан сочлари оқарган онанинг бормаган фолчиси қолмайди. Фолчилар “қизинг тирик, боласи ҳам тирик, катта бир шаҳарда юрипти” деган гапни қайтаради, холос.
Одамлар унутувчан бўлади. Толкўприк атрофидаги ҳаёт, қизларнинг толбаргак тақиши, толнинг каллакланиши, ҳайқириқли чўмилишлар, дўлана ва наъматак териш пайтидаги ёш йигит-қизларнинг сирли учрашувлари яна бир зайлда давом этади.
Ўша норғил, қошлари тим қора, жағ суяклари бўртиб турадиган киши яна куёвлик либосида толкўприкка қадам қўяди. Ортидан янги келинлик камзулини кийган жувон келади, бошида катта тугун, қалампирмунчоқ ва ҳовури кетмаган ёғли қатламанинг ҳиди таралади. Куёв чақирдига кетилмоқда чоғи.
* * *
Орадан йиллар ўтиб қадди букик чол келади, тол шохларидан бирини кесиб олиб, ҳасса ясайди. Паккиси билан ҳассанинг дастасини эринмай силлиқлайди, ўзича ҳафсала билан нақш солган бўлади. Кейин толнинг сурх новдаларидан толбаргак ясаётган қизалоқлардан бир жуфт толбаргак сўраб олади. Толкўприк устига чиқиб сабзаранг толпопукни сувга оқизади, ортидан узоқ термилиб қолади, сўнг оғир-оғир қадам олиб уйига қайтиб кетади. Чол ҳар баҳор, қалдирғочлар оппоқ тўшини сувга уриб учганда, ниначи ва капалаклар сув юзида ўйнаган кезларда келишини канда қилмайди. Толкўприк, одамларнинг йўлига ўзини кўприк қилиб тўшаган тол уларнинг кўнглига кўприк сола олмаганидан бўлса керак, танаси тарс-тарс ёрилади.
2013.