Ҳайит ака ишдан ҳориб, ҳафсаласиз қайтди. Иш оғир эмас, аммо ёлгон ваъдалар уни чарчатиб, асабийлаштирди. Шунга қарамай, ўзини босиқ тутиб, тилига эрк бермади, дардини ичига ютди: «Кейинги сафар уч ойлик маошни қўшиб оламан, бир талай бўлади», дея ўзини овунтирди. Фақат аёли хархаша қилмаса, бас.
Қизиқ, Нилуфар хола эшикни ним табассум ила очдию эрига сирли:
— Меҳмон бор, — деди секингина.
— Меҳмон? Ким? — Энсаси қотиб сўради эр. Ахир ҳамён қуруқ бўлса, ночоргана дастурхон билан меҳмон кутиш кўнгилга сиғадими? Нилуфарнинг чеҳрасига қараганда нозикроқ, балки керакли меҳмонга ўхшайди.
— Совчилар, — шивирлади хотини эрининг кўнглидагини сезиб.
— Ҳм… — деб қўйди Ҳайит ака қошларини кўтарганча, сал очилди: «Зўрроқ дастурхонга ҳожат йўқ». Бироқ шу ондаёқ дарҳол тундлашди: — Уларнинг жавобини берувдик-ку!
— Секинроқ гапиринг… — аёл эрини туртди. — Булар бошқачароқ. Бамаъни одамларга ўхшайди. Йигитнинг ота-онасийкан. Ўзлари келибдилар.
— Бари бир эмасми? Биз ҳозир қиз чиқазолмаймиз. Ахир битимизга тўй қиламизми?
— Аввал кўринг, гаплашинг, кейин бир нима денг-да, отаси, — Нилуфар хола эриб кетиб, эрининг елкасидан силаган бўлди. — Бунақада уйимизга ҳеч ким келмай қўяди. Қиз боланинг иши қурсин. Кирақолинг, отаси, маҳтал бўлишди.
Ҳайит ака қўлию юзини чайиб, ўзга уйга кирган каби сал бегонасираб, меҳмонлар ўтирган хонага қадам қўйди. Совчилар бўлмиш эр-хотин дарҳол ўринларидан туриб, мезбон билан сўрашишди. Ўрта ёшлардаги, бежирим кийинган, очиқ чеҳрали жуфтлик бир қарашдаёқ зиёли одамлар эканини аниқ сездириб турарди. Бу ҳолат Ҳайит аканинг вужудига аллақандай нур йўналтирдию тўсатдан кўнгли ёришиб кетди.
— Айбга буюрмайсиз, акахон, — деди ўнғайсизликка барҳам бериб, эркак меҳмон, — биз огоҳлантирмасдан, шунчаки танишиш учун, норасман келдик.
— Зарари йўқ, — деб қўйди Ҳайит ака ва эндигана ёйилган, буханка нону ликобчада арзон қоғозли конфетдан бўлак ҳеч нарса йўқ дастурхонга кўз қирини ташлади. Сўнг нафаси ичига тушган каби: — хуш келибсизлар, — деди.
— Агар фикримиз бир ердан чиқса, кейин расман совчи юборамиз.
— Яхши ўйлабсиз, — деди Ҳайит ака сал мулоҳазадан сўнг очиқ тан бериб. — Аммо қизимиз ҳали ўқияпти. Яна уч йил ўқиши керак.
— Ўқишни давом эттираверади, — шошқин гапга аралашди аёл меҳмон. — Худога шукр, келинни ўқитишга қурбимиз етади. Иккаловининг юлдузи мос тушса, бас. Қизиз ҳақида яхши гаплар эшитганмиз.
Мезбонларга жавоб маъқул тушди. Аммо бир нафас ўйга толишди.
— Биз ҳали қиз чиқармоқчи эмасдик, — эрини тушуниб, гап қўшди Нилуфар хола. — Тайёрлигимиз ҳам йўғиди. Замон ўзгариб кетди.
— Ҳаракатларимиз бошланганидан кейин тайёргарлик ҳам ўз-ўзидан битиб кетади, холажон, ташвишланманг.
— Бизга ҳеч нима керак эмас, опажон, — эркак меҳмон дангалига кўчди. — Бизга яхши одам, яхши келин керак. Замонга қараб иш тутаверамиз.
— Айтасиз-да, укажон, — деди ўйланқираб Нилуфар хола. Кўнглидан эса: «Розилик олгунча шундай дейишади. Нағмалар кейин бошланади», деган ўй ўтди.
— Агар маъқул топсангизлар, дам олиш куни қизларингиз билан Ёқубжонни учраштирайлик, шояд бир-бирларини ёқтиришса, — деди ногоҳ аёл меҳмон.
Мезбонлар бир-бирларига қараб олишди. Ҳайит аканинг ичидан бир нима узилиб тушгандай, бўшашиброқ кўзини ерга сузди. Аёли эса ўзини йўқотмай:
— Ўйлаб кўрайлик, маслаҳатлашайлик, — деди.
— Ҳа, тўғри, — жонланди Ҳайит ака. — Фикримизни кейин айтамиз.
Ўша кеча эр-хотин деярли ухлашмади. Гоҳ «қудалар»ни мақташди, гоҳ улардан айб излашди, гоҳо баҳслашиб, қаттиқ-қурум гапларга ҳам боришди.
— Ўзига тўқ, бадавлат бўлгани тузук, аммо ўзимизга ўхшаган мусофир экани янада яхши, — деди ниҳоят Ҳайит ака.
— Ҳа-я, — маъқуллади хотини, — тенги чиқса, текин бер, дептилар.
Ҳайит ака хохолаб кулдию дарҳол тиниб, аёлини кесатди:
— Ол-а, тенги эмиш. Ўзларини кўтариб юбормадиларми ишқилиб?
— Кулманг. Мен кўрпамга қараб оёқ узатаман.
Ҳайит ака билан хотини қўшни икки вилоятдан пойтахтга келиб қолишган. Иккаласи ҳам ўқишга кириш учун тўқимачилик комбинатида ишлаган. Ўша ерда танишиб, турмуш қуришган. Икки қизларини тошкентчасига турмушга чиқаришган: хилма-хил саруполар, мебеллар, антиқа совғалар аялмаган. Етти йиллик танаффусдан кейин туғилган Нозимага навбат етганда вазият ўзгариб, орзу-ҳаваслар йўли торайиб кетди. Эр-хотиннинг баҳси кўпинча шунга бориб тақалади.
— Ўз одатимизни қилаверамиз-да, отаси, — деди ниҳоят пастроққа тушиб, Нилуфар хола. — Қалин пули сўрамаймиз. Шунга қараб, мебел ҳам олмаймиз.
— Нозиманг ўксимайдими? Опаларимдан қаерим кам демайдими?
— Деса дер, илож қанча. Қиз болани ортиқ тутиб бўлмаса… Яна шунақа совчиларга дуч келамизми, йўқми, худо билади.
— Гапинг тўғрию… — Ҳайит ака жимиб, хаёлга толди. Сўнг тўсатдан жонланди. — Нозимани камситиб қўймайлик. Майли, учраштиринглар, боланиям яхшилаб суриштиринглар.
— Бирор нажот йўли топиладиганми, отаси?
— Қарз оламиз. Қишлоқдан, у ёқ-бу ёқдан айланиб келарман балки.
— Ҳа-я, бойвачча оғайнилариз бор. Бир томонни кўтаришса…
Учрашувлар, «ўрганиш»лар масалани тезда бир ёқлик қилди: икки ойдан сўнг тўй. Ҳайит ака вақтни бой бермай ҳам тўйга хабар, ҳам қарз кўтариш илинжида поездга ўтирди. Юртдошлари, қариндош-уруғлари орасида бир неча йил бўлмаган эди, гина-кудуратлар ила қаршилашди. Яна у аниқ сездики, одамлар анча ўзгарган: авваллардагидай эзмаланиб ўтиришлар, чуқурроқ сўрашувлар йўқолгандай. Ҳамма ўзи билан ўзи оворадай. Бекорчихўжалар эса бировга қайрилиб боқишга, сўрашишга эринадигандай. Гўёки бегоналашув жарлиги тобора кенгайиб, чуқурлашиб бораётгандай, йирик-йирик дарз кетишлар рўй бераётгандай.
«Наҳотки яшаш учун кураш кишиларни шунчалар тез ўзгартирипти, — деди ўзига ўзи Ҳайит ака. — Бозор сиёсати шунақа кечармикан, а?»
Иккинчи куни кечқурун ёлғиз колишганда Ҳайит ака фермер укасига кўнглини ёрди:
— Тайёргарликсиз тўй бошлаб қўйдик, ука.
— Қанақа тўй, ака? — Нечундир хавотир аралаш талмовсираб сўради ука.
— Жиянинг Нозимани узатаётибмиз.
— Э, муборак бўлсин! Бўйи етиб қолдими, а? Амакилаб, елкамга ёпишарди, қўлтиғидан тутиб, тепага отардим. Яна-яна деб, мени чарчатарди. Худди кечагидай.
— Ҳа, йиллар от чоптириб ўтаёпти. Бормаганинггаям анча бўлди.
— Ўзингиз-чи? Эсиздан чиқай депмиз, — ука гинани чўзмай, ўзи қизиққан саволни берди. — Қудалариз ўзимиз томон одамлариданми?
— Ўзимиз тарафдан эмасу… — Ҳайит ака чайналди, — лекин ўзимиздай мусофир, қийинчиликларни бошдан кечирган кишилар…
— Хай, буниси тузук экан. Унда катта тайергарликнинг нима кераги бор, ака? Аввалги икки жиянда роса шилингансиз. Энди бундай қилманг-да, ака, замонга қараб иш тутинг: юмалоқ-ястиқ қилиб, жўнатинг, юборинг-да.
— Ўйлаб гапираёпсанми? Нозиманинг бошқалардан қаери кам?
— Ҳа, энди имкониз бўлса… — ука гапини тугатмай ерга қаради.
— Ферманг мени қувонтирди, — деди Ҳайит ака укасидан дурустроқ таклиф чиқишини кўзлаганча. — Бўрдоқиларинг семиз, сигирларинг гавмиш…
— Э, акажон, буларнинг ҳар бири оламча ташвиш, минг бир ғалва. Ҳали давлатдан олган қарзимдан қутилганим йўқ. Бошқалардан ҳам қарзим бор. Бунинг устига бойваччалар қаторига қўшиб, юлқийдиганлар кўп.
— Ҳм… Сенгаям осон эмас экан.
— Қийин, ака, жуда қийин. Орият деган туйғу бўлмаганда, ташлардим-кетардим. Ўзимни савдогами, бошқа ишларгами урардим.
Ҳайит ака ўйлай-ўйлай укасидан қарз сўраб, сухани синишини фаҳмлаб, бу хусусда энди оғиз очмасликни лозим топди. Яхшиси, ҳозир тумандагина эмас, бутун вилоятда тилга тушган, собиқ мактабдоши Ваҳоб Тадбирга йўлиқиш. Пули ачиб-бижғиб ётибди, дейишади. Йўқ демайди, карзини қистамайди ҳам. Мард одам. Шуни ўйлади-да, Ҳайит ака укасига тасалли бермоқ ниятида:
— Савдоям сен ўйлагандай осон эмас. Манаман деган савдогарлар ҳам синиб, бармоқ тишлаб қолаётган эмиш. Фермани ташлама, унда келажак бор, — деди.
Бу маслаҳатда ҳам қандайдир ишора бордай эди.
— Тўғрию… — ука яна нолимоқчи бўлди. Ака эса чўзмай муддаога ўтди:
— Эрталаб машинангда, айтганча, у кўринмаёптими, — ака айвон сари қараганча сўзини давом эттирди, — мени Ваҳоб ошнамникига обориб қўйсанг.
— Яхши ўйлабсиз, ака, — укаси қувончини яширолмади. — Тўйингизни бир томонини кўтариб юбориши ҳеч гап эмас. Менда бўлганида сиздан аярмидим?
— Сендан машина сўрадим, холос.
— Мирзаёр жўрамга айтаман, сизни обориб қўяди.
— Ўзинг-чи? Бирга меҳмон бўлардик.
— Хафа бўлманг, ака, ишим жуда кўп. Ҳозир бориб, Мирзаёрга айтаман.
Акаси оғрингандай бўлганини сезиб, ука:
— Машинани тележкали тракторга алмаштирганимга анча бўлди-ку, ака, — деди. — Эшитмаган экансиз-да.
— Эсиз…
— Ачинмийман. Трактор икки-уч ҳисса кўпроқ ёрдам беради менга. Унда ер ҳайдайман, ем-хашак, ўт-беда ташийман, бозорга қатнайман. Шунда молларнинг нурисини ортиб, сотаман.
— А? — Ҳайит ака укасига ағрайиб қаради. — Молни бў…ини сотасанми?
— Ажабланманг, ака, бу замонда эвини қилсангиз — ҳамма нарса пул. Ҳатто яхши маслаҳат ҳам пулга сотилади…
Ҳайит ака туни билан ўйлаб, ухлолмай чиқди. Антиқа замон, унга қараб ўзгараётган одамлар, мослашолмай довдираб юрган кимсалар ҳақида бош қотирди. Мирзаёр ҳақида ҳам ўйлади. Негадир унинг келишига ишонмади. Машина мойи палон пул, ишдан қолиш… Йўқ, ҳар қалай, Мирзаёр кўп куттирмади: кун кўтарилмасдан дарвоза олдида унинг эски «араваси» «би-бип»лади. Сал ўтмай, Мирзаёрнинг очиқ чеҳрали, ғўла қиёфаси Акахон рўпарасида пайдо бўлди:
— Тайёрмисиз, ака? — сўрашувдан сўнг суриштирди у.
— Тайёрману аммо сизни овора қилаётганимдан хижолат чекиб турибман.
— Хижолат чекманг, ака, қандай бўлиб, ишингиз тушибди, худога шукур, имкон бор экан, тайсалласак, уят бўлади.
— Раҳмат, ғилдирагингиз доимо айланиб турсин.
Мирзаёр жилмайиб қўйди.
— Ҳалиям дурадгорлик қиляпсизми? — Анча йўл босганларидан сўнг ҳайдовчидан сўради Ҳайит ака.
— Баъзан-баъзан, буюртма чиқиб қолганларда бораман.
— Ишқилиб, тирикчилик юкини тортадими?
Мирзаёр бир нафас сукут сақлади. Сўнг тортинганнамо оҳангда:
— Сиздан яширадиган сир йўқ, ака, — дея Ҳайит акага қараб олди. — Асосий юкимизни мана шу қирчанғи тортиб турибди. Худога шукур, нолимайман, бизани шу боқаёпти.
Бунақа гаплар Ҳайит ака учун янгилик эмас. Рости, ҳозир ҳамма ёқда киракашлар тиқилиб ётибди: исталган вақтда исталган тарафга улов топилади. Жуда қиммат ҳам сўрашмайди — рақобат ҳукмрон. Мирзаёр ҳам шундайлардан бири-да.
— Ҳаракатда баракат бор деганлар, — Ҳайит ака Мирзаёрни рағбатлантирди.
— Бунинг уятли жойи йўқ. Энди, укажон, агар ошнамни топсам, мени қолдириб қайтасиз. Агар олисроққа кетган бўлса, бирга қайтамиз.
— У киши беҳудага бир қадам ҳам силжимайдилар. Ҳамма ишни ўтирган ерларида, тилпонда бошқарадилар.
— Тўғри, ошнам вақтнинг қадрига етади. Тўғри қилади.
Ҳайит ака икки ошиёнли, ҳашаматли, ғиштин бино ўртасида ўрнатилган нақшли дарвоза ёнида машинадан тушди. Шу заҳоти ичкаридан қоп-қора бир йигит қўл қовуштириб чиқди.
— Хўжайин бормилар? — Мирзаёр ундан сўради.
— Ҳокимиятга кетувдила. Ярим соатда қайтсалар керак, — йигит гапирган кўйи меҳмон билан кўришди. — Ичкари киринг, тоға. Мен сизни танидим.
— Шунақами? Раҳмат! — Ҳайит ака йигитнинг елкасига кўл уриб қўйди-да, ортига қайтиб, машина тумшуғида ўралашган Мирзаёрнинг кўйлак чўнтагига иккита икки юз сўмлик яп-янги пулни тиқиб қўйди. — Раҳмат сизга!
Мирзаёр чўғдай қизарганча Ҳайит аканинг билагидан шошқин тутди-да, ҳалиги пулни йўловчисининг костюми киссасига қайта соларкан:
— Ҳали одамгарчиликни йўқотганимиз йўқ, ака, — деди. — Одамни уялтирманг.
— Рўзғордор одамсиз. Мен чин кўнглимдан чиқардим буни.
— Хаёлизгаям келтирманг, — Мирзаёр ортига тез бурилиб, машинага ўтирди. — Қачон келай, ака?
Ҳайит ака нечундир каловланиб, қора йигитга бирров назар солди. Буни ўзича тушунган йигит:
— Меҳмон энди устоз ихтиёрларида, — дея кулимсиради.
Ҳайит ака ошнасининг янги ҳовлисига аввал келмаган эди. Хизматкорнинг қистовига қарамай, уйга кирмай у билан биргаликда ҳовлини, ажиб ва шинам боғни кўздан кечирди. Тадбиркор ошнасининг дадиллигига, дидию фаросатига қойил қолди. Дарвозадан кираверишдаги хилма-хил гуллар камалаги ташриф буюргувчида гуллар пешвоз чиқаётгандай таассурот уйғотади.
Ташқарида машина товуши ҳамда Ваҳоб Тадбирнинг кимгадир топшириқ берган овози эшитилди. Кўп ўтмай, енги калта, яп-янги, зарғалдоқ шойи кўйлак, бошига сомон шляпа кийган, олтмиш ёшлар кўринишидаги чўзинчоқ юзли, буғдой ранг Ваҳоб Тадбирнинг таниш сиймоси кўриндию Ҳайит ака беихтиёр олдинга интилди.
— Э, келинг, келинг, Ҳайитвой ака, — Тадбиркор қадамини тезлатиб, меҳмонга пешвоз юрди. Гарчи, меҳмон ёшроқ эса-да, ўзи ҳурматлайдиган кимсаларни бу одам «ака» сифати билан чақиришга одатланган. — Кўринмай кетдингиз?
Иккала ошна қучоқлашиб кўришдилар. Дарҳол меҳмон кутиладиган узунчоқ, айни пайтда кенггина, баланд, нақшинкор хонага кирдилар. Стол усти аллақачон турфа меваларга, маъдан сувлару ширинликлрга тўлатиб ташланган эди. Ҳа демай, идишларда сузма, салатлар, кўкату суюқ овқатлар бирин-кетин кела бошлади.
— Хўш, Ҳайитвой ака, юзта-юзта қиламизми?
— Ўзингиз-чи? — Кулиб сўради меҳмон. Чунки у ошнасининг ичкиликка ҳуши йўклигини яхши биларди.
— Меҳмон бўлиб келибсиз, ичмасак бўлмас, — кўзини қисиб деди мезбон. Ваҳоб Тадбирнинг ичиш усули меҳмонга сир эмас: алёрлар айтилади, қадаҳлар тўқнашади, меҳмонга аввал ичказилади, сўнг бу одам кадаҳни лабига теккизиб, бирор идиш панасига қўяди.
— Биз ҳам ичишни ташлаганмиз, ака, — деди дангал Ҳайит ака.
— Йўғ-э, ҳазиллашманг, — мезбон «Тошкент оқшоми» деган ажиб суратли шишани очишга уринди. — Битта оласиз энди.
— Йў-йўқ, рости, Ваҳобжон ака, — меҳмон шишага тармашди. — Анча бўлди, ичмаяпман. Бас-да энди шунча гуноҳларга ботганимиз. Гаплашиб ўтирайлик.
Фикр маъқул тушди. Суҳбат қизиди. Уй эгаси улардан хабар олиб турган хизматкор орқали ҳар хил кўрсатмалар берди, ўзи билан олиб юрадиган жажжи, ҳозиржавоб аппаратдан кимларгадир жавоблар қайтарди.
Ниҳоят меҳмонни илҳақ этган муддаога ўтиш мавриди ҳам етди:
— Кенжа қизимизни узатаёпмиз, ака. Сизни тўйга айтгани келдим.
— Тўй қачон?
— Августнинг охирги шанбасида. Наҳорга ош беришни мўлжаллаяпман.
— Яхши, муборак бўлсин! Ҳали вақт кўп экан, насиб қилса, борармиз.
— Сиз бормасангиз бўлмайди, ака.
— Худо хоҳласа, борамиз.
— Шу, денг, ака, — меҳмон тортинганча мулозаматни узоқдан бошлади, — аввалги икки қизимизга бор орзу-ҳавасни қилган эканмиз, бор-йўқ бисотни ишлатибмиз.
Ваҳоб Тадбир сезгир одам, гап пайновини илғаб:
— У даврлар ўтди, — деди кулганча. — Ҳар ким ўз кўмачини ўзи ичади. Отанг бозор, онанг бозор дейдилар.
— Тўғрию… шу келиниз… — меҳмон чайналди.
— Биламан, Тошканда қиз чиқариш қурсин. Эшитганман: тошканлик уч қиз чиқарса, сўроқсиз жаннатга кирармиш.
— Камина ҳам тошканлик бўлмасак-да, жаннатга номзодмиз, — синиқ кулди у.
Ваҳоб Тадбир тишининг оқини кўрсатди ва:
— Эслатмабсиз-да, шу ёқдан тузукроқ қуда топардик, — деди ҳазиллашиб.
— Ўшанда ҳам қараб ўтирармидик. Ўрганган кўнгил деймизми, тарки одат амри маҳол деймизми…
— Хўш, нима қилмоқчисиз?
— Сизга юкиниб келдим, ака.
— Хаа… — Тадбиркор ўйланиб қолди. — Кўки билан ҳисоблаганда сизга бирор минг керак-да.
Ҳайит ака пул ҳамёнга нақд кирган каби қувониб кетди.
— Топдингиз, ака, яшанг! — деб юборди беихтиёр у. — Бир йилда қарзни узаман.
— Ҳайитвой ака, гап бундай, — мезбон гапни чўзгиси келмади. — Тўғри, бундай қараганда — бойман. Рости ҳам шундай. Катта боғим, чорвоғим бор, чорвам бор. Пахтам ҳам бор. Ҳар йили ипак қурти боқаман.
— Бундан-да зиёда бўлинг, ака.
— Лекин қарз беролмийман-да.
— Нега? — Анқайди меҳмон. Гўё у чанқоқ эдию косадаги муздай обиҳаётга қўл чўзганида бармоқлари титраб, қалтираб, коса ағанади, сув тўкилди. — Ишонмайсизми? Ҳиссасини чиқариб…
— Ундай деманг, мен фоиз оладиган судхўр эмасман. Аммо бирор кимсага ҳам қарз бермасликка қасам ичганман.
— Қасам? — Бу сўз лаънат ёпишган косани энди чил-чил синдирдию ичидаги сўнгга томчилар ҳам сочилиб кетди.
— Хафа бўлмайсиз, ака, шундай қасам ичишга ҳаёт мажбур қилди.
— Ҳаа…
— Бировга қарз берасизки, ҳожатини чиқарсин, ишини битирсин, ўзини ўнгласин, дейсиз. Лекин яхшилик баъзан ёмонликка айланиб кетади.
— Ҳар хил одамлар бор, — минғирлади меҳмон.
— Икки яқин одамим панд берди менга. Танийсиз. Кимлигини айтмийман.
— Қарз сўрашувдими?
— Биттаси уч минг, иккинчиси беш минг кўкидан олувди. Икковиям бир ойда қайтаришга сўз берувди. Мана, икки йилдан ошдики, мени кўрса, ўзини панага уради, мен бор ердан қочишади. Худди мен Азроил улар учун.
— Қизиқ, — дея Ҳайит ака ўша одамларнинг аҳволини кўз олдига келтирди. — Хатога йўл қўйиб, пулдан ажралишгандиру энди хижолат чекишаётгандир балки.
Ваҳоб Тадбирга бу мулоҳаза ёкмади чоғи, пешонаси тиришди. Сўнг:
— Ҳеч бўлмаганда олдимдан ўтиши, салом-аликни йўкотмаслиги мумкинмиди? Хуллас, ҳам икки яқин одамимдан, ҳам бойлигимдан айрилдим, — деди. — Энди тўй масаласи… — у бош қашиди, — тўйга бораман. Аммо қарз бермийман. Ортиқча пулим ҳам йўқ. Қирқ-эллик одам ишлатаман. Уларнинг тирикчилиги — зиммамда. Бошқа хўжаликларда одамлар йиллаб иш ҳақи ололмаётган ҳолда мен хизматчиларим билан ойма-ой ҳисоб-китоб қилиб бораман.
— Сизни биламан-ку, бу борада тенгиз йўқ…
— Тўйга мева-чева, эллик-олтмиш минг сўм тўяна билан борарман.
— Шунисигаям раҳмат, ака… Бошқа бировдан қарз кўтарарман.
Ваҳоб Тадбир ошнасига ғалати қаради: «Кулоғингға тамбур чертдимми, ошна? Менданки бир нима чиқмагач, сенга ким шунча микдорда қарз беради?» Ўтиришнинг ҳам, суҳбатнинг ҳам қўри ўчди. Ҳайит ака энди бу ерда ортиқча қолишни эп билмади, кетишга изн сўради. Тадбиркорнинг иши ошиб-тошиб ётарди, эътироз билдирмади:
— Биламан, сизга ҳозир қийин: иш кўп; чоп-чоп. Бу кеча қолсангиз бўларди, аммо аҳволизни кўриб турибман. Кўпам эзилманг, тўй ўтади-кетади, соғлиқ керак.
— Раҳмат… — бўшашибгина хайрлашди меҳмон.
Икки кун ичида Ҳайит ака яна икки бойвачча ошнасининг олдидан ўтди. Бироқ улардан ҳам тайинли ваъда олмагач, тушкунликка тушиб, ғарибона кайфиятда уйига қайтди. Унинг афт-ангорию ҳолатини кўриб, хотини ҳам, қизи ҳам вазиятни тушунишди. Шу боис қарз-қурз хусусида гап очилмади.
«Бетимнинг қалини — жонимнинг ҳузури», деб индамай бош эгиб ўтиришдан ўзга чора қолмади», дея у ўзига тасалли берди пойтахтлик танишларидан ҳам натижа чиқмагач. — Бир ҳисобда шунисиям маъқулдир. Қарздан қутилиш дардиям бор-ку ахир. Майли, Нозима таъналарга чидар… Эҳ…»
Аммо шу орада кутилмаган тарафдан офтоб чиқиб, совуқ танага гўё оташ пуркади. Худо кўнглига солдими, Ҳайит аканинг қийналиб юрганини орқаворотдан эшитдими, куда бўлмиш эр-хотин фавқулодда сим қоқишдию сал ўтмай уларнинг ўзлари ҳам ташриф буюришди.
— Аввало, қудажон, — дея сўз бошлади эркак қуда бир оз ўтиришганидан кейин, — мен бошда айтдим: мебел-себеллар, у-булар керак эмас, дедим.
— Ҳа, айтдиз, — деди Ҳайит ака шуурсиз овозда. — Ўзи шунақа замон келди.
— Лекин сезиб юрибман: орзу-хавас ҳаракатидасиз. Эл олдида…
— Ҳа, албатта, орзусиз одам борми?
— Орзунгизни бемалол амалга ошираверинг, қудажон. Мен қарз бериб тураман.
— Қандай бўларкин? — Кизаринқиради Ҳайит ака.
— Сизга қанча керак ўзи?
— Э, сўраманг, — Ҳайит ака рақамни айтишга ботинолмай ерга қаради. — Ўзи тўйга тайёргарлигимиз йўғиди-да.
— И-ҳм… — ўйланди қуда. — Икки минг билан битадими ишингиз?
— Қанийди! — деб юборди уй эгаси беихтиёр.
Қуда тайёрлаб келган экан чоғи, оппоққина, юпқагина костюмининг ички чўнтагидан йигирмата 100 рақами ёзилган суратли, кўкиш қоғозни олиб, Ҳайит аканинг рўпарасига қўйди:
— Ана, олинг, тортинмай ишлатаверинг. Фақат сифати паст нарса олакўрманг. Етишмаса, яна бераман. Қиммат бўлсаям асл нарса яхши-да, кудажон.
— Э, одамни уялтирдиз… — чўғдай қизарди Ҳайит ака.
— Уялманг, қудажон, қаддизни асло букманг. Энди биз қариндошмиз. Қўйнидан тўкилса, қўнжига дебдурлар. Хўп, бизга рухсат, — қуда қўзғалди.
— Йў-ўқ, овқат қиляпти қудангиз.
— Овқат қилганларига қўймадим, — дея ичкари кирди аёл қуда. — Вақтимиз зиқ, қудажон.
Меҳмонларни пастгача кузатиб қайтаркан, Ҳайит ака хотинига:
— Худо қизимизнинг бахтини берганга ўхшайди, — деди.
— Айтганиз келсин, отаси, — дея онаизор ҳам қувончини яширолмади. Чиндан-да, ота-онаю қизнинг ҳам орзуси ушалди. Нозиманинг егани олдида, емагани орқасида: бунақа кийинишларни ҳатто опалари ҳам тушларида кўрмаганлар; дорилфунунга аввалгидай автобусларда эмас, куёв боланинг сақичдай қоп-қора «Мерседес»ида қатнайди.
Вақт дарёси эса шиддатли оқар, ҳафталару ойларни қаритарди. Ҳа демай, Нозима ҳомиладор бўлиб, ҳаммани қувонтирди. Лекин ҳаёт фақат қувончлардан иборат эмас. Нозиманинг ота уйига навбатдаги ташрифи чоғида Ҳайит ака буни яққол ҳис этди. У қизини паришонроқ ҳолда кўриб, ҳол сўради:
— Ҳа, қизим, нима бўлди? Тобинг йўққа ўхшайдими?
— Йўғ-э, тузукман… — Нозима секин хўрсинди.
— Ёқубжонни ишлари жойидами? — Хавотирланиб сўради онаси.
— Билмасам, ишлари чатоқроқ чоғи. Чет элда ёмон тушганлар. Кўп нарсалардан айрилибмиз…
— А-ха… — юраги зирқирагандай бўлди Ҳайит аканинг. Кўз ўнгидан саккиз ой муқаддам рўпарасига қўйилган кўк қоғозлар ғириллаб ўтди. Ажабо, эсидан чиққанмиди? Сираям-да. Лекин уни қайтариш йўлларини ўйлаб кўрмаган экан. Худдики, йўллар беркдай кўринган. — Қарзни сўрашмадими ишқилиб?
— Йўқ, — қиз отасини аяшга уринди: ўтган гап-сўзни силлиқроқ тушунтирди гўё. — Фақат қайнанам: «Қудамларни ишлари юришаёптими?», деб сўрадилар.
— Ҳа, ана, ҳаракатларингни қилинглар, дебдилар-да, — деди Нилуфар хола аччиғланиб. — Уялмай-нетмай… Ахир ҳаммаси ўзларига сарфланди-ку!
— Ундай дема, — эри унинг сўзини кесди. — Биз қарз олганмиз, қарз!
— Жа зор қолишмагандир, шошилтирмасалар ҳам бўларди.
— Шошилтиришгани йўқ, ойи, — деди Нозима оқаринқираб.
— Эслатганлари яхши бўлибди, — дея Ҳайит ака ўрнидан турди. Пастга тушиб, атрофни кезди. Оёқлари аранг кўтарилиб, оғир тушар, навбатдаги кўтарилишда ер гўёки ўзига қараб тортар — эгасининг елкасидаги зилдай юк уни қапиштирмоқчига ўхшарди. Шу боис Ҳайит ака кўп юролмай, юраги сиқилиб, тез қайтди. Қизи отаси билан хайрлашмай кетгани учун узр сўрабди.
— Қарздан тезроқ қутулиш керак, хотин, — деди Ҳайит ака хонтахта рўпарасига оғир чўкиб. — Қарздорлик ёмон: одамни тили қисиқ, бошни эгик килади.
— Озмунча бўлмаса бу сабил… Нима қиламиз?
— Ўйладим: жума куни маош билан бирга нафақани оламан.
— Ўйлаб гапиробсизми, отаси? Иккаласи йигирма доллиргаям етмайди-ку?
— Қирққа яқин боради. Уч ойлик маош ҳам бор. Ҳар қалай…
— Хўп?.. — Синиқ, ажабтавур кулди хотин.
— Умримда қилмаган ишни қилишга мажбурман.
Аёл кўзларини жавдиратиб, эрига қаради: «Нима қиласиз?»
— Бор пулга хом писта келтираман, қовуриб берасан. Яна қурут-пурут, сақич дегандай. Яқинимизда мактаб, боғча бор. Болалар буларга ўч.
— Вой ўлмасам, ҳазиллашобсизми?
— Ҳазил кўнгилга сиғадими, хотин? Ишдан қайтгунимча ўзинг эплаб турасан… Сарёғ, шакар ейишни ҳозирча тўхтатайлик. Қарздормиз-а… Уят -ўлимдан ёмон…
Орадан бир ҳафтача вақт ўтиб, писта сотувчилар сафига янги рақиб қўшилди.