Муҳаммад Салом. Ўзганинг дилбанди (ҳикоя)

-Ҳуу отаси, туринг, турақолинг энди…
 Олисдан таралгандай майин овозни Отаси гўё эшитмас, кўрпага бурканганча қимирламай ётарди. Шунда овоз эгаси “қаср”га оёқ томондан қўл узатиб, кўрпани силкитди:
 -Туринг, отаси, келиниз чойга чорлаяпти, келин қўлидан чой ичмайсизми, отаси?
-А?.. Келин… – отаси аввал қўзғалди, сўнг бошидан кўрпани сураркан, кўзларини очолмасдан, уйқусираган каби ғўнғиллади. – Келдими? Қа… қаерда?
-Туш кўраяпсизми? Қаерга келади? Келин уйда, – деди аёл эрига раҳми келганча бош тебратиб. – Кўзизни очинг.
Шундагина Отаси кўзларини аранг очиб, тепага нигоҳи қадалдию қаерда ётганини англади: оппоқ дока – пашшахона, унинг устида шийпон шифти – яшилга бўялган, калта, сербар тахталар хира ҳолда кўринади. Чап ёнида, пашшахона ортида сафсар рангли халат кийган хотини чўнқайганча, ярим илжайганча унга кўз тикиб турибди. У ўзини қувноқ тутишга уринса-да, анча ҳориганлиги, уйқуси чала кечганлиги яққол сезилади. Рўпарадаги тўрт қаватли уйнинг томидан тушаётган чироқ шуъласи аёлнинг қийиқ кўзларида қандайдир мамнунлик, ички қаноатланиш ҳисси балқиётганини ошкор этади.
-Тинчликми? Саҳардан товуққа ўхшаб қоғоғлаб ўтирибсан? – эр ёлғондакам тўнғиллади. Аслида ҳам уйқуси бузилганидан, бевақт безовта қилинганидан у хурсанд эмас эди. Тўй ҳаракатлари, елиб-югуришлар уни бир мунча толдирган, бу толиқишлар бир кечалик уйқу асносида бартараф этилиши маҳолдай туюларди. Бу фикрни тасдиқлаган каби оёқларида, белида – бутун вужудида қандайдир майда оғриқлар хуруж бошлар эди қимирлаган чоғида.
-Саҳар қолибдими, отаси, – деди хотин ярим шавқли товушда. – Келин туширган одам кўчада бундай ётмайди-да, ахир. Бундай турииб, келинизни саломини қабул қилсайиз, кўрманайизни чўзсайиз… Бирга-бирга чой ичсак…
-Хўп, боравер, – дедию Отаси шундагина биринчи қаватда яшайдиган қўшнисининг боғчасида – иккита кўп қаватли уй оралиғида жойлашган шийпончасида эканини, ҳа демай, йўлакдан ўтувчилар кўпайишию унинг талтайиб ётиши одамлар кўзига хунук кўринишини эслади ва устидаги кўрпани оёқ сари сурди-да, энкайганча пашшахона “девори”ни кўтариб, ўзини ташқарига олди. Хотини “уйча”ю тўшакни йиғиштиришга ёрдамлашаркан:
-Энди шу чайлада ётишниям тўхтатсайиз бўлар, – деди эрига ичи ачишиб. – Кўчни ҳозир уйга олиб кирақолайлик.
-Йўқ, ҳали шошмай тур, – бир нафас ўйлаб олгач, деди Отаси. – Келинимиз уйга бир оз ўрганишсин… Кўчиш қочмас…
-Шамоллаб-нетиб юрманг дейман-да: кечалари анча салқин. Ахир ҳеч қачон кўчада бунча қолиб кетмагансиз-а.
“Кўчада” сўзи Отага эриш туюлиб, энсаси қотди: “Нега кўчада бўларкан? Буни қаср демайсанми?”
Бу фикрини у ўзича асослади: ётган жойининг таги ертўлага ўхшатиб қурилган ихчамгина хона, унда эгасининг уйига сиғмаган ашқол-дашқоллар қўйилган. Унинг устига гирди ажиб гуллар билан нақшланган, каттагина темир каравот ўрнатилган. Бунинг ҳам ўз томи бор – қалин қувур-устунлар воситасида икки газча кўтарилиб, тепаси чиройли тунука билан қопланган. Каравот атрофи кўздан пана – жонли тўсиқ-дарахтчалар ила бурканган. Рўпараю биқиндаги ерга бир тупдан олма, ўрик ва гилосдан ташқари рангго-ранг атиргуллар экилган. Гуллар оловдай ёниб, қуёшдай балқиб, кўзларни қувнатиб турибди. Фақат булар унга, ўзига қарашли эмас-да! Аммо бунинг аҳамияти йўқ. Эгаси ташқарида ётишдан қўрқади ёхуд уялади. Қайтага текин қўриқчи борлигидан кўнгли тўқ. “Қўриқчи” эса қаватли уйларнинг диққинафас ҳавосига тоқат қилолмайди. Хар йили ёз чилласи бошланиши билан мана шу шийпончага тушиб олади, то август охирларига қадар пашшахона тагида ҳузурланиб ётади. Бу йил эса “дала ҳовли” гашти анча чўзилди – мўлжалдан нақ бир ярим ой ошди. Шароит шуни тақозо этди-да… Келин унаштирилганидан буён учинчи қаватдан меҳмон аримаса, нима қилсин?
-Бу йил куз бизга мослашди-да, Онаси, – деди ниҳоят Отаси аёлининг гапига жавобан. – Асосийси – тўйни ўтказдик, энди ҳеч нимадан чўчимаймиз.
-Раҳмдил Эгамнинг марҳамати бу, Отаси, – деди аёли мамнун оҳангда. Сўнг қўшиб қўйди. – Чойгумда сув, артинишга сочиқ туширдим. Ҳаялламанг.
Онаси шундай дея йиғиштирилган пашшахонаю тўшакни каравот панжараси сари сурдию зинадан пастга тушиб, учинчи қаватга йўлланди. Эри ўйчан қараб қолди: “Энди буёғи қандай кечаркин? Уйи торнинг кўнгли тор бўлиб қолмасмикан?”
У ўзини кўнгли тор ҳисобламас эди, барча яқин кишилари уни эшиги ҳам, дастурхони ҳам очиқ деб айтишарди. Лекин ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бор. Хоналари тор ва бир-бирига яқин қаватли уйлар кенг ҳовлига тенг келолмаслиги сир эмас. Хусусан, оилага янги, аввал бошқача муҳитда вояга етган, ўзгачароқ аъзо қўшилганда вазият қалтисроқ тус олиши ҳам мумкин. Агар келинчак оилага дарров қўшилиб-қорилиб кетса-ку, ҳеч қандай муаммо туғилмайди.
-Бордию… йўқ, йўқ, унақасини Худо кўрсатмасин! – личирлади у ювинаётган чоғида.
Шийпон зинасидан пастлар экан, йўлак топ-тоза, сув сепилганини кўриб, у лол қолди: “Ажабо, қачон улгуришди? Кимнинг иши бу? Ёнгинамда шунча иш қилишибди, сезмабман. Демак, қотибман-қолибман-да…”
-Ҳмм… Келинимиз! – ногоҳ унинг дили ёришиб, ҳамма чарчовлари зумда тарқалди. Бу лаҳзада у учинчи қаватга кўтарилиб, ўз эшиги рўпарасида тўхтаган, пастдан юқорига қадар барча зиналар, ён тутқичлар, ҳатто тўртинчи қаватга кўтариладиган пиллапоялар ҳам артилиб, ювилган – ғуборсиз ялтирар, салқин, намхуш ҳаво бурунни сийпалар эди. – Худога шукур, келиндан ёлчибмиз, чоғи… Лекин бечорагинам… шунча майдонни қандай эпладинг? Ўзи ухладингмикан?..
Эшик ним очиқ эса-да, Отаси кўрсатгич бармоғи орти билан уни икки маротаба оҳиста урдию қисқа йўталганча остона ҳатлади. Йўтални эшитиб, хотини катта хонадан шошилиб чиқди. Деярли ҳаммалари ўша хонада нонушта қилишарди. Қизи, кичкинтойи ҳам дастурхон атрофида. Фақат келин-куёв кўринмаяпти.
-Киринг, Отаси, – аёли уни тўрдаги кўрпачага чорлади. Фарзандлари ҳам салом берганча қимтиниб-сурилиб, оталарига йўл бўшатишди. – Келиниз чой дамлаяпти.
-Акмалжон ҳалиям ухлаяптими? – У ён-бу ён аланглаб, сўради Отаси.
-Акам бозорга кетибдилар, – кулимсиради Дилрабо.
-Бозорга? – Таажжубланди Отаси. Чунки, унинг билишича, уйда ҳамма нарса бор, бозор қилишга эҳтиёж йўқ эди.
-Бирор нима керак бўлгандир-да, – дедию аёли унга кўз қисиб қўйди.
Аслида ҳам ўғил нечундир отасига кўринмасликка уринаётган эди.
Оила бошлиғи тўрдаги кўрпачага ўтираркан, қўлларини кўтариб, дуо айтдию юзига назх тортди. Айни шу топда очиқ эшикда товусдай товланувчан атлас кўйлак кийган, бошига юпқа, зарринли оқ шоҳи рўмол тўшаган узунчоқ, нозиккина хилқат намоён бўлди.
-Ас-саомм, дадажон… – деган шивир эшитилди. Сўзларни қайната аранг илғаб, қаддини ростладию:
-Валейкум ассалом, баракалла, кўўп яшанг, қи-зим… – деди нечундир ўнғайсизланиб. Охирги сўзи тилида у қадар қовушмагандай туюлди. Бундан ўзи ажабланди. Нега? Ўз фарзандидан ўзгани биринчи маротаба “қизим” дегани учунми? Бу сўз ногоҳ ўзини кексайгандай кўрсатгани боисми? Бегона қизларга у асосан “синглим” деб мурожаат этар эди. Келинини қандай чақиришни ҳеч ўйлаб кўрмаган экан. Шу сабабдан тили яхши айланмадими? Энди мослашмаса, бўлмасов. – Ўтиринг, қи-қизим…
Келинчак нимадир деганча орти билан юриб, ошхона томон ўтдию тезда чойнак кўтариб қайтди. Ошхонада чойни қайтарган чоғи, ўтирмаган кўйи ундан пиёлага қуйиб, пиёлани учта бармоқчасида тутганча, хиёл эгилиб, қайнатаси томон чўзилди.
-Раҳмат, бахтли бўлинг, – қайната шошиб қўл узатди. Пиёлани олгач, таклиф этди. – Ўтиринг, ўзингиз ҳам чой ичинг.
-Келинизга нима берасиз? Кўрманага? – Оҳангида қувонч балқиган овозда сўради қайнана. – Атаганизни чиқаринг, Отаси.
-Хўп, хўп, Онаси, ана, айвонда ўраб қўйилган ипак гиламни бердим.
-Раҳмат,- бошини хиёл эгиб шивирлади келин ва ортига юрганча даҳлизга ўтди.
Ота чойдан ҳўпларкан, оиланинг янги аъзоси ўтирмаганидан, чой қуйишда давом этмаганидан бир оз таажжубланди. Сўнг буни қайнатаси рўпарасида ўтиришга ийманганликка йўйди. Хаёлида эса оппоқ рўмолда келиннинг сал энкайиб, майингина “Ассалом” дегани нари кетмас, шундай кунга етказгани учун ичдан Оллоҳга шукроналик билдирар, унинг ҳам шу хонадонда палак ёйиб, ўз фарзандидай бўлиб қолишидан умидланар эди.
Шундай ўйлар оғушида у нонушта қандай кечганини сезмай ўрнидан қўзғалдию ўз хонасига ўтиб, кийимларини алмаштирганча ишга жўнади. Кечқурун қўшниларию яқинларининг томоқ тақиллатишларига жавобан “супрақоқди” ўтказди, ўзи ҳам танглайини “ҳўллади”гина эмас, созгина мириқди. Аммо масъулият юки чегарадан ҳатлашга изн бермади. Ахир ”сасиб-жийиб” келинга дуч келса, обрў қоладими?
Шу ўй бошини банд этгани боис даҳлизда дуч келган хотинига:
-Ман ётоғимга тушиб кетяпман, – деди кайфи борлигини сездирмаслик илинжида. – Бошқа бирор гап йўқми?
-Вой, ётоғизни кўчирувдик.
-Кўчирувдик? Нимага? Қаёққа?
-Шунчасигаям раҳмат, Отаси! Ўғлиз қўймади, тўшакларизни ўзи олиб чиқди. Айвонга ўрин солиб қўйдим.
-Начора, – кулганча у туфлисини ечдию шоша-пиша айвон сари юрди. Ўғлининг ишидан кўнгли кўтарилди. Чунки, куз кечикиб, кундузлари ҳаво анча илиқ эса-да, тунда шудринг, гоҳо қиров тушиб, кўрпа орасида ҳам совқотаётган, баъзан “уйча”га искабтопарлар ёприлаётган, очиқ қолган қўлу билакларини, гоҳида юзини ҳам бежаб, қўтирга айлантираёзган эди. Аммо тоза, салқин ҳавонинг ўрнини ҳеч нима боса олмасдики, шу туфайли яна катакка тиқилишни унча хушламасди. Эрталаб огоҳлантирганига қарамай аёли ўз билганидан қолмабди… Айвон эса жуда қулай: келин-куёв ётоғидан бир мунча йироқ, гап-сўзлар, ҳаракатлар деярли эшитилмайди. Шу йил бошида айвонга ромлар, иситиш батареялари ўтказиб, тахтадан каравот ясалган, узунчоқ, шинамгина хона юзага келтирилган эди. Тўйгача унда болалар ётиб туришар, шу ерда овқатланилар, суҳбату гурунглар ҳам асосан шунда ўтказиларди – у ҳаммабоп жой ҳисобланарди… Демак, вазиятдан келиб чиқиб, терраса Отасига ўтибди: “Яхши… Маъқул…”
 
* * *

-Тур, турақол, қизим, кеч бўляпти… – деган сўзлар гарчи паст овозда таралган эса-да, Отасининг уйқусини қочирди.
-Пича ухлай… Ҳали эрта-ку… – Дилрабонинг уйқусирагандай эринчоқ товуши отани ажаблантирди. Сўнг ўзича бундан маъно топди: “Ҳм, сут олиб келишни айтгандир-да… Ёш қизни саҳардан кўчага чиқаргунча бу ишни манга айтмайдими?”
-Турақол, асалим, кеннойинг кутиб қолди…
-Ўзлари қилаверсинла, нима ман уларга…
-Жим… у ят бўлади-я. Бўмаса ўзим бораман… – Онасининг қўзғалган шарпаси эшитилдию Дилрабонинг шошқин қад ростлагани сезилди. Буни тасдиқлаб:
-Йўқ, ўзим, – деган қатъиятли, зардага йўғрилган овоз кўтарилди.
Товушлар, шарпалар тинди. Отаси ҳайрон бош қашиди, сўнг қўл силтаганча яна кўзларини юмди. Бироқ энди уйқу уни батамом тарк этган эди. Худди бировнинг уйида ётиб, уйғониб кетгану уй эгаларини безовта қилмаслик учун ташқари чиқишга ийманаётган меҳмон каби ўзича тўлғаниб ётаверди. Бордию келини ёхуд ўғли ювинаётган бўлса…
Даҳлиз билан айвон оралиғида ошхона борлиги, боз устига, эшиклар ёпиқлиги шарпаларни бўғиб қўйса-да, уйғоқ Отасининг қулоқларига айрим ҳаракатлар саси барибир етиб келар эди. Бу саслар гоҳ кучайиб, гоҳ сўниб – жимиб қоларди. Ниҳоят, овозлар батамом йўқолиб, давомли сукунат чўкдию Отаси навбат ўзига текканини ҳис этди: кимнидир чўчитишдан ҳайиққан каби оҳиста юриб, бўм-бўш ваннага ўтди. Шоша-пиша ювинганча йўлакка чиқди. Ва кеча тонгда кечганидай яна дили ёришиб кетди: озодалик қандай яхши!
Ҳар бир қаватда ёғду сочаётган чироқлар топ-тоза, намхуш зиналарни ялтиратиб кўрсатади. Йўлакда авваллардагидай ёқимсиз, оғир ҳаво эмас, аксинча, кўнгилга хуш ёқадиган, енгил нафас кезинаётгандай…
Атрофдаги бошқа уйлардан фарқли ўлароқ бу уйга икки тарафдан эшик очилган, хонадонларга икки томондан кириб, чиқилар эди. Ажабки, яқин йиллар орасида кузатилмаган иккала томон кўчаю йўлаклар ҳам энди озода, саранжом-сариштали, супурилган, сув сепилган – сўлим.
“Келини бор уйнинг файзи бўлакча-да”, – дилидан кечди Отасининг. Бу ўйдан кўнгли кўтарилиб, ўзича ғурурланди. Кеча оқшом чойхонада зиёфат берганида шу йўлаклик қўшниси ҳам гўё уни мукофотлаган эди: “Бизни подъезд ҳам сонга кирадиган бўлибди-да. Раҳмат келинизга. Тарбияли экан…”
Отаси бошини адл кўтариб, атрофга разм солди. Бошқа уч йўлак эгасиз-қаровсиз каби чириган япроқлару хас-ғуборларга тўлиб ётар, жуда файзсиз кўринар, охирги йўлакнинг биринчи қаватида яшайдиган ўрта яшар аёлгина гулзорчасига ва ўз йўлагига шлангда сув сачратар эди. Аслида, ўша йўлакда ҳам икки ойча аввал тўй бўлган – талаба келинчак яшайди. Лекин… Э, ана, рўпарадаги уйдан, ўрта йўлакдан бир келинчак супургию челак кўтариб, ҳовлига чиқди.
“Қандай яхши… Қанча вақт давом этаркин? Дарвоқе, бу хонадонга тушганига бир йилдан ошдиёв. Чақалоғиям бор… Баракалла…”
У айвонга қайтиб кирганида тўшаклари ўрнида ноз-неъматга бой хонтахтага дуч келди. Ҳа демай, хотини, қизи, ўғиллари ҳам унинг атрофидан жой олишди. Худди шу лаҳзада парилардай товланиб, бошию юзига шоҳи рўмолини ташлаганча оиланинг янги аъзоси пайдо бўлди. У кечагидай сал эгилиб:
-Ас-сомалайкум, дадажон, – деди эшитилар-эшитилмас овозда.
-Валек… – дедию отанинг сўзлари бўғзида қотди, юзи яллиғланди. У сўзини давом эттиришга қийналаётгандай кўринарди. Миясидан эса: “Қизиқ, саломи маъносини ўзи билармикан? Балки кеча ҳам шундай салом бергандир, мен пайқамагандирман”, – деган фикрлар кечарди.
Унгача келин жажжи пиёладаги чойни уч бармоғида тутганча, ўрнидан туриб, ярим эгилган кўйи қайнатасига чўзди.
-Раҳмат, – деди хўрсиниқли оҳангда Отаси пиёлани оларкан ва ҳафсаласиз тарзда қўшиб қўйди: – Ўрнингиздан турмасдан узатаверинг чойни. Майли, мен розиман, қиз… келин…
Онаси, Дилрабо, Акмалжон ҳанг-манг бўлиб, оила бошлиғига кўз қадашди. Негадир отасининг кўнгли чўкканга чўкканга ўхшарди. Сабаб? Савол назари ила бир-бирларига нигоҳ ташлашди. Унгача келин ортига сурилиб, ошхонага кириб кетди. Онаси “Ўзи нима гап?” дегандай эрига кўз тикди. Эри гап чўзишни истамай:
-Нима кераги бор ортиқча такаллуфнинг, – дея тўнғиллади. Хаёлидан эса: “Буларга тушунтириш керакмикан? – деган ўй ўтди. – Ёки аввал келиндан суриштириш зарурми? Йўқ, орага совуқчилик тушмасин. Кейин…”
Ҳа демай, хонтахта атрофи бўшай деб қолди: кимдир ўқишга, кимдир ишга шошилди. Аммо Онаси нечундир ошиқмас, эридан нимадир кутиб, унинг оғзини пойларди. Отаси эса аёлининг саволини кутмасданоқ:
-Келининг чой ичмайдими? – дея ажабсиниб сўради.
-Сизни қавоғизга қараб чой ичсинми? – Пайти келганини сезиб, Онаси эрига найза санчди. Отаси ҳали рисоладан чиққанини, алиги гўё қандайдир ахлатлар ичида қолиб кетганини – саломга деярли алик олмаганини тушундию қизарганини кўрсатмаслик учун пиёлага ёпишди ва ундан бир қултум чой ичаркан, гапни бошқа ёққа бурди:
-Саҳарда Рабони уйғотаётувдингми? Қаёққа юбординг?
Уйда ҳамма Дилрабони “Дили” деб чақиришса, отаси “Рабо” деб эркалар, гўё чала атамани тўлдирар эди.
-Кеннойисига ёрдамлашди… – ярим қўрқув билан секингина жавоб қайтарди аёл. Сўнг нима қиларини билмаган каби дастурхондан у-буларни йиғиштиришга тутинди. Отаси кеча ва бугун саҳар чоғидаги озодалик боисини, иш кўламини эслаб, воқеанинг тагига етди. Аввал келинига ачинган бўлса, энди нозиккина қизалоғига раҳми келди.
-Ўша пайтда ҳаво жуда салқин, қоронғийди… – ўзини оқларди аёл.
-Яхши қилибсан, – деб юборди беихтиёр оила бошлиғи. Кейин ҳазиллашган бўлди: – Келинимизни аябсан, баракалла, меҳрибон қайнана.
Эридан рағбат эшитган аёл ногоҳ дили ёришиб, кўнглидагини айтди:
-Шояд қизиз ҳам ўрганиб қўйса!
-Э, ўзи шартмикан саҳардан шу ишларни қилиш. Супаю йўлакларни озода тутиш ахир ҳамманинг иши-ку! Келинларни қийнаш яхши эмас-да!
-Урф-одат шунақайкан, нима қиласиз, Отаси…
-Ўзинг бундай қилмагансан-ку, – кулганча у хотинидан гўё “ўч” олди.
-Бизда бунақа одат йўқ-да, Отаси, бошимга тушса, қараб турмасдим… -Онаси очиқчасига ўтди. – Бордию қизиз тошкентликка тушса…
-Рабони тошкентликка бермайман! – Шарт кесди Отаси.
-Ундай деманг, Отаси, пешонасидаги бўлади. Шу учун ҳозирдан пишигани яхши эмасми?
Отаси Худодан, тақдири азалга тил теккизишдан қўрқадиган одам. Гарчи, ошкора эмаса-да, кўнглида тақдирни такбир қилиб бўлмайди, деб юрувчиларга эътироз билдирмайди. Ҳозир аёлининг гапи маъқул тушдию лекин очиқ тан олгиси келмай:
-Э, буларнинг одатлари қурсин: ҳам келин томон куёвнинг уйини мебелу матолар билан тўлдириши керакмиш, ҳам келинни, бировнинг дилбандини улар қулдай ишлатиши шартмиш, – деди тўнғиллаганнамо, худди суюмли қизи улардан бириси хонадонига келин бўлиб тушаётган каби. – Ў, одам, уйингга янги одам, янги ишчи кучи қўшиляпти, шунинг ўзи зўр бойлик эмасми?!
-Қизишманг, Отаси, қизишманг, – шивирлади аёли ошхона тарафга кўз ташлаб олгач. – Хай, айтинг, ёмон бўлдими? Ҳам ўғлимизни боши икки бўлди, ҳам уйимизга молу мебел келди.
Отаси енгилган каби бир нафас жим қолди: нафсиламбрини айтганда, уй жиҳозларини кўриб, у ичдан суюнгани, мамнун илжайиб қўйгани рост эмасми? Буни хотини ҳам сезган-ку? Энди буни қандай изоҳлайди?
-Ўзинг яхши биласан, ман қудаларга бирор шарт қўйганим йўқ. Ҳатто уларга очиқ айтувдим: “Манга бойлик эмас, яхши келин керак”, деб. Айт, шундай демовдимми?
-Девдиз… Лекин урф-одат экан, қизларидан ҳеч нимани аямадилар. Қизимиз бахтли яшасин, деганлари-да бу.
-Э, қўй-э, шу матоҳлар билан бахтли бўларканми? Худо ҳар кимнинг ўзига берсин. Рабога тайинлаб қўй: тошканлик болаларни ўзига яқин йўлатмасин. Биз ўзимиз каби четдан келганлар билан қуда бўламиз.
-Худо хоҳласа, денг, – ўрнидан қўзғолди Онаси. – Ишга кечикмай…
Салдан сўнг Отаси ҳам ишга отланди. Кун бўйи уйдаги вазият, келиннинг юриш-туриши, қизининг тақдири хаёлидан нари кетмади. Кечқурун эса яна таъби тирриқ бўлди. Эшик очган келин пастгина овозда:
-Ас-сомм, – дедию дарҳол ортига бурилди. Қайната тутқични асабий тутганча бир лаҳза қотиб қолди. Ўзича бош чайқади: “Нима мунча димоғ-фироғ? Сепларга иддаоми? Ё бошқа муддао ҳам борми? Сўрайми, а?”
-Ноқулай-да, – деб қўйди ўзича, у эшикни ёпиб, ичкари кираркан. – Онаси орқали сўраган маъқулроқ. Ман қизишиб кетиб, қўполлик қилишим мумкин.
Ошхонада, қозон атрофида куймаланиб юрган аёлини кўриб, у яна таажжубланди: “Наҳотки келинимиз овқат қилишни билмайди? Ёки…”
-Ҳа, келинингга ишонмадингми? – Кўнглидан кечганини дарҳол ошкор этди у.
-Нимага ишонмай, Отаси, – деди аёл ним табассуму очиқ чеҳра ила. – Бировнинг эрка фарзанди, дарров зуғум қилмай дейман-да. Ўзимизга, уйимизга бир оз ўргансин. Кейин қўлимдан ҳаммасини олади.
-Ҳа, шунақами? Майли, майли, – дея Отаси одатдаги ўрнига ўтдию ойнаи жаҳон қулоғини буради. Ўзбекистонда консерт: усулию нағмаси бор, аммо овоздан Худо қисган бир хонанда ўзини зўрга соляпти, кучаняпти. Масковни олган эди, иш ташлаган кончилар ғалаёнлари, митинглар…
Отаси уларга қараб ўтирдию хаёлидан келини, ўғли нари кетмади: юлдузи юлдузига тўғри келдими? Булардан яхши оила чиқармикан? Бир-бирини унча ўрганишмаган. Аслида шунақа ёшлар тезроқ чиқишиб кетишлари кўп кузатилган.
Отанинг билишича, ўғли жуда ювош, камсуқум, ўйин-кулгига у қадар ишқивоз эмас, ўқиши давомида қизлар атрофида айланишмаган, “дон” олишмаган. Лекин жаҳли чиқса, чақмоқ чақиши, қўрслик қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Келин шундан эҳтиёт бўлса… Келин эса бир мунча жумбоқдай. Наҳотки у ўта мағрур? Уни Онасининг танишлари роса мақтаб тавсия этишган. Биринчи учрашувдаёқ қизгина Акмалжонга маъқул тушдию тезда тўй бошланди.
“Қизиқ, – ўйларди қайната, – бирор кўнгли тўлмаган томони бормики, келинимиз очилиб-сочилмаяпти. Кўпинча қовоғи солиқ. Бегона жойдан қочган каби дарҳол ўз хонасига кириб кетади. Кўп ўтмай, эри ҳам унга эргашади. Ичкаридан қиқир-қиқирлар таралишига қараганда… Ишқилиб, охири бахайр бўлсин…”
Отаси келинидан сўрамоқчи бўлган гапни бугундан ҳам қолдирди. Хотини орқали суриштиришдан эса бирор нима чиқишига кўзи етмади. Бу орада ёқимсиз, ғашга тегувчи ҳолатлар давом этавердию охири қайната тоқат қилолмади. Навбатдаги нонушта чоғида келини ўша хомушлигича:
-Ас-сомайкум… – деганида қайната қўққисдан:
 -Тўхтанг, келин, – деди босиқ овозда. Келин кўзларини катта очиб, қанақа айб иш қилганини ўзи ҳам билмаган каби довдираганча оила бошлиғига анқайиб қаради. – Отангизгаям шунака салом берасизми?
Ўғил бесаранжом тўлғаниб, отасининг кўзларидан маъно излади. Онаси чўғдай қизариб, лаблари қимтилди, бироқ, нимадир дейишга журъат этмади. Дилрабо отасига аланг-жаланг қараб:
-Отаа… – дедию индамай қолди.
Ҳамманинг эътирозини қўзғаган ўз ҳаракати мавруддан ташқарида юз берганини ҳис этган эса-да, оила бошлиғи энди чекинолмаслигини туйдию келинидан кўз узмай жавоб кутди.
-Ҳм, шундай… – деди келин сал сукутдан сўнг. – Нима қилибди?
-Шунақа салом бериш маъносини ўзингиз биласизми?
Келин елка қисиб, четга қаради.
-Маъноси ўз-ўзидан тушунарли-ку, – тўнғиллади Акмалжон. – Салом – бу биз биргамиз, бирдаммиз, якинмиз, дегани эмасми?
-Сандан сўрамадим, чоғи, – отаси кесатди. – Салом бошқа, ас-сомайкум бошқа – фарқи ер билан осмонча.
-Фарқи нима, отажон? – Эрка овозда сўради Дилрабо.
-Ассалому алайкум, дегани ман сизга сиҳат тилайман, ас-сомайкум дегани эса, сизга ўлим тилайман, дегани.
-Вой ўлай… Йўғ-э… – Онаси бош бармоғи орқасини тишлади.
-Ҳа, шунақа… келинимиз келганидан буён билибми-билмайми, бизга ўлим тилаб ётибди. Билмадим, нега? – Отасининг сўнгги сўзи пастлаб, тушкин овозда эшитилди. Дилрабо янгасига ғазабнок, юмдалашга шайдай ўқрайди. Онаси эса айб иш қилиб қўйгану уялиб, боши ерга теккудай эгилган. Келинчак бўлса, нима деярини билмай, изоҳ беришни истамай, қаққайиб турдию сўнг кескин бурилиб, ўз хонасига кириб кетди.
-Бу гапни қаёқдан олдингиз, ота?- Ғазабу довдирашдан қутилгач, ўғил, ниҳоят сўрашга ўзида куч топди. – Кўпчилик шунақа салом беради, чоғи.
Бундай шарҳни Отаси бир маъракада қисқа амри маъриф қилган қариядан эшитган, лекин чуқурроқ суриштирмаган, билишигача эса яна анча вақтлар ўтишини, дийну эътиқодда кенг йўллар очилишини ҳозирча хаёлига ҳам келтиролмас эди. Кейинроқ Имом Бухорийнинг “Ҳадис”идан буни ўқиган қайната ўшанда келинига ўринли танбеҳ берганига қувонган, фақат сал қўполроқ тарзда бу ишни адо этганидан хижолат чекканди. “Ҳадис”да ёзилишича, бундай саломлашиш Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бир яҳудий ўртасида бўлиб ўтади. Расулуллоҳ ( алайҳи вассаллам) унга: “Валейкум… ўзингга ҳам”, дея юмшоқ ва гўзал жавоб қайтарадилар. Саҳобалар яҳудийни оғир жазога тортишни талаб қиладилар. Бироқ, улуғ зот олийжаноблик намунасини кўрсатадилар: “Менга нимани тилаган бўлса, ўзига ҳам ўшани тиладим”, дея саҳобаларни ёмонликка яхшилик билан таъсир этишга даъват этадилар.
“Билим, маърифат – одамни жаҳолатдан сақлайди, – дейди ўзича Отаси “Ҳадис” илмидан баҳраманд бўлгач. – Ўшанда шу воқеани тафсилоти билан билганимда келинимни сўроққа тутмай, майинлик билан тушунтирар эдим.”
Аммо бу хулосага келишига қадар ҳали икки-уч йилча вақт бор эди. Ҳозирча эса келини ҳаракатларидан ўз ёғига ўзи қоврилар, орада адоват туғилганидан боши қотарди. Айни ўша пайтда ўғлининг саволига ўтирган ҳаммалари жўяли жавоб кутардилар.
-Кимлардир атайлаб, сездирмай, ёшларга ўргатсалар керак, – дея тахминлади Отаси. – Буни тагига етмоқчи бўлсанг, арабчани тушунадиган, саводли бирор кишидан сўраб кўр. Мен ҳам суриштирарман.
Отаси ўз жавобидан тўла қаноатланмаган эса-да, ҳар қалай, гўё вужудини кемириб бораётган ёмон хилтдан қутулгандай бўлди. Энди эса: “Келинимиз наҳотки тушунган ҳолда шундай саломлашган”, деган ўй унга ором бермас эди. Боз устига, айбини пинҳона бўйнига олган каби келин олдингидан-да кўпроқ парда ортига бекинди: ҳамон қовоғи солиқ юрар, айтилган ишни бузиброқ бажарар, фақат эрининг ёнидагина чеҳраси очилар, деярли очиқ саломлашмас – нимадир деб пичирлар, кўпинча ўз хонасига индамай кириб кетар, соатлаб қорасини кўрсатмас эди.
Бир куни Ота маош олдию бозорга ўтиб, хилма-хил мевалар харид қилди. Одатдагидай, уйда ёлғиз қолган келин эшик очди ва тез изига қайтди. Қайнатанинг яна тарвузи қўлтиғидан тушди: “Ахир ман ким учун бозор қилиб келдим? Нега қўлимдан олмайди? Уйида қанақа тарбия кўрган экан- а, бу? Нима қилсам, ўз болаларим сафига қўшилади? Қаерда хатога йўл қўйдик? Қайнанаси-ку, ел-патак, атрофида парвона – келини қиладиган ишларниям қилади. Лекин…
Шу топда кўп таниш-билишларининг келинлари, ўзаро муносабатлар хаёлида жонланиб, тағин таажжуби ортди. У билган келинчаклар қайнатаю қайнана билан ота-қизу она-боладай кўринишади. Балки бошқаларга шундай кўриниш бериб, аслида кўча хандону уй зиндонми? Йўғ-э… Ўша келинчаклар очиқ чеҳра билан, чинакам эгилиб, таъзим қиладилар-эй…
Қайната келини билан илк дуч келишнию унинг таъзимини ҳамда саломлашиш онини эслади. Шунда ўзича ниманидир кашф этди: хоҳлар-хоҳламай эгилди. Саломи эса ҳалигидай… Ҳм… “Ман сизларга бўйин эгмайман, билиб қўйинглар, сизларни кўргани кўзим йўқ” , деганими? Худо сақласин! Унда аҳвол чигаллашади. Буни эри сезармикан?.. Пайқамаски, унинг ёнида келин очилиб қолади, ўзини елиб-югургандай тутади. Бунга эр буткул маҳлиё…”
Отасининг қаттиққўллиги боис фарзандлар ишқий саргузаштларни бошдан кечиришмаган. Эҳтимол, ўшанинг таъсиридандир, Акмалжон кўз очиб кўргани – Моҳира билан қаттиқ боғланиб қолган. “Буниси – тузук, бироқ, хотинга ўзни батамом топшириб қўйиш ҳам яхшилик келтирмайди-да, – деган хулосага келди Ота. – Акмалнинг бўшанглиги… Эҳ…”
-Буни бефарқ қолдириб бўлмайди, – деди Отаси ниҳоят ўзига-ўзи. – Келин бидан чуқурроқ гаплашиб кўриш зарур.
Аммо гаплашиш жуда пайсалга солинди. Бу орада келин оғироёқ бўлдию иш янада чигаллашди. Бундай шароитда вазиятни чуқурроқ кавлаштириш орқали сал очилган хандакни жарликка айлантириш ҳеч гап эмас. Бироқ, келиннинг янги қилиқлари қайнатанинг уйқусини қочирди. Ажабки, келин энди қайнанасига гўё эълонсиз уруш очган эди.
-Нима, ораларингдан қора мушук ўтдими? – Сўради бир кеч оила бошлиғи хотинидан. Яна ҳазиллашган каби қўшиб қўйди. – Арпасини хом ўриб қўйдингми?
-Билмадим, – Онаси кифт учирди. – Ўз-ўзидан гаплашгиси келмаяпти.
-Ҳамма ишларини қил, ҳатто кириниям юв, – деди Отаси келини эшитсин учун овозини кўтариб. – Бошингга кўтариб юрсанг, янаям яхши.
Онаси сукут сақлади. Ичкаридан ҳам садо чиқмади. Оила бошлиғи эса аниқ жавоб кутар эди. Буни англаган аёли:
-Нима қилай, Отаси, ҳамма ёқ ивирсиб ётса, қандай қараб турай ахир! – деди йиғламсираб. – Ўзидан билиб, қўлимдан ишни олмаса…
-Эҳ, мўмал! Чин қайнона ёки оналарга ўхшаб, сан ҳам бундай талаб қилсанг, бўлмайдими? Шуям керак экан-да… Қизимизга зуғум қиласан-ку!
-У – қизим, ўзимники. Келин – бировнинг фарзанди… Гапим оғир ботса…
-Ҳаммаси – ўзингдан! – дедию Отаси қўл силтаб, кўчага чиқиб кетди.
Эртасига тушлик қилиш учун атайлаб уйга келди. Ишхонаси – билим юрти яқинлиги боис бу имкониятдан у гоҳида фойдаланар эди. Қўнғироқ тугмасини босганидан сўнг анча кутиб қолди. Эшик очилганда келиннинг уйқудан қовоғи шишганлиги яққол кўзга ташланарди. Уйқуси ҳали ўчмаган, ярим карахт кўринарди. Ҳеч нима демай, у изига қайтди. Қайната ошхонага ўтиб, қозондаги овқатни газ – олов устига қўйди-да, келини хонасига яқин бориб, секин:
-Келин, бу ёққа қаранг, – дея овоз қилдию хонтахта рўпарасига бориб ўтирди. Салдан сўнг келин айвонга келиб, қайнатасига саволчан қаради.
-Овқатни иситишга қўйдим. Тайёргарлик кўринг, бирга овқатланамиз.
-Ман овқатланувдим…
-Унда ўтиринг, биир гаплашиб олайлик, – деди қайната ювошланиб.
Моҳира ромга омонат суянганча каравот қирғоғига ўтираркан, хомуза тортди.
“Юзини ювиб олса бўларди, – ўйлади қайната. – Фаросатдан Худо қисган…”
-Айтинг-чи, Моҳира, – дея биринчи маротаба у келини номини тилга олди, – сиз бирор масалада биздан, шахсан мандан ё қайнанангиздан хафамисиз?
-Йўқ, нега ундай дейсиз? – Кутилмаганда хушёр тортиб, келиннинг қовоғи очилди.
-Унда нимага ҳамиша аразлаганга ўхшаб юрасиз? Нимадан хафасиз?
-Ҳеч нимадан… Ўзим шунақаман… – деди у паст овозда ва ерга сузилди.
-Шунақалигингиз ҳамманинг ғашига тегишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Келин индамай ер чизди.
-Ё бизга келин бўлганиздан афсусдамисиз?
-Йў-йўқ, ундай эмас, – илкис бошини кўтарди келинчак. Лекин сўзига изоҳ беришни, кўнглидаги дардни тўкиб солишни истамади. Ички ғурур бунга йўл очмади, шекилли.
-Сабабини айтмасангиз ёки яхши томонга ўзгариш қилмасангиз, иш мушкуллашади. Биринчи навбатда, қудам билан, отангиз билан ўзим гаплашаман. Дам олиш куни уларни чақириб, маслаҳатлашайлик…
-Йў-йўқ, адамни аралаштирманг… Жаҳллари ёмон, – деб юборди беихтиёр келинчак. – Нима гап бўлса, ўзимга айтинг.
“Ҳм, бунинг қилиқларидан отаси бехабар… Демак, қандайдир ўргатувчиси бор: ҳукмронлик қилишни, бизни ўзи истаганча бошқаришни мўлжаллаган. Ёки…”
-Менга ҳам шуниси маъқул, – деди қайната бош силкиб. Сўнг миясига келган ўйни ошкор этди. – Балки алоҳида яшашни истаётгандирсиз…
Келин индамай яна ер чизди.
-Тўғри, ҳамма мустақил яшашга интилади. Аммо ҳар ишнинг мавриди, ўз вақти-соати бор. Ишхонага ариза бериб қўйганман. Уй беришса…
Келин жонланиб, кўзлари чақнаганини пайқаган қайната:
-Лекин унгача бир-биримизнинг ғашимизга тегмайлик, дилимизни оғритмайлик, – дея алоҳида таъкидлашни лозим топди. – Шу хонадонда кўкариб, палак ёзишингизни, қизимиз қаторидан ўрин олишингизни жуда хоҳлаймиз… Шу фикрга қўшиласизми?
-Ҳа… – Келин бош қимирлатиб ҳам ўз сўзини тасдиқлади.
-Майли, тўхтатиб қўйганингиз йўлакни ювишни мен талаб қилмайман. Лекин озодалик, саранжом-саришталик, очиқ чеҳралик – вазифангиз, – ҳукмнамо деди уй соҳиби. – Бордию бирор муаммо чиқса, ўзимга очиқ айтинг. Маъқулми?
-Ҳа.
-Энди овқатни сузиб келтиринг, – кўтаринки руҳда деди қайната.
Дарҳақиқат, қайната-келин муносабатлари гўёки изга тушди. Бироқ, келин бир оёғидаги оғирликни худди иккинчи оёғига ташлаган каби энди қайнанаси билан аразлашган кўринарди. Бундан қайнана ғам-ғуссага кўмилган эдию бироқ бирор кимсага дардини ёришни истамас эди. Ўғли нари турсин, ҳатто эрига ҳам бу ҳақда гапиришни ўзига эп кўрмасди: “Жанжал чиқмасин, Худо ўзига инсоф берсин” , дерди ичида. Лекин ярага бепарво қарасанг, шишади, маддалайди…
Кутилмаганда маддалаган шиш ёрилдию ўзини ошкор этди. Ўша куни Онаси нашриётнинг ёш бир муҳарриридан дакки эшитиб, изза бўлган, “кап-катта хотин тайёр матнни машинкада кўчиришда шунчалар кўп хатога йўл қўядими, а? Деган сўроққа лом-мим деёлмаган, индамай матнни қайта кўчирган ва яна сезмай баъзи сўзларни тушириб қолдирган эди. Кўнглидан эса: “Зулмат ичида кўчирганимни қаёқдан ҳам биласан, болам” , деган ўй кечиб, негадир йиғлагиси келувди… Ишдан қайтса, келин ухлаб ётибди. Ошхонада овқат юқи идишлар пашшаларга талаш, устолда сувараклар ғужғон ўйнайди.
-Э, Худойим, от деб эшакка йўлиқтирган экансан-да, – деб юборди у курсига оғир чўкаркан. – Буни Отаси кўрсалар, нима дейдилар? Таёқ яна мани бошимда синадими?
Аяган кўзга хас тушди. Айни шу топда Отаси ҳам ишдан қайтдию ошхона йиғиштираётган аёлини, ҳамма ёқни ёқимсиз ислар босганини кўриб, заҳрини сочди:
-Баттар бўл. Яхшиси, пул берай, битта тувак сотиб ол.
-А? Тувакни нима қиламан? – Овозини одатдагидан бир парда кўтариб, эридан сўради. Унинг овозидаги титроқни сезса ҳам энди эри аямади:
-Келининг бўшанишига. Кейин тозалаб қўясан. Шу етишмаяпти, чоғи.
-Бу кунимдан ўлганим яхши эмасми? – У йиғлаб юборди. Эри шошиб қолди: “Келин қўрслик қилганмикан? Наҳотки шунга ҳам аралашаман?”
Худди шу чоғ хонасидан чиққан келинига:
-Сизда ўзи заррача инсоф борми? – деб бўғиқ қичқирганини ўзи ҳам пайқамай қолди.
-Нима бўлибди? – Рангги оқаринқираб сўради келинчак.
-Нима бўлибди эмиш! – Ҳаётида биринчи маротаба келинига тик қараб, йиғи аралаш “портлади” қайнана. – Уялинг-э! Андишани отини бунча қўрқоқ қўймайдилар-да. Уйни аҳволини қаранг – одам яшайдими бу ерда? Отаси, – у эрига юзланди, – тоқатим тугади: бирор квартира топинг – ё биз чиқиб кетайлик, ё булар…
-Биза кетамиз, – келин дарҳол ортига бурилди. Айни шунинг устига эри кириб келдию унинг рўпарасида тўхтади:
-Ҳа, нима гап? – дея у онасидан сўради.- Қаёққа кетасизлар?
-Бизани ҳайдаяптила, – деди Моҳира йиғламсираб. – Бўлинг, кетамиз, Акмал ака.
Акмалжон аввал нигоҳи қаҳрли ёнган, лаблари гезарган отасига, кейин кўзлари ёшга тўлган онасига бир қараб олди-да, хотинидан сўради:
-Ўзларидан сўрасак? Йўл бўлсин?..
-Опамнинг қўшнисида бир хонали бўш уй бор экан. Гаплашайлик. Майли, булар бемалол, тинч яшасинлар…
-Ҳм, гап нимадайкан, – ўзича ғудранди Отаси. Сўнг келин-куёвга жиддий тикилиб, фикрини дангал айтди: – Алоҳида яшашни ният қилган бўлсаларинг, майли, эътирозим йўқ. Аммо ҳеч қачон онангни малайликка қўймайман.
-Онамни ким малай қилмоқчи? – Ҳеч нимадан хабари йўқ Акмалжон гуноҳкор каби боши эгик турган волидасига тикилди. – Ҳеч кимга малай-палай бўлмайдилар. Энди қўлизни совуқ сувга урганизни кўрмай, онажон, – дедию у хотинига шиддатли юзланди: – Биласан, кўчиш ҳақида ҳеч вақт майл билдирганим йўқ. Мен ҳеч ёққа бормайман. Агар кўчгинг келса, ўзинг кўчавер. Харажатингниям бераман.
Моҳиранинг рангги оппоқ оқарди, лаблари титраб, қимирлади, бироқ, нима деганини англаб бўлмади. Орага бир нафаслик сукунат ҳокимлик қилди.
-Иш қилган билан ўлиб қолмайман, болам, – деди ниҳоят ўзини тутиб олган Онаси. Бу можароларга у ҳамон ўзини айбдор санаётган эди. – Тинчингга қара. Қаерда бўлсанг ҳам бахтли бўл, болам. Ман розиман.
-Тинчим – ана шу уйим, ота-онам билан бир ҳаводан нафас олиш! – Акмалжон тахта-полга оёқ нуқиди. – Бепарволик қилибман, Онажон, мени кечиринг…
 
* * *

Эртаси куни тонгда кўчага чиқаётган Отаси ялтирага зиналарни, озода йўлакни кўриб, елка қисди, жилмайди. Айланиб қайтгач эса эшикда уни очиқ чеҳра билан келини қарши олди:
-Ассалому алайкум, дадажон.
-Тилингга шакар, қизим, – деганини ва киприкларига нам чиққанини ўзи ҳам сезмай қолди Отаси. Ўзини сал ўнглаб олгач, қўшиб қўйди: – Йўлак ҳамманики. Ўзим жадвал тузиб бераман.
-Йў-йўқ, ўзим…
Орадан бир неча ҳафта ўтгач, тўхтовсиз келаётган совчилардан бирига жавоб берилди: Дилрабо тошкентлик йигитга унаштирилди.
-Зиёли оила экан, майли. Рабо ҳам анча пишган, чидамли, – деб кулиб қўйди Отаси.