Муҳаммад Очил. “Мангу жанг” (ҳикоя)

– Майиз қанча бўлди?
– Ҳеч қанча! Олдин татиб кўринг, ака… Пажалиска!
– Йўқ, раҳмат. Аллергиям бор. Нархини айтинг.
– Нархи арзон… Энди қўл қайтмасин, сухан синмасин… Мана шу биттагинасини… Шошманг, думчасини олиб… Ана энди “самка” бўлди! Қалай, ширинми? Ёқмаса, пулингиз ўзингизга сийлов…
– Яхши, яхши… Баҳосини айтмайсизми?
– Айтаман… Мабодо чўнтагингизга тўғри келмаса… Ками бор, конечно… Айтаман!
– Хўш-ш, неча пул?
– Ўзи бебаҳо, бироқ сизга почти бепул! Лекин, майиз эмас, мураббо… мисоли мўмиё – минг дардга даво! Қани халтани очинг… Ёки, яна бир кафтгина ейсизми?
– Йўқ, олдин нархини эшитайлик-чи?!
– Нархи сув текин… Обрўйингизга, мана бу савлатингизга мос келадиган майиз. Қани тортайми?
– Сиз майизфурушми ё масхарабозми? Савлатнинг майизга нима алоқаси бор! Нархини…
– Нима десангиз, ака… Биз рози! Харидор ҳамиша ҳақ. Шу майизгинани еб, эртага яна қўмсаб, қидириб келмасангиз мен беноват! Бўлди энди, очинг тўрвани… Бошланишига ўн киломи, ўттиз кило?
– Уф-ф! Олдин чўнтакка қараб фол очишим керакми, ахир? Килоси неча пул деяпман?
– Мен ҳам арзон деяпман-ку! Тупроқбаҳо, сув текин… Ажойиб хосияти бор, бу меванинг… Лекин, акахон, бунинг учун майизнинг ёнига ёнғоқ қўшиб, майиз билан мағизни иккаласини “бхай-бхай” қилиб қовуштириб, сўнг “сангам” қилиб есангиз…
– Ҳў-ў, биродар! Мен маъруза эшитгани эмас, майиз олгани келганман. Мана, келинингиз тузиб берган “рўйхат”да яна етти-саккиз хил масаллиқ турибди… Сотиш ният борми, ўзи? Нархи…
– Нархи… ничево! Туриш-тароватингиздан уч-тўрт сўлкавойнинг бетига қарамайдиган марди майдонга ўх­шайсиз-да. Яна нархни сўрайсиз. Ҳа, от билан туя бў­лармиди… Гўсала бўлар, бўталоқ бўлар… Бўлди, қоп­ни очинг… Тоға!
– Тоға?! Соқолингиз киндикка тушиб, олдин мени “ака” дедингиз, ҳай… Энди “тоға” бўлдикми?! Бу нархини…
– Хў-ў, ука… Тоға нима?! Агар молимнинг нархини тош босадиган қилиб берсангиз, “почча” десак ҳам тилимизга тирсак тошмайди! Билдингиз… Қани, сумкани…
– Йў-ўқ! Шохида юрсангиз, мен баргида… Нархини айтинг?!
– Нархи, арзон… Тўрвани…
– Йўқ, нархи…