…Устоз ҳажвчилар ёзишга хамиртуруш тополмай қолган кезларида, албатта, бозорга… ошиқишаркан.
Аллома адиб Ғафур Ғуломни Бешёғоч бозорида бот-бот кўрганлар, бу ҳақда ёзилган ҳикоялар қанчадан-қанча.
Ҳажвчилар сардори Саид Аҳмад домла эса ўз “қаҳрамонлари”ни олдин бозорда, сўнг тушида кўриб, алқисса, Дўрмондаги боғида боқарканлар.
Халқ ёзувчиси Неъмат Аминни айтинг. Неча бор унга холироқ жойни “таклиф” қилишди. Аммо ул зот “Фарҳод бозори” дан нари кетишни истамайди. Сабаби сўралди: “Маънавият ва маърифатни аввало, бозордан бошлаш дуруст…” дея лутф қилади.
Яна бир устоз Саъдулла Сиёевни олинг. “Даҳрий”ликлари тутиб қолса, яккаш “Бозор кўрмаган йигит”… асло, йигит эмас дея оёқ тираб оладилар. Айрим “ғийбат”ларга қараганда Анвар Обиджонни ҳам бозорда “Безгакшамол” чалиб кетгандан буён, эл орасида машҳури олам бўлиб қолибди.
Шу тарзда аниқ “факт”лардан сўнг хулоса шулки, демак бозор даврида бозори чаққон бўлишни истаган қаламкашлар тез-тез бозорга тушиб туришса, нафақат тўрхалталари, балки қўйин дафтарлари ҳам қаппаярди. Боиси, мол-матоҳларни мижозларга манзур қилишда бу манзилгоҳдагилардан ҳар қанча ўргансак арзийди.
Шундай қилиб, бозор дарвозаси даҳлизидамиз. Чўчимай, остона ҳатлайверинг. Лоақал тишнинг оқини кўрсатсангиз ҳам сиздан асло “патта” олинмайди. Кулолсангиз кулгиси сизга, савоби эса бизга.