Зоотехник Замон Зоҳидов кўп аломат одам. Аломатлиги шундаки, аввало, ўз касбининг устаси. Айтайлик, қўчқорнинг кумалоғини кўриб касаллиги сабабини, совлиқнинг қорнини силаб нечта қўзилашини, сигирнинг маърашига қулоқ тутиб қанча суту, қанча қаймоқ беришини аниқ айтиб беради.
Қолаверса, мол-ҳолга аралашиб юрса-да, ўзини ўта маданиятли санайди. Бошида шляпа, бўйинда бўйинбоғ, қўлтиғида папка билан қўраларга кириб-чиқади. Оғилхоналар остонаcидан ҳатлашдан олдин эса, албатта, одекалон септиради, исириқ тутаттиради…
Аммо, ҳар тўкисда бир айб, деганларидек Замон Зоҳидовнинг феъл-атворига мос келмайдиган нуқсони ҳам бор: тили сал чучукроқ. Бояқиш «Р» ҳарфи қўшилиб келадиган сўзларни айтишда қийналади. Масалан, «қўчқор»ни «қўчқол», «сигир»ни «сигил»… қабилида талаффуз этганлиги боис, кулгига сабаб бўлиб юради.
Тўғри, унинг «мансаби»ни инобатга олган чўпон-чўлиқлар бундай пайт мийиғида, четга қараб, яширинча илжайишса, лавозими анчайин салмоқли саналган директор, бош ҳиcобчи, бош иқтисодчи, бош муҳандис… каби «бош»лар эса, бемалол, мазза қилиб, роҳатланиб қаҳ-қаҳа отишади.
Охир-оқибатда «Р» туфайли келадиган кулгидан безиб қолган бояқиш Замон Зоҳидов ўзини шу «ҳарф» билан боғлиқ барча ҳузур-ҳаловатлардан маҳрум қилганди. Масалан, «шўрва» ичмасди, паловни «шакароб»сиз ерди, «телевизор»га қарамасди, «чоршанба» кунлари кимсасиз дашту далаларга бош олиб кетарди…
Бироқ инсон боласи қасдланса ҳар қандай қусурдан қутулишнинг имконини топаркан. Замон Зоҳидов ҳам зоотехникликдан хўжалик директорига ўринбосар бўлиб тайинланган кундан бошлаб, тилидаги ғализликни йўқотди. Дўхтирга бормади, табибга учрашмади, шунчаки йўлини топди… «Йўли» шундан иборат эдики, зоотехник… узр, директор ўринбосари Замон Зоҳидов ҳамон «р»ни тузук-куруқ айта олмас, аммо энди у илмоқли-илмоқсиз саволларга жавоб қайтараркан, тилидан томадиган ҳар қандай жумла-иборада ўша касофат «ҳарф»ни ишлатмасди, вассалом!
Зоҳидовнинг бу тарзда тўсатдан дарддан фориғ топганлиги, табиийки, унинг улфатлари — «бош»ларга маъқул тушмади. Сабаби аён. Чунки улар мажлис-машварат, гап-гаштакда тили чучук «улфат»ни мазах-масхара қилишга кўникиб қолишган, шу боис, эндиликда бу «текин томоша»дан осонликча бебаҳра қолишни иcташмасди.
Тўғри, тарки одат — амри маҳол қабилида улфатлар ҳамон Зоҳидовнинг забонидан чандишга уринишар, бироқ ўринбосари қурмағур, ҳар гал тилига ташланган «сиртмоқ»дан силлиққина чиқиб кетаверарди…
Ниҳоят директор, бош ҳисобчи, бош иқтисодчи… каби «бошлар»га омад қайтадан кулиб боққандек бўлди. Туман қишлоқ хўжалик бошқармасининг янги тайинланган бошлиғи Боқи Бақоев улар хизмат қиладиган наслчилик хўжалигига ташриф буюрди. Меҳмоннинг пойқадамига салқин сой бўйида тўкин дастурхон тузалди. Боқи Бақоев савлатдор бўлиш устига, хоҳласа гапга тўн кийгизиб, белбоғ боғлаб, истаса қанот қоқтириб, учириб юбора оладиган серзавқ ва ўта сўзамол киши экан. Бу хислатлардан кўнгли сув ичиб ўтирган директор зиёфат айни қиёмига етган маҳал умид тўла нигоҳини меҳмонга қадаганча, шартта унинг қўлидан тутди.
— Боқи Бақоевич! Илтимос… Сизга зарур илтимосимиз бор?!
Меҳмоннавозликдан кайфияти хуш бошқарма бошлиғи қўлини мезбондан ажратиб кўксига қўйди.
— Бемалол! Хўш, озуқа лимитини оширайми? Ёки ем-хашак муаммоси борми?! Балки беда учун селитра-а?!
Директор атрофга аста аланглаб олгач, оҳиста бош чайқади.
— Селитрангиз ўзингизга сийлов! Менга… Умуман, бизга ўринбосарим Зоҳидовни…
Боқи Бақоев сергакланди.
— Тушундим. Демак, ўринбосарнинг баҳридан ўтамиз?!
Директорнинг бош чайқаши бу гал тезлашди.
— Э-э, йўқ! Бунақа зўр мутахассисни «лотерея»да ҳам ютиб ололмайсиз…
— Унда тушунмадим. Хўш, нима қилишим керак?!
— Ҳозир тушунтираман-да! — директор бошқарма бошлиғига яқинроқ сурилиб бошини эгди. — Қани, қулоқнинг қулфини каттароқ очингчи…
Обдон «шипшитиш» ва таъкидлашлардан сўнг ниҳоят Боқи Бақоев энгак силкиб, кўкрак керди.
— Шунақа демайсизми?! Демак, ўринбосарингизнинг тилига тушов солиш керак?! Э-э… бунақа бепул томошаларни боплаймиз. Фақат сизлардан илтимос, ўша Зоҳидовингиз «р» ҳарфини айтишга қийналиб, дудуқланиб қолганда ҳамма баробар кулсин. Чунки, меҳнатим самарасидан ўзим ҳам мазза қилайин-да! Хўш, унда гап бундоқ…
Бошқарма бошлиғининг тезкор ва жўяли фикридан келиб чиқилган ҳолда ўша заҳотиёқ хўжаликдаги барча мутахассислар «мажлислар зали»га таклиф қилинди.
Боқи Бақоев йиғилганларга кўз қирини ташларкан, ўткир нигоҳи билан бир чеккада ўтирган Замон Зоҳидовни излаб топди ва шу заҳотиёқ таҳдидона томоқ қирди.
— Хўш-ш, ўртоқлар! Тезкор «аттестация» ўтказишимиз лозим. Қани, кимдан бошлаймиз?! Таклифим, олдин хеш, кейин дарвеш деганларидай… Ваколатимга кўра қишлоқ хўжалиги соҳасидан бошлай қолай, а?! Сизларда бу вазифа билан директор ўринбосари Зоҳидов… Бўлди, демак синовни Замонжондан бошлаймиз. Марҳамат, унда ёнимга яқинроқ келинг!
Зоҳидов шошилмасдан ўрнидан турди, бўйинбоғини тўғрилади, бармоқлари билан сочини таради, сўнг ён дафтарчаси қатидан қаламини олганча бошқарма бошлиғининг рўпарасидан жой олди.
— Мен тайё-ё… — Зоҳидов туйқус ўзини тутиб олди. — Мен келдим!
— Яхши! — Бақоев унга қараб истеҳзоли жилмайди. — Демак, сиз директорга ўринбосарсиз-а?
— Ҳа, — бош силкиди Зоҳидов. — Мен бошлиққа муовинман!
Бақоев жилмайишнинг тахини бузмади.
— Дуруст, дуруст! Демак, ўринбосар сифатида чорва, зироатчиликка бевосита сиз раҳбарсиз?
— Худди шундай, мен масъулман! — дадил жавоб берди Зоҳидов.
Дастлабки уринишлар зое кетган бўлса-да Боқи Бақоев юзидаги тахир табассумни сидириб ташламади.
— Хўш, унда ўртоқ Зокир-ров…
— Авф этасиз, менинг фамилиям Зоҳидов…
— Ие, шунақами?! — Боқи Бақоев жўрттага нописанд жилмайди. — Унда ўртоқ Зоҳидов, айтингчи… сизларда карам, помидор, редиска, бодринг, болгар қалампир, қолаверса, қовун-тарвуз ҳам парвариш қилинади-а? Хўш, бу борада режа-топшириқлар бажарилганми?
Жилмайиш навбати энди Зоҳидовга ўтди.
— Кўнглингиз тўқ бўлсин, катта! Бизда сабзавот ҳам, полиз экини ҳам ошиғи билан адо этилади.
— Лекин, бунинг учун зўр-р-р тайёр-р-р-гар-р-р-лик керак, ахир-р-р! — атайин «Р» ҳарфига урғу берди Боқи Бақоев. — Шундай экан, трактор — р-р, борона… ремонти қай даражада?
Зоҳидов пинак бузмай жавобга юзланди.
— Бизда аллақачон, техника мавсумга шай!
— Наҳотки?! — ёвқараш қилди Боқи Бақоев, — трактор тариллаб туриши учун солярка керак, керосин керак…
— Ташвиш қилманг, катта! — Зоҳидов яна жилмайди. — Ёқилғи бизда доимо ошиғи билан олинади…
Залдагилар ўтказилаётган бу «сирли синов»дан аллақачон хабар топишган шекилли, у жой-бу жойда кулги кўкка ўрлай бошлади. Бошқарма бошлиғи бундан асаби жунбушга келиб жаҳл билан «Жим! Тинчлик сақлансин! Яна икки-уч савол билан суҳбатни тугатаман…» деди-ю, Зоҳидовга қараб хунук жилмайди.
— Ҳали шунақаман, денг?! Унда чорвадан гапиринг, чор-р-р-вадан! Бу тармоқ зарарлими?!
Зоҳидовнинг галдаги жилмайиши ҳам ширингина чиқди.
— Йўқ, асосий соҳа бизда доимо кони фойда!
Боқи Бақоев ўзини тутолмай минбар муштлади.
— Йирик шохли сигир, қутурган… Ҳалиги зотдор буқа-чи?! Қорабайирчи?!
— Авф этинг, — Зоҳидов қўлини кўксига кўйди. — Бизнинг хўжалик, асосан, ушоқ молга ихтисослашган. Қўй-қўзи дегандай…
— Йўқ! — ўшқирди Боқи Бақоев телбанома қўл силтаб. — Қўзи?! Сен менга паррандадан гапир-р-р!.. Хўроз, курка, сесарка, куропатка…
Зоҳидов бошқарма бошлиғининг сўзини ийманибгина бўлди.
— Айтганингизнинг ҳаммаси бизда мавжуд. Ҳатто ғул-ғул товуққача топилади. Умуман олганда, «етти хазина»дан кўнглингиз тўқ бўлсин!
Писмиқона «пиқ-пиқ»лар ошкора «ҳи-ҳи»га айланди. Боқи Бақоевнинг пешонасини тер босди. Ўрнидан сакраб туриб кетганини сезмади. Зоҳидовга қараб ўдағайлади.
— Ўв-в, менга қара! Ҳм-м, узр… Сигаретдан борми?!
Зоҳидов бамайлихотир чўнтак кавлади.
— Чекишдан деяпсизда-а? Бошлиғимиз эса нуқул «Тутундан ол!» дейди. Менинг ўзим эса аслида чекувчимасман. Аммо меҳмон учун ҳамиша топилади…
— Бас-с! — Боқи Бақоев Зоҳидовнинг қўлидан сигарет қутисини юлқиб олди. — Ҳозир-р-рча… Перекур-р-р!
Бошқарма бошлиғи минбарда тамаки бурқситганча узоқ ўйланди, ниҳоят чеҳраси ёришди, хушнудлигини қаватида ўтирган хўжалик директори билан баҳам кўришга ҳам улгурди: «Миямга ажойиб савол келди. Жавобига келганда эса «Р» ҳарфисиз асло мумкин эмас… Қараб туринг!»
Директор «кўрамиз!» дегандай ишонқирамай елка учирди. Бошқарма бошлиғи лаби-лунжини артиб гапиришга тараддудланди.
— Охирги савол… Ўртоқ Зоҳидов шунга ҳам қониқарли жавоб берсангиз, бўлди. Синовдан ўтган ҳисобланасиз. Қани, айтингчи, чорвачилик соҳасида тери тайёрлаш режаси бажариладими ёки йўқми? Қайтараман, тер-ри… Гўшт плани бажарилибди, жун бажарилибди… Тери-чи?! Тер-ри…
Зоҳидов бундай саволни кутмаганди, илк маротаба чеҳраси жиддийлашди. Боқи Бақоев маккорона илжайди. Хўжалик директори чапак чалмоқчи бўлгандек бармоқларини силкитиб қўйди. Залга оғир сукунат чўкди…
Зоҳидов ниҳоят, ўрнидан илкис қўзғаларкан негадир, қўлини баланд кўтарди.
— Катта… Сиз айтган ўша… пўстак планини ҳам ошиғи билан адо этамиз!
Бошқарма бошлиғи орзиқиб кутган кулги ниҳоят залда портлади. Аммо бу портлашдан Боқи Бақоев мулзам тортди, холос.