Қурбон қассоб хастахона палатасида билагига бошини қўйганича мудраётганди, мушук тирнагандек эшик қитирлади. Бемор ҳушёр тортди. «Ким кўргани келдийкин? Каттаси бўлса, шартта очиб.. Ёки супрақоқдисимикин? Ким келса ҳам дуруст бўлди. Қорин очиб таталаётганди…»
— Ким у? Кир-киравер…
Эшик табақаси қия очилиб, олдин қийшиқ гардишли шляпа, сўнг икки ёноғи қип-қизил башара кўзга ташланди.
Қассоб «келган киши»ни кўриб таажжубланди.
— Иби… Қурим-м… Қулмуродмисан?! Бахай… Қандай шамол учирди?
Қулмурод қурумсоқ бепарво тарзда палатага кўз югуртирди, нигоҳи бир зумда дераза рахидаги дори-дармон қутилари, тумбочка устидаги чойнак-пиёла, деворда осиғлиқ манзарали суврат ва ниҳоят, хона бурчагида турган қоғоз халта… узра сузиб чиқди. Шундан сўнг остона ҳатлади. Қўлидаги тугунчани оёқлари орасига қўяркан, кроватнинг четига омонатгина ўтириб, ҳол-аҳвол сўрашга тутинди.
— Ҳм-м… Қассоб! Қалайсан, жўра? Тузалиб қолдингми?
Сенинг касалинг, билсам-билмасам, суқдан! Пичоғинг доим ёғ устида бўлгандан сўнг, суқланасан-да! Бу дўхтирлар суяксиз лаҳм сўраб гаранг қилаётгандир?
Қурбон қассоб мийиғида кулганча, жўраси олиб келган «Тугунча»га кўз қирини ташлади.
— Ҳа, энди дорбозники дордан, морбозники мордан…
Ўзингдан гапир. Нималар кўтариб, ташвиш-тадорик қилиб юрибсан? Қуруқ кесанг ҳам… Менга қара, касалхонага тушганимдан қандай хабар топдинг?
Қулмурод қурумсоқ ўз навбатида хона бурчагидаги қоғоз халтадан кўз узмай жавобга юзланди.
— Шу десанг, кенжа ўғилдан хабарлашай деб паст қишлоққа оралагандим. Ҳовлисини кўрсанг, мева тўкилиб ер билан битта бўлиб ётибди. Гапнинг очиғи, хафа бўлдим. Ўз пушти камарингдан бўлган бола манзират учун ҳам: «Отавой, ҳеч бўлмаса мана бу чумчуқ чўқилаганидан енг!» демади-я! Қайтага соғ бошимга сақич ёпиштирди. «Келинингиз бачча топган! Дармонга иниши учун қўй гўштидан шўрва керак. Қани, пенсия пулидан чўзинг!» деди-я! Эҳ, фарзанд ноқобил бўлсаям жигарнинг жазиллама жойидан бўларкан. Шошма, дедим, Қурбон қассоб офтобда қатиқ, салқинда сарёғ ялашган жўрам бўлса… Болаликда сомон ўғирликда, колхоз боғидан мева ўмаришга бирга бориб, мазасини ҳам, азобини ҳам баҳам кўрганмиз! Шундай экан, бир сафар-икки сафарга бир кило, икки кило… гўштни шуннай текинига «падарка» қиворади, деб сени йўқлагандим. Борсам, дўконингда қўзининг калласидек қулф! Ҳалиги, алкаш куёвинг бор-ку… Ўша иккита улфати билан… Хуллас, адресингни олиб бу ёққа қараб йўртдим. Уф-ф, обед пайти ҳам бўп қолди-я! Менга қара, касалинг оғирмасми, иштаҳанг қандай?
Қурбон қассобнинг юзига қон югурди.
— Ҳа-а, энди бизди касал бор-йўғи белангида! Ошқозонга алоқаси йўқ. Иштаҳам, сенга айтсам, бўрдоқига боқилаётган буқаникидай…
Қулмурод қурумсоқ хурсанд бўлиб кетди, кафтларини бир-бирига ишқалади.
— Ўҳ-ў! Унда бир мазза қиларканмиз-да… Ёғли овқат ҳам-а?
— Еяберамиз…
— Қатиқлисини-чи?
— Унисида ҳам нушхўрт чиқармаймиз…
Шундан сўнг икки жўра дастлаб бир-бирларига мўлтираб тикилишди, сўнг қассоб тугунчага, қурумсоқ эса қоғоз халтага қараб тамшанишди. Орадан бир пиёла чой совигулик фурсат ўтди. Оғир сукунатни яна Қулмурод қурумсоқ бузди.
— Бу ҳалиги… Шунақа қилиб.., мен яхши кўрадиган шафтолига таъбинг қалай?
Қассоб энди туриб ўтирди.
— Ёғли овқатдан кўра-ку, мева-чева ҳам дуруст! Раҳмат, жўра…
Ташвиш чекиб-а?
Қулмурод қурумсоқ қўл силтади.
— Қизиқмисан, таом ейиш ҳам ташвиш бўлди-ю! Сенга айтсам, меваларинг шоҳи шу — шафтоли! Сен ўзи шафтолини қандай ейишни биласанми, оғайни?
Қурбон қассоб қилқ қилиб ютинди.
— Ҳа, энди… Шафтолихурликка ўғирликка борганимизни эслай дебсан-да,а…
Қулмурод қурумсоқ лабларини чалпиллатди.
— Болаликни қўй, сен шафтолидан гапир! Эй-й, умри суяк ғажиш билан ўтган одамга хайф! Мана қулоқ сол… Шафтолини ейиш учун ҳеч қачон сувда ювма, таъми қочади. Олдин туклари сидирилади, сўнг пўсти оҳиста, авайлабгина шилинади… Ие, тупугинг соқолинга тўкилдими?
— Оҳ-оҳ-оҳ!, — деб юборди Қурбон қассоб. — Иштаҳани ҳам ўчоқ қилиб юбординг-ку, жўражон!
— Ҳовлиқма! — Қулмурод қурумсоқ ҳам икки-уч ютиниб олгач, кўзини юмиб олди. — Шафтолининг пўсти арчилгач, бир тўйиб чуқур нафас оласан-да, оғзингга олиб борасан…
— Оҳ-оҳ-оҳ!
— Оғзингга олиб боргач, секингина тилинг билан танглайингга босасан…
— Воҳ-воҳ-воҳ!!!
— Аммо лекин, мен сенга айтсам, шафтоли еганингдан сўнг, ҳеч қачон хом сув ичма…
— Ичмайман! Ичмайман!! — жон ҳолатда бақирди Қурбон қассоб. — Жон жўра, бўлди… Бу ёғига сабрим чидамайди. Ол, ўша шафтолингни!
Қулмурод қурумсоқнинг юмуқ кўзлари чарақлаб очилди.
— Қанақа… шафтоли?
— Қанақа бўларди? — Қурбон қассоб жўрасининг оёқлари орасидаги тугунчага имо қилди. — Анови олиб келган, ярим соатдан буён мақтаётган матоҳингнида! Қани, бу ёққа узат-чи…
Қулмурод қурумсоқ тутилинқиради.
— Мен… ҳалиги.. Сен касал бўлсанг… Сени кўргани ул-бул нарса олиб келишган бўлса… Тағин исроф бўлмасин, бирга баҳам кўрармиз, деб келгандим… Менга қара жўра, ҳув анави қоғоз халтангда нима бор?
— Ҳа-а… Уми? Қотган -қутган нон бўлаклари. Уйдагилар келишса олиб кетишади, товуқ-мовуққа ивитиб беришади. Менга қара, жўра… Гапни алаҳситма! Тугунингда нима бор ўзи? Қулмурод қурумсоқ ҳафсаласи пир бўлгандек ўрнидан қўзғалди.
— Нима бўларди… Бўш банка! Тумбочканг тўлиб-тошиб, овқатинг ортиб-мортиб ётган бўлса, олиб кетарман десам… Ҳе, яна бу киши оғайни эмиш. Эпласанг, касал бўлда…
Палата эшиги тарақлаб ёпилди. Қурбон қассоб ўзини беҳол сезди…