Муҳаммад Очил. Серкаев сим қоқди (ҳажвия)

Султон Серкаев нафақага чиқди-ю, зерикиб қолди! Кунни кўнгилдагидек ўтказишда ҳартугул ишхонасидан айланиб ўргилса арзиркан. Кичикроқ идоранинг бўлса-да, каттакон бошлиғи саналарди. Керилибгина беминнат темир отда хизматга йўл оларди. Иззат-икром ва навозишлар остона ҳатлар-ҳатламай бошланарди: “Саломатмисиз, Султон Серкаевич!”, “Соғинтириб қўйдингиз-ку, ака!”, “Кеча тушимда десангиз…”
Султон Серкаевич эса серсаломларга алик олавериб, бош силкийвериб, охир-оқибат ияги толиқиб, бўйни оғриб қолганча хонаи хосига етиб борар ва айланма оромкурсида ястаниб роҳатланар эди. Сўнг столи қиррасидаги майиздеккина қора тугмачани ҳафсала билан босарди:
– Жир-р-р! Жир-ринг…
Лаҳза ўтмай бўсағада сочининг бир тутами қизғиш, бир бўлаги кўкиш, қолган қисми яна алламбало тусга бўялган, атир-упа чапланган ёноғидан табассум таралиб турган котиба қад ростлар, хоҳишига қараб қайноққина қаҳвами, буғи кўкка ўрлаган чойми тайёрлаб берарди. Қолган иш фурсатлари янада мароқли ўтарди: қоғозларга имзо чекиш, сўнг меҳр билан муҳр босиш, ходимларни мақташ ёки лозим топса танбеҳ дегандай…
Мажлису машваратлар айниқса жон-дили эди. Ўзига ажратилган тўрдаги ўриндиқда хоҳласа ширингина мудрар, таъби тортса томоқ қириб нутқ ирод қилар, истаса кекирдагига зўр берганча минбар муштларди…
Лекин нима бўлганда ҳам суйган машғулоти сим қоқиш эди. Тўғри-да, ўтирган ўрнингда қўл етмас масофадаги киши билан шакаргуфторлик қилиш, ёхуд кўзини кўрмай, юзини хотир қилмай сўкиш, маслаҳат бериш, ақл ўргатиш зўр эмасми? Энг муҳими, суҳбатдош ёқмаяптими, исталган маҳалда “гурунг”га болта уриш имкониятига эгасан. Баъзан ўзига ўзи савол бериб қўяди: “Бу телефони тушмагур кашф этилгунга қадар инсон қандай кун кечирди экан-а?!”
Шу тобда Султон Серкаев меҳмонхонасида мунғайибгина ёлғиз ўтираркан, ўша бахтиёр кунларни эслаб, беихтиёр чуқур хўрсинди ва ён-теграсига кўз югуртирди: хайрият, сўнгги буйруғи …ҳа, илтимоси инобатга олиниб, айланма ўриндиқ, майиз тугмачали иш столи ва телефони ҳадя этилди. Ана, меҳмонхона тўрида ўрнатилган ўриндиққа чўкди ва бармоқлари беихтиёр стол қиррасидаги тугмачани қидириб топди.
– Жир-р-р! Жир-ринг…
Анча муддатдан кейин, хона эшиги шашт билан очилиб, гулгун чеҳрали котиба ўрнига, хотинининг хўмрайган қиёфаси кўринди:
– Бу нима қилиқ? От бўлсангиз ҳам тойнинг қилиғини қилиб, невараларингиз, ҳамсоя-ҳаққа кулги бўлмоқчимисиз?! Йиғиштиринг, иккинчи эшитмай бу зормандангиз товушини.
Тамом, тугмачанинг ҳам куни битди ҳисоб. Яна хуноби ошди. Ҳовурини босиш учун, елкада чопон, шиппакда ҳовлига тушди. Рўпарасига пешвоз чиққан ит эгасини, бошда шляпа, бўйинда бўйинбоғ, қўлтиқда портфелда кўришга кўникиб қолган эмасми, бу сафар танимай жойида қотди, сўнг ҳадиксираганча ҳар эҳтимолга қарши четга қараб хунук ҳуриб қўйди.
Серкаев сесканиб изига бурилди, меҳмонхонага қайтиб кириб, яна креслосига чўкди. Оббо, нима қилса энди зерикиши барҳам топади?! Телевизор кўриш … мудроқ бостиради! Китоб ўқишни жини суймайди! Ҳа-а, топди. Чойхонага чиқади! Маъқулку-я … Аммо, хизматчилик билан андармон бўлиб, қўни-қўшни, маҳалладагилар билан тузук-қуруқ танишишга ҳам фурсат тополмаган, турган гапки, танимасни-сийламас! Шундай экан, шамаси ўлган чойни ичиб зарил келибдими?
Серкаев бу сафар узун уф тортди. Илинж истагида яна атрофга кўз югуртирди. Ногаҳон нигоҳи дераза рахидан жой олган телефонга тушди. Чиройи очилди. Ия, нега шу маҳалгача ёдига келмабди?! Ахир, дили чигали, тили тушовини ёзадиган энг беминнат дастёри муштоқ ва мунтазир-ку!..
Серкаев илкис кўтарилди. Лўкидондан гўшакни олиш учун тараддуд кўраркан, қалби хаприқди, ширин луқма ютишга ҳозирлангандек тамшанди. Хўш, дастлаб кимга қўнғироқ қилади?! Ҳар доимгидек ўринбосари Ўроқовга-да! Тфу, ўринбосари қолибдими! Шу тобда у кишим ўтиргандир ўрнимда керилибми, кекирибми?! Сим қоқса албатта мазах қилади, нишини санчади: “Ҳа, Серкаевич! Жойингизни хумори тутяптими? Етти йил эмдингиз, етар! Энди эгилавериб беланги бўлган жойларимизни силашга бизга ҳам рухсат беринг!” Йўқ, ўринбосарни афти қурсин. Яхшиси, кун-кунора котибалар ҳақида латифалар айтишадиган дўстлари, қўшни идоралар бошлиқларига… Ҳмм, қандоқ бўларкан?! Ҳозирги кайфиятда кулгиси сохта-совуқ чиқар-ов! Қолаверса, “собиқ” бўлгани учун суҳбат қуришни мансабдагилар ўзларига эп кўришармикин?! Яхшиси, ҳозирча уларнинг ҳам нафақага чиқишларини пойлагани тузук… Унда кимга сим қоқади?!
Серкаев гўшакни қайтариб қўйди. Чайнамоқчи бўлган луқмасидан тош чиққандай афтини буруштирди. Атрофга аланглади: хона тўрида тахмон, диван-кресло, телевизор, музлатгич… Анави жавонда турган қалин муқовадаги расм албомми? Яхши бўлди, ўтган дамларини эслаб, сурат томоша қилади. Йўқ, бу қадрдон дафтарча-ку! Бир пайтлар унга ошна-оғайни, таниш-билиш, қариндош-уруғларнинг телефон рақамларини эринмасдан ёзиб борарди. Қаранг-а, ёдидан кўтарилиб…
Серкаев суюниб кетди. Дафтар муқовасига инган чанг-чунгни енги билан артган бўлди. Сўнг бармоғини тупуклаб, варақлашга тутинди. Ана буни кўнгилли машғулот деса бўлади! Энди зерикиш йўқ… Хўш, дастлаб кимни танлайди. Биринчи варақда ёзилгани 01, 02, 03, 04… йўғ-э, туф, туф-э. Бу рақам эгаларидан эгамнинг ўзи асрасин! Ишқилиб иш тушгулик қилмасин. Яхшиси А ҳарфидан бошлайди. Мана биринчиси Атаэв Асқар. Ким бўлди бу Атаэви?. Ата-а-а… а-ҳа, бўлди, ёдига тушди: синфдоши. Фақат исми-шарифи Отаэв Асқар эди. Бироқ ким билан танишса “Паспорт бўйича Атаэвман! Исмим эса Оскар!” дерди. Боёқиш шу исмга орзуманд ҳолда: “Артист бўламан, зўр томошалар кўрсатиб, Оскарни оламан”, деб ичи куйиб юрарди. Аммо артист тайёрлайдиган институтга киролмади. Кейин эса, хотинини икки боласи билан ҳайдаб, вилоят театри директорининг тўрт болали қизига уйлангани ва зўр томоша кўрсатгани кўпчиликнинг эсида… Ўша Асқар-Оскар… бир учрашиб қолишганда ҳашамдор “визитка”сини тақдим этганча мақтанганди: “Мана, жўра, ҳозир театр эгасиман! Қайнотам (директор)га шафёр, қайнонам (кассир)га тансоқчи, спектаклларда эса суфлёрман… Хуллас,.. тўй-пўй қилсанг, стол-стул, дангур-дунгури билан артисти биздан!” Бу валломат ҳозир нима иш қилаётган бўлса?! Телефон рақами ўзгармадимикин!? Йўқ, шошмаслик керак. Кимнинг қандай мансаб ёки лавозимдалигини аниқлаб, сўнг сим қоққани маъқул! Ундан кейингиси Арслонов Қўзи! Ҳе, Қўзи бўлмай кетсин! “Султон суягини хўрламас! Эна жамоат қариндошингиз бўламан. Ёғлироқ жойни беринг!” – деб бир пайтлар орқасидан қўзичоқдай мунғайиб юрарди. Хўжалик мудирлигини олди-ю, арслонга айланди-қўйди! Ўринбосари Ўроқовнинг ҳимоясида, ҳатто унга ҳам ҳамла қилишга ботинди. Баттолни бўшатгунча она сути бўғзига келганди. Шундай нонкўрнинг телефони нега ҳалигача… Мана, устидан чизиқ тортилди. Хўш, навбатдагиси “Ақиқ плюс С!” Бу нима дегани? Қизиқ, нега бундай тарзда ёзиб қўйибди?!.. Серкаев бошини саланглатганча ўйга ботди ва, ниҳоят, манглайига шапатилади.
Юракка санчилган тиғ сурати барини ёдига туширди. Курортга борганда кўҳликкина жувон билан танишиб қолганди. Ўша офатижон, оғзи қолиб, кўпроқ кўзи билан гапирарди. Исми Ақиқамиди? Буниси ёдида йўғ-у, аммо, эсдалик сифатида ақиқ кўзли узук совға қилгани аниқ эсида… Хуллас, хотинидан сир сақлаш учун унинг телефонини шунақа синоатда ёзган бўлса эҳтимол. Ҳозир ўша эски жазманига сим қоқиб, дил чигалини бир ёзади. Иэ, нималар деяпти?! Нафақадаги одамнинг бегона аёлга сим қоқиши… Бу соғ бошга мих қоқиш билан баробар эмасми?! Шундай экан, бошқасига…
Хўш-ш, Бўриэв Бегимқул. Бу ҳам бир партада оёқ тепишиб, катта бўлишган мактабдош оғайниси. Бегимқул бекликни ҳам, қулликни ҳам эпларди. Синф раҳбарининг мотоциклини ювиб-артиб, синфбоши бўлиб олганди. Бойваччатоб болалар портфелини орқалаб юришдан ҳам ор қилмасди. Севишганлар ўртасида изҳори ишқ мактубларини таширди. Имтиҳонларга пул йиғарди, яхши ва аъло баҳолар учун ўқитувчи ва ўқувчи орасида даллолликни қойиллатарди. Хуллас, ўзини эплаб, қорнини тўқлаб, киссасини қаппайтириб юрарди. Шу уддабуронлиги иш бердими, ҳозирда катта тадбиркор. Хусусий бозорчаси, автостоянкаси, пуллик ҳожатхонаси бор… Ишқилиб тиниб-тинчимайди! Шундай экан, ўзи эсламаса, бу шов¬возни тутиш мушкул. Яхшиси, бошқасини кўрсин…
Хўш-ш, Вали Али Хумдоний… Хашакироқ шоир, Али бахшининг маҳмадона ўғли. Бахши бобо қачон қарама, дўмбирасини тинғиллатиб, бир уй одамни оғзига қаратиб ўтирарди. Отасига тортганми, ўғли ҳам бошқага гап бермайди… Ҳатто телефонда ҳам. Кошки шоир, артист деганларнинг гапига бундайроқ одам фаҳми етса, мағзини чақаман десанг миянгга чарчоқ киради. Тахаллуси ажабтовурлиги сабабики, туғилган қишлоғи шунақа – Хумдон. Шу боис овози ҳам хумдан чиққандай. Демак, шоирга ҳам сим қоқиш шарт эмас.
Хў-ўп… Гадоэв Ғариб. Бу кишим энди қайноға. Яъниким, энг яқин қариндош. Тили асал-у, аммо чўнтаги доим касал. Поччажон, почча деб пойчангдан тутса бўлди. Сўнг қутилиб бўпсан. Унга сим қоқиб зарил кептими?! Ўзига керак бўлса шумғиядай дарҳол бўй тортади.
Хў-ўш, унда навбатдаги – Дулта Донаэвич! З-зў-ў-р одам эди! Каттаю кичик креслоларни кети кўп искаган. Жуда эҳтиёткор ва пишиқ. Амали бўлса-да, гап-сўздан чўчиб “дом”да турарди. Ҳеч ким билан қўл бериб соломлашмасди, бош ирғаш билан кифояланарди, холос. У пайтларда, Серкаев билан ён қўшни, оралиқ масофа икки қадам бўлса-да, телефон орқали ҳасратлашарди. Умуман, феъл-атвори ўзига хос эди. Хизмат машинасининг фақат орқа ўриндиғида ўтирарди. Хотинини “сиз”лаб гапирарди. Аммо, бирга ишласа-да, уни ишхонасига олиб кетмасди. Ёнида доим чарм қутичада дори-дармон, термосда қайноқ гиёҳли чой… Шундай эҳтиёткор бўлса ҳам барибир кунларнинг бирида ўтирган ўриндиғи ўнғайсиз, нобопроқ эканми… йиқилиб тушди. Ўшандан буён… тилдан қолган. Телефонда имо-ишора қилиб гапириб бўлмаса?! Шундай экан, навбатдаги Етимов… Ҳм-м, куни “этим”га қолгани йўқ. Яна варақлашда давом этсин-чи…
Султон Серкаев шу тариқа алламаҳалгача дафтар варақлаш билан андармон бўлди. Бироқ, сим қоқишга арзийдиган бирорта маъқул “номзод” тополмади.
Дафтарни ёпишга тараддудланаракан, тўсатдан сўнгги саҳифада кўринарли тарзда ёзиб қўйилган “С. С.” ҳарфларига кўзи тушди.
Тавба, буниси энди яна ким бўлди? Ис … ис… Нега алоҳида ва чиройли шаклда ёзилган? Телефон рақами ҳам таниш… Э-э, эси қурсин! Ахир бу ўзининг рақами-ку! Бўлди, ёқадиган одам топилди. Тўғриси ҳам шу эмасми?! Бу дунёда инсон, энг аввало, ўзини яхши кўриши ва иззат-икромини ўз ўрнига қўйиши керак. Шундай экан, хў-ўш, ҳурмат юзасидан ўзига-ўзи телефон қилса қандай бўларкан? Киши ўзи билан ўзи суҳбат қурса қандай маза! Агар ўзига-ўзи қўнғироқлашса яна ҳам яхшироқдир. Бўлди, ҳозир гўшакни олиб…
Султон Серкаев жиддий ишга ҳозирланаётгандай кафтини бир-бирига ишқалади, лабларини тишлаганча тез-тез рақам терди. Лаҳза ўтмай гўшакдан алоқа бандлигини англатувчи қисқа-қисқа сас янгради:
– Ду-у-ут! Ду-у-т, дутт!
Султон Серкаевич ўпкаси зардобга тўлган куйи гўшакни жаҳл билан лукидонига ташлади.
– Ана шунақа! Керак пайти гаплашишга арзийдиган одам тополмайсан. Топганда эса, у сен билан суҳбатлашишни истамайди!..