Муҳаммад Исмоил. Сиз ҳамон ўшасиз… (ҳикоя)

– Аҳмад ака, Сизни ташқарида бир аёл кутиб турибди. Бирга ўқиганмиз, деяпти. Киринг десам кирмади.
-Ким экан?
-Отини айтмади. Шошилиб турибман, деди.
Эринибгина ташқарига чиқдим. Менинг хонамдан кириш-чиқиш эшиги анча олис, шунинг ўзига иш вақтимнинг қанчаси кетиб қолишини қизғаниб истамайгина борардим.
Ташқарида эса мени кутиб… Зиёда турар эди.
-Ие, Зиёда?
-Танимадингизми?
-Яхшимисиз?
-Ўзингиздан сўрасак.
-Раҳмат! Қани ичкарига кирайлик.
– Эй, йўқ, шошилиб турибман. Ярим соатдан кейин самолётим учади. Мен бир нафасга, кўриб кетай деган эдим. Бирга ўқиган курсдошларни соғиндим. Биз томонга, Фарғона тарафларга бормайсизлар ҳам.
-Ҳа, бир марта бориб бўларимиз бўлган.
-Эй, қўйинг шу гапларни.
-Жуда ўзгариб кетибсиз. Ҳатто таниб олиш қийин.
-Ростданми?
– Билмадим. Менда бир расмингиз бор. Балки шунга қарайверганимданми, тасаввуримда бошқача ўрнашиб қолибсиз. Гўё ҳеч нарса ўзгармагандай. Лекин, мана, орадан ўн беш йил вақт ўтибди.
-Ҳа, ҳаммаси бирпасда ўтиб кетди.
-Ўзингиз нима ишлар билан бандсиз?
-Ишлаяпман. Ўқишни битириб боргач, 3-4 йил уйда ўтирдим. Кейин ишга тушиб кетдим.
-Юринг, четроққа чиқайлик.
-Яхшиси, мени аэропортга кузатиб қўяқолинг.
-Бугун қолмайсизми?
– Йўқ. Бу ерда Ҳулкарникида турдим. Асли кеча иш билан келувдим. Ҳулкарни эслайсизми? Биз билан ўқиган.
-Эслайман, бўйи узун, қорача қизми?
– Ҳа, ўша. Кеча тонг отгунча гаплашиб чиқдик. Ҳамма курсдошларни эсладик. Сизнинг ҳам қулоғингиз роса қизигандир.
-Сиз эслайсиз-у, қизимайдими?
-Сизни роса кўп эсладик.
– Мен… Сиз мени ҳеч қачон эсламасангиз керак деб юраман. Агар қолишингизнинг иложи бўлмаса, қани, чиқинг машинага.
-Афсуски, иложи йўқ.
-Нега афсус деяпсиз?
-Айтаверайми?
-Айтмасангиз ишонмайман.
-Айтсам ҳам ишонмайсиз!
– Ишонмайман? Уч-тўрт йил орқангиздан соядай эргашиб юрдим. Қишлоғингизга бориб, қанча кучукларга таландим. Бир марта қараб қўйишингизга йиллаб зор бўлиб, орзиқиб юрдим. Ҳали ҳанузгача қиз бола ҳам шунча мағрур бўладими деб, ҳайратдан ёқа ушлаб юрсам-у, афсус чекишингизга ишонаманми?
-Мен, бир пайтлар Сизни излаб келишни ақлимга сиғдиролмасдим. Рости, келишим мутлақо тасодиф. Сизнинг бу ерда ишлашингизни кеча Ҳулкардан эшитдим. Кейин ярим соат вақт бор экан-у дедим-да, такси тўхтатсам, дарров олиб келди. Рости, эшик олдидан қайтиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Лекин кетмадим.
– Зиёда, бир гап айтайми? Мен сиздан кейин сизни севганчалик ҳеч кимни севмадим. Яширмайман. Ҳаёт экан, кўпчилик билан танишишга ва учрашишга тўғри келди, лекин қалбим ҳеч кимга рўйхушлик бермади. Мен ҳаётда бошқа сизнинг муҳаббатингиз қаршисида азобланганчалик, азобланмадим. Аслида, бировнинг қаршисида бутун вужуд билан изтироб чекиш, қайғуга чўкиш, ҳаяжонланиш, қувониш ҳам Худонинг марҳамати экан. Худо менга мана шу марҳаматни қайта ато қилмади. Зиёда, биласизми, мен буни ўша пайтда сезмагандим. Буни йиллар ўтиб, худди амалдор одам амалидан кетгач, бирин-кетин ҳамма имтиёзларидан маҳрум бўлаётганини сезгани сингари, юрагим бўшаб қолаётганида сездим.
-Аҳмад ака, қўйинг шу гапларни. Сизнинг афсусланишга ҳеч қандай асосингиз йўқ, мен эшитдим, яхши яшаётган экансиз.
-Тўғри, Худога шукур, яхши яшаяпман. Лекин шоир айтгандай: “Юрак санчиб қўяр баъзида”…
-Мен ҳам ўқишни битириб боргач, турмушга чиқдим. Тўғриси, дастлабки уч-тўрт йил билинмай ўтди. Ҳеч нарсадан афсусланганим йўқ. Фарзандлар кўрдим. Ўқиш даврларимни эсладим. Сизнинг устингиздан, бошқалар устидан кулардим. Мен ўзимни ғалаба қозонгандай ҳис қилардим. Йиллар ўтди. Жигарим шишиб, узоқ вақт ётиб қолдим. Қоронғу кунларим ўшанда бошланди. Дадам вафот этдилар. Ойимнинг бир қўл, бир оёқлари ишламай қолди. Бу сиз билан сўнгги бор учрашганимизнинг еттинчи йили эди. Ўшанда илк бор нақадар ёлғиз эканлигимни ҳис қилдим. Мени ҳеч ким севмаслигини, дардларимни эшитадиган одам йўқлигини, эримнинг менга бегонадай бефарқлигини, унинг муҳаббатини қозонолмаганимни сездим. Дардларимни айтишга, бир чора истаганимда йўл кўрсатадиган одам ёнимда йўқлигидан қанчалик қийналганимни билсангиз эди…
-Зиёда, наҳотки шу гапларни сиз айтаётган бўлсангиз?
– Ҳа, ҳаёт одамнинг тилини бурро қилиб қўяркан. Биласиз, авваллари жуда камгап эдим. Кеча Ҳулкар ҳам, ”Гапга шунчалик уста бўлиб кетибсанки…”, деб ҳайрон бўлди. Булар ҳаммаси ўша еттинчи йилдан сўнг бошланди. Ахир, ҳаёт секин-секин қадам ташларкан-у, жуда тез ўтиб кетаркан. Нега мен умримни, мени севган, мен учун жонини аямайдиган кишига ҳадя қилмадим? Унинг учун ўғиллар туғиб бермадим. Бир умр унинг хизматини қилмадим. Мен ўйлаб қарасам, ўз турмуш ўртоғимга касаллигимдагина эмас, соғайганимда ҳам керак эмас эканман. Худога шукур, фарзандларимиз бор. Турмушимиз осойишта. Нолимасам ҳам бўлади. Лекин мен ҳозир сизга айтаётган гаплар кейинги беш-олти йил мобайнида мени қаттиқ қийнаган, ўйлантирган гаплар. Бу гапларни барибир айтишим керак эди. Айтмасам, сизнинг олдингизда қарздор эканлигимни тан олмаган, узр сўрашим лозим бўлган пайтда узр сўрамаган одамдай хижолат тортавераман. Энди бу гапларнинг балки фойдаси йўқдир.
-Зиёда, унда нега бу гапларни айтаяпсиз?
– Йўқ, мен ҳеч нарсани ўзгартирмоқчи эмасман. Сизнинг олдингизга тасодифан кириб қолдим. Бу гапларнинг балки сизга ҳеч алоқаси йўқдир. Бу гаплар – менинг дардларим, армонларим.
– Раҳмат, мени одам қаторига қўшиб шунча гапларни айтганингиз учун.
-Нега ундай дейсиз? Мен сизни ўшанда ҳам ҳурмат қилардим.
-Ўшанда ҳурмат қилишингизга арзирдим.
-Ҳозир-чи?
– Ҳозир ҳам сизни кўп ўйлайман. Лекин Сизни севганчалик ҳеч кимни сева олмадим. Сизни унутишга кўп бора ҳаракат қилдим. Кўп қизларнинг орқасидан югурдим. Ростини айтсам, ҳеч ким мени сизчалик югуртиргани йўқ. Ҳеч ким мени сизчалик қийнагани, изтиробга солгани йўқ. Мен бир куни муҳаббат бобида армоним қолмади десам, буни ишонч билан айтган бўламан. Лекин мени қийнаётган энг даҳшатли нарса: ҳатто сизни ҳам бугун, балки ўша даврларда севганимчалик севолмайман. Балки бу гапларимни айтмаслигим керак эди. Лекин мен ҳам инсон қадрини бугун ҳис қилолмай қолдимми, деган қўрқувдаман. Сизни севган пайтимда сиз бир мўъжиза эдингиз. Энди кўзимга ҳеч ким мўъжиза бўлиб кўринмай қолди. Энди мени ҳеч ким ҳайратга солмай қўйди. Бу мен учун фожеа эмасми?
– Ҳа, ҳақиқий муҳаббат инсонга бир марта берилар экан. У келганида, ундан юз ўгирмаслик, унга мардлик билан пешвоз чиқиш керак экан. Мен ўшанда ундан юз ўгирдим. Қалбимнинг ўша муҳаббат яшаши керак бўлган жойи, ҳали хамон кемтик. Уни ҳеч нарса билан тўлдиролмадим. У юрагимдаги тубсиз чоҳ каби увиллайди. Бутун умрим мана шу чоҳни тўлдириш билан ўтди. Ўзимни қувноқ тутишга, ҳаётда ҳеч қандай каму-кўст йўқ одамдай яшашга ҳаракат қилдим, лекин бу чоҳни, бу кемтикни тўлдиролмадим. Одам бошқаларга ўзини бошқача қилиб кўрсатиши мумкин экан-у, лекин ўз олдида ўзини бошқача яъни бахтли қилиб кўрсатолмас экан. Мен охири енгилдим ва хаётдаги ҳамма омадсизликларим, бахтсизликларим, шўрпешоналигимни мана шу муҳаббатга, мен ўзим ташлаб кетган муҳаббатнинг йўқлигидан, мени суямаган, қалбимга малҳам бўлмаган, шодлантирмаган, юксакликлар сари етакламаган муҳаббатнинг йўқлигидан кўра бошладим. Лекин нима қилай, умр инсонга бир маротаба берилар экан. Биз эса бу умрни ўтаб бўлдик. Ўтаганда ҳам ношудларча ўтаб бўлдик. – Зиёданинг кўзларидан маржон-маржон ёш томчилари оқиб туша бошлади.
– Зиёдахон, қўйинг йиғламанг. Юрагимизда, ҳали ҳамон шунча дард бор экан, демак муҳаббат ҳам бор. Бизнинг хатойимиз биз ўз муҳаббатимиз ғалаба қозониши учун курашмадик. Биз енгилдик. Энди, йиллар ўтса ҳам, умр деган душман, бизнинг устимиздан қозонган ғалабаси туфайли зулмини, жабрини ўтқазиб келаяпти. Агар, шундай бўлишини олдиндан билганида, сўнгги томчи қоним қолгунча курашган бўлардим. Аниқ биламан, мен сиз билан бўлганимда, сиз менга куч берардингиз, мадад берардингиз ва биз биргаликда, бизлар ҳозир тушимизга ҳам кирмаган бахтларга эришардик. Лекин ундай бўлмади. Қаноти синган қуш учишга ярамагандай, жуда эрта сафдан чиқиб кетдик. Ҳозир эса, учиш ҳақида ўйламаймиз ҳам. Ҳаёт эса фақат учишдан иборат.
– Аҳмад ака, мен сизнинг олдингизга ҳақиқатан ҳам бекор келибман. Мен сизни бахтли одам деб юрардим. Бу ҳаёл таскин берарди. Ва сизни мендан бироз бегоналаштирарди. Энди эса, билдимки, сиз ҳам мен сингари ўйлар экансиз. Мен сингари қийналар экансиз. Сиз менинг суянган тоғим эдингиз, энди билсам, сиз ҳам мен сингари бир суянчиққа муҳтож экансиз. Илтимос, ғам чекманг, пушаймон бўлманг, азобланманг. Мен сизни яхши кўраман,
– Раҳмат, Зиёда! Мен ҳам сизни севаман! Сўнгги нафасимгача севаман! Ҳаётимга энг нурли лаҳзаларни ҳадя этган инсон сифатида хотирлайман. Сиз билан кечирган ўша уч йил бутун умримга татийди. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Мен ҳаётимда бир марта севдим ва мана шу севги билан ўтаман.
– Мен буни сиздан талаб қилганим йўқ. Айтдим-ку, тасодифан…
– Йўқ, йўқ, келганингиздан, Сизни кўрганимдан жуда хурсандман. Сиз ҳали хамон сизни севишимни сезмаганингизда келмасдингиз. Сизни муҳаббат етаклаб келди..
– Наҳотки менинг келишим…
– Йўқ, йўқ, Зиёда, умуман… мен айтмоқчиманки, ҳаётимда бўлганингиз, қачонлардир севишга қодир қилганингиз ва мени уч йил бир марта қараб қўйишингизга зор қилганингиз ва туну кун сизни ўйлаб азоб чекканлигим учун сизга раҳмат. Ахир, мен бировни бир кун ҳам севолмай ўтиб кетишим мумкин эди-ку.
-Балки, ҳаракат қилиб кўрмагандирсиз…
– Зиёда, келинг, бир шоир айтганидай, “ўтмиш билан кулиб видолашайлик”.
-Яхшиси, ўтмишни унутмайлик.
-Унутиб бўладими?!
-Балки телефонлашармиз… – деди Зиёда юзига бироз табассум юритиб.
– Албатта, келинг яхшиси барини бошидан бошлаймиз.
– Ҳаёт биздан ҳар куни жасорат кутиб, ўз тонгларини оттирмоқда. Ҳаёт ҳали нақадар ширин.
– Йўқ, ундай деманг… Мана, аэропортга ҳам келдик. Ҳамма йўловчилар рўйхатдан ўтиб бўлишибди.
-Ҳайр, яхши боринг, Зиёда.
-Ҳайр! (Зиёда хайрлашиш учун қўл узатади).
-Умримда биринчи бор қўлингизни ушлашим.
– Бошқа ушламайсиз ҳам. – деди у қатъий. Негадир у бир лаҳзада бошқача одамга айланиб қолгандай эди.
-Ундай деманг.
– Бошқа кўришмаймиз ҳам. Телефонлашмаймиз ҳам. Излаб ҳам борманг…
-Ундай деманг… Сиз менинг ҳаётимдаги энг ардоқли инсонсиз.
-Хайр. Сизга айтадиган охирги сўзим шу. Хайр!
Зиёда шарт бурилди-да, тез-тез юриб кетди.
Менинг лабларим эса титрарди: – Сиз ҳамон ўшасиз…