Муҳаммад Исмоил. Ой чиқмаган оқшом (киноқисса)

Университет ётоқхонаси. Кўзлари йиғидан қизарган Насиба кийим-кечаклари-ю китоб-дафтарларини ҳафсаласизлик билан жомадонга жойлаяпти. Дугонаси Зуҳра эса унга ачинган кўйи ҳаёлчан тикилиб каравотда ўтирибди. Эшик тақиллаб, Фурқат мўралайди.
ФУРҚАТ – Насиба, Насибахон! (эшикдан киради) – Э, яхшимисиз, Зуҳрахон? Кечирасизлар!
ЗУҲРА: – Келинг, Фурқат ака.
(Насиба Фурқатни кўриб тўхтайди ва қўлидаги рўмолини юзига босиб, елкалари силканиб йиғлаб юборади).
ЗУҲРА: – Бўлди, энди, Насибахон, қўйинг дугонажон. Имтиҳондан ўтолмаган, ўқишга киролмаган ёлғиз сизми?
ФУРҚАТ: (Зуҳрага) – Насибахоннинг тест синовларидан ўтолмагани аниқми?
ЗУҲРА: – Ҳа…
ФУРҚАТ: – Балки қандайдир англашилмовчилик бўлгандир?
ЗУҲРА (бош чайқаб) – Йўқ. Қабул комиссияси раисига ҳам учрашдик…
ФУРҚАТ: Боя университетда эшитиб ҳайрон бўлиб қолдим. Жон куйдириб менинг имтиҳонга тайёрланишимга ёрдамлашган, мактабни аъло баҳоларга тугатган қиз ўтолмаса… сира ишонгим келмаяпти.
ЗУҲРА: – Ўзингизники нима бўпти?
ФУРҚАТ: (ноқулай аҳволда) – Мен… ўтганмишман…
ЗУҲРА: – Табриклайман!
(Насиба ҳўнграб йиғлаб юборади).
ЗУҲРА: Вой, эсим қурсин, газга чой қўйгандим-ку! Ҳозир келаман!
(Югуриб чиқиб кетади. Насиба дераза олдига бориб, кўзлари билан юзини тўсганча орқа ўгриб йиғлайди).
ФУРҚАТ: Ҳа-а… чатоқ бўпти…
НАСИБА: – Чатоқ ҳам гапми, Фурқат ака. Энди қишлоқа қандай қилиб қайтиб бораман, ҳайронман. Дадамниг юраклари буни кўтармайди.
ФУРҚАТ: – Ҳеч нима қилмайди, Насибахон. У кишига ўзим тушунтираман.
НАСИБА: – Энди бўлди, фойдаси йўқ. Икки дунёда ўқишга юбормайдилар.
ФУРҚАТ: – Йўқ, келасиз. Яна бирга имтиҳон топширамиз. Худо ҳоҳласа, кирмасдан қўймайсиз.
НАСИБА: – Вой, сиз кириб бўлдингиз-ку?
ФУРҚАТ: – Йўқ, мен ҳам қишлоққа қайтиб кетаман. Сизсиз бу ерда қолмайман.
НАСИБА: -Жинни бўлиб қолибсз. Зўрға ўқишга кириб…
ФУРҚАТ: – Нима қибди? Сиз ҳам кирганингизда бошқа гап эди. Бир ўзим бу сершовқин шаҳарда юролмайман.
НАСИБА: – Унақа гапларни қўйинг, Фурқат ака. Сиз ўқишингиз керак. Ҳарбий хизматга бориб келгансиз, жамоа ҳўжалигида ишлагансиз. Ўқимасангиз бўлмайди.
ФУРҚАТ: – Хўп, ўйлаб кўраман.
НАСИБА: – Йўқ, сўз беринг, шу ерда ўоламан, ўқийман денг!
ФУРҚАТ: – Хўп, хўп. Фақат йиғламанг, хўпми? (У Насибанинг рўмолчасини олиб, кўзларини артади. Икковлон дераза ёнида турганча ташқарига тикилиб қоладилар. (Автовокзал. Насиба кетиш тараддудида. Ёнида Фурқат ҳуноби ошиб, сигарет чекиб турибди. Репродуктордан автобусниг йўлга чиқиши эълон қилинади).
НАСИБА: – Бўлмаса, мен кетдим, Фурқат ака.
ФУРҚАТ: – Хўп хайр. Насибахон.
НАСИБА: – Қишлоққа ўтиб қоларсиз?
ФУРҚАТ: – Албатта. Бу ёқдаги ишларни тўғрилаб, орқангиздан етиб бораман. Сира хафа бўлманг, хўпми?
НАСИБА: – Хўп… (Насиба автобусга чиқади. Автобус кетади. Фурқат станцияда қолади ва кузатувчилар орасида кўздан ғойиб бўлади).
(Автобус йўлда бораяпти. Насиба ёлғиз ўзи деразадан ташқарига тикилган кўйи хаёл суриб ўтирибди. Ногаҳоний товушдан чўчиб тушади).
ФУРҚАТ: – Ёнингиздаги жой бўшми, яхши қиз?
НАСИБА: (хайрон) – Фурқат ака!
ФУРҚАТ: Мен.
НАСИБА: – Сиз бу ерда нима қилиб юрибсиз?
ФУРҚАТ: – Ўша куни ётоқхонада рўмолчангиз менда қолиб кетган экан, шуни олиб келдим.
НАСИБА: – Вой,. шу арзимаган нарса учун чиқдингизми? Сиз соғ эмассиз, Фурқат ака.
ФУРҚАТ: – Тўғри, сизни ўша Ховосдаги сой бўйида биринчи кўрган кунимданоқ эсим оғиб қолган.
НАСИБА: – Яхши иш қилмаяпсиз. Чиндан қишлоққа қайтаяпсизми?
ФУРҚАТ: – Ҳа.
НАСИБА: – Нега бундай қилдингиз?
ФУРҚАТ: – Сизни ёлғиз кетказишга кўзим қиймади.
НАСИБА: Ёлғон сўйлайсиз. Қачон билет олишга улгурақолдингиз?
ФУРҚАТ: – Кеча сизга олиб келганимда ўзимга қўшволгандим.
НАСИБА:- Ўқиш-чи? Ўқишингиз нима бўлади?
ФУРҚАТ: – Яна овора бўлиб юрмай деб ҳужжатларимни қабул комиссиясидан қайтариб олдим.
НАСИБА: – Бекор қилибсиз.
ФУРҚАТ: – Йўқ, бекор эмас. Тўғри қилдим. Сиз билан янаги йилга яна имтиҳон топшираман. Бирга ўқиймиз.
НАСИБА: – Мен энди келмайман.
ФУРҚАТ: – Унда мен ҳам келмайман.
НАСИБА: – Мен турмушга чиқаман.
ФУРҚАТ: – Кимга?
НАСИБА: – Буниси сир.
ФУРҚАТ: – Унақада мен ҳам уйланиб қўяқоламан.
НАСИБА: – Кимга?
ФУРҚАТ: – Буниси сир.
(Кулишадилар)
ФУРҚАТ: – Барибир ким бўлсаям, ўша – сизга уйланадиган йигитга ҳавасим келади.
НАСИБА: – Нега?
ФУРҚАТ: – Сиз яхшисиз. Сиздан одобли, сиздан гўзал қиз дунёда йўқ!
НАСИБА: – Йўқ. Иккичи, имтиҳонлардан ўтолмайдиган қиз кимга керак?
ФУРҚАТ: – Менга керак ( қизга талпинади)
НАСИБА: – Вой, манави йигитни! Жинни бўлиб қолибсиз.
ФУРҚАТ: – Ростдан ҳам шу аҳволда жинни бўлиб қолсам керак.
НАСИБА: – Боринг, жойингизга ўтиринг.
ФУРҚАТ: – Менинг жойим йўқ. Шу ерда тепангизда ўтириб чиқаман.
НАСИБА: – Нега?
ФУРҚАТ: – Сизни ҳеч ким олиб қочиб кетмаслиги учун!
НАСИБА: – Унда мен ҳам ёнингизда бўламан.
ФУРҚАТ: – Нега?
НАСИБА: – Тонг отгунча бир-биримизни пойлаб чиқамиз, майлими?
ФУРҚАТ: – Раҳмат сизга, Насиба.
НАСИБА: Йўқ, сизга раҳмат. Мени деб ўқишингиздан воз кечиб, қишлоққа қайтаяпсиз.
ФУРҚАТ: – Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Вей, яна йиғлаяпсизми?
НАСИБА: – Ўзим.
ФУРҚАТ: – Майли, йиғлайверинг. Ҳатто йиғлашингиз ҳам чиройли.
(Насиба кўз ёш аралаш жилмаяди).

( Орадан анча вақт ўтган. Қишлоқ кўчаси. Юк машинаси ҳайдаб келаётган Фурқат йўл четида бораётган Насибани кўриб, машинани тўхтатади).
ФУРҚАТ: – Насибахон, йўл бўлсин, саҳарлаб?
НАСИБА: – Яхшимисиз,. Фурқат ака? Яхши юрибсизми?
ФУРҚАТ: – Раҳмат, буёққа чиқиб олақолинг.
НАСИБА: – Буёғи оз қолди, раҳмат.
ФУРҚАТ: – Чиқаверсангизчи, ҳар куни учрашиб юрибмизми?
(Насиба машинага чиқади)
ФУРҚАТ: -Кутубхоначи бўлиб кетибсиз. Қалай, ишлариниз яхшими?
НАСИБА: – Раҳмат. Қишлоқ жой, ҳеч ким ўзидан ортмайди, иши кўп, юмуши кўп. Ким ҳам кутубхонага киради дейсиз!
ФУРҚАТ: – Мениям сира қўлим тегмаяпти. Бир-икки мўралаб ўтсам, эшик қулф экан. Уйдагилар яхшими?
НАСИБА: – Юришибди. Дадам ўқишга киролмаганимдан ҳалиям хафалар. Кўкламга чиқиб узатвораман, деяптилар.
ФУРҚАТ: – Кимга? Куёв тайёр эканми, ишқилиб?
НАСИБА: – Ҳокимнинг жияни бормиш. Бир-икки совчи келибди.
ФУРҚАТ: – Қайси бири? Анави Хўжавой фермернинг арзандаси эмасми?
НАСИБА: – Ўша. Қайси куни маст бўлиб олдимга келганди, зўрға ҳайдаб чиқардим.
ФУРҚАТ: – Оббо ярамас-ей, нима дейди?
НАСИБА: – Нима деётганини ўзиям билмайди.
ФУРҚАТ: -Бир қўлимга тушсин.
НАСИБА: – Йўқ, сиз индаманг. Ўзим жавобини бериб юбордим.
ФУРҚАТ: -Унга гап кор қилармиди?
НАСИБА: – Ўзимча шундай қарорга келиб қўйдим: “Агар мажбуран эрга бермоқчи бўлсанглар, қочиб кетаман”.
ФУРҚАТ: – Қаёққа?
НАСИБА: Бошим оққан тарафга.
Унда бирга қочиб кетамиз.
НАСИБА: – Қаёққа?
ФУРҚАТ: – Ҳеч ким тополмайдиган жойга.
НАСИБА:- Шунақа жой бормикан ўзи?
ФУРҚАТ: – Бор.
НАСИБА: -Қаерда?
ФУРҚАТ: – Борганда кўрасиз.
НАСБА: – Мен жиддий сўраяпман.
ФУРҚАТ: – Мен ҳам жиддий айтаяпман.
НАСИБА: – Бўлмаса кетдикми?
ФУРҚАТ: – Ҳозирми?
НАСИБА: – Ҳозир. Нимани кутамиз?
ФУРҚАТ: – Машинада юк бор. Касалхонага ташлаб ўтишим керак. Ун, макарон, ёғ, яна алламбалолар.
НАСИБА: – Жуда зўр экан-да. Ўзимиз билан оролга кетадиган нарсалар экан.
ФУРҚАТ: – Тўғрику-я… Лекин булар беморларнинг насибаси-да!
НАСИБА: – Ҳазиллашаяпман.
ФУРҚАТ: – Тушунаман.
НАСИБА: – Унақада қаерга қочишимизни яхшилаб ўйлаб кўринг.!
ФУРҚАТ: – Қаёққа бўларди, шаҳарга-да. Яқинда кириш имтиҳонлари бошланади.
НАСИБА: – Кира олармиканмиз?
ФУРҚАТ: – Албатта кирамиз.
(Машина гузарда тўхтайди. Насиба тушади).
НАСИБА: Раҳмат, кўнглим сал ёришгандай бўлди.
ФУРҚАТ: – Раҳмат, шунақа сиқилган пайтларингизда кўришиб турайлик, хўпми? Ўзим кутубхонангизга ўтаман.
НАСИБА: – Ўтинг, кутаман, Фурқат ака.
(Насиба кўчанинг у бетига ўтади. Фурқат сигарет олгани дўконга киради ва шериклари билан пиво ичаётган Ғайбуллани кўради. Ғайбулла унинг йўлини тўсади).
ҒАЙБУЛЛА: Қалайсан, братишка?
ФУРҚАТ: – Раҳмат.
ҒАЙБУЛЛА: – Тўхта, аравакаш!
ФУРҚАТ: – Нима дейсан?
ҒАЙБУЛЛА: – Кўзингни очиброқ юр, хўпми?
ФУРҚАТ: – Тушунмадим.
ҒАЙБУЛЛА: – Тушунтириб қўйишим мумкин. Насибадан нарироқ юр!
ФУРҚАТ: – Юрмасам-чи?
ҒАЙБУЛЛА: – Унда мажбур қилишим мумкин.
ФУРҚАТ: – Қўлингдан келмайди.
ҒАЙБУЛЛА: – Қўлимдан нималар келишини сен қаёқдан биласан? Жуда индамаса, буёғи индийский киноку-а?
ФУРҚАТ: – Буниси сени ишинг эмас.
ҒАЙБУЛЛА: – Билиб қўй, агар сени яна ўша қиз билан кўрсам, туғилганингга пушаймон бўласан.
ФУРҚАТ: – Бунисини кўрамиз.
ҒАЙБУЛЛА: – Кўрасан! Еше как кўрасан!…
(Адир этагида Фурқатнинг юк машинаси турибди. Насиба икковлари сайр қилиб юришибди. Насиба билан иккови дарё соҳилида ўтиришибди. Кутубхона. Фурқат икковлари қандайдир журнални варақлаб, баҳслашиб ўтиришибди. Икковлари шод-бахтиёр).
(Ёмғир шаррос қуйиб турган оқшом, Фурқатнинг машинаси жар ёқасида ботиб қолган).
У жон-ҳолатда машина устидаги қоп, яшикларнинг устини ёпиш ҳаракатида. Аксига олиб, бирон машина кўринмайди.
Ниҳоят узоқдан машина чироқлари кўзга ташланади. Фурқат йўлга югуриб чиқади. Тўхтатади. Бу – Ғайбулланинг машинаси эди. Унинг ёнида малласоч суюқоёқ жувон ўтирарди).
ҒАЙБУЛЛА: – Хўш, хизмат?
ФУРҚАТ: – Илтимос, машинам ботиб қолди. Марказдан ун, шакар олиб келаётгандим. Қишлоққа киргач, автобазадагиларга айтиб ўтсанг!
ҒАЙБУЛЛА: – Бошқа топшириқлар йўқми?
ФУРҚАТ: Топшириқ эмас, илтимос. Бу кўпчиликнинг ризқи…
ҒАЙБУЛЛА: – Жавоби ҳам бор. Ана энди сувга бўкиб оққан уну шакарлар учун жавоб беришингга тўғри келади.
ФУРҚАТ: – Ҳазиллашаяпсанми?
ҒАЙБУЛЛА: – Ана шу охирги гапинг чатоқ бўлди. Отвечат қиласан!
ФУРҚАТ: – Йў-қол!
ҒАЙБУЛЛА: – Ҳали ҳолингга маймунлар йиғлайди, аравакаш!
(Ғайбулла кула-кула кетди. Фурқат қолади. Машинасини қулфлайди-да, ўзи пиёда йўлга тушади ва югуриб бораётиб жарга учиб кетади. Ёмғир эса ҳамон қуймоқда эди).
(Қишлоқ касалхонаси. Фурқат ётибди. Эшик очилиб, ҳамшира, раис ва Насиба киришади. Фурқат турмоқчи бўлади)
РАИС: – Ётавер, полвон, ётавер! Қалайсан энди?
ФУРҚАТ: – Ҳижолатдаман, раис бува, чатоқ иш бўлди-да.
РАИС: – Чатоқ бўлмади. Ҳаммаси яхши.
ФУРҚАТ: – Ун, шакар…
РАИС: – Ҳаммаси жойида, Фурқат. Сен қишлоққа қараб югурганингдан кейин кўп ўтмай, сменадан қайтаётган кончилар машинангни кўриб қолишибди. Яхшиям чироқларини ёниқ қолдирган экансан. Улар сендаги юкларни ўз машинасига ортиб, қишлоққа олиб келишган.
ФУРҚАТ: – Йўғ-е?
РАИС: – Ҳа, сен уёқда жарга юмалаб кетибсан.
ФУРҚАТ: – Ўзим ҳам сезмай қолдим. Оёғим тойғониб кетди… Мени қандай топиб келишди, ҳайронман.
РАИС: – Сени топиб олган Насиба-да!
ФУРҚАТ: – Насиба?
РАИС: – Ҳа, кончилар юкларни олиб келишгач, жар ёқасида машина ботиб ётганини айтишган. Ишдан қайтаётган Насиба буни эшитган-у, автобазага бориб бу гапни етказган.
ФУРҚАТ: – Раҳмат, Насиба.
НАСИБА: – Арзимайди.
РАИС: – Майли, сизлар бирпас гаплашиб ўтиринглар. Биз кетдик.
(Хонада Фурқат ва Насиба)
НАСИБА: – Сизга китоблар олиб келгандим, Фурқат ака.
ФУРҚАТ: – Қанақа?
НАСИБА: – Манави, “Граф Монте-Кристо”, буниси “Шайтанат”…
ФУРҚАТ: – Раҳмат, Насиба. Мени яхши кўришингизга энди ишондим.
НАСИБА: – Энди мен кетаман.
ФУРҚАТ: – Яна бирпас ўтиринг!
НАСИБА: – Бошқа гаплашмаймиз.
ФУРҚАТ: – Хафа бўлдингизми?
НАСИБА: – Йўқ, келинг “сўзсиз суҳбат” қилиб ўтирамиз.
ФУРҚАТ: – “Сўзсиз суҳбат”?
НАСИБА: – Ҳа, индамай жимгина. Хаёл суриб…
ФУРҚАТ: – Нималарни?
НАСИБА: – Бу сизнинг ишингиз.
ФУРҚАТ: – Унда мен сизни ўйлаб ўтираман.
НАСИБА: – Ўзим ёнингиздаман-ку? Нимани ўйлайсиз?
ФУРҚАТ: – Икковимизнинг оролга қочиб кетган пайтларимизни. Мен Робинзон, сиз Жумавой бўлиб
НАСИБА: – Жумавой?
ФУРҚАТ: – – Йўқ, кечирасиз, Жумаой демоқчи эдим…
(Улар кулишадилар гўё бутун олам уларнинг кулгуларига тўлиб кетгандай бўлади)

***

(Қишлоқ. Чойхона. Ғайбулла, Қосим ва Жўра улфатчилик қилиб ўтиришибди. Раиснинг машинаси келади. Ундан раис тушиб уларга яқинлашади, кўришадилар.)
ҚОСИМ: – Тинчликми, раис бува. Боя машинангизни касалхона ёнида кўргандай бўлдим.
РАИС: – Ҳа, бир ташвишли иш чиқиб қолди.
ЖЎРА: Қанақа иш экан?
РАИС: -Ўтган ҳафта касалхонага марказдан ун, шакар олиб келинаётган эди. Машина ёмғирда қолиб ботиб қолган. Маҳсулотларнинг сувда қолиб кетиш хавфи туғилган. Шофёр қишлоққа югурган-у, йўлда жарга йиқилган. Аммо йўлда учраган бир машина на унга, на машинадаги нарсаларни қутқаришга ёрдамлашган.
ҚОСИМ: Оббо, ифлос-ей. Ким экан ўзи?
РАИС: Билмадим. Лекин эртасига бориб кўрдим. «Иномарка” ғилдиракларини изи бор экан.
ЖЎРА: – “Иномарка”?
ҚОСИМ: Қишлоқда “Иномарка” нима қилади раис бува?
РАИС: Нега йўқ бўлади. Масалан, Ғайбулланики бор.
ҒАЙБУЛЛА: Нима демоқчисиз раис? Ўша сенсан демоқчимисиз?
РАИС: Балки сенмасдирсан. Лекин ким бўлса ҳам, эркакнинг ишини қилмаган. Дарвоқе, сенга айтадиган икки оғиз гапим бор.
(Қосим билан Жўра кетишади).
РАИС: – Менга қара, Ғайбулла. Лиза дегани ким?
ҒАЙБУЛЛА: Яна қанақа Лиза?
РАИС: – Унисини билмайман. Лекин эртага поликлиникага боришингга тўғри келади.
ҒАЙБУЛЛА: – у ЕРДА НИМА ҚИЛАМАН?
РАИС: Борганда биласан. Тери-таносил касалликлари диспансеридан хат бор. Сен ўша суюқоёқ аёлдан ёмон касал юқтирган кўринасан.
ҒАЙБУЛЛА: – Туҳмат!
РАИС: – Бунисини билмадим. Лекин айтиб қўяй, агар шу гап тасдиқланса, отанг қишлоқда бош кўтариб юролмайди. Ўйлаб кўр, бола!…
(Раис кетади. Ғайбулла алам билан инграйди ва олдидаги ароқ шишасини отиб юборади).

2-ҚИСМ

Яна шаҳар. Фурқат билан Насиба қаҳвахонада ўтиришибди. Бу сафар энди Насиба имтиҳонлардан ўтган, Фурқат йиқилган.
НАСИБА: – Фурқат ака, бирон чораси бордир-а?
ФУРҚАТ: – Яна қанақа чораси бўлиши мумкин. Нима бўпти. Шунинг учун ўзимни ўлдиришим керакми?
НАСИБА: – Ўтган йили мен ўтолмагандим, бу сафар сиз. Қизиқ бўлаяпти.
ФУРҚАТ: – Ҳеч қиси йўқ. Биру-бир.
НАСИБА: – Мениям ўқигим келмаяпти.
ФУРҚАТ: – Айнияпсиз. Сиз ўқишингиз керак.
НАСИБА: – Барибир бу ерда бир англашилмовчилик бор. Бир ўқитувчи танишим бор, юринг сўраймиз.
ФУРҚАТ: – Ким экан у?
НАСИБА: – Оти Холмурод. Яхши йигит. Шу институтда ишлайди.
ФУРҚАТ: – Керакмас.
НАСИБА: -Бориб кўрайлик.
ФУРҚАТ: – Фойдаси йўқ.
НАСИБА: – Балки фойдаси тегиб қолар.
ФУРҚАТ: – Мен қишлоққа кетаман. Сиз унутиб юбормасангиз бўлди. Тез-тез хат ёзиб туринг. Имкон топдим дегунча ўзим ҳам келиб тураман.
НАСИБА: – Ҳар куни ёзаман.
ФУРҚАТ: – Мана бу бошқа гап.
(Фурқат билан Насиба шаҳар кўчаларида юришибди. Гоҳ хиёбонда, гоҳ анхор бўйида. Суратга тушадилар. Ниҳоят автовокзалга келадилар).
ФУРҚАТ: – Қовоғингизни сал очинг. Насиба. Сизга нима бўлди?
НАСИБА: – Мениям қишлоққа қайтгим келяпти.
ФУРҚАТ: – Унақа гапни қўйинг. Мени унутиб юбормасангиз бас.
НАСИБА: – Вой, бу нима деганингиз?
ФУРҚАТ: – Ким билади, шаҳар шаҳар-да! Ўзингизни эҳтиёт қилинг! Тез-тез хат ёзиб туринг!
НАСИБА: – Хўп.
ФУРҚАТ: – Хайр бўлмаса, мен сизни яхши кўраман, Насиба.
НАСИБА: – Мен ҳам…
(Хайрлашадилар. Автобус кетади).
(Шаҳар. Институт. Аудитория. Дарс. Насиба хат ёзиб ўтирибди).
НАСИБА: – “Ассалому алайкум, Фурқат ака. Ишларингиз яхшими? Уйдагилар соғми? Узр, ушбу хатни шошиб ёзяпман. Дарс пайтида ёзаётганим учун, сал беўхшов чиқяпти. Қишлоқда нима янгиликлар?
Мендан сўрасангиз, ҳаммаси яхши. Фақат қишлоқни, сизларни жуда соғиндим…”
(Қишлоқ, Фурқат машинасида кетяпти. Ана у адирда сигарет тутатиб, хат ёзиб ўтирибди).
ФУРҚАТ: – Қалайсиз, Насиба? Ўқишлар яхшими? Шаҳарга ўрганиб кетдингизми? Қишлоқда ўша-ўша хаёт. Янгиликлар йўқ ҳисоби. Биз билан ўқиган Матқовул эсингиздами? Ўша қўшни қишлоқлик бир қозоқ қизга уйланганди. Тўйнинг эртасига овулдагилар ўғирлаб кетишибди. Тоза ҳангома бўлди… Сизга айтадиган гапларим жуда кўп, Насиба…”
(Шаҳар, студентлар ётоқхонаси. Фурқат Насибани кўргани келган, кутиб ўтирибди). Насиба ясаниб, ичкаридан чиқади).
ФУРҚАТ: – Кетдикми, Насибахон?
НАСИБА: – Бир жойга ўтиб келадиган ишим бор эди, Фурқат ака. Яна бирпас ўтириб туроласизми?
ФУРҚАТ: – – Майли.
(Насиба ташқарига чопиб кетади ва “Волга”га ўтиради. Олифта йигит уни ҳайдаб кетади. Фурқат қоровул чолдан сўрайди)
ФУРҚАТ: – Ким у йигит, тоға?
ҚОРОВУЛ: – Ҳа, Холмурод қуруқми? Шу институтнинг домласи. Жуда димоғи баланд. Шу қизгинанинг бошини айлантириб юрибди-да. Майли, охири бахайр бўлсин…
ФУРҚАТ: – Шу қизни дейсизми?
ҚОРОВУЛ: – Ҳа. Анчадан бери етаклаб юради…
(Фурқат бўғилиб, ташқарига чиқиб кетади. Такси тўхтатади).
ФУРҚАТ: – Мени автовокзалга олиб бориб қўйинг, илтимос!…
(У кетади).
(Қишлоқ чойхона. Ғайбулла улфатлари билан улфатчилик қилиб ўтирибди. Йўлда паришон бораётган Фурқатни кўради).
ҒАЙБУЛЛА: – Ҳа, йигитларнинг гули, ишлар қалай энди?
ФУРҚАТ: – Бор, аравангни торт!
ҒАЙБУЛЛА: – Ҳали бундан баттар бўласан, аравакаш. Севгилинг тўйига айтмадими? Институт домласига тегибди-ку?
ФУРҚАТ: – Овозингни ўчирасанми-йўқми?
ҒАЙБУЛЛА: – Ўша қизни мендан қизғангандинг-а? Мана, ўзингга ҳам буюрмади. “Ит пичан емайди, отга ҳам бермайди” деганлари шу-да!
ФУРҚАТ: – Йўқол!
ҒАЙБУЛЛА: – Кекирдагингни чўзаверма, ҳезалак!
(Фурқат унинг ёқасига ёпишади. Муштлашиб кетадилар. Фурқатнинг юраги ёмон бўлиб, ҳушдан кетиб йиқилади).
(Қишлоқ кўчаси. Икки қўшни аёл гаплашаяптилар).
1– АЁЛ: – Робия опанинг ўғлини эшитдингизми, овсин?
2- АЁЛ: – Ёмон бўпти-я, айланай. Жинни бўп қолганмишми?
1- АЁЛ :– Ҳа, эси оғиб қолганмиш. Ўша Насибани деб шунақа бўпти-да. Қиз ўлгур уни алдаб, шаҳарда бошқасига тегиб кетибди. Шундан кейин Фурқат бояқиш шу кўйга тушиб қолибди-да…
2- АЁЛ: – Вой, шўрлигей, яхши кўришга бало бор эканми?
1- аёл: – Э, буни бошига тушган билади, айланай!…
(Дашту далалар аро Фурқат юрибди. Соч-соқоли ўсган. Ёқавайрон. Гоҳ кулади, гоҳ йиғлайди).
Сой соҳилига келади. Сув сатҳида Насиба кўринади. Қочади… Дарахтзор ёқалаб бораркан, Насибанинг кулгуси эшитилади. Ўша тарафдан қочади…
Ҳаммадан “Насибани кўрмадингларми?” деб сўрайди. Биров бош чайқайди. Биров аламли кулимсираб қўяди. У қор устига “Насиба” деб ёзади, кейин ўшандан гўр ясайди ва тиловат қилади. Кейин телбавор кулиб юборади…
(Шаҳар. Холмуроднинг уйи. У жиғибийрон. Насиба келади).
ХОЛМУРОД: – Ҳа, келардингиз-да, хоним? Бундоқ уй-жойим, эрим, болам дейсизми?
НАСИБА: – Нима қилибман?
ХОЛМУРОД: – Нима қилибман? Икки соатдан бери оч ўтирибман. Эртароқ келиб, уйига қарамайдими хотин жонивор?
НАСИБА: – Ўқиб-ишлаш қийин бўларкан.
ХОЛМУРОД: – Бу дунёда осон нарсанинг ўзи йўқ, хоним. Фақат ўпишиб-қучоқлашиш осон, холос. Яшаш учун кураш деб қўйибдилар.
НАСИБА: Биламан.
ХОЛМУРОД: – Ҳеч балони билмайсиз.
НАСИБА: – Яна нима қил дейсиз? Қийнаб юбордингиз-ку, ахир?
ХОЛМУРОД: – Мен эмас, сиз қийнаб юбордингиз. Хотинликни эплаёлмаяпсиз.
НАСИБА: – Унда шунақасини топиб олволинг!
ХОЛМУРОД: – Керак бўлса, топиб оламан!…
(Насиба йиғлаб юборади. Холмурод сўкиниб чиқиб кетади).
(Сершовқин кўча. Автобусда бораётган Насиба кўчада бир аёл билан келаётган эрини кўради).
НАСИБА: (ичида) – Кеча менга Сирдарёга уч-тўрт кунга командировкага кетаяпман девдилар-ку? Тушунмадим…”
(У автобусдан тушиб, эри билан аёлга эргашади. Улар кўп қаватли уйга кириб кетадилар. Насиба ҳам киради. Улар кирган эшикни тақиллатади. Эшикни яланғоч Холмурод очади ва қотиб қолади).
ХОЛМУРОД: – Насиба? Сен нима қилиб юрибсан бу ерда?
НАСИБА: – Эрим Сирдарёда командировкада зерикиб қолгандир деб хабар олгани келгандим.
ХОЛМУРОД: – Аҳмоқона гапларни гапирма. Уйга борганда гаплашамиз.
НАСИБА: – Бошқа гаплашмаймиз, номард, ювуқсиз!
ХОЛМУРОД: – Бу аёл ҳисобчимиз, бухгалтеримиз, ҳисоб-китобларни кўряпмиз.
НАСИБА: – Ечинибми?
ХОЛМУРОД: – Хона иссиқ экан, шунга ечиндим.
НАСИБА: – Балки қучоғиям иссиқдир?
ХОЛМУРОД: – Жинни бўп қопсан! Валдирама!
НАСИБА: – Ифлос!
(Насиба кетади. Холмурод серрайганча гаплашаяпти).
(Холмуроднинг уйи. Насиба телефонда гаплашаяпти).
НАСИБА: – Нега унақа дейсиз, ойи? Хизмат сафарига Сирдарёга кетяпман деб чиқиб кетганлар. Ишхоналарига қўнғироқ қилдим. Тайинли гап айтишмади. Қизиқмайсиз деганингиз нимаси? Хўп дараклари чиқса сизга қўнғироқ қиламан.
(Гўшакни кўксига босганча ўйланиб қолади).
Онасига қандоқ айтаман? Ўғлингизни бегона аёл билан ушлаб олдим дейманми? Ҳаммамиз қип-қизил шарманда бўламиз-ку.
(Телефон жиринглайди. – “Мен , ҳа, Шариповнинг хотиниман. Тинчликми? Нима? Қачон? Маст ҳолда одам босиб кетибди дейсизми? Қаерда ўзи? Милицияда? Ҳозир, ҳозир етиб бораман.)
Насиба апил-тапил отлана бошлайди.
(Насиба хонада ёлғиз хат ёзиб ўтирибди.)
НАСИБА: – Ая, шунақа гаплар. Етдим деганда йиқилдим. Холмурод маст ҳолда одам уриб қамалиб кетди. Қизим билан ёлғиз қолдим. Ҳайронман,. Фурқат ака ҳақида эшитдим, жуда ёмон иш бўлибди.
(Насиба хатни тўхтатиб ҳўнграб йиғлаб юборади).
(Кутубхона. Насиба нималардир ёзаяпти. Ёнида Ҳошим ака).
ҲОШИМ: – Бирон нима денг Насибахон.
НАСИБА: – Нима дей. Тегаман, мен тайёрман деб бўйнингизга осилайми?
ҲОШИМ: – Йўқ, ўйлаб кўринг. Сизнинг эрингиз йўқ. Менинг хотиним. Бирга турмуш қурсак, икки ёрти бир бутун бўлармидик дейман-да.
НАСИБА: -Ахир хотинингиз, оилангиз бор-ку Ҳошим ака.
ҲОШИМ: – Мен хотинимни ёмон кўраман. Муҳабатим йўқ. Майли улардан хабар олиб тураман. Лекин фақат сиз билан яшайман.
НАСИБА: – Майли, ўйлаб кўраман, Ҳошим ака.
ҲОШИМ: – Майли, бир оғиз сўзингиз. Мен индинга келаман.
НАСИБА: – Келманг, ўзим қўнғироқ қиламан.
(Ҳошим чиқиб кетади. Насиба уф тортади. Ишини давом эттиради.)
(Насиба турмушга чиққан, бир кун эшик жиринглайди.)
НАСИБА: – Келинг.
АЁЛ: – Келдик, опоси. Ҳошим аканинг уйларими?
НАСИБА: – Ҳа.
АЁЛ: – Сиз ким бўласиз?
НАСИБА: – Хотинлари.
АЁЛ: – Законний хотинлари мен бўламан. Нима бало, шаҳарда эр топилмай қолганмиди? Мен тўртта боламни қаерга олиб бораман энди?
НАСИБА: – Шошманг, опа.
АЁЛ: – Ўчир овозингни, манжалақи. Агар эримни тинч қўймасанг, билиб қўй, уйингга ўт қўйиб кетаман.
НАСИБА: – Ичкарига киринг опа.
АЁЛ: – Сенинг ҳаром уйингга қадамимни ҳам қўймайман. Эрим қани?
НАСИБА: – Йўқ.
АЁЛ: – Илойим йўқ бўлиб кетсин. Ҳали икковингни шармандангни чиқармасам, хўп юрган эканман.
(Аёл қарғай, қарғай кетади. Насиба ҳайкалдай қотиб қолади.)
(Кутубхона. Телефон жиринглайди, кутубхоначи олади. )
АЁЛ: – Алло, ким? Насибахон? Ҳозир.
НАСИБА: – Эшитаман, нима? Қачон? Вой ўлақолай (Трубкани ташлаб қичқириб юборади).
– Уйимга ўт тушибди Сайёра опажон. Шўрим қуриб қолди опажон.
(У югуриб чиқиб кетади. )
АЁЛ: – Шўринг қурсин, Насиба. Толеъинг тол ёғочдан бўлмай ўлсин, Насиба!

(Қишлоқ, Насиба қизчаси билан қишлоққа келган. У эрталаб қизчасни етаклаб кўчага чиқиб кетади. Адир тарафга юради. Олисдан кимнингдир қораси кўринади. Кулгуси эшитилади. У Фурқат эди. Насиба ўша томонга юради. Фурқат чўп билан ерга ката-катта ҳарфларда нималардир ёзаётган эди. У бирдан тўхтайди. Хас-хазонлар билан кўмиб, гумбаз қилади ва худди қабр ёнида ўтиргандек аламдан беўхшов хахолаб кулиб юборади. Югуриб кетади. Насиба шу тарафга юради. Бояги гумбазни тепиб ёзиб юборади. Унинг тагида ерга ўйиб ёзилган “Насиба” деган сўз кўзга ташланади. Насиба сапчиб туриб қичқиради.
НАСИБА: – Фур-қа-т ака-а!…
(Узоқда югуриб бораётган Фурқат тўхтайди ва қўл силкийди. Ва энди мутлақо бошқа тарафга чопиб кетади. У уфқда қорая-қорая нуқтадек бўлиб кўздан ғойиб бўлади. Насиба серрайиб қолади. У энди худди сояга ўхшайди. Бу бир сирли ой чиқмаган оқшом эди).

Сценарий Эркин Усмонов билан ҳамкорликда ёзилди.