Мирзо Аҳад. Хапдорининг мўъжизаси (ҳажвия)

Қайси шофёрга қараманг, фиғонидан тутун чиқади: бир литр бензин фалон пул.
Биттаси машинага сув солишни маслаҳат берди. Йўғ-эй, ақл бовар қилмайди, дейсизми? Ишонаверинг, сиздан нима кетди, бир челак сув-да! Бир дона хапдори билан бирга.
Октябр ойининг ўрталари эди ўшанда. Маҳалламиздаги чойхона олдида яп-япги “Нексия”нинг мотори ўчиб қолди. Ҳайдовчи машинадан тушиб, қўлига бир идиш олиб у ёққа юрди, бу ёққа юрди.
– Барака топкурлар, икки литр бензин топиб беринглар, нархини зиёдаси билан тўлайман.
– Ўзимиз ҳам тўрт ойдан бери машина минганимиз йўқ, – дедик унга кўзимизни лўқ қилиб.
– Ҳа, майли, – қўл силтади “Нексия” эгаси. – Бўларича бўлди. Бир челак сув топиладими?
Ҳайрон бўлдик. Нима, у машинасини ювмоқчими? Қизиқиб қолиб, бир челак сув келтириб бердик.
Нотаниш шофёр нима қилаётганини яхши биладигандай сувни бакка қуйди-да, чўнтагидан бир дона хапдори олиб, бакка ташлади. Бир-биримизга ҳайрон термулиб қолдик. У хотиржам машинасига ўтирди. Бир-икки “ғинг-ғинг”дан сўнг мотор ўт олди! Ё тавба! “Нексия” сувда ишларди! Биз дарров машина атрофини ўраб олдик.
– Оғайни, дорингизнинг сирини айтинг, – илтимос қилдим мен.
– Унинг бир донаси ўн литр сувни бензинга айлантиради. Япониядан олиб келишган.
Ялиниб-ёлвориб, 200 дона дори сотиб олдик. Донасига 2 минг сўмдан тўладик. “Нексия” кетгач, ҳаммамиз ўз гаражимизга ошиқдик. Машинамнинг бакига сув қуйиб, устидан мўъжизакор дорини ташлаб, калитни бурадим. Аммо мотор ўт олмади. Яна ва яна уриниб кўрдим. Йўқ, барибир мотор ўт олмади. Чув тушдиммикан, деган хаёлда бошимни чангаллаб қолавердим.
Орадан икки ҳафта ўтди. Бир куни кечки таомдан сўнг аччиқ чой ичиб, газета ўқигим келди, Газетанинг 3-бетидаги “Эҳтиёт бўлинг, фирибгар!” сарлавҳали мақолага ва таниш суратга кўзим тушиб, ток ургандек қотиб қолдим. Ўзимни қўлга олиб, мақолани ўқишга киришдим. Ўқиганим сайин тепа сочим тикка бўла бошлади. Мен сотиб олган дори оддий йўтал дори экан.
Хўш, унда “Нексия” қандай сув билан ўт олди, дерсиз? Бунинг сабаби оддий: машина газ билан юраркан. Оббо, одамлар-эй, пул топиш илинжида нималарни ўйлаб чиқармайди, дейсиз?!