Мирзо Аҳад. Пойга (ҳажвия)

Кўрпани энди бошимга тортган эдим, хонам эшиги очилиб, кўзларига қопа ойнак таққан, белидаги камарига тўппонча қистирилган қопа шляпали оқ, қора, қизил рангдаги уч хўроз кириб келди.
– Тур жойингдан, – буйруқ берди бирови.
Ўрнимдан учиб турдим.
– “Пойга – ЭМ” фермер хўжалиги раисисан-а? – сўради ўртадаги қизил даканг хўроз.
– Ҳа, – деди у ёнидаги икки хўрозга. Кейин босиқлик билан гапира бошлади. – Товуқ йили муносабати билан ўтказиладиган пойгада ютмоқчи экансан? Чучварани хом санабсан!
– Ҳим! – уларнинг дағдағасидан тилим калимага келмади.
– Нима? – Машина-пашина мингинг келдими, ё бўлмаса шуҳрат орттирмоқчимисан?
– Ундай эмас. Бир орзу қилувдим, холос.
– Сенга орзуми, ҳали?! Кўрсатиб қўямиз. Балки…
Хонамга сукунат чўкди. Жимжитлик қаърига кириб, хўрозларга илтижо билан термуламан. Кошки, бу термулишларим уларнинг тош юрагини эритса?! Қайда? Тўнни тескари кийиб олишди улар. Қора шляпа бостириб олган хўроз мендан кўзини узмай таклиф киритди.
– Сенга бир шанс. Мабодо жоним соғ қолсин, десанг, хўрозлар пойгасида сенинг хўрозинг ютқазиши шарт. Йўқса?!.
– Ўйлаб кўраман.
– Нима? Ўйлайсан! Биқинингдан дарча очгандан кейин кеч бўлади, товуқмия!
Хўрозлар башарамга совуқ қуролларини ўқталишди. Уларнинг исканжасидан чиқишнинг иложи йўқ эди. Шу боис…
– Бўлди… Розиман… Хўрозлар пойгасида қатнашаман… – деб бақириб юбордим. Кўзимни, очсам, қоровулхонада ётган эканман. Билмадим! “Товуқ йили”да энди тушимда ҳам тинчлик йўқ. Товуқбоқар бўлмай, мен ўлай!..