Акахонимиз Алимбек Салимийнинг туғилган куни бугун. Биз бу улуғ санани бозор ичида жойлашган ошхонада “кўримсизгина” дастурхон атрофида нишонлаётган эдик. Дастурхонда ноз-неъмат мўл-кўл. Очиқ жойнинг ўзи йўқ. “Мўйсафид”лар бирин-кетин “обрўй”сизлана бошлади. Охирида, кимгадир бир қултум камлик қилди. Яна эллик-эллик қўшиб, бир “мўйсафид”нинг “салласини” олдик. Ҳамманинг бурни қалампирдек қип-қизил. Бирданига…
Ҳа, гўё кинодагидек даҳшатли портлаш овози қулоққа чалинди. Кимдир курсидан ағдарилди, кимдир умбалоқ ошди. Энди ўша булуттешар бурунлар совуқ урган бақалажонга ўхшаб кетди. Ҳушимиз ўзимизда эмас. Ён-атрофга олазарак қараймиз. Ҳамма бинойидек, фақат биз…
Улфатлардан бири гандираклаб кўчага чиқди. Шимини янгилаш лозим бўлибди.
Узоқдан бир болакай иржайиб-иржайиб бизга бақрайиб турарди. Бундоқ қарасак, Алимбек Салимий акахонимизнинг кенжатойи… “Пақ-пақ” деб аталадиган ўйинчоқ сотиб олиб, битта-яримтанинг оёғи остига ташла, кула-кула ўламиз”, деб ҳар биримиз юз сўмдан пул тутқазган эдик. У эса шуни ўзимизга қўллаб юборган экан. Туғилган кунга салют ҳам отиш керак эмиш. Топқирлигини қаранг, азаматнинг! Акахонимиз Алимбек Салимий сир бой бермадилар. Мийиғида жилмайдилар, холос. Ҳолсизликлари шундоқ кўриниб турарди. Бир пиёла совуқ сув сўрадилар. Эркатой ғизиллаб “газировка”га кетди. Ўша воқеага бугун қирқ биринчи кун. Акахонимиз сал очилгандай…