Абдужалол Раҳимов. Ишқинг билан (ҳикоя)

Дилоромнинг ботини яшин урган дарахтдек куйиб кетди. Бу азоб суймаганига эрга бермоқчи бўлишганида бошланган, ҳамон ичу таши ёнади. Ўша кундан мунгли кўзлари ёшга тўлиб юрди. Нигоҳини одамлардан олиб қочишга ўрганди, аммо ихтиёрсиз ҳаракатлари юрагида ловуллаб турган оловни ошкор қилиб қўяётгандек бўлаверди.
Тўй ҳамширалик коллежини битириши арафасида бўлди. Қўл-оё­ғини боғлагудек қилиб қўшни қиш­лоқлик Зафар деган йигитга эрга беришди. Онасига зор-зор йиғлаб дардини айтди: “Умар акамни яхши кўраман, у коллежимизда боғбон”, деди. Тўтиниса опа тушунгандек бўлганди. Отаси қаҳр билан гапни кесди: “Қизингни ўқишга юборганман, йигит топишгамас!”. Отасининг гапи уйда қонун. Унга ҳеч ким қарши боролмади.
Тўй ўтганига бир ҳафта бўлди. Зафар – унинг эри, тўй арафасида учрашганларида яхши кўришини айт­ган. Дилором ҳам унга ўрганиб қолгандек эди. Кеча уйларига, ота-­онасини кўргани борганида дарди қайта янгиланди. Уйида ўзининг хонасига кириб қайта дунёга келгандек бўлди: китоблари, қизлик кийимлари беғубор кунларини ёдига солди. Ҳаммадан яшириб юрган оташ туйғулари яна ловуллаб ёнди. Роҳатбахш онлар аримаслигини истаб кўзларини юмди. Бир томчи қайноқ ёш ёноғига юмалади. Бошини кўтариб, кўзини очганида ширин хотиралари вақт пучмоқларига сингиб кетди… Лекин мудом рўёга қайтмоқ бор… Энди тақдиридан қочолмайди…
Дилором хона ўртасида тик турганича кўзини очди. Нигоҳи кичик жавон устидаги оқ-қўнғир айиқчага қадалди: бу айиқчани Умар акаси туғилган кунида совға қилган. У айиқчани олиб, бегоналар кўриб қоладигандек қўрқа-писа атрофига аланглаб, бағрига босди. Момиқ юнгига юзини қўйиб, Умар акаси билан охирги учрашган кунларини эслади.
…Дилором коллежга йўловчи автобусда қатнарди. Бугун жуда эрта келди. Коллежнинг кенг йўлагидан юриб бораётганида чап тарафда шитирлаган овоз эшитилди. Чўчиб ўша томонга қаради. Наъматакзорда токқайчи ушлаган бўйдор, буғдойранг, қотма йигит, коллежларининг боғбони – Умар акаси турарди.
– Дилор, буёққа қара, – деди у ёқимли жилмайиб.
– Йўқ.
– Бир зумгина.
– Биров кўрса уят бўлади.
– Бир зум дедим-ку?
Дилором атрофга аланглай-­аланглай Умар акаси томон бурилди. Кўкламда бошлиқлар боғбонга наъматакзорни йўқотишни буюришганди. Умар гулга кирган буталарга ачинди. Қўлига қўлқоп кийиб, болта, токқайчи билан бир ҳафта ишлади. Тиканли буталарни чилпиб, қўрғон шаклига келтирди. Оқ, пушти гулларга бурканган яшил қўрғоннинг кириш, чиқиш “эшик”лари ҳам бор эди. Бу ажойиботни кўрган бош­лиқлар важоҳатларидан тушишди. Шундан буён Умар наъматакзорини меҳр билан парваришлайди. Доира шаклидаги яшил қўрғоннинг ўртасидаги майдон ажриқ билан қопланган. Умарни кўпда шу ердан топиш мумкин эди.
Дилором қисиниб-қимтиниб Умар акасига яқинлашди. У қизни наъматакзорнинг ичкарисига бошлади.
– Бугун қандай кун, биласанми? – деди эркаловчи овозда.
– Йўқ.
– Туғилган кунинг, ўн саккизга тўлдинг.
– Вой, сиз ҳам биласизми?!
– Сен ҳақингда ҳамма нарсани биламан, сени яхши кўраман!
– Уят!
– Нимаси уят, яхши кўриш уятми? Коллежни битиряпсан, барибир сенга уйланаман. Фақат…
– Нима?!
– Уйингдагилар беришармикин? Отам раис бўлган, дегандинг. Биз онам билан ёлғиз яшаймиз, отам ҳам ўтиб кетган, – Умар бироз жимиб қолди. – Мен оддий боғбон бўлсам, бўш пайтимда устачилик қиламан. Сен буларни биласан…
– Барибир яхшисиз.
– Ростданми?!
– Ростим.
– Кел, битта ўпай!
– Вой! – Дилором ўзини орқага олди.
– Тўхта, Дилором, сенга совғам бор.
Юриб бораётган Дилором ўгирилди. Умар ўтлоқнинг бир четидан катта селлофан олиб узатди:
– Бу туғилган кунингга совға.
Дилором селлофанни очиб, қувончдан қийқириб юборди:
– Вой, айиқча-ку!
– Айиқча.
Дилором оқ-қўнғир айиқчани селлофандан чиқариб маҳкам қучоқлаб олди. Момиқ юнгли айиқчанинг тўши, елкаси қўнғир, қолган жойлари оппоқ эди.
– Бу – мен, – деди Умар айиқчанинг қўнғир елкасини дағал кафти билан силай туриб, – бу эса сен, – айиқчанинг оппоқ бошига қўлини қўйди.
– Нега? – Дилором кўзларини пирпиратиб унга қаради.
– Мени қара, қоравойман, ойим эркалатиб шундай дейдилар. Сен бўлса оппоққинасан.
Дилором уялиб кўзини олиб қочди.
– Мени унутмайсанми, Дилор?
– Унутолмайман.
– Озгина сабр қил, яна бироз йиғинай, ойимни уйингларга юбораман. Кутасан-а?
– Кутаман…
Аммо, у кутолмади, кутгани қў­йишмади, қаршилик кўрсатгани кучи етмади… Ҳозир Дилором шуларни эслаб айиқчани янаям қаттиқ қучоқлади.
Хонасидан оқ-қўнғир айиқчани кўтариб чиққанида эри Зафар ҳайрон бўлди.
– Меники… дугоналарим совға қилишган, – деди хомуш бўлиб қолган Дилором. – Олиб кетамиз.
Уйларига қайтганларида ҳам Дилоромнинг чеҳраси очилмаганди. Қайнонаси Хадича хола буни туғилган уйининг хуморига йўйиб индамади. Қайнотаси Эркин ака келинга азза-баззада эътибор беравермасди.
Ётаётганларида Дилором ўзига алоҳида жой солди. Эри ажабланиб қараганди:
– Касалман, – деди. – Эрталаб дипломимни олиб келгани бораман.
Зафар, шундай бўлиши керакдир-да, деган хулоса чиқарди, индамади. Дилором тунда тинч ухлолмади. Айиқча юрагидаги кулга кўммоқчи бўлган чўғни алангалатиб юборганди. Умар акасининг бўй-бас­ти кўз ўнгидан кетмади. Туш кўрди: Умар акаси уни наъматакзорига чақирармиш. Дилором у томонга талпинармиш-у, оёғига тош боғлангандек сира жойидан жилмасмиш. Қўрққанидан овози ҳам чиқмай қолибди. Умар акасининг ўзи у томонга юра бошлади, аммо сира етиб келолмади…
Дилором шу алфозда тунни бир амаллаб ўтказди, ўрнидан туриб ҳовлига чиқди, юз-қўлини ювиб яна уйга кирди. Эри Зафар тинчгина ухлаб ётарди. У оқ-қўнғир айиқчасини маҳкам қучоқлаб дарвозадан чиқиб кетди.

* * *
Эркин ака – паст бўйли, суяги йўғон бу кишининг ёши олтмишга яқинлаган бўлсаям уззукун тинмайди. Эрта саҳарда эски “Жигули”сида кирага чиқиб кетганди. Кун ёйилганда аччиқ кўк чойини қўмсаб уйига келди. Ҳовли жимжит. Сепояга осилган сузма халтадан томаётган зардоб сувнинг “чак-чак” товуши эшитилди. Айвонда Хадича хола хамир қорарди.
– Келин қани? – сўради дабдуруст­дан Эркин ака.
Хадича хола, одатда, нафақат келин, уй-ичиларининг ҳам қаерга боргани билан иши бўлмайдиган эрининг сўроғидан ажабланди.
– Қаерда бўларди, уйида, ҳали тургани йўқ, ухлаяпти, майли ухласин, ёш-да, – Хадича хола келинига ён босди. – Хамир қориш ҳам иш эканми, ўзимдан ортмайди. Зафар ўғлингиз бўлса чой ҳам ичмасдан ишига кетибди.
Эркин ака хотинининг жаврашларига эътибор бермасдан, айвоннинг бир четига келиб ўтирди:
– Келинни уйдан ёлғиз чиқарма… Бугун эрталаб ёшгина бир келинни машина уриб юборибди.
– Вой ўлай, тирикми?! – Хадича хола кўзини ола-кула қилиб лабини тишлади.
– Тирик дейишди. Касалхонага олиб кетишганмиш.
– Ҳозирги ёшлар хаёл билан юришадими-ей…
– Кир, келинингни уйғот.
– Нега?
– Қара, кун пешинга яқинлашяпти, билла ўтириб чой ичайлик.
Хадича хола сирланган гулдор хитойи тоғорада қорган хамирини дастурхонга ўради, тоза кўрпачанинг қатига олди. Ўрнидан туриб, “Дилоромхо-он, хо-о Дилоромхо-он”, деганича келиннинг уйига кириб кетди. Бир дам ўтмай айвонга қараган икки тавақали эшик тарақлаб очилди. Остонада рўмоли елкасига тушиб, ранги қув ўчган Хадича хола кўринди:
– Вой ўлай-й, келин йўқ!
Ҳамон айвон четида оёғини осилтириб муваққат ўтирган Эркин ака гавдасига ярашмаган чаққонлик билан сапчиб ўрнидан турди:
– Нега?!
– Мен қайдан билай…
Эр-хотиннинг ораларидаги масофа узайиб кетгандек бўлди. Хадича хола ҳам, Эркин ака ҳам бир фурсат жимиб қолишди. Хадича холанинг юраги хонага қамалиб қолган қушдек питирларди. Эркин ака – тик турганича ғўлабирдай гавдаси қотиб қолган, ҳозир унинг хаёли минг бир ваҳимали кўчаларга кириб чиқаётганди. Шу пайт дарвоза очилиб, Зафар кирди. Эркин ака билан Хадича хола ялт этиб унга қарашди. Зафар бир-бирига рўпара икки уйнинг айвонида бир аҳволда турган дадаси билан аясига қаради-да, секин юриб келиб ҳовлининг ўртасида туриб олди:
– Дилоромни машина уриб кетибди, – деди ўзиникига ўхшамаган палағда овозда.
– А-а?! – Хадича хола кўрсаткич бармоғини тишлади.
Эркин ака ўзи турган айвоннинг устунига суяниб қолди:
– Қачон чиқиб кетганди, нега?!
– Саҳарда, дипломини олиб келмоқчи эди.
– Тирикми?! – Хадича хола остонадан югургилаб тушиб, ўғлининг олдига келиб олди.
– Тирик.
– Нима қилибди?!
– Мени ишхонамдан касалхонага чақиртиришди, – Зафар дудуқланиб тушунтира бошлади. – Борсам…
– Нима-а?! – Эркин ака бақириб юборди. – Мижғовланмасдан гапир!
– Мияси чайқалибди, ўнг қўлидаги бармоқларини кесиб ташлашибди, – алам билан бақирди Зафар.
– Кирдингми? – Эркин ака бунга ўғли айбдордек ўдағайлаб, важоҳат билан унинг олдига келди.
– Йўқ! – Зафар отасига тик қаради. – Кирмадим!
– Нега?
– Менга инвалид хотин керакмас! Ўртоқларим нима дейишади, уларнинг олдида қандай бош кўтариб юраман, дада?!
– Вой шўрим-м, – Хадича хола юзини қўллари билан беркитиб чўк тушиб ўтириб олди. – Энди нима бўлади, қудаларни олдида…

* * *
Касалхонанинг нимқоронғи йўлагида икки аёл гаплашиб туришарди.
– Мени кечиринг қуда, – деди Хадича хола кўзига ёш олиб. – Қизингизни асролмадим.
Ундан ёшроғи – Тўтиниса опа бошини чайқади:
– Сизда айб йўқ. Қизимнинг пешанаси шўр экан.
– Ундай деманг, ўргилай, ҳали яхши бўлиб кетади.
– Жони омон қолганига шукр.
– Ўғлим, Зафар…
– Ҳаммасини эшитдим, тақдир шундай экан, сизларни ҳам айбламайман… Ҳамма айб ўзимда.
Хадича хола қудасининг бу гапига тушунолмай, тикилиб қолди. Орага совуқ сукунат чўкди.
– Мен ўғлим билан гаплашаман, – Хадича хола бу гапни пичирлаб айтди.
– Кераги йўқ, қийнаманг ўғли­нгизни.
Хадича хола жавоб қилмади, бошини эгиб, эшик томонга юриб кета бошлади. Йўлакда бўйдор, қотма бир йигитга урилиб кетишига бир баҳя қолди. Йигит ўзини четга олиб, йўл берди. Шошиб Тўтиниса опанинг олдига келди. Бошини эгиб, бироз жим турди. Тўтиниса опа Дилором ётган хонага ишора қилди:
– Киринг, ўғлим.
Йигит шошилиб эшикни очди. Ўринда ётган Дилором ялт этиб қаради:
– Умар ака!
– Мен келдим, Дилором!
Дилором аввал суюниб кетди, кейин кўзларини чирт юмди:
– Эндими? Энди… кеч, – Дилоромнинг ёноғига ёш оқиб тушди.
Йигит икки қўлини кўксига қўйганича унга яқинлашди:
– Сендан бошқа кимим бор, Дилором, биласанми жоним, кимим бор… Онам, ёлғизгина онажоним бор. Сен бўлсанг, сен қўнғироқларимга жавоб бермай қўйдинг. Тў­йингни эшитганимда адойи тамом бўлдим, Дилором! Уйингга келмоқчи, сени олиб кетмоқчи эдим. Онам, онажоним остонага ётиб олдилар, “сенга бир нарса бўлса, ўзимни ўлдираман”, дедилар. Мен бошимни деворларга уриб ўкирдим, Дилором, йиғламадим, овозим осмонларга етиб борди. Сен эшитмадингми, Дилором?! Тунда изларинг қолган наъматакзорга бориб ётдим. Ажриқзорни муштлаб “дод” дедим, Дилором, оҳларимни эшитмадингми?! Энди сени ташлаб кетмайман, кетолмайман. Менга бошқа ҳаёт йўқ, Дилором, тушуняпсанми, ҳаёт йўқ… Қара, айиқчамиз ҳам шу ерда экан… Сен… унутмабсан-да!
– Қандай унутай, Умар ака, унутиш мумкинми? – Дилором пиқиллаб йиғлай бошлади. – Айиқчамни қучоқлаб уйдан чиқдим… Коллежга бормоқчи, сизни кўрмоқчи эдим… Йўлда машина уриб юборди… Бу қандай бўлганини билмайман, хаёл билан кетаётгандим. Касалхонада ўзимга келдим. Ҳамшира айтиб берди, айиқча туфайли тирик қолибман. Бўлмаса бошим мажақланиб кетаркан… Энди бармоқларим йўқ, эшитяпсизми, Умар ака, ногиронман! Энди уларга керакмасман, у келмади, ҳеч кимга керакмасман.
– Сен менга кераксан, Дилором!
– Сизга муносибмасман, қандай, ахир…, – Дилором йиғлаб юборди. – Ногиронман мен, Умар ака!
– Мен сенга бармоқларимни бераман!
Дилором бошини чайқаб тескари қараб олди.
– Ишқинг билан адо бўлдим, Дилором, менга бир қара!
Дилором секин бошини у томонга бурди. Жилмайди.
– Сиз ўша-ўшасиз, фақат озибсиз, кўзларингиз… мунча чиройли!
– Улар сени кўриш учун яралган.
– Шунақамисиз?
– Сенсиз яшолмайман, энди меникисан!
– Шу аҳволда-я? – Дилором бу гапни оҳиста, хотиржам айтди.
– Ҳа!
Хонага Тўтиниса опа кириб келди.
– Ойи, бу киши Умар акам, – деди Дилором.
Тўтиниса опа индамади.

“Ижод олами” журнали, 2017 йил, 4-сон