…Дераза пардалари оша кенг, кўркам хонага ташлаб қўйилган қизил гиламлардаги офтоб аста-секин сурилиб, каравотдаги парёстиқчага етди. Юмшоқ тўшакка чўкиб, пишиллаб ухлаб ётган тўрт яшар Эркин ҳар гал мана шундай, офтоб юзларига тушмагунча уйғонмасди.
Аммо бугун тонг отмасданоқ чўчиб уйғониб кетди. Ёнидаги ойижони ётадиган каравотга эркаланиб қўл узатди. Ойижони ўрнида йўқ! У сурилиб бориб ойижонини ачомламоқчи бўлди. Тополмади, каравот бўш эди. Эркиннинг кичкинагина юраги шиғиллаб кетди. Ваҳима босди. Ҳа, ойижони йўқ, у ўлган. Эркин карахт, у ёқ-бу ёққа атанглади. Пастда, кўрпача устида бувиси ухлаб ётарди. У ойижонининг бўм-бўш каравотига, атлас кўрпага хомуш тикилди. Ойижони мана шу каравотда, оёқларини пастга тушириб ўтирганча тиззасидаги Эркинни бағрига босарди. Қайта-қайта ўпарди. Унинг бўйнидаги тилла занжирни Эркин ўйнар, юзини ойижони кўксига суркарди, пишилларди, қилиқлар қиларди. Ҳозир у ойижонисини жуда ҳам соғиниб кетди. Нима қилиш керак? У ойижонисини кўрмаса бўлмайди! У бўғилиб, йиғлагиси кела бошлади. Яна хомуш тортди. Яна йиғлагиси келиб қўллари билан кўзларини ишқалади. Бу дунёда унинг ўзи ёлғиз қолгандай туюлди. У ҳозир ўзини ойижониси бағрига отгиси, унинг тиззаларига боши
ни, юзларини суриб, эркалангиси келиб кетди. Аммо қани у ойижониси? Қаёққа кетди? Қачон қайтиб келади? Мунча уни соғинтирмаса?! Ойижониси шу каравотда касал бўлиб ётганида, унинг бошини силаб туриб айтган сўзлари бирдан ёдига тушди: «Эркинжон, мени соғинганингда қабримга гул олиб бориб қўйгин. Мен сени жуда ҳам кўргим келади. Мен сени соғинаман… Гул олиб келиб қўйсанг, мен сени кўргандек бўламан.
Катта йигит бўлиб уйлансанг, албатта, хотининг билан бирга келгин. Мен сенинг хотинингни ҳам жуда кўргим келади, тушундингми?» Эркин ўшанда бош қимирлатиб тушунганини билдирган эди…
Нега унинг ойиси ўлди? Ўлмаса нима қиларди? Наҳотки, касал бўлган одам ўлиб кетаверса! Бошқалар ҳам касал бўлади-ку? Нега унинг ойижониси бундай қилди? Бу тўғри эмас! У жуда яхши ойижон эди. У ҳеч кимни уришмаган. У ҳеч кимни хафа қилмаган. Шундоқ яхши ойижони нега ўлади?! Эркин бу воқеага ҳеч тушунмасди. Ойижонисиз бу дунёда юришнинг унга нима кераги бор? Эркин жуда хафа бўлди. Унинг кичкина юраги вайрон бўлиб, дарду дунёси қоронғи бўлиб кетди.
Каравотда ёлғиз, карахт ўтирган Эркинжоннинг ўпкаси тўлди. У яна ўзини тутди: унинг ойижони ҳар нарсага ариллаб йиғлайдиган болаларни ёмон кўрарди. У ҳозироқ ойижони бағрига отиб эркаланишни қўмсади. Аммо, қани у ойижони? Чиройли каравоту гиламлар, девордаги палагу биллур қандиллар кўзига жуда ёмон кўриниб кетди. Унинг ҳеч нарсага қарагиси келмасди. Унга ҳеч нарсанинг кераги йўқ! Унга фақат ўзининг ойижониси керак!
Эркинжон бошини қуйи солиб, каравотида индамай ўтираверди. Девордаги ойижони билан дадажони тушган суратга қаради. Унга бу сурат ҳам керак эмас! Унга ойижони керак! Эркин беихтиёр хўрсинди. Ҳаммаёқ жим-жит, деразалар қоронғи…
Ҳали йигирма етти ёшга тўлмаган Раъно (у ҳақиқатан исми жисмига монанд жувон эди) оғир дардга мубтало бўлиб, операция қилинди. Бу, отинг қурғур дард унинг жисмида пайдо бўлганини ўзи ҳам сезмай қолибди.
Оғриқлардан кейин у иккинчи бор жарроҳ курсисига ётди. Бу иш уч-тўрт ой ичида бўлди. Охири у ўз уйида ётажагини айтди. Врачлар ҳам шуни маъқул кўришибди. Кейинги кунларда унга фақат оғриқни босадиган, ухлатадиган доридан укол қилишарди. У кун бўйи каравотида тақдирга тан бериб ётар, баъзи кунлари ёстиғи тагидаги дафтарчага нималарнидир ёзиб қўярди. Шундай гўзал Раъно озиб-тўзиб кетганди… Қани у кўкраклару, беллар! Хонатлас устида ял-ял ёниб, қанчалаб кўзларни куйдиришлар қаёқда қолди! Узун сочи белига тушиб, кулган дудоқлару бодом қовоқлар, қанот қоқиб турган қалдирғоч қошлар қани? У сарнигун, каравотда ётарди. Ҳар қандай беқиёс ҳусн ҳам вақтинча эканлигини энди пайқади. Сал-пал тиши оғриб, иситмаси чиққанида оҳ-воҳ қилиб доктор устига доктор чақиртирган Раъно, ҳозир беомон дард чангалида тақдирга тан бериб, ўлимини кутиб ётарди. Бу руҳий ҳолатни сезган эри, ота-оналари унинг ёнига кирганларида оҳу надоматларини сездирмасалар ҳам ташқарида ич-ичларидан э
зилиб, йиғлашарди. Шундоқ қизлари ўлиб кетаверадими! Дод дегилари келарди. Раънони ўлими олдидаги фавқулодда жасорати етмиш-саксонга кирганларни ҳам ўйлатиб қўйди. Ёки киши ўлим чангалига тушиб, бундан чиқиб кетиш иложи бўлмагач, шундай баҳодир бўлиб кетармикан? Бу ҳол ҳаммада ҳам бўлаверармикан?
Ичиб-чекиб, вақтида овқатланмай исқирт юрадиганлар эмас, саранжом, озода, ўзига қарайдиган Раъно бу рак деган дарди бедавога учраганига кишилар ҳайрон. Бу ўзи қанақа дард? Врачлар айтадиган ҳамма ёмон нарсалардан Раъно қочар эди, у доно врачлар ўйлаган соғлом киши эди. Буни қарангки, бу дард шу гулга ёпишиб, уни хазон қилди.
Ташқарида тонг отиб, сал-пал кун ёришиб келарди. Бу пайт айвонда юриб, плитада унга сут пишириб келадиган ойижониси бирдан рўпарасидан чиқиб келаётгандай, Эркин тўхтаб қолди. «Эркиним, жоним болам, ўтир, мана бу сутни ич!» — деган овоз қулоғига эшитилиб кетгандай бўлди. У аланглаб туриб қолди. Ҳамма ухлар, фақат у уйғоқ эди. Ҳозироқ пайдо бўлиб қоладиган ойижонисини кутди. Лекин ойижони ошхонадаям, ҳовлидаям, айвондаям кўринмайди. Кейин у зинапоялардан тушиб, гулхонага борди. Ҳовли ўртасида очилиб турган гулларнинг энг чиройлисидан иккитасини узиб олиб, кўча эшикка қараб юрди. Уии ҳеч ким пайқамай қолди. У бир оёғига ботинка, иккинчисига шиппак кийиб олган, ҳар доим ойижони кийгизиб қўядиган матросча кўйлагини кийган, ёқаси тугмасини ҳам солиб улгурмаган, дўпписини ҳам қидириб ўтирмаган эди. Шу аҳволда икки дона гулни кўтариб ойижони олдига жўнади. У на кийим, на ботинкани биларди. У юзини ҳам ювгани йўқ, унинг ҳеч нарсага қарагиси келмасди. У фақат ойижонини к
ўргиси келарди. Унга бошқа ҳеч нарса керак эмас эди.
Эркин жим-жит, кичик кўчадан катта кўчага ўтиб, асфалт йўлакда кета бошлади. Унинг қўлида икки дона гул, ойижони олдига борарди. У ўша куни катта машина устида, ойижонини олиб кетишаётганда шу кўчалардан ўтиб, трамвай-троллейбуслар юрадиган катта кўчалар бўйлаб кетган эди. У гўё ҳамма йўлни биладигандай, тонготарда асфалт йўл четида борарди. Катта кўчага чикқанига қадар уни ҳеч ким кўрмади. Фақат бурчакдаги тераклар тагида иккита лайча чопиб юрганини кўрди. Улар ўз ўртоқлариники эканлигини биларди. Катта кўчада супургисини елкасига ташлаб кетаётган кишини ҳам кўрди. Бу одамни танимади. Ундан сўнг, ғизиллаганча бир машина ўтди. Трамвай ҳам ўтди. Эркин уларга бир қараб қўйди-ю, йўлида давом этаверди. У чарчаганига ҳам қарамай олдинга интиларди, бир оёғида шиппак бўлгани учун қадамини тезлатишга қийналар, шиппаги баъзан оёғидан тушиб қоларди. Асли шу икковини ҳам ташлаб чиқса бўлар экан. У трамвай йўлини кесиб ўтиб, каттакон боғ, сув тўла
катта ҳовуз ёнига келганида тонг ёришиб, йўлакларда одамлар кўпая бошлади. Машиналар ҳам ғиз-ғиз ўта бошлади. Гул кўтарган, ёқаларининг тугмаси солинмаган, бошяланг болага кўзи тушганлар ҳайрон бўлиб кулиб кетишарди. Сумка кўтарган бир аёл жадал кетаётган йўлида бир лаҳза тўхтаб, Эркинни кузатди, кейин елкасини қисиб, яна йўлида давом этди… Эркин катта кўприкдан ўтиб кетаётганда орқасида келаётган папка кўтарган кўзойнакли бир одам ёнма-ён келиб, мурожаат этди:
— Ўғлим, қаёққа кетяпсан?
Эркин у кишига бўзрайиб қараб турди-ю, индамади.
— Кимнинг боласисан?
— Дадамларни.
— Нега сенинг ёнингда ҳеч ким йўқ?
Эркин индамади. У одам ҳам, бу бола шу ердаги кўп қаватли уйлардан чиққан бўлса керак, деб ўйлади. У ҳам тез-тез юриб кетди. Нарироқ бориб, гул қирқаётган кекса кишига уни кўрсатиб, бир нима деб кетди. Ёқавайрон, «митти матрос» чол ёнига яқинлашганда у сўради:
— Ҳей бола, қаёққа кетяпсан?
Эркин унга ҳам жавоб қилгиси келмади. Нима иши бор? У трамвай йўлига тушаётгани йўқ-ку! Агар у трамвай ёки машина йўлида юрганида уни чақириб олсалар бўларди. У қўлидаги икки дона гулни ушлаганича, бошини баланд кўтариб кетаверди.
— Ҳе бола буёққа кел! Мен сенга гул бераман.
— Менга гул керак эмас, — деди Эркин катталардек. У қўлидаги гулни чолга кўрсатди.
— Меники яхшироқ, мана буни ҳам ола кет!
Эркин нарироқ юриб, ўйламсираб тўхтади. Чолнинг гули яхши бўлса, уни ҳам олиш керак. Ойижонига энг яхши гуллардан олиб бориши керак! Эркин орқасига қайтиб, боғбон чол ёнига келди.
— Ма, ол, болам! — чол Эркинга дарҳақиқат яна тўртта ажойиб «президент» атиргулидан берди. Иккитаси қизил, иккитаси оқ. Чол Эркинга бошдан-оёқ тикилиб, яна сўради:
— Эрта-саҳарлаб қаёққа кетяпсан, болажоним?
— Ойижонимнинг ёнларига.
— Ойижонинг қаёқдалар?
— Ўлганлар…
— Э, бундоқ дегин, — боғбон чол юзига фотиҳа тортди. Бу бола онасини қидириб, ичикиб, тентираб юрганини пайқади. Тентакроқмикан, деган хаёлга ҳам борди. У соғинч ачангасида кетаётганини сезди. Наҳотки шундоқ боланинг тентираб кўчага чиқиб кетаётганини ҳеч ким пайқамаган бўлса!
— Ўғлим, у ер узоқ, ҳозир уйингизга қайтиб кетинг! Эртага дадангиз билан бирга борасиз!
Эркин бошини сарак-сарак қилди.
— Адашиб қоласиз, болам! — чол атай «сиз»ларди.
— Ойижонимнинг олдиларига бораман!
— Йўқ, қайтинг!
Чол ушлаб қолишдан қўрқиб, қушдек учишга тайёр турган Эркин бирдан чопиб, ўзини одамлар ичига урди. У яна йўлида давом этаверди. Одамлар ичига киргач, бир оёғига ботинка, бир оёғига шиппак кийган «матрос»ни кўплар пайқашмади. У катта ҳовуз ва кўкка отилиб турган фавворалар ёнига келди. Бир лаҳза унинг хаёлини майдондаги каптарлар тортди. Уларга анграйиб турди-да, яна бирдан хаёлига ойижони келди. У яна гулини ушлаганича одамлар орасига кирди. Ойижонининг овози қулоғига эшитилгандек бўлди. У ёқ-бу ёққа аланглаб, йўлида давом этди. Бир муддатдан сўнг йўл четидаги магазин ойналари ичига териб қўйилган сут шишаларига қаради. Ичкиси келиб ютинди. Гастроном ичкарисига кириб, сут, пишлоқ сотаётган оқ халатли семиз, дўмбиллаган хотинга тикилди. Сотувчининг қўли қўлига тегмас, чек олиб одамларга сут, кефир берарди. Семиз хотиннинг кўзи Эркинга тушди. «Онаси билан келиб, бу ерда адашиб қолган…» болага ўхшатди.
— Ҳей бола, нима қилиб юрибсап?
Эркин индамади. У кўзини сут-пишлоқдан узмасди. Сотувчи аёл матросча кийиниб, дилдираб турган дўмбоқ болачанинг бошдан-оёғига разм солди:
— Ойинг билан келганмидинг, даданг билан келганмидинг? Адашиб қолдингми?
Эркин бошини сарак-сарак қилди.
— Нима керак сенга?
Сотувчи хотин оқ булочка устига икки бўлак япроқланган пишлоқ қўйиб Эркинга узатди. Ярим стакан сут ҳам берди. Эркин стаканни олиб, сут ичди-да, очиқиб нон билан пишлоқни ея кетди. У жуда мамнун, оқ халат кийган яхши хотинга илжайгандек бўлиб гастрономдан чиқди. У нон чайнаб, яна йўлида давом этди. У яна кўприкдан, трамвай, троллейбуслар борадиган чорраҳадан ўтиб, кенг асфалт йўлда қадам ташлай бошлади. Унинг қорни тўйди. Лекин оёқлари чалишиб, чарчагандек бўлди. Шу орада йўлка четидаги ўриндиққа ўтириб, бир лаҳза дам олгиси келди. У ўтириб орқасига суянди. Катта йўлда ғиз-ғиз ўтаётган машиналарга, йўлакдаги одамларга тикилди.
Бир муддатдан кейин боши қийшайиб, ухлаб колди. У жуда ҳам чарчаган экан, машиналар шов-шувини сезмай, кўлидаги гулларни маҳкам ушлаганча қотиб ухлаб ётарди. Салдан кейин ўз каравотида ётгандек оёқларини узатиб чўзилди. Йўловчилар гул ушлаб ухлаб ётган болага тикилишар, биров илжайиб қўяр, биров безовталанарди. Эҳтимол, бечора бола бетоб бўлиб қолгандир, а? Бетоб бўлса пишиллаб ухламасди. Шу атрофдаги шопмўйловли милиционер ҳам бола ётган скамейка ёнига келиб унга тикилди. Болани дафъатан уйғотиб юборгиси келмади. У секин скамейканинг бир чеккасида ундан кўзини узмай, қўриқлагандай ўтирди. Аллақандай экскаваторнинг шалдираб, ерни ларзага солиб ўтаётгани Эркинни уйғотиб юборди. У кўзини очиб, тепасида милиционер турганини кўрди. Уялинқираб, бошини кўтарди.
— Ҳа, ўғлим, адашиб қолдингми? Кимнинг боласисан?
Эркин нима деб жавоб беришини билолмай, серрайиб турарди.
— Уйингга олиб бориб қўяйми? Уйинг қаёқда?
— У ёқда, — деди Эркин кўчани нариги томонини кўрсатиб.
— Юр, олиб бориб қўяй.
— Йўқ. Мен ойижонимнинг олдиларига кетяпман.
— Ойижонинг қаёқда?
— Ўлганлар.
Милиционер ўйламсираб, болага тикилди. Боланинг ичикиб уйдан чиқиб кетганини фаҳмлади. — Нима қилиш керак? — деб лабини тишлади. Эркинга гап котди:
— Юр, мен ҳам ўша томонга кетаётган эдим олиб бориб қўяман. Менинг ҳам сендек ўғлим бор.
Улар ўн беш дақиқа йўл юриб, милиция идорасига келишди.
Эркин бу ердан ҳам жуфтакни ростламоқчи бўлган эди, иложи бўлмади. Уни навбатчи милиционер ёнидаги стулга ўтқазиб қўйди. Орадан ярим соат вақт ўтар-ўтмас отаси машинасини эшикда қолдириб, хонага ҳовлиқиб кирди. Ўғлини кўриб уни даст кўтариб бағрига босди. Кўзига ёш олиб:
— Ўғилгинам, — дея олди.
Эркин ҳам йиғламсираб унга тиқилинч қилишга тушди.
— Адажон, ойижонимнинг олдиларига борайлик.
— Бўпти! Ўғлим, бўпти борамиз, — деди у ўғлини бағрига қайта-қайта босиб, кейин хижолат аралаш милиционерга мурожаат этди:
— Мен эрта билан барвақт аеропортга, меҳмонларни кутгани чиқиб кетган эдим, бувиси билан қолган эди. Яқинда бошимизга бахтсизлик тушган… Кечирасиз… — дедида, унга ташаккур айтиб чиқиб кетди.
Улар машиналарида уйга қайтиб келиб, бунда «туғиб ўтирган» бувини тинчитишди. Ота Эркинга ҳам тасалли берди. Бирпасдан сўнг ойижони ёнига олиб боришини айтди. Отанинг гапларига Эркин итоат сақлаб, ойижони ёнига боришга бошқатдан тайёргарлик кўрди. Юзларини ювди, янги кийим, ботинкаларни топиб беришди. У қорнини ҳам тўйдириб, эшикда турган машиналарига ҳаммадан аввал чиқиб, ўтириб олди. Унинг барча ҳаракатларини кузатиб турган отаси кўзларига ёш олди… Кичик бола учун онанинг ўлимидан оғир бахтсизлик йўқ, дерди ота ўзига ўзи.
Бир соатлардан кейин улар яна ҳовлидаги гуллардан қирқиб, каттагана гулдаста ясаб, машинада қабристонга жўнашди.
Ҳали мармартош қўйилиб, атрофи панжара билан ўралмаган, тупроқ уйилиб, кетмон билан текислаб қўйилган янги бир қабр тепасига бориб, ота-бола бош эгишди. Қабр устига гулдастани қўйишди. Эркин дадаси ёнида янги қабрга тикилиб турарди. Қани унинг ойижони? Наҳотки уни атлас кўйлаклари билан шу тупроққа кўмишган бўлса? Ахир унинг палтоси этагига озгина тупроқ тегса ҳам чўтка билан эринмай тозаларди. Унинг чиройли юзлари, олтин зираклари, нозик оппоқ қўллари наҳотки шу тупроқ тагида ётган бўлса? Эркин хомуш турарди.
— Ойижоним буёққа чиқмайдиларми? — Эркин дадасига мурожаат этди.
— Йўқ, — деди дадаси ғамгин. У ўғлини овутиш ниятида ёлғон гапирмади. Ота-бола қабристондан чиқиб, уйга қайтиб келишди. Лекин эртасига у шамолладими, иситмалаб касал бўлиб қолдию тепасига келган дадасига ҳам, бувисига ҳам, бошқаларга ҳам ойижон, деб қўл чўзиб талпинар эди. Иситма ичида қўлида атиргул, ойижонини қидирарди.
Эркиннинг довдираб, ичикиб юргани Ҳумоюнлар хонадонини ларзага солди. Бувасию бувиси, аммалари Эркин атрофида гирдикапалак бўлиб қолишди. Хотини қазосидан кейин, «этти»ни ўтказиб Ҳумоюн хизматга борди. Илгари хушомад қилиб юрадиган баъзи жувонларга ҳам ортиқча сўзамоллик йўқ, қарагиси ҳам келмасди. Унинг кўз олдида ойижонини йўқотган маъюс Эркин турар, бу митти боланинг дарду дунёси қоронғи, ҳеч нарсаси қолмагандай кўриниши юрагини эзарди. У на ота ва на бувиси, ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмасди. Унга ўзининг ойижони керак. Ойижонини топиб беришлари керак! Қани унинг ойижони?! Наҳотки унинг ойижонини кўмиб келишди! Наҳотки ойижони уни бағрига босмайди! У, Ҳумоюннинг кўзига ойижонисиз яшай олмайдигандай кўринарди.
Адвокат Фаррух Дўстмуҳамедовлар оиласи мотамсаро, бир кичик жон бутун бир хонадонни ларзага соларди.
Орадан уч йил ўтди. Эркин ҳам мактабга борди. Аммо ҳамон Ҳумоюн уйланмай юрарди. Унинг кўз олдида ҳамон ўша Раъно… Ер совуқ, киши қазо қилгач, қолган қадрдонлари юрагида унинг меҳри секин-аста совийди, дердилар. Бу тўғри эмас экан. Ҳумоюн юрагида Раъно муҳаббати ҳамон яшарди. У, Раънони анча вақт кетидан юриб, яхши кўриб олган эди. Назарида яна бир бошқа кишини Раъночалик севишга қурби етмайдигандаи туюларди. Бирон кимса юрагида ғалаён уйғотолмасди. Ҳумоюн уч йилдан сўнг биринчи марта Онахонни кўриб, юраги жиз этиб кетди. Унинг рўпарасида Раъно тургандай бўлди. Унинг бир ери Раънога ўхшашиб кетарди. Овози ўхшармикан? Ҳумоюн ўйланиб қолди.