МУАЛЛИФДАН
“Ўтирган – бўйра, юрган – дарё” дейди халқимиз. Отам Иккинчи жаҳон урушига кетаркан, йўл устида онамга “болаларни ўқит, кўп бадиий китоблар олиб бер, киноларга, театрларга олиб бор” деб тайинлаган экан. Орадан етти ой ўтиб, отам жангда ҳалок бўлганда унинг насиҳати онам учун васиятга айланган, бизга доим достонлар, эртаклар айтиб бергандан ташқари, уруш даврининг ўша оғир ва етишмовчиликлар даврида бизга Ёш томошабинлар театри томошалари учун чипталар олиб келар, ўқишдан таътилга чиққан кезларимизда кинотеатрлардаги болалар фильмларини кўришга ўн кунлик дастурли чипталар топиб келарди. Гўрўғли ва Алпомишнинг, Том Сойер ва Робинзоннинг бошидан ўтказган қизиқ воқеалари таъсирида бўлса керакки, болаликдан саргузаштларга суягим йўқ эди.
Эсимда, 1949 йилдами ё 1950 йилдами, биз еттинчи синф ўқувчиларини Тошкент вилоятининг Кўктерак даҳаси томондаги бир колхозга пахта теримига жўнатишди. Терим кунларининг бирида ёмғир ёғиб далага чиқмадик. Бир хонадонга жойлашган йигирмага яқин бола, барибир бола-да, ёмғирда кўчага чиқиб Келесга келибмиз денг. Бир маҳал бир юк поезди келиб, бекатда тўхтади; бир вагоннинг тамбури бўм-бўш эди, мен сакраб чиқиб олдим. “Туш! Туш! Ҳозир юриб кетади!” деб бақиришарди синфдошларим. “Юрса юрар, айланиб келаман” дедим мен. “Қаёққа кетишини билмайсан-ку! Адашасан!” – дер эди синфдошим Қодир дўқ аралаш.
Поезд юриб кетди. Мен бир ўзим тамбурда ўтирганча ёмғир ёғишидан завқланиб борардим. “Тавба, оддий географияни ҳам билмайди… Тошкент вокзалидан бошқа қаёққа борарди? У ерда тўхтамаслиги мумкин эмас!” дер эдим ўзимга ўзим.
Йўлда 54-разъездда бир тўхтади, кейин Тошкент вокзалига кириб келди. Мен бемалолхўжа бўлиб вагондан сакраб тушдим. Троллейбус бекатига югурдим. Эскижўвадан автобус билан уйга етиб олдим.
Эртасига ўртоқларим ётган уйга ғолибона кириб келганимда, ҳаммалари мени ўраб олишди. Қодир жаҳл билан бир чимчилади:
– Адашсанг нима бўларди?
– Нега адашаман? Ўзи битта темирйўл бўлса!
Кейин 1953 йил ноябрда Боёвутга пахтага борганимизда ҳам тўхтовсиз қор ёққан куни Носир Фозилов, Худойберди Тўхтабоев, Абдусафи Абдумажидов каби ўзимга ўхшаш саргузашт ишқибозлари билан бирга юк поездида Тошкентга келиб-кетган эдим.
Энди мундоқ ўйлаб қарасам, “Ғунча” журналида ишлаган 1959-1967 йилларда ҳам бирда расмий йўлланмалар билан, бирда дам олиш ойлари турли-турли шаҳар-қишлоқларга борган эканман.
Кейин тақдир Гуржистон, Молдова, Татаристон, Россия, Афғонистон, Қибрис, Македония мамлакатларига боришни ҳам менга лойиқ кўрди.
Энди ёшим бир жойга борганда бу йўлларда кўрган-кечирганларим, орттирган танишларим, дўстларим ҳақида кўп ўйлайман. Шундай кунлар бўладики, бирдан ё у дафтар ё бунисида ёзган қайдларим чиқиб қолади. Охири шуларни тўплаб, йиғиб “Йўлёзмалар” номи билан шу китобни ёздим, эски фотосуратларни ҳам киритдим.
Менимча, ўқувчиларни қизиқтирса, жиндай сабоқ берса ҳам керак.
АЛЬПИНИСТЛИК ОЙИ
Собит ака деган курсдошимиз ижобий маънода балойи азим эди. Биринчи курсни битирган 1954 йил ёз ойларида яхши дам олиш учун ҳар хил ташкилотларга учраб, бешта йўлланманинг дарагини топиб келди. Спорт турларидан альпинизм билан шуғулланадиган бир уюшмами, ташкилотми, талабалар учун Помир-Олой тоғларига бешта бепул йўлланма ажратган экан, шуни биз олишимиз мумкинлигини айтди.
Зудлик билан биринчи курсни битирганимиз ҳақидаги маълумотномадан ташқари, маҳалламиздан ёрдамга муҳтож оиладан эканлигимизни кўрсатувчи ҳужжат, альпинистликни орзу қилишимиз тўғрисида ариза, фотосурат ва яна аллақанча қоғозларни тўпладик. Шу тариқа, тўрт оғайни ва бир қизга йўлланма ундирдик.
Муаззам Саидова бир тўп қизли, отасиз оиладан эди. Қорачадан келган, юлдузи иссиқ, самимий, сал шаддод қиз эди. Шу билан бирга ширадор ва кучли овози ҳам бор эдики, мумтоз ва халқ қўшиқларини маромига етказиб айтганда ҳар қандай тош юракли одамни ҳам эритиб юборарди. Мен айниқса, унинг “Чаман ялла”сини ҳар қанча эшитиб тўймас эдим. У мендан икки ёшгина катта эди, ҳурматим баландлигидан “Муаззам опа” дейишга одатлангандим, у эса мени “Азизжон” деб чақирарди.
Собит аканинг отаси Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган, онаси 1943 йилда ўпка хасталигидан вафот этганди. Шунда ўн ёшли бола етти яшар синглиси, тўрт яшар укаси билан қаровсиз қолган, Собит ака ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб улғайган эди.
Раззоқ Абдурашидов серфарзанд оиладан бўлиб, ҳали болаларнинг биронтаси ҳам ишли-маошли бўлмаган, озгина ерларида иссиқхона қуриб, памилдори, гаримдори, райҳон-жамбиллар экиб, кўчатчилик, кўкчилик қилиб кун кўришарди. Раззоқ болалигидан шеърга қизиқиб, Ғайратийнинг ижодий тўгарагига қатнаб, энди-энди ижоди кўрина бошлаган чоғлари эди.
Неъмат Ёқубов уч-тўрт ўғилли оиладан, ота-онаси уйда ўтирар, фақат катта акасигина ишлаб, оилани аранг тебратарди. У мендан тўрт ёш катта, аммо бир мактабда, бир синфда ўқигандик. Камтар, сипо, озода бола, ўнинчи синфни кумуш медалга битириб, университетга кириш имтиҳонларисиз қабул қилинган эди.
Ўн тўққизинчи июль куни университетнинг орқа ҳовлисига тўпландик. У ерда бизни ёшгина рус йигит кутиб олди.
– Геннадий Васильевич, инструктор, – деб ўзини танитди, кейин ҳаммамиз билан бирма-бир кўришиб чиқди. Шу ерда турган юк машинасини кўрсатиб, шу машинада кетишимизни айтди. Машинанинг брезент ёпинчиғи йиғиб қўйилган экан.
– Ну, Саша, ты готов? Товарищи пришли , – деб қичқирди нарироқда турган йигитга. Сўнг бизга уни ҳайдовчимиз дея таништирди.
Ана энди ҳовли дарвозасидан “Альплагерь, қайдасан?” деб усти очиқ юк машинасида йўлга чиқдик. Кузовнинг икки ёнида ўтирғичи ва ишкомга ўхшаган эгма синчлари бор эди. Биз ўтирғичларни эгалладик. Машина бир зумда шаҳар марказидаги хиёбондан ўтиб, Шота Руставели кўчасига чиқди. Тўқимачилик комбинатининг ёнидан тўғрига, сўнгра темирйўл кўприги тагидан ўнгга, Янгийўлга томон бурилди.
Биз гоҳ ўтириб, гоҳ синчларни ушлаганча тик туриб борардик. Нотекис йўллардан ўтганда қийқиришар, текис йўлларда ёзнинг иссиқ шамолига юзимизни тутганча йўлларни томоша қилиб борардик. Дастлаб йўлнинг иккала тарафи ҳам дарахтзор, токзор, полиз экинлари, жўхорипоялардан иборат эди. Димоққа олмаларнинг, қовунларнинг, жийдаларнинг ҳидлари уриларди. Кейин чексиз, чегарасиз пахта далалари бошланди, каллакланган тутлар уларни полларга ажратган, тўмтоқ дарахтлар тагидан йилтиллаб оқиб ётган сувлар ҳар қалай антиқа манзара яратарди.
Чинозда бир тўхтаб, бозорчасини айланиб чиқдик. Мева-чева ва нон-сомсалар, гўммалардан ташқари, бу ерда бугун тутилган янги балиқлар сотиларкан. Ҳозиргина тутилган балиқлар шу ернинг ўзида тозаланиб, каттакон товада жиз-жиз ёққа қовуриб бериларди. Шундай ноз-неъмат ёнидан ўтиб бўлармиди? Озроқ тамадди қилиб, яна йўлга тушдик.
Кейин Сирдарёдан, Қўқондан, Фарғонадан кечиб, вақт тушдан ўтганда Шоҳимардонга етдик. Озгина танаффус қилгани шу ернинг чойхонасига кирдик.
Шоҳимардон – Фарғонанинг жанубида жойлашган, иқлими ва табиати жиҳатдан курорт минтақаси. Помир-Олой тоғларидан тушиб келадиган Оқсой, Кўксой деган шиддатли сувлари ҳар қандай одамнинг баҳри дилини очар, алланечук ҳаяжонга соларди. Гувуллаб оқаётган сув устида тахта сўрилар қурилган, уларнинг тўрт тарафига кўрпачалар тўшалган бўлиб, ўртадаги хонтахтага дастурхон ёзиғлиқ эди. Биз бир сўрига чиқиб ўтиришимиз билан чойхонанинг ўспирин хизматчиси олдимизга патнисда чойнак, бешта пиёла, бир лаганчага муштумдан каттароқ бешта зарғалдоқ шафтоли, кичик ликопчада оққанд ва иккита иссиқ нон келтириб қўйди. Собит ака чой қуйиш ташаббусини дарров қўлга олмоқчи бўлган эди, Муаззам:
– Менга беринг, мен қуяман, – деди чойнакка чўзилиб.
Муаззам чойни уч марта қайтариб, ҳар биримизга пиёла тутаркан, Собит ака шафтолиларни мақтай кетди:
– Воҳ-воҳ, асал-а, асал. Ҳеч бунақасини кўрмагандим.
– Сувлари тиниқ, ҳавоси тозалигини қаранг, – деди Неъмат Ёқубов.
– Сувлари бир шеър, ҳавоси бир шеър, шафтолиси ҳам бир шеър, – деди Раззоқ Абдурашидов.
Бир тарафимиз тоғ ёнбағирлари, иккинчи тарафимиз боғлар… Булбуллар, саъвалар, майналар, қарқуноқлар тиним билмай сайрашади. Булбул шу қадар чаҳ-чаҳлардики, унинг бунчалик хилма-хил товушларни қайдан олишини ўйлаб, бундай табиат, бундай қушларни яратган Санъаткорга жон-жонингдан ҳамду санолар айтардинг. Бу қадди расо ўриклар, баланд бўйли шафтоли дарахтлари (Тошкентда шафтоли дарахтларининг бўйи анча паст бўлади), ҳозир ёнғоқдан сал каттароқ, тахминан бир ойлардан кейин пишадиган анорларнинг шохларда худди фонарларга ўхшаб осилиб туришлари…
Эшиклари олдига гуллар экилган, жилдир-жилдир ариқлар ёқасида тераклар, толлар ўстирилган уйлар… Қаёққа қараманг, кўзларга ором берувчи яшиллик!
Йўлда турган юк машинамизга чиқдик. Оқсой ёқалаб аста юқорига ўрлай бошладик. Тахминан ўн километрча юрганимизда ўрик дарахтларида ҳали пишмаган, бодомдай бўлиб қолган довуччаларни кўрдик. Ажаб, пастда оқ ўриклар пишиб тамом бўлган, бу ерларда ҳали ранг кирмаган-а! Буниси ҳали ҳолва экан, яна ўн-ўн беш чақирим юқори кўтарилганимизда оппоқ бўлиб гуллаган ўрик дарахтларини кўрдик.
Ўлмаган банда кўраверар экан: биз қароргоҳга яқинлашиб келаётганимизда тузуккина қор ёғаётган эди. Ана буни ғаройиб деса бўлади! Шоҳимардондан бу ергача нари борса қирқ километрча юрдик, аммо бир куннинг ўзида тўрт фаслни кўрдик. Ҳолбуки, шу кун йигирманчи июль эди.
Юк машинамиз “Альпинистский лагерь “Урожай” деб ёзилган каттагина тахта ёнидан ўтиб, бир майдон чеккасига бориб тўхтади. Беихтиёр “Ҳосил” альпинистлар лагери” деган ўзбекча ёзув бўлиши керак эмасмиди?” деб ўйладим.
– Мы приехали на Памир-Алайские горы , – деди Геннадий Васильевич машинадан тушганимизда.
Мен бу ерга келиш олдидан Помир-Олой тоғлари ҳақида бироз маълумотлар йиққандим.
“Помир” сўзининг маъносини аниқлай олмадим, аммо бизнинг она тилимизда “Олой” сўзининг маънолари кўп экан. Мана, шулардан баъзилари:
1. “Кўпчилик”, “тиқилинч” деган маънода келади. Масалан, Тошкентдаги Олой бозори илгарилар “кўп одам олди-сотти қиладиган жой” маъносида олой дейилган, аммо замонлар ўтиб, “олой” сўзи атоқли отга айланган.
2. Илгарилар бирга саёҳат қилувчиларга нисбатан ҳам шу сўз ишлатилган: “Биз бир олой бўлиб йўлга чиқдик” тарзида.
3. Ҳарбий атамалар ичида ҳам “олой” сўзи бор бўлиб, у взвод маъносини билдиради. Уч олой ва бир бирлик (отделение) қўшилса, табур (батальон) бўларкан.
4. Ҳар қандай ерда қаторлашган ва ғуж-ғуж жойлашган нарсалар ҳам “олой” дейилади.
Демак, “Олой тоғлари”, “бир қатор тоғлар”, “тоғлар тизмаси”, “тоғлар уюми” деган маънони билдирар экан. Чиндан ҳам бу ерда қаёққа қараманг, устма-уст, кетма-кет тоғларни кўрасиз.
Биз тунайдиган қароргоҳ тоғ ёнбағрининг бир қадар текис ерларида. Қозоқ овулларидаги каби қаер текисроқ бўлса, ўша ерда палатка қурилган. Биз, “тўрт оғайни ботирлар” бир палаткага жойлашдик, Муаззам Саидова уч нафар рус қизлар билан ётадиган бўлди.
Ҳаммага ички кийимдан тортиб, ташқиларигача бир хил кийим-бош берилди. Уйдан кийиб келган ўз энгилларимизни тахлаб, махсус халталарга солиб, палаткамизнинг бурчак-бурчакларига қозиқ ясаб, осиб қўйдик. Альпинистларнинг махсус тринка халат ва тринка шимларини кийдик. Ҳар биримизга каттагина рюкзак, ичида думалоқланган, бошидан белигача усти занжирли қоп-ўрин, ёстиқ, оппоқ чойшаблар тарқатилди. Дарров палаткага кириб, қоп-ўринларнинг занжирини ечиб, ичига кириб, ётиб кўрдик. Занжирини бошингизгача тортиб, бекитиб олсангиз, овга келган бўрилар ҳам сизга даф қилмас экан.
“Сухой паёк” деб берилган овқатлари: тунука банкаларда Қозоғистоннинг ивитма этлари, қандли қуюлтирилган сут, пишлоқ, сарёғ, асал, қотирилган оппоқ нонлар, балиқ ва жигар консервалари, ҳатто баъзи кунлар балиқ увулдириқлари ва ҳоказо.
Муаззамхон рус шериклари билан қандай овқатланади, билмаймиз-у, лекин биз “базми жамшид” қилдик. Очиқ ҳавода, очиқ ерда ўтириб, учта тошдан ўчоқ ясаб, атрофдан майда-чуйда ўтин териб келиб, хоҳласак консерва ва этларни оловда иситиб, қайнатиб, нон ботириб еймиз, истасак, сарёғ билан асални нонга суртиб, тоғ сувлари билан тановул қилиб, қоринни силаб ўтирамиз. Бундай антиқа, мазали овқатларни Тошкентнинг ресторанларида ҳам учратмайсиз. Билсак, “Урожай”ни Москва таъминлар экан.
Лагерга деярлик юзга яқин бўлажак альпинист ва йигирмага яқин спорт мураббийлари келган. Ораларида фақат биз, беш талабагина, ўзбекмиз. Қолганлари руслар ёки рус тилида гаплашадиган бошқа миллат вакиллари.
Бу ернинг табиатини ўзимизча ўргана бошладик. Биз ётадиган ҳудудда дарахтлар йўқ, бу тошлоқ ерларга ёққан кечаги қорлар эриб кетиб, офтоб аллақачон майдонни шабадаси билан қуритиб қўйган эди. Унда-бунда қуриган ёввойи наъматак ва бошқа буталар ҳамда бутачалар бор эди. Юксакларда, офтоб тушмаган тоғ ёнбағирларида арчалар кеча ёққан қор кийимларида тўда-тўда келинчаклардай, пастга тушиб келаётганда бир дам тўхтагандай кўринарди. Шундоқ ёнбошимиздаги дарада, ҳув пастларда сойларнинг гувуллаган овозлари келарди. Раззоқ аллакимдан билиб келди: бу сойнинг номи Угам эмиш.
– Пастга, сойларга тушсак бўладими? – деб сўрадик мураббийдан.
– Тушаверинглар, фақат сувга кирманглар, сув секундига олти метр тезликда оқади, тушсанглар, оқизиб, тошларга уриб, майиб қилиши мумкин, – деди.
Олти юз метрча пастликка, сой бўйига, буталарни ушлаб, тушиб бордик.
Бу томонда ўсган гуллардан бир-иккита гулдаста ясамоқчи бўлдим. Шу чоғ қаршимда гулбарглари гулсафсарга ўхшаш, аммо учи тик қип-қизил бир гулга кўзим тушди. Ниҳоятда чиройли, худди нақшин қадаҳга ўхшайди. Шартта бориб биттасини узган эдим, қўлим қизариб, пуфакланиб, қаварди.
Кейин бирдан ҳаворанг дейсизми, бир зангор – чиройли гулни кўриб қолдим. Биттагина экан. Кўзим қиймади узишга. Бу – шоиримиз Қуддус Муҳаммадий куйлаган бўтакўз эди.
Мирзачўлнинг даласида,
Бир гул кўрдим – бўтакўз.
Ҳамма гуллар орасида
Ҳай-ҳай, гўзал ўта кўз.
Бўтакўзнинг япроқлари
Шуъла тушиб ярқирар,
Нозиккина шилдираб
Боларисин чақирар.
Мен бу шеърга асосланиб, бўтакўз фақат Мирзачўлда ўсади, деб ўйлар эдим. Йўқ, у Помир-Олой тоғларининг тепасигача чиқиб олибди. Аммо бу ерда ҳозир биттагина тупини кўрдим. Балки, бошқа тоғ ёнбағирларида яна бордир. Қуюқ киприклар билан ўралган думалоқ кўзли бўтакўз чиндан ҳам бўталоқнинг кўзига ўхшайди. Фақат туяларнинг кўзи мовий бўладими, йўқми – шунисини аниқ билмас эканман. Аммо бутун гўзаллигини кўз-кўз қилиб, тирноқча ҳам зорланмай, довюраклик билан бу тоғларда мағрур қад ростлаб туриши одамни маст қилар эди.
Хоразм тепаликларига ўхшаган усти кунгурадор, думалоқ сариқ салласимон чиройли гулларни ҳам кўрдим. Шу гуллардан иккита гулдаста ясаб олдим.
Сўнгра сойнинг бир четига тушиб, сувга бир шўнғиб олмоқчи бўлдим. Қирғоқдаги тошни ушлаганча, оёғимнинг бир учини сувга теккизганимни биламан, сув тўпиғимга шундай зарб билан урдики, нақ бутун гавдам сойга учиб тушгудай бўлди. Оёғимни бир сонияда аранг тортиб улгурдим. Чиндан ҳам бу сой билан ҳазиллашиб бўлмас эди. Рангим ўчиб, бир зумда кийиниб олдим. Тепага қайтиб чиққанда инструктор Славадан гулларнинг номини суриштирдим.
– Қўлингни қизартирган у қизил гулни биз “Звёздочка” деймиз, ўзбекчада қандай бўлишини билмайман. Мана бу сариқ гуллар эса “Бессмертник”, ҳеч сўлимайди, неча ойлаб шундоқ тураверади, бир неча ойдан кейин қаттиқ ҳолга келиб қурийди, – деди.
Мен илгари китобларнинг бирида “Бессмертник” деган гул ўзбекчада “Ҳамишабаҳор” деб аталишини ўқигандим, лекин ўзини кўрмагандим, энди икки дастаси, мана, қўлимда.
Эртасидан ўқув машғулотлари бошланди. Дарслар фақат рус тилида ўтиларди. Тоққа шундоқ келиб, чиқиб кетавермас экансиз. Альпинистлик ҳам мураккаб бир илм экан. Катта-катта, ўттиз-қирқ босма табоқ келадиган дарсликлари борки, қўяверасиз. Уларнинг ҳаммаси рус тилида, аммо улардаги маълумотлар унча-мунча жуғрофик китобларда учрамайди.
Помир-Олой деб қўшма от олган бу тоғлар Фарғона водийсининг жанубида бўлиб, Ҳисор-Олой, Помир, Қирғиз-Турк тизмаларидан таркиб топган. Ҳисор-Олой тизмалари ўз навбатида Олой, Туркистон, Зарафшон, Қоратегин тизмаларига бўлинади. Яна жануби-ғарбида Жилонтоғ, Сарсарак, Тераклитоғ, Қоратоғ, Оқтоғ ҳам бор.
Ҳайвонот дунёсига келсак, архар, айиқ, узун думли суғур, ёввойи қуён, каклик, қирғовул, бедана, тўрғай кабилар кўп, дейилган. Бироқ биз ҳали уларни кўрганимиз йўқ. Мен фақат бир марта, қуёш чарақлаган кун тепароқдаги бир харсанг устида қўнган тўрғайни кўрдим. У қўнган жойида бир пас атрофга аланглаб турди-да, сайрашга тушди. Сўнг бирдан йигирма метрга юқорига кўтарилди-да, муаллақ пириллаб турганча сайрашни давом эттирди. Нимани куйларкин, деб ўйладим. Атрофга олазарак бўлишларига қараганда, бу ерларнинг гўзаллигини ичига сиғдиролмаётганга ўхшарди. Ҳа, албатта! Ўз юртини, унинг бетакрор гўзал табиатини куйлайди-да! Бошқа нимани куйларди бундай завқ билан!
Биз бу альпинист китобларининг ҳар бирини ўқиб чиқиб, рус тилида росмана имтиҳон топширишимиз керак. Ҳар ўн-ўн беш кишига бир мураббий дарс ўтади.
Бизнинг ҳар биримизга болта билан чопса ҳам, арра билан кесса ҳам узилмайдиган ипак арқонлар беришган, йигирма метрдан. Уларни чиройли қилиб ўраб, елкага осиб юрасиз. Ўрашнинг ўзи бир илм. Арқонларни бир-бирига улаш ҳам бир илм: “тўқувчилар боғи” (“ткацкий узел”) дегани бор. Агар ўша усул билан боғламасангиз, бир-бирига боғланган ипак арқон сирғалиб ечилиб кетади.
Қўлимизга “ледоруб” (“музўяр”) деган иккиёқлама теша беришганки, бир ёғи бизнинг ўзбекча пойтешага ўхшайди, иккинчи ёғи тўмтоқ, у билан тикка-тик тоғ чиқиб қолса, тоғнинг ёнбошларидан бирон керакли жойни ўясиз, ё уриб синдирасиз ва ўзингизга оёқ босиш учун жой ҳозирлайсиз. Ледорубнинг ўртасидан ўтказилган сопи ҳам металлдан. Узунлиги бизнинг пойтешадан калтароқ, лекин қўлтешадан икки баравар узун.
Яна ҳар биримизга учи найзадор узун таёқ-ҳасса ҳам беришдики, унинг оти “альпеншток” экан. Альпеншток энг чидамли заранг ёғочидан ясалиши керак. Чунки у хатарли дақиқаларда синиб кетса, бу – альпинистнинг ўлими деган гап. Умуман, ледоруб билан альпеншток ҳар дамда спортчига асқотадиган, альпинистлар орасида жон баҳосидаги, жуда ажойиб нарса. Ўйиш, тешиш, кесишлари-ку, кўриниб турган хусусиятлари, аммо яна бир муҳим жиҳати шундаки, тасодифан тоғдан йиқилсангиз, бир қўл билан альпенштокнинг бўйнидан, иккинчи қўл билан ҳасса томонидан ушлаб ерга тирасангиз, йиқилишингизни тўхтатиб қола олади. Оддий кунларда эса ундан ҳасса сифатида ҳам фойдаланасиз.
Альпинистлар яна бошқа бир арқонда эгилган бармоққа ўхшаш пўлат илмоқ ҳам олиб юришлари керакки, у илгакни юқоридаги тошга отиб илинтириб, сўнг шу арқонга осилиб, юқорига кўтарилишади.
Альпинистларга яна бир томони беш тийинлик тангадек тешилган темир ҳалқа бўлаклари ва болға ҳам беришган. Агар қаршингизда бирон-бир тик тоғ чиқиб қолса, чўққига юриб чиқадиган биронта ҳам сўқмоқ бўлмаса, сиз ўша темирни тоғ тошининг дарз кетган бирон ерига болға билан қоқасиз, тешигидан арқон ўтказиб, ўзингиз ўша арқонга ўтириб, арқоннинг иккинчи томонидан тортиб ўзингизни ўзингиз юқорига кўтарасиз.
– Темир ҳалқа одамни кўтаролмай, дарз жойдан чиқиб кетмайдими? – деб сўрадим мураббийдан.
– Ҳеч қачон! – деди мураббий. – У ҳалқаларни жойидан чиқариб олиш учун катта гурзи керак. Сизнинг болғаларингиз билан ҳам бир амаллаб уриб чиқарса бўлади, аммо бунга анча уриниш, куч керак. Бу ҳалқа ва ундан ўтказилган ипак арқонлар сиздан беш баравар оғир бўлган айиқларни ҳам кўтара олади.
Мураббий дарсини давом эттирди:
– Сиз ярим метр юқорига кўтарилгандан кейин, тепангиздан яна бир темир парчасини тошга қоқиб, тешигидан арқонни ўтказиб, аввалги ҳаракатингизни такрорлайсиз. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ҳамма альпинистлар бир-бирига боғланган бўладилар. Кейингилар олдингилар қоққан ҳалқалардан фойдаланадилар. Шу тариқа ярим метр-ярим метрлаб, аста-секин бутун олой юқорига кўтарилади. Бу катта уқув, маҳорат ва куч талаб қилади, – дея дарсини тугатади мураббий.
– Биз бу ерга дам олгани келганмизми ё ўқиганими? – дейди сал оғриниб Муаззам Саидова.
– Дам олиш ҳар хил бўлади: актив (фаол) дам олиш ва пассив (заифона) дам олиш. Бу тоғларда юксакларга чиқишни ўрганиш, малака орттириш, интилиш ва доим ҳаракатда бўлиш – актив дам олиш ҳисобланади. Фақат еб-ичиш, ётиш, мақсадсиз ёки шунчаки атрофни кузатиб юриш – пассив дам олишдир. Чўққиларга чиқишни хоҳламаганлар лагерда ётаверишлари ҳам мумкин. Бу ерда ҳеч ким ҳеч кимни ҳеч нимага мажбур қилмайди, – деди мураббий.
Кейинги кунларда биз сойлардан, тангилардан ўтиш, юксакка кўтарилиш ва пастга тушиш қонун-қоидаларини ўргандик. Бирликнинг, хотиржамликнинг аҳамиятини англадик. Кечалар ойдин эди. Кийимларимизга ўраниб, ташқарига чиқиб ўтирардик. Муаззам рус дугоналари билан келарди. Гурунглашардик. Кўпинча Муаззамга қўшиқ айттирардик. Мен, айниқса, Муқимий ғазали билан айтиладиган “Чаман ялла” ашуласини яхши кўрардим.
Кўнгулни ғунча янглиғ таҳ-батаҳ қон айладинг-кетдинг,
Халойиқ ичра маъюсу паришон айладинг-кетдинг…
Бу ойдин кечада тоғлар қуршовида тиниқ ҳаволарда ашула шундай янгрардики, узоқ-узоқларда бизни яна кимлардир тинглаётгандей туюларди. Рус қизларимиз бироз ўтиргач, зерикиб, кетиб қолишарди.
Биз қизларимиз туриб кетганига парво қилмай, “ўз концертимиз”ни давом эттирардик.
Қизил гулни тагида, чаман-ан ичра,
Булбул чаҳ-чаҳ куйлайди чаман-ан ичра.
Юрагим жиғиллайди чаман ичра, боғ ичра-а,
Ёр келганга ўхшайди чаман-ан ичра.
Қизил гуллар ичида, чаман-ан ичра,
Ёр, сени кўриб қолдим, чаман-ан ичра.
Кўрмасам бўлар экан, чаман ичра, боғ ичра-а,
Ишқингда куйиб қолдим, чаман-ан ичра.
Муаззамнинг овози шундай товланар, тебранардики, биз унинг эзилаётган қалбига қандай бир юпанч беришни билмасдик. Биз уч оғайни Муаззам опанинг Неъмат Ёқубовда кўнгли борлигини сезар эдик. Ёқубов ўзи ҳам буни озми-кўпми пайқар эди, назаримда, аммо билмаганликка оларди, шекилли. Мен зора озгина бўлса-да, қўшиқ билан хумордан чиқса, деб ўйлардим.
Ойдин тунларнинг бирида дўстларим уйқуга кетганда ёлғиз ўзим ташқарига чиқдим. Ой одамга шу қадар яқин келишини кўрмагандим. Бундан чиройлироқ манзара бормикин оламда? “Китоб ўқиса бўлармикин?” Бу ерга келишдан бир-икки кун олдин магазиндан бир китоб олгандим, бир рус адибасининг “Биринчи муҳаббат” номли китоби… Палаткадан олиб чиқдим. Бемалол ўқиса бўларкан. Бўйи бир қарич келадиган, қалинлиги бир бўғим, бир юз саксон саҳифали китобни ойдинда ўқиб битказдим.
Мураббий ҳар куни альпинистликнинг турли-турли хусусиятларини уқтирар эди:
– Бу ерда табиат интизомсизликни қабул қилмайди. Дунёда икки касб бор: сапёрлик ва альпинистлик. Сапёр адашса, ўзи портлаб кетади, альпинист адашса, тоғдан йиқилиб ўлади.
– Тоғ ишқибозлари уч хил бўлади: якка-ёлғиз ишқибозлар, икки-уч, тўрт-беш кишилик ишқибозлар ва бизникидек, олой альпинистлар.
– Сиз, ўзбекларда бир чиройли мақол бор: “Ҳолва деган билан оғиз чучимас”. Тоғларга ишқибоз бўлган билан чўққиларни эгаллай олмайсиз. Бунинг учун одам чиниққан ва уқувли бўлиши, керакли жиҳозларни фарқлай олиши ва уларни ишлата билиши керак. Керакли тошнинг оғири йўқ, шундайми?
Тоққа чиқиш олдидан ўқув машғулотлари ўн кун давом этди. Шундан икки куни имтиҳонларга сарфланди. Кейин тоққа чиқиш учун амалий тайёргарликлар бошланди.
Ҳар биримизга оғир-катта ва пишиқ ботинкалар берилдики, уларнинг тагида тиш эмас, икки сантиметрли найза михлар бор. Биз бу ботинкаларни мойлаб олдик ва оёққа кийиб, юриб кўрдик. Ниҳоят, ҳамма арқон билан бир-бирига боғланиб, елкада оғир рюкзаклар, ледорублар, қўлда альпенштоклар билан бир қатор бўлдик. Ана ундан кейин гоҳ тоғ ёнбағрининг соя, қорли томонларидан, гоҳ офтобли, ери шағал ё тошлоқ сўқмоқларидан, ё умуман ҳеч қандай йўл тушмаган тарафларидан кетдик. Кун яримлаганда ўтириб, арқонларимизни бир-биримиздан узар, тоғ ёнбошининг бир тарафини қизларга, бир тарафини йигитларга деб эълон қилгач, ўтириб, дам олиб, тамадди қилар, сўнгра яна йўлга тушардик. Жилғалар, ирмоқлар, чашмалар ёнида тўхтар, эгилиб, муздай сувларида юз-қўлларимизни чаяр, томоғи оғришидан қўрқмаганлар ичиб, хуморидан чиқар эди.
Мен шу сафар кунларида тоғлар ҳар хил шаклда бўлишини ўргандим: баъзилари бир-бири билан ёнма-ён, билмадим, қаергача чўзилиб борарди. Баъзилари “э” ҳарфининг белбоғига ўхшаган – икки тоғнинг ўртасидан бошланиб, оёғи даранинг аллақаерида пастларда тугайди. Баъзилари патсимон, бошқалари шохсимон, баъзилари тик чўққига ўрлаб кетган…
Ёз чилласи бўлишига қарамай, Олой тизмаларида кечалар жуда совуқ, йўлда шошилинч тикланган палаткалардан ҳеч ким бошини чиқармайди. Аммо кундузлари маршда кетаётганимиз учунми, ё чиндан ҳам ҳаво исиб қоладими, ҳеч ким совқотмайди.
Слава деган бир ёш мураббийимиз бор. Жуда қизиқчи (мураббийлар бир-бирига боғланган қаторнинг ёнида аҳволни кузатиб боришади), ҳаммани кулдириб, ўзбекча рақсга ҳам тушади, фақат “Най-нум, на-на-нум” дейиш ўрнига, “Онай-на-най-нум”, дейди. Сўкиняптими, ўйинимизни масхара қиляптими, десангиз, йўқ, берилиб рақсга тушади, ҳатто қизларга муқом қилиб ҳам қўяди.
Одатда, кеч туша бошлаши билан тўхтаб, палаткалар қуришга киришилади. Палаткаларнинг тўртта учида арқонлар бўлади, у арқонлар баландроқ тирговичлар билан кўтарилиб, учи узоққа қоқилган қозиқларга тортиб боғланади. Қарабсизки, бошпана тайёр, кириб дам олаверасиз. Ўрин-қопни тизиллатиб очасиз-у, пинакка кетасиз. Уйқуга тўйиб, тиниқиб, ўрнингиздан турганингизда, қуёш манглайингизни силаб, нурлари билан сизни эркалатади. Ана энди асфальтсиз, сўқмоқсиз, балки, ҳеч қачон инсон зотининг оёғи тегмаган катта тошларни бигизли ботинкаларингиз билан ғижирлата-ғижирлата юқорига ўрлайсиз.
Тегрангизни кузатсангиз, дунёда бундан-да хушманзара ерлар борлигига ишонгингиз келмайди. Қани, мен рассом бўлсам-у, шу манзараларни чиза олсам, деган хаёлга ҳам борасиз. Бир маҳал осмондан бир талай қушлар галаси ерга туша солиб чаҳ-чаҳлай бошлади: бу қушлар бозоримиди, ё қушлар тўйими, билмадим. Балки оддий одатлари, ота-боболари, аждод-аждодларидан қолган удумларидир. Яп-яланг оёқлари ердан кўтарилганда, тирноқлари тошларнинг устида турли чизиқлар шаклини қолдирганини кўрасиз.
Айтдим-ку, бу ерларда бир кунда тўрт фаслнинг белгиларини кўрасиз деб… Бир ерда қоқиўтларнинг ўз момақаймоқларини кўкка уфураётганини кўрсангиз, бир ерда мойчечаклар ва ё елларда рақс тушаётган чаканда чечакларини кўрасиз. Бирда бўйлари бўйингиздай келадиган ўтлоқлардан ўтсангиз, бирда охири кўринмаган тап-тақир тошлоқ устига тошлоқларни кўриб ажабланасиз.
Йўқ, ҳеч неки бўлмасин, бу Олой тизмалари бутун гўзалликларнинг энг чўққиси, деган хаёлга келасиз. Бу игнабаргли арчалар билан ясанган ёнбағирлар, ям-яшил бирқут ўтлоқлари денгиздай чайқалаётган довонлар, кўзларни мафтун этаётган чексиз, туганмас жозибалар… Буларнинг олдига тушадиган бир нималар борми оламда?
Қушлар-чи, қушлар, воҳ бу қушлар! Уларнинг сайроқлари, уларнинг парвозлари, сирғалишлари, гоҳ олға, гоҳ орқага бурилиб, турли акробат ўйинларини кўрсатишлари, бир-бирларини қувишлари, мувозий бир тарзда бир тарафга учишлари, бирдан пастга шўнғишлари – буларнинг ҳаммасини кўриш, кузатиш қандай маза, қандай қувонарли!
Бир куни бизнинг олдимизга лагернинг бошлиғи ҳол сўрагани келди: кўришиш учун узатган кафти Мирзачўлдай келарди, менинг кичкина қўлим унинг қўлида ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетди.
– Аҳволлар қалай? – сўради у.
– Яхши, жуда яхши, – дедим.
Гавдаси ҳам нақ Алпомишдай. Салмоқлаб, жилмайиб гапирарди. Биздан узоқлашганда ҳавас билан орқасидан қараб қолдик. Альпинизм бўйича спорт устаси, бугина эмас, мамлакатда хизмат кўрсатган спорт устаси экан. Биз ҳам унга ўхшаган соғлом, паҳлавон спорт устаси бўлишни орзу қилдик.
Хуллас, белгиланган кунда мўлжалланган энг юксак чўққини эгалладик. У денгиз сатҳидан 7495 метр баландликда экан. Биз энг аввал альпинистларнинг удумларидан бирини адо этдик. Чўққидаги катта харсанг тагини кавлаб, сопол қувурча топдик. Уни очиб, бу чўққига биздан олдин чиққан одамлар ва жамоаларнинг исм-шарифини ўқиб чиқдик ва уни яна ўз жойига кўмиб қўйдик. Сўнгра ўз исм-шарифларимизни бир қоғозга рўйхат қилиб ёздик, ҳамма мураббийлар ва лагерь бошлиғи имзолашгандан сўнг, ингичка қилиб бир қоғозга ўрадик ва уни бир шишага солдик, шишани сув ўтмайдиган қалин латтага ўраб, бир тугунчак ҳолида тошлар тагидан жой олиб, кўмиб қўйдик. Ана ундан кейин “ура!” айтиб, қучоқлашиб рақсларга тушдик, бир соат хурсандчилик билан ўз-ўзимизни зиёфат қилиб бўлгач, пастга тушишга қулай жойни танладик. Бу қуёш тушмаган тараф бўлиб, икки тоғ оралиғи эди, бу ёқларда қалин қорлар эримай, тоғ ёнбағирларига оқ чойшаб тўшалгандай, қор одамнинг кўзини жимирлатар эди.
Учов, тўртов, бешов бўлиб, рюкзакларимизни чанадай миниб, пастликка сирғала бошладик. Аммо Собит ака ҳеч ким қилмаганини қилмаса Собит ака бўлмасди-да! У оёғини тепага, бошини жарликка қаратганча рюкзакни бошига ёстиқ қилиб қуйига сирғала кетди. Ёнида инструктор Слава:
– Ҳозир ўласан, бошинг тошга урилиб ўласан! – деганча катта-катта Геркулес қадамлар билан сакраб-сакраб сирғалиб борарди.
– Тепада кўрганман, йўлимизда тош йўқ! – деб қичқирарди Собит ака.
Ҳамма, шу жумладан, Собит ака ҳам жарликка эсон-омон тушиб, ўрнидан турди.
Лагердан чўққигача етти кун кўтарилган бўлсак, лагерга икки кунда етиб келдик. Кейин ўйин-кулги, тантаналар бошланди. Кўпчилик қатори биз – тўрт оғайни “Мамлакатнинг биринчи босқич альпинисти” деган нишонча ва унинг ҳужжатини олдик. Табиийки, сафарга чиқмагани учун Муаззам Саидовага бундай мукофот берилмади.
Сафар олдидан эсдалик учун бир суратга тушгандик, бу хурсандчилик кунлари ҳам шундай қилдик. Кечқурун гулханлар ёқиб, узоқ-узоқ гурунглашдик.
– Уйни жуда соғиндим, – деди Собит ака. – Тўғри, бу ерлар ҳам менинг Ватаним. Қайси тоғнинг отини сўрасанг, қадим туркий… Фахрланаман, ғурурланаман… Фақат уй бошқача нарса-да… Бўлмаса, бор-йўғи кафтдай бир ҳовли… Икки сотих… Гугурт қутисидай уйлар… Шунинг нимасини соғинасан? Билмайман. Синглим Муҳаббат, ўн саккизга кирди, бўйи етиб қолди, ўзини ўзи эплайди, Зоҳидни асраб-авайлаш ҳам қўлидан келади. Фақат сал нозикроқ, касалга мойил… Мен ота ўрнидаман, унга юрагим ачийди… – дея кўзёшларини тез артиб-артиб олди. Кейин Славанинг рақсини такрорлади: “Онай-на-най-нам, онай-на-нам…”
Қўлларимиз бир-биримизнинг елкамизда, роса сакраб-сакраб ўйнадик…
Йигирманчи августда Тошкентга келдик. Ўн кундан кейин ўқишлар бошланди.
Ёш домламиз Лазиз Қаюмов менинг кўксимдаги нишончани кўриб:
– Ўҳ-ҳў, қутлуғ бўлсин, альпинист бўлиб кетибсиз-да! Шу нишончани тақиш учун украинча жужун кўйлакни ҳам тешибсиз… – деди сал аскиянамо кулиб. – Ўқишлар нима бўлади энди?
– Ўқишлар ҳам шундай бўлади. Альпинистлик ҳам… Келаси йил ёзда “иккинчи босқич”, ундан кейинги йили “учинчи босқич”, кейинги йиллар бир-икки норматив талабларни бажариб, университетни имтиёзли диплом билан битирган йилимиз альпинизмдан спорт устаси ҳам бўламиз.
– Яхши, яхши, орзуларингиз ушалсин, – деди домламиз.
Аммо биз, тўрт оғайни чучварани хом санаган эканмиз, келаси йил ҳам, ундан кейин ҳам альплагерь йўлланмаларини ололмадик. Альпинистик йўлланмалар маҳаллий аҳоли вакиллари учун чекланган экан. Бу ер Ўзбекистон бўлса, нега энди йўлланмалар биз учун чекланган? Ўша лагерга борган юз кишининг тўқсон нафари ўзбекистонлик бўлиши керак эмасмиди, деб сўрагим келди ўшанда кимдандир. Ким бўлишидан қатъи назар…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 3-сон