Матлуба Юсуф Охун. Энтикиш (ҳикоя)

– Турғуной, ҳой Турғуной….

Кўзлари юмуқ ҳолда ётган момо бу таниш овоздан чўчиб кетди. Бемажоллигини ҳам унутиб, кўзларини катта-катта очди-да, атрофга аланглади.

– Буви, бувижон…

Момонинг ёнида ўтирган Асқад ака онасининг алаҳсираётганини тушунди. Шу боис овоз чиқармасдан ўз ҳолига қўйди.

Момо шунча қараса ҳам ҳеч кимни тополмади ва яна кўзларини юмди. У беш-олти яшарлигида димоғига ўрнашиб қолган таниш, ёқимли ҳидни туйгандек бўлди. У пайтда бунинг нима эканини билмаганди, кейинроқ, катта бўлганида қалампирмунчоқ аралаш хушбўй ҳид эканини англаган эди.

– Аяжон, – момонинг овози энтикиб чиқди.

Хира нигоҳлари орасидан узун чанг йўлни кўрди. Унда бир эркак, бир хотин ва қизча кетиб бормоқда. Қиз ялангоёқ. Тупроқнинг иссиқлигидан ирғиб-ирғиб тушади. Аёлнинг юзи берк, бошига қора рўмол ташлаб олган. Улардан сал нари гурс-гурс қадам ташлаб кетаётган эркак аҳён-аҳёнда ортига қараб:

– Келаяпсизларми? – деб қўяди.

Турғунойнинг йиғлагиси келди.

– Ҳиқиллама, тезроқ юр!

У аёлнинг овозини биринчи марта эшитиб, дами ичига тушиб кетди. Жазирама томоғини қуритди. Чанқаб, ҳолсизланди. Бу сафар чиндан йиғлай бошлади.

– Оббо! – аёлнинг овози яна ҳам баландроқ чиқди. – Карим, буни кўтариб олинг!

Эркак қизалоқни кўтариб, орқасига опичлади. Ҳечам бунақа баландга чиқмаганди. Атроф кўзига ғалати кўринди. Беихтиёр илжайди.

– Қаранг-а, гўдак бўла туриб одамни аҳмоқ қилади.

– Бўлди қил!

Қизалоқ чанқади.

– Сув…

Аммо на эркак ва на аёл жавоб бермади. Қизалоқ қайтиб оғиз очишга журъат қилолмай, бошини эркакнинг белига қўйганича мудрай бошлади. Қанча юришганини билмади. Бир маҳал қаттиқ силкинишдан уйғониб кетди. Кўзини очиб, секин мўралади. Узоқдан пастқам уйларнинг деворлари кўринди.

– Қизим, бирпас чидасанг, сенга сув, нон беришади, – эркак уни бир силтаб яна-да баландроққа кўтарар экан, юмшоқ гапирди.

Қизалоқ тамшанди.

Озгина юрилгач, эркак уни пастга туширди. Қаршисида кичик тахта дарвоза кўринди.

– Қани кир, – эркак уни аста турткилади.

Бегонасираб остонани босмай тураверди. Шу паллада ичкаридан ёшроқ йигит югуриб чиқди:

– Хайрият-эй, Турғуной, келдингми? Бўла қол, ҳаммамиз сени кутаяпмиз!

Қизалоқ жавдираб уни олиб келган эркакка қаради.

– Боланинг қорни оч, чанқаган, аввал овқатлантирайлик.

– Улгурмай қоламиз, – йигит шундай дедию, уни кўтариб ичкарига югурди. – Илҳақ бўб кетди.

Ҳеч нарсани тушунмасдан атрофга қўрқиб қаради, аммо йиғламади. Ним қоронғи хонада аввалига ҳеч нарсани кўрмади. Кўзи ўргангач эса, одам кўплигини пайқади. Бошларига катта рўмол солган уч-тўрт аёл тўрда тўшакда ётган касалнинг ёнида йиғлаб ўтиришибди. Қизалоқни тўғри ўша беморнинг ёнига олиб боришди.

– Мана, Турсуной, келди кутганинг, – бир кампир уни қўли билан ўзига чорлагач, беморнинг юз-кўзларини силаб йиғлаб чақирди. – Келди, кўзингни оч, болам!

Бемор ожиз ингради. Оппоқ, қоқсуяк қўлларини зўрға кўтариб, унинг кичик қўлчаларини ушлашга уринди. Кучи етмади. Кампир қизалоқни беморнинг шундоқ юзига яқин олиб борди. Қорни очлигиданми ёки қўрқувданми, бурнига урилган ғалати ҳиддан энтикиб кетди. Кўзларини катта очиб беморга қаради.

– Қизим, менинг Турсунойим! – аёлнинг лабларидан учган бу сўз қизалоққа аранг етиб келди.

Атрофдаги аёлларнинг пиқиллаб йиғлагани эшитилди.

Қизалоқ чалғиди, ким йиғлаётганини кўриш учун ёнбошга ўгирилди ва шу аснода юзи беморнинг юзига ёпишди.

– Қизалоғим…

Бояги ҳид бурнига урилди.

Хона ичи яна йиғига тўлди.

Кимдир уни кўтариб олди. Ташқарига олиб чиқишди. Ерга ёзилган шолчага ўтирғизиб, олдига нон, овқат қўйишди. У теварагига ҳайрон боққанича шошиб-шошиб нон кавшай бошлади.

Дадаси билан аяси ажрашгач, ўртада у сарсон бўлиб қолганини билмасди. Аяси оғир хаста, болани эплай олмайди.

– Бувижон, тузукмисиз?

Турғуной момо аста кўзини очди.

– Бувижон, сув берайми? – биринчи ва охирги марта кўрган аясининг нигоҳига кўзи тушиб, лаб­лари ожиз сас берди.

– Қизим…

Аясининг овозини эшитди.

– Бувижон…

Хона ичи йиғига тўлди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2023 йил 31-сон