Матлуба Деҳқон қизи. Гул сўқмоқлар (эссе-қисса)

Тириклик чоғи айтолганим сўз…
Мени ҳам минг йиллар қилар ҳикоя.
Ғафур Ғулом.

 Сочилиб ётибди туйғулар,
 Кўнглимнинг боғлари паришон,
 Қай япроқ хазонга юз тутар,
 Демак, куз, олтиндан бир нишон.
 Мен сени излайман Олтин гул,
 Бир умр, бир умр изладим.
 Заррасин топсам ҳам майли, деб,
 Армоннинг ичинда бўзладим.
 Кўнглимга яқинроқ келгил, Сўз,
 Қоғозга тўкилиб, шуъла бўл,
 Зораки, зимистон ёришса,
 Зораки, уфққа очсанг йўл…
 Зораки…

 Ижод – машаққат. Заҳматли йўл. Бироқ ижод бор жойда – зафар бор. Бир яхшилик бор. Кўнгилни ёритувчи нур бор.
 Ижод – бу кўнгил меҳнати, туйғуларнинг ғунча мисол очилиши, ҳаяжонлар ҳосиласи. Дафтарларимда сочилиб ётган ушбу мавзудаги битикларни китоб ҳолига келтиришга аҳд қилдим.
 Ёзнинг қайноқ кунлари охирлаяпти ва шу дақиқаларда кичкинагина ҳовлимизга назар ташлаб яшашнинг ўзи ҳам катта ижод эканига, ер юзидаги намаики бўлса, изланишда, яратишда эканига иқрор бўлдим. Беҳилар олтин меваларини кўз-кўзлаяпти. Маккажўхорининг тишлари – тилло. Анорлар қуёшдан зувала олгандай. Узумлар донаси – гавҳар мисоли. Хурмо ғуж-ғуж меваларини пишириш учун ҳамон қуёшга ташна. Гуллар, райҳонлар-чи…Улар бағрида қанча ранг, қанча нафосат, ифор… Ер ўз тантилигини кўрсатиб, жаннатини кўз-кўзлаяпти. Буларнинг ҳаммаси ижод эмасми? Худди шундай!
 Менинг ушбу битикларим эса кўнгил, унинг ҳур сўқмоқлари, яратгани, иншо этгани – Сўз ҳақидадир.

* * *

 Сўз – илоҳий неъмат. Ҳар бир яхши Сўзнинг ўз баракоти бор. Яхши сўзлар ҳаёт ғилдирагини яхши томонга, ёмон сўзлар эса ёмон томонга айлантиради.
 “Сўз – тирик олам!”– дейди билганлар. У – кўнгилдан тўкилади. У худди оби ҳаёт мисол Меҳр чашмаларини зуҳур этади. Инсон оламини поклайди. Тафаккурга чорлайди. Яхшиликка, ёруғликка етаклайди.
 Биз, қалам аҳллари Яратганнинг ана шу улуғ мартабасига муяссар бўлдик. Қоғозларга дилимизни тўкиб, одамларга ҳадя этдик. Аслида бу йўл фақат заҳматдан, меҳнат ва машаққатдан иборат эди. Бироқ у қанчалар қийин бўлмасин, сўкмоқлари ҳур, сўзлар келаётган лаҳзалар ҳузур эди.
 Ижод ҳамиша сир-синоатлигича қолган, ҳеч ким унинг поёнига етолмаган. Ижодкор эса кўнгилни оппоқ қоғозларга битаётганига, кўчираётганига шукур қилади. Гохо сўзлар жилвасидан ўзи ҳам беҳад ҳайратланади. Негаки қалам аҳли инсон оламидаги гўзалликнинг гуллаётган онларини, туйғуларнинг гул мисоли очилаётган ранго-ранг чеҳрасини, меҳрнинг чашмадай тиниқлигини, муҳаббатнинг томчилаётган жолаларини қоғозларга битади ва бу ишга қодир бўлаётганидан ўзига сиғмайди.
 Талабалик йилларим рус ёзувчиси Константин Паустовскийнинг ижод заҳматларига бағишланган “Олтин гул” китобини ўқидим ва Сўзлар туғилаётган ондаги “тўлғоқлар” тасвирига илк бор гувоҳ бўлдим. Кейинроқ Валентин Катаевнинг “Хаёл чечаклари” китобини ўқидим. Китобнинг номи ўзи гўзал. Ижоддаги туғилишларни ёзувчи “Хаёл чечаклари” деб номлаган. Ҳақиқатан ҳам шундай… Шогирднинг ўз устози эшиги остонасидаги ички титроқларини шу китобда кўрдим. Бу титроқлар ичинда қанча ихлос, муҳаббат, адабиётга фидойилик, Сўзга эҳтиёж бор.
 Ҳар икки китоб мени кичкина сўқмоқлардан катта йўлларга интилишимга сабаб бўлди. Айниқса, табиат ошиғи Паустовскийни шундай яхши кўрдимки, унинг ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилолмаганимдан ҳамон армондаман. Худди шу ўринда айтгим келадики, қўлига қалам ушлаган ижодкор кучи етганича тилларни ўрганиши зарур. Рус тилини билган рус адабиётидан, инглиз, француз, араб, япон ва бошқа тилларни билган одам ўша халқ адабиётидан баҳраманд бўлади. Ўзига ёққан асар бўлса, таржима қилиб, бошқаларни ҳам баҳраманд қилади.
 Бир куни Сергей Есениннинг “Мактублар” тўплами қўлимга тушди. Китобни рус тилида ўқидим. Холасига, синглисига, дўстига, севгилисига ёзган мактублар эди улар… Билдимки, мактуб – муҳаббат экан. Кимгадир мактуб ёзишга чоғланган одам унга муҳаббатини, соғинчини тўкади, албатта. Инсон соғинчидаги яхшиликларнинг поёни борми-я… Есенин мактубларини шундай таржима қилгим келдики… Эплолмадим. Тилни мукаммал билмаслигим йўлларимни беркитди.
 Йиллар ўтган сайин “Олтин гул” сингари китобларни ўқишга эҳтиёжим кучайди. Негаки, асарнинг тўлғоқлари, туғилиши – ўзи бир асар. У ўша яратилган роман, қиссадан ҳам қизиқарлироқ бўлса, не ажаб. Ҳаммадан унинг тўлғоқлари қизиқ. Худди қоронғу осмон ёришиб, аста-аста юлдузлар чақнайди.
 Кўнглимда ҳамиша “Ижод сўқмоқлари” деган китоб ёзиш иштиёқи ёлқинланиб турди. Ўзим ҳам ҳазрат Навоий ҳақидаги романни Ойбек қандай тўлғоқлар билан яратганини билгим ва сабоқ олгим келади. Қани ўша асар яратилаётгандаги ёзувчи кундаликлари бўлса эди. Албатта, у кундаликлар заҳматдан, ўзини унутиб, Навоий яшаган давр тарихи орасига кириб кетган, битта қалами билан қанча мураккаб шахслар оламида яшаган ёзувчининг азобларини айтган бўларди. Балки бу кундаликлар инсонни майдаликдан, енгил-елпи қараш, яшашлардан асраб қолармиди! Қани дейман, Р. Фиш яратган “Жалоллиддин Румий” романининг яратилиши хақидаги ёзувлар бўлса!
 Мен аниқ биламанки, ушбу китобни ёзишимда “Олтин гул” китоби ва унинг муаллифи йўлчи юлдуз бўлди. Ёзувчи ўз устозлари хақида шундай самимий ёзадики, хузур қилиб ўқийсиз ва одамларни янада яхши кўрасиз. Ёзувчи ёзилажак асарларига материаллар топиш, тўплаш учун гоҳи неча ойлаб денгиз бўйларига, заводларга кетади. Гоҳи улардан ҳеч нарса чиқаролмайди.
 “Олтин гул”ни ўқийману, ёзувчининг ҳамма меҳнати ҳам Ижод бўлиб туғилмаслигини англайман. Бундай пайтда ижодкор руҳан тушкунликка тушмаслиги керак. Кўнгил тўлқинланяптими, ёзинг! Одамларга нимадир айтгингиз келяптими, ёзинг!
 Паустовский “Олтин гул” асарининг бошида ўқувчисига эслатади:
 “Бу ёзганларим узуқ-юлуқ…”
 Бироқ мен уларни маза қилиб ўқийман ва ижод сўқмоғида тентираётган руҳимга оҳангдошлик сезаман. Узуқми, юлуқми, гоҳо узунми, гоҳо қисқами… Нима бўлса ҳам ўқувчини ўзига торта олса, демак, у яхши китоб!
 Мен ушбу битикларимда ижодкор аёл меҳнати ҳам осонликча содир бўлмаслигини тортинибгина айтгим келаётгандай, азизларим. Ҳа, бу меҳнатлар кечган дамларни ҳур сўқмоқлар дегим келади. Кўзёш каби тўлиб турган, муҳаббатга қоришиб-қоришиб, кўнгилнинг, оламнинг, Ватаннинг асл рангларини қидирган қалам ҳақида, изтироблар, ихлослар, иштиёқлар ҳақида ёзгим келяпти.
 Ижод сўқмоқларида билдимки, ёзувчининг китоби чоп этилган кунлардаги қувончлари эмас, энг яхши асарини ёзаман дейди-ю, бироқ ёзолмаган армонлари кўпроққа ўхшайди. Ўша армонлари ичида ёзувчининг одамларга етиб бормаган қанча изланишлари – тўлғоқлари ҳам борлиги рост, аниқ.
 
* * *

Ҳар бир ижодкорда Кундалик бўлиши табиий. Кундалик – ижодкор учун энг яхши дастёр. Яшаётган кунимиздан бир гўзал туйғу топамизки, кундалик битамиз. Улар ойлаб, гоҳи йиллаб ғаладонларда ётса ҳам бир куни асқотади. Гоҳо янги бир асарнинг туғилишига “туртки” бўлади.
 Ўқигандим, устоз Абдулла Қаҳҳорда бир нечта ёндафтарчалар бўлган экан. Уларга нозик ибораларни, асар қаҳрамони феъл-атворини очадиган сўзларни ёзиб қўйган. Асарларида улардан фойдаланган. Шу ўринда беихтиёр Абдулла Қаҳҳор билан Саид Аҳмад ўртасидаги суҳбат ёдга тушади.
 …Дўрмон ижод уйида Саид Аҳмад “Уфқ”романини ёзиб, тугатаётган кунларда Абдулла Қаҳҳорга рўбарў келибди. Салом-аликдан кейин:
– Ҳа,нима гап? – сўроқлабди Абдулла Қаҳҳор.
 – Ўғлини отиб қўйди, – дебди Саид Аҳмад асар қаҳрамони Икромжон ҳақида гапириб.
 – Йўғ-ей! – Абдулла Қаҳҳор бир сўз билан бу ишни шундай қаттиқ инкор этибдики… ва:
 – Ўзбек ўз боласини ҳеч қачон отмайди. Бу – ўзбекка хос иш эмас, –дейди. Ҳозир ўйласам ўшанда устоз, Абдулла Қаҳҳор ўзбекни, унинг табиати, руҳиятини яхши билган, бутун миллатимиз қалбини назарда тутган экан.
 Бўлмаса, ялпи урушдан қочган, Ватан ҳимоясига елка тутолмаган фарзандидан ғазабланган, нафратланган ота қандай йўл тутиши мумкин?
 Саид Аҳмад узоқ ўйлади. Ўша ота сиймоси, нафрати, ғазаблари ичида тўлғонди ва миллат руҳи акс-садосини бергувчи сўзларни топди. Яъни, ота ўғлига қарата нафрат билан ўқ узди. Ҳа, ўша отилган ўқ – отанинг нафрати эди. Бироқ бу ўқ нишонга тегмаслигини оталик туйғуси боис жон-дили билан истади. Ёзувчи ўз асарига худди шу ўринда янгитдан икки сўзни киритди:
 – Хайрият, тегмабди…
 Бу сўзлар аксу садосида Икромжон қалби, кўнгли, аламлари, армонлари ўзбек миллатининг дарди бўлиб бўй кўрсатди. Бу икки сўз ўзбекнинг қанча оғриқларини ўзига жо айлади. Унда бутун бир миллат қалбига хос Ранг топилди. Ва худди шу ўринда баъзи яланғоч туйғулар ҳақидаги асарлар наҳот бизнинг, яъни ўзбекнинг сиймоси бўлса-я, деб ўйлаб қолади киши.
 Бир кун шундай китоб қўлимга тушди. Китоб бир прокурор хотираларига асосланиб ёзилган эди. Унда атрофимизда ва қаерлардадир содир бўлган жиноятлар, фожиалар қаламга олинган эди. Шу китобни ўқидиму, мен учун гўзал ва жаннатмисол ҳаёт жирканчли олам бўлиб, кўз ўнгимдан кетмай қолди. Эшикка хавотир билан, ҳар битта одамга ҳадик ва ишончсизлик билан қарай бошладим. Ҳатто ўзимдан-ўзим зерикдим. Ҳеч ким билан гаплашишни истамасдим. Китобдаги воқеалар ишонарли тасвирланган. Бирдан ўйлаб қолдим, ҳар бир саргузашт, фожиа нечоғли табиий ва рост тасвирланмасин, у кўнглимизда бир чечак очдирмас экан, ўша китоб, яъни инсон руҳини поклагувчи китобига келган лаҳза, тасвир, туйғу, Сўз бўла олмас экан. У– разолат, қабиҳлик, инсон оламини таҳқирлайдиган жирканч воқеалар… холос. Бошқа ҳеч нарса эмас. Ўша воқеалардан “нимадир” топа билиш, умуминсоний хулоса чиқара олиш – ёзувчилик экани рост. Қоп-қора тунни тонг нурлари ёритади. Ўша нур – умид, ишонч, яшашга иштиёқ… Ҳар қандай воқеалар силсиласи ичинда ҳам албатта ёруғ нурлар бор. Ҳақ бор, ҳақиқат бор. Биз, яъни китобхонлар қайси бир китобни ўқир эканмиз, нурмисол чорлагувчи садога, ич-ичимиздаги тугунларни ечгувчи ечимга, кўнгил кўзларимизни “ярқ”этиб очгувчи, олдинга етакловчи шуълага интиқ бўламиз.
 
* * *

 Кунлар шундай тез ўтяптики… Салкам уч ой қўлимга қалам олмабман. Ёзолмаган кунлар ростдан ҳам алам! Ҳар куни айниқса, уч дона сўз ёзилганда ҳам, бу – ўша кунинг ёруғ изи бўлиб қоларди. Афсус.
 Ёзганингда-яхши. Кўнглингнинг тўлқинланиб, мавжланиб, ҳаётга нимадир ҳадялар этаётганини кўриб турасан. Улар қоғозларда кўринади. Ва бир куни одамларга етиб борса, албатта, уларга чўғ бўлиб, тафт беради. Ижод сўқмоқлари, заҳматлари ҳақида ёзишимдан мақсад, билдимки, одамларда китобни севишга рағбат уйғотиш экан. Ўтган кунлар давомида тарихчи Нодирбек Абдулаҳадов билан Толибжон Ғозиевлар муаллифлигидаги “Шоҳимардон” китобини ўқидим. Бу китоб қатларида тарих ҳам бор, биз билмаган ҳақиқатлар ҳам бор. Ривоятлар, ғайб сир-синоатлари ҳам бор. китобни ўқиб чиққач, албатта, муаллифларига раҳматлар айтасиз. Негаки, бу китоб тарих саҳифаларини титкилаб, қанча қоғоз-ҳужжатларга кўзлар нурини тўкиб, топилган манбалар ва муаллифларнинг кўнгил чиғириқларидан ўтган изҳорлари эди. Халқимиз тилида ҳамиша ардоқланган тарихий шахс –Ҳазрат Али ҳақидаги ҳужжатли асар эди. Агар шу китобни ўқимасам, унинг қатидагиларни англашимга, уларни излаб топишимга умрим етмаган бўларди.
 Ҳазрати Шоҳимардон пирим… Уларни ўйласам, ҳайратдан, ҳаяжондан кўзларимга ёшлар тўлиб, қалқиб келади. Қарангки, биз қаерда турган бўлсак ҳам:
 “Ё шери даргоҳ пирим!” –дея у кишини чорласак, биз томонга шошиб, етиб келар экан. Инсонларга ёрдам бериш мақомини ўзлари Аллоҳдан тилаб олгани ҳақидаги воқеалар алоҳида таъкидланади. Одамлар Ҳазрат Али номини тинмай ардоқлашларининг боиси ҳам шудир. Китобни ўқийману, нега шу азиз боболаримиздан ибрат олмаймиз, дея ўзимга савол бераман.Тирик бўла туриб, қўлимиздан келса ҳам гоҳи ёрдам бергимиз келмайди. Назаримда ҳаммаёқ ҳисоб-китобга ўхшайди. Ҳатто оналар ва болалар, оталар ва фарзандлар ўртасида ҳам ҳисоб-китоб! Моддиятни ҳисоб-китоб қилиш ўринлидир. Кўнгил оламимизга Аллоҳ берган Меҳр булоғимиздан ҳеч бўлмаса ширин лутфлар, баракотли сўзларни ҳисобсиз ҳадя этсак, савоб устига савоб бўлади-ку, деб ўйлайман. Ўшанда инсонлар бир-биримизга меҳрибонроқ бўламиз. Ўшанда Она бечоралар, кексайган оталар фарзандлари йўлида нигорон ўтирмаган бўларди.
 “Китоб ўқиган одамдан ёмонлик чиқмайди” деган гап улуғлар тилида тез-тез такрорланади. Бу рост! Китоб кўтарган одам бировга мушт кўтарадими? Ўғирлик қиладими? Пасткашликка борадими? Асло! Унинг қалбида адабиёт, яъни адаб-одоб бор.У– илм эгаси.
 “Шоҳимардон”китобидаги Ҳазрат Али ҳикматларида ҳам шундай фикрларни ўқидим.
 “Одамлар икки тоифадирлар: илмлилар ва эшитиб, ёдда сақловчилар, қолганлар эса фойдаси йўқ, бетайин одамлардир.
 Илм-фан юксак тараққий этган ҳозирги кунда халқимиз тилидаги, дилидаги “Бешикдан то қабргача илм ўрганиш инсонга зарурат, фазилат” деган гаплар ўз ҳақиқатилиги исботланмоқда. Бугун бир кун илмсиз яшаб бўлмайди. Агар биз шундай яшамасак, қалбан қашшоқлашиб, руҳимиз ожизланиб қолиши аниқ.
 
* * *    
             
 Устоз Йўлдош Сулаймон айтардилар:
 “Ёзаётган одам ўзини бемалол қўйиши керак. Сўзлар қуйилиб келяптими, ёзаверинг! Кейин уни қисқартириш,таҳрир қилиш осон.
 Ижод жараёнлари… Астойдил қарасангиз жуда оғир. Ижодкор интилиб-интилиб, олдинга қадам босмаса, қаламини қитирлатмаса, ҳеч нарсага эришолмайди.
 Ўзбекистон халқ шоири Мақсуд Шайхзода вафотларидан икки йилча олдин Фарғонага келдилар. Вилоят газетаси таҳририятида у киши билан учрашув бўлди.
 – Ёзаётганда тўхтамай ёзишга ҳаракат қилинг, – дедилар устоз. – Ёзиб бўлгач, ёзганларингизни ўн беш кун ғаладонга ташлаб қўйинг. Кейин олиб, уни ўқийдиган ўқувчи кўзи билан ўқинг. Ёзганларингиз ўзингизга таъсир қилдими? Таъсир қилган бўлса, демак, яхши ижод бўлибди. Янги асар туғилибди!
 Агар у Сизни зериктирса, ўқигингиз келмай, ташлаб қўйсангиз, қаерларидир эзмаликка ўхшаса, демак, бу асар эмас. Ё ундан воз кечинг ёки устида қаттиқ ишланг, тер тўкинг!..
 Бу ўгитлар бизга бир умрлик сабоқ бўлди.
 Констанин Паустовский ижодни олтин зарралардан яралган Олтин гулга ўхшатади. “Бу олтин гул қайси хонадонда бўлса, оилага омад, бахт олиб келар эмиш…” –деб таърифлайди. Ҳа, чиндан ҳам ижод – олтин гул! У ижодкорнинг тилло туйғуларидан сачраган ҳислар, ҳаяжонлар, ҳайратлар, чўғлар, оловлар ҳосиласи бўлиб туғилади. Ҳатто,энг ёмон шеърда ҳам ҳис бор. (?)
 Шуниси қувончлики, одамлар ўз шоирига, ёзувчисига ишонади. Ҳамиша элига, юртига, одамларга, адолатга, ҳақиқатга қайишадиган, вақти келса, ҳимоя қиладиган, ижоди билан оғриқли дилларга малҳам қўядиган қалам аҳлига худди ўзига ишонгандек ишонади.
 Ёмон одамлар, ёлғончилар, ғийбатчилар, ўғрилар, хиёнаткорлар, сотқинлар, ватанфурушлар, порахўрлар ҳеч қачон тўрт мисра шеър ёза олмайдилар. Чунки уларнинг қалблари хаста, кинга тўла.
 Ижодкор қалби аввало Меҳр билан тўла бўлади. У – меҳрибон, илинчоқ, куюнчак… Унинг ана шу туйғулари кўнглидан тошганида,қоғозларга тўкиб, одамларга улашади.
 
* * *

Одамларнинг ўзидан олиб,    
Одамларга бермоқдир ишим.
 Эркин Воҳидов.

 Бугун психиатр-терапевт ҳикоясини эшитиб, яна Сўзга қуллуқ қилдим. Иқрор бўлдимки, бу тоифа шифокорлар ўз беморларини игна билан ёки аччиқ дорилар билан эмас, Сўз билан, Сўз сеҳри билан даволаяпти.
 “Психотерапея муолажаси ҳар куни ҳар бир беморга ярим соатдан олиб борилади, – дейди шифокор. – Бизнинг шифо қуролимиз ҳам Сўз! Беморнинг дағаллашган, тошдек қотиб, саҳрога айланиб қолган кўнглини Сўз билан юмшатамиз. Унда гул ундиришга, чечаклар очдиришга уринамиз. Бир аёл бемор келди. Беш кун муолажа олиб бордим. Суриштирсам, умуман, китоб ўқимаган эка. Газета-журнал ҳақида бирор тасаввурга ҳам эга эмас. Шундай замонда! Оилада бирга яшайдиган ҳамхоналаридан бирортаси ҳақида ижобий фикри йўқ. Ҳатто ўз фарзандларидан ҳам норози…
 Ахир, бу – дўзахда яшаш дегани эмасми? Беморимга вазифа бердим. Сиз ҳаётнинг ширинлигини, гўзаллигини ҳис этишингиз учун аввало ўз атрофингиздаги одамларнинг яхши фазилатларини кўра билишингиз керак.Сиз уларни излаб топинг.Ахтаринг. Биринчи, қайнонангизнинг яхши томонларини, кейин турмуш ўртоғингиздаги ижобий хислатларни топиб, ёзиб келинг. Биргалашиб ўқиймиз, – дедим.
 – Вой, улар шунақа ёмон одамларки… – беморим қайсарлик билан терс жавоб берди.
 – Ахир, Сиз улар билан бирга яшаяпсиз, бир дастурхонда ўтирибсиз. Битта қозондан овқат еяпсиз. Ахир, эрингиз топиб-тутиб келаётгандир?
 –Топиб келади. Чор ҳунари бор уста. Фақат қилдан қийиқ ахтаради, тажанг.
 – Негаки, Сиз ўша эрингизга фақат ёмон кўз билан қараяпсиз. Сиз уни ҳурматлаб, иззатини жойига қўйиб, муомала қилмаяпсиз. Қайнонангизга ҳам шундай муносабатда бўлсангиз керак.
 Беморим индамади. Орадан кунлар ўтди. Ҳузуримга бемор аёл келганда, рости, ҳафсалам анча пир бўлди. Эмишки, улардан бирорта ҳам яхши фазилат тополмабди.
 Мен ўша аёл қалбида гул ундирмоқчи эдим. Кўнглида гул очилиб турган одам атрофидагиларга ҳам гулдай ифорини сочиб қарайди. Рўпарасидаги тажанг, ғазаби қайнаб турган одамни ҳам мулойимроқ бўлишга чақиргандай табассум улашади. Шундай эмасми?
 Тақир, саҳро кўнгилда гул очдириш осон эмас. Шундай бўлса-да,ҳар биримиз англаб етишимиз керакки,гул бўлмоққа уринсак, ёнгинамиздаги асабийликлар чекинади.Бир назар солинг-а, гуллар бир-бирларига кулиб қарайдилар. Гўё улар жаннат бўлиб яшайдилар. Яхши,иноқ, аҳил бўлиб яшаш, назаримда, ҳар биримизнинг ўз қўлимизда…
 Психотерепевтнинг куюнишлари ўринли. Унинг орзулари ҳам инсон кўнгли ҳақида.Тўғрими? Бошқалар ҳақида яхши сўзлар айта олсак, ҳаёт кўзимизга янада гўзал кўринади. Ана шундай, яъни одамлардан фазилатлар топа оладиган, яхши сўзлари, гўзал фикрлари билан руҳиятимизни безатадиган инсонлар бўлғуси, ёзилажак асарлар қаҳрамонлари бўлишга ҳақлидирлар. Негаки, улар яхшилик яратувчилар ва ёмонлик билан курашувчилардир.
 
* * *

 Қарангки, бугун ёшим олтмиш тўртга қадам босди. Ҳали чиқишни кўзлаган чўққиларим кўп. Шундай бўлса-да, гоҳи энди ҳеч нарсага кучи етмайдиган, заиф одамдай ўтириб қоламан. Гоҳи интилиб, изланиб, чумолига ўхшаб, гоҳи игна билан қудуқ қазиётгандай олдинга талпинаман.”Кўнгил малҳами” шеърий тўплами ҳам шу тариқа дунёга келди.
 …2007 йил 15 июнь. Шом ва хуфтон орасида умр йўлдошим, шоир Абдували Ортиқов Водил йўлидаги юрак хасталиклари шифохонасида омонатини топширди. Инсон Аллоҳ йўлига ҳозирлик кўриб, ҳамиша шай туриши керак экан. Ўлим қош билан қовоқнинг ўртасида дейишса-да, одамзот яшагиси келади. Докторлар умр йўлдошимни “Оғир, оғир!”– дейишса-да, умидларим катта эди. Негаки, унинг шоир кўзлари сўнгги дақиқагача чақнаб турди. Ранглари ҳам, ҳатто овози ҳам бинойидек эди. Эркинтой ўғлимизга:
 – Эртага қалам, дафтарларимни олиб келгин, мен энди шеърлар ёзаман, –деб тайинлаган одам, икки соат ўтмай, ёруғ дунёни тарк этди. Юрак иши шунақа тез экан…
 Ўша воқеадан кейин узоқ вақт бетоб одамга ўхшаб юрдим. Кўнгил сўраб Андижоннинг Марҳаматидан курсдош дугонам Маҳбуба келди. У мени юпатиб:
 – Энди Абдувалини ўлиб қолди, деб йиғлаб ўтиравермагин, – деди ҳам малҳам бўлгувчи, ҳам ҳушёрликка чорловчи товуш билан. – Ўзимиз ҳам нечага чиқдик? Ўйлаб кўр! Ундан кўра Абдували улгурмаган ишларни сен қилгин. Нимагадир улгуриш керак… –деди.
 Бу сўзлар хиёл ўзимга келтирди. Оҳиста умр йўлдошим дафтарларида қолган шеърларни топиб, компьютерга кўчиришга киришдим. Бу иш тез бўлмади. Жуда секинлик билан борди. Бироқ қимирлаган жон ростдан ҳам қир ошар экан. 2010 йилнинг март ойида Ўзбекистон халқ шоири, куюнчак, ҳеч бир инсонни эътиборсиз қолдирмайдиган устоз опамиз Ойдин Ҳожиева турмуш ўртоқлари, адабиётшунос олим, ўзбек адабиётининг зукко тарозубони, устозимиз Иброҳим Ғафуров билан Чимёнга даволанишга келдилар. Чимёнлик курсдош дугонам Муборакхон билан бу азиз инсонларнинг дийдорига ошиқиб бордик. Ҳол-аҳвол сўрашгач, Ойдин опамиз:
 – Матлуба, нега китоб чиқармаяпсиз? – деб сўраб қолдилар.
 –Ҳозир шунақа ниятда юрибман. Турмуш ўртоғимнинг шеърларини тўплаяпман. Унга ўзимникидан ҳам қўшмоқчиман. Бир оилада яшаган икки ижодкорнинг китобини тайёрлаяпман, – дедим.
 –Яхши, ундай бўлса, бирорта устозга сўзбоши ёздиринг…
 Ўйланиб қолдим.”Кимга айтаман.Кимга бориб илтимос қиламан?..”
 – Ойдин опа,ўзингиз… – ниятимни охиригача айтишга тортиндим.
 – Майли, кўриб бераман, – дедилар Ойдин опа.
 Хайрлашдик. Ўша кундан бошлаб, ярим йўлларда қолиб кетган ишларимни давом эттиришга киришдим. Қўлёзмани Тошкентга – Ойдин опага жўнатдим.
 Орадан бирор ой ўтиб, июль ойи бошларида қўнғироқ қилдим.
 – Келаверинг,ўқиб чиққанман. Имло хатолари ҳам жуда кўп экан, тузатиб чиқдим. Сўзбошини ёзиб қўяман, – дедилар.
 Устозлар устоз экан-да! Мен шоша-пиша жўнатган, компьютердан чиққан нусхани Ойдин опа ҳижжалаб, имло хатоларини биттама-битта тузатиб чиқибдилар.
 2010 йил, айни саратон…Тошкент қайнаб, жақиллаб ётибди. Соат ўн бирларда “Саодат” журнали таҳририятига, Ойдин опа ҳузурига кириб бордим. Омонлашиб, Ойдин опа сўзбошини қўлимга бердилар. Оппоқ варақдаги сўзларни тик турганча, ўқий бошладим. “Бир дуторнинг икки тори”. Сарлавҳаси шундай эди. Ўқиганим сайин кўзларимдан ёшлар қуйила бошлади. Айниқса,умрдошим, шоир Абдували Ортиқов ҳақидаги сўзлар менга кўпроқ таъсир этган эди. Негаки, у шоир ўта камтар, шеърини ҳеч қачон кўтариб, таҳририятларга бормайдиган, фақат давралардагина ўқишни хуш кўрадиган инсон эди. Ўзи ҳақидаги бу қайноқ сўзларни эшитганда, қандай ҳолатга тушарди-я! Яна тинмай шеърлар ёзган бўларди. Шеърларини кўпинча тун ва тонг орасида ёзарди. “Сўфидан олдин уйғондим, азон айтиб бўлдим шеърим қулоқчасига”, дер, шунда мамнуният чеҳрасида барқ уриб турарди.
 Ойдин опа кўзёшларимни кўриб:
 – Манави ерга ўтириб, бемалол йиғлайверинг, – дедилар бағрикенглик билан.
 Қаранг, дунёда қандай саховатли одамлар бор-а! Меҳри билан сени дарё қилиб қўйишади ва бемалол оқишингга изн беришади…
 Шоир Абдували Ортиқов доим “Сабр – қоя” номи билан китоб чиқаришни орзу қилиб юрардилар. Ўйласам, умри давомида суянчиғи –фақат Сабр бўлган экан, деган хулосага келдим. Албатта, бу ниятдан бехабар Ойдин опамиз китоб сарлавҳасини ўзгартириб, ”Кўнгил малҳами” бўлса-чи…” деб ёзиб қўйибдилар. Менга маъқул келди. Зора, кўнгил дардларига малҳам бўлса, деган ният ила китобни шу ном билан атадик.
 Аслида ижод сўқмоқлари – менинг ҳаёт сўқмоқларим экан. Мен бу сўқмоқлардан ҳамиша яхшилик, эзгуликлар излабман. Излаб- излаб, уларни топибман. Мактабда, талабалик даври нималарнидир ёзардим. Рости, ўшанда ҳам ёмонликлар билан ишим бўлмасди. Курсдош дугоналаримнинг фақат яхши фазилатларини кўрардим. Мана, орадан салкам эллик йилларча вақт ўтди. Мен уларни ҳамон ўша даврдагидай яхши кўраман. Билдимки,”яхши кўриш”,”севиш” болалигимдан бугунгача ҳамроҳим ва бу жонбахш туйғулар-менинг Илҳом булоқларим бўлиб қолдилар.
 Болалигимизда, Файзиободда, кун қайтгандан сўнг уч-тўртта қизлар далага ўт юлгани борардик.Ўшанда, ҳамма кўпроқ ўт юлишга уринса, мен қизариб, ётоғига йўл олган қуёшни томоша қилардим. Қуёш ботгач, шом кириши олдидан уфқда қолган чўғлар кўзларимни ловуллатарди. Уларга тўймай тикилардим.
 Билдимки, болаликдаги хотиралар инсон ҳаётидаги, умри сўнгигача йўлдош бўладиган лаҳзалар, онги шуурига ўчмас бўлиб муҳрланган хотиралар экан.Улар қанчалар гўзал, ширин бўлса,инсон умри давомида улардан куч-қувват, юксак руҳ олади. Бу – асрлар давомида ҳаётда ўз исботини топган ҳақиқат!..Биз бу ҳақикатни тез-тез соғинамиз,эслаймиз. Гоҳи жуда-жуда хумори тутади.Унга интиламиз. Унга суянамиз. Ва ўз умримизни ўша хотиралар асосида безатишга тинмай уринамиз.
 Аксинча бўлса-чи… Туғилган гўдак то эсини таниб, ота-онасининг жанжал-тўполонларини қанчалик кўп кўрса, турткилашларга гирифтор бўлса, эркаланиш, руҳий юксакликларга етакланишларни ҳис этмаса…У қўрқоқ ё жанжалкаш-жангари, тафаккури қолоқ, инсонийлик фазилатлари ожиз бўлиб, ҳеч кимга нафи тегмайдиган худбин бўлиб қолиши тайин.
 Исмини айтгим келмаяпти. Ёшим элликдан ўтганда, бир аёл билан танишдим. У ўзини жуда ҳақиқатпарвар деб билади. Ҳаммани ўзича таҳлил этади. Одамлар устидан арз қилиб, шикоятномалар ёзиб, юқори идораларга жўнатади. Ростини айтганда, ўзидаги катта биоқувватни фақат ёмонликка сарфлайди. Чиндан ҳам унда куч бор. Чарчамайди. Кечалари телефонни бўшатмайди. Қўнғироқ қилишнинг турли “усуллар”идан фойдаланади. Мен унга жуда ачиндим.Уни яхши йўлга, яхши ишларга бошламоқчи бўлдим.Чин дилдан, дўстона ҳаракат қилдим. Афсуски, ҳеч наф чиқмади.
 Бир куни суҳбатлашиб ўтириб, сўрадим:
 – Қаердан шунақа “курашчан” бўлгансиз?
 У саволимга жавобан шундай дея кетди:
 – Ёшлигимдан. Биз оилада тўққизта бола эдик. Мен учинчи фарзанд эдим.Дадам менга ўз суюклисининг исмини қўйган экан. Бундан туққан онам озорланиб, менга худди кундошига қарагандай қарарди. Ва заррача оналик меҳрини бермади. Мен буни тушуниб етганимдан кейин, оз-моз англай бошлаганимдан кейин, алам устида акаларим-укаларим билан олишардим. Қилдан қийиқ излардим. Тирноқ остидан кир ахтарардим. Гоҳо ваҳшийга айлангандай, кучга кириб кетардим. Мен Меҳрга тўймаган эдим. Она меҳрини тотмаган одам, бошқалар меҳрини ҳам қаҳр деб билар экан. Гўё уларнинг менга раҳми келаётгандай, ҳаммадан нафратланардим ва ҳамма билан “ жанг”га киришардим. Ҳар куни уйимизда қиёмат, ур-сур,тўполон…
 Қарангки,инсонлар,туйғуларнинг кучини, қудратини қаранг… Кўнгил нозиклигини қаранг… Отанинг бошқалар билан ақлан, қалбан, руҳан ҳисоблашмай тутган йўли, ўз суюклиси исмини қизига қўйгани… яхшиликка олиб бормади.Тўққиз фарзандни туққан аёл эрига суюкли бўлолмай оламдан ўтди. Аламзада қизининг тақдири болалигидан синди, ҳаёти беҳуда “ур-сур”ларга бағишланди.Туғишганлар бегонадай бўлди.
 Эй, қилдан-да нозик инсон кўнгли! Сени англамоқ, сени гуллатмоқ учун гулдек нафис туйғулар керак! Бу гўзал туйғуларни эса адабиёт, ўша дил мулкидан яралган асл ҳаётбахш, бадиий асарлар парвариш этади.
 Яратган Аллоҳ бизга шундай меҳри бепоён кўнгилни ва унга ҳамроҳ этиб, ишқни, ишқи илоҳийни яратибди. Биз ана шу оламларни англасак,уларни авайлашга етиб борсак, ажаб эмас, комилликка етсак…
 Англадимки, болаларни, уларнинг беғубор болалик хотираларини гулзорлар, шовуллаган боғлар таровати сари етакловчи туйғулар билан файзиёб этишимиз керак ва бу ниҳоятда зарур. Ўшанда улардан баҳра олган умрларга, албатта, эзгуликлар эш бўлади.
 
* * *

 2011 йилнинг бутун ёз бўйи ҳеч қандай ижодий иш қилолмадим. Гўёки қалам билан қоғозни унутдим.Фақат “Кўнгил малҳами” китобини интизорлик билан кутдим. Ниҳоят интиқиб кутилган китоб август ойида уйимизга кириб келди. Уни ропа-роса саккиз ой кутдик. Бугунга келиб, икки-уч ойда, ҳатто ўн кунда ҳам китоблар чоп этиляпти.
 – Майли, нима бўлса ҳам Моҳи Рамазонда етиб келди-ку, қадами қутлуғ бўлсин, баракотли бўлсин, – дея тилак қилдик.
 Мана,сентябрь ойининг ярмидан ўтиб, тинмай ёзгим келяпти. Қиладиган ишлар шундай кўпки… уларга умрим етармикин, деб ўйлаб қоламан.
 “Ҳикоя ва қатралардан иборат китоб тайёрлайман”, деган мақсадда компьютерда “Наср” китобини бошлаб қўйганман. “Сунбула” қиссамни бутунлай бошқатдан ёзиш ниятим бор. “Муҳаббат фасли”нинг иккинчи китобини ёзаман, деб бир нечта тўқимачилик корхоналари билан қўнғироқлашганман.
 Айни пайтда Фарғонада Корея, Туркия давлатлари тўқимачилари билан ҳамкорликдаги қатор қўшма корхоналар ишлаб турибди. Шукурки, мустақиллигимиз даврида тўқимачилик беҳад ривожланди. “Муҳаббат фасли” асарининг ҳам орзуси шу эди! Мен бу орада орзуимга етдим. Асарим қаҳрамонларининг ниятлари, армонлари ушалди. Уларнинг бирдан-бир кўзлаган чўққилари – бугунгидай янги дастгоҳлар, малакали ишчилар,мутахассислар ва яхши шароитлар эди.
 Ҳаётда шундай бир воқеаларга гувоҳ бўлдимки, инсоннинг тўғри йўлга тушиб олиши гоҳи ниҳоятда оғир кечади. Инсон ана шу йўлни тополмай, баъзан ҳаётдан омадсиз, ёмонотлиқ бўлиб ўтиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Инсонни ёруғ йўлларга бошловчи – бу юракдан айтилган Сўз! Энди, китобларда, албатта, юрак тафти бўлади. У кимнидир поклайди, туйғуларини янгилайди, балки ҳаётида янги сўқмоқлар очади. Мен ёшларга тез-тез айтаман:
 – Таржима асарларни ҳам ҳеч иккиланмай ўқинг! Бу китоблардан албатта нимадир топасиз. Агар таржимон кўнглини ўша асар тебратмаганда, завқ-шавқ бағишламаганида, у бу китобни қийналиб, бошқа тилга ўгирармиди!
 Таржимонлик, назаримда, ёзувчиликдан ҳам қийинроқ юмуш. Ёзувчи кўнглидан оқиб келаётганини ёзади. Таржимон эса ҳар бир сўз, муаллий услубини сақлаш йўлида заҳмат чекади, гўёки, у яшаган ҳаётда яшайди. Икки тил ўртасида заҳмат чекади.
 Юкорида айтганимдай, Сергей Есенин мактубларини ўқиб, инсоннинг инсонга бўлган чексиз меҳрини янада теранроқ туйдим. Ана ўша мактубларда битилган, инсон қалбидаги гўзал соғинч туйғулари менинг кўнглимда ҳам чексиз, бисёрлигини англаб етишимга астойдил кўмаклашди. Кейин мактублар ёзишга киришиб кетдим.
 Қадрли устозим Йўлдош Сулаймон Тошкентга ишга кетгач, 1996 йилдан токи 2001 йилда Фарғонага қайтгунларича тез-тез “Устозга мактублар” ёздим. Устознинг шогирдларига меҳри бошқача эди. Ўхшаши йўқ эди.Таърифи йўқ эди.
 “Устозга мактублар”ни китоб ҳолда чоп эттирмоқчи эдим. Уни тайёрлаган ҳам эдим. Кўнглимга энг яқин битикларимдан деб билгандим. Гўё уларни мен ёзмаган эдим. Кўнглим ёзган эди. Бу қўлёзма битикларим ҳақида ўқиб кўрганлар ҳар хил фикр билдирдилар. Кимдир унга аёлнинг бегона эркакка ёзилган мактублари деб қаради. Мен эсам… юрагимда шундай бир туйғулар уммонини кашф этган устозга, ким нима деса дея қолсин, дея қўл силтадим. Аслида бу мактублар устозимга аталган чексиз-чегарасиз изҳорим эди. Ўша мактубларда мен нимани “кўрган”, “топган” бўлсам, унинг кашфиётчиси – устоз эди! Дунёда шунақа ҳам бўларкан-да! Кимнингдир кўнгил чаманини кимдир яратаркан!
 Бу мактубларни китоб қилиш ниятида компьютердан чиқариб, умр йўлдошим Абдували Ортиқовга ўқиттирдим. У киши ҳафсала билан синчиклаб ўқидилар.
 – Китоб қилсам бўладими?
 – Бўлади. Чиқараверинг, – дедилар.
 Умрдошимнинг бу сўзи мен учун катта инъом эди. У шоир эди. Балки шунинг учун ҳам мени тушунди. Қалбимга кириб келган бошқача, янги бир туйғуларга, ўзгача бир оламга мен айбдор эмаслигимни, уларни кўз-кўзлаш учун ёзмаганимни, балки инсоннинг моддий ҳаётида эмас, балки ботиний ички оламида турли, ўзи кутмаган ҳодисотлар рўй беришини, тўкилган туйғуларимда фақат инсон қалбини англашга уриниш борлигини, мен ўз қалбимни ўзим тадқиқ этиб, не-не заҳматларни, балки маломатларни елкалаганимни англаб тургандай эди. Шу лаҳзада мен умрдошимни фақат бир хонада яшайдиган соҳибим, фарзандларимнинг отасигина эмас, мени қайсидир маънода англаб, қалбимни ойнада кўргандай кўриб турган ва уни суяшга уринаётган инсон, дўстим, деб билдим.
 Сергей Есенин мактубларини ўқиш ижодимда янги сўқмоқ очди.Бу сўқмоқда мен ўз қалбимни кўрдим. “Устозга мактублар”ни ёзаётганимда кўнглимнинг чўққиларида, Меҳр деган дунёнинг чаманларида яшадим. Ўша чаманларни кўнглим қоғозга тўкилган сари кўра бошладим.
 Ҳали-ҳали ўша оламга мафтунман. Ўзинг ишонган, сени эъзозлаб турган, қайсидир хатоларингни кечириб турган, ҳаяжонли лаҳзалар ҳадя этиб турган дунё эди – у дунё! Ўша дунёни энди фақат ўша “Устозга мактублар”дангина топиш мумкин, холос. Ўша дунё ўша асар қатигагина муҳрланган. Бунақа дунёни энди ҳеч ким кўнглимда яратолмайди. Қаранг, азизлар, инсон кўнгли нақадар бепоён!
 Ушбу саҳифаларни битаётганда, тўйиб-тўйиб йиғладим. Бунақа ҳам армон, ҳам алам, ҳам ҳузур билан ҳеч ким йиғлолмайди. Фақат кўнгилгина шундай йиғлаши мумкин.
 
* * *

 “Кўнгил малҳами” китобимизни мухлисларга етказиш ниятида шифокор қизим Моҳидилхон икки дона Тошлоққа олиб кетди. Икки кун ўтиб, қўнғироқ қилди:
 – Бугун эрталабки “пятиминутка”да шеърхонлик бўлди. Собиржон Каримов деган докторимиз юздан ортиқ йиғилган докторларимизга учта шеър ўқиб берди. “Биринчи муҳаббат” шеърини ўқиганда, йиғилганлар беихтиёр:
 – О, муҳаббат… – деб қўйишди.
 Бу хушхабардан масрур бўлдим. Ижод – кўнгил чўғи. Қаранг, ҳамма унга ташна. Докторларимиз ўз йиғилишларини шеър билан якунлаб, дилларини оловлантиряптилар. Демак, китоб – офтоб! Фақат уни одамларга етказадиган яхшилар,фидойилар ҳам бўлиши керак экан-да!
 Қизим:
 – “Кўнгил малҳами”дан икки юз дона олиб келинглар, тарқатамиз, – деди.
 – Яхши, – дейман қувониб, демак, биз инсонларга гўзал туйғулар ҳамроҳ, ижод ҳосилаларига ташналик кучли. Шукурки, кўнгил юксакликларига интиляпмиз. Негаки, шеър ўқияпмиз, китоб ўқияпмиз…

* * *
 
 Аёл ижодкорга осон эмас. Ҳали ёшликда илҳом келган лаҳзаларни яхши “таний”олмадик. Илҳом келганда…сўзлар қуйилиб келади. Фақат қаламнинг қитирлагани эшитилади, холос. Гўё ижодкорнинг кузатганлари, фикр оламига тўпланганлари, кўнглига “тугиб қўйганлари” дарёдек оқиб келаётганга ўхшайди. Устозлар айтишади:
 – Ижодкор кўп юриши, кўплаб воқеа-ҳодисаларни ўз кўзи билан кўриши, уларни таҳлил этиши, қалб чиғириқлардан ўтказиши, турфа хил одамларнинг минг бир қиёфа ва ҳолатлари, кайфиятлари, ниятлари, уларнинг фалсафаларини тинмай ўрганиши зарур…
 Қизиқ…гоҳо тўкилиб ёзаётганда, кимдир йўқласа ёки қаёққадир бориш зарур бўлиб қолса, фикр бўлинади, чалғийди. Қайтиб, ижод столига ўтирсангиз, қалам ҳеч олдинга юрмайди. Юрганда ҳам зўрма-зўраки юради. Илҳом елкангизда қўниб турган қуш эди. Энди у учди-кетди! Унинг яна ёнингизга келишига гоҳо ҳафталар ёки ойлар керак бўлади. Ёки ёзаётган асарингиз қолиб, бошқа бир асарни бошлаб юборасиз.
 Шунақа, ижод – ғарқ пишиб турган олма эмас экан-да. Битта саватча олиб бориб, уни узиб-узиб олсангиз. Устоз Йўлдош Сулаймон айтардилар:
 – Каттароқ насрий асар ёзаётганда, илҳомни “тутиб” олсанг яхши. Мабодо қўлдан учиб кетса, тамом, яна узоқ вақт асар воқеалари ичига киролмай, қаҳрамонлар руҳини тополмай, бир сўз ёзолмай юраверасан. Шунинг учун “Субҳидам”, ”Вафо”, ”Армон” романлар, қиссаларни ёзаётганда, кўчага чиқиб кетмаслик учун атай соқолларни олмасдим. Битта тўкин дастурхонни олдимга тузаб қўярдим. Кўнгил нимани тусаса, озгина-озгина тотиниб, ишлайверардим. Гоҳо ҳовлидан қочиб, “дом”да ишлардим. Гоҳо бошқа шаҳарларнинг меҳмонхоналарига жойлашиб олардим.Токи мени ҳеч ким тополмасин…
 Ўйлаб қоламан. Ижодга бу қадар фидойилик, бу қадар заҳмат… Ростини айтганда, бу ишлар ақл буйруғи эмас, кўнгил нидоси, кўнгил наъраси! Кўнгил-а…кўнгил-а… Жуда бепоён.
 Ижодкор умри давомида кўнглининг қайсидир тиниқ ирмоқларини, балки биттагина томчисини кашф этар. Қатрада қуёш акс этгани каби ўша нуқрада у оламга, дилларга нурафшонлик бағишласа, не ажаб. Кўнгилнинг чексизлигини ҳали қалам бита олган эмас.
 Илҳом! Бу лаҳзаларни жуда-жуда тасвирлагим, таърифлагим келади.Унинг сиймосини рассом бўлиб чизгим келади. Бу лаҳзалар шундай гўзалки, шундай тўкин, шундай маъмурки, шундай саховатлики… Кўнгил гўё тиниқ чашмага айланади. Меҳрга, муҳаббатга айланади. Унга сармаст бўлган одам бошқа икир-чикирларни унутади. Гўё илоҳиётга туташиб кетади. Оламнинг илоҳий қудратига етишиб, ундан куч олаётганини ва бу лаҳзаларни одамзотга илинаётганини ҳис этади. Ана шундай олам ичида яшаган бўлсам керак, бир кун шундай воқеа юз берган. Ўшанда “Садкак пирим”китобига арзирли “нимадир” топиш иштиёқида Садкак қишлоғидаги булоқлар бошида айланиб юрардим. Ростини айтсам, худди булоқлар менга гапираётгандай, мен уларни тинглаётгандек… Аллоҳнинг қудратига, шундай шифобахш булоқларни пойимизда яратиб қўйганига маҳлиё бўлиб юраверибман. Бу ерда одамлар сийраклашганини, кун ботганини, қоронғу тушаётганини ҳам сезмабман. Ҳушимга келиб, қайтишга чоғландим. Уйга, рости, шом шафақлари тарқаб, ҳуфтонга яқин кириб келдим. Эндигина ақл ишга тушди. Уйга ўғрига ўхшаб, чўчиб, қадам босдим. Секин дераза ёруғидан қарадим. Кенжатой ўғлим Хуршид дастурхон ёзиб, овқат тайёрлаб, дадаси атрофида парвона эди.Уларнинг олдига киролмай, беркинган одамдай бошқа хонада тонг оттирдим. Яхшики, мени Хуршиддан бошқа ҳеч ким сўроқламади, жаҳлларини сочишмади. Билдимки, ҳамхоналарим мени тушунишди. Умр йўлдошим билан эрталаб кўришдик.
     – Бормисиз, Тиллахоним,кўринмайсиз? – дея қаршилади.
 Миннатдорлигимдан кўзларимда ёш айланди. Атрофингда сени тушунадиган, сени қўллаб турадиган инсонлар бўлмаса, аёл ижодкорнинг қалами ярим йўлларда қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Шукурки, ўша мени “боғлаган” илҳомларим беиз кетмади. 2004 йилда чоп этилган, “Водий қадамжолари” рукнидаги “Садкак пирим” рисоласини китобхонлар яхши кутиб олишди.У бугунгача уч марта қайта нашр этилди.Тез-тез бу рисоламни сўроқлашади.Ўша дамларда кўнглим тоғдай кўтарилади.
 
* * *

 Бугун 2011 йилнинг 27 сентябри. Шу кунларда ўзимни Дўрмон ижод уйидагидек ҳис этиб, ёзяпман. Мазза қилиб ёзяпман. Бу ёзувлар, балки кимнингдир ғашига тегар.Бироқ мухлисларим учун қизиқарли бўлади. Бугун эрталабда китоб сотувчи Нигорахонга қўнғироқ қилдим.
 – Мунча йўқ бўлиб кетдингиз? Китобларингиз сотилиб бўлди. Душанба куни китобларингиздан олиб келинг. Пулларингизни ҳам олиб кетасиз, –деди.
 Ёзувчи учун бундан ортиқ хушхабар борми! Китобхон ўзи ихтиёрий сотиб олаётгани – энг катта бахт ва у тинмай ёзишга ундамоқда.
 Куз ўзини кўз-кўзлаб турибди. Узумлар олтиндай шиғиллаб ётибди. Бу йил роса узум бўлди-да. Хурмолар, беҳилар пишиб, анорлар қизариб ётибди. Ошқовоқларни айтмайсизми?!
 Мен ҳам умримнинг кузига етиб келгандайман. Инсон умрининг бу фасли ҳам баракотли бўлса, ажаб эмас. Ёзиш керак! Ажабмаски, дилларга туташгувчи бир чўғ қоғозга тўкилса! Ва у кимгадир тафт берса!
 
* * *

 Кеча ижодкор, ҳамфикр сингилларимдан бири, илми биздан анча юксалган Маъмурахон Абдураҳимова билан қўнғироқлашдик. У “Фарғона ҳақиқати” вилоят газетасида ишлайди. У ҳар гал менга ҳазрат Ҳувайдо ҳақида нимадир ёзиб беринг, дейди. Шу Маъмурахон Ҳувайдони мендан-да кўпроқ яхши кўрадиганга ўхшайди.
 Мен Ҳувайдони қачон топдим? Ҳувайдо номи ёшлигимизда қулоғимизга тез-тез уриларди.Касби шофёр, қалби эса шоир бўлган, шеърият шайдоси, Ҳувайдонинг ҳақиқий ошиқларидан бири, чимёнлик Акбарали тоға Мадазимов “Фарғона” нашриётида чоп этилган “Ҳувайдо қилди ишқ” ғазаллар тўпламини қўлимга бергандан сўнг, ўқиб, астойдил танидим. Ҳалолликка, комилликка етакловчи ғазаллар эди улар. Икки оламни яратган Аллоҳни танишга, унга банда бўлиб яшашга даъват этувчи нидолар эди улар…
 Ҳувайдо ҳақида нималардир ёздим. “Ғордан келаётган садолар” мақоласини ёзишимга ҳам Маъмурахон туртки берди.
 – Матлуба опа, ўша мақолангизда Ҳувайдонинг кароматлари ҳақида ҳам сўз юритгансиз. Мана, Ҳувайдонинг”Девон”и чиқди. Ғазаллари элга етиб борди. У кишининг авлиёи пир бўлганини ҳам одамларга кенгроқ етказишимиз керак. Замондан замонларга ўтиб, тилдан тилга кўчиб юрган, уч юз йиллар ўтса ҳам ҳамон авлодларни ҳайратга солаётган Ҳувайдо бобомиз ҳақидаги воқеаларни, кароматларни ҳам ёзишимиз керак… – дейди Маъмурахон.
 Маъмурахоннинг гапларини тинглаб, чўкиб ётган армонларим бош кўтаргандек бўлди. Ҳувайдо ҳақида қиссами, рисолами ёзиш дилимда бор. Бироқ бир неча саҳифалар ёзилганча, ётибди. Уч юз йил наридаги воқеаларга яқинлаша олмаяпман. У киши – тарихий шахс. Ёзиладиган асар асосан, ҳужжатларга суяниши керак…
 Ҳувайдо фақат Аллоҳ ишқида ёнган тақводор зот! Балки мен ана шу тақвога етолмаётганимдан бу юмушга киришиб кетолмаяпман чоғи… Бу улуғ бобомиз ҳақида битта ҳужжатли қисса яратилганда ҳам зўр бўларди.
 
* * *

 Яхши асар ҳеч қачон эскирмайди, деган фикрдаман. Баъзан “замонавий асар” деган гап қулоққа чалинади. Менимча, яхши асар ҳамма даврда ҳам “замонавий” бўлиб қолиши керак. Қайсики асар инсон қалбига туйғулар берса, яъни кўнгилни “суғорса”, чанглашган Дил оламини ёмғирдай поклаб, кўзларга оловлар ҳадя этса, ўша яхши, ўлмас асар! Айниқса, инсон Руҳияти ҳақида ёзилган асарлар ҳамиша янги! Ярим йилча олдин “Ёшлик” журналида “Ноябрь куйи” деган қисса ўқидим. Назаримда ўша асарнинг ҳазин ноласи, мусиқаси ҳамон қулоғимга эшитилиб, оҳиста кўнглимга кириб, жаранглаётгандай….
 Кўзимиз кўриб турган воқеаларни тасвирлаган асарларни варақлайман, холос. Ахир, бу китоб ичидаги воқеаларни мен ҳам кўрганман, гувоҳи бўлганман. Эшитганман. Аммо кўзимиз кўрмайдиган олам –кўнгил ичра содир бўлган ҳолатларни, изтиробларни, бурилишларни, Руҳнинг қоронғуликларини, қийноқларини енгиб, ўз оламининг юксакликларини топгани ва чўққилар сари интилиб бораётган лаҳзалари тасвирланган асарларни бош кўтармай ўқийман. Носиржон Жўраевнинг “Ноябрь куйи” ҳам кўнгил чиғириқларидан ўтиб ёзилган асар. Кўнгил шунақа, бировга айтолмайдиган азоблардан тез-тез ўтади ва бир кун ҳақиқатни топади.
 Кеча Шукур Холмирзаевнинг тўртинчи жилд Носиржон Жўраев эсселар китобини мириқиб ўқидим. Эл таниган буюк одамлар ҳақида ёзиб қўйибди-да. Ўзим орзу қилган китобни топгандекман. Битта ёзувчининг шаклланиши… Осонмас. Ниҳоятда қийин жараён, қийин йўллар… Шукур аканинг китобидан кўчириб оладиган жойлари, дарс олиб, амал қиладиган саҳифалари кўп экан. Ҳар бир ёш ижодкор бу китобни албатта ўқиши керак. Шукур аканинг китобларини қачон ўқисам, бу улуғ ёзувчимизни илк бор учратганим ёдимга тушади. Ўшанда Эркинтой ўғлим олтинчи синфда ўқирди. Тахминан 1986 йиллар эди. Дўрмондаги ижод уйининг иккинчи қаватидан тушаётсам, Шукур ака шляпасини астойдил бостириб, тепага чиқиб бораётган экан. Суратларини матбуотларда кўргандим. Ҳикояларини мириқиб ўқигандим. Бир кун учрашишни орзу қилгандим, албатта.
 – Ассалому алайкум Шукур ака, – қувониб саломлашдим.
 Ўғлим ҳам ортимдан тушаётган эди. Шукур ака зина устида тўхтаб, бош ирғаб алик олди ва бизларга синчков қаради.
 – Ҳикояларингизни севиб ўқийман. Сиз билан учрашишни орзу қилардим, – дедим шоша-пиша ҳаяжонланиб.
 – Яхши. Қани юринглар бўлмаса… – ўзлари олдинга қадам ташладилар. Биз у кишига эргашдик.
 Рости, оёқларим қалтираётган эди. Ҳозир шундай катта ёзувчи билан рўпарў бўламан, нима дейман? Шукур аканинг улфатлар билан “қизиб” олганини сездим. Ичкарига кирдик. Мен ўзим ҳавас қилган ёзувчи билан дилдан суҳбатлашишни истаб турардим.
 Асарлари ҳақида, назаримда, узуқ-юлуқ сўзлар айтдим. Ўзимнинг у-бу нарсаларим нашр этилганидан гапиргандай бўлдим. Шукур ака кўнглим учун бўлса керак:
 – Кўрганман, кўзим тушган, – дегандай бош қимирлатдилар.
 Бу дақиқалар шундай эдики… Ҳам ўзинг орзу қилгансан, ҳам ҳавасли, ҳам ҳадикли, ҳам игна устида тик тургандай…
 – Шу ҳикоячиликда Сиздан маслаҳатлар олмоқчи эдим,-дедим.
 – Яхши. Ёзмоқчи бўлган бирорта ҳикоянгнинг сюжетини айт-чи… Унга қараб, кейин бир маслаҳатлар бераман, – деди Шукур ака.
 Каловландим. Ажабоки, ўша дақиқада миямга бирорта сюжет тугул, тиниқроқ фикр келмасди. Нималардир деб ўзимни оқлашга уриндим.
 Бирор нарса қоралаётганда, олдиндан сюжетни ўйламас эканман. Нимадир туртки бўлади. Кўнглимда нимадир ялт этади. Зимистон оламим ёришади. Ёзишга ўтираман. Ҳикоя охирига етади.Кейин ўрнимдан тураман.
 – Албатта олдин сюжетни пишитиш керак. Ёзилаётган асарни бошидан охиригача хаёлда “қуриб”, кейин ёзиш керак. Ёзиш давомида асар яна уёқ-бу ёғи ўзгариб, тўлиб-тошиб боради, – деди Шукур ака.
 Шукур акадан яна нималардир сўрадим. Ҳали-ҳали афсус қиламан. Биз кўп тортинчоқ эканмиз. Хижолат тортибмиз. Бу устоздан ижоднинг кўп сир-асрорини ўрганиш мумкин эди. Бироқ… Шукур Холмирзаевнинг билими ёнига яқинлашиб бўлмасди. Тарихни, айниқса, ўзбек халқи тарихини зўр биларди. Бир гапиришга тушса… Миллат, халқ оғриқларини инграб туриб сўзлаётганга ўхшарди.
 Адибнинг эсселар китобида ўша оғриқларни янада ойдинроқ кўрдим. Шукур акани фақат Дўрмон ижод уйида кўрардим, холос. Ҳеч қачон хушнуд ҳолатда учратмаганман. Дил ичида туганмас дарди симиллаб тургани сезиларди.Ўзидан қониқмаган ёзувчи эди.Ёзганлари ёқмай қолса, гоҳи йиртиб ташлаганини айтганди. Шундай улуғ ёзувчи-я… Эсселарида ўша ҳолатларини, ўз қалбига маъқул келмаган ”мулклар”дан воз кечган дамларини кенгроқ ёзганида эди… Нимаси ёқмади? Нимасидан кўнгли тўлмади?..
 Шукур Холмирзаев ижодига ҳавасим келади. Ёзганлари табиий… Рост… Инсон туйғуларини минг бир тарозуда таҳлил ва тадқиқ этиб, кейин уни қоғозга туширадиган ижодкорлар ҳамиша бор бўлсин. Ўшалар-да бизни табиийлик ва ростликка ўргатадиганлар. Ўшалар-да туйғуларимизни тарбиялайдиганлар.
 
* * *

 Мен бу битикларимни ёзаётганда, аввал иккиландим, тортиндим. Кейин эса… Қалам, қоғоз ва мен… Мен улар билан кўнглимнинг энг чекка сўқмоқларини-да кездим. Қўлим етмаган олис манзилларга орзулар, хаёллар қанотида учдим.Учган сайин ўзимни шундай эркин ҳис этдимки… Шундай эркин, шундай озод, шундай ҳур… Бу ҳурлик аввало аёлини ардоқлаган Ўзбекистон фарзанди бўлганим туфайли эди. Қоғоз эса энди… Мени эшитишга ва сўзларимни ўзига жо этишга доимо тайёр покиза манзил.
 Азизлар, қалам соҳиблари қанчалар бахтли инсонлар. Улар инсонлар кўнглидаги туйғулар –чечакларнинг суратларини чизадилар.Чизадиларгина эмас, қоғоз узра жонлантирадилар, ифорини таратадилар. Агар оламда бу ифор бўлмаса, кўнгиллар тақир чўлларга, саҳроларга айланади.
 
* * *

 Кеча “Китоб дунёси” газетасида Лев Толстойнинг кундаликларини ўқидим. Уларда фақат адабиёт ҳақида фикр юритилган. Ўйлайман, улуғлар ҳамиша улуғ бўлган ва юксакда турган. Тургеневни Толстой ниҳоятда қадрлаган. Уларнинг кўнгил меҳнати, машаққати, изтироби, чўққиси –ижод, адабиёт бўлган. Мен эсам гоҳи кундалик майдаликлар орасида гўзал хаёлларимдан адашиб яшайман.
 Икки кун олдин туш кўрдим.Тушимда сўнгги нафасимни яшаётган эмишман.
 – Менинг яшагим келяпти! – дея бақирганча уйғониб кетдим ва ҳаётга қараб, унинг ниҳоятда азизлигини туйдим. Бир лаҳзалик умр ҳам ҳатто бебаҳо! Бир нафас олиш ҳам жаннат. Шу лаҳзада кимгадир хайрихоҳ нигоҳ ташлаб ёки меҳр билан, муҳаббат билан боқиб, нигоҳлар билан туташиш мумкин бўлар. Ёки у икки кўнгилни баҳра олдирадиган, кўнгилга эзгу ниятлар улашадиган такрорланмас онлар бўлса, ажаб эмас.
 Рости, атрофимдаги ёлғонлардан чарчадим. Гоҳи ҳаётнинг олтин, табиий рангларини сохталикларга бўяб ташлаётгандекмиз. Бу ишлар –нақадар нафратли-а?! Билдимки, ҳаёт–оят экан. Яъни, Қуръони карим оятларининг жамоли, ҳусни, таровати. Уларни кўзимиз билан кўриб туриб ҳам ёлғон гапирамиз-а! Йиғлагинг келади. Билдимки, қай кўнгил эгалари ҳаётга назар ташлаган сайин Аллоҳ жамолини кўради ва у ёлғон гапиришдан қўрқади.
“… Ҳаяжонсиз ёзувчилик ишларимиз олға силжимайди”, деб ёзади Л.Толстой. Бу фикрга қўшиламан.Улкан ақлни тебратгувчи, ишга солгувчи бу–ўша ҳаяжон, бу–ўша туйғулардир. Ҳаяжонсиз ёзиш, яшаш, дийдорлашиш, умуман менга ёқмайди. Ўшандай лаҳзалардан қочиб кетгим келади.
 Бугун кенжатой укам Бахтиёр келин туширяпти. Кеча у қўнғироқ қилиб:
 – Опа,тўйда шеър ўқинг, одамларнинг кўзларидан ёш чиқиб кетсин, –деди.
 Шундай шеърпарастларнинг борлигига шукур.Бироқ ёзай дедиму, кеча хаёлимга бир сатр ҳам келмади. Бугун тўйга тараддуд кўраётган паллада шеър келди. Гўё у осмондан келди.

 Ў… Бахтиёр,укам менинг,
 Меҳри унинг дарёча бор,
 Кўнгли етар осмонларга,
 Айланиб у қуёшларга,
 Зиё сочар,зиё сочар,
 Муҳаббати дунёча бор…

 Хуллас,узунгина шеър ёздим.Укамга маъқул келганга ўхшайди.
 Назар Эшонқулнинг “Шафтоли гули” ҳикоялар тўпламини ўқидим.Зўр ёзувчи. Бадиийликда гоҳи шоирлардан ҳам ўзади. Шунақа ўхшатишлар яратадики…Йўқ, у яратмаган.Худди улар ёзувчи юрагидан туғилгандай ёқимли,табиий. “Қултой”, “Ялпиз ҳиди” ҳикояларини яна қайта ўқигим бор. Инсон кўнглини кенг тасвирлай оладиган ёзувчиларимиз борлигига қувонасан киши. Кўнгли саҳро деймиз! Қани унинг тасвири? Кўнгли дарё деймиз!Қани унинг тасвири? Ҳа,бу тасвирлар Назар Эшонқулда бор.
 
* * *
 
 Шу кунларда ҳазрат Навоийнинг “Садди Искандирий” достонининг насрий баёнини такрор-такрор ўқияпман. Ўқиган сайин кўнглим сув ичяпти.Алишер Навоий ушбу асарининг сўнгги саҳифаларида ижод аҳли учун ҳам, мухлислари учун ҳам қизиқарли бўлган ўзларининг руҳий ҳолатлари ҳақида батафсил ёзганлар:
 “Сўз ҳам киши таъбидин яратилган бир фарзанд кабидир, фарзанд эса кишининг жони билан боғланган. Фарзанд деган нарса бировларга қанчалар ёқимсиз бўлса ҳам кишининг ўзига жуда азиздир. Бойқуш боласи қанчалар хунук ва жирканч бўлмасин, барибир ўз олдида товус боласи сингари жилвагардир.Каноп дарахтининг шохи хас-хашакча бўлмаса ҳам ундан тўн қилиб киядиган қаландарларга,у барваста сарв дарахтидек барно кўринади”, дейдилар Навоий ва яна ёзадилар:
 “Шу сингари ўзингга жуда ҳам ёқимли кўринган бу достонларинг халққа ҳам маъқул бўлармикин ёки бўлмасмикин? Ҳар бир нарсани кашф этувчи устоз Жомий буни кўриб, мени асл ҳолдан хабардор қилсалар яхши бўлмасмикин? Аввал шундай достонларни ёзган (ҳозир юзларига ажал ниқоби ёпилган) одамлар руҳларига бу қандай таъсир этар экан? Буни кўриб, уларнинг руҳлари шодланар ёки ранжирми экан? Бу аҳволлардан дили равшан пир ўзини хабир (хабар берувчи) ва мени хабардор қилса экан. Кўнглимда мана шу каби хаёллар ва чуқур мулоҳазалар билан қадам ташлаб борар эдим”.
 Навоий бобомизнинг бу ҳолатларини ўқиб,шундай улуғ зот ҳам ўз асарлари ҳақида бир оғиз ҳақ ва рост сўзга илҳақ бўлганлигини англаймиз. Балки ижод аҳлининг мана шу ўз ёзганидан қониқиш ҳосил қилмай интилиши уни юксакларга кўтарса ажаб эмас. “Садди Искандарий”нинг охирги бобини ўқиб, Навоий асарларини бетаҳорат, беибодат ўқиб бўлмаслигини англадим. У киши устоз Жомий ёнида бир фурсат ўзларидан кетиб, беҳуш бўлдилар ва Руҳлари охират диёрида меҳмон бўлди. Ёзганларининг баҳосини у ердаги улуғлар айтдилар:
 – Мен шайх Низомий билан кўришган ҳамон ўзимни муборак оёқларига ташладим…
 Шу дақиқаларда Низомий Навоийга қандай муборак сўзларни айтди-я…:
 – Сен саҳар вақтларида ҳеч нарса ёзмай дуо ва ибодат билан менинг руҳимни шод айлагансан. …Бўлмаса икки йилда битта “Хамса” ёзиб, тамомлаш – ўтакетган хом хаёлдан бошқа нарса эмасдир.”Хамса” бўлганда ҳам шундай “Хамса”ки, у бешта гавҳар хазинасидан иборат бўлиб, сарфланиб, зое бўлиш хавфидан омонлик топган хазинадир, – дея баҳо берди Низомий.
 Орадан неча асрлар ўтди. “Хамса” қатидаги дур-гавҳарлар ҳамон сарфланмоқда. Бугун эл орасида “Навоий авлиёларнинг авлиёси”,дея эътироф этилаётгани бежиз эмас.“Хамса”–Навоийнинг дуолари, илтижолари, орзулари, гўзал ниятлари ила бундан пурзиё бўлган тарбияткунандаларнинг мададлари ила фикр олами чашмасидан тўкилган лаъл,ёқутдир!
 Қалам аҳли учун тақво,парҳезкорлик, покизалик биринчи ўринда экани бу достонда алоҳида таъкидланмоқда. Ўшанда қаламлардан тўкилаётган Сўзларнинг қуввати кучли,элга нафи зиёда бўлиши аниқ. Биз ижодкорлар бу достонни тез-тез ўқиб, ибрат дарси қилиб олишимиз керак.
 
* * *

 Яқинда Амир Темур хотираларини француз ёзувчиси қаламида ўқидим ва шундай хулосага келдим. Ҳар бир инсон табиат билан уйғун,чамбарчас яшаши керак керак экан. Темур бобомиз қайси юртга борса, атрофга назар ташлайди. Табиати билан, ери, қиру адирлари, боғлари, дарёлари билан дийдорлашади. Уларга қараб туриб, иқтисодни ўйлайди. Нима сероб? Нима тахчил? Шунга қараб, иш тутади. Шу билан бирга атрофга назар солганида куч олади, илоҳий қудратга интилади.
 Ижодкор ҳам худди шундай. Аввало у она-табиатдан куч ва илҳом олади. Мана, кечадан буён илҳомни пойлаяпман. Ҳикоями, шеърми… бадиий асар ёзиш ниятим йўқ. Фақат ҳузур билан, қониқиш билан ўқиладиган беш-олти бетлик мақола ёзмоқчиман. Бир китоб ҳақидаги кўнглимдаги гапларни, фикрларимни қораламоқчиман.
 Ўша китобни ўқияпман. У менга ёқади. Олдин ҳам ўқиганман. Муаллифи ҳақида бир оғиз иссиқ сўз айтгим келяпти. Китобни тутганча, уч-тўрт соатлар каловландим.Фикрларим гўё қоронғу уйга қамалгандай. Ёритгувчи нур-илҳом йўқ. Қоғозга бир сўз тушмади.
 –Бор-ей,–деганча, қоғозлардан нари кетдим. “Эртага албатта ёзаман”.Ўшанда ҳам “эртанги кунда ёза олармикинман” деган ҳадикда бўлдим.
 Тонг саҳарда уйғондиму, ўзимга қулоқ солдим. Тинчлик. Атрофга назар ташладим.Баҳор! Тонг оқарди. Оламда яшиллик. Гилослар оппоқ гуллаган. Қўшнимизнинг настарин гуллари қийғос очилганча, девор оша биз томонга бўйланиб турибди. Баҳор ҳақидаги хаёлимдаги шеърларни шивирладим.

 Баҳор, ойдек тўлишибсан,
 Баҳор, бирам сулувсан…

 Мен яшилликни, гўзалликни кўра бошладим. Қўлимга қаламни ушлагим келди. Оқ қоғозга ташнаман. Жим… Илҳом! Келяпти.
 Анча-мунча уй юмушлари…Энди уларни кўрмайман.Энди улар гўё менга бегона. Кўрсам ҳам беҳафсала, кўрмасликка уринаман. Товуқларга дон сепиш, ерларни чопиш, гулларга сув қуйиш, уруғ сочиш… Бу ишларни ҳали ҳозир болаларим ҳам қилиши мумкин. Бироқ мен ёзмоқчи бўлган оддий мақолани улар ҳеч қачон ёзолмайдилар. Ишонаманки, бу мақолам ичида битта бўлса ҳам кўнгилларни ёритадиган қайноқ Сўз айтаман. Шунинг учун ҳам кўнглим ичида нафаси сезилаётган Илҳомга пешвоз чиқишим, фақат шу ёруғ лаҳзалар бағрида ёзишим керак.
 Илҳом келган чоғида, бу иш шу қадар ҳузурли. Ўша онда энг аввало меҳрингни, муҳаббатингни ҳадя этасан. Сўзлар билан кимнингдир қалбида, агар бир чечакнинг куртакларини барг ёздира олсак, кўнгилдаги яшилликка бир зарра ҳисса қўшсак, нақадар бахтлимиз, эй ижодкор азизим.
 
* * *

 Тошкентда ижод қайнайди. У шунақа катта қозонки… Мен каби тортинчоқ,ўз устоз опасига ҳам қўнғироқ қилишдан тортиниб, ийманиб ўтирадиганлар тафтига яқинлаша олмайди. Тошкентда туриб, бизни меҳри билан тортқилаган Ойдин опа умрим осмонида тўлин ойдек порлаб туради. Йилларни бағрига жо айлаган қоғозларим орасида Ойдин опамиз имзоси билан келган мактублар анчагина. “Нега ёзмаяпсиз?”, ”Нега кўринмаяпсиз?”, “Нега китоб чиқармаяпсиз?” каби сўроқлар билан қўнғироқ қилгувчи ҳам шу опажоним. Бироқ Ойдин опамнинг қаршисида ўзимни заррача-да ҳис этолмайман. Ҳар куни, ҳар куни интиламан у меҳри дарё инсонга. Бироқ.. .қўнғироқ қилолмайман. Охири шундай шеър ёздим:

 Ҳар куни ўйлайман, лек сим қоқмайман,
 Чўчийман:”Безовта қилиб қўяман”.
 Дарё жонимда-ю,унда оқмайман,
 Бу ожиз туришдан беҳад тўяман…

 … Ойдин опам ҳар гал:
 – Бемалол. Қўнғироқ қилиб туринг, барака топкур, – деб қўядилар.
 Шу сўзларидан-да чексиз яхшиликлар топаман. Бизни тетапоя қилдириб, элга қўшган бу улуғ инсонларга узоқлардан туриб, таъзимлар этаман.
 Раҳматли устоз Йўлдош Сулайман қачон Тошкент билан қўнғироқлашсалар, ўринларидан туриб олардилар. Бир куни ажабланганча шундай дедим:
 – Йўлдош ака, Сизнинг тик туриб гапираётганингизни улар кўрмайди-ку!
 – Ўтириб гаплашолмайман… Ахир,бизни одам қилган (яъни,ёзувчи қилган,элга танитган) шу Тошкент, шу бағри кенг устозлар-ку! –деб жавоб бердилар.
 Йўлдош ака Саид Аҳмад, Ҳамид Ғулом, Носир Фозилов ва бошқа устозлар билан деярли Тошкентдаги ким билан бўлса ҳам шундай гаплашардилар. Устозларнинг маслаҳатлари, марҳаматлари ҳақида тўлқинланиб гапирардилар.
 Агар вилоятда яшайдиган ижодкорга Тошкентдан бир қўнғироқ бўлиб қолса ҳам гўё илҳом дарчаларини, бошқача айтганда, ирмоқларини очиб юборади. Нега? Негаки, ишонч–инсонни дадиллантиради, қанотлантиради. Бир куни худди шундай бўлган.Уйимизга Тошкентдан қўнғироқ бўлди.
 – Опа,Сизга бир илтимос билан…
 Ажабландим.
 – Илтимос…
 – Агар қўлимдан келса, минг марта…
 – Уч кун ичида қўқонлик муаллима, Ўзбекистон қаҳрамони Манзурахон Мадалиева ҳақида очерк ёзиб беришингиз керак…
 – Уч кун ичида? Вақт жуда қисқа-ку, – ўйланиб қолдим.
 – Нима энди… роман ёзган одамга битта очерк ёзиш…
 Шу бир оғизгина эътирофми, билмадим, менга куч бағишлади. Пойтахтдан олисда яшайдиган ижодкорга бўлган ҳурмат, балки мени қанотлантирди. Мен ўша ишни уддаладим. Очерк “Ўзбекистон қаҳрамонлари” китобига киритилди. Бу очеркимга кўп яхши аксу садолар келди.
 Қувонарлиси, ўша илиқ қўнғироқ мени яна-яна астойдил ишлашга ундади. Қўнғироқ қилган укам – ўша китоб муҳаррири Абдуқодиржон Ниёзов эди. Шу қўнғироқ сабаб биз опа-укадек бўлиб кетдик. Энди бу укам мени қаламни маҳкам ушлаб, астойдил ишлашга чорлаб туради.
 Тошкентга йўл олсам,Тошкент осмонида чарақлаган юлдуз мисол кўз ўнгимдан ёзувчи, қадрдон фамилиядош синглим Маъсума Аҳмедова ўтади.У куюнчак, меҳрибон. Адабиётга, ижодга масъулият билан ёндашади.У менинг биринчи муҳарририм.Гоҳи ёзганларимни сўзма-сўз ўқиб,таҳрир қилади. Ҳар битта сўз устида ишлашга шу Маъсума ўргатди. Бир куни:
 – Нима иш қиляпсиз? – дея сўради у телефонда.
 – Ёзганларимни яна қайта кўчиряпман, – дедим.
 – Тўғридан тўғри компьютерга кўчирсангиз-чи…
 – Компьютер бошимни оғритади. Кейин у қоғоздай юрагимга яқин эмас. Эркин ишлолмайман, – дедим.
 Шунда у турмуш ўртоғи, суюкли ёзувчимиз Тоғай Муроднинг гапларини эслади:
 – Тоғай ака “Юракдаги қўлга ўтади, қўлдан қоғозга тушади”, – дер эдилар.
 – Бу – ҳақ гап! Қоғозга тўкиш, ёзиш барибир бошқача. Яна Қалам деган илоҳий неъмат ҳам бор-ку! Компьютерга ким билсин, ўрганолмаяпман, – дедим.
 …Энди, ким қандай ёзади. Ижод – энг эркин машғулот, энг мўъжизали юмуш.Унга ҳеч ким буйруқ беролмайди, тўхтатиб ҳам қўёлмайди.
 Ажабо, унинг ҳам ўз ҳасадгўйлари бор. Зимдан курашувчилар бор. Лекин менинг шахсий фикрим, Сўз – бу ҳақлик! Унга ким ёлғонни, хусуматни аралаштирар экан, узоққа бормайди. Унақа ижодкорнинг ёзганлари – сомонхонагача.
 Юракдан ёниб, йиғлаб, куйиб, ҳайратланиб, бор ишқини тўкиб айтилмаган сўз – ёғдуликка етолмайди. Ижоддаги зўрма-зўракилик билан кўнгилга етиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ижодга чираниш ярашмайди. Қалам ҳам юрмайди. У ярим йўлларда қолиб кетади.
 
* * *

 Ҳали ёш, қаватларга чопқиллаб чиқадиган пайтларимда Тошкентга тез-тез борардим.”Ёшлик”журналида “Райҳон бўлинг,жон энам” ҳикоясини чоп эттириш учун Фарғонадан Тошкентга саккиз марта қатнабман. Унинг чоп этилишини шу қадар истаган эдим чоғи. “Шарқ юлдузи” журналида “Дунё” ҳикоям, шеърларим чоп этилган. Илоё умрлари файзли бўлсин, шоир Икром Отамурод бизларни ҳамиша яхши кутиб олган, ёзганларимизга назар ташлаган.
 “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига “Олов” ҳикоямни олиб борганман.Устоз Иброҳим Ғафуровга учрашмоқчи эдим. Адабиётни қилни қирқ ёрадиган, олтин тарозида ўлчайдиган устознинг салобати Тошкентдан туриб, ҳайратга соларди. Ўша кундаги, зиналардан кўтарилаётган пайтдаги ҳаяжон ва титроқлар ҳали-ҳали томиримда жимирлаб туради. Бу ҳиссиётларнинг ҳаммаси адабиётнинг кучидан деб биламан.
 – Йигирманчи апрель куни Тошкентга борамиз, – деди Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлимимиз бошлиғи Энахон Сиддиқова. – Китоб тақдимоти бўлади. Ойдин опанинг “Шом шуълалари” китоби бўйича…
 Кўнгил чоғланди. “Албатта борамиз”, дейман қувониб. Тошкент йўллари,хаёллари олдинга чорламоқда. Нималардир ёзгимиз келяпти.
 …Ижодкор халки шунақа эканки, ёши ўтган сари кўнгил чинниси тўлиб бораверар экан. Ёзгиси келаверади. Фақат ёзишга энди қуввати кам. Гоҳо қаҳрамонларининг изтиробларини тасвирлашга руҳан ҳам жисмонан кучи етмайди.Ўттизлаб романлар ёзган ёзувчилар қандай ёзган экан-а?! Ана шу кечинмалар, ҳолатлар ҳақида ҳам асарлар бўлса эди. Барибир,нима бўлса ҳам ёзилгани яхши. Ёзиляптими,демак кўнгил тошяпти. Юрак ёнсагина, кейин ундан чўғлар тўкилади.
 …Шифокор қизим Моҳидилхон Тошкентда малака ошириш учун бир ой ўқиди. У Тошкентдан қайтганда, бутунлай бошқача эди. Кучга тўлган, соғлом, кайфияти баланд, руҳияти ишчан…
 – Тез-тез Тошкентга бориб туриш керак экан, – дейди у. – Тошкент майдонларида кучли ижодий энергия-қувват бор.Чунки у ерга энг изланувчан одамлар жамланган. Улар тинмай фикрлайдилар. Фикрлар оқими коинотга таралади ва у одамларга ижобий таъсир этади. Тошкентдан инсон руҳиятига оид анчагина электрон китоблар сотиб олдим. Уларни русчадан ўзбекчага таржима қиляпман. Улардан беморларни даволашда фойдаланяпман. Ҳар доим биринчи ўринда беморнинг руҳиятини даволаш керак.Яъни уни тушкун ҳолатдан олиб чиқиш керак…
 Қизимнинг сўзларидан хулосалар ясайман. Ҳа, Тошкент шунақа дейман…У ерда энг кучли, чайир, интизомли одамлар яшайди.
 
* * *

 Ҳозиргина эшитдим. Қишлоқда бир куёв ҳомиладор хотинини уй ичига қамаб қўйибди. Келин жиноят қилгани йўқ. Фақат бетоблигини ёнидагиларга айтолмай, ўз онасига айтгани,онасига қўнғироқ қилгани учун, холос. Ахир, ўша жоҳил эр фарзанд дунёга келаётган вужуддаги оғриқларни ўзи сезмаган бўлса… Оиладаги темир интизомдан безиб, онасига ёрилган-да. Ҳатто шуни ҳам тушуна олмабди-ку!
 Қани энди, шунақа жоҳилларнинг ўзини ҳам қамаб қўядиган мардлар топилса! Негаки, у инсонни ҳис этишдек нозик туйғуларни танимайди.У фақат яшаш – моддий бойлик, шоҳона уй-жой, машиналар деб билади. Улар китоб ўқимайди. Мактабдаги адабиёт дарсларида ҳам ҳеч нарсани уқмаган. Яъни, адабиёт ўргатадиган инсон кўнглининг нозик торларини англашгача етиб боролмаган. Фарзандининг эсон-омон, соғ туғилиши ҳақида ўйламаган, фикрламаган одам, бировнинг дилбанди бўлган – хотинининг қадрига етармиди! Бунақа маънавияти майиб-мажруҳларни ким тузатаркин-а?! Шу дақиқада шоирларга астойдил хитоб қилгим келди.

 Шеър ўқишдан чарчама, шоир,
 Дилга етсин баҳор туйғуси,
 Девонаю далли десинлар,
 Ўқийвер сен,тонглар кулгуси…
 
 Шеър ўқишдан чарчама,шоир,
 Билсин улар кўнгил борлигин,
 Туғилмаган гўдак ҳам интиқ,
 Яхшиликка ташна,зорлигин.

 Шеър ўқишдан чарчама, шоир,
 Жарангласин самовий садо,
 Меҳр нима? Муҳаббат нима?
 Билмай умр бўлмасин адо…

 Шеър ўқигил, шеър ўқи, шоир!

 Албатта, китобга ошно бўлган кўнгилда жоҳиллик бўлмайди.
 
* * *

 Мана, баҳорнинг ойдек тўлишган кунлари. Олам гулга тўлган, олам мисли оппоқ гулдаста. Чексиз-чегарасиз чаман. Бугун ижод сўқмоқларида ҳузур билан сайр қилдим. Яъни, ёздим. Энди кўнгил яхши бир суҳбатдошни қўмсаяпти. Худди қўли бўшаб, нима иш қилишни билмай турган одам мисолидаман. Кеча ният қилган, ёзмоқчи бўлган мақоланинг яқинига ҳам борганим йўқ. Бутунлай бошқа нарсалар ёздим. Демак, ақлнинг зўрма-зўраки буйруғини бажармадим. Аксинча, кўнгилдан тўкилганини қоғозга сочдим ва тўғри қилдим.
 Ўйлайманки,ҳамиша кўнгилдан тўкилгани рост. У кўнгил мулки бўлгани учун ҳам қай бир дилга ёмғирдай қуйилишига ишонаман. Сўзлар қоғозга тушаётган ёруғ лаҳзалар, албатта, кимгадир эш бўлади. Ва ўша юрак олислардан бўлса ҳам хайрихоҳлик ила қўл силкийди.
 Кимдир айтар:
– Сенга нима-я… Ижод ҳақида ёзишга сенга нима бор?
 Энди бу гапларга парвоим йўқ. Негаки, худди шу ижод ҳақида ёзгим келяпти. Шоир айтганидек:

 Олти ойким, ёзолмайман шеър,
 Олти ойким, юрагим зада…

 Шундай зада кунлар умр давомида кам бўлдими?
 2010 йил қишида битта сўз ёзолмадим. Ўзимни бетоб, бемор ҳис этдим. Ўқишга-да рағбатим бўлмади. Ҳатто кичик-кичик қатралар ҳам мени йўқламади. Ҳатто қатра ёзиш ҳам осон эмас экан. Унга ҳам халқдан олган бирор ҳикматни жо айлаш керак. Унга ҳам нуқра туйғулар керак.
 Ёзолмаслик – ижодкор учун ўлим билан тенг. Ниҳоятда азоб. Худди бўм-бўш идишга, суви қуриган анҳорга ўхшайсан. Одамлар орасида ўзингни эркин сезмайсан. Гўё оламни, яшашни, умрни идрок этолмаётгандай. Воқеа-ҳодисаларга муносабатсиз, бепарво, ҳиссиз ҳаёт кечираётгандай… Сени юксакларга кўтаргувчи руҳинг танангдан чиқиб кетгандай…

 Бугун эса… жонимга ташриф буюрди-я Сўз,
Оқ қоғоздан пойига пойандозлар тўшадим,
 Ёнимдаги жонларга офтоблар, ойлар бўлиб,    
 Бу оламнинг ишқини яна ёза бошладим.

 Ёзаётганда ёнаётган ўчоққа ўхшайман. Ёзиб бўлгач эса… Кўпинча ёзганларим узоқ вақт, баъзан йиллаб дафтарларда қолиб кетади.

 Ҳар кун шеър ўқишдан чарчама, шоир…

 Бу сатрларни гўё қувалик шоирамиз Зуҳро Алиевага ва водиллик шоир Аъзам Исмоилга қарата айтгандайман. Ҳар иккиси бир зумда шоирга айланади. Улар ҳамиша шоир. Қоғозсиз, хоҳлаган пайтда гуриллатиб шеър ўқишади. Ёд айтишади. Бунақа истеъдод менда йўқ. Нима учун-а? Балки… бу марҳаматлар кейинги авлодларимга насиб этар.
 Устоз Йўлдош Сулаймон бир куни:
 – Шоирлар даврасига кирсам, мен асосан насрда ёзаман. Майли, битта шеър ўқий, деб шеъримни бошлайман, деган эдилар.
 Демак, устознинг ўзларидан, ўз ижодидан кўнгиллари тўлмаган. Бироқ ҳеч қачон шеърдан кўнгил узолмаган ва ҳатто:
 – Мен кексайганда, олтмишдан ошганда, юраги ёнаётган, юраги куяётган шоирга айландим, – дегандилар.
 Яна устоз айтардилар:
 – Ижоднинг чегараси йўқ. У инсонни тебратса, таъсирлантирса, эзгу йўлга етакласа, юракда орзуга, яшашга, яратишга рағбат уйғотса – ўша ижод – дер эдилар.
 Ижодкор шунақа. Бир умр изланади, илинади, бир умр интилади. У қаерга интилади? Аввало,ўз кўнглига… Гоҳи кўнглидаги ранго-ранг чечаклардан тортиб, атрофидаги, инсонлар кўнглидаги оғриқлар билан чирмашиб кетади-ю, ёзганлари ўзига ёқмайди.
 Ёқмагани – яхши! Демак, яна ғаввосдек ҳаёт тўлқинида сузади. Ўзидан қониқмайди. Йўлдош ака:
 –Дунёни ушлаб турган муҳаббат ҳақида роман ёзмоқчи эдим. Ёзолмадим, – дея афсус билан гапирганди умрининг сўнгги кунларида. Устознинг “Дунёни ушлаб турган муҳаббат!” деган нигоҳининг ўзида минглаб асарга мавзулар борлиги рост! Муҳаббат бўлмаса, қалам тебранармиди…
 Қалам! Яна сенга қуллуқ. Сен кўнгилни ёзасан. Кўнгилни ёритасан. Кўнгилни чаман этган Сўзни иншо этгувчи сен!
 
* * *

 2012 йил – “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинди. Ҳар ишда мустаҳкамлик бўлгани, албатта, яхши. Оила эса жамиятнинг юраги. Уни асраш, авайлаш керак. Йилимизнинг номи сабаб, оила мавзуси ҳақида теранроқ ўйлай бошладим чоғи. “Менинг онам, менинг отам” деган эссе-кечинма ёздим. Яхши гаплар бор. Ёзилганига икки ойча бўляпти. Тезроқ чоп этишга берсам, яхши эди. Ҳамон дафтарда. Устоз опамиз Малика Мирзо қизи ҳам худди шунақа. Ёзилгану, кўчирилмаган асарлари кўп. Маҳфуза Усмон қизи-чи…Уники том-том бўлса керак. Маҳфузахон китоб чиқариш ҳақида ўйламайди ҳам. Маблағ ҳақида бош қотиришни истамайди. Айниқса, Маҳфузахоннинг “Сувнома” таржима асарини бирорта ҳомий топилса,чоп этилишини жуда истардим.У–биз учун жўмраклардан оқиб ётган оддийгина Сувнинг биз билмаган сир-синоатлари,мўъжизалари ҳақидаги асар.
 Маъмура Абдураҳимова имзосидаги ажойиб истеъдод эгаси бор. Ёзганлари бошқача. Кўнгилга нафис гуллар ташриф буюргандай туюлади. Аллақачон, бундан ўн йиллар илгари китоби чоп этилиши керак эди. Ҳикоялари республика нашрларида чоп этилган. Гуруҳий тўпламларга киритилган. Бугунгача гўзал қиссалар ёзиши керак эди. Маъмурахон нимаики ёзса, маъқул келади. Унинг ёзганларидан кўнгилнинг чаманларини, ифорларини бемалол туйиш мумкин. Назаримда, у романлар ёзишга кучи етадигандай. “Қисса ёзяпман…” деган хушхабарларни эшитгандайман. Бироқ ҳали ўқиганимча йўқ.Унинг қаламига,туйғуларига ҳавасим келади.
 – Бунақа қалам ҳар куни туғилмайди-ку, Маъмурахон, – дея унга ўтингим келади.
 Барибир, на шу ўринда аёлнинг ижодкор бўлиши-анча қийин иш экани ҳақида ўйлаб қоламан. Барибир ёзганларимизни кимгадир ўқиттириш, атрофимиздагиларнинг фикрларини билиш, уларни қайта ёзиш, қайта чизиш, тузатиш, матбуотларга бериш, китоблар чоп эттириш… бу машаққатларни ҳам астойдил елкаламагунча, ижодкорлик масъулиятини тўлиқ оқлолмаётганингни англаб турасан. Мен ҳам бу хатоларимни сезаман. Бироқ кўнглимнинг ақлли машинага айланиб қолишидан чўчиётгандай, ёзганларимни гоҳи йиллаб ташлаб қўяман. Вақти келиб, яна уларни титкилашга тушаман. Худди-худди игна билан қудуқ қазиётган одамга ўхшайман. Бир кун оби ҳаётга етармикинман, деган умид ҳамиша олисларда ялтиллаб, илинж бағишлайди.
 
* * *
 
 …Мен ёзаётган пайтимда, қоғоз ва қалам билан яшаётганимда, агар қўнғироқ қилиб қолсангиз,азизим,овозимдаги жарангдорликни, албатта, сезасиз. Бу – ижод иштиёқидан.
 Бир куни Тошкентдан қадрдоним Маъсума Аҳмедова қўнғироқ қилиб қолди. Мириқиб гаплашдик. У ўзининг бетоблигини айтди. Ўшанда ижод завқи ҳамроҳ экан чоғи, ўзим билган табобатларни шундай тушунтирибманки…
 – До,ре,ми,фа соль,ля, си…дан “до” товушини чўзиб талаффуз қилинг, тузалиб қоласиз, – дедим.
 Маъсума бу гапга ишонмаса ҳам яйраб кулди.
 – Опагинам, яхшиям қўнғироқ қилганим. Бўлмаса, шундай катта кашфиётдан бехабар қолар эканман, – деди.
 Яқинда “Китоб дунёси” газетасида Ҳалима Аҳмедованинг “Шодлик” шеърини ўқидим. Ўша шеър шундай тугалланади: “Мен байрам қиляпман тириклигимни…” Ёзаётган пайт ҳам худди шунақа. Дилга бутун тириклик шуълалари оқиб киради. Ижодкор эса ўша шуълаларни, ўзи кўраётган, сезаётган дунёни бошқаларга улашиб бергиси келади.
 
* * *

 2012 йил баҳорининг табассумлари кўзларимизни қувонтиргандан бери “Сунбула”ни ўйлайман. Ўша қиссани бу йил албатта ишлайман, деб ўзимга сўз бераман.Бироқ ҳали қўлга олиб, варақлаганим йўқ. Хаёлда борки, бир кун у қайта ишланади, ёзилади.
 “Сунбула” ичида қанча оғриқларим бор.Уни шундай ёзсамки, ҳар бир қиз ўзининг кимлигини, нималарга қодирлигини ҳис этса…Токи бирор-бир зўравон ҳеч қайси қизимизни дўппослаш тугул, чертишга ҳам ҳадди сиғмасин.
 Яқинда Наманган вилоятига қарашли сойлари шарқираб турган қишлоқнинг “Онанинг кўзёшлари” деб номлангувчи зиёратгоҳида бўлдик. Худди, худди… онанинг кўзёшлари тўхтамай, сизиб-сизиб оқаётганга ўхшайди. Йил – ўн икки ой, кечасию кундузи оқади. Айтишларича, фарзандидан жудо бўлган Онанинг жолалари эмиш… бу томчилар. Томчилар оқиб, пойидаги булоққа тўкилади. Балки…бу булоқ ўша кўзёшлардан бино бўлгандир.
 Ўша Чодакда меҳмондўст укамиз Обиджоннинг хонадонида бир пиёла чой ичдик. Оддий одамлар… Бироқ улар кўзларидан тошаётган, бизга, умрида биринчи марта кўриб турган одамларга бўлган меҳрларини кўрсангиз, шошиб қоласиз. Гўё дарё тўлқинларига рўпарў бўлгандай, гўё бу дарёлар ўз-ўзингизникидай яқинликни топиб оласиз. Обиджоннинг онаси Шодмон хола тожикчада сўзлар, тушунса-да, яхши гапиролмас экан. Шодмон холамиз менинг китобимни қўлига олиб:
 – Ўзинг ёздингми? Китоб ёзасанми? – дегандай ишоралар билан ҳайратланиб-ҳайратланиб, кўзларимга қаради. Кейин…кутилмаганда, бирдан шундай йиғлаб юбордики…Кўзларидан дув-дув ёшлари тўкилди. Менга ўтиниб қаради. Гўё илтижолар қилиб қаради.
 – Мени ёз, менинг юрагимни ёз, – дея кўкрагини кўрсатди.
 – Йигирма беш ёшли ўғлидан, навқирон укамиздан автоҳалокат туфайли бевақт айрилиб қолган. Шундан буён кўзёшлари тўхтамайди, – деди онасига маҳзун термулиб Обиджон.
 Ҳозиргина “Онанинг кўзёшлари” қошидан келган эдик. Мана, яна битта айрилиқ, алам доғлари.Ўйлайман:
 –Улар нақадар ўхшаш-а…
 Шодмон холани ёза оламанми ёки йўқми? Қаламнинг кучи етадими? Булар ҳаммаси менинг армонларимдир.
 
* * *
 
 Обиджоннинг рафиқаси Мунирахон боққа ишлагани кетган экан. Қайтишда учрашдик. У қўлларини тупроқ ичидан олиб, ёнимизга шошиб келди. У боғларни саришта этаётган меҳнатлари ичидан чиқиб келди. Бироқч чеҳрасида шундай мамнунлик, ҳаётга соғинчлар зоҳирки, унинг бахтли аёл, рўзғорда эркин аёл эканини сезиш қийин эмасди. Нигоҳлари чарақлаб турибди. Қани дейман, ҳар бир аёл Мунирахон каби ўзининг саодатли эканини англаб ёки уни ўзи яратиб, бошқаларга ҳам юқтириб турса. Бунинг учун эса ҳар битта қизимизда қатиъят бўлиши керак. Ўзини асрай билиши, меҳнатда чиниқиши,енгил-елпи йўлларда адашиб қолмаслиги, илм йўлларида интилиш, хонадонга бекалик каби поғоналарни маҳкам эгаллай олишлари керак. Бибихоним, Нодирабегимдаги муҳаббат ва вафолар, жасоратлар, курашлар ёр бўлиши керак.
 Замонамизда асарларимиз учун бу каби қаҳрамонлар кўп. Фақат улар сиймосини адабиётда яратиш учун биз ижодкорларга катта заҳматлар керак. “Сунбула” ҳам ана шунақа синовлардан ўтиб бораётган қаҳрамонларимиздан бири. Унда техника асри шиддатлари, билағонликлари бор. Энг муҳими, унда кўнгил бор, муҳаббат бор. Шунинг учун ҳам оиласида илдиз отяпти.
 Ёзиш керак! Ёзиш керак! Нима дейсиз?

* * *

 Мен йиғлаяпман. Кўзёшларим қуйилиб келяпти. Ахир, мен қувончларимни, энг иссиқ сўзларимини ёзмоқчи эдим-ку! Ўша айтган, Сиз ўқувчиларим, учун сир, яъни муаллифи ҳам, китоб номи ҳам айтилмаган, мен ёзмоқчи бўлган мақолага мавзу бўлган ижодкор ҳақида фикрларимни изҳор этмоқчи эдим.
 Шукур, ёза бошладим. Бироқ ичимдаги бор сўзлар, тўкилаётган ҳиссиётларимни негадир очиқ-ойдин ёзишдан ўзимни тийишга уриндим. Қуйилиб келаётган меҳр тўла туйғуларимни тишимгами, кўксимгами босганча, тўхтаб қолдим.
 “Одамлар нима дейди? Одамлар нима дейди?”
 Бу саволлар бизни мақола ёзаётганимиздаги катта чеклаш эканини тушундим. Қоғозга тўкилмай, ичимда қисиниб-қимтиниб қолаётган сўзлар кўзёшга айланиб, мижжаларимдан сизиб кетди. Мана,энди худди шу нуқтада бадиятнинг қадрига етамиз. Бадиият – бамисли кенг дунё! Хоҳласангиз чўққига чиқасиз. Хоҳлаганча, чўққидан туриб, кўраётганларингизни тасвирлайсиз.Фақат, Сиз тасвирлаётган қаҳрамон – альпинист бўлса бўлди. Чўққига етиб бориш си ноатларини ишонарли тасвирлай олсангиз,бас. Энди мақолада-чи… Ҳатто чўққига чиққан қўшнингиз ҳақида ўйлаб,тўкилиб эмас, ҳа, ўйлаб ёзасиз.
 “Одамлар нима деркин? Қўшниси бўлгани учун жуда мақтаворибдими?” – демасмикин, дея истиҳолага борасиз.
 Бадииятда эса… лирик қаҳрамон омон бўлсин! Унинг тилидан,дилидан ҳамма дардларимизни айта оламиз.

 Баҳор,сенга келди ҳавасим,
 Сенда не бор айладинг гулгун,
 Бу дунёга бахшида ҳиссан,
Ҳар заррада барқ урар нишон.
 
 Ким ухлайди, парвоинг ҳам йўқ,
 Ердан баҳра олиб турсанг, бас.
 Пойингни сув ўпиб турса, бас,
 Танангда ишқ жавлон урса, бас.
 
 Гул карвонлар ўтаётир ҳур,
 Анҳорлару сойлар қўнғироқ,
 Ойдай кулар зимистон тунлар,
 Тоғда лола – ёқилган чироқ.

 Тонглар энди ҳурраму сўлим,
 Осмонларда шафақ – иноят.
 Илинаман, унда яшар ким,
 Ҳар бир кунинг – фирдавси жаннат.

 Баҳор, сенга келди ҳавасим.

 Ахир, мен боримни гулгун этолмай тўхтадим. “Одамлар нима деркин?” – дедим. Баҳор эса… буни хаёлига ҳам келтиргани йўқ. Ерга, тошга, инсонга, бутун мавжудотга, ёруғ оламга… меҳрини тўкиб-тўкиб изҳор этяпти. Туйғуларни чеклаш – оғир иш. Омон бўл, лирик қаҳрамон! Ҳикоя ёзаётганимда, тўколмаганларимни сенинг дилингдан, тилингдан ёзаман. Ҳеч ким маломат қилмайди. Агар кимдир бу ишга чоғланса, парвоим йўқ. Мен ўшанда баҳорга айланганимни ҳис этаман. Қаламга ташаккур, дейман.
 
* * *

 Муҳаббат – инсонни поклайди, деймиз. Гоҳи бир аёл муҳаббатга дучор бўлиб,оловларда ёнса, одамлар уни “телба”, дея маломат айлайдилар. Муҳаббатга рўпарў бўлган инсон, бир кун албатта кўнгил оламидаги гулзорига, яъни юксалиб, илоҳий ишққа етиб боради. Назаримда, бизнинг ўзбек адабиётида мусулмон аёлнинг минг қаватга ўралган пинҳоний муҳаббати, унинг изтироблари, ҳаётга ҳадя айлаган қудратлари ҳақидаги китоблар жуда кам. Биз кўпинча Кўнгилни эмас, атрофимиздаги воқеа-ҳодисаларнинг тафсилотларини ёзаётганга ўхшаймиз. Бизни ёзувчи деб,сирини озгина айтиб, кўзёшини кўрсатганлар ва ҳаётда, инсон дилида шунақа азобли туйғулар бўлар экан, кимгадир меҳр қўйиш, бир сўз тебранишидан гоҳи одам ўзини йўқотиши, дунёни унутиб, рост гапки, севиш, севиб қолиш каби оғриқли ҳислардан қайга қочиш мумкин, мен уни истаётганим йўқ, фақат бошқара олмаяпман, дея кўнглини очгувчилар бор. Муҳаббат –яратувчи куч. Албатта, у кўнгилда содир бўлади, кўнгилда куртак ёзади. Уни ёзувчи сифатида ёзмоқ учун ҳам ўша муҳаббатни бошдан кечирмоқ, жон фидо бўлар даражада севмоқ керакдир.
 Ижод шунақа йўл эканки, унинг сир-асрорини англагунингча, умр поёнига етиб қолаётгандай. Ҳамманинг ўз йўли, ўз овози бўлиши керак, дейдилар. Ҳар бир ижод йўли – Янги бир йўл. Ҳеч бири бир-бирига ўхшамайди. Агар хиёл бўлса-да, ўхшаса, дарров китобхонларнинг ўзи инкор этади, тан олмайди.Тан олинган ижодкор,албатта, кимнингдир тилида, дилида бўлади. Одамлар Сизни ортингиздан излаб юришади. Адабиётнинг кучини қаранг. Кўнгилларни бирлаштириб қўйганига нима дейсиз?!
 Майли, у қандай асар бўлса ҳам,инсон кўнглини ёритсин,туйғуларни юксакликка чорласин. Устоз Пиримқул Қодиров бир суҳбатларида,муҳокама этилаётган бир насрий асардаги қаҳрамон ҳақида гапириб:
 – Бекорга ўлиб кетмасин бу қаҳрамон. Агар изсиз ўлиб кетса, китоб ичида қаҳрамон бўлишига нима бор? –деган эди астойдил жон койитиб.
 Бу суҳбат мен учун устоз очган катта йўл бўлди. Китоб-офтоб, деймиз.Демак, унинг саҳифасига ҳамма ҳам кира олмайди. У –китобхонга йўл кўрсатсин,фикрини чароғон этсин. Нимадир, нимадир, бир эзгулик улашсин.
 Кимдир кимнидир севиб қолса… Нафратланиш, ёмон кўриш, ғийбат қилишдан кўра севиш – минг маротаба афзал! Севги кўнгил ичинда гул очади.Бу дегани уни дарров кимгадир тутқазиш дегани эмас-ку! Қайсидир китобда ўқиган эдим. “Муҳаббат бор жойда фаҳш йўқ”, дейилган эди. Бу фикрга тўла қўшиламан. Қаердаки, енгилтаклик, хижолатпазлик, уят–ўлимдан қаттиқ ҳолатларга рўпарў бўлишлар, бегуноҳ норасидаларнинг кутилмаган туғилишлари ҳақида эшитилаётган экан… билингки, чиндан ҳам у манзилларда муҳаббат содир бўлмаган. Демакки, инсоннинг нозик туйғуларини тарбиялайдиган, севги титроқларидан роз айтадиган, хаёлчан ғунчалар каби иболар, ҳаёлар ҳақидаги асарларга муҳтож эканимизни ҳис этаман.
 
* * *

 Туни билан ухлолмадим. Бамисли тўлғоқ ичра бўлдим. Мақола чала қолган эди. Уни эртага тугата оламанми? Ёза оламанми? Саволлар миямда ғужғон ўйнадилар. Эрталаб бетобдай уйғондим. Аслида, бугун пайшанба тонгида Қумтепа бозорига бориб, баҳорга кийимлар олмоқчи эдим. “Кўксим ичра шунча юклар билан бозорда менга нима бор?!” – деган қарорга келдим. Хаёл ҳамон қаламда. Ишқим фақат қаламда. Ижод учун ўзимга мўъжазгина жой тайёрладим. Қўлимга қаламни ушладим. Нақадар хушбахт дақиқа. Набираларим ёнимда чуғурлашди:
– Эна…а, чойга…
– Йўқ, ўзларинг ичаверинглар. Мен ёзяпман!
 Овозим баландлаб чиқди чоғи… Болалар жим бўлиб қолишди.
 Ёзиб кетдим. Илҳом билан ёздим ва мақолага нукта қўйдим. Битта мақола ёзишга нега шунча қийналдим? Негаки, қоғозга бирорта Сўз ҳиссиз, масъулиятсиз, шунчаки уни узайтириш учун ёзилишидан қўрқдим.
 Ёзаман, ёзаман… Бир оз вақт ўтказиб, уларни синчиклаб, қайтиб-қайтиб ўқийман.
 – Нималар ёзибман-а…
 Агар қониқиш ҳосил қилсам:
 – Яхши ёзибман, дуруст, – дейман озгина таскин топиб.
 Мана, ёзганларимни ўқиб чиқдим. Анча маъқул.Бироқ янада кенг кўламда ёзиш мумкин эди. Суви кўпайиб кетишидан қўрқдим. Энди уни компьютерда кўчирмоқчи бўлдим. Нонуштадан туриб, фикримдан қайтдим.
     –Аввал чиройли қилиб,оқ қоғозга кўчираман. Ҳа. битта меҳнатни икки қилар эканман-да.
 Ахир, ёзиш осон бўлдими?!Ёзиш олдида кўчириш хиёл енгилга ўхшайди. Гоҳида эса, аксинча, катта меҳнат ёзилгандан кейин бошланади. Худди уйни тиклаб, кейин пардоз берган, зийнатлаб, нақшлар солган каби. Яъни, ёзаётганда, кўнгил ўзи тўкади. Кейин, ҳар битта сўзга қараб кўчирилади. Нима бўлса ҳам ижод – машаққатли ва ҳузурли меҳнат.Унинг таъмини тотганларгина билади. Айниқса, гўзал баҳор кунларида ишлаш бошқача. Ёзишдан қўлингиз чарчаб, беихтиёр деразага қарайсиз. Баҳорни, яшил оламни кўрасиз. Гуллар сизга жилмайиб туради. Чарчоғингиз ёзилади. Яна сиз тириклик оламини севиб, қалам тебратгингиз келади.
 
* * *

 Бу Гул сўқмоқларда, яъни ижоднинг заҳматли ва юлдузли онларида, билдимки, мен ўзимни излаётган эканман. Атрофга назар солиб, боғлар ичра излаяпман. Булоқлар бошига бориб излаяпман. Балиқлар билан сўзлашиб излаяпман. Одамлар орасига кириб, кўнгиллар оламига яқинлашиб, излаяпман. Мен уларга туташиб, чамбарчас бўлгим келяпти. Назаримда, ҳаёт ичра ҳаёт бўлишни орзулаётгандайман. Энди ҳар бир инсон ўзини ўзи шундай изласа… Менимча, бу – яхши. Айниқса, бу изланиш қоғозларга кўчса, уни кимдир мириқиб ўқиса…
 Ишонаманки, албатта, ўқишади. Негаки, унда зўрма-зўракилик йўқ. Дейлик, ҳовли ичида қаердадир олтин бор.Уни излаб топиш керак. Одам ҳар бир кўргани тагидан олтин чиқиб қоладигандай қидиради. Ижод эса, вужуддаги, онгдаги, кўнгилдаги ёғдуни қидириб топишдир. Ҳамма соҳа кишилари ҳам шундай изланса, ҳаётда кашфиётлар содир бўлаверади.
 Қўқон шаҳрида устоз муаллима, Ўзбекистон қаҳрамони Манзурахон Мадалиева яшайди.У ўз изланишлари билан чинакам қаҳрамон бўлган инсон. У ўз фани –математикани шундай севадики… Математикага бағишлаб, китоб яратди. Гўё математика билан адабиётни чатиштирган, гўё ақл билан кўнгилни бир-бирига боғлаган. Китобининг номи “Саҳнада математика” деб аталади. Ўқувчилар қийин фан деб ҳисобланган математикани аввал шеър қилиб ўқийдилар. “Биз параллел чизиқлармиз”, дея шеърий кайфият билан бошланган дарс кейин юксак руҳ билан мураккаб масалаларни ечишга киришиб кетади. Қийин ишлар ҳам осондай, математика оламига кириб, уни астойдил севиб қоладилар. Бир сўз билан айтганда, Манзурахон ўз умр ёғдусини топишга эришган ва уни ҳаётга, одамларга ҳадя айлаган. Бу ёғду–ижод маҳсулидир.
 Ҳар бир инсон ўз кашфиётини–-излаган олтинини топса, албатта, жамият гуллайди. Маънавиятимиз чинорга айланади. Одамлар ёлғон сўзлашдан уялади. Эшикларга қулфлар осилмайди. Бир-биримизга ишонамиз. Негаки, изланиш оламида кезинаётган одам атрофга ростлик билан қарайди. Нур қидиради. Дунё матоҳларига, ўткинчи нарсаларга, турли майда-чуйдаларга боғланишга унинг вақти йўқ. Ўз чўққиси, ўз олами бор. У ўша билан овора.
 Билмадим, кейинги авлод қандай бўлар экан? Башоратчи эмасман. Бироқ келажакдан умидларим катта. Ҳозир ёзаётганларим ҳам шунга ишора эмасми? Бироқ бугун ростини айтадиган бўлсак, бир-биримизга ишонч кам. Кўчага чиққан одам борки, пулига, ўзига ҳушёр бўлиши керак. Қоронғу тушдими, қўрқиб, эшикларни қулфлаймиз. Атрофда ҳар хил гап-сўзлар. Ўғирликлар, ҳатто қотилликлар ҳақида ҳам эшитилиб туради.
 Иймонли инсонлар, Аллоҳни таниганлар, ундан қўрқадиган бандалар ҳеч қачон бировни алдамайди. Кимдир кимнидир алдаётган экан, билингки, у ҳали ўз Худосини танигани, топгани йўқ. Маънавият, асли тил ва дилнинг битталиги. Ҳалоллик –маънавият. Тўғрилик, тамалардан қочиш, бировнинг ҳақига назар солмаслик, бировга бақирмаслик, ўшқирмаслик, ғийбат қилмаслик, бировга чоҳ қазимаслик, ўз манфаати деб, бошқаларни оёқости қилмаслик…Уларнинг ҳаммаси – маънавият, комиллик йўллари. Нима бўлса ҳам бировга зиён-заҳмат етказмаслик, ҳатто кўнгил ичида ҳам бировга ёмонлик тиламаслик, бировга ўз оғирлигини туширмаслик –энг асосийлари деб биламан.
 …Биз яшаётган замонда хўжакўрсинчилик кайфияти анча кучли. Айниқса, турли маросимлар, тўйлар, сарполар, зиёфатлар, мебеллар ҳаммаси кўпроқ кимўзарга, эл кўрсинга бўляпти. Улар қанча яхши инсонларнинг соғлиғини издан чиқаряпти, рўй-рост айтиш керак, умрларни ҳам қисқартиряпти.
 “Ҳар бир суҳбат, дийдорлардан Аллоҳ рози бўлсин ва уларга ҳикматлар ато этсин”, дейдиганлар ҳам бор.
 Биз ҳар бир ишдан ҳикмат излаб, қадам ташласак, кўп улуғликлар содир бўлади” -дея умид қиламан.
 Изланяпмиз.Бироқ йўлларимизда қанча хатолар бор. Уларни тан олиб, ёзадиганлар борми? Агар ҳар биримиз рўй бераётган маънавий хатоларга ўзимизни дахлдор деб билсак эди… Ростдан ҳам дахлдормиз. Негаки, улар бизнинг атрофимизда содир бўлмоқда. Бу хатоларда бизнинг ҳам, шахсан менинг ҳам ҳиссам борлиги аниқ.
 Ўрганган кўнгил ўртаниб қўймас экан. Хатоларимизни билиб туриб, яна уларни такрорлашдан чарчамаймиз. Масалан, умримизни гоҳида беҳуда, худди беркитилмаган жўмрак каби сувдай беҳуда оқаётганини кўриб турамиз. Уни ҳеч нарсага сарфламай, кунни ўтказамиз. Қаттиқ режим билан ишлайдиганлар бор. Бироқ кўнгил билан ишлайдиганлар режимга сиғмайди. Кўнгил бошловчи бўлгани яхши. Ўшанда камроқ адашамиз, деб ўйлайман. Кўнгил чопмаган ишнинг охири кўринмаётганга ўхшайди. Кўнгил чопиб турса, бажарилаётган иш ҳам оғир кўринмайди. Узоқ йўлга чиқсангиз яқиндай туюлади.
 Ўз ўқувчисини топган, қўлма-қўл бўлган қайси китоб борки, у албатта, кўнгилдан тўкилгани рост. Ҳатто беш вақт намоз ҳам кўнгилдан тўкилиб ўқилиши керак. Ростлар ичида, ростгўйлар ичида, эшикларга қулфлар солинмайдиган хотиржам кунларни орзулайман. Ана шундай одамларни Германиянинг Берлин шаҳрида кўрдим.
 1992 йил эди. Ҳеч ким ҳеч кимни алдамас экан. Сотиладиган машиналар сотилгунга қадар, ойлаб бозорда тураверар экан. Катта-катта савдо дўконларида фақат биттагина кассир бор, холос.
 Гоҳ-гоҳ, “Ҳа, у одамга ишонса бўлади”, деган гап қулоққа чалинади. Нақадар хушбахт сўзлар:
 – Ишонса бўлади!
 Дунёда битта ишончли одамнинг борлиги – катта, поёнсиз пок олам. Унга дунё ишонади, осмон ишонади, Ер ишонади. У билан муносабатда бўлган ҳар бир инсонда ҳузурли туйғулар зоҳир бўлади. Бу одамга энг катта омонатингизни тутқазсангиз ҳам у заррасига-да хиёнат қилмайди. Ўйлайманки, дунёнинг шодлиги ана шундай кишилар туфайлидир. Улар устунсиз осмоннинг йиқилмас таянчлари. Улар учун пул, бойлик, амал курсиларининг аҳамияти йўқ. Улар учун ҳақлик, Яратганнинг розилиги, одамларнинг ишончи ўзи кифоядир.
 
* * *

 Кеча қадрдоним Маҳфузахон:
 – Инсондаги туйғулар ниҳоятда азиз. Аллоҳга ҳам ақл билан ета олмас эканмиз, фақат кўнгил билан, кўнгилдаги туйғулар билан етар эканмиз, – деди.
 Мен ҳам худди шу фикрда эдим. Аллоҳга ибодат қилаётганда, агар, кўзларимга ёш тўлиб келса, бу ёшлар юзларимга тўкилса… худди кўнглимда бир жаннат бордек, гўё уни дил томчиларим билан суғориб қўйгандек бўламан. Гўё шу лаҳзада вужудимдаги ишқ-муҳаббатдан Аллоҳ ҳам рози бўлгандай ва мен юксалиб-юксалиб кетгандай…
 Ақл билан шошиб-пишиб, хаёл бошқа жойда-ю, ўзим бошқа жойда бўлсам-чи… Унда эса, тўлқинсиз-туйғусиз, жимжит вужуд билан эгилиб, тургандай, холос. Маҳфузахон билан гаплашиб, яна иқрор бўлдимки, ҳар икки дунёга ҳам туйғулар керак. Туйғу бўлмаса, меҳр бўладими, муҳаббат бўладими? Виждон бўладими, ҳаяжон бўладими? Гулбарглар титроғидай кўнгил тебранишлари бўладими? Туйғуларсиз уларнинг ҳеч биттаси бўлмайди, бўла олмайди. Аллоҳ бизни ана шу гўзал туйғулар билан безатгани ва О…ДАМ… қилгани рост.
 Қарангки, адабиёт–ўзи туйғу. Туйғулар тошмаса, ким ёзади? Китоблар қатига жо бўлган ўша туйғулар худди шабнам мисоли китобхон дилини поклайди, яшнатади, янги-янги орзулар куртакларини ёздиради. Мана, ҳозир биз бу машаққатли юмуш маҳсули бўлган китобларимизни ўзимиз чоп эттиряпмиз ва ўзимиз сотяпмиз. Бу иш – аёл бошимга зурурми? Бир оз малол келгандай бўлади одамга. Агар бу юмушни ипидан игнасигача ёзсам, жуда оғир. Бироқ кимдир: “Китобингизни маза қилиб ўқидим, деса, ана шу – энг катта мукофот! Шу бир оғиз сўз ҳамиша ёзишга ундайди. Бу – энг охиргиси. Биринчиси – кўнгил!
 Кўнгил чопяпти, кўнгил ёзяпти.
 Катта асарлар, романлар ёзиш учун ёзувчига катта материаллар керак. Асар бош қаҳрамони физик олим бўлса, физика фани сир-асрорини билмаган одам уни қандай ёзади? Демак, ёзувчи ўзи ёзаётган қаҳрамонининг касб-кори сирларини аниқ билиши керак. Ўша касб эгаларининг руҳиятини билиши керак. Бўлмаса, китобхон ишонадиган асар ёзилмайди.
 Ҳамиша кўплаб романлар ёзган ёзувчилар ҳаётига қизиққанман, ҳавас қилганман. Ана ўшалардан бири – америка ёзувчиси Уильям Фолкнердир. У “Мағлубиятга учрасам ҳам майли”, деган аҳд ила астойдил ижод қилган ва ўттиздан ортиқ романлар яратган. 1949 йилда Уильям Фолкнер Нобель мукофотига сазовор бўлган.
 Мағлубиятлардан чўчимай ижод қила билиш ҳам катта жасорат эканига амин бўламан. Бироқ бу қадар жасоратли қаламкашнинг катта билими, ҳаёт тажрибаси бўлиши, шу билан бирга унинг юрагида китобларга киришга арзугулик инсонлар Уильям Фолкнердир қаҳрамонлар яшаши керак.
 Мана шу кунларда, 2012 йилнинг энг чиройли дамларида ушбу китобимни иштиёқ билан ёзяпман. Гуллар рангига қўшилиб, дарахтларнинг кўм-кўк либосларига қўшилиб, гўё мен ҳам ёшариб ёзяпман. Аслида, уни ким кутяпти? Уни ҳатто чоп эттиришга юрак ҳам бетламайди. Бунақа китобни Шукур Холмирзаевга ўхшаган машҳур адибларгина ёзса, кейин одамлар ҳазм қилиши мумкин. Бу ҳақда кўп истиҳолалар қилиб, ўйлаганимдан бўлса керак, бир куни: “Сен ўзингни камситма, инсон деган шеър келди. Ростдан ҳам қачонгача ўзимизни камситамиз? Қалам ёзиб турибдики, бу кўнгилнинг вужуд ичра машҳурлиги эмасми!” – деб ўйладим. Кейин шундай қарорга келдим:
 “Қалам ёзяпти. Демак, кўнгил ёзяпти. Илҳом келяпти. Илҳомсиз бир сўз ёзилмайди-ку! Қалам ўз-ўзидан ҳеч қачон юрмайди-ку! Қоғозларга тўкилаётганинг муборак бўлсин, эй Дил! Демак, одамларга айтадиган иссиқ сўзинг бор…”

* * *

 Яқинда телевизорда кўрдим. Ўзбекистон халқ рассоми Ортиқбой Қозоқов ўзи учун кундаликлар ёзишни одат қилган экан. Рассомлик йўлидаги машаққатлар, картиналар яратишдаги изланишлар, туйғулар, ранглар, ҳайрат ва ҳаяжонлар… Айни пайтда ўша кундаликлар беш томлик асарга айланибди ва Театр ва рассомчилик институтида дарслик сифатида ўқитилмоқда. Кимгадир бу юмуш зарурат сабаб юклатилганда ҳам у бу қадар табиий яратилмаса керак эди. Ақл ва туйғулар уйғунлигидаги дарслик ҳар бир ёш мусаввир учун умрбоқий сабоқ бўлиб қолади. Ҳам рассом, ҳам ёзувчи, ҳам дарслик яратган устоз! Аллоҳ бу рассомимизнинг битта қаламига кўп иноятлар ато этибди.

* * *

 Ёзиш учун энг яхши пайт – баҳор, куз, қиш дейишади. Мен учун эса баҳор! Унинг ҳар бир куни гул сўздай. Яратганнинг иноятларини қаранг, ким сизга шунча гул ҳадя этади? Ким сизга шунча атру ифорлар тутади? Ким сизга шунча офтобларни тўкади? Ким сизга шунча ризқ беради? Уни ер бағрида ким ярата олади? Бу неъматларнинг таърифига етиб бўлмайди.
 Айни баҳор… Ҳозир…ҳозир… Бутун она-Ўзбекистонни пиёда кезгим келяпти. Тупроқларини кўзларимга суртгим келяпти. Қарангки, шу сулув баҳор бағрида туриб ҳам уришиб-жанжаллашадиларми-а? Одамлар, ҳей одамлар, ҳайратланишга ўзи Вақт етмаяпти-ку! Гўзалликни қаранг, чексиз-чегарасиз… Тўрт томонга қаранг… гул, яшиллик…гул, яшиллик… Апрель – шунақа сулув ой.

 Беҳилар, олчалар гуллаган,
 Ўрикнинг шохлари – ғўрадир.
 Бодомлар рўмолин сидириб,
 Ям-яшил чодирга киродир.

 Кўм-кўкдир, кўм-кўкдир тўрт тараф,
 Ой Ерга интилиб ҳалакдир,
 Юлдузлар тун ичра сирлашар,
 Баҳорга парвона – фалакдир.

 Гўё бу ошиқлик замони,
 Ҳар юрак бир қўшиқ айтмоқда,
 Ғафлатни нари сур, эй кўнгил,
 Яна бир баҳорим ўтмоқда.

Ҳозиргина телевизорда-“Ёшлар” телеканалида бир кўрсатув бўлди.
 – Ҳар бир асар эътирофга муҳтож, деди олимлардан бири. – У хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон…Ёмон китобнинг ҳам ўз ўқувчиси бўлади. Энг муҳими, уни кимдир ўқияпти.
 Ҳа, ўқиётган дақиқада инсон руҳиятида ўзгариш содир бўлади. Айниқса,китобни мазза қилиб ўқисанг,янги бир оламга кирасан.Ўзингни қайтиб келган янги баҳор ичида сезасан одам. Ростини айтганда, ким мажбуран китоб ўқийди? Кўзининг нурини тўкиб, кимдир астойдил китоб ўқиётган экан, билингки, ўша яхши китоб.Демак, у ўзига тортяпти, ўзига боғлаяпти.
 – Адабиёт ҳақида битта кўрсатув билан кифояланиб бўлмайди, –деди давра қатнашчилари. – Адабиёт ҳақида ҳар куни гапиришимиз керак.
 Қишдан чиқаётган совуқ кунларда иккита эркак жасади бирин-кетин сувдан топилгани ҳақида айтилди. Яна гоҳ-гоҳ ўз жонига қасд қилганлар ҳақида эшитилиб туради. Демак, улар руҳиятида тушкунлик, ҳаёт гирдобларидан чиқолмаслик ҳолатлари рўй бергани шубҳадан холи эмас. Агар улар бирорта китоб ўқишганда эди, албатта, унинг ичидан ҳаёт рангини топишарди, кўришарди. Ўша ранг уларни қутқариб қолса ажаб эмас. Ҳаётга ошиқ одамлар Яратгандан фақат умр сўрайдилар.
 
* * *

 Ушбу битикларим ичра гоҳ шод, гоҳ маҳзун қадам ташлар эканман, инсон умри ҳақида узоқ-узоқ хаёлларга толаман. Уй пойдеворсиз, устунсиз бўлмагани каби умрнинг ҳам ўз таянчлари бор. Илк устозларим – отам Деҳқонбой Отажонбой ўғли, онам –Пўлатхон Нишонбой қизидир.
 Дадамнинг отаси Отажонбой бувам 1933-йилда мулкдор бўлгани учун Тожикистонга сургун қилинган. Бувам поезд вагони ойнасидан бошини чиқариб, хайрлашаётганида, кўзидаги шашқатор ёшлари оппоқ, чиройли юзларини ювиб, нигоҳлари умидсиз, ниҳоятда илтижоли бўлган.
 – Аҳмаджон, мен сизга ишонаман, шу ёлғизгина боламни эҳтиёт қилинг.Уни сизга омонат ташлаб кетяпман. Мендан зурриёт қолсин, жон Аҳмаджон. Биздан зурриёт қолсин… – дея зорланган.
 Дадамнинг тоғаси – Аҳмаджон Отажонбойга содиқ бўлиб қолди. Умрининг охиригача оталик қилди. Қулоқлар боласини шўро мактабига олишмади. Ўшанда тўққиз ёшли Деҳқонбой жиянини ўз номига олиб, унга Аҳмедов деб фамилия берди.
 Отажонбой бувамизнинг ниятлари ижобат бўлганки, отамиз Деҳқонбой Аҳмедов 1941–1943 йилларда II жаҳон урушида қатнашиб, чап қўлидан, ўнг кўзидан яраланиб, эсон-омон қайтди. Уйланиб, саккиз фарзанд кўрди. Не бахтки, Отажонбойнинг зурриётлари энди Файзиобод оша Фарғонада, Тошкентнинг турли манзилларида яшаб, умргузаронлик қилмоқдалр.
 Отажонбой бувамизни кўрмаган бўлсам-да, ҳар лаҳза меҳрини ҳис этиб тураман. Битта жиянимизнинг исмини Отажон қўйишган. Шу жиянимиз 2011 йилда ижарага олма боғи олиб, парваришлади. Бу боғ ўшанда шундай мева бердики… Қип-қизил беш юлдуз нақш олмалар шохларини кўтаролмай, ерларга эгилди. Териб, сотиб, улгуриб бўлмасди. Отажон тез-тез қариндошларга қопларда олма тарқатарди. Гўё Отажонбой бувамиз бизларга олма улашиб юрганга ўхшарди. Одамларнинг, билган кексаларнинг айтишича, мулкдор Отажонбой ўз топган-тутгани билан кўп ночорларни боққан экан.
 Кўнглимдги тўлқинларим, чўғларим, яъни одамларни яхши кўришим онамдан ўтган. Айниқса, қўли калта одамларга қайишгим, ёрдам бергим келади. Бироқ моддий ёрдамлашишга ортиқча имконим бўлмади. Уларни меҳрим билан суяшга интилдим. Кўнглимдан қайнаб чиққан сўзларимни ҳеч қизғанмай ҳадя этдим. Китобларимни улашдим. Ақлим –отамдан ўтгани рост. Иқтисодчи отам каби мен ҳам ҳисоб-китобни яхши кўраман.
 Назаримда, отамдан, онамдан ўсиб чиқдим. Ижодга рағбатимни биринчи бўлиб отам пайқаганлар. Вилоят газетасига боргин, деб маслаҳат берган. Фарғона Педагогика институтига имтиҳон топшираётганимда, институтга киришимга йўллар излаб, отам ўша атрофларда гирдикапалак бўлиб юрганлари кечагидек эсимда. Отам:
 –Нимага ёзмаяпсан? – деб гоҳи сўраб турардилар.
 Отамдан кейинги устозим – Йўлдош Сулаймон бўлди. Шогирдларини кўзининг қорачиғидай авайларди. Ҳатто оғзидагини илинарди. Устоздаги меҳрни кўриб, кўзларимдан ёш чатнаб кетарди. Охунжон Ҳакимов, Малика Мирзаева, Йўлдош Солижонов, Ҳаётхон Қурбонова, Маҳфуза Усмонова, Тошкентда Ойдин Ҳожиева, Иброҳим Ғафуров, Пиримқул Қодиров, Икром Отамурод, Мурод Хидиров, Маъсума Аҳмедова, Абдуқодиржон Ниёзовлар ёзувларимга назар ташлаб, илиқ сўзлар айтганлар. Маслаҳатларини аямаганлар.
 Одам эллик ёшга етганда, бир ортига қарайди. Ўшанда ҳам дунёни у қадар англамайди. Ўшанда ҳам Ернинг елкасида атрофни томоша қилиб тургандай,ҳа,ҳали вақт бор, деётгандай бўламиз. Гўё юз ёшга етамизу, ҳали ярим умр бизни кутиб тургандай. Одамлар бекорга “Пайғамбар ёши” дейишмас экан. Пайғамбар ёши, яъни олтмишдан ўтгандан сўнг, одам кун сайин Ерга яқинлашиб боради. Ўтган умрига тез-тез назар ташлайди. Кўнгли тўлади ё тўлмайди. Бу фикр қошида тўхтаб қоламан. Умримдан кўнглим тўлдими? Оҳистагина “ҳа”, дегим келади. Нега? Негаки, бешта фарзанд, ўн бешта набираларим бўлса, уларга фақат яхшиликни ўргатдим. Ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмадим. Бир куни бир китобда ўқиб қолдим.
 – Амалда қилгандан кўра ниятда қилганнинг савоби кўпроқ, – деб ёзилган экан.
 Мушоҳада қилдим. Нима учун? Ўзимдан жавоб топдим. Амалда қай бир камбағалга моддий ёрдам бергим келяпти. Ўзимдан орттириб, унга бир қоп ун ҳадя қилишим қийин. Лекин унга астойдил Аллоҳдан тилаб қўйсам-чи… Яратганннинг инояти, марҳамати кенг. Холис ниятим, тилагим ижобат бўлса, унга чор тарафдан оқиб келиши ёки кетмас давлатларга рўпарў бўлиши ҳеч гап эмас. Шу жиҳатдан қараганда, қай бир кўзи ёшлини кўрсам, албатта унга муродини Худодан сўрайман. Кўнглим ёруғ бўлади, енгил тортаман. Каттами, кичикми, ёзганларим одамларга илинганларимнинг томчилари деб биламан.
 Инсон армонсиз бўлмас экан. Қанча меҳрлар кўнглим ичинда қолди. Гўё қай бир булоқларимнинг кўзлари очилмади. Афсус чекмайман. Негаки, зўрма-зўракилик билан кўнгилларга етиб бўлмайди. Балки шундай дея ўзимни овутаётгандирман. Барибир, адабиёт яхши, қалам яхши, қоғоз яхши. У абадиятга туташади. Одамлар китобларимни сотиб олишганда, уларни ўқиб, таъсирланиб, дил сўзларини изҳор этишганда, мени сўроқлаб, уйимга кириб келишганда, бахтиёр бўлдим. Умримнинг юлдузли онларини ўша лаҳзаларда кўрдим.
 
* * *
 
 Гул сўқмоқларнинг хотимасини негадир насрий назмларда битгим келди. Яъни…кўнглим мамлакатида Малика бўлдим бугун. Чор тарафда сайроқи қушлар наво қиладир. Райҳон, жамбил бўйлари тутиб кетар ҳавони. Пойимдадир майсалар, гиёҳи неъматлари. Гўё улар дардларга тутар мингта шифони. Осмонда қуёш – шоҳдир, ҳадялари адоқсиз. Чучмомалар, ялпизлар, атрофларим –гул, чаман. Дилимда сайрар бир қуш, тирикликдан айтар сўз…
 Бисотимда неки бор, дунё, сенга улашсам. Ширин дийдорлар ичра энтиксаму, адашсам. Бир кафт тупроқ ишқини битса азим кетмонлар, биламан, унда унар ризқ, насиба, имонлар. Кўзларим юлдуз бўлган, қўлларимда хинолар, қошларим қундуз бўлган сув тутишиб ўсмалар. Хаёлларим гул бўлган, дилим ичида булбул. Билингки, азизларим, дилга келибди баҳор! Дилга келибди баҳор!
 
* * *

 Ҳислар қилар тўполон. Ёзиб-чизиб кун ўтар. Қаламни маҳкам ушлаб шошаман, тошаман, кейин… Нималар ёздим, дея термуламан уларга. Улар –кўнглим мулкидир.Улар худди, бамисли кўзёшимдай тўкилди. Демак, улар-ростларим, яшашга ҳавасларим. Топганим-тутганларим, ҳайратим, ғайратларим. Ёмонми ё яхшими? Кўзёш тиниқ-ку ахир, ишонаман уларга.
 Азизлар, жонкашларим, бу рангли сўқмоқларда, яшил, гулгун, нопармон, оппоқ, қизил, сиёҳранг… Улар ичра мен борман. Фақат, фақат Сиз мени шу сўқмоқлардан изланг. Гул сўқмоқлардан изланг…

 Фарғона, 2012 – 2013.