Яқинимиз Соня холанинг порлоқ хотирасига бағишлайман.
Атроф жимжит. Ҳовлидаги дарахтлар кузги шабадада аста чайқалади. Чорпояга туташ олма дарахтидан ғарқ пишган олма ерга “тап” этиб тушади.
Чорпоя чеккасида омонатгина ўтирган хола бу овоздан чўчиди, сўнг ўрнидан чаққон туриб, ердан олмани олди. Сап-сариқ олма чошгоҳ қуёши нурларида товланди.
— Ҳа-а, дунё деганлари шу экан-да, — ўзича сўзланди хола.
У бу билан пишиб ерга тушган, шу билан ўз умрига нуқта қўйган олма ҳақидами ё умуман, ҳаёт ҳақида гапиряптими, уни кузатган одам буни дабдурустдан англолмасди.
Бир пайт чорпоя рўпарасидаги уй эшиги очилди. Остонада йигирма ёшлардаги қиз кўринди.
— Рихси хола, кираркансиз, бувим сўраяпти¬лар, — деди қиз ҳорғин.
Хола эшик олдига борди. Шу ерда бир оз туриб қолди-да, сўнг шаҳд билан остонадан ҳатлади. Уй ичкарисига кирди.
Хонадаги сукутни ташқаридан кириб қолган пашшанинг ғинғиллаган овози бузарди. Уй тўрига қўйилган катта сим каравотда, агар чойшабдан чиқиб турган қоқсуяк қўллар бўлмаса, биров ётганлиги ҳам сезилмасди. Хола аста каравотга яқинлашди.
— Ойша, тузук бўлиб қолдингизми?
Шунда бемор “ялт” этиб келувчига қаради. Унинг чеҳрасидан дард азоби сезилмас, ич-ичига чўккан мовий кўзлари, бир бурда бўлиб қолган оқарин¬қираган юзлари осойишта кўринарди.
Бемор бошини аста ирғади. Нимадир демоқчи каби қўшнисига юзланди.
— Рихси…
Холанинг хотирасида олис йиллар воқеаси жонланди…
— Менинг исмим Айше, — деди қиз табассум билан.
Қиз баланд бўйли, елкасида сарғиш сочлари мавжланиб турганга ўхшар, мовий кўзлари чарақлаб, кишини ўзига тортиб турарди.
“Туробнинг хотини кўҳликкина экан”, деган фикр ўтганди унинг хаёлидан илк бора Ойша билан танишганида.
Ҳа, ўшанда “Туроб ота-она розилигисиз қрим-татар қизга уйланибди, келин ўртоғиникида эмиш”, деган гап тарқалди. Эсида, ўшанда маҳаллада озмунча шов-шув бўлмагандими, э-ҳе…
Ахири келин ҳам келди. Келинни кўрмасдан, билмасдан маҳобат қилганлар ахири тинчидилар. У ҳам ўзлари қатори бир инсон экан. Йўқ, келин бу ҳаётга тез кўникди, эпликкина, пишиқ-пухтагина чиқди.
— Келдингизми…
Холанинг беихтиёр хўрлиги келди.
Эшикда қораси кўриниши билан уни Ойша шу сўзлар билан қарши оларди.
Эҳ-ҳе, шу сўзларга у қанчалик ўрганиб қолганди. Ҳаётда нималар ўтмайди. Юраги сиқилса, ғам-ташвишлардан эзилса, шу қўшниси билан дардлашарди… Ҳа, яна рўпарада боғ қўшниси Роҳила бўларди. Учаласи биринчи бор қаҳва ичгандилар. Ичлари яйраб, миялари тиниқлашгандай бўлганди ўшанда. Шу-шу, улар Ойша янчиб, қайнатган қаҳвага ҳам шерик бўлдилар. Қаҳвага ҳам шу Ойша ўргатганди уларни. Роҳила ҳам раҳматли бўлиб кетди. Кексалик экан-да, бурноғи йили шундайгина зинадан йиқилиб тушди-ю, ўлди-кетди. Парвардигори олам, ким нима сабаб билан бу дунёдан кетади — ўзи билади.
Кейин уларнинг давраларига қўшни қишлоқдан маҳаллаларига кўчиб келган Мамлакат ҳам қўшилди. Жуда шаддод эди-да, тушмагур. Тўй, аза, борингки, бирон маърака унингсиз ўтмасди. Барини тинчитарди, Худо ярлақагур. Роҳила ўғлини уйлантираётганида тўйда эркакча кийим кийиб олиб ўйнаганди. Роса тўйни қизитганди ўзиям. Ўшанда тўйлар қизиқ бўларди-да. Ҳозиргиларникига сира ўхшамасди.
Қаҳратон қиш, совуқдан тишлар бир-бирига тегиб, такиллайди. Ахир қишлоқда тўйлар қишда бўларди-да. Сабабими? Сабаби — қишлоқ аҳли деҳқон, ёзнинг ҳар лаҳзаси ғанимат. Ҳосилни йиғиб-териб, кейин қишда оёқни узатиб, бемалол тўй қилади-да.
Ўртада гуриллаб гулхан ёниб туради. Дўмбира, чилдирма, карнай-сурнай садолари авжига чиқади. Олдидаги олов чўғлари сўнаёзган дўмбирачи зўр бериб дўмбирасини чалади, сурнайчи қип-қизил лунжларини шиширганича, сурнай чалади. Одамлар совуқ қотганларидан ҳам даврадан чиқмай ўйнайверардилар, ўйнайверардилар… Ҳа, ўша тўйларга етадиганини кўрмади. Рисолат ҳам кетди Уч-тўрт йил бўлди. Холанинг кўнгли ўксиди. Ҳа, улар кетди. У негадир ўзини ёлғиз сезди. Кўзига ёш келди. Мана, Ойша ҳам…
— Рихси…
Хола ўзига келди. “Ялт” этиб, беморга қаради. Беморнинг кўзлари олазарак бўлди.
— Яхши-ёмон гаплар ўтган бўлса…
— Ие, Ойша, сира ундай деманг, ҳали яхши бўлиб кетасиз, ҳа…
Холанинг юраги орқага тортди, шоша-пиша шундай деди. Бемор индамади. Орага сукут тушди.
— Рихси хола, бувим толиқдилар… — қиз унинг ёнига секин келди-да, шивирлади: — Энди дам олсинлар…
Рихси хола тиззаларига суяниб, ўрнидан турди. У дугонасидан кўз узолмай, аранг эшикка йўналди. Жим-жит ҳовлини тарк этди.
…Ташқари шовқин эди. Болалар ўйиндан зерикмай, уёқдан-буёқдан чопишади, кимдир чеккада машина тузатади, кимдир деворга мингашиб олганча пахса уради.
— Бўл, лойни узат! — деб бақиради ҳамроҳига.
Олди қиш, кун ғанимат. Кўча бошида, ариқ чеккасида қўшни келинлар тизилишган. Улар туриб олганларича бир-бирларига гап бермай нималарнидир муҳокама қиладилар, баҳслашадилар.
Холанинг кўнгли бирдан ёришди, бояги маҳзунлиги пича тарқади. У, Роҳила, Мамлакат, Ойша… улар ҳам шундай эдилар. Шундай ёш, шундай шаддод…