Маъсума Аҳмедова. Тақдир (ҳикоя)

Уйдан кўнгли хира бўлиб чиқди. Чорпояга суянган онаси ҳовлида уруғ бойлаган серяпроқ садарайҳонларга тикилганча деди:
— Ҳа-а, бу ёз ҳам ўтди-я.
Васила онасининг фикрини уқди. Онаси бу ёз ҳам бесамар ўтди, бу йил ҳам тўй қилолмадик, демоқчи. Ҳар йил шундай ўтади. Онаси ҳар ёз фасли нимадандир умидвор бўлади, эл-юрт, маҳалла-кўй олдида юзи ёруғ бўлиб, қиз узатишни астойдил ният қилади.
Васила туфлисини шоша-пиша оёқларига илди, тезроқ уйдан чиқишга ошиқди.
— Доим шундай, гапирсам, эшикка чопасан, — онаси жаҳл билан қаршисидаги нон ўроғлиқ дастурхонни нари сурди.
— Нима қил дейсиз бўлмаса? — Васила онасига иддао билан қаради. — Энди эълон берайми?
— Эълондан берироғини қила тур! Уёқ-буёғингга қараб иш қил. Бўлди, танлама. Ўн саккиз ёшмидинг? — Онаси жаҳл билан ўрнидан «лик» этиб турди.
Васила ҳозир онаси билан айтишиб қолишига кўзи етди-да, эшик томон чопди. Кўчага чиқди, кўзларига қуйилиб келган шашқатор ёшларни кафти юзаси билан артди. Беихтиёр узоқдан келаётган автобус томон интилди. Шу аснода ишхонага қандай етиб келганини билмай ҳам қолди. Эшик тешигига калит соларкан, ичкарида бетўхтов телефон жиринг-жиринг этди.
— Уф, намунча! — телефон жиринглаши асабини бузгандан-бузди.
У хонага кирди-да, жаҳл билан телефон гўшагини кўтарди. Бир он жавоб бермай туриб қолди.
— Алло, Алло! — симнинг у томонидан эркак овози сўроқларди.
— Нима? — Қиз зарда билан овоз берди. — Сизга ким керак ўзи?
— Менга Василани чақириб бера оласизми? — Сўровчининг овозида буйруқдан кўра илтимос оҳанги кўпроқ эди.
— Мен Василаман, гапиринг, — беихтиёр қиз вужудини қизиқиш эгаллаб олди.
— Менга телефонингизни беришувди, сиз билан учрашсам бўладими?
Васила бирдан зийрак тортди.
Ҳа, бу — унинг жуфти бўлишини, оилали бўлишини хоҳлаб, ҳамиша куёв излаб юрувчи ишхонасидаги Меҳри опанинг иши. У тунов куни, Васила, сизга бир куёв топдим, хотини қазо қилган, ўзи доцент, илмли одам, деб суюнчи олаётувди. Э, Меҳри опа сингари ғамхўр опалардан унинг кўнгли қолган ўзи. Шунча одам топади-ю, бирортаси, ўлсин агар, пичоққа илинса.
— Бўлади, қачонга дейсиз? — деди энсаси қотиб ўзига хос бўлмаган дадиллик билан.
— Эртага вақтингиз қандай? — деди эркак, чамаси қизнинг дадиллигидан ҳайрон қолиб.
Васила кимга зарда қилаётганини ўзи ҳам билмай, деди:
— Эртани кутиб нима қиламиз? Бугун ишдан кейин келақолинг.
Келишдилар. Васила телефонда гаплашаркан, негадир унинг эрталабки кўнгил хиралиги тарқади. У беихтиёр деворга илинган кўзгуга ўзини солди. Кўзгуда ҳали қизлик малоҳати тарк этмаган хушрўй чеҳра акс этди. Қизнинг кўзлари ости қовоқларида майда ажинлар из тортган, ҳамиша таранг юз терилари салқиб қолган эди. Эгнидаги нафис, мовийранг шоҳи кўйлаги ҳам назарида кифтларида осилиб, шалвираб қолганга ўхшарди.
Васила кўзгудан ҳафсаласи пир бўлди, аста жойига ўтириб, ҳозиргина ўзи гаплашган телефон аппаратига тикилиб қолди. Беихтиёр кўнгли ёришди. Овозидан басавлат, келишган йигитга ўхшайди, беихтиёр кўнглида умид пайдо бўлди. Аслида у қандай одам экан?
Бир иш кунини янги умидлар билан орзиқиб ўтказди.
Васила янги одам билан бўладиган учрашувни ҳар сафар ва ҳаяжон билан қарши олади. У одатича дераза табақаларини очиб, кўчага қаради. Бирдан кўзи шундоқ дераза рўпарасидаги трамвай бекатига тушди. Шоша-пиша деворга илинган соатга қаради: ўн беш дақиқаси кам олти. У қизиққандан-қизиқиб бекатга тикилди. Бирдан қизнинг юраги орқага тортди. Бекатда уч-тўрт нафар бола-бақра ва кўримсизгина гавдали, оқ кўйлакли, қўлтиғига қандайдир папка қистирган одам турарди. Учинчи қаватдан эркакнинг бошидаги тепакали қуёшда ялтираб кўзга ташланди.
— Шу, шу… — Василанинг лаблари пичирлади. Ахир унинг ўзи учрашувни трамвай бекатига тайин этган, бу ерда киши бир-бирини топиши осон эди.
Трамвай бекатга келиб тўхтади. Улов кутувчилар трамвайга чиқдилар, манзилига етганлар тушиб, кўчанинг нариги томонига ўтдилар. Бекатда атрофга олазарак қараган биргина эгнида оқ кўйлаги ҳалвираган, озғин, тепакал одам қолди, холос.
Худди ўзи! Шубҳага ўрин қолмаган эди. Қизнинг лаблари титради.
— Хайр бўлмаса, — ҳамкасабалари бирин-кетин хонани тарк эта бошладилар.
Ҳа, улар Василанинг уйига шошилмаслигига кўниккан, уларнинг ўз рўзғорларига ошиқишлари эса ҳар сафар қиз кўнглини чўктирар эди.
У энди нима қилсин? Учрашувга борсинми? Мен сизни танидим, юринг, гаплашайлик, десинми? Йўқ, йўқ, ўзига ёқмаган одам билан қандай бирга ўтиради? Ҳамон гаплашолмас экан, қандай қилиб рад этади?
Бирдан кўнгли ўксиди. Онасининг айтганини қилиб, кўзини юмиб тегиб кетаверса-чи? Йўқ, йўқ! Унинг елкалари силкинди, кўзларига ёш келди. Ўз пешонасидан ўпкалади. Ахир у ҳам дунёга бир марта келган-ку. Ана шу одам билан қандай қилиб бир тўшакда…
Йўқ! Қизнинг хўрлиги келди, ўпкаси тўлди. Бошини столга қўйди. Шу зайлда қанча ўтиргани эсида йўқ, фаррош хотин хонага кирди. Стол-стулларни нари-бери сурди.
— Кечирасиз, ўрнингиздан турсангиз, йиғиштириб олардим, — деди.
Фаррош аёлнинг бетакаллуф овози ғазабини қўзғади. Зарда билан ўрнидан турди. Деразадан кўчага қаради. Трамвай бекатида бояги одам йўқ, бир-икки ўткинчилар турарди. Васила негадир енгил тортди. Сумкасини билагига илди. Энди қаёққа борса экан? Уйгами? Эрталабки дилхираликдан сўнг қандай қилиб уйга боради? У одатда ана шундай дилхираликлар ўтгач, уйга бормас, қадрдон дугонаси Гўзалникида тунаб қоларди. Гўзал онасига қўнғироқ қилар, ора совигач, эртаси уйига қайтарди. Ҳозир бундай қилолмайди. Гўзал чет элда ишлаётган эрининг ёнига кетган эди. У мақсадсиз кўчага чиқди, боши оққан томонга йўл солди. Бир маҳал ёз сўнгида янада тиниқлашган сўлим анҳор соҳилида қад кўтарган ёзги қаҳвахона қаршисидан чиқиб қолди.
Беихтиёр қаҳвахона томон бир-икки одим ташлади. Қаҳвахона сокин, ҳали шом тушмаганлиги учунми, одам сийрак, оппоқ дастурхонлар ёзилган, шинам столлар кишини ўзига чорларди.
Васила ортиқ иккиланмасдан шундоқ анҳор соҳилига туташ қўйилган столга ўтди. У курсига ўтирганча оҳиста оқаётган кўм-кўк сувга термилди. Ҳа, у шу ерда севган кишиси билан ўтириб, бахтиёр, шод лаҳзаларни бошдан кечиришни нечоғли орзу қилган эди! Орзуидаги севгилиси албатта баланд бўйли, келишган, сахий, меҳ-рибон, самимий йигит бўларди. Йигит уни шундай оташин муҳаббат билан севарди…
Буларнинг бари-бари, афсуски, хаёлида ширин орзулигича қолиб кетди. Қиз шундай ширин лаҳзаларни бошидан кечирмади. Пешонаси қурсин…
— Мумкинми?
Васила дабдурустдан айтилган овоздан чўчиб тушди. Хаёли қочиб, гапирувчига бошини кўтариб қаради. Қаради-ю, бирдан юраги «шув» этди. Не кўз билан кўр-синки, қаршисида трамвай бекатида учрашишга аҳдлашган ўша одам турарди. Васила ҳозир қандай аҳволга тушганини бир ўзи ва Оллоҳ билади.
«Ўлар, олдига чиқмаган, уни кўрмаган бўлсам, қаёқдан танисин?» — Қиз аста ўзига келиб, ичида тасалли берди.
— Бўш жой кўп-ку? — у ҳаловатини бузгани учун бу одамдан норози бўлиб деди.
— Ҳа, ҳа, тўғри. Лекин қарасам, сиз ҳам ёлғиз, мен ҳам ёлғиз, бирга ўтирсак, зерикмасдик, дейман-да, — бу одам гапдан қайтмади, фавқулодда сурбет чиқиб қолди.
— Сира зерикаётганим йўқ, — қизнинг энсаси қотиб, шартта деди. Боринг йўлингиздан қолманг, ҳаловатимни бузманг, деб ҳайдамоқчи бўлди ва оғиз жуфтлаб, унга қаради. Шунда йигитнинг ўзига қараб кулиб турган кўзларига кўзлари тўқнашиб, индаёлмай қолди. Унинг нигоҳларида кишини авайловчи алла-қандай ифода бор эди.
— Майлими? — йигит шундай деб курсини ўзи томон тортиб, ўтирди.
— Ўтириб бўлдингизу тағин рухсат сўрайсиз-а, — Василанинг негадир кулгиси қистади.
Йигит Василанинг овозидан юмшаганини сезиб, қўлтиғида қистирган папкасини бемалол олиб, столга қўйди. Уёқ-буёққа аланглади. Шунда кабобпаз олдида гап сотиб турган официант қизлардан бири етиб келди.
— Лаббай? Нима буюрасиз? — Қиз фартуғи чўнтагидан блокнот билан қалам чиқарди ва таомларни санаб кетди.
Йигит савол назари билан Василага қаради:
— Қайсиниси маъқул?
Васила ўнғайсизланиб, деди:
— Нега мендан сўрайсиз? Истаганингизни буюравермайсизми?
— Ҳайрон бўлманг. Аслида мен бугун учрашувга чиққандим. Мен кутган қиз негадир келмади. Шунинг аламига сизни меҳмон қилмоқчиман, — дея кулди йигит.
Васила унинг бу сўзларидан ўзини қўярга жой топмади, ёноқлари уятдан ёнди. Хайрият, ҳамроҳи унинг бу ҳолатига разм солиб ўтирмади, официант қизга юзланганча таом буюрди. Официант қиз буюртмани олганча нари кетди.
— Қани, гапиринг, — йигит яна унга юзланди.
— Нимани гапирай? — деди Васила ҳайратдан лол қолиб.
«Ғалати экан-ку бу одам. Ёки мени кузатиб, изимдан келганмикин?» — у шубҳа билан ҳамроҳини зимдан кузатди. Ҳамроҳи хотиржам ўтирарди.
— Ўзингиз ҳақингизда, масалан, исмингиз нима, нима иш қиласиз ва ҳоказоларни гапиринг-да.
Васила нима дейишини билмай қолди. Агар ростини айтадиган бўлса, бари фош бўлади-ку. Бу одам у ҳақидаги маълумотларни аллақачон Меҳри опадан билиб олган-ку.
— Оилалиман, учта болам бор. Эрим ташлаб кетган, юрагим сиқилиб, шу ерга келдим, — у тўсатдан кўнглига келган гапларни айтиб ташлади.
Ҳамроҳи қизнинг гапларини индамай тинглади ва уни диққат билан кузатди. Васила гапирадиган гапини сўйлаб бўлди. Орага ўнғайсиз сукут чўкди.
— Шундай денг-а, — деди йигит анча вақтдан сўнг.
— Ишонмасангиз ишонманг, — Василанинг негадир жаҳли чиқди. Қизиқ одам экан-ку, нима иши бор? Мен унга ҳисоб беришим керакми?..
— Жаҳлингиз чиқмасин, —ҳамроҳи бамайлихотир курсига жойлашиб ўтириб олди. — Мен сиздан каттароқман. Бу ҳаётда унча-мунча тажриба орттирганман. Сизни дастлаб кўрганимда нималар хаёлимга келди, айтайми? Хафа бўлмайсизми?
Васила бу одамнинг кутилмаганда сурбетлигидан ғаши келди, аммо қандайдир қизиқиш, ўзга бир одамнинг ўзи ҳақидаги фикрини билиш истаги бутун вужудини чулғаб олди.
— Қани, айтинг-чи, — деди қиз.
— Сиз чиройли қиз бўлгансиз, ҳозир ҳам ҳуснингизни йўқотмагансиз. — У Василага диққат билан тикилганча, гапни узоқдан бошлади. — Яна бир нарсани айтайми?
— Ҳадеб ижозат сўрайвермасдан айтадиганингизни айтавермайсизми? — Василанинг хуноби ошиб, уни жеркиб ташлади.
— Қизишманг. Ҳа, айтсам-айтдим… Сиздақаларнинг оилали бўлиши анча оғир масала. Сиз ҳали турмушга чиқмагансиз.
Қиз ҳайратдан ёқа ушлади. Ҳа, бу ўша одам — билиб кўриб, изимдан келган! Бунга заррача шубҳаланмади.
— Нима, мени фош қиламан, деб ўтирдингизми олдимга? — деди у бўғилиб.
— Кўнглингизга оғир ботган бўлса узр. Баъзида киши дилдан гаплашгиси келади, кимгадир ёрдам бергиси келади. Биласизми, ҳозир бу ерга келишим қизиқ бўлди. Мен бировни кутдим, кутдим, келмади. Бирпас ўтириб, дам олай, овқатланай, деб бу ерга кирдим. Қарасам, четроқда сиз ўтирибсиз. Сизнинг ҳолатингиз мени ўзига тортди. Кўринишингиз шундай паришон, маъюс эдики… Худди севгилиси ташлаб кетган, изтиробда қолган ёш қизга ўхшардингиз.
Василанинг ичи ёришди, кулимсиради. Демак, у менинг изимдан келмаган.
— Азбаройи ачинганингиздан аччиқ-аччиқ гапларни гапираётган экансиз-да, — деди у пича юмшаб.
— Биласизми, баъзида аччиқ сўз ҳам кишига ёрдам беради. Худди тумов пайтида асқотадиган аччиқ қалампирга ўхшаб. Одатда сиз тоифа қизларнинг талаблари ҳам ниҳоятда катта бўлади. Улар фикрларида қатъий турадилар. Агар уларга кўнгилларига хуш келмаган одамни рўпара қилгудай бўлсангиз, балога қоласиз. Улар ўзларини ҳақоратланган, шўрпешона ҳис этадилар, бу дунёдан кўнгиллари қолади. Йиллар эса ўтаверади… — ҳамроҳи Василага маъноли қаради ва гапини маъқуллатганнамо бош ирғаб, деди: — Ҳа, ана шундай.
Васила жойида ўтиролмай қолди. Ўзини ноқулай ҳис этди. Шу пайт қўлида патнис билан официант қиз келиб қолди. Кетма-кет таомларни столга қўя бошлади.
Йигит официант қиз столга қўйган шампань виносини қўлига олди.
— Э, келинг, бу дунёнинг ташвишлари тугармиди. Қани, олинг, — у қадаҳларга шампандан қуя бошлади.
Васила унинг қатъиятидан таажжубда қолди. Унинг мутлақо вино ичиш нияти йўқ эди. Ҳамроҳи ҳеч иккиланмай қадаҳни унга узатди. Қиз қадаҳни қўлига қандай олганини ўзи ҳам билмай қолди.
— Қани, олдик, афсуски, исмингизни билмайман, бахт учун, сизнинг бахтингиз учун!
Васила шунда исмини айтиб юборай-айтиб юборай деди!
— Нега энди фақат менинг бахтим учун? — қиз ажабланиб сўради.
— Сиз ҳозир олинг, кейин айтаман.
Васила беихтиёр шампандан ҳўплади. Назарида бу одам билан анчадан буён танишдай, балки уни бир умр биладигандай эди.
— Бирор ният учун қадаҳ кўтарганда бирданига ичиб юбориш керак, — деди йигит.
Қиз ўзи ҳам билмай ҳамроҳи билан бирга винони бирданига ичиб юборди. Аста-аста вужуди яйради, ўзини эркин сезди. Негадир ҳозир бу одамни биринчи марта кўрганида ёқтирмаганига ўзи ҳайрон эди.
— Ҳамон сиз менинг бахтли бўлишимни хоҳлар экансиз, нима қилиш керак, деб ўйлайсиз? — Қиз тўсатдан ҳамроҳини саволга тутди.
— Ҳақиқатга тик қаранг.
— А?
— Начора, кўнгил ҳамиша ёш — умр эса ўтиб бораверади. Муҳими — биринчи қадамни қўйиш.
— Нима, сиз мени ёқтирмаган одамингизга ҳам рози бўлиб кетаверинг, демоқчимисиз? Биламан, умр ўтган, катта бўлиб қолганман. — Васила ҳеч қачон ич-ичида ўзи кўнмайдиган, тан олмаган ҳақиқатни кутилмаганда тилига чиқариб юборди. Лекин менинг ҳам бахтли бўлишга ҳаққим бор-ку. — Василанинг беихтиёр кўзларига ёш келди.
— Тўғри, тўғри, — йигит кутилмаганда қизнинг бу ҳолатидан қўрқиб кетди. Чамаси, у воқеаларнинг бу тарзда ривожланишини кутмаган эди. Тезроқ бу мавзудан нари чекиниш учунми, деди: — Келинг, энди бу ҳақда гаплашмайлик. Албатта, ҳар бир кишининг бахтли бўлишга ҳаққи бор. Мана кўрасиз, ҳали бахтли бўласиз ҳам. Биласизми, мен нима учун сизга бу гапларни айтаяпман? Ўша қизнинг боя учрашувга келмаганлиги менга ёмон алам қилди.
Васила унинг гаплари самимий эканлигини сезди.
— Балки бирор иши чиқиб қолгандир, — деди негадир ўзини оқлаётгандай.
— Йўқ, йўқ, у мени четдан кўриб, кузатиб турганлиги аниқ эди.
— Нималар деяпсиз? — Васила беихтиёр ўзини-ўзи ҳимоя қилаётгандай деди: — Сиз унинг шундай қилганлигини кўриб қолдингизми?
— Бунинг учун уни кўриш шарт эмас. Узоқдан, масалан, тепадан трамвай бекатини кузатиш мумкинлигини билиш эмас. — У қизнинг ҳайратда қотиб қолганини кўриб, изоҳ берди: — Биз трамвай бекатида учрашмоқчи эдик. Менимча, унинг ишхонаси кўчага қараган, бинонинг учинчими-тўртинчи қаватида жойлашган бўлса керак. У мени ўша ердан кўрган-да, ваҳимага тушган. Шу одам-а, ана шу одамга тегаманми? Ана шу тепакал, жиккаккина одам билан бирга… бирга яшайманми, деб.
Васила бирдан қизиб кетди, аъзойи бадани алангайи оташ бўлиб ёнаётгандай бўлди.
— Нега у билан учрашмоқчи бўлдингиз? — Қиз қизишгандан-қизишиб деди: — Шундай доно экансиз, нега биров топган одам билан танишиб, унга уйланмоқчи бўлдингиз?
Йигит қизнинг бундай қизишига парво қилмади, бирдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
— Тўғри, жуда тўғри, — у кулгидан кўзлари ёшланиб деди: — Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандалармиз. Ростини айтсам, ўзим ҳам билмай қолдим. Ўша қизни менга роса мақташди-да. Қизиқиб қолдим. Лекин бундай қилиб уйланиб бўлмайди, тўғри айтасиз. Келинг, шу гапларни қўяйлик. Бўлгани бўлар-да…
Йигит шундай дея яна қадаҳларга шампандан қуйди.
— Қани, яна олдик. Нима учун қадаҳ кўтарамиз, биласизми? Шу ёлғон иллюзияларнинг рўёбга чиқиши учун!
Чор атроф бирдан чароғон бўлиб кетди: қаҳвахонанинг турфа чироқлари ранг-баранг тусда товланди. Нурафшон оқшом ўз-ўзини кўз-кўз этди. Васила йигитнинг кўзлари ёниб, қадаҳ кўтаришга чорлашига маҳлиё бўлиб қолди.
— Энди нима қиласиз? — негадир қиз унга шундай савол берди.
— Биз энди нима қиламиз, денг. Биз аввал қадаҳ кўтарамиз-да, кейин келишиб оламиз.
— Нимага? — Қиз ҳамроҳининг жумбоқли саволларидан ҳайратда эди.
— Билмайсизми? — ҳамроҳи унга юзланиб деди: — Иккаламиз ҳам бахт излаган одамлар эканмиз.
— Нима?
— Бари-бари беҳуда гаплар эканлигига ишонишга келишиб оламиз.
— Нималар деяпсиз?
— Биз жуда бўлмаса, бир-биримиз билан танишиб оламиз-да, кейин… — Йигит унга синчков нигоҳ ташлади: — Ахир биз ҳаттоки бир-биримизнинг кимлигимизни, исмимизни ҳам билмаймиз, тўғрими?
Васила унинг самимий сўзлаётганлигига шубҳа қилмади. У негадир ўзини қушдай енгил ҳис этди. Ортиқ хижолат бўлмай қўйди. Чунки у ҳозир ўша қиз ўзи эканлигини, аввал-бошида уни ёқтирмай трамвай бекатига чиқмаганлигини тан олишга тайёр эди. Ва ана шу эътирофни ҳамроҳи тўғри қабул қилишига ҳам амин эди.
Ҳамроҳи эса қадаҳ кўтариб, деди:
— Келинг, ҳар биримиз бахтли бўлишимиз учун қадаҳ кўтарайлик. Оддий инсоний бахт учун!
Шом тобора қоронғи тус олди. Оқшом чироқлари турфа рангларда жилваланди, акси анҳорга жуфт-жуфт бўлиб тўкилиб, сув мавжларига қўшилиб кетди.

2004.