Маъсума Аҳмедова. Тожи опанинг тугуни (ҳикоя)

— Қўлингиздан қўйсангиз-чи Тожи опанинг тугунини, — синглим жаҳл билан қўлимдан қўймай ўтирган тугунни юлқиб олди.
Беихтиёр кулдим. Шунда кўз ўнгимда олис болалик жонланди. Синглимга ҳозир хаёлимдан кечганларни сўйлаб бермоқчи бўлдим…

* * *            
 
Кечаси билан ёғиб чиққан қор тонгга яқин тинди, чошгоҳга бориб аста-аста эрий бошлади. Ер пилч-пилч лой бўлди. Бироқ совуқ-рутубат баданларни сирқиратди. Ўтинхонада оловкуракка майда кўмир соларканман, бирдан дарвоза остонасида кирайми-кирмайми деган истиҳолада турган жиккаккина кампирга кўзим тушди. Бошида эски шолрўмол, эгнида бир неча жойига ямоқ тушган қора нимдошгина мурсак, оёқларида лойга ботган калиш-маҳси. Қўлтиғида мўъжазгина тугун.
Мен уни танидим. Уй томон овоз бердим.
— Ойи, қаранг, Тожи опа!
Эшик очилди. Шошганича уйдан ойим чиқиб келди, орқасидан дадамнинг юзи кўринди.
— Э, келинг, Тожи опа!
— Келавермайсизми, Тожи опа!
Тожи опа илдам қадамлар билан уй томонга юрди.
Уйга югурдим. Ойим оловкуракни аста олиб, кўмирни танчага тўкаркан, мулозамат қилди:
— Қани, Тожи опа, кўрпачага ўтинг.
Тожи опа ийманибгина танча четидаги ялангқават кўрпачага ўтирди. Қўлидаги тугунни ёнига қўйди.
Тожи опа бош ирғаб, ўзича димоғида минғирлади, сўрашган бўлди. Дадам Тожи опага қарамай, бошини ирғади, гўё шу билан унинг сўрашишларини қабул қилди. Дастурхон ёзишга чоғланган ойимга юзланди:
— Энди емни кўкламгача амалламасак бўлмайди. Хашакнинг ҳам таги кўриниб қолибди.
Шу билан Тожи опа эсдан чиқди, ойим ўрнидан туриб, ошхона томонга кетди.
Пича вақтдан сўнг катта сопол лаганда ҳовури кўтирилиб турган иссиққина мошкичири кўтариб келди, дадам манзират қилди:
— Олинг, Тожи опа, совимасин.
Тожи опа бош ирғади.
— Олинглар, олаверинглар, — деди шошиб.
Овқат еб бўлинди. Дадам қаёққадир чиқиб кетди. Ойим Тожи опа билан уёқ-буёқдан гаплашмоққа тутинди.
— Кун кўрмагур олмослик, яна ҳунар кўрсатяптими!
 “Олмослик” — Тожи опанинг укасини хотини. Тожи опа келини билан муросаси келишмай турарди. Шу боисми, кўнгли тортган уруғлариникида уч-тўрт кунлаб ётиб юрарди.
Кампир бошини кўтармай бир нималар деди, чамаси, келинидан шикоят қилди.
— Қирғинда кетгур, жўна дедими-я! Инингиз ҳам бўлган экан, бир хотинни эплаёлмаса. Тавба, шунчалик елкасига миндириб қўядими? Айтмайдими, бу менинг эгачим-ку, қаёққа борсанг боравер, деб.
— Ўзи бошда мени Худо қарғаган, куним кун бўлмаган. — Тожи опа тез-тез шундай деди.
— Тожи опа, кўпам куюнаверманг, мана уй, мана жой. Хоҳлаганча тураверинг. Кет, деган жойимиз йўқ. — Ойим шундай деб гап мавзуини бошқа томонга буриб юборди.
Тожи опа бош ирғаб ўтирди. Кўзлари юмилиб-юмилиб кетди. Ниҳоят ойим ўрнидан қўзғалди. Танча четига Тожи опага жой солиб берди. Тожи опа атрофига аланглади, ёнгинасидаги тугунчани олди-да, ёстиқ остига қўйди.
Синглим буни кўриб, “пиқ” этиб кулди. Ўринга киргач, шивирлади:
— Опа, тугунчасида нима бор экан-а?
— Билмасам… — дедим мен.
— Ойим чиқиб кетса, секин кўрмаймизми? — деди синглим. — Тожи опа аллақачон ухлаб қолгандир?
— Жиннимисан, бошининг тагида-ку! Уйғониб кетса-чи!
Орадан қанча вақт ўтди, билмайман, ғўнғир-ғўнғир овозлардан уйғониб кетдим.
— Ёмон гапирма, уям Худонинг бандаси, — дерди дадам. — Тағин ҳам одам бўлиб юрибди. Унинг кўрган кунига фил ҳам чидай олмасди.
— Қирчинингдан қийилгур, Маҳмуд, — ойим одатича қарғаб гапирди, — бир манжалақини деб Худонинг олдида никоҳ қилиб олган хотинингга шунча азоб берасанми… Оҳ, фарзанд доғи… Отаси, Худонинг ўзи кечирсину, баъзида дунёнинг ишларига хафа бўлиб кетаман-да. Ё, Яратган эгам, бандангнинг қилаётган ишларига бир қара, дегим келади. Маҳмуд ўлгур ҳайдади, Тожи опага шунча қилган рўзғоридан нина ҳам бермади. Ҳар бири тўқлидай икки ўғил уёқдан-буёққа сарсон, хор-зор бўлиб, касалга чалиниб, ўлиб кетди. Бу бечора сарсону саргардон, юрак-бағри куйиб, адо бўлди. Шунча хор қилганига, Худойим, энди униям шундоқ хор қилгинки, токи қилмишларига пушаймон бўлсин. Яна ўша номардга, ўша манжалақига қўша-қўша фарзанд берганига куяман-да.
— Қўй, Худога шак келтирма. Унгаям атаб қўйгани бордир.

* * *

Ҳаво илиқ бўлди. Чарақлаб офтоб чиқди, қорлар эриб битди.
Тожи опа бизникида шу турганича туриб қолди. Онам эски кўрпа-тўшакларнинг авра-астарини сўкиб, ювди. Тожи опа эса кун мўлроқ тушиб иситган пешайвонда ўтириб олганича ёстиқларнинг жунини титди. Икки савағич таёқ билан жун савади. Савағич “шув-в, шув-в” этиб овоз чиқарди. Тожи опанинг қўллари бир нафас тўхтамади, тиним билмади.
— Ҳай-й! — шу топ қулоғимга савағичлар овозига монанд нидо эшитилгандай бўлди.
Дарров Тожи опага қарадим. Йўқ, Тожи опанинг лаблари қаттиқ қимтилган, бутун диққат-эътибори қилаётган ишига жамланган эди.
Бир пайт савағичлар шувиллашдан тўхтади. Тожи опа титилган жунларни ёстиққа тиқа бошлади. Жойлаб бўлгач, ёстиқ чеккасини нина билан тика бошлади.
— Ҳам-м-м… — Тожи опа димоғида ниманидир хиргойи қилди.
Ниманидир деганимнинг боиси, унинг хиргойиси на куйга, на қўшиққа ўхшади.
Синглим, ўшандаги Тожи опанинг хиргойиси сенинг ҳам қулоғингга чалинганми? Ғалати эди-я? Ҳозирга довур бу хиргойи қулоғим остидан кетмайди.
— Опа, опа, — бир маҳал синглим аста мени чақирди, ичкари уйга имлади.
Уйга кирдим. Синглим тахмонни очди-да, бурчакка тиқилган тугунчани олди. Қўрқа-писа деразадан айвонга қарадим. Тожи опа ҳамон хиргойи қилганича иш билан банд ўтирарди.
— Тез, тез бўл! — деб синглимни шоширдим.
Синлим шоша-пиша тугунчани очди. Тугун ичида ойимдока рўмол, кўйлак, тагида эса, жияклари уринган боладўппи, дўппи тепасига бир тутам укпар чатиб қў-йилган. Яна мева шарбатиданми, сўлакданми, қотиб доғ-дуғ бўлиб қолган болалар кўйлакчаси, кейин сарғайиб, ранги унниқиб кетган иштонча. Тожи опанинг ҳеч кимга тутқазмай, ишонмай эъзозлаган бор бойлиги шугина экан.
Ҳафсаламиз пир бўлди.
— Э! — синглим энсаси қотиб, қўл силтади.
Мен тугунни қайта туга бошладим.
— Тўхтанг, тўхтанг! — бирдан синглим қўлимни ушлади. Кўзлари айёрона чақнади. — Опа, ўрнига бошқа нарса солиб қўймаймизми? Қани, билармикин, билмасмикин?
— Бор-э, нима кераги бор!
— Келинг, солиб кўрайлик. Қизиқ-да.
Синглим югуриб бориб эски рўмол, яна аллақандай майда-чуйда, латта-путталарни топиб келди. Тугун остидаги бола кийимларини олиб, ўрнига бояги олиб келган нарсаларни қўйди.
— Ана энди тугинг, — энди мен ҳам нима бўларкин, деган қизиқишда тугунни ўхшатиб тугдим.
Шу куни Тожи опа ойим билан бирга анча-мунча иш қилишди. Тожи опанинг кайфияти яхши, бошидан ўтган бахтиёр кунларидан, раҳматли бўлиб кетган онаси-ю, холаларидан сўзлади. Онда-сонда ойим ҳам гап қўшиб турди, ҳангома қилаётганлари қизиқ воқеа шекилли, баъзида ойим қотиб-қотиб куларди. Тожи опа ғалати овозда “ҳэ-ҳэ-э”, деб қўярди.
Бирдан уларнинг ҳангомалари бўлиниб қолди. Кўчадан кимнингдир овози келди.:
— Муҳиддин ака, ҳў, Муҳиддин ака!
— Ҳув! — ойим бошидаги рўмолини қайта танғиганича, дарвоза томон шошилди.
Дарвозада миқтидан келган, ўрта бўйли киши кўринди.
— Кеннайи, бизнинг эгачи шу ердами?
— Ҳа, келинг-келинг, Ғанивой! Тожи опа шу ердалар.
— Энди, опа, жа уятдан ўлдирдинг-да одамни, — Тожи опанинг укаси гапирганича айвон томон юрди. — Уйинг йўқми, опа? Ё менинг уйим уй эмасми? Бунақа эмас-да, опа, эл ичида номусга қолдим-ку.
Тожи опанинг укаси гина қила-қила айвонга ҳам етди, таклифни кутмай, кўрпачага ҳам ўтирди. Тожи опа индамай бошини эгиб ўтираверди.
— Ғанивой, келган бўлсалар, бегона жой эмас-ку. Биз ҳам ёт эмасмиз ахир.
Улар анча баҳс қилдилар. Ахири гина-кудуратдан кундалик гапларга ўтдилар. Дастурхон ёзилди. Чой ичилди.
Ниҳоят Тожи опа укаси билан кетадиган бўлди. Маҳсисини кийди, шол рўмолини ўради, мурсагини қоқа-қоқа ичкарига кириб, тахмон томон борди.
Бирдан юрагим безовта урди. Синглим менга ҳадик билан қаради.
Мана, Тожи опа тахмондан тугунчасини олди. Одатича, қўлтиғига қисди. Негадир яна қўлтиғидан олди. Олди-ю, ушлаб-ушлаб кўрди. Кейин ерга ўтириб, тугунчани шоша-пиша ечди, ичидаги нарсаларни юлқиб, атрофга сочиб ташлади. Бир нафас тугунчага тикилиб турди-турди-да, бирдан изиллаб йиғлаб юборди.
— Биз қўрқиб кетдик.
Ойим нима гаплигига дарров тушунди. Бир маҳал юзим тарсакидан ловуллаб кетди. Беихтиёр бетимни кафтларим билан яширдим. Синлим эса юзини ушлаганча баралла додлаб юборди.
— Овозингни чиқарма дейман, — ойим синглимни ўймалаб олди. — Қиз бўлмай кетларинг, бетамизлар, нима қилдиларинг-а? Қани, топларинг-чи!
Ойимнинг ғазаби тошгандан-тошди. Синглим қўрққанидан тугундаги нарсаларни бекитиб қўйган жойидан олиб келди.
— Мана, Тожи опа, мана! — ойим кўйлакчаларни Тожи опага тутаркан, ялиниб-ёлворди. — Ҳали бола-да, эси йўқ. Айланай, опажон, хафа бўлманг. Ана, ҳозир укангиз ҳам кириб келади. Қўйинг энди, олақолинг… Ҳали мендан кўрадиганини кўради. Ҳув, яшшамагурлар…
Шу-шу, Тожи опа қайтиб бизникига келмади. Ойим уйда, мабодо Тожи опадан гап чиқиб қолгудай бўлса, гоҳ Ғанивой элдан уялгандир, олмослик инсофга кириб қолгандир, дерди. Назаримда, ойим Тожи опанинг бизникига келмай қўйганидан афсус чекар, бунга ўзини айбдор санарди.
Биз, ўшанда ҳар ҳолда уят, андиша нималигини биладиган ёшга кириб қолгандик чоғи. Қачон Тожи опадан гап чиқса, ўзимни қўярга жой тополмай қолардим.
Мана, Тожи опа ҳам аллақачон раҳматли бўлиб кетди. Уни қариндошлар ҳамон ачиниб эслашар, тугуни эса пича кулги, ҳазил аралаш тилга олинарди.
Синглим, энди билсам, ўшанда Тожи опа тугунга қўшиб кечмиш шодликларинию қувончларини қўлтиқлаб юрган, бугуни билан эмас, ўтмиши билан яшаган, уни йўқотиб қўйишдан чўчиб, тугунда ардоқлаб-авайлаб ўтган экан. Ё мен адашдимми?

1990