Маъсума Аҳмедова. Шаҳарга саёҳат (ҳикоя)

— Насиб қилса, эрта бозор куни ҳаво яхши бўлиб турса, сени шаҳарга олиб тушаман, — деди эри эрталаб этигини кияётиб.
Шаҳарга! Худди шу заҳотиёқ қуёш янада чарақлаб кетди. Заррин нурлар дераза ойналарини ёриб ўтиб, аста пишиллаб ухлаб ётган ўғилчасининг дўмбоқ юзларида, хилма-хил патнису идишлар терилган жавон, токчаларда липиллай бошлади. Бировга айтсанг, кулиши турган гап, лекин ўзингга-ўзинг қайта-қайта такрорласанг ҳам бўлаверади: у шаҳарни шунақаям, шунақаям яхши кўрадики! Саф тизилган улкан биноларга қарасанг, бошингдан дўппинг тушади. Тинмай ғизиллаётган гугурт қутисидай бежирим трамвай, троллейбуслар… Шаҳарда яна қандайдир ҳид бўлади. Бу ҳиддан тўйиб нафас олиб бўлмаса ҳам нимагадир ажойиб. Асфальт йўлларда юрсанг сирғалиб, учиб кетаётганга ўхшайсан. Шаҳарнинг одамлари мунча ҳам тартибли бўлишмаса. Кетма-кет, қатор-қатор, текис юришади. Шунча шоши-лишсаям, бир-бирларига сўз қотмай, йўлидан адашмай кетаверишади. У шаҳарга икки марта борган. Янги унаштирилганида бир марта эри билан борган. Вой, тавба, эр дегандан ҳам шунақа уяладими киши! Кўзи тушса, қўрқиб кетаверарди. Шундай ювош, шундай яхши одамдан нега ҳайиқарди — ҳалиям ақли етмайди. Лекин барибир ўшанда яхши бўлган эди. Ёмғир ҳаммаёқни шалаббо қилаётган бўлса-да, секин юришгани ёдида.
Яна бир марта, ҳали жудаям ёш қизчалигида дадаси билан шаҳарга борганини эслайди. Аниқ бир нарса ёдида йўғу, аммо шамолда ўйнаётган ранг-баранг пуфаклар, алвонранг гуллару ясанган турли-туман болалар эсида. Ҳар ҳолда, ўшанда май байрами бўлса керак-да. Эсида, роса тўйиб музқаймоқ ейишган, бир томчиси қип-қизил атлас кўйлагини доғ қилган, томоғидан алламаҳалгача ширин бир таъм кетмаган.
Икки йил бўлди — эри неча марта шаҳарга олиб тушиб, ўйнатиб чиқаман, деб ваъда беради-ю, вақти бўлмайди. Вақти бўлса, тўсатдан бир иш чиқиб қолиб, хуллас, бу ният амалга ошмайди. Эри бир сўз бердими — қанча вақт ўтиб кетса ҳам сўзидан қайтмайди.
Ишқилиб, эртага бугунгидай ҳаво очилиб турсин-да! Ахир эри: “Ҳаво яхши бўлиб турса…” деди-да.

Тезда самоварга олов ташлади. Нега шошяпти, ўзиям билмайди. Ахир шаҳарга ҳозир жўнаётгани йўқ-ку. Тутун эндигина оч яшил бўлиб товланаётган токнинг митти барглари орасидан тепага ўрлади. Қуёш нурлари, ҳув, Ҳадича холанинг боғигача чароғон қилиб юборган. Юрагини қандайдир тушуниб бўлмайдиган ҳис қоплаб олди. Ўлсин-а, радионинг товуши нега ўчиб қолдийкин?.. Ўғилчаси уйқудан тургунча қўшнисиникига чиқиб келади.
Вазира доим йўқ нарсаларни йўндириб, эрини мақтагани мақтаган. “Кеча-чи,.. Адолой, Руҳит бир чиройли комбенажка олиб келибди.Тўрларини-чи, ҳай-ҳай. Ишга тушганимда кияман, десам, Руҳит: “Шу биттаминан кетармидинг, киявурмайсанми”, дейди…” Нима бўпти, бир марта у ҳам мақтанса мақтанипти-да. Бирдан айтмайди-ю, секин: “Вазиражон, шаҳарга нима кийиб борсамикин, шерст кўйлак кийсаммикин ё атласми?”—дейди. “Вой, шаҳарга тушяпсизми? Шунгаям шунча ташвишми? Шаҳар нима гап бўпти, осмонга учадигандай ташвиш қиласиз-а”,дейди ҳойнаҳой. Яхшиси, “Мана шу бозор куни шаҳарга тушмоқчимиз, сизга бирор нарса керакмасмиди?”— деб бошлай қолади. “Вой, менга нарса керакмиди, Адолой?” — деб лаб бурса-я. Нима, бўлмаса шундоқ хушхабар ичида қолиб кетаверадими? Руҳиддин ака Вазирани неча марта шаҳарга олиб тушгани билан нима иши бор? Унинг ҳам эри шаҳарга ўйнатгани олиб кетяптими — олиб кетяпти. Нега энди айтмас экан, айтади! “Шаҳарга ўйнагани тушиб кетяпмиз”, дейди.
Шундай хаёллар билан бўтана сув қирғоқларидан тошиб оқаётган ариқчадан ҳатлаб ўтди. Пахса деворни ёнлаб ўтиб, қўшнисига чиқди.
— Хаҳ, намунча чирқиллайсанлар, итваччалар! Этагимга боғ, юрагимга доғ бўлдиларинг! — Ичкаридан қўшнисининг асабий қичқиргани эшитилди.
У бу овозни эшитиб, таққа жойида тўхтаб қолди.
Остонада қўшни пайдо бўлди.
— Ҳа, тинчликми?
— Кўрмайсизми, буларнинг хархашасини, — дея қип-қизил катак кўйлагининг этаги билан бурнини чимчилаб артди Вазира. — Ўзим ҳам сизникига чиқмоқчи бўлиб турувдим. Юракларим ёрилиб кетди-е!
Эндигина сўзлашга оғиз жуфтлаган эди, қўшниси:
— Ичкарига киринг, — дея уйга таклиф этди-ю, аммо ўзи остонадан жилмай туриб қолди.
У қўшнисининг шишиб қизарган кўзлари, пир-пир учаётган пўрсилдоқ лабларига қараб туриб, хушхабарни айтишнинг ўрни эмаслигини сезди.
— Руҳит: “Ўн саккиз яшар қиз олиб келаман”, деяпти… — Вазира лабини тишлаб, юзини четга бурди. Катта, шишинқираган юзларига кўзларидан дув-дув ёш оқа бошлади.
— Вой, қўйинг-э! — У нимадир нашъа қилиб, хахолаб кулиб юборди. — Руҳиддин ака ҳазиллашгандир-да.
— Ҳазил бўлса кошки эди, — дея бурнини тортганича кўз ёшларини артди қўшни. — Кошки эди…
— Мастлигида айтса айтгандир-да, эркак киши.
— Маст эмасди, маст эмасди… — дея такрорларкан, Вазира бармоқларини алам билан қарсиллатди.
Шу топда назарида олисдаги тоғлар ушлашиб, бостириб келаётгандай туюлди. “Маст эмас… маст эмас” — бу бир хилдаги оҳанглар яна кулгисини қистатди.
— Вой, тавба, қанақа хотинсиз ўзи? Нега куласиз? — деди қўши бирдан дарғазаб бўлиб. — Сизга юрак очадиган экан-ку!
— Қўйинг, одам бўлар-бўлмас гапларга лаққа ишонаверадими? — дея у қўшнисини юпатган бўлди.
 Уйда болалар хархашаси авжига чиқди. Вазира қарғанганича унинг юпатувига ҳам қулоқ солмай, югуриб ичкарига кириб кетди. Хушхабарни ҳам мушук еди. “Тавба, эси жойидами ўзи эрининг?! Ўн саккиз яшар қизни кўнгиллари тусаб қопти-да!”
— Ҳа, Адол, тушингни сувга айтяпсан? — Ўгирилиб қараса, ёнгинасида елкада обкаши билан Рихси хола турибди.
“Кесатиқсиз гапни билмайди. Бутун маҳаллага қайнона”.
— Ғанингиз мени шаҳарга олиб тушмоқчи, — деди у зўрға севинчини яшириб.
Хола тарақ этиб, бўш челакни ерга қўйди.
— Хаптобусда қусмайсанми? — деди у шанғиллаб. — Ану, Ҳакима югуриб гаранг бор-ку, ҳар шаҳар югуриб борганида қўлига халта оливоларкан….
Хола сўнгги жумлани овозини пасайтириб айтди.
— Ўла-а-р, — деди у секингина.
 Шу пайт шундоққина магазин биқинидан Салима чиқиб қолди. У Худонинг берган куни шаҳарга қатнайди. Нима учун қатнашини ким билсин, ишқилиб, уйда ўтирадиган хотин эмаслиги маҳаллада ҳаммага аён.
— Агар кўнглингиз айнийдиган бўлса, беш-олтита қурутни чўнтагингизга солиб қўйинг, — деди у босиққина қилиб. — Катта рўмол ўраманг, шаҳар иссиқ. Иннайкейин, фақат туфли билан пайпоқ кияверинг.
Холанинг бунақа ишларда тажрибаси йўқ эди, бирдан энсаси қотганича челакларини обкашига илдию кетди-қолди.
Бирпасда ҳамма нарса тайёр бўлди. Қазноқдан туфли олиниб, чанги артилди, белбурма ярқироқ кўйлакка тескарисидан дазмол босилди. Беш-олтита эмас, салкам ярим килоча қурут “шаҳар сумка”га солиб қўйилди.

Кечга томон осмонда сийрак укпар булутлар қанот керганча ёйила бошлади. Тўсатдан турган шамол шафтоли гулларини дув тўкди. Ҳовлининг бурчагида улоқчалар совқотибми, подага қўшилган онасини қўмсабми, зорлана бошладилар: мэ-э, мэ-э…
Эри осмонда булутлар сезилмай, юлдузлар кўринмай қолган пайтда келди.
— Иш кўп-да,-деди ҳорғин, кўрпачага чўзиларкан.
Осмонни оловли ханжар тилиб ўтгандек бўлди. Бирдан ханжардан азоб чеккандай осмон гумбурлай кетди. Ташқарида ёмғир шовуллаб, дераза ойналарини тарақлата бошлади.
Эртага эса бозор куни. Эрининг феълини билади: айтган сўзидан қайтганини эслаёлмайди.”Ҳаво очиқ бўлса…” деди-ку, ахир. Хаёлида тинмай елаётган автобусу троллейбуслар таққа тўхтади. Ранг-баранг пуфакларни ёмғир чертиб, пақ-пақ этиб ёрила бошлади.
— Ҳай, туринг!—дея у негадир эрини уйғота бошлади.
Эри бошини қашиганча девор томонга ўгирилиб олди, уйқусираганча алланималар деб ғўлдиради.
— Турсангиз-чи ахир! — дея беихтиёр аламдан қичқириб юборди. — Ёмғирни қаранг ёғишини, овозининг хунуклигини-чи…
— А, нима, нима? — Эр сапчиб кўзини очди. — Нима дейсан?
— Ёмғир, ёмғир ёғяпти… — У ўпкасига нимадир тўлиб, ҳиқиллаганча йиғлаб юборди.
Эрининг уйқули кўзлари хотинига бефарқ тикилди.
— Ҳе… — у ғўлдираб яна бошини ёстиққа ташлади.

Токчада турган соат жон-жаҳди билан жиринглай кетди. Эр эснаганча соат тугмачасига қўл чўзди, кўзларини ишқалай-ишқалай ён-верига аланглади.
— Адол!
Нариги уйдан хотинининг: “Ҳм?..” — деган овози эшитилди. Бирпасдан кейин эшик остонасида ўзи пайдо бўлди.
— Бўлмайсанми? — дея эри негадир хижолатомуз илжайди.
— Ёмғир ёғяпти-ку, — деди у, аммо ўзи умидвор кўзларини эрига тикди. Назарида бирдан яна осмонда ранг-баранг пуфаклар ела кетди.
Ташқарида эса ёмғир ёғмоқда.
— Ҳе, — дея илжайди эри, — кийин дарров, тош ёғмайдими!..

1978