Маъсума Аҳмедова. Марказдаги қиз (ҳикоя)

— Рисол, ҳайронман, нега бундай бўлди? — Гулнозанинг фиғони ошди. — Кунига икки юз марталаб қўнғироқ қилавериб, жонга тегарди. Энди бўлса, жим. Тавба…
Рисолат дугонасининг йигитини билади — рассом. Эсида, қайсидир рассомнинг шахсий кўргазмасига боришганида кўрган, улар билан бир даврада ўтиришган.
— Мен ҳали рассом эмасман, шу институтда ўқийман, холос, — деганди кулиб.
— Шу институтни битирса, рассом бўлади, шундайми?
Эсида, Рисолат унга шундай савол берганди. Гулноза Рисолатни туртиб қўйганди. “Жиннимисан, ишинг нима?”
Йигит атайин бошини буриб, Рисолатга қаради ва тўсатдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди:
— Йўқ, шу институтни битирса, рассом бўлмайди.
Рисолат йигитнинг гапига тушунмади, яна савол бермоқчи бўлди-ю, уялди. “Менга нима”. Йигит унинг хотирасида ўзига ҳаддан ортиқ бино қўйган, манман, инжиқ одам таассуротини қолдирганди. Гулнозага ҳам ҳайронсан, нимасига учди унинг? Келишган қадди-қоматигами? Ё игнасини санчиб оладиган илмоқли гапларигами?
У беихтиёр елкасини қисиб қўйди.
— Рисол, дугонажон, бир иш қилсанг.
— Қандай иш?
— Мен ҳозир сенга Давроннинг телефонини бераман. Менга жавоб бермаяпти. Зора бегона рақамни кўриб, телефонини кўтарса. Сен шундай-шундай, Гулноза телефонингизни илҳақ бўлиб кутяпти, дейсан.
У дугонасига эътироз билдириб ўтирмади. Бу хаёлига келгани ҳам йўқ. Тўғри, ўзинг билмаган, синамаган одамга бундай дейиш сал ноқулайроқ бўлади. Лекин у Гулнозанинг дугонаси,тағин яқин дугонаси. Наҳотки шундай пайтда дугонасига ёрдам беролмаса?
— Қани, бер-чи.
У телефон рақамини терди. Телефондан узундан-узоқ гудок овози, сўнг “… хизмат доирасидан ташқарида” деган овоз эшитилди. У телефонни Гулнозанинг қулоғига тутди. Гулнозанинг тарвузи қўлтиғидан тушди.
— Қаёқда юрган экан?
— Гулноз, балки хабар жўнатармиз. Шунда жавоб бўлармиди.
— Аллақачон жўнатганман, э…
— Қўй, ўртоқжон, ҳадеб сиқилаверма, пайдо бўлиб қолар. Баъзи одам шундай бепарво бўлади.
У шундай дея дугонасига кўнгил берди. Уйига кетаркан, йўл-йўлакай Гулнозанинг маъюс ҳолати кўз ўнгидан кетмади.

— Келардинг-да, — уй остонасида опаси уни иддао билан қарши олди.
Опаси икки боласи билан ота уйига қайтиб келди — айтишича, эри унга вафо қилмабди. Қўлида саккиз ойлик чақалоқ биғиллаб йиғлади.
 — Бас қил-э… — опа чириллаб йиғлаётган гўдагига парво қилмай Рисолатга эргашди. — Поччангни суриштирмадингми?
Опа бошқа хотинга илашган эрдан умидвор, жаҳл билан ота уйига келишга келволиб, эшикка қарайди, кун санайди. Рисолат нима дейишини билмай, диванга ўтирди. Рисолат аллақачон поччаси билан гаплашган, борига кўниб, сабр қилмаган, эридан шубҳа қилган хотиннинг кераги йўқ, деб айтган поччасининг гапларини юраклари қон бўлган, бор хаёли “хиёнаткор, кўз очиб кўрган яшшамагур эрида” бўлган, унга инсоф тилаган опасига қандай қилиб айтади?
— Гаплашдим.
— Нима деди?
— Сабр қилинг, опа, бир йўли топилиб қолар.
— Топган гапинг шу.
Опа жаҳл билан гўдакка кўкрак берди, силтади, ташқаридан онасининг овозини эшитиб, жим бўлиб қолди. Кўз ёшлари ёноқларини ювди.
Рисолат индамай хонасига кириб кетди. Тун. Алламаҳал телефони жиринглади: Гулноза.
— Рисол, сенга бир илтимосим бор.
— Қандай илтимос? — уйқу аралаш сўради.
— Эртага бир жойга бориб келсанг.
 — Қаёққа? Нима, туш кўряпсанми?
— Давроннинг устахонасига.
— Нима? Бор хаёлинг ўшанингда бўлиб қолдими? Бориб ухласанг-чи, ўтиб кетар.
— Қандай ухлайман? Индамай-нетмай йўқ бўлиб қолган бўлса.
— Оббо, топилиб қолар. Намунча ваҳимасан.
— Ҳеч кимни севмагансан-да, билмайсан.
Бу гап негадир Рисолатга оғир ботди.
— …
— Нега индамайсан?
—…
— Бирор нима десанг-чи, Рисол, Рисолат?
— Эрта тонг отсин, бир гап бўлар, — юмшади Рисолат.
— Раҳмат, ўртоқжон, йўқ демаслигингни билардим.
«Тавба, жинними, Давроннинг олдига бор, дейдими? Қандай бораман, нима дейман?» Рисолатнинг уйқуси ўчди, уёққа ағдарилди, буёққа ағдарилди, бўлмади. Ухлолмади. Тонгга яқин кўзи илинган экан, чақалоқнинг биғиллаб йиғлаши уйғотиб юборди.
— Отангга ўхшаб чарс бўлмай кет, — опаси боласини жаҳл билан обболади. — Кечаси билан уйқу бермади-я.
Шу пайт телефони жиринглаб кетди. Юраги сиқилди, ҳойнаҳой Гулноза бўлса керак, олмади. Телефон чулдираши авжига чиқди.
— Олсанг-чи матоҳингни… — опаси чидамай телефонни олди. — Алло… Гулноза, ҳозир Рисолатга бераман.
Гулнозага қандай йўқ дейди? Лекин бировнинг севгилиси ҳузурига бориб, қандай воситачилик қилади? Шу ўй юрагини сиқди. Бировнинг илтимосини қайта-ролмайди, айниқса Гулнозаникини. Яқин дугонаси бўлса, яна бунақа қийналаётган бўлса… Шундай хаёллар билан ўзига-ўзи тасалли берди.
— Рисол, манави йўлдан борасан, — Гулноза ўзида йўқ хурсанд, ҳозироқ дугонаси эшикдан севгилисини бошлаб кириб келадигандай унга манзилни тушунтира кетди. — Устозининг чет элда кўргазмаси бўляпти, устахонасини Давронга топшириб кетган. Ҳойнаҳой ўша ерда ишлаяпти…
— Шуни биларкансан, ўзинг борақолмайсанми? —деди беихтиёр Рисолат.
— Қизиқмисан, мен борсам бўларканми? — Гулнозанинг овозида бояги ўкинчдан дарак йўқ, лаби лабига тегмай бидиллаб кетди. — Сен мени мазаси йўқ, дейсан, Гулноз изтиробда, дейсан. Билсанг, бир қизни эзиб тамом қилдингиз, дегани бўлади бу. Дугонамнинг аҳволига азбаройи ачинганимдан сизни қидириб топиб келдим, дейсан.
— Ол-а, шу гапга ишонди-қўйдими, айниқса ўша Давронинг.
— Ҳа, айнан Даврон бўлгани учун бор, деяпман-да. Аслида, характери сал чатоқ бўлгани билан ўзи жуда раҳмдил.
«Қандай кириб бораман, нима дейман?» Гарчанд Гулноза унга нима қилишни, нима дейишни ипидан-игнасигача айтган, ўргатган бўлса-да, ўзи билмаган йигит ҳузурига қандай кириб бориш, эшигини қандай тақиллатиш азоби уни эзгандан-эзди. Қаранг, рассом устахонасини шундай осон топдики… Қидириб тополмаса қани эди, бу азобдан қутуларди. Тополмадим, дерди-қўярди. Аксига олиб, устахона юқорида эмас, биринчи қаватда экан. Юқори қаватда бўлса, боргунча ўзини яна бир оз босиб олармиди. Ёғочи чириёзган, ранги ўчиб кетган эшик ним очиқ турарди. Ичкаридан димоғига қандайдир ўткир, нотаниш ис урилди. «Бўёқ иси бўлса керак», деган ўй келди хаёлига. Эшик тугмасига аста қўлини чўзди. Юраги дов бермай қўлини тортди.
Шунда зиналардан қадам товушлари эшитилди. Кимдир юқоридан тушиб келарди. У шошиб яна эшик тугмасига яна қўлини олиб борди, уни шартта босди. Бекорга қўрққан экан, тугмадан овоз чиқмади.
— Стучите в дверь, звонок не работает, — зинадан тушиб келаётган одам унинг ёнидан ўта туриб айтди.
У бу гапдан дадилландими, шошиб эшикни бир-икки тақиллатди.
Ичкаридан садо бўлмади.
Шунда бир шум ўй хаёлига келиб қолди. «Анча турдим, эшикни очмади», дейман. Шу ўй уни қутқарди, енгил тортди. Орқасига қайрилди, энди зина ҳатлаганди ҳамки, эшик ланг очилди.
— Ким?
Рисолат орқасига ўгирилди, эшик бўсағасида баланд бўйли, соч-соқоли ўсиб кетган бир йигит турарди. Дастлаб Рисолат уни танимади.
— Сиз? —энди у Давронни овозидан таниди. — Бу ерларда нима қилиб юрибсиз?
«Дарров одамга нишини санчиб олади-я», унинг негадир юраги озорланди.
— Мен… — Гулноза унга ўргатган бари гаплар хаёлидан учди-кетди. — Гулноза…
— Ҳа… — йигит бошини ирғади. — Келинг, ичкарига киринг.
— Йўқ… шу ерда гаплашаверайлик, — у ўзини жуда ноқулай ҳис этди. Қани эди ҳозир қанот чиқарсаю кўзга кўринмай учиб кетса…
— Кўриб турибсиз, эшик ёпилмайди, — Даврон кулди. — Ўтаётганларга халақит қилмайлик, ичкарида гаплашайлик.
У йигит сўзларидаги самимиятни илғади, беихтиёр эшикка яқин борди.
— Марҳамат.
Йўлакка турли расмлар тизилган, деворга ранг-баранг манзара, портретлар илиб ташланганди. Худди шу ерданоқ расмлар галереяси бошлангандай туюларди. Йўлакдан тўғри хонага ўтилар, аниқроғи, ўртадаги эшик олиб ташланган эди. Шунданми, бу ер кирган кишида расмлар галереяси таассуротини уйғотар эди.
У йўлак ўртасига келиб, туриб қолди, ичкари киришга тортинди. Йигит қизнинг ҳолатини тушунди. Хона ўртасида турган ягона курсини олиб келди.
— Ўтиринг.
Рисолат ўтирса қулаб тушадигандай, курси чеккасига омонатгина ўтирди.
Йигит унга савол назари билан тикилди. Орага ноқулай сукут чўкди. Рисолат зиммасига юкланган вазифани унутгандай эди. У хонадаги расмларга бир-бир қараб чиқди. Кўзи беихтиёр олдига турфа бўёғу чўткалар қалашган катта полотнога тушди. Иш ҳали чала, чизилаётган шекилли, полотнонинг чўтка урилган жойлари ажралиб турарди.
— Ҳа, иш билан банд эдим… — деди йигит ўртадаги ноқулай сукутни бузиб. — Янги картина устида ишлаётган эдим. Шу сабаб Гулноза билан боғланолмадим.
Бўлди. Ҳамма саволга жавоб топилди. Энди кетаверса ҳам бўлади. Рисолат энди яна баттар ноқулай аҳволга тушди. Нега, нима мақсадда келдинг, деб сўровчи кишига ташрифи сабабини қандай тушунтирсин?
— Мен сизга қўнғироқ қилгандим…
— Ҳа, ўша рақам сизники эдими? — деди йигит самимий. У бундай дейиши билан Рисолатни хижолатпазликдан пича қутқаргандай бўлди. — Ўзим ҳам ҳайрон бўлдим қўнғироқ қилган ким экан деб?
— Гулноза сиздан хавотир оляпти, яна…
— Мазаси йўқ, шундайми? — унинг гапини илиб олди йигит. — Гулноза шунинг учун сизни менинг олдимга жўнатган, тўғрими?
— Йўқ, ундай эмас, мен ўзим…
Рисолат нима дейишини билмай қизарди, гўё қўлларини қаёққа қўйишни билмагандай, бармоқларини тортқилади.
— Сиз… кечирасиз, исмингиз… ёдимда йўқ экан…
— Рисолат, — деди у аста.
— Рисолат, сизга бир савол берсам бўладими, хафа бўлмайсизми?
— Бемалол, — Рисолат энди хотиржам тортиб, курсига жойлашиб ўтирди.
— Мана, мен ҳозир бир картина чизяпман. Назаримда сизнинг бу ерга келишингиз сабабини англагандайман. Картинанинг хомаки вариантдаги номи «Марказдаги қиз». Эҳтимол, бу ном картина мазмунига унча тўғри келмас. Мана, ўзингиз қаранг, — у полотнога ишора қилди. — Кўрдингизми?
Рисолат беихтиёр ўтирган жойидан турди. Полотнода баҳор фасли тасвирланаётган бўлса керак, атроф ям-яшил, гуллар орасида қатор тизилган қизлар расми чизилганди. Ўртада, йирик пландаги қиз портрети эса қалам билан чизилганлигича турар, унинг юзи, чеҳрасига бўёқ берилмаган эди.
— Мана шу қиз ёнида турган дугонасига қаранг-а.
Рисолат ўртада турган қиз ёнидаги дугонасига разм солди: қизиқиш, тортиниш, кичик кўнгиллик ва ҳатто ажабсиниш, пича анойилик бор эди унинг кўзларида.
— Наҳотки сиз шу қиз, картина қаҳрамонининг дугонаси, иккинчи даражали образ бўлишни истасангиз?
— Нималар деяпсиз? — йигитнинг гаплари юрагига ханжар бўлиб санчилди.
Беихтиёр сурат томон бир қадам босди.
— Китобларда, фильмларда ҳам турли персонажлар бўлади. Асар қаҳрамони, ошиқ маъшуқасига ёрдам берувчи образлар бўлади. Наҳотки сиз, Рисолат, нега шундай бировга ёрдам берувчи кўмакчи персонаж ролини бажарсангиз? Нега мен асарда иккинчи даражали персонаж бўлишим керак, нега мен асарнинг бош қаҳрамони бўлолмайман, деган фикр келмаганми ҳеч қачон хаёлингизга?
— Сиз… мени ҳақорат қилманг, — шу сўзлар аранг тилига келди, беихтиёр титраб кетди, кўзларига ёш келди. — Дугонасига ёрдам бергиси келган одам ишини сиз шундай баҳолайсизми? Сиз…
Йигит шошиб қолди.
— Кечиринг, мен сизни хафа қилмоқчи эмасдим. Шунчаки мен ҳозир чизаётган картинам таъсирида… Мана, қаранг, марказда, асосий планда турган қаҳрамоним ҳали чизилмаган. Тўғриси, унинг портретини қандай чизишни билмаяпман. Гулнозани чизай десам… ҳеч бўлмаяпти, чизолмаяпман.
— Нима бўпти Гулнозага, арзимайдими? — у Гулнозани ҳимоя қилиши шартдай, деди. Лекин айтган сўзлари ўзига носамимий туюлиб кетди, ичида хижолат тортди.
— Қўйинг, ўзингизни қийнаманг, Гулноза сизнинг ҳимоянгизга муҳтож эмас. Гулноза бари асарлар қаҳрамонлари сингари худбин, фақат ўзини, ўз муҳаббатини ўйлайдиган қиз. Мен чизмоқчи бўлган қиз образига асло тўғри келмайди.
Рисолат лол бўлиб қолди.
— Рисолат, келинг, ўз ҳаётингиз билан яшанг, илтимос… — йигит гўё Рисолатни анчадан бери биладигандай, унинг яқин дўстидай ўтинди. — Сиз ҳам ўз ҳаётингиз қаҳрамони бўлиб…
— Бўлди, — деди Рисолат ҳам худди Даврон билан узоқ йиллар дўстдай, андак ўпка билан. — Мен сизнинг олдингизга қандай одам бўлишим керак, деган маслаҳат билан келганим йўқ…
— Шундай қилсангиз ёмон бўлмасди… — йигит кулди, қизнинг яқин тутиб қилган ўпка-гинасини тушунгандай деди.
— Боринг-э… — Рисолат қўл силтади, негадир кўз ёшлари қуйилиб келди. Сапчиб ўрнидан турди-да хонадан отилиб чиқди.
Даврон бир муддат индамай қолди, кейин бирдан нима бўлганига тушуниб, Рисолатнинг кетидан югурди. Етолмади, қиз улгурган, у чиққан такси олислаб кетди.

Рисолатнинг назарида бирдан ўзи шу пайтгача кўрган, билган олам ўзгаргандай бўлди. Телефон кетма-кет чулдиради: Гулноза. Телефонга жавоб қайтармади. Қулоқлари остида Давроннинг сўзлари жаранглади: «Ўз ҳаётингиз билан яшанг…»
— Нима бўлди, Рисол? — одатда иддао билан қарши оладиган опаси синглисининг бу ҳолатини кўриб ҳайрондан-ҳайрон бўлди.
Кунлар изидан кунлар қандай ўтди, билмади. Шундай кунларнинг бирида телефони қисқа сигнал берди, хабар келибди. Руҳсиз, аста телефонни олди, очди.
Кўрди, бир сурат келибди, атроф баҳор, ям-яшилликка бурканган, қизлар давра олган. Йирик планда, марказда бир қиз турибди. У кўзларига ишонмади, суратга қайта-қайта тикилди. Марказда тасвирланган қиз кўзларида илиқлик, самимийлик, меҳр балқади, у баҳор гулларидай нозик, нафис. Баҳор каби мафтункор, жозибали. У шу ҳаётга келганидан, шу оламда яшаётганидан шод-масрур. У ишонмай расмга яна тикилди — марказдаги қиз тимсолида унинг ўзи, Рисолат тасвир этилган эди. Расм пастида ёзувлар ҳам битилган экан:
«Мен ниҳоят марказдаги қизни топдим».