Маъруф Менгли. Кичик ҳикоялар

БЕМОР
У ўн йил қачонлардир ҳар хил шакллар чизиб безатилган шифтдаги нақшга қараб ётди. Сўнг кўзини юмиб очди. Шунда билдики шифт ўзгарган…
ЎЙ
– Сен ҳам мендай ўйлайсанми?
– Билмадим. Аммо мен ҳам ўйлайман.
– Демак, мен ёлғиз эмас эканман.
СУРАТ
– Суратингизда жуда бахтиёрсиз.
– Биламан. Суратимни шунинг учун яхши кўраман.
“СОҒ БЎЛ”
– Соғ бўл.
У дўстининг аксиришга шудай жавоб қайтарди. Дўсти хурсанд бўлди. Унинг меҳрибонлигидан кўзига ёш келиб яна аксириб берди.
– Соғ бўл.
Шамоллаб қолдим, шекилли дея ҳижолат тортиб тағин аксирди. Дўсти соғ бўл деди. Ҳаво булутли эди. Шунинг таъсири бўлса керак, унинг аксириши давом этаверди.
– Соғ бўл!
Орадан бир одам яшай оладиган вақт ўтсада бири аксиришдан, иккинчиси соғ бўл дейишдан чарчамади. Иккаласи ҳам кексайди. Улар узоқ ва мароқли суҳбатларини эслашди. Сен бир умр менинг соғлигимни тиладинг, раҳмат сенга, деди у дўстига ва бошини кўтариб орқага ташлаб узоқ бурнини тортиб, бор кучи билан аксирди. Шу аксиришида жони ҳам оғзидан чиқиб кетди.
– Соғ бўл…
Кўп ўтмай уларнинг шарафига хайкал қўйишди. Хайкалнинг бири оғзини очиб акса ураётган, иккинчиси унинг оғзини пойлаб соғ бўл, дейишга шайланаётган эди. Ёдгорлик тагига эса “соғ бўл” деб ёзиб қўйишди.
ТОРТИШУВ
Кеча у билан тортишиб қолдик… Якунда мен исмимни ўзгартирадиган бўлдим.
ЭРТАГА…
Сўнгги кунлари қолган беморга доктор нима дейишини билмади.
– Айтинг, доктор! Аҳволим ёмонми?
– Биласизми бемор, эртага охирзамон экан.
ТУХУМ
Улар товуқ тухумини ёришмоқчи бўлишди. Сен биринчи бўлиб ёриб кўр, деди Келажак унга. Ўтмиш тухумни бир уринишда кафти билан сиқиб ёриб юборди. Навбат Келажакка келди. У ҳам зўр ишонч билан тухумни кафти билан сиқди. Ёрилмади. Оёғи билан тепкилади. Бор кучи билан ерга урди. Натижа кутилганидай бўлмади. Шунда Ўтмиш унга сени товуғинг қоқоқлаб шўр тақдирни туғиб берибди, деб тиржайиб қўйди.
БАҲС
У билан ким узоқ вақт ухламаслик ҳақида бахс боғладик. У 67 йил ухламади. Мен эса ухлаб қолганимни уйғонганимда билдим.
ЁЛҒИЗ ОДАМ
Унинг кўзларига ёш келди.
– Мен ёлғиз қолиб кетдим деб ўйлагандим… Сен ҳам бор экансан!
У чўнтагидан тўппончасини олиб кўзгудаги аксини отиб ташлади.
ВА
– Ва…
Шу сўзни айтдим-у бирдан тўхтаб қолдим. Нима демоқчилигимни унутдим. Ўзимни йўқотиб қўйдим. Бу ҳолат менга бутунлай бегона эди. Довдирадим. Дераза томон қараб, ёмғир ёғаётганини кўрдим. Назарида қуёш занглагандай эди. Энди нима бўлади? Кундузи чироқ ёқиб юрамизми?… Хотиним эртага офтоб нурида тобланмоқчи эди. Унга буни айтиш керак. Бу ёмғир қуёшни занглатдими, демак бу боришида одамга ҳам занг туширади. Кўчага чиқмаган маъқул. Уйда тинчгина ўтириб, ўй сурган яхши. Қўшнимнинг ҳар куни эрталаб ташқарида югуриб келадиган одати бор. Уйига киришдан олдин мендан хабар олади. Бир чашка қаҳва ичиб бўлгач мен билан маҳкам қучоқлашиб ҳайирлашадиган одати бор… Агар у бугун ҳам ташқарига югургани чиқса занглаб қолиши аниқ. Уйига қайтишда одатдагидек мен йўқлайди. Қучоқлайд ва мени ҳам занглатиб қўяди. Эшикни тамбалаш керак. Хотиним ухлаяпти. У кеча ухлашни тўхтатмоқчи эди. Билишича уйқуда вақт тез ўтар экан. Кўзи юмиларкан ва очиларкан. Қараса ўн соат йўқ. Жиғибийрон бўлиб менга таъна қилади, эмишки мен унинг ухлашига йўл қўйибман. Менимча у қариган. Қариган одам эса худди хотинимдай бўлади.
– Ва…
Яна нимадир демоқчи эдим. Ўйлаб топишга урундим. Кеча ҳам урингандим. У эса ҳамон кўзларини мендан узмай оғзимдан нима гап чиқишини кутарди. Уни ранжитмаслигим керак. Нимадир гапиришим керак. Кечаги гапимни гапириб қўяқолсамчи? Кеча нима ҳақида гапиргандим?… “Ва”дан сўнг нимадир гапиришга уруниб анча озиб кетдим. Тағин гапира оламан деб янглишган кўринаман. Сабримни синаяпсизми, деб савол берди у. Бу саволга нимадир деб жавоб бериш керак.
– Менимча сиз мени шу сўзга лойиқ кўряпсиз. Йўқ! Сиз мутлоқо янглишяпсиз. Мен ўзимни таниган ва танита олган кенг фикирли одамман. Мени мингларча сўз билан таърифлаш мумкин. Сиздан хафа бўлишим керак! Наҳотки сиз шу билан гапни тугатмоқчисиз?! Асло! Гапирасиз, кечаги камини ҳам тўлдириб бугун гапирасиз.
У астойидил мени гапиртиришга киришган кўринади. Ўнг оёғим оғрётганини сездим. Унинг гаплари дард бера бошлади. Мен шошмасдан ўйлаган яхши, деган фикирдаман. Агар ўйлай олмасам, зерикиб қолишим аниқ. Кеча қизил олма ейиш ҳақида ўйлагандим. Бугун ҳам шуни ўйлайман. Кечаги олмага қурт тушган бўлса бошқа олма ҳақида ўйлайман. Кўзни биттасини ёпиб ўйласа яхши. Шунда ўй теъран ва тиниқ бўлади. Ўз оғзинг билан одамдай гапириш ўйлашдан оғир. Ҳассага суяниб турсанг, ўнг қўлинг бўлмаса-ю дўстинг келиб сен билан саломлашиш учун ўнг қўлини узатса. Сиз ўйлагандай мен ҳам ўйладим: чап қўлни ҳассадан олиш мумкин. Унинг узатилган қўли учун эмас, тиржайиб турган бетига тарсаки тушириш учун. Лекин буни иложи йўқ. У қилган хатосини англайди ва дарров чўнтагидан бир варақ қағозни олиб ўқишга уиришади. У шундай равон ва урғу билан ўқийдики менинг ўнг қўлим ўсиб чиққандай бўлади. Ҳаяжонланаман.
– Ва…
Юрагим катталашган кўринади. Ахир шу сўздан ортиқ гапира олмаяпман. Пешонамга шўр пешонасин тираб турган у кимса мендан ҳамон илинж кутиб, оғзи йиртилгудай жаврайди. Менга нимадир бўлди. Ёшлгимда юрагим ёрилса керак деб ўйлардим. Айнан ҳозир юрагим ёшлигимда ўйланган ўйдаги каби ёрилмоқчидай. Буни ич-ичимдан сезяпман. Шу билан ҳаммаси тугайдими? Менимча йўқ. Сабаби у мени гапиртириш учун мен билан кетишга ҳам рози. Қизиғи ва кулгили жойи шуки мен аслида нима демоқчилигимни унутдим. Англайпсизми? Унутдим. “Ва”дан сўнг миямда ҳеч қандай фикр қолмади. Қўлларим қалтираяпти. Энди гитара чалолмасам керак. Бундан жуда афсусдаман. Кечиринг, мен ортиқ гитара чалолмайман. Ҳа, энди бу аҳамиятсиз. Шамол қийқириғи ортиқча эмас, сабаби кимдир бизни эшитиши керак. Эшитиб жавоб ҳам қайтариши лозим. Шамол эса ҳамон деразамни чертади. Энди хохолаб кулади. Сен билан иккимиз қоламиз, дея хитоб қилади. Бу жуда қўрқинчли. Уни эшитмаслигим керак. Эшитмаслигим учун эса гапиришим керак!
– Ва…
Бундан ортиқ тилдан сўз чиқмади. У дўпписини полга улоқтирди. Ортиқ умид қилмаслиги ҳақида тўнғиллади. Ярим умрини ва асабини йўқотганидан нолинди. Орқасига ўгрилиб турган бўлсада кўзидан ёш оққанини сездим. У жуда қариб қолганидан ва боришга жойи йўқлигидан унга жуда раҳмим келди.
У қаттиқ бурнини тортди. Йиртиқ чопонини кийди.
– Ва…
Бу менинг эмас, унинг сўзи. У ҳам нимадир демоқчи эди. Аммо “ва”дан уёғига ўтолмай қолди. Бу ҳолатдан у жуда ажабланди. Яна сўзламоқчи бўлди. Тағин “ва”ларни енгиб ўтолмади. Тор хонамда полни тепиб тентирай бошлади. Урунишлари натижа бермади. Дод солиб бақирди. Тағин “ва” деди. Мени кулгим қистади. У асабийлашиб кўзларимга тикилди. Мени айбдор кўрди.
– Ва…
Мен унга тасалли бермоқчи эдим. Лекин энди кеч бўлди. У нима ҳақида гапираётганини унутиб бўлганди. Деворга суяниб ўтириб бошини тиззалари орасига олиб “ва, ва” дея такрорларди. Буларни бари ёлғонга ўхшарди – кеча ёмиғир ёғганди. Бугун ҳам ҳеч қандай фарқсиз ёмғир ёғяпти. Агар эртага ҳам ёғса, демак бу бир кун бўлиши керак. Ер ҳам айланяптими? Айланмасачи? Демак ер айланмаса қуёш чиқиши ва ботиши бўлмайди. Шунда ерда кун ва йиллар бўлмайди. Фақат битта кун бўлади. Шунда деворга суяниб ғижимланиб ўтирган у кимса бир кун яшаган бўлади, шундайми?… Афсусдаман. Шунча умр бир кунда ўтиб кетсая.
– Ва…
Менимча тилим узилиб тушган. Бўлмаса гапириб юборардим. Энди ортиқ кулиб ҳам бўлмаса керак, сабаби тилим йўқлиги сезилиб қолади. Тиржайиш мумкин. Йиғлашчи? Билмадим. Йиғлаб кўриш керак. Гапириш оғир. Агар у кимса ҳақида гапириш керак бўлса, бу ундандан оғир. Бир кишини сўзларга сиғдириш, ўтмишини баён қилиш, айниқса ўзи кутган гапларни гапириш осон иш эмас. Йиғлаган яхши. Умидсизликдан эмас, энди “ва”дан кейин сўз йўқлигидан.
– Ва…
СОТУВЧИ 
– Эй ҳалойиқ! Эшитмадим деманглар! Мен яхшилик сотаман. Дўстга яхшилик ўн танга, бегонага яхшилик беш танга, ота-онага яхшилик бир танга туради! Олиб қолинг.
– Нега ота-онага қилинадиган яхшилик бир танга туради?
– Чунки, мен ўзим уни ярим тангага сотиб олганман.
ДУНЁҚАРАШ
– Уммон ортидан кўнгилга ёруғлик улашиб кўтарилаётган қуёш нурлари, қирғоқа келиб заминга салом айтаётган тўлқин, елканларини кенг ёйиб шамолни қучаётган орзулар кемаси… Биласанми буларнинг бари беътакрор. Одамнинг руҳи енгиллашади.
– …
– Ўтган умрингни, бугунни ва келажакни ўйлайсан. Умрингдан маъно излайсан. Бир лаҳзада дунёга тенг ўй ўйлайсан, оғирлашасан. Сўнг денгиз томон тикилиб, энг гўзал манзарани кўрасан. Ундан завқ оласан. Уфқ сенга енгиллик беради. Сен тин оласан ва табассум қиласан…
– Оғайни янги вайнлар чиқибди. Кўрдингми?
СОҒИНЧ
– Ўғлим, қара, осмонда юлдуз учди. Шу вақтда тилак қилсанг рўёбга чиқади, дейишади. Қани, сен ҳам бирон-бир тилак тила…
– Дўстим, нималар деяпсан. Ахир биз ёлғизмиз. Кўзингга ўғлинг кўриндими?
– Йўқ. Кўзимга отам кўринди.
СЕН ВА ЗАМИН
Йиғлагинг келадию кўзингга ёш келмайди. Дарддан ёрилгинг келади, аммо кучинг етмайди. Қўлинг чўзасан, ундан умид кутсан, тағин ёлғизлигингдан оғринасан. Бир томонни манзил тутасан, бу ердан ва ўзингдан узоққа кетмоқчи бўласан. Икки одимдан сўнг тўхтайсан. Эртадан умид кутасан. Балки қуёшни кутишим керак, дейсан. Ўзингни овутасан. Ерга оғир чўкасан. Муштингни қаттиқ сиқиб азобга зўрға бардош берасан. Кийиминг сингари эскирган тарихингни ғижимлайсан. Ундан ёрқин тасвирлар излайсан. Қайтасан, қайтасан ва яна барибир ўзингга қайтаверасан. Ёшингни чамалайсан… Шунда биласанки кўпи кетиб ози қолган. Қуёшни ботишини кўриб туриб зулматда қолиб кетаётганингдан азобланасан. Кўзинг хира тортади. Олам, ҳатто хотиранг ҳам хиралашади. Аста заминга бағрингни бериб пешонанг сингари қаро ерга ётасан. Кўзингдан ёш сизади. Чанқайсан. Ҳолсизланасан. Ниҳоят сен борлиқдан буткул кетасан. Замин сенсиз ҳувиллаб қолади. Лекин у сени соғинмайди.
ҚИСМАТ
У кеча мен билан хайрлашди. Кетар экан, яна нимадир демоққа уринди. Аммо гапирмади. Мана орадан анча вақт ўтсада у қайтиб келмади. Умр ўтган сайин умидим узилган, ичим қоронғулашиб қолган эди. Мени қаритган ғамли йиллар жон олар пайти унинг овози эшитилди. “Кечиринг…” деди у ийманиб. Индамадим. “Кечиринг, Ота!” йиғлади ахири. Сўнг оёқларимга йиқилиб дод солди. “Кечиринг, Отажон!”. Энди кеч эди. “Кечикдинг…” дедим. Ва бирдан отам ҳам менга шу сўзни айтганини эсладим. Эсладим-у кўзимга ёш келди…
ЯКУН
У доим бахтли якун истарди. Келажак эртангги кунда, мен эса эртани ўзим билан олиб юраман ва якун ҳам кутганимдек рўй беради, дерди ўзича.
У кутган эртангги кун келавермади. Ахири тоқати тоқ бўлиб, бундай бўлмаслиги керак, дея эътироз билдирди ва қайиғини чеки кўринмас денгизга ташлаб ўша эртангги кундаги бахтли якун томон сузиб кета бошлади.
Бир неча ой уммонда сузди. Кўзи ва ҳаёли олдидаги манзара уйғун эмаслигидан аччиғланди. Бунга айбдорни тополмай баттар асабийлашди. Кўп ўтмай қайиғи тешилиб сувга тўла бошлади. Тезроқ ҳаракат қилиб оролга етиб олиш керак, деб ўйлади у. Бор кучи билан эшкак эшди. Суза-суза ниҳоят қандайдир оролга ҳам етиб олди. Ерга қадами етгач қайиғи сингари чўкиб кетмаганидан хурсанд бўлди. Оролни айланиб завқланди, руҳи кўтарилди. Эртангги кун келди, деди. Мен янги ва бахтга тўла оролни кашф қилдим, мен ичимдаги ишонч билан бугунни енгиб эртага етиб келдим.
У ҳаёллари сингари эркин бўлган оролда янги дунё қуришга ва ортиқ кечаги кунни ўйлмасликка ахт қилди. Бир куни қирғоқда офтоб нурида тобланиб ётганида қулоғига қандайдир овозлар эшитилди. Бошини кўтариб эринибгина овоз келаётган тарафга қаради. Юзларча ярим яланғоч, сочлари узун, юзларига лой чапланган, қўлларига найза ушлаб олган қиёфадошлари қўрқинчли қичқириб жон ҳолатда чопиб келишарди. Шунда у нима қиларини билмай типирчилаб қолди. Бугун эртанги кун эмаслиги ва орол ҳам ўзи учун бахтли якун бўлмаслигини тушунди ва чўкиб кетган қайиғини эслади.
СЕН
Бари тушга ўхшайди. Уйғонасан. Шунда кеча туш кўрганингни англайсан. Йўқотилган умр ва чекилаётган азобдан аросатда қоласан. Бирдан эшигингни кимдир асабий тақилатаётгани эшитилади. Юрагинг дупурлаб, эшикни очасан. Қаршингдаги бегона одам ёқангдан ушлаб, “уйғон” деб ўшқиради. Сен нима бўлаётганига тушунмайсан, аммо, тағин кўзинг очилади. Сен навбатдаги тушдан уйғонсан. Ичингда хавотир пайдо бўлади ва яна уйғонишдан қўрқасан.
ЎХШАШЛИК
У эрталаб одатдагидай кўзгуга қараб сочини ва кастюмини тўғирлади. Негадир ўзини шижоатсиз ва бетартиб ҳис қилди. У бундай инсон эмасди. Ўзига-ўзи тушуна олмай кун бўйи жиғибийрон бўлиб юрди. Эртаси куни ҳам шу ҳол қайталанди. Индинга ҳам у ўзига келолмади. Ўзимни йўқотиб қўйганман, деган фикрга келди ахири. Дарҳол газетага эълон берди: мен ўзимни йўқотиб қўйдим. Белгиларим: ўта тартибли, илимли, сер ғайрат, соғлом ва кенг фикрли.
Орадан икки кун ўтгач унинг эшиги тақиллади.
– Сиз ўзингизни йўқотганингиз ҳақида эълон берган экансиз.
– Ҳа, шундай.
– Мен уни, яъни сизни топдим.
– Хурсандман… Ёнингизда ҳеч кимни кўрмаяпман. Қани мен?
– Ўша сиз қидираётганингиз менман.
– Мени бунга қандай ишонтирмоқчисиз?
– Аввал, сиз ўзингизни, тўғрироғи мени ҳақиқатдан йўқотиб қўйганингизга ишонтиринг кейин мен сизга ўзимни сиз эканингиза ишонтираман.
Улар аслида ким кимни йўқтоганини эслашга уринишди. Сўнг ўртага ҳам мавҳумлик ҳам тушкунлик чўкди. Уларни битта муроса бирлаштирди: биз ҳам аслида кимнингдир йўқотгани бўлишимиз ҳам мумкин.
Эртаси куни газетада янги эълон пайдо бўлди: Агар кимдир бизни йўқотиб қўйган бўлса, биз ушбу манзилда бўламиз. Илтимос, бизни топиб олинг ва ўзингизга қайтаринг.
САС
Ёнаётган оловнинг, ёғаётган ёмғирнинг синиқ саси бор. Ботаётган қуёшнинг, сўнаётган юлдузнинг мунгли саси бор. Ўтаётган вақтнинг, узоқлашаётган дўстнинг, кўтарилаётган меҳрнинг, азоб чекаётган ёрнинг аламли саси бор. Адо қилинаётган намознинг, йиғлаётган чақалоқнинг, дуо қилаётган отанинг, жон бераётган дардманднинг умидли саси бор.
Сас бор сен билан менинг орамизда. На сен умидни узасан ва на мен тугилган муштимни ёзаман. Ётлашаётган, совуқлашаётган орамизда бегоналик саси эшитилади. Мен биламан, сен ҳам инкор қилмайсан. Тоқатсиз ва сабрсизлик ила бу инсоний туйғуларга бегоналашамиз: мен сени, сен мени ортиқ истамаймиз. Ўз ичимизга ўралиб бир-биримизни жарга отамиз. Вайрон бўлган, ўлик дилимиздан ёлғизликнинг ўлмас саси эшитилади. Шундай кетамиз: сен у томонга, мен эса бу томонга. Қадамларимиздан оғир руҳнинг оғриқли саси келсада парво қилмаймиз. Кетаверамиз, кетаверамиз, кетаверамиз…
УЙ
У денгиз бўйидан уй сотиб олди. Эшикни ичкаридан қулфлаб мен уйда йўқман, деб эшик ташқарисига ёзиб қўйди. Шундан сўнг у уй ичида йўқолиб қолди.
ВАҚТ
У вақтни ўн йил орқага қайтарди ва ўша дамда сотиб олган гугуртини олиб, қаҳр билан дўкончининг ёнига борди. Гугуртинг сифатсиз, нам тортган, ёнмаяпти, деб сотувчининг юзига гугуртни отди. Сўнг енгил тортгандай бўлиб уйига қайтди.
УШАЛМАГАН ОРЗУ
У энди бир ўзи яшашга қарор қилди. Товани газ устига қўйиб, унга ёғ қуйди. Сал ҳидланган бўлсада зарар қилмайди, деб, гўштни қоғоз қалинлигида меҳр бериб тўғради. Кўшнисининг дўконидан қарзга олиб келган шишани қўлини бир-бирига ишқалаб очди. Соғлик ва иштаҳа учун қиттай ичди. Юзига қон югурди. Ўзи истагандай яшашни бошлаётганидан жуда мамнун эди. Шунда эшик тақиллади. У қўшни дўсти келганини тахмин қилди ва қувониб эшикни очди. Қараса хотини тиржайиб турарди. У хотинини кўриб нафас ҳам олмай қотиб қолди. Чала чайналган гўшт ҳам оғзидан оқиб кетди. Шунда у тушундики бир соат ичида тузган бир умрга етгулик режалари оғзидаги гўшт каби оқиб кетганди. Хотини тугунини ичкариб отиб юборди-да, кетмасликка қарор қилдим, сизни бахтли қилмоқчиман, дадаси, деди хиринглаб. Сўнг бурнини тортиб, гўштни куйган ҳиди келяптими, дея эрини шиппагини кийиб ошхонага кетди.
ПИНАК
Тонг саҳарда пинакка кетиб кўзимни юмиб очсам, қулоғимга ёш жувоннинг овози эшитилди. Уйда кампирим билан ёлғиз яшасак, биздан хабар оладиган яқинларимиз бўлмаса, бу ким бўлди экан? Мундай қарасам, етмиш ёшли кампирим ёшариб қолибди. Юзларида табассум, чаққонгина, ўзини кўзгуга солиб, гўзаллигига маст бўлиб ўзида йўқ хурсанд. Нафасим томоғимга тиқилди. У менга қарагиси ҳам келмасди. Дўппим бошимдан тушиб кетиб, унинг ёнида ўзимни ғижимланган қоғоздай ҳис қилдим. Энди кўзимни юмишга ҳам қўрқиб турибман, тағин уйғониб кетсама…
ЁМҒИР
Ёмғир ёғаётганида қўшним нуқул кўчага чиқиб ўриндиққа ўтириб ёмғирда ивиб ўтиради. Бир сафар у кўчага чиқмади. Бир неча кундан сўнг яна ёмғир ёғди. Қўшним шунда ҳам кўчага чиқмади. Ундан хавотирланиб, бир куни уйига бордим. Нега кўчага чиқмай қўйгани ҳақида сўрадим. У ёмғирдан аразлагани ҳақида айтиб оғринди. Сабабини сўрадим. Шунда қўшним чуқур хўрсинди. У менга руҳ ваъда қилганди. Лекин ваъдасини бажармади. Мен бу ўликлик ва телбанома эътиқоддан, аслида оғир синишдан ўзимни олиб чиқмоқчи эдим. Унга ўтиндим: менга енгил ва тоза руҳ ато эт. Токи мен бир зум бўлсада улуғлик ва покизаликни ҳис қилай. Ёмғир мени эшитди. Менга ваъда берди. Мана йигирма икки йил бўлса ҳамки ундан кутганим бесамар бўляпти.
Қўшним мен билан ортиқ гаплаша олмаслигини айтиб суҳбатни тугатди. Чалкаш ҳаёллар билан уйга қайтаётганимда олдимдан ёмғир чиқди. У мендан қўшнимнинг аҳволи ҳақида сўради. Бўлган воқеани унга айтиб бердим. Ёмғир мен ваъдамни бажардим, деб туриб олди. Лекин у руҳига қаст қилди. Ўзлиги билан уни ўлдирди. Ва мени ортиқ кўришни истамаслигини айтди.
Ёмғир кетди. Тонггача деразмдан ташқарига термулиб ўтирдим. Ёмғир тинмасди. Қўшним эса шу зайл ёмғир билан юзлашмади.
ОЛТИН БАЛИҚ
Кеча олтин балиқ билан келишилган жойда учрашдик. Ундан ҳеч қандай тилак сўрамадим. У ҳам индамади. Орага узоқ жимлик чўкди. Билдимки уни ҳам мен каби ғам эзарди. У нимадир демоқчи, ҳар гал гапирмоқчи бўлганида томоқ қириб тағин жим қоларди. Мен ҳам унинг юзига қаролмай ўтирардим. Шу зайл у билан хайрлашдим. Мен бошқа олтин балиқ ёнига бормайман. Энди қарзини сўраб қолиши мумкин.
УЙҚУ
Унинг наздида бечора хамхонаси қандайдир оғир дарддан азоб чекарди. Саратон деб ташхиз қўйди ўзича. Балки очликдан ошқозонига яра тушгандир. Бир сафар жураът қилиб ундан сўраганида ишинг бўлмасин, деб ўдағайлаган эди. Шу-шу унга индамасдан термулиб ўтираверарди. Бир куни чидолмай сўз бошлади.
– Сенга ёрдам керакми? – деб сўради у ҳамхонасидан.
– Керак эмас! – деб инграганича тиззаларини қучоқлаб ўтириб олди ҳамхонаси.
– Агар сен ўлиб қолсанг, ҳақиқатдан нимадир бўлиб жон берсанг менга қийин бўлади. – деди. Сўнг ўрнидан туриб эшик ёнига келди. – Сен беғам ва бефаросат одамсан, ошна. Чунки сен эшик ортида қандай олам борлиги, у ерда нималар бўлаётгани ҳақида ўйламаяпсан. Бу сенинг айбинг, буни тан олишинг даркор.
– Агар сен ўлсанг менга ҳам қийин бўлса керак…
– Нега?
– Сени бу ердан олиб кетишса сенинг ўрнингга яна биттасини олиб келишади. У ҳам сенга ўхшаб минглаб савол беради. Шунинг учун мен эшик ортида нималар борлиги ҳақида ўйлмайман, биламанки у ерда ҳам минглаб саволлар бор. Саволлар эса мени қўрқитади. Сабаби унга айтиладиган жавоблар даҳшатли бўлиши мумкин.
 Ҳамхонаси эшик, савол ҳақида ортиқ гапирмади. Кечаси билан йиғлади. Ҳамхонамга нимадир деб тасалли беришим керак, деб ўйларди у. Уни барибир қутқаришим керак, эртага ўлиб қолса зерикиб қоламан.
 Тонгга яқин ҳамхонасининг кўзи илинди. У буни сезди ва ўзи ҳам тезда ухлашга ётди. Унинг тушига киришга ва эшик ортидаги ҳаётга олиб чиқишга қарор қилди. Ва бирдан сесканиб ўрнидан турди. Эшик ёнига келиб, тирқишлардан ташқарига мўраламоқчи бўлди.
– Ўзи эшик ортида нима бор эди? – У қўрқувга тушди. Ҳамхонасининг ёнига келиб бақирди. – Мен эшик ортида нима борлиги ҳақида ўйласам қўрқиб кетяпман. Менга ёрдам бер! Ростанам у ерда саволлар борми?!
 Ҳамхонаси совуб улгурган эди. Буни сезса ҳам уни уйғотишга уринди.
– Демак ташқарида ҳеч вақо йўқ. Биргина сен бор эдинг, энди сен ҳам йўқсан. Шундайми? Гапирмайсана?! Янглишмаётган бўлсам, мен яна ёлғиз қолдим…
 У хонада тинмай у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Ҳар сафар ухлаганида тушида эшикдан ташқарига чиқаётганини кўрадиган бўлди. Бундан баттар қўрқиб ухламаслик ҳақида ўйлар эди. Фикрича ҳамхонаси ҳақ эди: у ерда минглаб саволлар борга ўхшарди.
“ВА” ЙЎҚОЛДИ 
У ҳорғин ҳолда уйига кириб келди. Ошхонадан хотинининг норози оҳангдаги даҳшатли овози эшитилди. Унинг саси яна юрагининг ва умрининг бир қисмини узиб олди. Пешонасидаги ҳозиргина қўзиқориндай бўртиб чиққан тери томчиларини артди. У ортиқ ичкарига қадам босолмади. Орқасига ўгрилиб, ёмғирда ивиб кетган палтосига маҳкам ўралиб яна ташқарига чиқди. Вазиятни ўзича баҳолаётган Қўшниси таъмакини берилиб тортар экан Унга сабр тилади. Кўча бошидаги дўкон очиқлигини, йўл четидан бориб келшини айтиб шивирлади. У қўшнисининг қайси тилда гапираётганини ҳам англамади. Ёмғир аралаш шамол тортиб борётган томон бошини елкасига қисиб кетаверди. Хотин алла маҳалгача уни кутди. Ахири эшикни қулфлаб ухлашга қарор қилди. Эртаси куни, бир ҳафтадан сўнг, ҳатто бир ойдан кейин ҳам У қайтиб келмади. Хотини ёлғизликдан сиқилиб, газетага эълон берди: “Ва” йўқолди. Топганлар мукофотланади.
ҚАҲВА
– Юр, кечагидай бирга яна қаҳва ичамиз.
– Мен кеча қаҳва ичмадим.
– Ичмаган бўлишинг мумкин лекин мириқиб суҳбатлашдик-а?
– Кеча мен уйда эдим.
– Унда мен ким билан қаҳва ичдим?!
– Билмадим. Аммо мана, бугун мен келдим, демак энди қаҳва ичишимиз мумкин.
– Алло? Ким бу?
– Мен бугун қаҳва ичишга боролмайман. Кечир, муҳим ишларим чиқиб қолди.
– Ким телефон қилди?
– Сен…
МЕН
Олдинлари сенга қараганимда зимистонда ёруғлик, саҳрода булоқ топгандай бўлар эдим. Сенинг руҳингда синмас, бардавом ҳаёллар тозалигида кетмас кучни ҳис қилар эдим. Бугун эса, сен тамомила ўзгаргансан. Мен сени туғилганимдан бери танисамда, бугун сенинг аслида ким эканлигингни унутдим. Юзларингдаги ишончсизлик ва таҳлика мени қўрқитди. Англаяпманки сен қайтибсан, қарибсан, тўхтабсан, тинибсан, ўзгарибсан ва ўлибсан эй Мен!
ҚАРЗ
– Нега гапирмаяпсан?
– Ҳаётга сўзларимдан тавон тўлаяпман.
– Демак ҳали ўзим билан кўп гаплашаман шекилли…
– Унда ўзингдан қўрқ… Ўзингни қутқар, ўзинга якуний ҳукм ўқи… Илло мендай сўззиз қолиб, ҳатто қулоғингача узиб бўлмас қарз балосидан азоб чекиб қолма.
– …
– Нега йиғлаяпсан?
– Бахтиёрлигимдан.
– Нимадан бахтиёрсан?
– Ўзимда аччиқ бўлсада қачондир якун борлигидан.
ЖАНГ
Мақсад билан Қисмат муросага келолмай ахири жанг қилишипти. Қонли тўқнашувда Тирикчилик ғалаба қозонибди.
САС
– Эшитяпсанми?
– Йўқ.
– Наҳотки эшитмаяпсан?
– Ҳа, ростдан эшитмаяпман.
– Мен сени эшитяпсан, деб ўйлабман…
– Ўзи нимани эшитишим керак эди?
– Билмадим. Балки мен ҳам эшитмагандирман…
ХОТИРА
Сассиз, рангсиз ва кимсасиз бу ичкариликда якка ўзим ўтмишга чўкиб бораяпман. Ҳали узоқ йўл бошида туриб, энди қайтиб ва айтиб бўлмасликдан огоҳ бўламан. Руҳим ҳам бошим каби эгилади. Саноқсиз хотирам зарралари кўз ўнгимда ҳар бири дунёга сиғмас олам бунёд қилади. Шунда барини эслайман: туғилмоқдан ўлимга қадар… Мен хотираларимга қайтяпман. Йиғлаяпман ва эслаяпман. Биляпман ва тушуняпман. Пушаймондаман ва тавбадаман. Кечикдим… Кечикдим…