Маҳмуд Абулфайз. Аза (новелла)

Йўл бўлинди, қисматлар айрилди. Эр исёнга келди: “Уч талоқсан! Кет”, деди. Бу бор-йўғи уч сўз эди. Лекин атига шу уч сўз дунёни остин-устун қилишга кифоя бўлди. Бу уч сўздан улуғ Арши аъло ларзага келди. Бори дунё чайқалди. Эшитганлар ларзага тушдилар. Умрлар титроққа тушди. Меҳр-муҳаббат йиғлади, вақт йиғлар, жамики рўзғор устунлари бир-бир қулар экан, йиғлашга тушдилар.
Келинчак… бахти қаро, манглайи шўр келинчак, бир ўғли, бир қизини етак­лаганча, бир тугунчани олиб, эрининг уйидан чиқиб кетди. Жажжи болакайлар ҳали гап нимада эканлигини тушунишмас, дам сели себар бўлиб йиғлаётган онага қарашар, дам эса ортда қолаётган ҳовлига, у ерда дарвоза ёнида ғазаб отига минган отасига қарай-қарай, жавдирай-жавдирай кетиб борардилар. Болакайлар ҳадеб ортга қарайверардилар, она эса уларни силтаб, олдга ундарди. Гўдаклар эса яна…
Келинчак икки гўдагини етаклаб, хазонрез куз кунларининг бирида туғилиб-ўсган ота макон – она уйига кириб борди. Ота билан она қизларига савол бермадилар. Улар сўзсиз ҳам барча нарсани англаб етган эдилар. Зотан, бутун фожиани кўзёшларидан-да чиройли, тушунарли тарзда айтиб берадиган ровий йўқ эди шу дақиқаларда.
…Йўллар бошқа қовушмади. Қовушмасди ҳам. Эр ва хотин тақдирнинг номаълум йўлларидан таваккал кетиб борардилар.
Бир куни иш қонуний ечимга етиб келди. Эрнинг мол-мулкидан (аниқроғи ўртадаги мол-мулкдан) аёли, ўғли ва қизига фалон миқдор ажратиб берилиши, фарзандлар токи вояга етгунга қадар фалон сўмдан алимент тўлаб турилиши ҳақида одил суд ажрим чиқарди. Эр эса собиқ аёли ва икки фарзандининг ҳақини бермасликнинг, йиллар оша алимент тўламасликнинг барча йўлларини ахтара бошлади. Миясига зўр берди, чора излади ва… топди ҳам. Охири у маҳалла одамлари орасида ҳам, судда ҳам шундай дея баралла эълон қилди:
– Болалар аслида мендан эмас эди!..
Эшитганлар ҳанг-манг бўлиб қолишди. Бу гап худди ёз чилласидаги момақал­дироқ каби барчани саросимага солди.
– Ахир, болалар қуйиб қўйган ўзинг-ку! – дейишди одамлар.
Лекин эр-ота гапида қайсарлик ва шармандалик билан туриб олди.
– Тўғри, бироз ўхшаши ҳам мумкин, лекин менинг болаларим эмас!
Шунда кўпни кўрган бир қария вазмин ва сокин туриб айтди:
– Болам, агар бу бегуноҳ фарзандлар сендан бўлмаса, у ҳолда… сен қаерларда, қайси кавакларда ётган эдинг?! Билиб турибман нима учун шундай деб айтаётганингни. Эсингда тут болам, у қулоғинг билан ҳам, бу қулоғинг билан ҳам эшитгил: пул, мол-дунё қўлнинг кири, топилади. Ҳеч ғам тортма. Лекин… лекин ор-номусни қаердан топасан, жон болам?! Тирик туриб ўлганинг нимаси энди, шўрбахт болам!
Шу гапларни айтиб бўлгач, чол йиғлади. Бу шундай йиғи эдики, ларзага тушмасликнинг ҳеч бир иложи йўқ эди. Балки битгувчи бўлса-да, бу ғуссали ҳолатни айтиб берадиган сўз луғатда топилмасди. Бу йиғи номус-диёнати ўлган, оридан айро тушган, жасади шунчаки дунё оралаб юрган шўрпешона бир йигитга очилган аза эди.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2017 йил, 5-сон