Маҳкам Маҳмудов. Мен — мен эмасман… (ҳикоя)

Салобатли дарё оқар
чайқалиб беғам.
Менинг яхлит ҳаётимни
иккига бўлиб…
Маъруф Жалил

Эшик қўнғироғи устма-уст жиринглади. Шошиб очдим.
— Туғилган кунингиз муборак бўлсин, Беҳзод! Бехабар қолибмиз, бошқалардан эшитдик…— деб гина қилди ҳаллослаб кириб келган дўстим Бахтиёр, қўлидаги қандайдир ўрамларни четга қўйиб.
— Ҳа, энди шундай бўлиб қолди, ўзим ҳам кечагина билдим, театримиз директори эслатди.
Хижолатдан чиқиш учун эмас, бу ишга директор бош қўшганини билдириш учун шундай жавоб бердим. Бахтиёрни меҳмонлар ўтирган хонага бошладим.
Чоғроқ хона одамларга тўла, чироқ нури папирослар тутунидан хиралашган эди.
Журналист дўстим Бахтиёр бу ерга кўп келган бўлса-да, хона деворларидаги суратларга яна узоқ-узоқ боқди.
— Анови ҳайбатли тоғлар бағрида нима яширинган экан?..— деди у секин, ўз-ўзига гапиргандай.
Меҳмонлар ялт этиб қарашди. Уларнинг кўзларида таажжуб бор эди.
— Шовиллаб, тошиб оқаётган дарёдан бошқа нарсани кўрмаяпман,— деди кичик жуссали, кўримсизгина, аммо ўзига жуда бино қўйган шоир Аҳмад истеҳзо билан.
— Шунақа денг,— мийиғида кулди унинг ёнидаги, барваста, қўнғир мўйловли, қорача бастакор йигит.— Одам кирса, адашиб қоладиган ўрмон-ку бу…
— Ана холос! Ё менинг кўзим ўтмай қолган, ё буларнинг, — луқма ташлади сочини тоза қирдирган, истараси иссиқ адабиётшунос Умар.— Ахир, анови ўтлоқдаги жнлғадан сув ичаётган оҳуни ҳеч бирингиз кўрмаяпсизми? Қаранг, у қандай иболи, тоғ қизларидай ҳуркак, ҳар бир шарпадан қочишга тайёр…
Мен бундай гапларни биринчи эшитишим эмас. Илгари келган меҳмонларнпнг кўпчилиги ҳам шундай баҳслашиб ўтиришар эди. Бу сирли суратларни мен чизганман. Тўғриси, менинг ўрнимдаги, вужудимдаги бошқа одам чизган. Меҳмонлар, энг яқин дўстларим ҳам шундай деб ўйлашади. Аслида эса, уларни мен чизмаганман. Дўстларим мени — мен деб ўйлашади.
Аслида мен — мен эмасман…
— Ёшлигингизда ҳақиқий рассом бўлган экансиз,— хулоса ясагандай, бир хўрсиниб гапирди журналист дўстим. Бу сўзларни у ҳар келганида айтади. Бу сўзлар аввалги ишларимдан мамнунлигини билдирадими ё ҳозирги ишларимдан норозилигиними, билмайман.
Ҳа, бу суратларнинг ҳаммаси севиклим Дурдонанинг турли кайфиятдаги чеҳралари. Ҳа, бу соҳибжамол қиз бахтиёрлигида ҳам, маъюслигида ҳам, ғазабланганида ҳам гўзаллигини йўқотмасди.
Мен Дурдонани севардим. Аммо…
Диваннинг ёстиғига суянганча, меҳмонларни ҳам унутиб, девордаги манзараларга қараб, хаёлга толдим. Болалигимни эслашга интилдим. Лекин ҳадеб кўз олдимга менинг эмас, бошқа бир одамнинг болалик чоғлари келаверарди.

* * *

Ким экан у? Қиёфаси менга ўхшайди. Лекин мен эмасман. Йўқ, у мен эмас. Йўқ, йўқ… у бутунлай бошқа: унинг чинакам юраги бор. Мен эса юраксиз одамман. Мени ҳақиқий юракли одам, деб ўйлашади. Яна ким билади, балки бошқалар ҳам менга ўхшаб… билмадим. Ҳа, сал-пал эслаяпман. У — мен эдим. Ёзнинг фараҳбахш кечалари маҳалла четидаги катта майсазорда ёш-яланглар тонггача чўпчак айтишиб ўтирардик.
Майсазор яқинидаги дарахтларнинг чакалак бўлиб кетган шохлари, берироқдаги жўхоризор ва ловиязорлар тўлин ой нурида ғалати оқариб-бўзариб, сирли кўринар, аллақаёқдан эшитилаётган ҳаққушнинг хунук товуши юрагимга ваҳима соларди. Онам айтиб берган парилар ҳақидаги афсоналарни эслаб, ўйга чўмар, осмонда тариқдай сочилган, чарақлаган юлдузларнинг жимир-жимирини томоша қилар эдим. Мен тонгнинг қаёқдан келишини билишга уриниб, хўрозлар қичқираётган, юлдузлар сўнаётган алламаҳалда ҳам осмондан кўзихмни узмасдим. Шу зайл онамнинг «ухла», деб койишига қарамай, болаларнинг шўх кулгиси, қийқириқларига кўмилиб, ҳар куни тонгни кутардим.
Мен улғайиб, рассомликка ўқидим. Талабалик йилларимнинг энг олтин чоғлари нозик рангларни излаш билан ўтди.
Бир воқеа ҳаётимни остин-устун қилиб юборди. Ҳамма уйқуда, ҳали тонг ёришмаган эди. Хонам деразасидан чиройли манзара кўринарди. Олисда сой буралиб оқяпти, кўм-кўк водий қўйнида гуллаган ўрикзор ва шафтолизорларнинг оқ, пушти ранглари қалбга ором беради, аллалайди. Ана шу дақиқаларда майин шамол эшикни аста очди. Остонага қараб, ҳанг-манг бўлиб қолдим.
Қаршимда мен излаган хаёлий пари — Дурдона турарди! Қимдандир дили ранжигандай, маъюс кўзлари узун киприклари орасидан боқар экан, кўнглимда латиф куй туғила бошлади.
— Ҳа, ажабланманг, мен — Дурдонаман,— деган майин, нафис, тиниқ товуш ҳушимга келтирди. Унга қараб лол бўлиб қолдим.
Неча йиллар кўнглим тўрида асраб юрган энг чиройли сўзлар ҳам тилимга келмай қолди. Аҳволимни тушунди шекилли, Дурдона мовий ҳарир кўйлагининг узун этагини сал йиғиб, каравотим четига омонатгина ўтирди.
Ҳозир дунёда энг катта ташвишим — неча йиллар излаб топганимдан ажралиб қолмаслик эди.
— Кетиб қолмайсизми?— дейишга аранг мажолим етди. «Ҳуркиб қочиб кетса-я…»
Паривашим жавоб ўрнига майин жилмайди. Бу табассум гўзаллигини тасвирлашга сўз, бўёқ, оҳанг топиш қийин эди.
Шундай бўлса ҳам мен бу ҳолатни шошиб, оппоқ деворга тушира бошладим… Дурдона ҳаракатимни сезди-ю, норозилик билдирмади, токчадаги китоблардан бирини олиб, аста варақлай бошлади.
Мен терга ботиб, сурат чизяпман.
Мана, руҳимни арши аълога кўтарувчи Дурдонанинг ниҳол қомати, жон олувчи жоду кўзлари…
Қўшнимизнинг хўрози қичқириб, тонг ёришганини билдирди. Мен ҳали суратни чизиб улгурмаган эдим. Дурдона безовталаниб қолди, у ҳарир кўйлагининг узун этакларини нозик, нафис қўлчалари билан салгина ердан узиб, остонада ғойиб бўлди.
Мен бу ҳолдан ҳайратланиб, мўйқаламни қўлимдан тушириб юбордим. Оёқларимда мажол йўқ: каравотга ўтириб қолдим. Гоҳ Дурдона чиқиб кетган эшикка, гоҳ девордаги суратга қарайман.
Бўёқлари анқиб турган суратга боққаним сари ҳайратим орта бошладн. Девордан менга париваш қиз эмас, жилға бўйига сувга келган ёш ҳуркак оҳунинг мунис кўзлари боқарди!
Дурдона яна келди. У бу сафар аввалгидан ҳам гўзалроқ кўринди.
Деворга янги расмлар тушира бошладим.
Расмлар кўпайди.
Ўқишга ҳам бормай қўйдим. Дурдонанинг жамолини тасвирлаш билан овора бўлиб, кечанинг ҳам, кундузнинг ҳам фарқини билмай қолдим. Ҳолдан тойгунимча, қўлимдан мўйқалам тушиб, ўзим йиқилгунча ишлардим.

* * *

Янги расм муаллими баланд бўйли, сочлари силлиқ таралган, сунъий, аммо ўткир кўзлари ҳамиша жилмайиб турувчи киши дарсга кириб, аслзодаларга хос назокат билан ўзини танитди. Сўнг янги тартиб билан таништира бошлади.
— Асосий вазифамиз — ҳаётимизни мазмунли қилиб безатиш, — деди у оҳиста, лекин қиличдай кескин оҳангда аудитория шифтидаги гулга қараб. — Мазмунли, деганда бугун, фақат бугун учун фойдали ишлар қилишни назарда тутаман…
Ҳамма ялт этиб менга ўгирилди. Мен парво қилмагандай, савол бердим:
— Бугун учун фойдали деганда нимани тушунайлик?
Янги муаллим жаҳли чиққанини яширмади:
— Бугун учун фойдали дегани — фақат бугунни ўйлаш дегани! — бақирди у бўйига ярашмаган йўғон товуш билан.
Бу фикрга, албатта, кўпчилик қўшилмади. Аммо янги муаллим мунозарани қизитишни хуш кўрмаслигини ҳамма тушунган эди.
— Бугундан бошлаб, — деди янги муаллим тантанавор оҳангда, одамни сескантирувчи машъум завқ билан, — сурат чизишнинг янги, илғор ва осон усулига ўтамиз. Маълумки, табиатдаги рангларнинг кўплиги, чексизлиги ақл-ҳушни бир жойга йиғишга халақит беради, яъни одамни меҳнатдан чалғитади. Тасаввур қилинг, одам ўрмондаги бир ўтлоқда гулларни кўриб қолди. У гулларнинг рангига маҳлиё бўлиб, молларни боқишни, яъни асосий мақсадини унутади. Шунинг учун иложи борича, бояги гулларнинг хилини камайтириш зарур. Бу иш кўп куч, вақт ва маблағ талаб қиларди. Аммо мен бу проблемани ечишнинг ажойиб йўлини топдим. Янги муаллим шу ерда нафас ростлади ва янада тантанали гапирди:
— Бунинг учун одамларнинг кўзини кўп рангларни кўрмайдиган қилиб ўзгартириш кифоя. Мен узоқ йиллик илмий тадқиқотлардан сўнг, шундай кўзни кашф этдим. Бу кўз фақат бир хил рангни кўради ва яшашни соддалаштиради. Ҳозирги электроника, оптроника, лазерлар асрида бундай кўзни ясаш ва алмаштириш қийин эмас…
Аудиторияга совуқ сукунат чўкди. Ҳамма гапнинг охирини кутарди.
— Ҳаммангиз энди шу кўзлардан фойдаланасиз,— деди у қатъий қилиб, эътирозга ўрин қолмайдиган оҳангда.— Энди мураккаб бўёқлар қидириб юрмайсиз..
Аммо эътироз билдирмасдан бўлмасди.
— Янги кўзлардан ҳамма фойдаланиши мажбурийми?
Кўпчиликка янги кўзлар ёқиб қолган шекилли, «Ановининг ношукурлигини…» — дегандай, ялт этиб мен томонга қарашди.
Янги муаллим столни чертиб, ҳаммани тинчитгач, маънодор қилиб жавоб берди:
— Ҳаммага мажбурий эмас, аммо илғор усулдан фойдаланувчи рассомларга ҳамма йўллар очиқ бўлади…
Бу сўзларнинг маъносини тушуниш қийин эмасди.
Қўнғироқ чалинди, дарс тугади. Аудиториядан биров хурсанд, биров хафа бўлиб чиқди.
Мен асабларим қақшаб, қаёққа юришни ҳам билмай тентираганимча, институтдан узоқлашдим. Шаҳар четидаги ташландиқ бир боққа кирдим.
Қуёш ҳали ботмаса-да, боққа қоронғилик чўккан, шамолдан дарахтлар эгилиб, шовиллар, ув тортар, мармар қирғоқлари емирилиб, кўчган катта ҳовузнинг қорамтир-сафсар тусдаги суви нотинч жимирлар эди. Ҳовузнинг эскириб кетган оқ мармар супасининг ғиштлари кўчиб кетган. Думалоқ гранит пойдеворда салобат билан турган Беруний ҳайкалининг «сочини» дарахт шохлари юлқиламоқчи бўлиб тебранарди… Назаримда ҳайкал ағдарилаётгандай эди. Ҳовуз тепасидаги майсазорнинг нарироғида дарахтзорга бурканган кунгурадор кўҳна қаср кўринади. Унинг баҳайбат деразаларидаги шоҳи пардалар ҳам шамолда юлқиниб, ботаётган қуёш шафағида қип-қизил бўялгандай ял-ял ёнарди. Қаср тепасидаги қалин ўрмонзорнинг баҳайбат сершох чинорларига шамол таъсир кўрсатолмагандай, оғир сукунат қоронғилигига чўмган.
Шамол кўп ўтмай, довулга айланди. Энди ҳаммаёқ ларзага келди, боғнинг тепасида кўҳна ўрмондаги баҳайбат чинорлар ҳам фарёд солиб, увлай бошладилар. Осмон ёришиб, момақалдироқ гумбурлади. Чақмоқ чақиб, олов қиличи ярқ этиб, бошимга тушди. Ҳушимдан кетдим…
Кўзимни очганимда майсазорда ётардим. Довул тинган, зим-зиё кўкда менга нотаниш юлдузлар чарақларди. Негадир ўзимни қушдай енгил сезардим, оғирлигимдан қутулгандай эдим. Тиззалаб ўрнимдан турдим ва ёнимга қараб, қўрқувдан титраб кетдим. Майсазорда, ёнгинамда нотаниш бир йигит беҳуш ётарди. Унга синчиклаб қараганим сайин, ҳайратим орта бошлади. У менга, худди ўзимга ўхшарди.
Нима қилаёлтанимни ҳам билмай, чопиб бориб, ҳовуздан ҳовучимда сув келтирдим ва уиинг юзига сепа бошладим. Қулоқ тутиб, юраги дук-дук ураётганини сездим. У ҳушига келди ва ўрнидан тураркан, истеҳзо билан ғудурлади:
— Яхшиси, ўз кўксингга қулоқ сол! Юрагинг уряптими, йўқми?
Мен шошиб, кўкрагимнинг чап томонига қўлимни босдим. У ерда ҳеч нарса йўқдай туюлди.
— Ҳа, ажабланма, сенинг юрагинг мана,— деди у ўз кўксини кўрсатиб ва ёнимга ўтирди.
— Қимсан ўзинг?— баттар ажабланиб сўрадим.
— Мен — сенман…
Бу гапдан бошим айланиб, гандираклаб, йиқилишимга сал қолди.
Чўнтагимни пайпаслаб, папирос тутатдим. Беихтиёр унга узатдим. У ҳам чекди. Иккимиз узоқ жим қолдик. Ниҳоят у гап бошлади:
— Сен Дурдонани ноҳақ ранжитдинг. У софдил, гўзал, ақлли қиз. Мен уни жуда севаман. Сен ҳам севасан…
— Йўқ,— шошиб эътироз билдирдим.— Мен Дурдонани севмайман. У — жодугар… Минг ёшга кирган. Уни кўрган одам чангга, гардга айланади…
— Қўйсанг-чи, бу янги муаллим — жаноб Хомнинг уйдирмаси. Сеи — қўрқасан, ўқишдан кетаман, деб қўрқасан. Аслида, ҳар бир одамнинг ўз Дурдонаси бўлган…
Хуллас, иккаламиз келишолмадик. Мен қўл силтадим. У Дурдонани излаб кетди.
Шу кундан бошлаб, иккига бўлиниб кетганимдан сўнг, соф ақл-мулоҳаза билан яшай бошладим. Ҳар бир қадамимни ўйлаб босардим. Ақл-мулоҳаза эса кўпинча ташвиш, ваҳима туғдирарди. Гоҳо яримталигимни одамлар билиб қолармикин, деб қўрқардим. Ваҳимали ўйларни қувиш учун кетиб қолган ярмимни излардим. Гоҳ у топилар ва мени асли ҳолимга қайтараман, деб кўп азоб берарди — ҳушимга келтириш учун бўшаб қолган юрагим ўрнини тўлдирнш учун мени саволлар оловида куйдирарди.
Шунақада ёмон кўриб, нафратланиб кетардим ундан.

* * *

Ўқишни тугатиб, театрга ишга кирдим. Янги муаллим мени театр директорига «энг яхши шогирдим», деб таништирди. Туну кун ишхонада бош рассомга яхши кўринишни, унинг яқин одамлари қаторига қўшилиб, обрў орттиришни ўйлардим.
Бир куни бош рассом саҳнадан қадимий манзарадаги салобатли нақшин қасрни олиб ташлашни маслаҳат берди. Мен ўйлаб ўтирмай, манзарадан қасрни олиб ташладим. Бошлиқнинг дидини билганимдан кейин, театримизда қайси саҳна манзарасида қаср бўлса — олиб ташлайвердим. Қизишиб кетиб, ҳатто қасрдан кичикроқ кўшк, равоқларни ҳам қўймадим. Энди мен олий насабли одамлар даврасига кириб, турмуш ҳаловатларини тота бошладим.
У — Дурдонанинг ошиғи эса, қаерлардадир омадсиз, оч-юпун юрар,— гоҳи-гоҳида, сокин кечаларда уйқум қочганида келиб, мен билан баҳслашарди.
У гоҳо мен кутмаганимда, кўришни истамаган пайтимда келиб қолар ва ишларимга аралашиб, мени шарманда қилар эди.
Бир куни азонда уйғониб, кўчадаги анҳорда юзимни юваётган эдим. У келиб қолди. Осмонга қаради-ю, ҳайратдан қотди.
— Уфқни кўряпсанми? Нақадар рангларга бой! Фусункор тонг!—деди у елкамдан ушлаб.— Сен болалигингда кўрган ноёб, афсонавий ҳарир, пушти тонгларга ўхшаган тонг бу…
У менга, бу манзарани чизиб қол, деди. Аммо ишга кеч қолишимни ўйлаб, бош рассомнинг башарасини кўз олдимга келтирдим. Бош рассом театр саҳнаси орқасида ишимизга кўз-қулоқ бўлиб юрарди. Ишга сал кеч қолган ходимга бақирар, асабини бузиб жинни қиларди. Рассомларга вақтни гўё чўнтагидан пул чиқариб бергандай, қийналиб улашарди. Мен бош рассом билан тўқнашмаслик учун тонг шафағини қолдириб, театрга отландим.
Кўзгу олдида кийинаётганимда у мени яна сўроққа тутди:
— Ишга кеч қолсанг нима бўпти? Ишга ҳар куни борасан, бундай фусункор манзара эса кам учрайди. Бундай бетакрор манзарани балки яна сира учратмассан. Ҳу, анави рангни қара, сен бундай раигни биринчи кўришинг. Тезроқ мўйқаламингни ол.
— Йўқ, вақтим йўқ. Бугун гўзаллик ҳақидаги муҳим шиорни ёзишим керак. Ёзмасам… ишдан ҳайдашади…
— Одамларга гўзаллик тўғрисидаги шиор эмас, гўзалликнинг ўзи керак… Агар сен ишга бормасдан фақат ижод қилсанг, кўпроқ гўзаллик яратиб, одамларни бойитардинг.
Аслида у ҳақ эди. Аммо фақат ижод қилсам, бирор жойда хизмат қилмасам, муҳтожликдан ўламан-ку.
— Мана, сен ҳеч қаерда ишламай ижод қиляпсан, яратаётган дурдона асарларингни ким тушуняпти? Сен одамлар учун ўзингни фидо қиляпсан. Одамлар эса сени бир тийинга олишмайди.
— Бунинг сабаби шуки, одамларнинг емиши жойида, аммо кўнглида ҳеч вақо йўқ, худди чўлдай, мен уларнинг кўнглига гул уруғлари сепиш учун ижод қиляпман…
— Одамлар сен сепган гул уруғларини ҳам еб қўйишади, сенинг асарларингни сариқ чақага алмаштиришади. Устингдан кулишади…
— Йўқ, ҳамма сен ўйлаганча ҳайвон бўлиб кетмаган. Мен уларнинг одамлигига ишонаман… Ана, уфққа қара, ранглар ўзгаряпти, тезроқ мўйқаламингни ол…
Мен камчилигимни тан олгим келмасди.
— Тўғриси, сен ҳайратланаётган нозик ранглар, барибир менга бир хил кўринади. Негаки, менинг кўзим — янги.
— Кўзнинг янгисини нега олдинг?
— Янги кўз одамни чарчатмайди.
— Сен чарчашдан қўрқасанми?
— Йўқ чарчашданмас… бошқа нарсадан… Бор, мени йўлдан урма….
— Сени йўлдан уриб бўлишган. Мен сени тўғри йўлга қайтармоқчиман…
Мен бу гапга парво қилмай, бир челак бўёқни кўтариб, бир ўрам матони қўлтиғимга қнсганимча ишга жўнадим.
У, садқаи одам кет, деганича, кўздан йўқолди.
Шу кўйи узоқ ойлар кўринмади. Тўғриси, мен ундан қўрқардим. Уни ўйласам, Дурдонанинг жодугарлиги, довул, кўҳна боғ эсимга тушарди.
У гоҳо болалигимни, ёшлигимни эслаган пайтларимда, ўтиришларда, давраларда келиб қоларди. Ниҳоятда озиб-тўзиб кетган, гўё фақат суяги қолганди. Уни доимо азоб кемираётганидан шундайдир.
Эшитишимча, мен семирганим сайин у яна ҳам озиб кетаркан. Мен мартаба зиналаридан кўтарилганим сайин, уни хизматда пасайтиришаркан. Менинг пулим кўпайиб, маишатим яхшилангани сари у охирги чақаларига қора нон олиб, сувга ботириб еркан. Менинг либосим янгилангани сайин, унинг жулдур, чириган усти бошига яна ямоқлар тушаркан…
Ўзидан кўрсин. Қаёқдаги Дурдона деб, мендан, оромли ҳаётдан ажралиб қолди. Унинг расмлари қанчалик гўзал, жозибали бўлмасин, янги кўзли одамларга кўринмасди.
Аммо бугунги меҳмонлар деворлардаги мен — яъни, у чизган гўзал суратларни қандай кўриб қолишганидан ҳайратда эдим. Ё улар янги кўзларини олиб ташлаб, аввалги кўзлари билан келишдимикин? Даврадаги меҳмонларга бир-бир қарадим. Ўртада чақчақлашиб ўтирган, хушбичим соқол қўйган йигит кўзимга жуда иссиқ кўринди. Меҳмонларнинг оғзини очириб, кулдириб ўтирган бу йигит — у, яъни бир вақтлардаги мен эдим. Унинг ёнида, ўн саккиз ёшли соҳибжамол ўтирарди.
Бу — Дурдона эди. Унинг шўх кулгиси жонон чинни жарангидай хонани тўлдирарди.
Ҳамма кўзлар унга ва Дурдонага тикилган эди.
Кимдир сўраб қолди:
— Бу кимнинг суратлари?
— Дурдонанинг…
Суратлар ўртоқларимни ҳам ҳаяжонга солди шекилли, гапимга кулишмади. Журналист дўстим изоҳ берди:
— Ҳа, булар чиндан дурдона асарлар… Бўёқларга қаранглар-а, табиатда ҳам йўқ рангларни топган бу дарвеш…
Мен ҳайрон эдим…