Луқмон Бўрихон. Болтабойнинг боласи (ҳикоя)

Теваракдан аллақандай дори-дармонларнинг ачимсиқ иси анқийди.

Елкасига елвагай ташланган оппоқ халат тугмасини асабий ўйнаган кўйи шифохона йўлагида бетоқат юриниб турган Қаюм Очилович Идрисов қаршисидаги ойнабанд эшикка тез-тез умид­вор кўз ташлаб қўярди. У ён-бу ён сассиз, шарпасиз ўтиб қайтаётган ҳамширалар, хизматчилар сийрак сочларига қуюқ оқ оралаган, пўрим уст-бошли, амалдорнусха бу кишига беихтиёр бош ирғаб салом беришади. Хаёллари паришон Қаюм ака эса уларни деярли пайқамайди.

Бир пайт ойнабанд эшик оҳиста очилиб, кўкиш либосли, ялпоқ юз, қийиқ кўз шифокор ҳорғин чиқиб келди.

– Қалай, янгангиз яхшими? – деб сўради Қаюм Очилович унга юзланиб.

Шифокор хомуш бош чайқаган кўйи эшигига “Бош врач” деб ёзилган хона томон юрди. Қаюм Очилович хавотир билан унга эргашди.

– Ҳозирча зарур муолажаларни қилдик, ака, – деди шифокор баланд суянчиқли стулига ўйчан ўтираркан, – лекин янгамни Тошкентга олиб боришингиз керак. Зудлик билан. Биласиз, пойтахтда имкониятлар кенг, машҳур мутахассислар бор.

– Масалан, сиз кимни тавсия қилишингиз мумкин?

Бош шифокор ўша ўйчан қиёфада стол устидаги қоғоз тахламларини нари-бери сурди.

– Масалан…академик Восиловни, ёки… ўзимиздан чиққан профессор Мойлиевни…

– Мойлиевни?! – Қаюм Очилович ўтирган жойида бир сапчиб тушди. – Анови Болтабойнинг боласини айтаяпсизми?

Бош шифокор мамнун бош ирғаганича жилмайди.

– Ҳа ўшани. Адашмасам, у киши сизга ҳамқишлоқ…

– Ҳамқишлоқмас, – Қаюм Очилович ғижинганнамо қўл силтади, – қизилқоқлик, биздан нарида.

– Ҳа, энди-и… барибир сизга ҳам, бизга ҳам ҳамқишлоқ саналади-да, ҳаммамизнинг фахримиз, ёш бўлса ҳам республикада кўзга кўринган кардиологлардан.

– Масалан, менинг фахрим эмас, сохта бир профессорча-да у! Ҳаммани лақиллатиб юрибди. Бор-йўғи бир боғбоннинг боласи, нонини аранг топиб еб юрганлардан, бунақалардан илмдор врач чиқишига, масалан, мен ишонмайман.

Бош шифокорнинг юз-кўзида олис пойтахт­даги ҳамкасбига эъзоз-эҳтиром балқиб турган бўлса-да, аммо қаршисидаги амалдордан қўрқиб ортиқча тортишувга ботина олмади.

– Бу менинг фикрим, – деб минғирлабгина қўйди.

– Масалан, бизнинг фикримиз бошқача, – дея қад керди Қаюм Очилович, – янгангизни бирор бир чет мамлакатда даволатиш ниятидаман, масалан… Германиядами, Исроилдами, бунга сиз сиз нима дейсиз, масалан?

– Ихтиёрингиз, лекин хорижда даволатиш осонмас, серхаражат, серташвиш иш.

– Бу ёғини ўзимга қўйиб бераверинг.

– Биламан, балки сиздай мартабали кишига қийин бўлмаслиги мумкин, лекин ўзимизда зўр мутахассислар турганда, бошқа мамлакатни кўзлаш, менимча, оқилона ечим эмас.

Қаюм Очилович яна тутоқиб кетди.

– Зўр мутахассис деганингиз ўша Болтабойнинг боласими? Масалан, мен бундай мишиқиларни бир тийинга ҳам олмайман.

– Ихтиёрингиз, – бош шифокор вақти зиқлигига ишора қилгандай қўл соатига кўз ташлаб қўйди, – хуллас, янгам яна уч кунча бизда ёта туради, кейин уйга кетишига рухсат берамиз, шу орада ўзингиз бирор қарорга келарсиз, ака.

– Хўп, бугуноқ масалага киришаман.

Қаюм Очилович иддао билан ўрнидан турди-да, эшик томон юрди.

Ўша Болтабой деганлари аслида Қаюм Очилович Идрисовга она томондан қандайдир томирлари туташган, узоқ қариндош ҳисобида эди. У бутун оиласи билан Калтақир этагидаги боғда ишлайди, ўша ердаги бир парча томорқани тирноқлаб амал-тақал тирикчилик қилади. Қишин-ёзин эгнидан оҳорсиз, олача тўн тушмайди, қари эшагини қичаб боққа бориб-келиб юради. Бу аслида бадавлат одам, қурумсоқлигидан юпун-ювош юради, деб кулишади кўплар. Ҳазил-мазах билан унинг исмига атай “бой” қўшиб “Болтабой” деб аташади. Шунинг учун ҳам бутун уруғ-аймоғи билан ўқимишли, баланд курсилардан тушмаган Идрисовлар Болта аканинг қариндошлигини тан олиш нари турсин, кўрганда терс қараб ўтишга ҳаракат қилади. Аммо қари боғбон аҳён-аҳён боғнинг мева-чеваларидан, томорқанинг сабзавотларидан кўтариб, қийшайибгина дарвоздан кириб келади. Кенг-мўл ҳовлидаги чорпояга омонатгина кет қўйиб, узундан-узоқ дуо қилади, ундан-бундан суҳбатлашган бўлади. У ҳар гал қоп қўлтиқлаб уй ёнида қора берганида Қаюм Очиловичнинг афти буришади, ҳойнаҳой, бирор юмуш билан келган бўлса керак, деган ўй хаёлидан ўтади. Аммо Болта ака бу узоқ қариндошидан шу пайтгача ҳеч қандай илтимос қилган эмас. Андак ўтиргач, индамайгина ортига қайтиб кетади. Шу қурумсоқ чолнинг кенжа ўғли тиббиёт институтига ўқишга кирибди, деган хабар бир замонлар Қаюм Очиловичнинг ҳам қулоғига етгандай бўлган эди. Аммо унчалик эътибор бермади. Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деб димоғида кулибгина қўйди. Во ажаб, ўша бола бугун машҳур, ҳозиқ шифокор бўлиб кетган эмиш!

“Йўқ, мен бундай фирибгарларга ишонмайман, – дея хаёлидан ўтказди Қаюм ака баттар тажанглашиб. – У шохида юрса, мен баргида юраман”.

Ён-атроф кеч кузнинг сарғиш-қизғиш бўёғига беланиб ётар, куни кеча шаррос қуйиб ўтган ёмғирда ивиган дов-дарахтлар дийдирабгина турарди.

Қаюм Очилович шифохона эшигидан чиқиши биланоқ пойтахтда яшайдиган ўғлига қўнғироқ қилди.

– Хуршиджон, – деди у узун-қисқа салом-­аликдан сўнг, – масалан, Германиягами, Исроилгами, зудлик билан учишга тўғри келяпти.

– Тинчликми, дада?

– Биласан-ку, онангнинг юрагида дард бор, масалан, кеча шу яна хуруж қилиб қолди. Ҳозир туман шифохонасида ётибди.

– Аҳволлари яхшими? – Хуршиднинг товуши титраб эшитилди.

– Ташвишланма, ҳозирча тузук. Ўғлим, онангни хорижда даволатиб келсак, дегандим, масалан.

– Яхши бўларди, дада! Энг зўр кардиологлар Германияда деб эшитганман.

– Балли, болам. Ўша ёққа учадиган самолётга билет-милет топиб қўйгин.

– Дада,-деб кулди Хуршид,-у ёққа тўсатдан бориб бўлмайди.

– Нега? Масалан, нима қилиш керак?

– Мен аввал интернет орқали бизга керакли манзилни топиб, хат жўнатай, мурод-мақсадимизни тушунтирай, сўнг уларнинг жавобига қараб иш тутамиз.

Компьютер, аудио-ведио, интернет деган замонавий дахмазалар аксарият катта авлод вакиллари каби Қаюм аканинг ҳам энсасини қотириб, ғашини қўзғар эди. Шу боисдан ҳам ўғли ҳозиргина тилга олган юмушлар ўта мураккаб, бош оғриқли масаладек туюлди.

– Хуршид, – деди у бўшашиб, – сен айтган ишлар қанча вақтни олади, масалан… уни ким бажаради?

Отасининг довдирашини сезиб турган Хуршид завқ билан кулди

– Дада, қўрқманг, бу кўп вақтни олмайди, нари борса, икки кун ичида ўша манзилларни топиб, хат жўнатаман, ҳаммасини ўзим бажараман.

– Ўзинг бажарасан?! Сен… сен, масалан, улар билан қандай тиллашасан?

– Дада, мен немис тилини яхши ўрганиб олганман. Улар билан ўзим гаплашаман.

Эшитганларидан Қаюм аканинг бутун вужуди яйраб кетди.

“Мана, ҳақиқий ўқмишли бола! – хаёлидан чақмоқдай чақиб ўтди унинг. – Аллақандай кетмончилардан эмас, Идирисовлар зурриётидан! Худди шундай фарзандлардан умид қилса бўлади. Институтни битирган йили русча, туркчани қойиллатарди, мана, ишга кирар-кирмас, немис тилини ҳам ўрганиб олибди, баракалла, ота ўғил, баркалла!”

– Дада, нега индамайсиз, дада?

Хуршиднинг хавотирли товушидан ҳушёр тортган Қаюм ака телефонни лаб-даҳанига босиб, хушхандон қичқирди:

– Эшитаяпман, ўғлим, эшитаяпман, гапиравер.

– Хатимнинг жавоби ўн кунлар ичида маълум бўлса керак

– Яхши, ўша пайт ёнингга бораман.

– Овора бўлиб юрманг, дада, телефонда гап­лашиб қўя қоламиз.

– Э-э-э… боравераман, масалан, сени, неварачамни соғиндим.

– Ҳа-а… унда ўзингиз биласиз.

Қаюм Очилович, чиндан ҳам, ўз билганидан қолмади.. Ўн кун кутишга сабри чидамай, ҳафта охирида пойтахтга кириб борди.

Улкан шаҳар минг-милилон чироқлар ёғдусида яшнаб, ярқираб ётарди. Кенг, равон кўчаларни тўлдириб, чинқирганча елиб ўтаётган авто- уловлар оқимидан бош айланади.

– Ҳали жавоб келмадими? – деб сўради у ўғлини қучиб, алқаб, эркалаб бўлгач. – Бу немисларингни қистаб турмасанг, қимирлашмайди-ёв..

– Кеча қараганимда жавобга кўзим тушмади, мана, ҳозир яна кўрамиз.

Хуршид шинамгина хона бурчагидаги компьютер тугмаларини босди. Қаюм ака унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини завқ билан кузатиб турар, кўнглида мамнуният, ғурур мавжланар эди.

Шу орада дастурхон ёйиб, қанд-қурс келтирган келин норизо бош чайқади.

– Дадам йўлда чарчаб келганлар, кейинроқ ковлайсиз шу матоҳингизни.

– Келинжон, майли, халақит берманг, би-ир қараб кўрсин-чи, – деди Қаюм ака ёстиққа ёнбошлаб.

– Дада! – ногоҳ қичқириб юборди бир пайт Хуршид. – Ана, жавоб келибди!

Қаюм Очилович ўтирган жойидан ўрмалаб компьютерга яқинроқ борди.

– Қани?! Қани, кўр-чи, нималар ёзибди, масалан…

Хуршид мониторда пайдо бўлган немисча матнни ҳижжалаб ўқишга тутинди. Отаси гоҳ унга, гоҳ экранга бетоқат кўз ташлаб турарди.

– Нималар ёзибди, тезроқ айтсанг-чи?

Анчадан сўнг Хуршид отасига таажжуб аралаш хаёлчан тикилди.

– Гапира қолсанг-чи, масалан, нега сўнарасан? – деди Қаюм ака баттар бетоқатланиб.

– Бир йил аввал бизда малака ошириб кетган тошкентлик профессор Мойлиевга учрашинглар, у барча муаммоларингизни ҳал қилиб беради, дейишибди.

– Нима?! – Қаюм Очилович бир сапчиб тушди, – Мойлиевга?! Анови Болтабойнинг боласигами?!

Хуршид ҳануз хаёлчан, бош ирғади.

– Ҳа, Эрназар Болтаевич Мойлиевга, ана, ишонмасангиз, ўзингиз қаранг, аниқ-тиниқ манзиллари билан ёзиб қўйилган. Марказий Осиёдан бизга мурожаат қилган барча беморларни ўша профессорга йўллаяпмиз, Эрназар Болтаевич етук мутахассис, деб ёзишибди.

Қаюм Очилович ҳеч нарсага тушунмаса-да, ўғли ишора қилган, экран ёруғидан ёғдуланиб турган битикларга бир зум анграйиб қаради.

– Бундан чиқди… бундан чиқди, масалан… унга ҳатто немислар ҳам тан берган экан-да, а, – деди аранг ғудраниб.

– Ҳа, шунга ўхшайди.

Шу пайт хонтахта устида ётган Қаюм аканинг қўл телефони жиринглаб қолди. Аммо ўз хаёллари билан андармон ота уни пайқамади. Хуршид узатиб, телефонни қўлига олди.

– Дада, онам қўнғироқ қиляпти, гаплашасизми?

Қаюм Очилович ҳардамхаёллик билан телефонни қулоғига тутди.

– Ал-ё.

– Ассалому алайкум, яхши етиб олдингизми, дадаси?

– Ҳа, яхши.

– Хуршиджон, келиним, неварам қалай? Ўйнаб-кулиб ўтиришган эканми?

– Ҳа, ҳаммалари тузук, сенга кўпдан-кўп салом айтишяпти.

– Саломат бўлишсин, ило-ё, ҳалиги… – деб бир зум жим қолди она, – ҳалиги, Хуршиджоннинг хатига жавоб келибдими?

– Ҳа, келибди, онаси, келибди. Германияга овора бўп юрманглар, масалан, Тошкентда жуда зўр дўхтур бор, ўшанга учрашинглар, масалан, унга биз ҳам тан берганмиз, деб ёзишибди.

– Ким экан ўша дўхтур, дадаси?

– Профессор Мойлиев!

– Ия?! Анови Болтабойнинг боласими?

Қаюм Очилович виқор билан томоқ қириб олди.

– Са-ал ўйлаброқ гапирсинлар, Болтабой эмас, Болтабой тоға денг, ахир. Масалан, у бизнинг она уруғдан-а… Палаги тоза кишилар…

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 11-сон