Луқмон Бўрихон. Кутилмаган ташвиш (ҳикоя)

Салим АШУРГА

Шерқўзи шошилмай кийиниб, ясан-тусан қилиб бўлган ҳам эдики, туйқус телефон жиринглаб қолди. Ҳасан қўнғироқ қилаётган экан.
— Эй, донишманд, — деди у одатдаги ҳазилкашлик билан, — уйингдан чиқдингми? Ё ўтирибсанми лаллайиб?
Шерқўзи дўстининг нима демоқчи эканлигини билса-да, ўзини буткул бехабар, бепарво одамдек тутди.
— Уйда ўтирмай қаёққа боришим керак? Ахир бугун якшанба, ҳамма эс-ҳуши жойида одамларга ўхшаб мен ҳам дам оляпман, китоб ўқиб, маданий ҳордиқ чиқаряпман.
— Эй, — фиғони фалакка чиқди Ҳасаннинг, — сенинг эс-ҳушинг жойида эмас. Бугун курсдошлар учрашуви бўлади-ку?! Ўзим сенга неча марта тайинлаб айтганман-а.
— Э-э-я… унутибман. Қаерда, қачон бўлади учрашув?
— Ҳозир. Бир соатдан сўнг “Висол” ресторанида.
— Бўлди, тушундим. Ҳозир кийиниб, йўлга чиқаман.
— Тез бўл, кутиб қолмайлик. Э, айтганча…
— Яна нима гап?
Ҳасан сирли бир сасда шивирлаган бўлди.
— Майсара ҳам келади… бурун-мурнингни яхшилаб артиб ол.
Шерқўзининг аъзойи бадани жимирлаб кетди. Кўз ўнгида кулча юз, олма ёноқ, кокиллари узун-узун қиз лип-лип жонланди. Майсара! Шерқўзи уни таҳсилнинг илк кунларидаёқ севиб қолган эди! Сабоқларга ҳам аслида шу қизни деб борарди. Ногоҳ Майсара келмай қолса, ўша кун йигитнинг назарида бутун олам ҳувиллаб қолгандай туюларди. Қиз ҳам Шерқўзига бефарқ эмас экан! Кейинчалик, иккови ҳамманинг ҳавасини келтириб, қўл ушлашиб юрадиган, сирли-сирли шивирлашадиган, дарс пайтлари ҳам кўз уриштириб, имо-ишоралар билан гаплашиб тўймайдиган бўлишди.
Майсара! Димоғида аллақандай хушбўйлар келиб урилгандай бўлди йигитнинг. Юз-кўзларини майингина, муздеккина бир дашт эпкини силаб ўтгандай туюлди. Юрагида лаззатли бир изтироб қўзғалди.
Шерқўзи ғалати ҳислар оғушида анча пайт туриб қолди. Сўнг бош-адоқ акслантирадиган кўзгуга юзланди. Қимматбаҳо либослари ўзига ярашиқ, сочлари силлиқ, калта орасталанган, ўрта бўй, хушбичим, хуш сурат, ўттиз ёшдан эндигина оловдай сачраб ўтган йигит жиддий тикилиб турарди.
Ўз қиёфасидан Шерқўзининг кўнгли тўлди. Сипо одимлар билан ҳовлига чиқди. Кумуштусда товланиб турган автомобил томон юрди.
“Ичкилик бўлиши аниқ. Яхшиси, машинасиз борганим маъқул”, — туйқус хаёлидан ўтди унинг.
Шерқўзи серқатнов кўчага чиқди. Хаёлида яна Майсара жонланди.
Ўқишни битирган йили уйланиш масаласи ўртага чиқди.
“Бир курсдош қизни севаман, ўшанга уйланмоқчиман”, — дея янгаси орқали ота-онасига билдирган бўлди Шерқўзи.
Ҳар гал болаларининг кўнглига қарайдиган ота бу сафар тўнини тескари кийди.
“Сен айтган қиз нариги мамлакатда яшаркан-ку,” — деди у кечки овқат устида қовоқ уйиб, — энди бир камим чегарачиларга сарғайиб юришми, йўқ, бўлмайди, узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши, шу атрофдан бирортасини танла”.
Шерқўзи отасига эътироз билдира олмади. Орадан уч-тўрт кун ўтиб онасию аммаларининг қийин-қистови билан қиз кўргали борди. Шаҳардаги катта бир амалдорнинг арзандаси экан.
“Майли, ёқмаса, унга уйланмайсан, аввал сен бир кўргин”, — деб зорланди онаси.
Шерқўзи шу тахлит Нодира билан учрашди ва… кутилмаганда қиз унга ёқиб қолди. Гўзал, ҳаёли, устига-устак, нуфузли хонадондан, тағин нима керак.
Йигит гўё сеҳрланиб қолгандай бўлди. Беихтиёр Нодирага уйланишга розичилик бериб юборди. Тўйга таклиф этилган собиқ ҳамсабоқлар ҳангу-манг бўлиб қолишди. Улар Шерқўзининг Майсарага уйланишини аллақачон башорат этиб қўйишганди.
Кўпгина ҳамсабоқлар Шерқўзини номардликда, хиёнаткорликда айблаб, ўз нафратларини намойиши сифатида тўйга келишдан бош тортишди.
“Нима гап ўзи? Ё Майсара билан урушиб қолдингми? — деб сўради Ҳасан чинакамига ажабланиб, чинакамига куйиниб, — очиғини айт”.
“Урушиб қолганимиз йўқ… лекин… оила қуришга ваъдалашганимиз ҳам йўқ”, — деди Шерқўзи қуруққина қилиб.
Рост, улар маълуму машҳур ошиқ-маъшуқларга хос аҳду паймон қилишмаган эди.
Тўғри, Шерқўзи овлоқ оқшомларнинг бирида, қуюқ дарахтзорда висоллашиб ўтиришган пайт, қони қизиб, юраги тошиб, шивирлашга тутинди.
“Диплом олган кунимизоқ сизникига совчи юбораман. Бир умр бирга…”
Майсара туйқус ўрнидан ирғиб турди. Эҳтиросли сўзлари бўғзида қолган Шерқўзи унга ажабланиб тикилди.
“Майсара, нега аччиғланяпсиз, ё, гапларимга ишонмаяпсизми?”
“Тиш-ш… — Қиз тантиқлик билан йигитнинг лабларига оҳиста кафт босди, — олдиндан ваъдалашмайлик, ахир, ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз. Кейин бир умр қийналиб юрамиз”.
Нодира билан унаштирилган куни Шерқўзи Майсаранинг чинакам оқила қиз эканлигига яна бир карра тан берди. Аммо уни тўйга таклиф этишга ийманди. Бу қилиғи ошкора сурбетлик, ҳақорат бўлишини йигит тушунди. Бироқ тантанали базм бошланишидан бир кун аввал Ҳасан унинг қўлига шапалоқдеккина таклифнома тутқазиб кетди. Бу Майсарадан эди! Ўша куни унинг ҳам тўйи тайинланган экан! Шерқўзи аввалига ишонмади, кимдир найранг қиляпти, деган хаёлга борди. Синчиклаб қарай-қарай Майсаранинг ҳуснихатини таниб таклифнома ҳақиқий эканлигига иқрор бўлди.
“Бахтли бўл, Майсара!” — ич-ичидан хитоб қилди у, кўнглини қоплаб ётган хижилликдан анча қутилиб.
Тўй тантанали ўтди. Келинга қўшилиб Шерқўзилар хонадонига фаровонлик, ҳаловат ёпирилиб кирди.
Нодира бой-бадавлат, нуфузли оилада ўсган арзанда тантиқ қизга сира ўхшамас эди. Одоб-ахлоқда, бекалигу пазандаликда тенгсиз чиқиб қолди. Буёғи, қайнота ҳам куёвини қўллаб тузуккина амалга жойлаб қўйди. Ёшлар никоҳига бир йил тўлиши муносабати баҳонасида уларга уч хонали уй ҳадя қилди.
Шерқўзи бахт-иқболдан сармаст эди. Бу сартмастлик ўй-хаёлларидан Майсарани тезда қувиб чиқарди. Нодира ширингина қизалоқ туғиб берганидан сўнг эса оиласига буткул боғланди-қолди. Шерқўзи иш ва рўзғор ташвишларига буткул сингиб кетди. Вақт, Замон чарпарагида шошқин-тошқин, шу баробарида, хуш-хандон айланарди. Майсара унинг учун шунчаки бир олис бир ўтмишга эврилиб қолди.
Мана бугун Ҳасандан Майсара ҳақида эшитдию, аъзои баданига ажиб ҳарорат таралди. Гўё кул остида қолган чўғ қайта уйғонгандай бўлди. Нега?! Бу қандай сиру синоат? Ахир аёл зотидан олиш мумкин бўлган неки, ҳаммасини Нодирадан топди-ку? Бир йигитнинг бахти шу эмасми?
Йўловчи машинанинг орқа ўриндиғида ястанган Шерқўзи шундай хаёллар оғушида тайинланган манзилга етиб келганини сезмай қолди.
Соҳир, салқин куз оқшомларидан бири эди. Шаҳар қоп-қора чодрасига бурканиб борарди. Сассиз, шовурсиз шабададан дов-дарахтлар енгил титраниб турарди. Сершовқин “Висол” ресторани сон-саноқсиз чироқлардан чароғон.
Собиқ ҳамсабоқлар Шерқўзини қийқириқлар билан кутиб олишди. Шерқўзи беихтиёр кимнидир қучиб, кимларнингдир қучоғига кириб чиқа бошлади. Қизлар билан қўл бериб қизғин кўришган бўлди. Улар бир пайтлардаги шўх-шаддод, ўт-олов ҳурлиқолар эмас, бир-икки боланинг онаси, босиққина жувонларга айланиб улгуришган эди. Ҳатто, баъзилари серзарда, сершубҳа эрлари билан келишган экан. Юз-кўзларига завқ, қувонч қалққан ҳамсабоқлар даврасида улар алланечук бегонасираб туришарди.
Шерқўзи дўстлар билан дийдорлашаркан, кўз қири билан кимнидир изларди. Ана у!
Майсара қизлар орасида ҳамма қатори кулиб, гаплашиб турарди. Эгнидаги одмигина кулранг кофта-юбка, силлиқ тараб-турмакланган сочлари, тўлишган қомати уни хийла қаримсиқ кўрсатарди. У Шерқўзининг кўришиш учун узатган қўлига кафт босаркан худди уялчанг қизлардай бошини бир ёнга андак қийшайтириб “яхшимисиз”, деб қўйди. Ёноқлари қизариб, кўзлари алланечук порлаб кетди.
Дастурхон тўкин эди. Барча таомлар томон интилди. Даврага одатдагидек Ҳасан бош-қош. Табиатан сергап, ҳазилкаш ва ҳозиржавоб бу йигит талабалик чоғлари ҳам турли-туман тадбирларга ташкилотчилик қилар, ҳамиша шошиб-сурилиб, жамоа ташвиши билан куймаланиб юрарди. Мана шу дийдорлашув маросимини ҳам унинг ўзи уюштирди.
Шерқўзи Ҳасаннинг ёнидан жой олди. У нозу неъматлардан тотинар экан, гап-сўзлар орасида ҳамсабоқларига бир-бир разм солиб чиқди. Ҳаммалари ҳам ҳаёт ташвишлари залворидан эзилган, ҳориган, турмушлари тузукроқ ўнгланмаган кўринарди. Шерқўзи улардан анча ўзиб кетганини, ҳатто, айримлар унга ҳавас билан тикилаётганини пайқади. Майсара билан ҳам бир-икки кўз уриштириб олди. Қиз нигоҳларида беадоқ соғинч ва ҳасрат кўргандай бўлди.
— Майсара эри билан келмабдими? — деб сўради Ҳасандан у.
Ҳасан ажабланганнамо кўз пирпиратди.
— Нималар деяпсан, Майсара ҳали турмушга чиққани йўқ.
— Қанақасига?! Тўйга таклифномани тарқатган эди-ку?
— Ҳа, уми, — Ҳасан олдидаги қадаҳни бир сипқориб бўшатди, — бор-йўғи бир дона эди. У ҳам бўлса сенинг номингга…
Шерқўзи дўстига чимирилиб тикилди.
— Тушунмадим…
— Донишмандсан-ку, тушуниб ол, у шунчаки… сени виждон азобидан қутқармоқчи бўлган, чунки сени виждонли деб ўйлаган…
Шу асно чилдирмаю ноғоралар гумбурлаб, куй-қўшиқ бошланиб кетди. Гап-сўзлар эшитилмай қолди.
Шерқўзи ғалати бир ҳислар оғушида Майсара томон кўз ташлади. Қиз худди елкасига оғир юк ортилгандай эгилиб-букилиб ёнидаги дугонасининг гапларига қулоқ солган кўйи паришон бош ирғаб ўтирарди.
…Шерқўзи ширакайф эди. Кўз остидан Майсарани кузатарди. Бирор баҳона билан қизга яқинлашишни чамаларди.
Бир пайт кимдир Майсаранинг илкидан тортқилаб уни рақсга ундади. Майсара ўрнидан тура-тура ёнидаги дугонасини ҳам қўлтиқлаб олди.
Шўх, ўйноқи мусиқа авжида эди. Дастурхон теграсида қолган яккам-дуккам ҳамсабоқлар қийқиришар, зўр бериб қарсак чалишар эди.
Шерқўзи стулларни нари-бери суриб ўрнидан турди. Қўлларини ҳавода тўлғаб, ўйноқлаб Майсарага яқинлашди.
— Яхшимисиз?
Майсара шовқин-суронда ҳеч нарса эшитмаган бўлса-да, йигитнинг лаб ҳаракатларидан не деганини пайқади шекилли, жилмайган кўйи бош тебратиб қўйди.
Уларнинг рақси кўп ҳам қовушмади. Айниқса, Майсара тобора тисарилиб, жойига қайтиб ўтиришга чоғланарди.
— Юринг, бир пас тоза ҳавога чиқамиз, — деди қиз томон энгашиб Шерқўзи.
Майсара бош ирғади.
— Хўп. Бир секунд, сумкамни олволай.
У илдам бориб стул қиррасига осиғлиқ чарм жилдли сумкачани елкасига осиб олди.
Шовқин-сурон, жазава оғушидаги давра уларга эътибор бермади.
Вақт алламаҳал бўлиб қолган эди. Шаҳар қоронғуликка қоришиб ётарди. Унда-мунда ёниб турган неон чироқлар ҳорғин ва хира милтирайди.
Улар мармар қопламали нақшинкор айвонга чиқишди. Ҳар иккиси ҳам неларнидир ҳуркитиб юборишдан чўчиётган болалардек оҳиста, эҳтиёткорона қадам ташлашарди.
— Ишлаяпсизми? — деб сўради Шерқўзи.
Майсара хаёлчан бош ирғади.
— Ҳа. Қишлоғимиздаги мактабда дарс беряпман.
— Сиз мендан хафасиз-а.
— Нега?! — Майсара ялт этиб унга кўз ташлади, сўнг айвон чироғи теварагида чарх ураётган парвонага тикилиб қолди, — орамизда хафагарчиликка арзигулик ҳеч нарса бўлмади-ку. Ҳаммамиз ўз йўлимиздан кетдик, холос.
Шерқўзи силлиқ ва совуқ, қоқ ўртасидан дарз кетган мармар тўсинга суянди.
— Ҳаммаси кутилмаганда юз берди. Худди жодуланган одамга ўхшаб қолдим.
— Сизнинг нолишга ҳаққингиз йўқ. Кўриб турибмиз, ҳали ҳам чақмоқдай йигитсиз. Курсдошларнинг кўписи ҳалитдан чарчаб қолибди.
— Раҳмат, — деб ғудранди Шерқўзи.
У ўзини ғам-ғуссали кўрсатишга тиришаётган бўлса-да, қизнинг эътирофидан беихтиёр яйраб, афтига одатдагидек мамнуният қалқиб чиқди. Аммо худди неларнидир қидираётгандай қоронғулик қаърига термулиб турган қиз буни пайқамади.
— Ҳа, айтганча, — деб синиқ жилмайди Майсара, сумкачасини титкилашга тутинаркан, — бир омонатингизни бериб қўймоқчи эдим.
— Омонат?!
— Ҳа. Мана.
Майсара бандидан бир-бирига боғланган, елим қоғоз орасига бежиримгина жойланган бир жуфт сўлғин япроқни кафтида тутиб турарди.
— Бу… — деб ғудранди Шерқўзи, бўғзига алланима тиқилгандай туюлди, ялт этган чақиндан қароғлари қамашиб кетгандай бўлди.
— Ҳа, бу ўша япроқлар, — деб пичирлади Майсара.
Шерқўзи довдиради. Хотирасининг қай бир пучмоқлари ногоҳ ёришиб кетди. Ўша хилват боғдаги учрашув кўз ўнгида жонланди. Иккиси улкан дарахт соясида суҳбатлашиб ўтирарди. Шох-шаббалар орасида титрабгина турган бир жуфт япроқ туйқус Шерқўзининг эътиборини тортди: юрак шаклида эди улар!
“Майсара, буларга қаранг!” — деб юборди Шерқўзи, сўнг баргларни авайлабгина юлиб олди. Қиз ҳам ҳаяжонланди. Йигит кафтига қўйган бир жуфт япроққа анча пайт хаёлчан тикилиб қолди.
“Чиндан ҳам юрак шаклида экан”, — деб шивирлади у.
“Ҳа, иккимизнинг юрагимиз!” — деб энтикди Шерқўзи.
Майсара сархуш ҳислардан ял-ял яшнади. Кулди.
“Энди буларни нима қиламиз?”
“Айтдим-ку, бу икковимизнинг юрагимиз, — деди Шерқўзи баттар тўлқинланиб, — навбатма-навбат уни бағримизда асраб юрамиз”.
“Ким биринчи асрайди?”
“Мен”.
“Йўқ, мен”.
“Нега?”
“Чунки, — деди Майсара қўш япроқни китоби орасига оҳиста қўяркан, — буларни аввал бир-бирига маҳкам боғлаб, кейин бирор нарсанинг қатига худди тумордай яхшилаб жойлаш керак. Буни сиз қилолмайсиз. Уқувингиз йўқ”.
“Бўпти, розиман. Лекин сўраган пайтим дарров топиб берасиз. Худди уччаноқ ўйинидай, биласиз-а…”
“Биламан. Келишдик”.
Аммо Шерқўзи келишувни тезда унутди. Қўшяпроқ ҳақида бирор марта ҳам эсламади. Мана, энди…
…Ялтироқ қоғоз қатида сарғиш-яшил тусда тиришиб турган ўша ажойиботни қўлига оларкан, Шерқўзининг юраги гупириб кетди.
— Ҳали асраб юрибсизми?! — деди у Майсарага таажжуб билан тикилиб, — қойилман… Бўпти, навбат энди менга, кўз қорачиғидай асрайман буларни…
Шу пайт уч-тўрт ҳамсабоқ айвонга ёприлиб чиқди.
— Мана, қочоқлар! — деди Ҳасан мастона қийқириб, — қўлга туширдик.
Баҳодир Шерқўзини қўлтиқлаб олди.
— Пана-панада гаплашиш мумкин эмас. Қани, ичкарига.
Шерқўзи ҳали-ҳануз ширин бир изтироб оғушида сархуш турарди. Ҳамсабоқларга паришон тикилди. Майсара кимнингдир етовида ичкарига йўрғалаб кетди.
“Бўпти, мен ҳозир кираман, бораверинглар”, — деди Шерқўзи негадир ёлғиз қолишни истаб.
Аммо икки ҳамсабоқ уни судраклади.
— Йў-ў, биз билан олға!
Шерқўзи ўша кеч қадаҳларни кетма-кет бўшатди. Еру кўк кўз олдида чирпирак бўлиб кетди.
У қачон, қандай уйига етиб олганини эслаёлмайди. Хотини минғирлаб, турткилаб уйғотганида кун чошгоҳ бўлганини пайқади. Боши зил-замбил эди.
“Ия, ишга бориш керак-ку?!”
Шу ўй Шерқўзини ўрнидан сапчиб туришга мажбур қилди. У бошининг лўқиллаб оғришига аранг чидаб кийинар экан, тунги воқеаларни бир-бир эслашга уриниб кўрди. Аммо маст-аласт даврадан, кимдир қўлтиқлаб аллақандай машинага ўтқазганидан бошқа ҳеч нарсани тузук-қуруқ хотирлай олмади. Ногоҳ кўз олдида Майсара жонланди.
“Ия, уни кўрдим-ку?! У билан айвонда гаплашдик-ку?! — ярқ этиб хаёлидан ўтган ўйдан Шерқўзи тахтадай қотиб қолди. Беихтиёр ошхонада куймаланиб юрган хотинига қаради. — Сездимикан? Ҳойнаҳой, бирортаси аллақачон чақмачақарлик қилгандир”.
Аммо Нодира ҳамишагидек табассум билан уни дастурхонга чорлади. Шерқўзининг иштаҳаси йўқ эди.
— Аччиқ қора қаҳвадан дамланг, — деб минғирлади у.
— Ҳаммаси тайёр, дадаси, келинг, ўтиринг.
Шерқўзи енгил-елпи артиниб, ошхонага кирди. Қуюқ буғ таратиб турган қаҳвадан ҳўплади.
— Жуда зўр бўпти.
— Курсдошлар билан роса яйрабсизлар-да, а, тонгга яқин келдингиз.
— Беш йилда бир учрашдик. Ичмасанг, хафа бўлишади, — деб гўё ўзини оқлаган бўлди Шерқўзи.
Нодира айёрона кўз қисди.
— Қизлар ҳам келишдими?
— Қанақа қизлар, ҳаммаси йўғон-йўғон аёллар.
— Баъзиларини кўриб, эски яралар тирналгандир, — деб шарақлаб кулди Нодира, — балки шунинг учун бўкиб ичгандирсиз.
Унинг кулгуси беғубор, беозор эди! Унинг кулгуси бахтиёрликка лиммо-лим эди. Шерқўзи беихтиёр гуноҳкорона бош эгди. Дастурхондан ул-бул тотинган бўлди.
— Маза қилдим, раҳмат, Энди ишга, — у шундай деб ўрнидан турди.
Кўчалик кийимларини кия бошлади. Шу пайт… шу пайт юраги шув этиб кетди. Ишонқирамай чўнтакларини қайта-қайта пайпаслаб чиқди.
“Йўқ! Ҳужжатларим йўқ!” — ич-ичида ҳайқириб юборди у.
Хонанинг у ёқ-бу ёғини синчиклаб кўздан кечирди. Киши билмас ҳовлига чиқиб, машинаси салонини текширди. Аммо ҳужжатларини топа олмади. Хотинидан сўрашга ботинолмади. Гап-сўз кўпайиб қайнотанинг қулоғига етиб боришидан чўчиди.
Шерқўзи бўшашган кўйи даҳлиздаги курсига ўтириб қолди. Сочларини ғижимлаб ҳамма-ҳаммасини эслаб кўришга уринди:
Ҳовлига чиқди, машинасини ёнида ўйланиб қолди, ичкиликбозлик бўлишини сезди, таксида кетди, аммо аниқ эсида, машинаси ҳужжатлари, хизмат гувоҳномаси қўйин чўнтагида эди! Бирор баҳона билан кўз-кўз қилиб ҳамсабоқларига машинаси борлигини ими-жимида билдириб қўйишни мўлжаллаган эди.
Шерқўзи илинж билан Ҳасанга қўнғироқ қилди. Таъби тирриқлигидан гапни чўзмай, дарров муддаога кўчди.
— Ҳужжатларим йўқолиб қолди.
— Қанақа ҳужжатлар?
— Техталон, права… яна хизмат гувоҳномам…
— Балки бирор ерга қўйгандирсан? Ахир машинасиз бординг-ку.
— Аниқ эсимда, ҳужжатлар қўйин чўнтагимда эди.
— Билмадим, — деди Ҳасан ҳам бўшашиб, — мен сизлардан анча олдин қайтдим. Кетамиз, деб Майсара билан Гулнора ҳоли жонимга қўйишмади. Уларни манзил-манзилига ташлаб қўйишга мажбур бўлдим.
— Энди нима қилдим-а…
— Билмадим… айтганча, Майсара билан айвонда шивирлашиб турган экансизлар, қалай, кўз ёш тўкиб олдиларингми?
Шерқўзининг айни пайтда ҳазил-ҳузулга тобу тоқати йўқ эди. Гўшакни дўқиллатиб жойига қўйди:“Биров ўламан деса, биров куламан дейди”.
Аммо шу баробарида хаёлида лоп этиб Майсара жонланди. Маъюс нигоҳлари, қимтиниб туришлари кўз ўнгида бир-бир ўтди.
“Айтганча, Майсара берган нарса қани?! — ногоҳ эслаб қолди Шерқўзи. Тағин чўнтакларини бир-бир титкилашга тушди. Шу пайт ичкаридан Нодира чиқиб келди.
— Нега безовталаниб қолдингиз?
Шерқўзи титкиланишдан тўхтаб беихтиёр хотини томон юрди. Довдираган кўйи ҳужжатлари йўқолиб қолганини айтди.
— Қанақа ҳужжатлар?
Нодира ҳам ташвишланиб у ён-бу ённи кўздан кечирди.
Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Шерқўзи илкис интилиб гўшакни қулоғига тутди.
— Эй, — Ҳасаннинг тажанг товуши келди нариги тарафдан, — Сенларга нима бўлган ўзи? Ҳозир Баҳодир ҳам телефон қилди. Айтишича, унинг ҳам чўнтакларини қоқлаб кетишибди.
— Демак, ўша атрофда киссавурлар бўлган.
— Менимча ҳам шундай. Маст-аластларни кузатиб қўйиш баҳонасида чўнтакларини қоқлаган.
Шерқўзининг кўз олдида ўзини суяб-судраклаб киракаш машинага ўтқазаётган баланд бўйли йигит ғира-шира жонланди.
— Гапларинг ростга ўхшайди.
— Мендан бир маслаҳат, — деди Ҳасан бироздан сўнг, — ресторан атрофига эълон ёпиштириб чиқ, ҳужжатларим йўқолган, топиб берганга мукофот кафолатланади, деб ёзгин.
— Фойдаси бўлурмикан…
— Менимча, фойдаси бўлади. Чунки ўғрига сенинг ҳужжатларинг керак эмас, пул эвазига қайтиб бериши мумкин.
Шерқўзига дўстининг маслаҳати маъқул туюлди. Кечга яқин ишдан қайтар маҳал ўша ресторан атрофидаги кўзга кўринарли жойларга уч-тўрт эълон ёпиштириб чиқди. Лекин барибир дили хуфтон эди. Чунки ҳужжатлар топилмаган тақдирда уларни қайта тиклаш учун хийла овораи сарсон, хийла чиқимдор бўлиши тайин эди.
“Айниқса, хизмат гувоҳномамни, — деб ўйлади Шерқўзи юраклари увишиб, — анави бошлиқ Шомуродовнинг кўзига қандай қарайман. Гувоҳномани топшираётган пайт ўзларинг йўқолсаларинг ҳам майли, аммо лекин бу ҳужжат ҳеч қачон йўқолмасин, деб қатъий тайинлаган эди. Агар аҳвол унинг қулоғига етиб борса борми… сўраб-суриштириб ўтирмай, ишидан ҳайдаб юбориши ҳам мумкин”.
Орадан икки кун ўтди. Аммо бу Шерқўзига икки асрдай туюлди. Ўзини қўярга жой тополмайди. Жонсарак юрди. Эртаю кеч ҳуши ҳужжатларида бўлди.
Машина гаражга қантариб қўйилди. Хизматга киракаш уловларда қатнай бошлади. Ҳамиша ўз машинасида қайқайиб юрган одамга қийин бўларкан. Худди хумори босилмаган кашандадай гарангсиб юради. Буёғи майли-ку-я, аммо ҳар гал идорага кириб-чиқаётган пайт Шерқўзининг ичидан қиринди ўтарди: ишқилиб, бирортаси ҳужжат сўраб қолмасин-да. Хайрият, ўтган уч кун ҳам идора бўсағасида таниш йигит посбонлик қилди.
“Токай бундай қийпанглаб юраман?— деб ўйлади Шерқўзи иштаҳасизлик билан нонуштага ўтираркан — тезроқ тиклашим керак ҳужжатларни, энди топилишидан умид йўқ. Бугуноқ раҳбарларга гувоҳномам йўқолганини айтаман, кейин ДАН бош-қармасига бориб келаман, бирор таниш топиб гаплашаман”.
Шу пайт телефон бўғиқ жиринглаб қолди. Шерқўзи шоша-пиша гўшакни кўтарди.
— Ал-ё, эшитаман.
— Эълон берган экансиз, шу бўйича қўнғироқ қиляпман, — деди аллақандай дағал товуш.
— Ҳа, эълон берганман, нарсаларим йўқолган!
— Нарсаларингиз менда.
— Илтимос… — Шерқўзи ошкора ялинишга ўтди, — уларни қайтарсангиз, хизматингизга мукофот нақд.
— Арзимас нарсалар-ку.
Шерқўзи беихтиёр қичқириб юборди.
— Қанақасига арзимас?! Улар мен учун ҳаёт-мамот масаласи! Ўзингиз ҳам билиб турибсиз.
— Биламан… тушунаман.
— Тушунганингиз учун раҳмат.
— “Висол” ресторанини биласизми?
— Биламан. Нарсаларимни ўша жойда йўқотганман.
— Йўқолмаган, мен ўғирлаб олганман.
— Ҳа, энди… — деб чайналди Шерқўзи, — адашишлар бўп туради.
— Ҳа, ростдан ҳам адашибман. Бир даста пул деб ўйлабман.
— Пул керак бўлса, марҳамат, бераман, нарсаларимни қайтарсангиз.
— Ярим соатдан сўнг ўша ерда учрашамиз.
— Айтганча…
Шерқўзи гапини тугата олмади. Туйқус алоқа узилди.
Шерқўзи ҳануз “гуд-гуд”лаб турган гўшакка ўйчан тикилди: “Сурбет, қўпол нусхага ўхшайди. Қанча тўлов хоҳлашини сўрамоқчи эдим, қулоқ солмади. Жа-а ўзига бино қўйганлардан экан”.
Шерқўзи наридан-бери кийиниб кўчага отилди.
Куз офтоби эринчоқлик билан нур сочар эди. Чор атроф алланечук сарғиш, олов тусда товланади. Кўча-кўй гавжум. Автолар одатдагидек чинқириб елади.
Шерқўзи баланд бўйли, қорамағиз йигитни бир кўришдаёқ таниди.
“Худди шу мени машинага ўтқазиб юборганди” — лип этиб хаёлидан ўтди унинг.
Йигит ресторан биқинидаги, қуюқ дарахтзор панасидаги ўриндиқда сигарет тутатган кўйи оёқ чалиштириб ўтирарди.
— Салом, — деб бош ирғади Шерқўзи шоша-пиша яқинлашаркан.
У нописанд бош тебратиб қўйди.
— Эълон берган сизми?
— Ҳа, — деди Шерқўзи йигитнинг ёнига ўтираркан.
Йигит сигарет сўриб, оғиз-бурнидан қуюқ дуд чиқарди.
— Нимангиз йўқолган эди?
— Машинанинг техталони, правам, хизмат гувоҳномам.
— Бўлдими? Бошқа нарса изламаяпсизми?
— Йў-ўғ, — деб қўйди Шерқўзи андак ажабланиб.
— Шу нарсаларни сизга қайтиб берсам, етарлими?
— Жуда хурсанд қилардингиз, — деди Шерқўзи ялинчоқ бир товушда, — мана, суюнчиси нақд.
У ён чўнтагидан бир даста пул чиқариб узатди.
— Хўп, келишдик, — деди йигит алланечук хафа бўлгандай тумшайиб, — мана, ўша ҳужжатларингиз.
Шерқўзи ҳужжатларни қувонч билан қўлига олди.
— Раҳмат, ука.
— Мен қоидамизни бузиб сиз билан учрашиб турибман. Аслида бу мумкин эмас. Очиғи, ўзимни ҳам, шерикларимни ҳам ҳозир хавф остига қўйдим.
— Биламан ука, биламан, мардлик қилдингиз.
— Агар шу ҳужжатларни излаётганингизни билганимда, сиз билан мутлақо учрашмасдим.
— Нега? Ахир… — деб ғудранди ажабланиб.
— Сиз мана бу нарсани излаяпсиз деб ўйлабман, — деди йигит ён чўнтагидан ўша ялтироқ қоғоз қатига жойланган қўш япроқни чиқариб, — бу сиз учун жуда азиз бўлса керак деган хаёлга борибман. Энди билсам… адашибман.
Шерқўзи сўлғин, қовжироқ қўш япроққа ҳангу манг тикилиб қолди.