Фахриддин Содиқ. Мунг (новелла)

Бу қизнинг кўзларидаги биргина ифода йигитларнинг минг бир кечинмаларига сабаб эди. Балки йигитлар ундан пинҳона кўз узолмай қолишларининг сабабини севги деб билишарди. Ҳамма ўз-ўзича, аммо нигоҳдаги нозик хол муқим ва якто эди.
Қизнинг кўзларида мунг бор эди, унинг бор-йўқ чиройи, алпқомат йигитларни “кичрайтириб” қўядиган жозибаси ҳам шу, кўзларидаги мунг туфайли эди. Қизиғи шуки, айнан шу ифода сабаб ҳеч бирови унга ўз дилидагини айтолмасди. Деярли ҳамма тахминан бўлса-да, ўша сезгидан чўчирди: айтилса – ҳаммаси тамом бўлади, ҳозир тенгсиз завқ билан эгалик қилиб турганларингдан сенга ҳеч вақо қолмайди, тамом вассалом.
Қизнинг атрофида ўзини чиройда танҳо деб билган гўзаллар ҳам талайгина эди. Табиийки, улар (ҳартугул ўзларича бўлса-да) гўзалликни тез илғар, дуч келган гўзалликка индамай бўлса-да тан берар ва ниҳоят гўзалликни қадрлашга ҳам ўрганишганди. Бу қизнинг кўзларидаги мунгни уларнинг аксарияти (мустаснолар ҳамма вақт топилади) ички бир бўйсунмас эътироф билан тенгсиз гўзаллик деб топишган, шу сабаб ундан теваракни қизғанишга журъат қилолмасди. Айримларгина бунга ҳар гал беҳуда бўлса ҳам уринишарди.
Бу қиз ўзига ортиқча оро беришни, бошқалардан ажралиб туришни, кимларнинг назарида қандай кўриниш кераклигини ўйламас, эҳтимолки, билмас эди. У оддий, озода ва айни дамда кўркам кийинарди. Ҳамма нарса унга ярашарди, лекин ярашган нарсаларнинг ҳеч бир қиймати йўқдай. Унинг бор гўзаллиги кўзларида, кўзларида эса мунг бор: исмсиз, тилсиз, жодули… Ҳамма нарсанинг ҳам бирор якуни бўлгани каби бу ҳолатнинг ҳам охири бўлиши керак эди: ниҳоят йигитлардан бири унга кўнглидагиларни айтишга журъат қилди. Бу йигит ҳар қандай қизнинг орзусидаги йигит эди. Келишган, ақлли ва айниқса, кўплар учун қизиқарлиси: бадавлат оиладан, хуллас, ҳамманинг назарида унинг келажаги порлоқ эди.
Йигит аввал қизга хат ёзди. Хатда, бу қизсиз унга ҳаёт ҳаёт эмаслигини, унинг учун ҳамма-ҳамма нарсани нисор этишини чиройли сўзлар билан ифодалади. Қиз унинг хатига жавоб ёзмади. Лекин йигит унинг биргина марҳаматини пайқаб қолди: қиз йигитга бир-икки марта бироз фурсат ўша мунгли нигоҳлар билан термулди. Шунинг ўзи кифоя, бу илтифот йигит учун тенгсиз далда бўлди. Навбатдаги мактубни ёзди: “Бизнинг орамизга ҳеч ким тушолмайди. Сиз ким, мен кимлигим ва бошқа ҳар қандай сабабнинг бўлиши мумкин эмас. Фақат сиз ҳам буни билишингиз керак. Бир қалбнинг тафти билан муҳаббат тикланмайди. Сизни фалон куни, фалон соатда, фалон жойда кутаман. Интизорлик билан кутаман”.
Қиз яна жавоб ёзмади. Бу сафар йигит унинг кўзлари ўзига ўтган галгига қараганда кўпроқ фурсат қадалганини сезди. Бу қиз ростдан ҳам чиройли, кўзларидаги мунг эса бундан-да гўзал эди. “Фалон кун”, дейилгани эртага, “фалон соат” дейилгани кечки пайт.
Қиз ўша жойга троллейбусда борди. Йигит оппоқ машинасида, хиёбоннинг четидаги йўлакда уни кутиб турарди. Йигит ўшанда юз бериши мумкин эмас бўлган нарсаларнинг ёлғонлигига ишонди.
– Салом Малоҳат, – деди Рашид, – овора бўлибсиз, билсам машинада бирга келардик хиёбонга.
Ана шунда Рашид унинг кўзларига қаради, қорачиқдаги мунг, гўзалликдан эти жимирлади. Ўзи шу гўзалликка муносиб топилгани туфайли ич-ичидан суюнди.
– Салом,– деди қиз. – Атайлаб троллейбусда келдим.
Улар ҳазин хиёбонда сайр этишди. Кейин бироз тамадди қилишди. Шу кундан бошлаб қиз ҳаётдан (гўё олдин илғамагани) гўзаллик ахтара бошлади. Ва топаётганлари ўзининг йўқотаётгани, кўзларидаги мунг эвазига эканини пайқамади ҳам. У кун сайин ҳаётни кучлироқ севар, ўз-ўзидан шодланар, табиийки, кўзлари ҳам севинчдан порлар эди. Унинг бор бисоти – кўзларидаги мунг йўқолиб бораётганди. Шундай кунларнинг бирида Рашид буни туйқус сезиб қолди. Малоҳатнинг кўзларига қаради. Мунг малоҳатини тополмади. Ойлар ўтди. Бу вақтда қиз йигитга бутунлай ишониб қолмагани учун шукур қилди.
…Бу қизнинг кўзларидаги биргина ифода йигитларнинг минг бир кечинмаларига сабаб бўлади. Унинг бор гўзаллиги кўзларида, кўзларида эса мунг бор эди.