Эшик очилиб бир-биридан эзгин хаёлларимни учириб юборади. Онажоним астагина тепамга келиб сочларимни силайдилар
— Ўтирибсанми болам? Мен кетяпман, сенам бирровга чиқсанг бўларди, сал бўлсаям кўнглинг ёзиларди…
Мен қизарган кўзларимни онамдан яшираман.
— Йўқ, она, боргим йўқ…
— Майли, бўмаса мен тезгина қайтаман. Айтгандай, ўғлим, тўйга анави сен ёқтирадиган ҳофиз келармиш, чиқсанг кўрардинг, қўшиқларини тинглардинг…
— Сиз бораверинг, онажон, ҳофизнинг овози бу ерга бемалол эшитилиб туради…
— Ҳа майли…
— Чироқниўчириб кетинг!
Ҳужрам кўнглим билан бир хил тусга киради…
Тўй бўлаётган хонадондан келаётган ёр-ёр садолари, карнай-сунрай овози етти маҳаллага таралади. Йўқ-йўқ, булар ёр-ёр эмас, шодлик эмас, булар…булар айрилиқ, ҳижрон садолари! Булар ўксиб-ўксиб йиғлаётган муҳаббатнинг нидолари!
Бу машъум садолар менинг зулматга чўмган ҳужрамга ҳам кириб келади… Қулоғим остида жаранглаб, гўё устимдан кулаётгандек бўлади…
Бошимни болишнинг остига тиқаман, кўзларимни чирт юмаман, йўқ…Барибир эшитилаверади…
Эшитилаверади, эшитилаверади!!!
Бўғзимдан оламни бузгудек бир фарёд отилиб чиқади…
Бу фарёд…Бу фарёд карнай-сунрай садолари остида йўқ бўлиб кетади…
Юрагим ёняпти…
Мен нега бунча куйяпман? Ким учун бунча фарёд чекяпман?
Сен учунми?
Мен сени севармидим? Бунчалик ёниб-куйишимга қараганда севар эканман-да! Буни қара-я, буни ўзим ҳам билмас эканман…
Ахир кечагина ўзим сенга кулиб туриб бахт тиламадимми?
Йўқ-йўқ… Мен сени севмайман… Биз дўст эдик холос.
Эсингдами? Худони берган куни қўлингда китоб билан ёнимга чиқиб келардинг. Қўлингдаги китоб албатта муҳаббат хақида бўларди.
Сен кўзларинг чақнаб китобни мақтай-мақтай қўлимга тутқазиб кетардинг. Торгина ҳужрам сен бериб кетган катта-кичик китоблар билан тўлиб-тошганди. Мен китобни тезроқ тугатишга ҳаракат қилардим, чунки ўқиб бўлганимдан сўнг сен билан асар хақида узоқ-узоқ тортишиб, баҳслашиб ўтирардик. Сен ўзимиз ўқиб чиққан китоблардаги ҳаётни орзу қилардинг… Ёдимда, бир куни “Чолиқуши” хақида узоқ суҳбатлашдик
— Барига Комрон айбдор! — дегандинг узун-узун киприкларинг пирпираб, — ахмоқ бўлмаса, Фаридани аллақандай сариқ гулларга алмашармиди?
— Ҳаётда ҳамма адашади. — Шундай дейману сенинг қўнғироқ сочларингдан, Оллоҳ инъом этган, ҳеч қандай бўёқларсиз гўзал ҳуснингдан кўз узолмай тикилиб қоламан.
— Э-э, ана энди шу ахмоқлигини деб шунча йил азоб чекди. Фарида “ҳамма сариқ одамлар бевафо бўлади”, деган. Менимча у хақ! — шундай дейсан-у, қиқир-қиқир куласан. Бу гапни менга теккизиб айтаётганингни биламан. Шу чоқда сен кўзимга худди ўша Фаридадек кўриниб кетасан. — Биласанми, Ойгул, сен худди Фаридага ўхшайсан.
— Ростданми?
— Ҳа, рост… Агар мен Комроннинг ўрнида бўлганимда эди, Фаридани ҳеч қандай гулга алишмаган бўлардим…
Сен қизариб, кўзларингни олиб қочасан.
Хаёлларимни тўй хонадонидан келаётган мунгли қўшиқ бўлиб юборади. Ҳа, бу ўша, мен суйган ҳофиз… Дард билан суғорилган қўшиқ сўзлари менинг хонамга ҳам оқиб киради:
Сен боғдаги елдай шўх,
Бир дам ором олсайдинг…
Дерлар орзуга айб йўқ,
Мани севиб қолсайдинг…
Юзимда нам сезаман, йиғлаяпманми? Нима учун?! Ҳофизнинг қўшиғигами? Мен ҳам шуни орзу қилганмидим? Наҳот шундай орзу этишга журъат қилган бўлсам?
Ёй нишонга етмасдан,
Фурсат мағлуб этмасдан
Умрим ўтиб кетмасдан
Мани севиб қолсайдинг…
Дунё синовли, шартли,
Хам қувончли хам дардли
Орзуйим бўлмай гардли
Мани севиб қолсайдинг…
Кеча охирги марта ёнимга келдинг…
Бу сафар қўлингда китобмас, четига кашталар тикиб безатилган рўмолча бор эди.
— Азиз, мени унутмайсан-а? — дединг чиройли кўзларингни менга тикиб.
— Йўқ, Ойгул, сени унутмайман. Ахир ўзимизни маҳаллага келин бўляпсан-у.
— Шундайку-я, энди барибир олдингга чиқиб туролмайманда… Лекин биласанми, сен менинг энг яхши дўстимсан. Сен билан қурган суҳбатларимиз, баҳслашганларимиз ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди.
— Менинг ҳам…
— Эртага тўйимга чиқасана?
— Албатта…
— Алдамайсанми? Чиқмасанг хафа бўламан. Дадам тўйга сен ёқтирган ҳофизни олиб келар эканлар. Дугоналарим бирам куйиб кетяпти…
— Сен албатта баҳтли бўлишинг керак Ойгул…Ўзинг истаганингдек, ўша китоблардагидек гўзал баҳт қуришга интил…
— Раҳмат, Азиз, сен чинакам дўстсан. Хайр, энди уйга чиқа қолай…
Сен қўлимга ўзинг тиккан рўмолчани тутқазиб кетдинг. Алвон рўмолча четига оппоқ ипак билан “О+А=Д”деб ёзиб қўйибсан…
Мана, рўмолчанг қўлимда, ундан сени ифоринг келяпти, Ойгул…
Бугун сенинг тўйинг…Тасаввур қиляпман қанчалик гўзал бўлиб кетганингни. Оқ либос сенга жудаям ярашгандир-а…
Эшитяпсанми, Ойгул, қўшиқни эшитяпсанми?
Куй йиғлаяпти… куй ўз дардига дош беролмай йиғлаяпти. Ҳофиз ўртаниб-ўртаниб мени дардимни куйлаяпти Ойгул…
Келди меҳринг фурсати,
Бўлай васлинг улфати,
Содиқлигим ҳурмати,
Мани севиб қолсайдинг…
Қадру қимматим билиб,
Бироз назарга илиб,
Кўнглимга шафқат қилиб,
Мани севиб қолсайдинг.
Қишлоқдошларимнинг қийқириб чапак чалгани, ”Жуфт бўлсин!” деб бақиришгани эшитилади.
Эй, одамлар, бу қўшиқни қийқириб, чапак чалиб эмас, йиғлаб эшитиш керак, йиғлаб! Бу қўшиқни дарди борлар, юраги ёнаётганлар эшитиши керак…
Тўйни у ёғи шўх-шўх садоларга уланиб кетади.
Биламан, ҳозир давра тўрида, оппоқ либосда ял-ял ёнибўтирибсан-у, кўзинг билан мени излаяпсан. Кечир мени, тўйингга чиқолмадим, Ойгул. Менинг бебош қалбим сени севиб қолишга журъат қилибди… Ҳофиз айтганидек, орзуга айб йўқ…
Ҳужрам ҳавоси оғирлашиб, бўғзимдан бўғаётгандек бўляпти…
Эшик ғичирлаб очилиб онамнинг хушҳол қиёфалари кўринади.
— Зерикмай ўтирибсанми, болам? Анави ҳофиз тўйни роса қиздиряпти. Ўзиям бутун қишлоқ кўчиб кепти-ёв уни кўргани. Пўлатбоям жуда орзу-ҳавасли-да, тўйига шундоқ ҳофизни олиб келибди!
— Она, сиқилиб кетдим, ҳовлига чиқаман…
— Ҳозир, болам, — онам шошиб тепамга келадилар. — Ойгул шундай чиройли келин бўлибди, кўз тегмасин, кўрган одамни суқи киради-я… Пўлатбойнинг ўғли билан бир-бирларига узукка кўз қўйгандек ярашишибди ўзиям!
Оҳ онажонима, дардимни билмайдилар-да… Билмаганлариям яхши. Бир ўзимни куйганим ҳам етар…
Аравачамни ғилдиратиб, ҳовлига чиқаман. Кўксимни тўлдириб-тўлдириб нафас оламан.
— Оллоҳга шукур…